Жек Уэбб. Тескари каромат (ҳикоя)

Эҳтимол, Пол Мелкор билан ўртамиздаги келишмовчиликка пул сабаб бўлган, дейиш тўғридир. Пол Мелкор мен ишлайдиган суғурта компаниясидан чорак миллион доллар маблағ олишни истаганди. Мен эса унинг бу муддаосига халақит бермоқчи бўлдим. Гап шундаки, бунга аниқ далил-исботим бўлмаса-да, мен ўзимча Мелкорни фирибгар деб ҳисоблардим.

Биринчидан, суғурта компаниясида ишлайдиган барча ходимлар каби мен ҳам одамларга ишонмайман, назаримда, ҳаммасининг фикри-зикри, ётсаям, ўтирсаям, фақат бир нарса билан банд – бари пулларимизни тортиб олишни ўйлайди. Иккинчидан, ўша соҳибжамол малласоч хонимнинг ўз ҳаётини энди буткул ногирон бўлиб қолган, ҳеч қачон оёғини ерга босиб юра олмайдиган эркак билан боғлашига ишониш маҳол.

Бу қадди-қомати келишган, баланд бўйли, чеҳраси қўғирчоқнинг юзидай ёқимтой аёлнинг исми Гей Франс эди. У суд залида бирор марта бўлсин кўрингани йўқ. Албатта-да, Полнинг ўзи ҳам гувоҳлар ва тиббиёт экспертлари бир йўла икки ёқдан сўроқ қилинган зерикарли суд жараёнида иштирок этмади. Мелкор судда бор-йўғи бир марта қорасини кўрсатди холос.

– Хонимлар ва жаноблар, – дея мурожаат қилди Полнинг адвокати суд маслаҳатчиларига қараб, Пол Мелкорни замбилга солиб унинг ёнига келтиришганда. – Мана қаршингизда ўша фожианинг натижаси. Қачондир Пол Мелкорнинг тўрт мучаси соғ эди, у ҳам худди бизлар каби бемалол ерни гурсиллатиб юрарди, ҳаётдан баҳра олиб яшарди. Энди эса у ҳеч қачон ўрнидан тура олмайди, бирор қадам ҳам боса олмайди. Унинг мудҳиш аҳволини кўрган кишининг хаёлига беихтиёр: “бунақа яшагандан кўра, ўлган яхшироқ…” – деган  фикр келади

Мелкор жуда маҳоратли “актёр” эди. Илло, у замбилда ётар экан, юз ифодаси ниҳоятда сокин, хотиржам эди, ҳеч шубҳа йўқки, ичида бутун вужуди қулоққа айланиб, адвокатнинг сўзларини тинглаётган суд маслаҳатчиларининг устидан кулиб,  ўзининг доҳиёна режасидан завқланаётганди.

Йўқ, албатта, бир қараганда бу чиндан ҳам – бахтсиз ҳодиса эди. Гап шундаки, ўша мудҳиш воқеага алоқадор Транспорт ширкати мен ишлайдиган суғурта компаниясининг мижози эди. Пол ўша воқеа пайтида ҳатто йўлни ҳам кесиб ўтмаётган, пиёдалар йўлкасида турарди. Шу важдан уни зинҳор эҳтиётсизликда айблаб бўлмасди. Бу ҳам албатта унинг фойдасига ишлади. Ўша куни юк машинасининг кутилмаганда тормози ишламай қолибди. Машина кутилмаганда пиёдалар йўлкасига кириб кетиб, Полни ғиштин деворга “қапиштириб” қўйибди.

Тўғри, тан олиш керак, етказилган маънавий-руҳий азоблар эвазига унга икки минг доллар атаса бўларди, бироқ, бундан ортиғи – ортиқ! Каттагина суғурта пулига эга бўлиш учун у жиддий тан жароҳати олиб, мутлақо ўнгланмайдиган майиб бўлиши керак эди. Нафсилабрини  айтганда, ишни чигаллаштирган нарса ҳам айнан шу эди! Пол Мелкор оёқ-қўли ишламай фалаж бўлиб қолганини таъкидлар, шифокорлар ҳам унинг асаб  толалари шикастланганлиги тўғрисида узуқ-юлуқ бир нималар дегандай бўлишарди-ю, бироқ, Мелкор ростдан ҳам фалаж бўлиб қолганми ёки муғомбирлик қиляптими, деган саволга аниқ жавоб бера олишмасди.

Биз эса унинг ортидан кузатишга қарор қилдик ва ҳатто бунинг учун алоҳида ҳамшира ҳам ёлладик. Тағин, унинг палатасига митти камера ўрнатишга ҳам муваффақ бўлдик. Бироқ, лаънати Мелкор бирор марта ҳам қимир этмади. Бўйнидан то оёқларига қадар бирорта мушаги бир карра бўлсин “қилт” этмаганини айтмайсизми!

