Антон Чехов. Унтер Пришибеев (ҳикоя)

— Унтер-офицер Пришибеев! Сиз шунинг учун айбланасизки, 3-сентябрь куни сўз ва ҳаракатингиз билан урядник Жигинни, волость бошлиғи Аляповни, юзбоши Ефимовни, гувоҳлар қаторида ўтирувчи Иванов ва Гавриловни, яна олтита деҳқонни ҳақорат қилгансиз. Шуни ҳам айтиш керакки, урядник, волость бошлиғи ва юзбошини хизмат вазифаларини ўтаб турган чоқда ҳақорат этгансиз. Айбингизга иқрормисиз?
Юзи буришган, башарасини жун босган Пришибеев ғоз туриб, ҳирқироқ ва бўғилган овоз билан, худди команда бераётгандай, ҳар сўзини битта-битта айтиб, жавоб қайтаради:
— Жаноби олийлари, суд ҳазратлари! Демак қонуннинг бутун моддаларига қараганда, ишнинг сабабини ҳар ёқлама текширув лозим эди. Айб менда эмас, бошқаларда. Бу иш ҳаммаси худо раҳмат қилгур бир мурда устида келиб чиқди. Шу ойнинг учинчи куни хотиним Анфиса билан секин, олижаноблик билан кетаётган эдим, қарасам — сув бўйида бир тўда ҳар хил одам турипти. Халқнинг тўплангани қандай ҳақи бор? дедим. Нечун? Қонунда халқ пода сингари тўпланиб юрсин деб айтилганми? «Тарқалингиз!» деб қичқирдим. Уйларига тарқалсин деб одамларни нари-бери итара бошладим, юзбошига, бўйнига уриб ҳайдашни буюрдим…
— Шошманг, сиз ахир урядник ҳам, оқсоқол ҳам эмассиз-а, халқни ҳайдаш сизнинг ишингиз эмас-ку?
Ҳар бурчакдан:
— Унинг иши эмас! Унинг иши эмас! — деган овозлар эшитилди — Тақсир, у бизга кун бермай қўйди! Ўн беш йилдан бери ундан кўрмаган кўргилигимиз қолмади, у хизматдан қайтгандан буён қишлоқни ташлаб кетгудай ҳолдамиз. Ҳаммани жонидан бездирди.
— Худди шундай тақсир! — деди гувоҳлик берувчи оқсоқол, — Бутун юрт бир бўлиб, шикоят қиламиз. У билан муроса қилиш қийин бўлиб қолди… Маъракаларда ҳам, тўй-томошаларда ҳам ёки бошқа бир маросимда бўлса ҳам, хуллас ҳар қачон қичқиради, шовқин солади, ўзича тартиб ўрнатган бўлади. Болаларнинг қулоғидан чўзади, бир гап чиқиб қолмасмикин, деб хотинларга секин назар солиб юради, гўё қайнатага ўхшайди. Бир куни, ашула айтмангиз, чироқ ёқмангиз, деб уйма-уй буйруқ қилиб юрди. Қонунда ашула айтсин демаган, деб қичқирди.
— Шошманглар, ҳали гувоҳлик беришга улгурасиз, — деди судья, — Пришибеевнинг ўзи гапирсин-чи. Қани, Пришибеев, гапингизни давом этдиринг.
