Жовли Хушбоқ. Чинакам асарнинг сири

Ўқувчи китоб мутолаасига чоғланар экан, аввало, асар жанрига, унинг мазмуни ўз савияси, диди, қизиқишига қанчалик мослигига эътибор қаратади. Кейинги йилларда яратилган қиссаларни танлаб ўқишга кўпроқ шу нуқтаи-назардан ёндашилади. Таниқли адиб

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг саккизта қиссаси жамланган тўпламининг илк саҳифасида муаллифнинг шундай сўзларига кўзимиз тушди: “Бадиий адабиётда жанрнинг яхши-ёмони йўқ. Роман салмоқдорлиги билан, ҳикоя ихчамлиги билан ўзига хос. Қисса эса романга, ҳикояга нисбатан эркинроқ, эркароқлиги билан жозибали, кўнгилга яқин. Бир тақдир, бирор воқеа-ҳодиса, бирорта ғоя ёки фараз ҳақида сўзлашга киришдингизми, қисса яратиляпти, деяверинг!..”.

Тўпламдаги “Куза…” номли қиссада муаллиф қаҳрамон характерини ичдан ёритишга интилган. Асар шакли одатдаги қиссалардан ўзгачароқ. Ўқувчи диққати гоҳ Устозга, гоҳида Умиднинг савдойи опасига, баъзан Фарҳод билан Азизнинг гурунгларига қаратилади. Ўқувчи беихтиёр бадиий филм томоша қилаётгандек ҳолатга тушади.

Муаллиф асар қаҳрамонларининг мушоҳадалари, ўйлари орқали китобхонни фикрлашга мажбур этади. Шу баҳона кўнглидаги одам ва олам ҳақидаги фикр-мушоҳадаларини тўкиб-солади. Одамлар нималар билан банд? Уларнинг ўй-хаёлларида нималар кечаётир? Тирикчилик ташвишлари билан бўлиб, инсон учун сув билан ҳаводек зарур туйғулар — севиш, севилиш, энг яқин кишиларга меҳр-оқибат кўрсатишдек одамийлик фазилатларидан йироқлашиб кетмаяпмизми?..

Қисса қаҳрамонлари Азиз, Умид ва Фарҳоднинг хатти-ҳаракатидан англашиладики, тезкор ­бугунги давр одамзот олдига талай муаммоларни қўйди. Аввало, инсон умрининг ҳар бир дақиқаси ­қадрли бўлиб қолди. Аммо азиз умрни гоҳида керак-нокерак юмушларга, ортиқча дабдабаларга қурбон қилиб юбормаяпмизми?

“Куза…” қаҳрамонлари бугунги куннинг одамлари. Улар фаол, тинимсиз ўйлайдилар, фикрлайдилар, баҳслашадилар. Аммо муаллиф уларнинг ҳеч бирига ён босмайди, бирортасининг фикрини маъқулламайди ҳам, инкор ҳам этмайди. ­Хулоса, сабоқ чиқаришни китобхоннинг ихтиёрига қолдиради. Ёзувчининг бу тарзда “сукут сақлаши” ўқувчини фикрлашга, ҳаёт, муаммолар ҳақида бош қотиришга ундайди.

Собир Ўнарнинг “Бибисора” қиссаси мутолаасида қишлоқнинг содда, тоза қалбли боласининг гурунги мени мафтун этди. Чунки унинг гаплари ҳечам малол келмайди, зериктирмайди. Қиссани ўқий бошлагач қўлдан қўйгингиз келмайди. Хўш, муаллиф қандай қилиб ўқувчининг диққатини бўйсундира олган? Ахир, суҳбатдошингизни гўё сеҳрлагандай қаршингизга “михлаб” қўйиш, кўнгил дафтарингизни варақлашга мажбур этиш осонми?