Ушбу вазиятда мен суд нима билан якун топишини ҳеч бир қийинчиликсиз олдиндан башорат қилишим мумкин эди. Охирги йилларда тўпланган тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолларда суд маслаҳатчилари деярли ҳар доим даъвогар тарафида бўлишади ҳамда катта миқдорда товон пули тўлаш ҳақида даъвогар фойдасига ҳукм чиқаришади. Мелкор эса оз эмас, кўп эмас нақд чорак миллион доллар талаб қиларди. Бу туллакнинг мўмай товон пулини олишига ишончим комил эди.

Ноиложликдан Полнинг ўтмишини титкилашга қарор қилдим ва шу мақсадда Гей Франсни қидириб топдим. Мелкор ҳафтасига бир юз эллик доллар ишлаб топарди. Бу ҳатто бўйдоқ одам учун ҳам урвоқ бўлмайди. Кийиниши ҳам унча яхши эмас, банкдаги ҳисоб рақамлари ҳақида эса гапирмаса ҳам бўларди.

Демак, фақат ичкилик ва аёллар масаласи қоляпти. Мен Полга алоқадор аёлларни қидира бошладим ва Гейни топдим. Гей хизмат қиладиган “Оазис” ресторанига бориб сўраб-суриштирганимда, менга унинг ҳеч кими йўқлигини айтишди. Гейнинг қандай куйлашини бир неча дақиқа тингладим-да, унда қўшиқчиларга хос ҳақиқий овоздан асар ҳам йўқлигини дарров сездим. Уни нега ишга олишгани аён:  илло, у қадди-қоматига ярашган  торгина оқшом кўйлагида бинойидай кўринарди.

– Пол, назаримда, бу ерга тез-тез келиб турарди, – дея ўсмоқчилаб сўрадим мен.

– Деярли ҳар оқшом, – тасдиқлади Гей.

– Шунга қарамай, касалхонага тушиб қолганда, сиз ундан бирор марта ҳам хабар олмадингиз, – гина қилдим аёлдан.

– Умуман вақтим бўлмади, – асабий елка қисди у. – Ишим кўп… Полга айтиб қўйинг, мен унинг маҳрига тушмаганман.

Суд узоқ давом этмади. Буни фаҳмлаш ҳеч қийин эмасди – биз ишни бой бердик. Зиммамизга Мелкорга 180 минг доллар товон пули тўлаш мажбуриятини юклашди.

– Ахир бу талончилик, куппа-кундузи тўнаш-ку! – дедим хўжайинга.

– Ҳа, айнан шундай, – фикримга қўшилди у, – бироқ, нима ҳам қила олардик, Роган? Сенда бошқачароқ бирор фикр борми?

– Бор-йўғи битта, – хўрсиндим мен, – Мелкорнинг ортидан кузатишда давом этиш. Қани, бу шол бўлган муттаҳам 180 минг долларни нималарга сарфларкин…

Турган гапки, Пол шунча пулни нима қиларкин, деган савол мени жуда қизиқтирарди, бироқ, бу борада бирор тайинли фикрга кела олмасдим. Вақт… вақт… Бу саволга фақатгина вақт жавоб бера оларди.

Суддан сўнг,  кўп ўтмай  ғалати ҳодисалар рўй бера бошлади. Ҳаммаси Гей Франснинг  “Оазис”дан кетишидан  бошланди. Мен шу пайтгача шунчаки тахмин қилгандим холос, бироқ тез орада тахминим мутлақо тўғри эканлиги кундай равшан бўлди-қолди… назаримда бу бетайин аёл ҳам ниҳоят ўзига керакли эркакни топганди; яъни у хоҳлаган ва  доим интилиб яшаган тўкин ва фаровон ҳаёт даражасини таъминлаб бера оладиган эркакни! Албатта, ўша эркак Пол Мелкор деган хаёлга бордим, лекин бу фикрим ўз тасдиғини топгани-да негадир, барибир ҳайрон бўлдим.

Кулгили, ақлга сиғмайдиган вазият, аммо бор гап. Тунги клубда қўшиқ айтиб юрадиган Гей Франс исмли соҳибжамол ўз ихтисослигини мутлақо ўзгартириб, оғир касалга қаровчи энага-ҳамширага айланибди-қолибди. Яна энг ажабланарлиси, улар турмуш қуриб, қонуний эр-хотинга айланишибди.

Албатта, Пол аҳмоқ эмасди. У бизнинг мағлубиятни тан олмаслигимиз ва бу дунёда Пол деган ғаламис борлигини дарров унутиб юбормаслигимизни яхши тушунарди. Агарда биз унинг товламачилигини фош эта олганимизда эди, ундан пулларимизни қайтариб олган бўлардик. Энди никоҳ масаласига келсак, бунинг тагида ҳам қандайдир қаллоблик бордай эди.

Назаримда, бу пайтга келиб мен Пол Мелкорнинг миясида кечаётган ўйларни ўқиб, тушуна бошлагандим. Афтидан, у аввал бошданоқ Гей Франс билан боғлиқ масалани пишитиб олганди. Аёл бу фирибнинг оқибат-натижаси эмас, аксинча, таг-замини эди. Энди Мелкорда энага ёки ҳамширага тўлаш учун етарлича пул бор экан, у малласоч маликасининг кўнглини олиш учун таваккал қилишга мажбур эди.