— Хўп, тақсир! — деб хириллади унтер, — Сиз жаноб олий, халқни тарқатиш менинг ишим эмаслигини гапирдингиз… Яхши… Хўш, агар, тартибсизлик қилувига йўл қўйиб бериш керакми? Қайси қонунда халқни ўз эркига қўйиб берилсин дейилган? Мен бунга йўл қўя олмайман: Мен уларни ҳайдамасам, жазо бермасам, буни ким қилади? Чинакам тартибни ҳеч ким билмайди. Айтиш мумкин, тақсир, оддий фуқаро билан қандай муомала қилишни, бутун қишлоқда фақат мен ўзим биламан, ўзим, тақсир. Ҳамма нарсани тушуна оламан. Мен мужик эмас, мен унтер-офицерман, хизматдан бўшаб келган каптенармусман. Мен Варшавада, штабда ишлаганман… Агар билишни истасангиз, ундан сўнг ўт ўчирувчилик хизматига кирдим. Шундан кейин нотоблигим, заифлигим сабабли ўт ўчирувчиликдан бўшаб кетиб, икки йилгача эрлар классик прогимназиясида швейцарь бўлиб хизмат қилдим… Мен бутун тартибни биламан. Мужик эса содда одам, у ҳеч нарсани тушунмайди, менинг айтганларимга қулоқ солиши лозим, чунки ўзига фойда бўлади. Мисол учун шу ишни олайлик… Мен одамларни ҳайдай бошладим. Сув бўйидаги қум устида бўлса ўлган кишининг гавдаси ётипти. Хўш, қайси асосга биноан у киши у ерда ўлиб ётади, дедим. Шу ҳам тартиб бўлдими? Нимага урядник индамай қараб туради. Сен, урядник, нимага бу тўғрида катталарга хабар қилмадинг, дедим. Балки бу одам ўзи сувга чўкиб ўлгандир. Балки, биров қилган жиноят бўлиб, жиноятчини Сибирь кутаётгандир. Жинояткор қотил бўлса ҳам ажаб эмасдир… Урядник Жигин бўлса парво қилмай папирос чекиб ўтирибди. «Бу қанақа буйруқчи ўзи? Унинг ўзи қаердан пайдо бўлиб қолди? — дейди. — Усиз биз қиладиган ишимизни билмаймизми?» дейди. Демак дедим мен, сен аҳмоқ, бу ерда ҳеч нарсага эътибор бермасдан ғўдайиб турибсан, ҳеч нарсани билмайсан. «Мен, — деди у, — кеча кечқуруноқ становой приставга хабар қилганман». Становой приставга нима учун хабар қиласан, деб сўрадим. Қонунлар мажмуасинииг қайси моддасига асосан? Ахир, чунончи, биров сувга ботганда, ёки ўзини бўғиб ўлдирганда ва шунинг сингари ҳодисаларда, хуллас бундай ишларда становой қўлидан бир нарса келадими? Бу жиноий иш, граждан иши… Тезлик билан терговчи ва судья жанобларига чопар юбормоқ керак. Ҳаммадан аввал сен акт тузиб мировой судья жанобларига юборишинг лозим дедим. Урядник бўлса менинг гапимни эшитиб кула берди, мужиклар ҳам кулдилар. Ҳамма кулди, тақсир. Қасамёд қилиб буларни кўрсата оламан. Мана бу ҳам кулди, анави ҳам кулди. Жигин ҳам кулди. Нега илжаясиз. Урядник: «Мировой судья, бундай ишларни қаролмайди» дейди. Бундай сўзларни эшитиб, жуда қизишиб кетдим: Урядник, сен шундай деб айтмадингми? — деди унтер, урядник Жигинга қараб.
— Ҳа, айтдим.
— Оддий халқ олдида: «Бундай ишларни мировой судья қаролмайди» деб айтганингни ҳамма эшитди. Бу гапни ҳамма эшитгандан сўнг, десангиз, тақсир, мен қизишиб кетдим. Жон-поним чиқиб кетди. «Нима дединг, қани қайтариб айт!» дедим. У менга тағин ўша сўзларни такрорлади. Мен унга ўшқирдим. Қандай қилиб, дедим сен мировой судья жаноблари тўғрисида шундай сўзларни айта оласан… Сен полиция урядниги бўла туриб, ҳукуматга қаршимисан, а? Биласанми, дедим, агар мировой судья жаноблари истасалар, бундай сўзларинг учун сени ишончсиз деб айблаб, губерна жандарми идорасига юборишлари мумкин? Ахир бундай сиёсий сўзлар учун мировой судья жаноблари сени қаерларга ҳайдаб юборишини биласанми? дедим… Оқсоқол бўлса «Судья ўз ҳаддидан ташқари ҳеч нарсага қўл ура олмайди. У фақат майда ишларнигина қарайди» деди. Худди шундай деб айтди, ҳамма эшитди… Ахир қандай қилиб сен маъмуриятнинг обрўйини туширасан, дедим. Ҳазилингни бир чеккага йиғиштириб қўй, дедим, бўлмаса ишинг ёмон бўлади, биродар. Варшавада ёки эрлар прогимназиясида хизмат қилганимда бирорта ноқулай сўзни эшитсам, жандарм кўринмасмикин деб, дарров кўчага қарар эдим, кўриниб қолса: «Бу ёққа кел, йигит» дер эдим-да, эшитган ҳамма гапимни айтардим. Бу ерда бўлса, қишлоқда бундай гапларни кимга айтасан?.. Жоним чиқиб, юрагим тарс ёрилиб кетди. Ҳозирги халқ ўзбошимча ва итоатсиз бўлиб, ўзини унутиб қўйганидан жуда койиндим, айлантириб бир солдим… Албатта, унча қаттиқ урганим йўқ, сиз жаноб олийнинг шаъниларига иккинчи бундай қаттиқ сўз айтмаслиги учун урдим. Урядник бўлса оқсоқолнинг тарафини олиб қолди. Шундан сўнг, албатта, мен урядникка ҳам тарсаки тортиб юбордим. Шу билан бошланиб кетди… Қизишиб кетгандан кейин, тақсир, ахир урмасдан бўлмайди-да. Агар аҳмоқ кишини урмасанг, ўзинг гуноҳига қоласан. Айниқса иш устида, тартибсизлик устида.
