Артур Шницлер. Башорат (ҳикоя)

I

Боцандан сал нарида, ўрмонга бурканганидан катта йўлдан деярли кўзга ташланмайдиган, чоғроқ тепаликда барон фон-Шоттенеснинг ихчамгина ер-мулки жой олган. Ўн йилдан буён Меранда истиқомат қилаётган оғайнимни кузда яна ўша ерда учратиб қолгандим ва у мени барон билан таништириб қўйганди. Ўшанда ёши элликларга бориб қолган барон санъатга ишқибоз одам бўлиб, унинг ҳар хил турлари билан шуғулланарди. У скрипкани, роялни бинойидек чалар, бошқаларга жўр ҳам бўларди, расмни ҳам дурустгина чизарди. Ўз вақтида у, санъатнинг драматик тури билан ҳам жиддий шуғулланганди. Айтишларича, у ёшлик чоғларида вилоятнинг чекка-чекка жойларида сохта ном остида бир неча йил айланиб ҳам юрган экан. Отасининг қаршилиги сабаб бўлганми, қобилият ё омад панд берганми, нима бўлганда ҳам у, бу йўлдан воз кечиб қўя қолди ва ота-боболари изидан боришни маъқул топди-да, фурсатни ғанимат билиб, шартта давлат хизматига кирди. Ҳар ҳолда жуда иштиёқ билан киришиб кетмаса-да, барибир у, бир неча ўн йиллар давомида ўз вазифасини сидқидилдан, ҳалол адо этиб юрди. Эндигина қирққа чиққанда, отаси вафот этди, шундан сўнг у ҳам хизматдан бўшади ва ёшликдаги ҳаваслари ҳамон уни тарк этмаганини англаб етди. У Гунчн тоғи ёнбағридаги боғ-роғли ҳовлини тартибга келтиришни буюрди-да, асосан ёз, куз мавсумларида у ерга бир талай эркак ва аёлларни тўплаб, қисқа-қисқа, кўнгилочар пьесалар, қувноқ саҳна асарларини намойиш эта бошлади. Унинг хотини эски тироль буржуа наслидан бўлиб, санъатга унчалик иштиёқи йўқ эди, лекин ақлли, эрига чинакам меҳрини қўйган вафодор аёл эди. Гарчи эрининг ишқибозликларига бир мунча киноя билан қараса-да, турмуш ўртоғининг бу қизиқишлари хотинининг жамиятга бўлган мойиллик талабларига жавоб беришини тан оларди. Сарой муҳити қаттиққўл ҳакамларга у қадар ёқимли бўлиб туюлмаса-да, бу ердаги меҳмонлар ёшликдан табақа урф-одатларига мойил тарбия топганликларига қарамай, тўгаракдаги санъат тури ўзини етарли даражада оқлаб улгургани боис унинг фаолиятига сира қаршилик кўрсатмадилар; шунингдек, эр-хотин баронларнинг номи ва обрўйининг ўзиёқ тўгарак ишига халал берувчи ҳар қандай ахлоқсизлик борасидаги шубҳа-гумонларни бир четга суриб қўярди. Ҳозир кимлиги ёдимда йўқ одамлар орасидан мен инсбрукс комендантлигидан ёш графни, Ривдан егер офицерини, бош штаб полковнигини хотини ва қизи билан, Берлиндан оперетта қўшиқчисини, Боцендан ликёр фабрикаси эгасини ўғиллари билан, яқинда дунё бўйлаб сафаридан қайтган барон Мецдольтни, Бюкебургдан сарой артистини, ёшлик чоғларида артист бўлган бева графиня Саймани қизи билан ва даниялик рассом Петерсенни учратиб қолдим.
Саройнинг ўзида меҳмонлардан баъзиларигина яшардилар, холос. Бошқаларининг Боценда ўз хонадонлари бор эди. Учинчилари бўлса, хийла тор кўчаси саройга олиб чиқадиган чорраҳада жойлашган оддийгина меҳмонхонада истиқомат қилишарди. Тўгарак аъзолари кўпинча тушдан сўнг юқорига тўпланишарди-да, баъзан собиқ сарой артисти режиссёрлигида, баъзан эса ўзи ҳеч иштирок этмайдиган барон бошчилигида бошда ҳазил-ҳузул, кулги билан, кейинроқ пьеса воқеаларининг қаерда бўлиб ўтишига қараб, бу ўрмон этагидаги, сарой боғчаси орқасидаги кичик ўтлоқзор бўладими, ёки деразалари готик услубида ишланган бир қаватли бинонинг танобийсидами, об-ҳавога, кайфиятга, тайёргарликка қараб намойиш этиладиган томоша қўйиладиган кун яқинлашгунга қадар машқлар борган сари жиддий тус олиб бораверарди.
Баронни илк бора кўргани келганимда, кунимни бу нотаниш одамлар орасида қандай вақтичоғлик билан ўтказишни ўйлашдан бўлак дардим йўқ эди. Негаки, баъзан мутлақо бемақсад қолиб кетиб, тентираб, ҳайё-ҳу деб бошинг оққан томонга кетиб қолгинг келади ва бундай ҳолат тез-тез такрорланиб турарди, шу боисдан ҳам бу ерларда қолиб кетишим учун баронни кўндиришга ҳаракат қилардим. Кунларга кунлар уланаверди, шундай қилиб, мен сарой юқорисидаги пойида сой ястланиб ётган ихчамгина миноранинг атайлаб камина учун ажратилган, қулай ва шинам қилиб жиҳозланган хонасида бамайлихотир кеч кузгача қолиб кетдим. Тоғлиқ ерларда мен илгари сира яшаб кўрмаган эдим. Атрофдаги ўйин-кулги, ғала-ғовур мени қанчалик қуршаб олмасин, Гунчнда кўрганларимнинг бари беозор ва илиқ хотира бўлиб қолади, негаки, лаҳзалик суҳбатларни инобатга олмаганда, меҳмонларнинг биронтаси билан деярлик тузук-қуруқ муносабатда бўлмадим, бунинг устига ўрмондаги ёлғиз сайрларим чоғида вақтимни ижодга ва ўй-хаёлларимга теппа-тенг тақсимлаб чиқдим. Бир куни барон ҳурматимни жойига қўйиб, кичик пьесаларимдан бирини саҳналаштирганида, кўнглимда заррача ўзгариш сезмадим, негаки, ёзувчи эканим биронтанинг хаёлига ҳам келмаганди.Тўғрисини айтсам, бу кеча менга ажойиб бир воқеани туҳфа этганди, чунки, очиқ осмон остида, майсалар устида ўтказилган бу томоша менинг ёшликдаги орзуларимни кеч бўлса-да, кутилмаганда рўёбга чиқарганидан бошим кўкка етганди. Саройни завқ-шавққа тўлдириб турган жонланиш ҳам анча тинчиб қолди, турли лавозимдаги жанобларнинг ҳам таътиллари тугаб, энди саройда онда-сонда меҳмон бўлиш шу яқин-атрофда яшовчи ёр-дўстларгагина қолганди, холос. Ҳаваскор-ишқибозларга хос бўлган ўзига танқидий кўз билан қараш баронда ҳаддан зиёд эканини у билан яқин бўлганимдан кейингина пайқаб қолдим-у, бундан роса ҳайратландим. Саройда нима билан шуғулланишаётган бўлишса, барон бунинг барини ўзгача бир машғулот, жамоат ўйинларининг энг сараси деб биларди, лекин, буни санъат деб у ўзини сира алдамасди. Негаки, умри мобайнида кўнгил қўйган иши – санъат билан узоқ ва жиддий шуғулланиш баронга насиб этмаганди, шу туфайли саройдаги камтарин саҳна фаолиятини бу соҳа узоқдан бўлса-да, ўз шуъласи билан ёритиб турганининг ўзи унга кифоя эди, боз устига профессионалларга хос бўлган санъатни бўғишга уринишдек кайфият бу ерда сезилмагани уни мамнун этарди.
У билан ўтказган сайрларимизнинг бирида, бир кун келиб, очиқ осмон остида, ўз саҳнасида саҳнанинг бепоён эканини кўрсатиб, табиий шароитга мослаб ёзилган пьесани кўриш унинг орзуси эканини айтиб қолди. Бу фикр мен анчадан буён кўнглимга тугиб қўйган мақсадимни рўёбга чиқариш учун қўл келгани боис, унинг бу ниятини амалга оширишга сўз бердим.