Касалхонадан чиқибоқ, Мелкор бошқа уйга кўчиб ўтди. Эндиликда у баобрў мавзедан уч хонали хонадонни ижарага олганди. Битта ётоқхона “касалхона палатаси” вазифасини ўтар ва бу ерда мажруҳ бўлиб қолган бемор ётарди. Иккинчи ётоқхона эса унинг якка-ю ягона энагаси бўлмиш Гей хоним учун эди.

Менимча, худди шу ерда Мелкор, шубҳасиз, ҳаддидан ошганди. Мен эҳтиёткорликни унутиб, бу бахтли жуфтликни бир йўқлаб қўйишга қарор қилдим.

Табиийки, эшикни малласоч хоним очди. У эгнига мовийранг шойи кофта ва тор сариқ шим кийиб олганди. У тунги клубда қўшиқ айтувчи аёл уйда қандай юрса, худди шундай кўринишда эди.

Гей мени “палата”гача кузатиб кирди ва қимир этмасдан ётган Мелкорга қараб:

– Бу киши ўша, сизнинг дўстингиз эканини айтган одам, – деди.

Ҳеч шубҳасиз, аёл унга “Оазис”даги учрашувимиз ҳақида эслатаётганди.

– У менинг дўстим эмас. Нега келдинг, Роган?

– Ҳа, ўзим шунчаки…пулларимизни нималарга ва қандай сарфлаётганингни кўргим келди, – дея тўғрисини айтдим мен.

– Сенинг нима ишинг бор бу билан?

– Ойдинлик киритиб олиш керак бўлган айрим шубҳа- гумонларим бор. Ахир гўзал малласоч хонимлар тузалиши маҳол бўлган бечора ногиронларга ҳар кун ҳам турмушга чиқавермайдилар-ку?!

– Гейнинг менга бўлган севгиси беғараз, самимий, – деди Пол. – Муносабатларимизнинг пул билан боғлиқ ҳеч бир жиҳати йўқ.

– Биласанми, мен уни биринчи бор кўрганимдаёқ бир нарсани пайқагандим. У Флоренс Найтингейл[1] хонимга жуда-жуда ўхшаб кетаркан.

– Роган, биласанми, сенинг бахтсизлигинг, фожеанг шундаки, сен ҳамма нарсани доллар ва центлар билан ўлчайсан.

– Тўғри, – тасдиқ маъносида бош ирғадим. – Шунақа одатим бор.

– Хўш, энди нима қилмоқчисан? – қизиқсинди Пол.

– Ҳозирча ҳеч нима. Мен жуда сабрли одамман, Мелкор.

Бизлар бир неча сония давомида бир-биримизга нигоҳимизни узмай қараб турдик. Шу вақт мобайнида у бирор марта бўлсин, қимир этгани йўқ, бироқ мен ҳам унинг жуда маҳоратли актёр эканини англаб турардим.

– Демак, мени тинч қўймайсан, Роган, шундайми? – ниҳоят савол берди у.

– Ҳақсан. Сени умрингни охиригача таъқиб қиламан.

Биз бир-биримизни жуда яхши англаб турардик. Пол Мелкорни кўргани кўзим йўқ эди. Унга бўлган нафрат туйғуси бутун вужудимни, хаёлимни эгаллаб олганди. Ҳозир эса Пол ҳам мендан қаттиқ нафратланишини ҳис қилдим. Айни дамда у менинг қиёфамда жарақ-жарақ пуллару соҳибжамол малласоч хонимдан ҳузурланмоғи учун унга халал бера оладиган ягона одамни – ашаддий душманини кўрарди.

– Мелкор, мен бошиданоқ ўйин қилаётганингни билгандим. Энди бу борадаги сўнгги шубҳа-гумонлардан ҳам халос бўлдим. Сен чинданам муттаҳам ва қаллобсан.

– Бироқ, пуллар энди менинг қўлимда, – эслатган бўлди у.

– Тўғри, аммо соҳибжамол малласоч хонимлар ўз ҳаётларини ҳеч қачон сендек ночору нотавон одам билан боғламайдилар.

– Бу бемаъни гапларингга ҳеч бир судья қулоқ осмайди, – деди, киноя билан Пол.

– Мен судга мурожаат қилмоқчи эмасман. Ҳеч бўлмаганда, ҳозирча. Бироқ, сендан асло кўз узмайман. Ҳа, кошонанг жуда шинам экан. Боз устига, бу ерда сизлардан бошқа ҳеч ким йўқ. Сенинг ҳақиқатан ҳам мажруҳ бўлиб қолганинг ва ёки қойилмақом томоша кўрсатаётганингни биров билмайди… Аммо, биласанми, Мелкор, – сўзимда давом этдим мен, – бу аҳволда бир умр яшай олмайсан. Қанчалик қулай, шинам бўлмасин, барибир умр бўйи бу хонадонда яшириниб юролмайсизлар. Кўрамиз, мана бу парирўй хотинингни қачонгача шу қафасда ушлаб тура оларкансан! Дераза ортида ёрқин чироқлар, завқ-шавққа тўла жўшқин ҳаёт, истаган нарсангни сотиб олиш, қўлга киритиш учун етарлича пулинг бор. Лекин, бунинг учун албатта тўрт мучанг соғ, ўзинг ҳам қувватлироқ бўлишинг лозим. Қолаверса, мана бу турмадек қафасда қамалиб ўтиравериш ҳам ярамайди. Қани айт-чи, Мелкор, манави ойимчанг бу қўлбола қамоғингда яшашга  қачонгача чидаркин?

