Тегирмончи Алексей Бирюков, ўрта ёшлардаги норғил бир одам, кулбасининг остонасида ўчиб қолган трубкасини эринчоғлик билан сўриб ўтирарди. Унинг афти уйқудан олдин Жюль Верн китобини ўқиган ёш болаларнинг тушига кириб чиқадиган, худди болта билан йўнилгандек қўпол, териси қалин, залвори билан юрувчи матросларга ўхшарди. Бу сафар унинг эгнида солдатлар киядиган кулранг дағал мовут шим, оёғида катта ва оғир этик бўлиб, кўча нам ва изғирин куз бўлса ҳам, бошяланг ва сюртюксиз эди. Нам туман тугмалари ечилган жилеткасидан кириб, баданида бемалол кезиб юрар, аммо тегирмончининг қадоқ бўлиб кетган ғадир-будир бадани совуқни сезмагандек эди. Унинг қип-қизил гўштдор юзи энди ухлаб тургандай ланж, шишиб кетган қовоқлари остидаги кичик кўзлари атрофга — гоҳ тўғонга, гоҳ бостирмали эски саройга, гоҳ қари ва бесўнақай толларга хўмрайиб қарарди.
Сарой олдида эндигина монастирдан келиб турган икки монах ивирсиб юрарди. Уларнинг бири оппоқ соқолли новча Клиопа бўлиб, лой сачраган камзил билан ямоқ солинган пимча кийган, иккинчиси — қорадан келган, қора соқол-мўйловли, эгнига оддий деҳқонлар камзили кийган Диодар эди, афтидан, грузин бўлса керак. Улар тегирмонга келтирган жовдарни аравадан туширмоқдалар. Улардан сал нарида эзилган ва ифлос ажриқда Евсей деган қарол ғирт маст ўтирарди. Евсей ҳали мўйлови чиқмаган ёш ўсмир, эгнида йиртилиб кетган калта чопон. У қўлидаги балиқ тўрини зўр бериб ғижимлар ва ўзини тўрни ямаш билан машғул одамдай кўрсатишга тиришарди.
Тегирмончи узоқ вақт атрофга қараб ўтирди, кейин кўзларини қоп ташиб турган монахларга тикди-да; йўғон овоз билан:
— Ҳой, монахлар, нега дарёдан балиқ тутасизлар? Ким рухсат берди сизларга? — деди.
Монахлар индашмади, ҳатто тегирмончига қайрилиб ҳам қарашмади.
Тегирмончи индамай трубкасини чекди ва сўзида давом этди:
— Ўзингиз тутганингиз тутган, яна шаҳарлиларга ҳам нега туттирасизлар. Мен бу дарёни шаҳардан ва сизлардан ижарага олганман, ўз вақтида ижарасини тўлаб тураман, демак балиқ меники, уни овлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Худога сиғинасизлар-у ўғрилик қилишдан қўрқмайсизлар.
Тегирмончи хомиза тортди, бирпас жим ўтириб, яна вайсашга киришди:
— Топган қилиқларини қара-я! Монах бўлдим, авлиё бўлдим, ҳеч ким тегмайди деб ўйларсизлар. Судга ариза берсам нима қиларкинсизлар? Суд монахлигингга ҳам қараб ўтирмайди, қамаб қўяди. Судсиз ўзим ҳам бирёқли қилишга кучим етади. Дарёда ушлаб олиб бир дўппослайки, қиёматгача ҳам балиқ егинг келмасин!
— Бекор шунақа гапларни гапирасиз-да, Алексей Дорофеич, — деди Клиопа, ингичка овози билан. — Худодан қўрққан яхши одамлар бундай гапларни, биз-ку монахларга, итга ҳам айтмайди!
— Монах эмиш, — деди тегирмончи, масхара қилиб! — Сенга балиқ керакми? Керак бўлса мендан сотиб ол, ўғирлама!