Кўп ўтмай мен саройни тарк этдим.
Баҳорнинг илк кунларидан бирида, ўтган куздаги ажойиб кунларимизни эслатиб, чамаси, шароит талабларидан келиб чиқиб ёзилиши кутилаётган пьесамни илтифот билан баронга жўнатдим, сўнг ундан миннатдорчилик билдириб, мени яқин кузда чин дилдан таклиф этиб ёзган жавоб мактубини олдим. Мен ёзни тоғда ўтказдим ва сентябр ойининг илк совуқ кунлари бошланиши биланоқ барон фон-Шоттенеснинг саройига яқин жойда эканимни ҳам унутиб, Гардск кўлига жўнаб кетдим. Ҳа, мен, ўша бир пайтлар ҳаёт қайнаган ихчамгина қасрни энди мутлақо унутгандек эдим. Венадан кетишим билан саккизинчи сентябрда барондан хат олдим; унда, мендан ҳеч бир дарак бўлмаётганидан ажаблангани айтилганди ва тўққизинчи сентябрда унга юборган ихчамгина пьесамнинг намойиши кутилаётгани, менинг бунда иштироким шартлиги ҳақида хабар берилганди. Пьесада қатнашган, энди эса машқлардан сўнг ўзларига ярашиб турган костюмларда майсалар устида маза қилиб ўйнашдан тийила олмаётган болалар томонидан барон менга алоҳида хурсандчилик ваъда қилганди. Бош қаҳрамон роли устида у узоқ ишлаганди ва бир қатор тасодифлардан сўнг бу роль, янглишмасам, жонли картиналарда бор-йўғи икки марта иштирок этиб, ҳозир актёр сифатида ўзидаги ажойиб иқтидорни намойиш эта олган бароннинг жияни Француа фон-Умпрехтга топширилганди.
Мен жўнаб кетдим ва кечга яқин Боценга етиб келдим, томоша куни саройга ташриф буюрдим, мени бу ерда барон, хотини иззат-икром билан кутиб олишди; у ерда мен яна бошқа танишларни: истеъфодаги сарой артистини, графиня Саймани қизи билан, жаноб фон-Умпрехтни гўзал хотини билан, шунингдек, менинг ишимнинг муқаддимасини ўқиши керак бўлган ўрмончининг ўн тўрт яшар қизини учратиб қолдим. Тушдан сўнг анча-мунча одам келиши, оқшомги томошага эса нафақат бароннинг шахсий меҳмонлари, балки, аввал ҳам томошага киришга бир неча бор рухсат этилган шу яқин-атрофда яшовчилардан юзтачасининг келиши кутилаётганди. Устига-устак, бу гал боцен капелласи мусиқачиларидан иборат бўлган кичик оркестр ва Вебернинг увертюрасини, сўнг бароннинг ўзи ёзган антракт мусиқасини ижро этиш учун бир нечта ҳаваскорлар ҳам таклиф этилганди.
Стол атрофига йиғилганларнинг кайфиятлари чоғ эди, ёлғиз фон-Умпрехтгина бошқаларга қараганда менга хийла вазмин кўринди. Бошда уни деярли эслолмадим ва бир оғиз ҳам сўз демай баъзан дўстона, баъзан шубҳа билан менга тез-тез кўз қирини ташлаётганини пайқаб қолдим. У борган сари кўзимга иссиқ кўрина бошлади ва бирдан уни ўтган йил менинг жонли картиналаримда шахмат тахтаси устида тирсагига суяниб ўтирган роҳибни тасвирлаганини эслаб қолдим. Яна адашаётган бўлмай тағин, деб унинг ўзидан ҳам сўрадим. Уни суҳбатга тортмоқчи эдим, бир оз хижолатга тушгандек бўлди: барон ўз жияни ҳақида гапириб, саҳна яна бир иқтидорни кашф этганини ҳазиломуз тарзда менга изоҳлади-да, жиянининг ўрнига жавоб бериб қўя қолди.
Шунда, жаноб фон-Умпрехт ғалати кулди-да, гўё орамизда ҳали бунга ўзим ҳам тушуниб етолмаётган қандайдир битим бордек ялт этиб менга қаради. Бироқ, яна шу лаҳзадан бошлаб, мендан яна кўзларини олиб қоча бошлади.

II

Тушликдан сўнг дарров хонамга чиқиб кетдим. Мана, худди ўтган йилдагидек, мен яна ўша очиқ дераза олдида турибман, шаҳар ва далани ўз бағрига чорлаганча, худди оёғим остидан энсизгина бошланиб, аста-секин катталаша бора-бора қўл-оёғини бутунлай ёзиб юборган водий порлаб турган қуёш нуридан яна-да гўзаллашиб кетиши менга завқ бағишларди.
Бир мунча вақт ўтгач, эшик тақиллади. Жаноб фон-Умпрехт кирди-да, остонада таққа тўхтаб:
— Безовта қилганим учун узр сўрайман, — деди тортинибгина.
Сўнг яқинроқ келиб, сўзида давом этди:
— Агар мендан чорак соатгина вақтингизни аямасангиз, унда Сизни безовта қилганим учун гуноҳимдан ўтишингиз турган гап.
Мен жаноб фон-Умпрехтга ўтиришни таклиф этгандим, у бунга эътибор ҳам қилмай, куйиб-пишиб гапида давом этди:
— Мен сиздан жуда ғалати бир тарзда қарздорман, шу боис сизга қанча миннатдорчилик билдирсам шунча оз.
Жаноб фон-Умпрехт ўз ролини назарда тутаётган бўлса керак, деб ўйлашдан бўлак фикр калламга келмади, яна у ўз сўзларини шундай мулойимлик билан айтардики, ҳатто эътироз билдириб юборишимга ҳам сал қолди. У ўша заҳоти сўзимни бўлиб:
— Бу билан мен нимани назарда тутаётганимни сиз хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. Сиздан илтимос, ўтинчимга қулоқ солсангиз.
У дераза токчасига ўтириб олиб, оёғини чалиштирди-да, ўзини хотиржам кўрсатишга астойдил уринаётганини яширмай, сўзлай кетди:
— Мен энди катта ер эгасиман, қулоғингизга чалинганми, йўқми, аввал зобит бўлганман. Ўша, бундан ўн йил муқаддам, — ўн йил муқаддам айнан шу бугунги кунгача давом этиб, сизнинг шарофат ва кўмагингиз сабаб ўз ниҳоясига етай деб қолган зулмингиз остида ажабтовур бир воқеани бошимдан ўтказганман. Иккимизнинг ўртамизда, худди мендек сиз ҳам аранг тушунтириб бера оладиган аллақандай ёвуз муносабат ўрнатилган; лекин, оз бўлса-да, сиз унинг борлигидан бохабар бўлишингиз керак. Ўшанда менинг полким овлоқ поляк маконидан жой олганди. Унчалик ҳам толиқтирмас хизматдан ташқари, кўнгил очиш борасида ҳам фақат ароқхўрлик, қиморбозлик бўлганди, холос. Устига-устак, келажакда, ҳали-бери ўзгариши маҳол бўлган ва ичимизда унча-мунчамизнинг бардошимиз етмайдиган бундай ҳаётда яна узоқ йиллар яшашга маҳкум эдик. Келганимизнинг учинчи ойида менинг энг яқин дўстларимдан бири ўзини отиб қўйди. Илгари хушмуомала бўлган собиқ зобит дўстим эса бирдан ашаддий ароқхўрга, қўпол, жиртаки, нима қилаётганини ҳатто ўзи ҳам англолмай қолган бир жирканч кимсага айланди-қолди ва қандайдир адвокат билан ораларида бўлиб ўтган қандайдир кўнгилсизликдан кейин хизматидан ҳам айрилиб қўя қолди. Уйланган батальон полковниги, бунга унинг далил-исботи бормиди-йўқмиди, билмадим-у, бир куни рашкдан хотинини деразадан улоқтириб юборди. Ақл бовар қилмас ҳолатда хотини ўлмай қолди; эри эса ажални жиннихонадан топди. Ўша-ўша ёқимтой, лекин ҳайратомуз даражада эси паст бўлган юнкерларимиздан биттаси, кесакдан ўт чиққандек, фалсафани яхши тушунишини, Кант ва Гегелни ўқиб-ўрганганини маълум қилди ва худди ёш болалар алифбони ёдлагандек, уларнинг асарларидан катта-катта парчаларни ёддан айтиб берди. Менга келсак, азбаройи энсам қотганидан шундай хунобим чиқардики, баъзан тушдан сўнг ўрнимда ётиб, ишқилиб, ақлдан озиб қолмасам гўрга эди, деб юрагим орқамга тортиб кетарди. Бизнинг казармамиз йиғиштириб келганда ўттизтача хонадондан иборат бўлган қишлоқ ортига жойлашганди; ифлос, жирканч ва бадбўй ҳидли одамларга лиқ тўла шаҳар бу ердан бир соатлик йўл бўлиб, унга камдан-кам ҳоллардагина ишимиз тушарди. Қаҳвахона хўжайини, этикдўз ва бошқалар сингари меҳмонхона эгаси ҳам яҳудийлардан эди. Уларни нега бунчалик таҳқирлаганимизни энди тушунгандирсиз. Бизнинг полкка бириктирилган майор унвонидаги бир княз ҳазил қилибми ё ўзи хайрихоҳмиди, билмадим-у, яҳудийларнинг саломига ўта одоб билан алик олгани етмагандек, яна келиб чиқиши яҳудий бўлган полкимиз шифокорини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватларди, бу эса яҳудийларга бўлган ғазабимизни баттар қўзитиб юборди. Агар князнинг айнан мана шу инжиқликлари сабаб, тақдир мени ўша одам билан учраштириб, бизнинг шу қадар сирли тарздаги алоқаларимизнинг бошланишига туртки бўлмаганида, балки буларнинг барини сизга сўзлаб ўтирмаган бўлардим. Бу фирибгар, қўшни полк шаҳри майхона эгаси бўлган яҳудийнинг ўғли эди. У йигитлик чоғлари иш юзасидан Львовга, сўнг Венага борганларида, қартада кўзбойлоқчилик сирларини билиб олган экан. Кейинчалик ўз устида ишлаб, бу ҳунарини янада бойитибди, аста-секин саёҳатларга чиқа бошлабди ва шантан-қаҳвахоналарида ва клуб саҳналарида бўлиб, муваффақият қозона бошлабди.