Шу лаҳзада Мелкорнинг кўзларида ғазаб чақнаганини кўрдим, гапларим унинг нозик жойига текканини англадим, бироқ, кутилмаганда у истеҳзоли илжайди.

– Роган, мен сенга ҳеч кимга ҳеч қачон гапирмаган гапларимни айтмоқчиман. Гей иккимиз бу ерда узоқ қолмаймиз. Тез орада бу ердан жўнаб кетамиз ва ҳаётнинг сен айтган ўша ёрқин жозибаларидан баҳраманд бўламиз.

– Шунақами? Хўш, буни жуда билгим келяпти, қандай қилиб бунга мушарраф бўлмоқчисизлар?

– Ким билади? – жавоб берди у сирли жилмайиб. – Эҳтимол, бир кун тузалиб кетарман…

Назаримда, мен Мелкорнинг устамонлигини тўғри баҳолай олмагандек эдим. Уйланишининг ўзиёқ унинг анчагина довюрак ва дадил эканини исботловчи қадам эди. Бироқ, унинг бу сафарги “юриши” аввалгиларидан ҳам ўтиб тушди. Бу ҳақда тасодифан билиб қолдим ва дарҳол унинг уйига отландим.

Борсам, улар сафар тараддудида эдилар. Остонада иккита сандиқ ва ўнлаб жомадонлар терилиб турарди. Улар Гей Франс хонимнинг менинг компаниямга тегишли пулларга сотиб олинган уст-боши билан лиқ тўла бўлса керак, албатта. Бурчакда замбил, унинг атрофида эса иккита чапдаст йигит ўралашар, чамамда, улар замбилни уйдан кўтариб олиб чиқмоқчи эдилар.

– Мени кузатиб қўйишга келдингми, Роган? – масхараомуз кулимсиради Пол. – Ажойиб! Бу илтифотингдан бошим кўкка етди.

– Демак, эшитганларим тўғри экан-да?

– Тўғри, албатта. Сен менинг қанчалик мустаҳкам эътиқод, собит ирода эгаси эканимни билмасмидинг. Эътиқодли бўлиш – бу фақат черковга бориб ибодат қилиш дегани эмас.  Балки Яратганга, унинг караму марҳаматига чин дилдан иймон келтириш,  ишониш дегани. Мен шунақа, чин юракдан ишонаман.

– Кароматларгами?

– Тўғри топдинг, Роган. Кароматларга, мўъжизаларга ишонаман. Камафео[2]га бориб, дардимга даво топишга умид қиляпман.

Хўжайин улар билан кетишимга рухсат берди. Назаримда, у ҳам худди мен каби бу мағлубиятга чидай  олмаётган эди.

Албатта, ер юзида Камафеодан-да кўпроқ донг таратган табаррук қадамжолар бор. Аммо, Мелкор ўзига ортиқча эътибор қаратмаслик учун айнан шу қишлоқни танлаганди.

Самолётни “тез ёрдам” машинаси қаршилади. Полни самолётдан тушириб, машинага жойладилар, малласоч хоним ҳам  у билан бирга кетди. Мен ҳам ижарага олган машинамда уларнинг ортидан эргашдим.

Камафеога пайшанба куни тушдан сўнг етиб келдик. Кичкинагина меҳмонхона одамларга лиқ тўла эди. Атрофни бир бошдан кўздан кечириб чиққач, бу ерга хаста-ю ногиронлардан иборат элликтадан юзтагача одам жойлашганига амин бўлдим.

Гей Франснинг  кўриниши бу вазиятда ҳам ҳар доимгидай беўхшов ва ножоиз эди. У дафн маросимига келиб қолган масхарабозни эслатарди. Гарчи аёл эрининг маслаҳатига кўра, кўзга ташланмаслик учун анчагина сипо кўринишга ҳаракат қилган ва эгнига одми қора кўйлак кийган бўлса-да, кўйлагининг тор ва баданига ёпишиб турганидан бу аёлнинг асл моҳиятини, ботиний сийратини билиш қийин эмасди.

Пол Мелкор меҳмонхонанинг юқори қаватидаги хоналардан бирини банд қилди. Уни замбилда юқорига олиб чиқа бошлашди, малласоч хотини ҳам улар билан изма-из зинадан чиқди. Мен эса қишлоқ бўйлаб сандироқлаш ва йўл-йўлакай Полнинг режасини қандай барбод этишни ўйлаб кўриш учун отландим.