— Вой, товба-ей! Қани ўғирлаганимиз? — деди Клиопа, хуноб бўлиб. — Нега бундай дейсиз, ахир? Монахларнинг балиқ тутгани рост, ахир бунга архимандрит ҳазратлари рухсат берганлар-да! Архимандрит сизни бутун дарё учун эмас, фақат бизнинг қирғоққа тўр солиш учун пўл тўлаган деб айтадилар. Дарёнинг ҳаммаси сизга берилган эмас… У сизники ҳам эмас, бизники ҳам, худоники…
— Архимандрит ҳам сенга ўхшаган одам, — деди тегирмончи, трубкасини этигининг пошнасига уриб, — у ҳам муттаҳам одам! Мен унинг кимлигини суриштириб ўтирмайман. Менга сен ҳам, архимандритинг ҳам, анови Евсей ҳам бир. Агар дарёда ушлаб олсам, уни ҳам дўппослайман…
— Монахларни тутиб олиб урмоқчи бўлсангиз, ихтиёр ўзингизда. У дунёда азобини ўзингиз тортасиз. Виссарион билан Антипийни урдингиз, бошқаларни ҳам ураберинг.
Диодор Клиопанинг енгидан тортиб:
— Қўй, тегма унга, — деди.
Клиопа бирдан ўзига келиб, жим бўлди-да, яна қопини ташишга киришди. Тегирмончи ҳамон вайсар эди. У ҳар калима сўздан кейин трубкани сўриб, ерга туфуриб, истар-истамас вайсарди. Балиқ устидаги гап тамом бўлгач, бир вақтлар монахлар муттаҳамлик қилиб олиб кетган иккита қоп эсига тушди-да, яна вайсай кетди; кейин Евсейнинг маст ва бекор ўтирганини кўриб, монахлар бирёқда қолиб кетди-да, хизматкорига ёпишди. У ҳеч оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилар эди.
Монахлар олдинига анча чидаб туриб, фақат уҳ тортибгина қўярдилар, бироқ охирида Клиопанинг тоқати тоқ бўлди… Қўлини қўлига уриб, жиғибийрони чиқиб, деди:
— Э парвардигор, тегирмонга келишдан бошқа жазойинг йўқмиди! Бу ердан дўзах яхшироқ.
— Келма, нега келасан, — деб пўнғирлади тегирмончи.
— Жон деб келмас эдига, аммо бошқа тегирмонни қаердан олади! Ўзинг биласан-ку, бу атрофда сеникидан бошқа биронта тегирмон йўқ! Ё доннинг ўзини ейиш, ё очдан ўлиш қолди, бошқа илож йўқ.
Тегирмончи гапдан қолмас, ҳамон сўкинарди. Трубка сўриш унга қанчалик одат бўлиб қолган бўлса, вайсаш ва сўкиниш ҳам шунча одат бўлиб қолганлиги равшан эди.
Клиопа шошиб қолганидан киприкларини пирпиратиб:
— Жуда бўлмаса шайтонни тилингга олма! Бирпас жим ўтир, раҳминг келсин, ахир! — деб ўтинарди.
Тегирмончи жим бўлди, аммо Клиопанинг ёлворишидан эмас. Тўғон бошида кичкина, думалоққина, очиқ юзли, худди қўнғизнинг орқасига ўхшаган йўл-йўл кўйлак кийган бир кампир кўринди. Кампир бир қўлида тугунча кўтариб, бир қўли билан ҳасса таяниб келар эди… Тегирмонга яқинлашиб келиб:
— Ассалому алаикум, тақсирлар! — деди, монахларга таъзим қилиб. — Худо мадад берсин! Салом, Алёшенька! Салом, Евсеюшка!..
Тегирмончи кампирга бошини кўтариб қарамади, қовоғини солиб:
— Келинг, она, —деб пўнғирлади қўйди.
Кампир, тегирмончининг юзига жилмайиб ва ёқимтойгина қараб.
— Сенга меҳмон бўлиб келдим, ўғлим! Кўпдан бери кўрмаганим учун соғиндим. Кўришганимизга хийла бўлди ўзиям… Сенга ёқсаям келдим, ёқмасаям! Сен ҳам ўзингни анча олдириб қўйибсанми, назаримда… — деди.
Кампир, тегирмончининг ёнига келиб ўтирди, тегирмончининг баҳайбат гавдаси ёнида унинг эгнидаги мурсаги яна ҳам қўнғизникига ўхшаб кетди.