Ёзда у ота-онасидан хабар олгани, албатта, ўз шаҳрига қайтарди. Бу ерларда у ҳеч қачон жамоат орасида ҳунарини намойиш этмасди, шу боисдан ҳам у ўзининг ташқи кўриниши билан эътиборимни тортгани учун уни илк бор кўчада учратиб қолгандим. Ўшанда унинг ёши ўттизлар атрофида бўлиб, эгнига умуман фаслга мос тушмаган, кулгингни қистатадиган серҳашам кийимдаги кичкинагина, озғин, соқолсиз одам эди; эгнида қора сюртук, бошига эса дабдабали шляпа кийиб олиб, ҳашамдор духобадан тикилган нимчада сайр қилиб юрарди; ҳаво очиқ кунлари кўзига, албатта, қора кўзойнак тақарди.
Бир куни кечки овқатдан сўнг ўн беш-ўн олти киши бўлиб, ўзимизнинг узун стол атрофида зобитлар йиғилишиб ўтирардик. Кечқурун ҳаво дим бўлганидан деразалар ланг очиб қўйилганди. Баъзи ўртоқларимиз ўйинни бошлаб юборишганди, бошқалари эса дераза олдида ўтириб, гап сотишарди, учинчилари, дамларини чиқармай, ичиб, чекиб ўтиришарди. Навбатчи унтер-зобит кирди-да, кўзбойлоғич келганини маълум қилди. Бошда биз бир оз ҳайрон бўлдик. Лекин, ўша айтилган одам гап тугашини ҳам кутиб ўтирмай, шартта кириб келди-да, енгилгина фирибгарлар тилида бир нима деб қўйди, кейин икки оғиз кириш сўзини айтди ва таклиф қилганимиз учун миннатдорчилик билдирди. У аввал унга пешвоз чиққан князга мурожаат қилди ва, албатта, бизнинг ғашимизга тегиш мақсадида у билан қўл бериб кўришди.
Кўзбойлоғич ҳам бунинг бўлгани шу экан деб ўйлади-да, бошда қартада бир нечта фокус кўрсатиб, сўнг магнитизм ва хиромантияга ўтишини айтди. У гапини охирига етказмай туриб, бир бурчакда қарта ўйнаётган баъзи зобитлар расмли қарталарнинг ғойиб бўлиб қолаётганини пайқаб қолишди; лекин қарталар кўзбойлоғичнинг ишораси билан очиқ турган деразадан яна қайтиб учиб кирарди. Кейинги ўйин(фокус)лар ҳам бу борада қанча кўрганларимдан ошиб тушса тушдики, аммо кам бўлмади. Менга унинг кейинги бажарган сеҳрли тажрибалари анча ғалати кўринди. Сафсатабоз юнкернинг қандай қилиб уйқуга кетгани, сеҳргарнинг буйруғига бўйсуниб, очиқ турган деразадан лип этиб сакраб тушиб, теп-текис деворга тирмаша-тирмаша томга чиқиб олгани ва бутун бошли томнинг тўрттала бурчагидан гир айланиб, сўнг яна қайтиб ерга тушганини ваҳимасиз кузатиб туролмадик. Ҳали уйқуси тарқамаган юнкернинг пастда турганини кўрган полковник:
— Менга қаранг, Худо кўрсатмасин, бирон кор-ҳол бўлганда борми, унда сиз казармадан асло тирик чиқмасдингиз, — деди сеҳргарга.
Бу тенбеҳга яҳудийнинг нафрат тўла нигоҳ билан жавоб бергани сира ёдимдан чиқмайди.
Кейин:
— Жаноб полковник, сизга казармани ё тирик, ё ўлик, қачон тарк этасиз, шуни қўлингизга қараб айтиб берайми? – деди у хотиржам ҳолда.
Бундай қўполдан-қўпол гапга полковник ёки бизлар нима деб жавоб қилардик, билмадим-у, лекин умумий кайфият шундай кўтаринки эдики, полковник ҳам унга қўлини узата қолди-да, олчоқлар тилида:
— Майли, қани бир ўқиб кўринг-чи, — деганида ҳам бунга ҳеч ким ҳайрон бўлмади.
Буларнинг бари ҳовлида содир бўлаётганди, ва юнкер уйқули кўзлари билан қўлларини кериб, ҳали ҳам деворга михлангандек турарди.
Шунда сеҳргар полковникнинг қўлидан тутди-да, диққат билан унинг қўлидаги чизиқларга разм сола бошлади.
— Сен яҳудийга бирон нима кўриняптими ўзи? – деди ғирт маст поручик.
— Менинг саҳнадаги исмим – Марко Поло, — деди у савол берган кишига жиддий оҳангда.
Князь яҳудийнинг елкасига қўлини қўйди-да:
— Менинг дўстим Марко Полонинг кўзлари ўткир, — деди.
— Қани, нималар бор экан? – деди полковник мулойимлик билан.
— Билмадим, айтсаммикан, йўқми? – деди Марко Поло.
— Ихтиёрингиз, — деди князь.
— Гапира қолинг, — бақирди полковник.
— Яхшиси, оғиз очмаганим маъқул,— эътироз билдирди Марко Поло.
— Қани, борини тўкиб-солинг-чи, жуда унчалик ҳам ёмон эмасдир, ахир, мабодо, шундай бўлганда ҳам бунинг ҳақиқат экани ҳали номаълум-ку, — деди полковник қаҳ-қаҳ уриб кулганча.
— Сўраганингизга ҳали пушаймон бўласиз, — деди сеҳргар, — айтганларимнинг бари содир бўладиган, рост гаплар.
Ҳамма жим турарди.
— Қани, унда эшитайлик-чи, — илтимос қилди полковник.
— Энди совуқдан қийналишингизга ҳожат йўқ, — жавоб қилди Марко Поло.
— Қанақасига? – қичқирди полковник, — наҳотки полкимизни барибир ҳам Ривага кўчиришса?
— Полк ҳақида бирон нима дея олмайман-у, фақат мен сизни кузгача тирик қолмаслигингизни кўриб турибман, холос.
Полковник кулиб юборди, қолганлар ҳамон жим турарди; сизни ишонтириб айтишим мумкинки, ўша лаҳзанинг ўзидаёқ полковник бизга ўлимга маҳкум одамдек туюлиб кетди. Бирдан кимдир дабдурустдан овозининг борича атайлаб кулиб юборди-да, шовқин-сурон ва кулги аралаш барча зобитлар йиғилишга қайтишди.