Камафео унча баланд бўлмаган тоғ этагида жойлашган қишлоқ эди. Юқорига томон борувчи сўқмоқнинг қоқ белида бу ерларда жуда кўп учрайдиган кулранг тошдан қурилган черков қад ростлаганди.

Мен ана шу сўқмоқ йўлдан кетиб борардим. Ортимда қолаётган  ва  рўпарамдан чиқаётганларнинг деярли ҳаммаси ё замбил кўтарган ёки ногиронлар аравачаси етаклаганди. Замбил кўтармаган ёки аравача етакламаганлари, ҳеч бўлмаганда қўлтиқтаёқ билан ҳаракатланишарди. Бу манзара ҳар кимда ҳам ёқимсиз таассурот уйғотарди. Бироқ, умумий муҳит кутилганидек у қадар тушкун эмасди. Хурсандчилик кўнгилга сиғмаслигини тушунса бўлади, бироқ, нима бўлганда ҳам бу ерда ғимирлаб юрган ҳар бир банданининг  кўнглида шифо топиш умиди устувор эди. Бу ерга келганларнинг барчасини олдинга интилишга ундаётган бир нарса бор, у ҳам бўлса – илоҳий бир мўъжизага, ақл бовар қилмас кароматга  ишонч. Мелкорнинг айтишига қараганда, у ҳам айнан ана шу ишонч ва эътиқодга эришганди.

Мелкор ҳақида ўйлар эканман, яна жаҳлим чиқа бошлади. Бу қаллобликнинг энг даҳшатли жиҳати менинг компаниямга нисбатан қўлланилган товламачиликда эмас, балки Мелкорнинг чин тақводорларнинг ҳам  диний эътиқодлари устидан кулаётганида эди. Менимча, Мелкор бу ерга ташрифининг сўнгида ўзини худди мўъжиза юз бергандек тутади. Шу аснода бу қаллоб ўзи каби сохта эмас, балки юзлаб ҳақиқий ногиронларни алдайди. Шунинг учун ҳам мен уни қандай қилиб бўлса-да бу жирканч ишдан тўхтатишим керак.

Қаҳру ғазабим қайнаб-тошиб, ниҳоят черковга етиб келдим. Қош қорайиб қолган, ичкарида юзлаб шамлар порлаб турарди. Зинада  руҳонийларнинг қора ридосига бурканган, қорачадан келган, ўртабўй бир киши турар ва у нимагадир қўлларини кўтарганча, мени олқишларди.

Эҳтимол, у менинг бу ерда нима қилаётганимни тушунмай ҳайрон эди. Зеро, мен шу туришимда беморга ҳам, тақвоси бутун художўйга ҳам ўхшамасдим. Биз то қуёш мағриб томондаги тоғлар ортига тамоман шўнғиб кетгунига қадар у ёқ, бу ёқдан гаплашиб турдик. Ўзининг  айтишича, ҳамсуҳбатим  руҳоний Конти ота экан. Мен ҳам унга ўзимни таништирдим.

– Мен сизларнинг эътиқодингизга мансуб эмасман, авлиё ота, – дея унга тўғрисини айтдим, – бироқ, бу муқаддас ва табаррук жой мени қизиқтириб қўйди. Муолажанинг тартиб-таомили қандай бўлишини сўзлаб беринг?

– Сиз одамлар бу ердан қандай қилиб шифо топишаётганини билмоқчимисиз? – У инглиз тилида шошилмасдан, аста-секин, бироқ хатосиз сўзларди.

– Шундай, авлиё ота, илоҳий кароматми, мўъжизами юз беришига умидвор бўлиб, соғайиб кетиш илинжида келган одамлар ҳақида билмоқчи эдим.

– Улар, бу ерда асосан, ибодат билан машғул бўладилар. Қайси бирлари махсус дуо ва оятларни ўқишади, бироқ, уларнинг аксарияти  энг оддий дуолар билан кифояланишади. Одамлар, бунда аслида, Биби Марямга топинадилар. Камафео – жуда қадимий манзилгоҳ, унинг тарихи бир неча йилларни ўз ичига олгани учун ҳам бу ер хосиятли ва муқаддас қадамжо саналади.

– Яъни бунда одамлар дардларига даво сўраб ибодат қиладиларми? – аниқлаштириб олиш учун сўрайман.

– Ҳа, бўтам, шундай.

– Хўш? Улар шифо топяптиларми?

– Ибодат ҳеч вақт беиз кетмайди, бўтам. Бу ерга нафақат жисми хасталанган, балки қалбига, ҳис-туйғуларига заҳа етган бандалар   ҳам келишади. Шахсан менинг бир нарсага ишончим комилки, ибодатдан сўнг инсоний фазилатлардан мосуво бўлиб, тошга айланиб қолган  қалб ҳам, албатта  таскин топади.

–  Сиз руҳий тарафини тушунтирдингиз…хўш энди айтинг-чи, ибодатлари, ихлосу эътиқодлари боис кишиларнинг жисмидаги ноқисликлар ҳам шифо топганми?