— Хийла бўлди кўришмаганимизга! — давом этди кампир. — Соғиндим, болам, юракларим эзилиб кетди, сени кўраман деб. Энди буёққа отланай десам ё ёмғир ёғади ё тобим қочиб қолади…
— Тўғри шаҳардан келишингизми? — деб сўради тегирмончи, хўмрайиб.
— Шаҳардан келишим, болам, шаҳардан… тўғри уйдан чиқиб келишим…
— Бемор одамсиз, қариб қолгансиз, меҳмондорчиликка юргандан кўра уйда ўтиринг. Хўш, нимага келдингиз? Калишингизни аямайсиз!..
— Сени бир кўрай деб келдим-да, болам… — деди кампир. Кейин монахларга қаради. — Икки ўғлим бор, биттаси бу, яна бири — Василий. Униси шаҳарда туради. Ниҳояти иккитагина. Тирикманми, ўлиб кетдимми, уларнинг парвойига келмайди, мен бечора бўлсам болаларим, овинчоғим деб ўламан… Менсиз буларнинг куни ўтаверади, мен уларсиз бир кун ҳам туролмайман… Қариб қолганман, шаҳардан юриб келиш менга оғирлик қилади.
Орага жимлик чўкди. Монахлар жавдари солинган қопларни саройга ташиб бўлиб, дам олгани аравага чиқиб ўтиришди… Кайфи тароқ Евсей ҳамон тўрини ғижимлар ва мудрар эди.
— Бевақт кебсиз, она, — деди тегирмончи. — Шу топда Каряжинога жўнамоқчи бўлиб турувдим.
— Кетавер! Йўлдан қолма! — деди кампир, хўрсиниб. — Мени деб ишингдан қоласанми… Бирпас дамимни олиб, қайтиб кетаман… Сенга, Алёшенька, Вася бола-чақаси билан салом деб юборди…
— Ҳали ҳам арақ ичгани ичганми?
— Кўп ичмайди, ҳар замонда… Ичганни ичмаган дейдими, ичади… Кўп ичай деса ўзинг биласан пули йўқ, сахий одамлар ичирса… Унинг турмуши ночор, Алёшенька, унинг ҳоли-аҳволини кўриб жуда қийналиб кетдим… ей деса овқати йўқ, болалари яланғоч, ўзи кўчага чиқай деса уялади, оёғида этиги йўқ, иштонлари йиртиқ… Олтовимиз бир уйга тиқилганмиз. Қашшоқлик ҳам шунчалик бўлар, бундан ортиқ бўлмас… Мен ҳам ёрдам берармикинсан деб келдим. Онангни ҳурмат қил, ўғлим, Василийга қараш… Уканг-ку ахир!
Тегирмончи тескари қараб, индамай ўтирарди.
— У қашшоқ, сен бўлсанг, худога шукур, ўзингга тузуксан! Тегирмонинг юриб турипти, экин эккансан, балиқ тутиб сотасан… Худо сени ақлли-ҳушли қилиб яратипти… бошқалардан баланд кўтариб, давлатли қилипти… Ўзинг ҳам ёлғизсан… Васянинг тўртта боласи бўлса, унинг устига мен ўлгур ҳам унинг қўлидаман, оладиган ойлиги ниҳояти етти сўм. Нимасига етқизсин? Ёрдам қил…
Тегирмончи трубкасига тамаки тиқиб ҳамон жим ўтирарди.
— Берасанми? — деб сўради кампир.
Тегирмончи оғзига талқон солгандай жим ўтираверди. Ўғлидан жавоб олмагач, кампир монахларга, Евсейга бир-бир қараб чиқди-да, ўрнидан турди.
— Хўб, майли, бермасанг берма, — деди. — Бермаслигингни ўзим ҳам билардим. Назар Андреич деб келган эдим олдингга… йиғлайвериб қўймади мени, Алёшенька! Қўлларимни ўпиб, сенинг олдингга юборди…
— Нима керак экан унга?
— Қарзини узсин дейди. Тортиб берсин деб жавдари элтган эдим, қайтариб боргани йўқ дейди.
— Бировнинг ишига аралашманг, она, сизнинг ишингиз эмас бу, — деб пўпғирлади тегирмончи. — Ибодатингиздан қолманг.