— Энди, — баланд овозда деди полковник, — бари тугади. Бунга яна қизиқсинаётганлардан борми, жаноблар?
Кимдир ҳазиллашиб бақирди:
— Асло, биз буни эшитишни ҳам истамаймиз!
— Агар диний сабабларга амал қилинса,— деди бошқа бир киши тўсатдан фикр билдириб,— тақдирни бу тахлит башорат қилишга йўл қўйиб бўлмайди.
— Марко Полога ўхшаганларни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиш керак, — деди бир ёш лейтенант. Мен князни бурчакда эски бир зобит билан чекиб турганини кўриб қолдим; унинг:
— Башорат қачон бошланади? – дегани қулоғимга чалинди.
Шу орада мен кетишга тараддудланаётган Марко Полонинг ёнига келдим-да, бошқалар эшитмайдиган қилиб:
—Менга ҳам бир нималарни каромат қилиб кўринг-чи, — дедим унга.
У бехосдан қўлимдан тутди-да, кейин:
— Бу ерда яхши кўролмаяпман, — деди у. Мен, фонус алангаси тебранаётганини ва қўлимдаги чизиқлар ҳам титраётганини сезиб қолдим. — Юринг, жаноб поручик, ташқарига чиқамиз. Менга ойдинда яхшироқ кўринади.
У қўлимдан тутганча ташқарига судради ва мен ҳам унга эргашиб, очиқ турган эшикдан ташқарига чиқдим.
Бирдан калламга ажабтовур фикр келди.
— Қулоқ солинг, Марко Поло, — дедим мен, — агар полковникни ҳозирги кўйга солганингиздан бўлак ҳунар қўлингиздан келмаса, яхшиси, бу ишни йиғиштириб қўя қолинг.
Сеҳргар шу заҳоти қўлимни қўйиб юборди-да:
— Жаноб поручик қўрқяптиларми, дейман? — деди жилмайиб.
Мен битта-яримта одам эшитиб қолмадимикан деб у ёқ-бу ёққа алангладим; лекин биз аллақачон казарма дарвозасидан ташқарига чиқиб, шаҳарга олиб борадиган йўлда турардик.
— Мен оз бўлса ҳам тайинли бирон нима билишни истардим, —дедим мен. – Аравани қуруқ олиб қочишдан нима фойда.
Марко Поло менга қаради.
— Жаноб поручик нимани истайдилар ўзи? Балки кўнгиллари бўлажак қаллиғларининг суратини кўришни тусар?
— Наҳотки бу қўлингиздан келса?
Марко Поло елка қисди.
— Келади… нега энди келмас экан?…
— Лекин мен буни истамайман, — унинг гапини бўлдим мен. – Тўғриси, кейинроқ, ҳеч бўлмаганда ўн йиллардан сўнг менга нима бўлишини билишни хоҳлардим.
Марко Поло бошини сарак-сарак қилди-да:
— Буни айтолмайман-у, бироқ, бундан бошқасига қурбим етса керак, — деди.
— Масалан, нимага?
— Келгуси ҳаётингиздан биронта лаҳзани, жаноб поручик, худди суратдагидек сизга тасвирлаб беришим мумкин.
Унинг нима демоқчи бўлганини ҳадеганда тушунмадим.
— Яъни, ўз фаразингизни тасвирлаб бермоқчисиз, шундайми?
— Менинг фаразим мана бундай: мен сизнинг келажакдаги ҳаётингиздан бир лаҳзанигина узиб оламан-да, биз сиз билан турган худди мана шу ерга ҳозироқ чақириб оламан.
— Қандай қилиб?
— Жаноб поручик, сиз айнан қайси лаҳзани кўнглингиз тусаётганини айтсангиз бўлди.
Мен унинг гапларини яхши тушунолмаётган бўлсам-да, бунга ўлгудек қизиқаётгандим.
— Яхши, — дедим мен, — агар эплолсангиз, унда ўн йилдан сўнг худди шу бугун ва худди мана шу лаҳзаларда менга нималар бўлишини кўрмоқчиман… гапимни тушунаяпсизми, Марко Поло?
— Бўлмасам-чи, поручик жаноблари, – жавобан деди Марко Поло ва ўйчан нигоҳини менга қадади.
Мана, у ғойиб бўлди… ҳозиргина ой нурида ял-ял ёниб турган казарма ҳам, текисликдаги ранги ўчиб ётган яккам-дуккам ёғоч уйлар ҳам ғойиб бўлди-қолди, баъзан ўзингни ўзинг тушда кўргандек, мен ҳам ўзимни шундай тушда кўрдим… ўн ёшга улғайган, мошкичири пахмоқ соқолли, пешонамда чандиқ, ўрмондаги ялангликнинг қоқ ўртасида замбилда ётибман, олдимда бир хушрўй аёл, ёнимда бир ўғил ва бир қиз бола, орқа томонда қоронғи ўрмон ва ундан берироқда қўлида машъала тутган икки овчи… Ҳайратдан ёқа ушлаяпсиз, шундай эмасми, ёқа ушлаяпсиз!
Мен ростдан ҳам ҳайратдан ёқа ушлагандим, чунки у менга тасвирлаб берган ўша манзара айнан шу бугун оқшом соат ўнда якунига етай деб қолган пьесамдаги жон бераётган қаҳрамон ролини у ўйнаши керак эди.
— Биламан, менга ишонмаяпсиз, — давом этди фон-Умпрехт. — Бунинг учун сиздан хафа эмасман, лекин, шундай бўлса-да, сизнинг бу шубҳа-гумонларингизга чек қўяман.
Фон-Умпрехт чўнтагига қўлини олиб борди-да, ундан елимланган конвертни олди.
— Илтимос, бир қараб кўринг-чи, орқа томонига нималар ёзилган экан.
 Мен баланд овозда ўқий бошладим: “1859 йил 8 январда нотариал томонидан муҳрланган, 1868 йил 9 сентябрда очилади”. Тагида менга шахсан таниш Венадаги нотариус, доктор Артинернинг имзоси турарди.
— Ўша кун шу бугун, — деди менга фон-Умпрехт. – Роса шу бугун Марко Поло билан бўлиб ўтган сирли учрашувимизга нақ ўн йил бўлди, лекин, барибир, мен учун тагига етиб бўлмас жумбоқлигича қолди. Чунки, тақдир гўё ҳар йили мен билан худди бекинмачоқ ўйнаётгандек эди, энди рўёбга чиқай деб турган “башорат” бирданига яна ғойиб бўлиб қоларди ва уни ўзгартириб бўлмаслигига ишонтириб, аллақаерларга яна жуфтакни ростлаб қоларди-да, яна изига қайтиб келаверарди. Қўйинг, ижозатингиз билан ўз ҳикоямга қайтсам.
Хаёлот олами узоқ эмас, бир лаҳзагина чўзилди, холос, чунки у бошланмасдан аввалроқ казармадан келаётган поручикнинг қаттиқ кулгани қулоғимга чалинган эди. Мана, Марко Поло яна қаршимда табассум қилиб турарди, лекин бу табассум на аламдийда ва на истеҳзоли эди. У шляпасини бошидан олиб:
— Хайрли кеч, жаноб поручик, энди, ҳар ҳолда мендан кўнглингиз тўлгандир, — деди-да, орқасига ўгирилиб, бамайлихотир шаҳар томонга йўл олди. Эртаси куни у жўнаб кетди.
Казармага қайтганимдан сўнг калламга келган дастлабки фикр шу бўлдики, балки, Марко Поло аллақандай номаълум ёрдамчини ишга солиб, қандайдир кўзгу орқали бу ҳодисани чақириб олгандир? Мен ҳовлидан ўтиб келаётганимда юнкернинг ҳали ҳам ўшандай қўлларини ёйганча деворга суяниб турганини кўрдим-у, ўтакам ёрилай деди. Ҳаяжонларини ичларига сиғдиролмаётган одамларнинг баҳс аралаш ўзаро суҳбатлари шундай эшитилиб турарди. Мен шартта юнкернинг қўлидан тутдим, у шу заҳоти кўзини очди, лекин кўрганларининг биронтасига ажабланмади, фақатгина полк зобитлари нега бунчалик дарғазаб бўлишаётганини тушунолмай ҳайрон эди, холос. Мен ҳам азбаройи ғазабланганимдан бу ишга аралашмоқчи бўлдим, бироқ биз кўриб турган бу ғалати ҳодисаларнинг барчаси тўғрисида беҳуда миш-мишлар тарқала бошласа, эҳтимол, мен ҳам аҳмоқликда бошқалардан қолишмас эканман деган ўйга боришдан истиҳола қилдим. Шунда полковник:
— Жаноблар, мен яна келгуси баҳоргача ўлмайман деб гаров ўйнашга тайёрман! Қирқ бештага якка ўзим! – дея дабдурустдан хитоб қилди.