–  Албатта, бўтам, бу ерда одамларнинг нафақат руҳлари, балки аҳён-аҳёнда бўлса-да, жисмлари ҳам шифо топади. Ҳар ҳолда шундай воқеаларга шоҳид бўлганим бор… Сиз, балки ўзингиз ҳам  черков деворларига осиб қўйилган жуда кўп қўлтиқтаёқларни кўргандирсиз… улар энди ўз эгаларига керак бўлмай қолган. Жисми жонлари дарддан фориғ бўлиб, шифо топган беморлар шукроналикларининг рамзи сифатида қўлтиқтаёқларини бу ерда қолдиришади. Бироқ, Парвардигор шифо умидида келиб ибодат қилувчиларнинг ҳаммасига ҳам бирон нима ваъда бермайди, албатта. Кимнинг дардига даво бериш, кимни шу ҳолича қолдириш фақат  Яратганнинг  иродасига боғлиқ.

– Демак, ҳар ҳолда Камафеода мўъжиза-ю кароматлар содир бўлиб турар экан-да, авлиё ота?

– Бўлмасам-чи, бўтам – бош силкиб маъқуллади руҳоний. – Бўлганда қандоқ!

Мен черковга кирдим. Черковнинг бир томондаги деворига чинданам кўплаб қўлтиқтаёқлар осиб ташланган. Уларни санаб ўтирмадим, бир қарашда уларнинг ўнтача эканини англаш мумкин эди. Меҳроб олдида шифо умидида ёқилган шамлар липиллаб  турарди. Уларнинг сони қўлтиқтаёқлардан кўра кўпроқ эди,  албатта.

Черковда ибодат қилаётганлар ҳам бир талай эди. Ора-чора битта-яримта тиз чўкиб ўтирганлар ҳам кўзга ташланарди. Ҳамма Парвардигорга илтижо қилиб, ундан ўз назари-эътиборидан, меҳру муҳаббатидан, каромату марҳаматидан  бебаҳра этмасликни илтижо қиларди. Эртага бу ерга Пол Мелкор ҳам келади. Ва албатта, у ҳам ибодат қилади.

Мен ортимга, қишлоққа қайтдим ва йўл-йўлакай кичик бир ресторанга йўлиқдим, бироқ, бу ердан бирор шиша ҳам ичкилик тополмадим. Назаримда, Камафеода ўткир ичимликлар сотиш ва истеъмол қилиш тақиқланган кўринади. Шунинг учун ҳам мен тамаддихонанинг  бир четида ўтирган кўйи ҳушёр ва ақли расо ҳолда нохуш хаёлларга берилдим.

Ўша кеча сира уйқум келмади. Миямда бўлмағур хаёллар чарх уриб айланаверди. Айни пайтда қаерда эканлигимни ўйлаб, баттар   азобланардим.

Энди Пол Мелкор ҳаммасини аввалдан пухта режалаштирганига менинг зиғирча ҳам шубҳам қолмаган эди. Юк машинаси ҳақида гапирмаяпман. У, албатта, тасодиф эди. Бироқ, ҳалокатдан кейин содир бўлган барча хатти-ҳаракатлар  – касалхона, суд воқеаси, энди эса бу ердаги томошалар… ҳамма-ҳаммаси унинг пухта ишланган режаси эди. Камафеога ҳам у ўз режасидаги “кароматли ҳодиса”ни рўёбга чиқариш учун келганди.

Эртага у яна юра бошлайди, сўнгра хотини билан бирга гўзал ҳаёт шавқини суради. Табиийки, бу товламачиликда Гей хонимнинг ҳам иштироки бор. У Мелкорнинг ҳамма пулларини бир йилга қолдирмай, тезгина ишлатиб юборишига ишончим комил. Ҳатто бу борада баҳс бойлашга ҳам тайёрман.

Қанийди, унинг бу ишларига барҳам бера олсам, аммо қандай қилиб? Буни қонуний йўл билан уддалашнинг иложи йўқ. Шу боис мен ҳам бор диққат-эътиборимни ноқонуний йўлларни ахтаришга қаратдим. Бироқ, бирор тайинли фикрга кела олмай, тунги соат икки-учларда пинакка кетдим.

Эрталаб соат етти яримларда кўчадаги ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Зиёратчилар тонгги ибодат учун черковга отланаётган эдилар. Тезда кийиниб чиқиб, уларга қўшилдим. Пол Мелкор ортилган замбил бутун бир мавзе бўйлаб чўзилган тантанали юришга чоғланган қаторнинг тахминан ўрталарида эди. Замбилни камафеолик забардаст йигитлардан икки нафари кўтариб борарди. Гей Франс имкон қадар кўзга кўринмасликка уринган шекилли,  бугун  соддароқ алпозда бўлиб, йигитлар билан ёнма-ён кетиб борарди. У оқ-малларанг зулфларини қора мантильеси[3] ичига яширишга қай даража уринган бўлмасин, бироқ бу уринишлари муваффақиятсиз якун топгани кўриниб турарди.

– Хайрли тонг, Роган! – саломлашди Мелкор. – Ибодатга отландингми? Тақводор эканингни билмагандим.