Асар воқеалари тўққиз ёшли Жаҳонгир тилидан ҳикоя қилинади. Эпизодик персонажлар, хусусан, қиссанинг асосий персонажлари характери ҳам турли усулларда, бадиий воситалар орқали очиб берилади. Мисол учун, қишлоққа қаёқдандир келиб қолган бобонинг қиёфаси шундоққина кўз ўнгингизда яққол гавдаланади. Бунга ёзувчи унинг портретини чизиш, қиёфасидаги ўзига хос жиҳатларини кўрсата олиш туфайли эришган: “Елкасига хуржун ташлаб олади. Телпакли узун қора плашини ҳечам ечмайди. Қишнинг изғиринли кунларида мотоциклчиларникига ўхшаш катта кўзойнак тақиб олади. Қош-кўзини совуқдан сақласа керак-да. Чолни бир ёқдан келган дейишади. Шунинг учун чет эллик, деб ўйлаймиз”. Ҳатто қиссада бир кўриниш берадиган эпизодик персонажлар қиёфаси ҳам хотирангизда муҳрланади. Бунга Султон амаки иштирокидаги диалогни далил сифатида келтириш мумкин. Бир чимдим юмор, озгина самимият дилингизни равшан торттиради. Қисса сюжетига сингдириб юборилган деталлар, эпизодлардаги сирлилик туфайли, масалан, “кўриниши алламбало” чол қаердан пайдо бўлгани-ю, кимлигини аниқ билмасак-да, таажжубланмаймиз. Чолнинг юриш-туриши сирлилигича қолаверади, сизни ўйга толдиради, тавба, бу воқеа қандай якун топар экан, дея қизиқасиз. Унинг ҳаракатлари сираям эриш туюлмайди. Чунки воқеалар тасвирида сунъийлик, зўрма-зўракилик йўқ. Ҳатто сюжет ривожида ҳам.

Кейинги пайтда полвонлар мавзуи қаламга олинган қиссалар кўпайди. Тоғай Мурод “Юлдузлар мангу ёнади” асарида бир қатор жонли образлар яратган эди. Демак, азалий мавзунинг янги қиррасини очиш, ўзига хос, ҳеч кимникига ўхшамайдиган қаҳрамонларни “дунёга келтириш” алоҳида маҳорат талаб этаркан.

Шундай умид билан ёзувчи Абдулла Айизовнинг “Полвон йиғлаган тун” қиссаси мутолаасига киришдим: “Бугун челаклик Қодирбек мерган тўй бошлаб юборди. Қиру адирлардан ошиб узоқ-узоқларга таралган карнай-сурнай садолари одамларнинг хуш-хандон қий-чувига уланиб кетди. Бу ёғи тоғли қишлоқлардан, у ёғи чўл тараф овуллардан гуррос-гуррос меҳмонлар, полвонлар кела бошладилар.

Тўйхона биқинидаги бедапоядан тортиб, ўйдим-чуқур йўл четларигача машиналар тизим-тизим: мезбонлар томонидан тайинланган кузатувчилар уларни зийрак қўриқлашади. Ахир бир кунлик тўй ўтади-кетади, аммо кейин ғийбат кўпайиши мумкин. “Фалон қишлоқдаги фалончининг тўйига борган эдик. Томоша айни қизиган пайт, уловимизнинг зарур нарсасини шилиб кетибди! Дабдабага берилгунча меҳмонларнинг иззатини қил, кўликларига кўз-қулоқ бўл…” – қабилидаги гап сўзлардан эҳтиёт бўлган маъқул”.

Бундай баёндан бирор-бир таассурот қолиши даргумон. Шунчаки ахборотдангина иборат сўзлар баёни ўйга толдирмайди. Мабодо асардан бундай гаплар олиб ташланса ҳам қисса зарар кўрмайди, аксинча ўқувчи ортиқча, кераксиз тафсилотларни ўқиб зерикишдан халос бўлади. Қиссанинг кейинги саҳифасидаги атиги ярим бетлик — ўнта гапдан иборат диалогда кетма-кет “меҳмонлар” деган сўзнинг қалашиб келгани, ҳарқалай, ўқувчининг ғашига тегса керак, деб ўйлайман. Наҳотки бу сўзнинг синоними йўқ? Навбатдаги саҳифада эса “полвон”, “давра” ўзакли сўзларга олтмиш беш марта дуч келасиз. Тил қашшоқлиги, стилистик хатолар ва бир хил мазмундаги ибора, сўзларнинг ҳадеб такрорланавериши муаллифнинг асар тили устида жиддий ишлаши зарурлигини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг мулоҳазалари қизиқарли: “Чинакам шоир ёки ёзувчи агар ўқувчига айтадиган катта “гапи” бўлмаса, қўлига қалам олмайди… Аммо ҳар қандай катта “гап” ҳам ҳали бадиий асар эмас. Ҳар бир қаламкаш учун ойдек равшан бўлган оддий ҳақиқат бор. Шеъриятми, насрми, драматургиями, бадиий асар борки, ёзишдан илгари қаламкашнинг қалбида (калласида эмас, қалбида) ажиб бир музика туғилади. Ёзувчи ўша куй оҳангидан вужуди жунбушга келиб, асар ёзади. Яъни ҳақиқий асар муаллифнинг “етмиш икки” томиридан “қон бўлиб оқиб” қоғозга тушади. Эҳтимол, чинакам асарнинг “сири” ҳам шунда бўлса керак. Шу куйга “маст” бўлган қаламкаш инсоннинг мураккаб оламини кашф этади”.