Шу гапни айтди-да, у қиморбоз ва жанжалкаш сифатида ном чиқарган зобитларимиздан бири бўлган поручикка мурожаат қилди:
— Сиз бунга нима дейсиз?
Поручик ўйиндан ўзини аранг тийиб турган бўлса-да, барибир, бошлиғининг ўлими билан боғлиқ масала борасида унинг ўзи билан бас боғлашга жазм этмади, унга индамай кулиб қўя қолди. Балки, кейинроқ бундан афсус қилган бўлиши ҳам мумкиндир. Чунки, орадан роппа-роса бир ҳафта ўтиб, эрта тонгда полковнигимиз император машқларидан бирида отдан йиқилиб, тил тортмай ўлди. Шунда, ҳаммамиз бундан бошқача бўлишини кутмаганимизни айтгандик. Шу лаҳзадан эътиборан, мен ғалати бир журъатсизлик билан ҳали ҳеч кимга ошкор этилмаган тунги “башорат” ҳақида ич-этимни еб ўйлай бошладим. Фақат Венага саёҳат баҳонасидагина Рождествода ошнам Фридрих фон-Гуленд деган кимсагагина юрагимда борини тўкиб солгандим. Балки сиз у ҳақда эшитгандирсиз, жуда чиройли шеърлар ёзарди, афсус, дунёдан жуда эрта кетди… Хуллас, биз мана шу конвертдан топишингиз мумкин бўлган тасвирнинг хомаки суратини у билан бирга чизгандик. У, ўз якуний хулосаларида гарчанд бундай ҳодисаларга ишониш қийин бўлса-да, барибир, фан уларни қўлдан бой бермаслиги лозим деган, фикрда эди. Икковимиз доктор Артинер ҳузурида бўлганимизда чизмани кўз ўнгимизда конвертга солиб, муҳрлашганди. Конверт шу чоққача нотариуснинг девонхонасида сақланиб, кун-кеча илтимосимга кўра ўзимга келтириб берилди. Гулянднинг бу ишга жиддий ёндошиши, тан олиб айтишим керакки, бошда мени роса ранжитди, лекин уни бошқа кўрмаганим ҳам, айниқса, вафотидан кейинги барча воқеалар ҳам менга кулгили туюла бошлади. Мен, аввало, тақдирим ўз қўлимда эканини тушуниб етдим. Дунёда ҳеч бир куч 1868 йил 9 сентябр тунги соат ўндагидек мени қоп-қора пахмоқ соқолим билан замбилда ётишга мажбурлай олмайди; мен ўрмон ва даладан қочиб қутулишим, худди шунингдек, малла сочли аёлга уйланмаслигим ва ҳатто фарзанд кўрмаслигим ҳам мумкин. Мен қочиб қутулишим маҳол бўлган ёлғиз нарса бу – дуэлдаги бахтсиз ҳодиса ёки ундан пешонамда қолиши мумкин бўлган чандиққина бўлиши мумкин, холос. Демак, вақтинча бўлса-да, хотиржамман.
Бу башоратдан сўнг бир йил ўтиб, мен ҳозирги рафиқам фрейлейн фон-Геймзалга уйландим, ундан кейин сал ўтмай истеъфога чиқдим-да, ўзимни қишлоқ хўжалиги юмушларига бағишладим. Бу сизга кулгили туюлмаса-да, мен тушимдаги (буни хаёлот олами деб аташни яхши кўраман) ўтлоқни ёдга солмайдиган, иложи борича ери бўлмаган бир нечта ихчам-ихчам уй-жойларни кўриб чиқдим. Хотиним меросни қабул қилиб олганидан сўнг Каринтидаги ер-мулк эгаси бўлганим боис мен ҳафсала билан рўзғоримизга у-бу харид қилишга тайёр эдим. Янги ер-мулкимизни томоша қилгани чиқдим-у, адашиб қолдим ва юриб-юриб атрофи ўрмон билан иҳоталаб ташланган яйловга дуч келдим. У менга бекорга қўрқмайдиган ўша ерни ғалати бир тарзда ёдимга солди. Юрагимни бир оз ваҳима босди. Хотинимга башорат тўғрисида оғиз ҳам очмадим; у ирим-сиримларга ишонувчан аёл эди, агар буларнинг барини унга айтиб берганимда, унинг ҳозиргача ўтган бутун ҳаётини заҳар-заққумга айлантирган бўлардим.
У енгил нафас олди-да, аста жилмайиб қўйди.
— Шундай қилиб, кўнглим нотинчлиги тўғрисида унга ҳеч нима айтмадим. Лекин 1868 йил сентябрини ўз мулкимда ўтказмайман деган хаёл билан ўзимга тасалли бериб қўя қолдим.
Мен 1860 йилда ўғил кўрдим. У бир ёшга тўлганда, менга тушимда кўрган худди ўша болани эслатаётгандек туюлаверди; бу ўхшашлик баъзан йўқоларди, баъзан янада яққолроқ намоён бўларди ва тан олиб айтишим керакки, бугун оқшом соат ўнда мен ётган замбил ёнида турадиган бола билан ўша мен тушимда кўрган бола худди икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш эди. Менда қиз йўқ, лекин бундан уч йил бурун бева қолиб, ҳозирда Америкада яшаган хотинимнинг опаси вафот этгач, ундан бир қизча қолганди. Хотинимнинг илтимосига кўра, қизчани ўзимиз катта қиламиз дедик ва мен денгиз оша Америкага бориб, уни олиб келдим. Қизчага илк бор кўзим тушганда, у худди ўша, мен тушимда кўрган қизчани ёдимга солгандек бўлаверди. Болани ўзга юртда, бегона одамларга ташлаб кетиш фикри бир бор бўлса-да, йилт этиб хаёлдан ўтди. Хаёлимдан ўтган бу бадбин ўйни шу заҳоти даф қилдим-да, биз қизчани жон-жон деб бағримизга олдик. Башоратга қурилган бу хаёлот оламимда болаларнинг борган сари бир-бирига ўхшаб кетишига қарамай, яна хотиржам тортдим-да, болалар баҳона ўша тушни эсга олавериш яхшиликка олиб бормайди, деган хулосага келдим. Ҳаётим бирмунча вақт тинчлик ва осойишталикда ўтди. Бундан икки йил бурун тақдирнинг яна бир янги огоҳлантириши мени ҳаяжонга солмаганида, Польша шаҳарчасида ўтган ўша ғалати кечани деярли ўйламай ҳам қўйгандим. Мен икки ойга жўнаб кетишим керак эди; қайтиб келганимда не кўз билан кўрайки, мени кутиб олишга чиққан хотинимнинг сочлари малла рангда бўлиб, у, ўша, тушимдаги мен юзини кўрмаган аёл билан икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш эди. Қўрқувни қаҳр-ғазаб билан босиш энг қулай усул деб ўйладим; ҳа, ростдан ҳам шартакилигим борган сари авжга чиқиб борарди, чунки, ўша телба-тескари фикрлар менга ҳеч тинчлик бермай қўйганди; мабодо оиламдан кечсам, унда хавф-хатар ўз-ўзидан йўқолади ва мен ўшанда тақдирни ўз ноғорамга ўйнатган бўламан. Хотиним тиз чўкиб йиғлади-сиқтади, ялинди-ёлворди, ўзидаги ўзгаришлар сабабини куйиб-пишиб тушунтирди. Бир йил бурун Мюнхен сафари чоғида, расмлар кўргазмасида мен малла сочли аёл портретига жуда маҳлиё бўлиб қолгандим ва буни кўрган хотиним қулай фурсат топилса, мен ҳам ўша аёлга ўхшаб сочимни малла рангга бўяйман деб кўнглига тугиб қўйган экан.