– Мелкор, мен ҳам худди сен каби эътиқодли одамман.

– Парвардигордан нималар сўраб, дуо қилмоқчисан?

– Ҳеч нимани. Мен шунчаки гувоҳ бўламан.

– Балки, омадинг чопиб, бирор ғайриоддий ҳодисага гувоҳ бўларсан, – деди сирли тарзда у.

Тоғ тарафга кўтарила бошладик. Маросимга отланган одамларни Конти ота бошқариб борарди. Биз аста-секин манзилга яқинлашдик. Зиёратчилар диний оятлар ва дуоларни қироат билан такрорлаб боришарди. Мелкор ва малласоч хоним ҳам вақти-вақти билан бир нималар деб шивирлаб қўйишарди. Уларнинг  ғўлдираб-ғўлдираб айтган битта-яримта сўзлари қулоғимга чалингудай бўлса, ғазабим қайнаб кетар, уларнинг ҳар иккисини ҳам  бўғиб ўлдиргим келарди.

Ҳа, йўғ-а, уларни бўғиш қаёқда. Мен унинг режасидаги кароматли воқеага халал беришга қарор қилгандим холос. Кейин бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларини йиғаман. Далилу исботларни етарлича қўлга кирита оламан, деган фикрдаман. Бунинг устига, ҳар эҳтимолга қарши, дея ўзим билан фотоаппарат ҳам олволгандим. Гарчи Мелкорнинг актёрлик маҳоратига шубҳа қилишга ҳеч бир асос бўлмаса-да, ишончим комилки, узоқ муддатли фалажликдан сўнг тузалиб оёққа турган одамнинг ролини ўйнаш учун у бугун бор маҳоратини ишга солиши тайин.

Орадан бир соатча вақт ўтиб, биз ниҳоят черковга етиб бордик. Биз келганда черков аллақачон одамлар билан лиқ тўлиб бўлганди. Зиналарда ҳам оёқ босгулик жой қолмапти. Шунинг учун ҳам йигитлар замбилни зинапоя олдига қўйиб, ўзлари қаергадир ғойиб бўлишди ва биз бу ерда ўзимиз қолдик. Тез орада атрофга ладан[4]нинг хушбўй ифори таралди, ҳаммаёқни қўнғироқлар жаранги тутиб кетди. Маросим бошланди.

– Ўша ғаройиб каромат бугун эрталаб содир бўладими? – сўрайман мен.

– Нега энди содир бўлмаслиги керак? – саволга савол оҳангида жавоб йўллайди Пол. – Ортиқча вақт сарфлашнинг нима кераги бор? Тўғри, мен ҳам айрим зиёратчиларга ўхшаб бу ерда ҳафталаб ё ойлаб қолиб кетишим мумкин. Бироқ, биринчи куниёқ содир бўлмаган мўъжизанинг аҳамияти ҳам ҳаминқадар бўлади-да. Мен албатта шифо топаман. Сўнгра Гей иккимиз бир ёқларга жўнаб кетамиз ва бу гўзал ҳаётдан истаганча баҳра олиб яшаймиз.

– Сен бу қаллобликни аввалбошданоқ режалаштиргансан, – айблай бошладим уни. – Ҳаттоки, бу зиёратгоҳни ҳам олдиндан танлаб қўйгандинг, тўғрими?!.

– Сен шу билан енгил тортадиган бўлсанг агар, гапларинг тўғри, Роган.

– Демак, аввалбошданоқ муғомбирлик қилаётганингни, ўйин ўйнаётганингни тан оласан, шундайми?

У довдираб қолди. Унинг катта гапириб мақтаниш истаги ўрнини энди ички кўрқувми, маҳдудликми, ҳар ҳолда ўзига хос бир эҳтиёткорлик эгаллади.

– Шуни билиб қўй, судда буни қанчалик инкор этмайин, ҳозир, сенинг қаршингда буни тан оламан: ҳа, шунақа, мен аввалбошданоқ ўйин қилгандим.

– Умид қиламанки, сен товламачилик қилаётганингни тушунсанг керак. Сенинг қилган ишинг оддий ўғриликдан ҳеч фарқ қилмайди.

– Қўйсанг-чи, Роган, – жилмайди у. – Компаниянгни  миллионлари жуда-жуда кўп, шундай экан, бир неча ўн минг билан камбағал бўлиб, қашшоқлашиб  қолмаса керак?!. Бунинг устига,  мен бу пулларни ўзим ишлаб топдим. Бу осон бўлмади ахир, кесилган ғўладай бир жойда  – қимир этмай ётиш осон эканми? Биласанми, мен нима қилдим? Ҳозир буни сенга айтишим мумкин. Касалхонада ҳар кеча бадантарбия қилиб турдим, мушакларим атрофия[5]га учраб батамом қуриб қолмаслиги учун. Мунтазам равишда шуғулланганимга қарамай, суд  ниҳояланиши  пайтида ҳам  аҳволим айтарлик яхшимасди.

– Бироқ, тўйдан кейин аҳволинг яхшиланган, деб умид қиламан.