— Тўхтангчи! Тартибсизликни текширадиган киши бор, бунинг учун урядник, оқсоқол, юзбоши бор.. .
— Урядник ҳамма нарсага қараб улгура олмайди, ахир урядник мен тушунган нарсани тушунмайди…
— Ахир бу сизнинг ишингиз эмаслигини тушунсангизчи!
— Нега энди? Қандай қилиб бу менинг ишим бўлмасин! Ажаб… Одамлар тартибсизлик қилсин-у, менинг ишим бўлмасин! Нима қилай, уларни шу қилиғи учун мақтайми? Анавилар бўлса, мени ашула айтгирмайди, деб сизга чақади… Хўш, ашуланинг нима яхши жойи бор? Иш ўрнига улар ашула айтадилар… Бу ҳам етмагандай, кечаси чироқ ёқиб ўтириш одат бўлиб қолипти; ётиб ухлаш пайти келган, улар бўлса гап сотишиб, ҳиринг-ҳиринг куладилар. Бу нарсаларнинг ҳаммасини ёзиб қўйганман.
— Нимани ёзиб қўйгансан?
— Чироқ ёқиб ўтирган кишиларни ёзиб қўйганман. — Пришибеев чўнтагидан ёғ босган қоғоз чиқариб, кўз ойнагини тақиб ўқиди.
— Чироқ ёқиб ўтирадиган деҳқонлар Иван Прохоров, Савва Микифоров, Пётр Петров, солдат хотини Шустро ва ўзи тул, Семён Кисловни ўйнаш тутган. Игнат Сверчок жодугарлик қилади, унинг хотини Мавра бўлса, кечалари бировларнинг сигирларини соғиб олади.
— Бас! — деди судья ва гувоҳлардан сўрай бошлади. Унтер Пришибеев кўз ойнагини пешонасига кўтариб ажабланган ҳолда, судьяга қарайди. Судья унинг тарафини олмайдиганга ўхшайди. Унинг шохсоққадай иргиб чиққан кўзлари ялтирайди, бурни қип-қизариб кетади. У дам судьяга, дам гувоҳларга қарайди. Судья нега мунчалик ҳаяжонланганини, нима учун бурчаклардан, гоҳо норозилик баён қилган, гоҳо секингина кулган овозлар эшитилганини англолмайди. Бир ой қамалсин, деб чиқарилган ҳукмни ҳам у англолмади…
— Нима учун? — деди унтер, ҳайрон бўлиб. — Қайси қонунга асосан?
Ва шу онда унга маълум бўлдики, дунё ўзгарган, энди ёруғ жаҳонда яшаш ҳеч ҳам мумкин эмас. У, кўнгилсиз ва ғуссали фикрлар ичида қолди. Бироқ, судья олдидан чиқиб мужикларнинг тўпланиб алланималар гапириб турганини кўргач, тарк этолмайдиган одати бўйича, Пришибеев яна ғоз туриб, ҳирқироқ ва ғазабли товуш билан қичқирди:
— Халойиқ, тарқал! Тўпланма! Уй-уйингга жўна!

Абдулла Қаҳҳор таржимаси