Шу нуқтаи назардан қараганда бугунги қиссалар ўқувчини қай даражада қаноатлантиради? Бу жанрда ҳар йили ёзилаётган ўнлаб асарлар китобхон қалбига таъсир этяптими, унинг туйғуларини жунбушга келтиряптими? Наби Жалолиддиннинг “Мажнун” қиссаси мутолаасидан сўнг бундай саволларга ижобий жавоб топишга қийналдим.

“Мажнун” қисса деб аталган бўлса-да, унда ҳикоя жанрига хос хусусиятлар устувор. Аввало, асар сюжет кўлами кенг эмас, персонажлар – Қурбон, Бойчечак, Шоди, Сойиб ва Сервисбойнинг онаси феъл-атвори, қиёфасини чизиш, гавдалантириш учун майдон тор. Сервисбой Бойчечакни севади, аммо содда, беғубор муҳаббат қўполликка дуч келади.

Ўқувчи энди Сервисбойга ачина, унга меҳр қўя бошлаганида асар тугаб қолади. Эҳтимол унинг ҳаётидаги тафсилотлар бутун мураккаблиги билан кўз ўнгимизда гавдалантирилганида ўзига хос характери яратилган бўлармиди?

Бошқа айрим асарларда, хусусан, Илҳом ­Зойирнинг “Рақобат” қиссасида баёнчиликка берилиб кетиш ҳолларини кузатамиз: “Мулкчилик шакллари тинимсиз ўзгариб турди. Бозор ислоҳотлари давомида мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида давлат корхоналари хусусий корхоналарга ёки акционерлик жамиятларига айланди. У тери ошлаш заводини таг-туги билан сотиб олади. Жойларда агентлар ёллаб, аҳоли қўлидаги, кушхоналардаги териларни йиғиб, уни қайта ишлади, гоҳ тайёр, гоҳ ярим тайёр маҳсулот сифатида маҳаллий ва чет эл бозорларида сотади. Айниқса, чарм камзуллар урфга киргач, унинг иши юришгандан юришади. Даромадни кўпайтириш мақсадида ҳиссадорлик тамойилига биноан уюшган шерикчилик жамияти бўлмиш “Чармгар” ҳиссадорлик жамиятининг ўн фоизлик акциялар пакетини қўлга киритиб, унинг таъсисчиларидан бирига айланади. У майда пулини йирик, яъни капитал бўла оладиган пулга айлантира бошлади. Аста-секин жамият директорлар кенгаши аъзоси бўлади. Унинг эндиги мақсади акциядорлик жамиятининг йиғилишида ҳал қилувчи овозга эга бўлиш ҳуқуқини берадиган каттароқ акциялар назорат пакетини қўлга киритиш ва жамият хўжайинига айланиш эди”. Табиийки, китобхон оддий публицистик мақолани эмас, қиссани мутолаа қилаётганига ишонмайди. Мазкур қиссада қаҳрамонлар характери, воқеалар тасвири ўрнини қуруқдан-қуруқ баён эгаллагани афсусланарли ҳол.

Бугунги қиссалар мутолааси асносида шунга амин бўлдимки, бу жанрда ёзилаётган асарлар орасида бадиий жиҳатдан ночорлари бисёр. Шу билан бирга ўқувчи ёстиғининг тагида асраб, қўлдан қўймай, берилиб ўқийдиганлари ҳам яратилаётир. ­Бундай қиссаларнинг ютуғини, назаримда, адиб ­юрагидан дард бўлиб қайнаб чиқаётган туйғулар, самимий, табиий, рост сўзлар таъмин этмоқда.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 31-сон