Айни дамда ўзим билан диктофон олмаганим ва унинг сўзларини ёзиб қолмаганим учун қаттиқ афсусландим, унинг шу топда бари қилмишига иқрор бўлишини қаердан билибман.

– Албатта, уйланганимдан кейин анча ўзимга келдим, – фикримни тасдиқлади у. – Шуни айтмоқчиманки, Роган, Гей – фариштанинг ўзгинаси, ҳақиқий фаришта. Биласанми, у мени қайтадан юришга ўргатди. Юришни унутаёзгандим ахир. Соч-соқолимни қиришга, овқат ейишга ва миллионлаб бошқа-бошқа нарсаларни бажаришга қайтадан ўргатди.

– Демак, сен яна қайта оёққа турасан ва буни Яратганнинг каромати деб атайсан, шундайми?

– Тан олгин, Роган, сен ютқаздинг, – илжайди Мелкор. – Мени табриклашинг мумкин. Фақат кўнглингга оғир олма. Хўш, нима дейсан?

– Жин урсин сени, Мелкор! – дедим мен.

– Роган, сен ярамас одамсан. Ютқазишни билмас экансан.

– Бўлди, етар. Тур! Тур, қани, бу бечоралар ҳам Яратганнинг кароматига гувоҳ бўлиб бир баҳра олсинлар.

Пол Мелкор аввал хотинига, сўнг яна менга қаради.

– Яхши, – бошини силкитди Пол, – каромат бўлса, ҳозир бўла қолсин. Бу беъмани диний сафсаталар жуда жонимга тегди… Мана қара… ҳозир кўз ўнгингда ҳақиқий мўъжиза юз беради. Абракадабра! Абракадабра!.. – дея тез-тез ғўлдирай бошлади у, бироқ, ҳеч нарса содир бўлмади. У ҳатто салгина қимирлаб ҳам қўймади.

– Мелкор, тур ўрнингдан! – чинакамига жаҳл отига миндим. – Турсанг-чи, ҳозир турсанг, башарангга би-ир мушт туширардим, сабримни синама, тур.

Бироқ, Мелкор ҳамон замбилда ҳаракатсиз ётарди. У зўр бериб ҳаракатланмоқчи бўлганини, зўриқишдан лаби-лунжи липиллаганини кўрдим, бироқ негадир ўша каромат содир бўлмади. Саҳар чоғи ҳаво салқин эди, аммо унинг юзида тер томчилари ялтирай бошлади.

– Нима бўлди? – масхараомуз кулдим. – Қўрқиб кетдингми? Тур, қўрқма.

– Мен… туролмаяпман, Роган, – пичирлади Мелкор. – Ё, Парвардигор, ўзинг асра, қимирлай олмаяпман… қимирлай олмаяпман!..

Бу воқеа ана шундай якун топди. Пол Мелкор билан ўртамиздаги келишмовчиликка пул сабаб бўлди, ва бу борада у ғалаба қозонди. Пуллар қонуний равишда уники бўлиб чиқди. Суғурта компаниямиз шу билан уни ўз ҳолига қўйди.

Гей Франснинг кейинги тақдири менга маълум эмас. Биргина билганим шуки, Камафеодан қайтишгач, у Мелкорни ташлаб кетди. Ахир айтгандим-ку,  соҳибжамол малласоч хонимлар ўз ҳаётларини ожизу нотавон, ношуду ночор, майиб-мажруҳ одамлар билан боғламайдилар, деб.

Камафеода рўй берган бошқа кароматлар ҳақида ҳеч нарса деёлмайман, бироқ, ўша кароматлардан биттаси ҳар ҳолда қандай содир бўлганини аниқ биламан. Бироқ, бу кароматдан сўнг черков деворига илинган қўлтиқтаёқлар сони яна биттага ортгани йўқ. Бу чинданам Яратганнинг каромати, бироқ, тескари каромати эди. Шундан кейин ҳам, мутлоқ кутилмаганда тескари кароматлар рўй бериши мумкинлигини эътироф этмай кўринг-чи!

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси

[1] Флоренс Найтингейл   – 1820-1910 йилларда яшаган, асли Флоренцияда туғилиб, кейинчалик Англияда истиқомат қилган машҳур тиббиёт ҳамшираси. У ўз фаолияти давомида оддий касалхона ҳамширалигидан  то йирик жамоат арбоби даражасигача кўтарилган (таржимон изоҳи – Н.А.).

[2] Камафео – жой номи (таржимон изоҳи – Н.А.)

[3] Мантилье, мантильяиспан аёлларининг елкага ташлаб юриладиган тўр рўмоли (таржимон изоҳи – Н.А.).

[4] Ладан –  баъзи ўсимликлардан олинадиган, диний маросимларда ёқиб тутатиладиган хушбўй смола (таржимон изоҳи – Н.А.).

[5] Атрофия – узоқ вақт мобайнидаги ҳаракатсизлик туфайли мускулларнинг қуриши, ҳаракатланиш қобилиятини йўқотиши (таржимон изоҳи – Н.А.).