Мен ундан иложи борича тезроқ бу рангни йўқотиб, сочини ўз табиий ҳолига қайтаришини сўрадим ва у бунга кўнганидан сўнг яна ҳаммаси ўз изига тушиб кетгандек бўлди. Ҳатто мана шу ҳам тақдир менинг измимда эканидан далолат эмасми?.. Наҳотки ҳозирга довур бўлиб ўтган воқеаларнинг барини табиий содир этилган деб бўлмаса?.. Наҳотки бошқа минглаб одамларда мана шундай ўрмон ва яйловдан иборат ер-мулк, бола-чақа, оила деганлари бўлмаса?.. Ирим-сиримга ишонувчининг юрагини така-пука қиладиган пешонамдаги мана бу чандиқ ҳам ҳозирги қишгача йўқ эди. Қўрқоқ эмаслигимни тушунтирай сизга: зобитлик чоғларим жуда хавфли вазиятда дуэлда олишганман, бундан бошқа саккиз йил бурун тўйимдан сал ўтмай, хизматдан кетганимда, ўтган йил қандайдир хурсандчилик муносабати билан аллақандай жанобга тузукроқ салом бермаганим учун у мендан бунинг сабабини тушунтириб беришимни талаб қилганди – фон-Умпрехт бундан бир оз хижолат тортгандек бўлди, мен эса жанобдан узр сўраб қўя қолишни маъқул кўрдим. Хайриятки, бари яхшилик билан ҳал бўла қолди, бўлмаса, сизни ишонтириб айтаманки, бу сафар ҳам муштлашишим, рақибим пешонамдан дарча очиши, тақдирнинг қўлига яна бир қартани тутқазишидан қўрқиб, мен аросатда қолишим турган гап эди. Кўряпсизми, бу ҳам менга ёрдам бермади: чандиқ эса ҳамон мен билан. Балки, ўша, жароҳатланган кунимдан бошлаб ўн йил мобайнида ожизлигим туйғуларимга ўз таъсирини ўтказгандир, эҳтимол. Бу воқеа мана шу қиш оқшомида содир бўлганди; мен ўзимга мутлақо нотаниш бир қанча бегона одамлар билан поездда Клагенфуртдан виллага кетаётгандим. Тўсатдан дераза ойнаси жаранглаб синди-ю, шу заҳоти пешонамда оғриқ ҳис эта бошладим; айни вақтда қаттиқ бир нима полга тарақлаб тушганини ҳам эшитдим; мен дарҳол жароҳатланган еримни ушладим, у ердан қон оқарди; шунда тезда энгашдим-да, полдан қиррали тошни олдим; купедаги одамлар ваҳимадан сапчиб тушишди.
— Нима гап ўзи? – ҳайқирди улардан бири.
Пешонамдан қон оқаётганини кўриб, дарров ёрдамга чоғланишди, лекин бир жаноб ўзини бурчакка отганини аниқ кўрдим. Яқин ўртадаги бекатдан сув олиб келишди, темир йўл шифокори ярамни боғлаб қўйди, бироқ мен шу жароҳат орқасидан ўлиб кетишдан қўрқмайман, ахир яранинг чандиққа айланиб қолиши менга олдиндан маълум-ку. Бу қасддан қилинган жиноят бўлса-чи? Болалар шунчаки шўхлик қилишган деган миш-мишлар авж олди; бурчакка тиқилиб олган жаноб ҳам рўпарага қараб ўтирганча чурқ этмасди. Мен Виллахда тушаман. Етти ёт бегона мана бу одам дабдурустдан ёнимга келди-да:
— Бу аслида менга отилганди, — деди-ю, мен жавоб беришга улгурмасимдан қаергадир ғойиб бўлди-қолди; унинг кимлиги менга номаълумлигича қолди. Балки, у таъқиб дардига мубтало савдойилардандир… балки, чандиқ менга тегишли бўлгани учун мен қутқариб қолган, аламзада эр ёки ака таъқиб қилиб юрган бошқа бировдир… Яна ким билади дейсиз?..
 Бир неча ҳафтадан сўнг чандиқ мен тушимда кўрган пешонамнинг худди ўша ерида манаман деб турарди. Шунда аллақандай номаълум куч билан олишаётганимга имоним комил бўла бошлади ва мен кун сайин ортиб бораётган хавотир билан қачон бўлмасин ҳал қилувчи куч сифатида юзага чиқадиган ўша кунни интизорлик билан кутардим.
Баҳорда амакимдан таклифнома олдик. Бу таклифга мен тиш-тирноғим билан қарши эдим, негаки, гарчанд хотирамда бирон аниқ тасаввур намоён бўлмаса-да, ҳар ҳолда, ўша қарғиш теккан жой айнан амакимнинг ҳовлисида эди. Хотиним рад жавобим сабабини тушуна олмаслигини ҳисобга олдим-да, тезроқ саройни тарк этиб, ундан нарироққа, тўғри жанубга, Венецияга, Лидога жўнаб кетишни қатъий кўнглимга тугдим ва июлнинг бошида оилам билан саройга боришга аҳд қилдим.
Келган биринчи кунимизданоқ пьесангиздан гап очилиб, амаким пьесадаги болаларга атаб ёзилган кичкинагина ролни фарзандларим ижро этиб беришига розилигимни сўради. Бунга қаршилигим йўқ эди. Ўшандагина бош қаҳрамон ролини профессионал актёрга топшириш керак деган бир тўхтамга келинди. Бир неча кун ўтгач, қаттиқ бетоб бўлиб, кетолмай қолсам-чи, деб мени ваҳима боса бошлади. Шунда мен, бир куни оқшом чоғи эртадан бир неча кунга денгизга чўмилишга кетишимни маълум қилдим. Сентябрнинг бошларига келаман деб ваъда беришим керак эди. Ўша оқшом барон қандайдир сабаб билан ролни қайтариб бераётган актёрдан хат олди. Бундан хабар топган амакимнинг таъби хира бўлди. У, мендан аввал пьеса билан танишиб чиқишимни ва мана шу ролга танишларим ичидан биронта муносиб одамни топиб беришимни сўради. Шундай қилиб, пьесани ўзим билан олиб кетдим ва уни ўқиб чиқдим. Шу йилнинг тўққизинчи сентябрида, ўша, менга башорат қилинганларнинг бари пьесада оқизмай-томизмай тасвирлаб берилганини ўқиганимда, менинг қай аҳволга тушганимни ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг-а. Шу ролни мен ўзим ўйнашни хоҳлаётганимни айтишга тонггача сабрим чидамади. У бунга рози бўлмас деб қўрққандим, чунки пьесани ўқиб чиққанимдан бери ўзимни хавф-хатардан холи ҳис эта бошлагандим, мабодо, агар пьесангиздаги ролдан қуруқ қолсам, унда, мен яна аллақандай номаълум кучларга қурбон бўлишим турган гап эди. Амаким дарров рози бўлди ва ўша дақиқадан бошлабоқ ишлар яна жўнашиб кетди. Биз, мана, бир неча ҳафтадирки, тинмай машқ қиламиз ва мен бошимга тушиши муқаррар кўргиликни ўзимда ўн беш мартача синаб кўриш имконига эга бўлгандим: мен замбилда ётибман, ажойиб малла сочли графиня Сайма эса юзини қўллари билан тўсиб, рўпарамда тиз чўкиб турарди, болалар ҳам шу ерда эдилар.
Жаноб Умпрехт шу сўзларни гапириб турган бир пайтда нигоҳим ҳали ҳам сурғичи бузилмай ётган конвертга тушди. Жаноб Умпрехт жилмайиб қўйди.
— Дарвоқе, ҳали мен сизга далил тақдим этмадим-а, — деди-ю, муҳрни бузди. Тахланиб ётган қоғоз ниҳоят ёруғликка чиқди. Рўпарамда мукаммал, хомакиси гўё мен томондан ишланган mise-en-scene пьесанинг сўнгги воқеаси ётарди, саҳнанинг орқа томони ва теварак атрофи ўрмон кўринишидаги манзара билан безатилган; тагига тахтачаси билан эркак кишининг гавдаси деярли саҳнанинг ўртасида турарди, унинг устига: “замбиллар…”— деб ёзиб қўйилганди. Бошқа гавдаларга қизил сиёҳ билан: “малла сочли аёл”, “ўғил бола”, “қиз бола”, “машъалчи”, “қўл кўтарган одам” деб ёзиб қўйилганди.
Жаноб фон-Умпрехтга:
— Бу қўлларини кўтариб турган одам нимани англатади ўзи? –сўрадим ундан.