— Ибодатни ҳам қилиб тураман-у, билмадим, худо даргоҳига қабул қилмаяпти. Василий қашшоқ, ўзим ҳам гадойчилик қиламан, устимдаги мурсак ҳам бировники, сен бўлсанг бадавлатсан, билмадим, юрагинг қанақа экан! Қизғончиқлик сени одамгарчиликдан чиқарди, болам! Ўзинг туппа-тузук одамсан: ақли-ҳушинг жойида, чиройликкина йигитсан, кўпасларнинг кўпасисан, аммо ҳақиқий одамга ўхшамайсан! Келинг ойи демайсан, чиройингни очиб гапирмайсан, худди ёввойидай, бахил, бераҳмсан… Афтингга қараган киши қўрқади… Одамлар орасида дув-дув гап… Ана, монахлардан ҳам сўраб кўр! Одамларнинг қонини сўрармишсан, жабр қилармишсан, қароқчи-хизматкоринг билан бирга кечалари йўловчиларни талармишсан, от ўғирлармишсан… Тегирмонинг худди бало-қазонинг макони… Қизлар билан йигитлар қўрқиб, яқин йўлашмайди, сендан ҳамма ўзини четга тортиб юради. Каин билан Ироддан фарқинг қолмапти…
— Нодонсиз она!
— Сен қадам босган ерда ўт кўкармас, нафас олган жойингдан пашша учмас одамсан. “Қани энди, тезроқ уни биров бўғиб ўлдирса, ёки суд қилиб кесдириб юборса!” деб ҳамма орзу қилади. Она бўлиб шундай гапларга мен қандай чидай? Сен менинг ўз ўғлимсан, менинг қонимсан…
— Мен кетай энди, — деди тегирмончи, ўрнидан туриб. — Хайр, она, яхши боринг!
Тегирмончи бостирмадан арава ғилдиратиб чиқди, кейин от етаклаб чиқди-да, худди итни қўшгандай аравага қўшди. Кампир унинг атрофида юриб, намли кўзлари билан ўғлининг юзига термилиб қарар эди.
Ўғли, устига кафтанини жадал кияётганда:
— Хайр, болам! Яхши қол, бизларни йўқлаб тур, — деди кампир, овозини пастлатиб. — Шошма, сенга атаб совға олиб келувдим. — Кампир тугунчани ечди.
— Кеча дьякникига бориб эдим, — дастурхонга қўйишган экан… Биттасини сенга деб беркитиб қўйган эдим…
Қампир ўғлига узатган нарса битта кичкина ширин кулча эди…
— Нари турсангизчи! — деб ўшқирди тегирмончи, кампирнинг қўлини силтаб ташлаб.
Кампир хижолат бўлиб, қўлидаги кулчасини ерга тушириб юборди ва секин-секин юриб тўғон томонга кетди…
Бу воқеа ҳаммага қаттиқ таъсир қилди. Ниҳоятда ҳайратда қолиб, ғазабланган монахлар уёқда турсин, ҳатто ғирт маст Евсей ҳам бу воқиани кўриб, тошдай қотиб қолган ва хўжайинидан кўзини узмай ўтирарди. Монахларнинг ва ўз хизматкорининг важоҳатларини пайқадими, ё кўкрагида аллақачонлар сўнган ўғиллик ҳисси уйғондими, ҳар ҳолда тегирмончининг юзида ҳам қўрқувга ўхшаш бир нарса акс этди…
— Она! — деб чақирди у.
Кампир бир сесканиб, қайрилиб қаради. Тегирмончи шошиб-пишиб чўнтагидан катак чарм ҳамёнини чиқарди… Ҳамёнидан бир сиқим қоғоз ва танга пул олиб, кампирга узатди ва:
— Мана, бу сизга, олинг, — деди.
У қўлидаги пулларни гижимлаб кўрди, нима учундир монахларга бир қараб қўйди, кейин яна ғижимлади. Қоғоз пуллар ва кумуш тангалар бармоқ ораларидан бирин-кетин яна ҳамёнга тушиб кетди, қўлида фақат бир танга қолди… Тегирмончи чақага бир қаради, бармоқлари билан артди-да, юзи қип-қизаргани ҳолда, онасига узатди.
О.Раҳимий таржимаси