— Қаранг-а, — деди жаноб фон-Умпрехт хижолат тортиб, — сизга айтиш мутлақо ёдимдан кўтарилибди-ку. Демак, ишларнинг аҳволи бундай: хаёлотнинг анави тасаввурида лопиллаб ёниб турган машъала тутган тепакал, соч-соқоли силлиқ қиртишланган, кўзойнакли, бўйнига тўқ яшил шол ташлаб олган, кўзлари катта-катта очилган ва қўллари кўтарилган одам бор эди.
Бу сафар лол қолгандим. Биз бир муддат жим қолдик. Кейин мен:
— Аслида бу ким бўлиши мумкин, сиз нима деб ўйлайсиз? – дея ажиб бир ташвиш билан сўрадим ундан.
— Мен, — деди фон-Умпрехт ўзини хотиржам тутиб,— бу биронта томошабин ёки амакимнинг хизматкорларидан биридир деб ўйлайман ёки пьесанинг сўнгида пайдо бўлиб, ҳаддан зиёд тўлқинланиб кетганидан ўзини саҳнага отган биронта деҳқондир… йўқ, балки, энди мен мутлақо ажабланмай қўйган тасодифлардан бири бўлган, жиннихонадан жуфтакни ростлаган тентаклардан бирини, мен замбилда ётишим керак бўлган худди ўша жойдан югуриб ўтишини тақдирнинг ўзи хоҳлаб қолгандир.
Мен бош чайқадим.
— Айтишингизга қараганда… тепакал – кўзойнак – яшил шол?.. Бу иш менга аввалгидан ҳам ғалатироқ туюла бошлаяпти. Сиз кўрган ўша одамнинг қиёфасини мен ҳақиқатан ҳам пьесамга киритишни мўлжаллагандим, бироқ кейин ундан воз кечдим. Бу биринчи пардада тилга олинган ва пьеса сўнгида саҳнага ўзини отиши керак бўлган рафиқанинг ақлдан озган отаси бўлиши лозим эди.
— Лекин шол ва кўзойнак-чи?
— Буни актёр ўзидан тўқиб чиқарган.
— Бўлиши мумкин.
Суҳбатимиз бўлинди. Фон-Умпрехт хоним томоша олдидан гаплашиб олиш учун ёнига эрини чақирди ва биз у билан хайрлашдик.
Мен яна бир оз вақт турдим-да, Умпрехт столда қолдириб кетган tise-en-sceneни диққат билан кўздан кечирдим.

III

Кўп ўтмай, томоша кўрсатиладиган ўша жойга боргим келаверди. У жой сарой орқасида бўлиб, кўркам хиёбон билан чегарадош эди. Хиёбон эса пастак-пастак буталарга бориб тақалиб, поёнига етган жойгача ўн қатор қилиб ёғоч ўриндиқлар қўйиб чиқилганди; олдинги қатордаги ўриндиқларга қизил гилам тўшалганди. Биринчи қаторнинг олдига бир нечта нота курсичалари ва курсилар қўйилганди; саҳнада парда йўқ эди. Саҳна билан томошабинлар ўртасидаги чегара икки туп баланд арча дарахти билан ажратилганди, ўнг томонда унга ёнма-ён ёввойи бута ўсган, унинг орқасида эса суфлёр учун томошабинларга кўринмайдиган қилиб махсус оромкурси қўйилганди. Чап томондаги майдонча бўм-бўш бўлиб, водийнинг кўркига кўрк қўшиб турарди. Саҳнанинг орқа томонида баланд-баланд дарахтлар саф тортган; уларнинг ўртадагиларигина сершох эди, холос, чапдан, соядан тор сўқмоқ бошланарди. Нарироқда ўрмон ичкарисидаги тор сўқмоққа актёрлар ўз чиқишларини кутиб, ўтириб туришлари учун стол ва стуллар қўйилганди. Ёритиш учун эса саҳнага ва томошабинлар залининг ҳар икки томонига улкан шамлардан иборат баланд чилчироқ ўрнатилганди. Ўнг томонда бута орқасидаги очиқ жойда саҳна жиҳозларига ўхшаш нимадир бор эди; у ердаги пьеса учун зарур бўлган жиҳозлар орасидан мен, яна, пьеса сўнгида фон-Умпрехт ўлиши керак бўлган замбилга ҳам кўзим тушди.
Яланглик орасидан юриб борарканман, кечки қуёшнинг сокин нури бирдан уни ёритиб юборди… Турган гапки, хаёлим фон-Умпрехтнинг ҳикояси билан банд эди. Мен фон-Умпрехтни одамларни ўзига қизиқтириш мақсадида уларни аввалдан авраб туриб тайёрлаб борадиган устомон фирибгарлар тоифасига мансуб эмас, деб ҳисобламаганман. Мен, ҳатто нотариуснинг имзоси қалбаки ва фон-Умпрехт ишни қойилмақом қилиб уддалаш ниятида, бунга бошқа одамларни ҳам жалб қилган бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Менда, ҳозирча номаълум ва Умпрехт балки ҳали шартлашиб улгурмаган, қўлларини кўтарган одам сабаб ғайриоддий шубҳа уйғонди; ва бу менинг биринчи, ҳали номаълум режамдаги шу кишига аталган рол эди; бундан ташқари, жаноб фон-Умпрехт шахс сифатида менда яхши таассурот уйғотганди. Унинг ҳикояси қанчалик ғалати ва қанчалик ваҳимали туюлмасин, унга ишонмасам бўлмаслигини ҳис этиб турардим, балки, бунга устимиздан тегирмон тоши юргизаётган истак-хоҳишларимизнинг ижрочиси деб ўзини ҳисоблаётган унинг манманлиги сабабдир.
Шу топ менинг ёнимдагилар ғимирлай бошлашди; саройдан хизматкорлар кела бошлашди, шамлар ёқилди, яқин-атрофдаги одамларнинг кўпи қишлоқ либосида тепаликдан тушиб келишди-да, одоб билан ўриндиқ олдига келиб тўхташди. Тортинмай ўз жойларини эгаллаган бир талай хониму жаноблар орасида кўп ўтмай уй эгаси ҳам пайдо бўлди. Мен ҳам уларга қўшилдим-да, ўтган йилги ошнам билан роса чақчақлашдим. Мусиқачилар келиб, ўз жойларини эгаллашди; уларнинг таркиби анча ўзгача бўлиб, иккита скрипка, виолончель, виоль д’амур, контрабас, флейта ва гобойдан иборат эди. Улар шу заҳотиёқ, чамаси, жуда эрта Вебернинг увертюрасини ижро эта бошлашди. Олдинда, оркестрга жуда яқин ерда бўйнига қора рўмолга ўхшаш алланима ташлаб олган кекса, тепакал бир эркак турарди. “Балки, кўзойнакни олиб ташлаб, эс-ҳушидан айрилиб, ўзини саҳнага отиш унга тақдир томонидан тайинлангандир,” – кўнглимдан кечирдим мен.
Енгилгина эсган шамолдан шамнинг алангаси оҳиста тебранди, атрофни шом қоронғулиги чулғай бошлади. Мен ҳозиргина бошқа қатнашувчилар тўғрисида яна ўйладим ва Умпрехт, унинг фарзандлари, ўрмончининг қизидан бўлак ҳеч кимга кўзим тушмаганини эсладим. Энди менга режиссёрнинг баланд овози ва ёш графиня Сайманинг кулгиси эшитилди. Барча курсилар эгаллаб бўлинганди, барон эса графиня билан биринчи қатордаги ўриндиқлардан бирига ўтириб олиб, гап сотишарди. Оркестр ижрони бошлади ва ўрмончининг қизи чиқиб, пьеса муқаддимасини ўқиди.
Пьеса мазмуни, тўсатдан олисдаги саргузаштларни қўмсаб қолиб, оиласи билан хайр-хўшлашмай, уларни тақдир измига ташлаб, бир кун ичида дард-алам, кўнгилсизликлар жабрини тортиб, тавбасига таянган ва оиласи унинг йўқлигини сезмасдан бурун орқага қайтишни ихтиёр этган инсон қисмати ҳақида борарди; у уйига қайта туриб, ўз остонасида жони узилиши билан унинг сўнгги саргузашти ҳам ўз поёнига етади ва ўлими олдидан унинг қочиб кетиши, ҳалокати сабаблари улар учун жумбоқлигича қолган, ташлаб кетган оиласига сўнгги сўзини айтишигагина имкон қолганди, холос.
Томоша бошланди. Хонимлар ва жаноблар ўз ролларини бинойидек уддалашарди; мени кўпроқ баён қилишдаги табиийлик хурсанд қиларди, мен энди фон-Умпрехтнинг ҳикоясини ўйламасдим ҳам.
Биринчи пардадан сўнг оркестр яна куй чалишни бошлади, бироқ, томошабинларнинг ғала-ғовуридан куйни ҳеч ким эшитмаётганди. Менинг ўзим, чап томонда, йўл оппа-осон водийга олиб тушадиган, саҳнага хийла яқин, одамлар кўзидан йироқ жойда тик турардим. Иккинчи парда бошланди; шамолнинг секин-аста кучайиб бораётгани ёруғликни тебратиб оз бўлса-да, пьесанинг таъсирли чиқишига кўмаклашаётганди.
Ижрочилар яна ўрмон ичида ғойиб бўлишди ва оркестр садоси янгради. Кутилмаганда нигоҳим соч-соқоли силлиқ қилиб олинган кўзойнакли флейтачига тушди: лекин, унинг сочлари узун, оппоқ бўлиб, ҳеч қандай шол-пол кўринмасди. Оркестрнинг овози ўчди ва ижрочилар яна саҳнада пайдо бўлдилар. Мен флейтачининг чолғусини олдидаги нота курсичасига қўйиб, чўнтагидан яшил шолни олганини ва бўйнига ўраганини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолдим; галдагисида жаноб фон-Умпрехт чиқди; мен уни флейтачига эътибор билан қараганини кўрдим ва бўйнидаги шолга кўзи тушиши билан дудуқланиб қолди; сал ўтмай ўзига келди-да, яна ўз ролига киришиб кетди. Мен ёнимда турган оддий кийимдаги ёшгина йигитдан флейтачининг кимлигини сўрагандим, унинг Кальтердан келган ўқитувчи эканини айтди. Томоша давом этарди, хотима ҳам яқинлашиб қолганди. Саҳнада қандай юриш талаб қилинган бўлса, икки бола худди ўшандай гандираклаб юрарди, ўрмондаги шовқин-сурон эса борган сари яқинлашар, дод-фарёд ва нидо овозлари эшитиларди; шамол янада қаттиқроқ эсиб, шохларни тебратганда янада яхши бўларди; ва ниҳоят, саргузаштлар ишқибози бўлган талвасадаги фон-Умпрехтни замбилда олиб чиқишди. Болалар ўзларини унинг устига отишди, машъалачилар қимир этмай туришарди, унинг хотини бошқалардан кўра кечроқ келди ва қўрқувдан башараси буришиб кетиб, эрининг ёнига чўкди; у оғзини очишга уриниб, нимадир демоқчи бўларди-ю, аммо, ўйнаётган роли бунга изн бермасди. Шамол тўсатдан ғалати бир шиддат билан эсди, машъалалар деярли ўчиб қолди; мен аллакимнинг оркестр ёнига лип этиб чиқиб олганини кўрдим – бу флейтачи эди; ясама сочи учиб кетганида, унинг бошида бир дона ҳам тук йўқлигини кўриб ҳайрон қолдим; бўйнидаги шол рўмолини ҳилпиратиб, қўлини кўтарди-да, ўзини саҳнага отди. Мен беихтиёр Умпрехтга қарадим. У сеҳрлангандек флейтачига қараб қолганди. У нимадир демоқчи бўлди-ю, афтидан, эплолмай йиқилди; кўпчилик, буларнинг бари пьесага тегишли ҳаракатлар деб ўйларди, мен бўлсам икки маротаба такрорланган бу қулашни қандай тушунтиришга ҳам ожиз эдим; шу орада ясама сочлининг орқасидан кетаётган одам замбил ёнидан югуриб ўтди-да, ўрмонга кириб ғойиб бўлди. Умпрехт ўрнидан турмади, янгитдан зўрайган шамол машъалаларни ўчирди; олдинда ўтирганларнинг баъзи бирлари жонсарак бўла бошлашганди, мен бароннинг: “Жим бўлинг, секин!”— деган овозини эшитдим. Ҳамма тинчланди ва шамол ҳам эсмай қўйди; лекин Умпрехт миқ этмай турарди. Лаблари ҳам қимирламасди. Графиня Сайма бақириб юборганди, одамлар бу ҳам пьесага тегишли гап бўлса керак деб ўйладилар. Мен оломон ичига ўзимни урдим-да, бориб саҳнага отилдим, орқамдан одамларнинг тобора безовта бўлаётганини эшитиб турардим, улар оёққа туриб изимдан келар эдилар, замбиллар ўраб олинганди…
— Нима бўлди, нима гап?
Мен машъалачилардан бирининг қўлидан машъалани юлиб олдим-да, ерда ётганнинг юзига тутдим… уни силкитдим, нимчаларини тортқиладим; шу орада шифокор ҳам етиб келди-да, Умпрехтнинг юрагини эшитди, томирини ушлаб кўрди ва ҳамманинг нари кетишини сўраб, бароннинг қулоғига алланималарни шивирлади… Замбилда ётганнинг хотини етиб келди-да, қичқирганча ўзини унинг устига отди, болалар бўлса, ҳанг-манг, нима бўлганига ақли етмай қотиб қолган эдилар. Воқеани кўриб турганларнинг биронтаси ҳеч кўзига ишонмасди, ҳамма нима бўлди-нима бўлди, деб бир-биридан сўрарди, холос. Ҳаял ўтмаёқ жаноб Умпрехтнинг замбилда тўсатдан жони узилганини атрофдагилар эшитиб бўлганди… Мен ўзим ҳам ўша куни оқшомдаёқ бу даҳшатлардан карахт бир аҳволда водийга жўнаб кетдим. Мен шу билан саройга бошқа қайтишга журъат этолмадим. Чунки юрагимни аллақандай бир ваҳима чулғаб олганди. Эртаси куни барон билан Боценда кўришиб қолдим; Умпрехтнинг бошидан кечирганларини унга сўзлаб бердим. Барон аввалига ишонмади; шунда ҳамёнимдан сирли варақани чиқариб, унга кўрсатдим; у менга ғалати, ҳаттоки ҳадиксираб қараб қўйди-да, варақни қайтариб берди. Қоғоз топ-тоза эди, унда на бирон сўз ва на бирон расм бор эди…
Мен Марко Полони излаб топишга уриниб, бирдан-бир билганларим шу бўлдики, бундан уч йил бурун у Гамбургдаги энг жўн кўнгилочар жойлардан бирида сўнгги маротаба томоша кўрсатган. Ўшанда қўлларини кўтариб, ясама сочлининг орқасидан ўрмон ичига кириб, ғойиб бўлган ўқитувчини шундан сўнг бошқа ҳеч ким кўрмабди – ўлигини ҳам, тиригини ҳам, — бу, бари жумбоқлар ичида жумбоқ бўлиб қолганди.

НОШИР СЎНГСЎЗИ

Мазкур ҳикоя муаллифи билан шахсан таниш бўлмаганман. У ўз даврининг машҳур ёзувчилардан бўлиб, бундан ўн йил бурун 60 ёшида вафот этгунига қадар деярли унутилиб кетганди. Ундаги бор мерос ортиқча васиятномасиз ушбу китоб саҳифаларида номи зикр этилган унинг ёшликдаги меранлик дўстига ўтганди. Ўтган қиш сўнгги бор Меранда бўлганимда шифокор билан ҳар хил шубҳали мавзулар — башорат, телепатия тўғрисида суҳбатлашдим ва ушбу қўлёзмани нашр эттириш учун олдим. Унинг мазмунини жон-жон деб ижод маҳсули деган бўлардим-у, лекин кўриниб турганидек, ғойиб бўлган ўқитувчини шахсан таниган шифокор тасвирлаб берилган томошанинг сўнгида иштирок этмади. Сеҳргар Марко Пологача, мен ёшлик чоғларим Вердск кўли яқинидаги дала ҳовлилар жойлашган ерда унинг номи ёзилган афишани кўрганим ҳали-ҳануз ёдимда; айни ўша пайтда мен худди шу номдаги машҳур денгиз сайёҳининг сафари ҳақида ёзиб қолдирган муфассал таърифини ўқиётганим учун ҳам у хотирамда сақланиб қолганди.

Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 11-сон.