Антон Чехов. Муштипар (ҳикоя)

Кистуновнинг кечаси подаграси қаттиқ тутиб , асаблари қўзғаб, нари бориб, бери келган бўлса ҳам эрталаб ишга борди-да, аризачилар ва банк мижозларини ўз вақтида қабул қила бошлади. У чарчаган ва азоб чеккан кишидай кўринар, худди жон бераётган бемордай, зўрға нафас олиб гапирарди.
— Хўш, хизмат? — деди у, устига даққиёнусдан қолган либос кийган, орқасидан худди гўнг қўнғизга ўхшаган аёлга қараб.
— Менинг арзимга қулоқ солинг, жаноби олийлари, — деб гапини бошлади арз қилиб келган хотин, чакаги чакагига тегмай. — Эрим коллежский асессор Шчукин беш ой бетоб бўлиб ётиб қолди. Мен сизга айтсам, эрим шу беш ой касал бўлиб, шифоланиб ётганида, ҳеч қандай важсиз уни ишдан бекор қилиб қўйишибди. Ойлигини олгани борсам ойлигидан 24 сўму 36 тийинини босиб қолишибди. «Нима важдан энди?» деб сўрасам, «эрингиз ўзаро ёрдам кассасидан қарз олган эди, бошқа амалдорлар унга кафил бўлишган» дейишади. Бу қандоғ бўлди? Мендан берухсат сира пул олмасди. Бундай бўлиши мумкин эмас, жаноби олийлари! Нега бундай қилишади энди? Мен бир бечора аёл бўлсам, фақат ижарачиларимдан тушадиган пул билан кун кўрсам… Ўзим бир муштипар аёлман, йўқлайдиганим йўқ… Ҳамма мени хўрлайди, ҳеч кимдан яхши гап эшитмайман…
Арз қилиб келган хотин киприкларини пир-пир учирди-да, чўнтагидан дастрўмолини олиб, кўзига тутди. Кистунов унинг аризасини олиб, ўқий бошлади.
— Кечирасиз, гапингизга тушунолмай қолдим, — деди Кистунов, кифтини қоқиб. — Сиз бу ерга адашиб келиб қолибсиз, назаримда, хоним. Аризангизнинг бизга сира дахли йўқ. Эрингиз хизмат қилган маҳкамага бориб арз қилишингиз керак…
— Йўғ-ей барака топкур! — деди Шчукина. — Беш жойга бориб арз қилдим, аризамни ҳеч ким қўлига ҳам олиб кўрмади. Куёвим барака топкур Борис Матвеич сизни айтмаса, нима қиларимни ҳам билмай қолгап эдим. «Сиз Кистунов деган жанобга мурожаат қилинг, унинг қўли баланд айтганингизни дарров тўғрилаб беради» деди. Ёрдамингизни аяманг, жаноби олийлари!
— Шчукина хоним, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди… Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, менинг билишимча, эрингиз ҳарбий-медицина маҳкамасида хизмат қилган, бизнинг идорамиз эса мутлақо хусусий идора, тижорат идораси, бу ер банк деб аталади! Шунга ҳам тушунмайсизми?
Кистунов «ҳайронман» дегандай яна елкасини қисди-да, ҳарбийча кийинган ва лунжини бойлаган кишига ўгирилди.
— Жаноби олийлари, — деди яна Шчукина, мунгли бир товуш билан, — эримнинг касал ётганлигига справкам ҳам бор. Мана, ўзингиз бир қаранг.
— Жуда соз, гапингизга ишонаман, — деди Кистунов, ранжиган ҳолда. — Аммо яна такрор айтаманки, бупинг бизга ҳеч дахли йўқ. Ажабо, наҳотки қаерга арз қилишни эрингизнинг ўзи билмаса?
— Эрим ношуд, ҳеч балони билмайди, жаноби олийлари! «Бу сенинг ишинг эмас! Аралашма!»дан бошқа ҳеч нарсани билмайди… Менинг ишим бўлмаса, кимнинг иши бўлади? Ахир, бариси менинг устимга чиқиб олишган! Менинг устимга!
Кистунов яна Шчукинага ўгирилиб, ҳарбий-медицина маҳкамаси билан хусусий банк ўртасидаги тафовутни тушунтиришга киришди. Хотин унинг гапини диққат билан тинглаб, тушундим дегандай бошини эгди-да, кейин:
— Дуруст, дуруст. Тушундим, иним, тушундим, — деди. — Ундоғ бўлса, одамларингизга буюринг, тақсир, жуда бўлмаса 15 сўмини беришсин! Қолганини кейин олсам ҳам майли.
— Уҳҳ, — деди Кистунов, кўзларини шипга тикиб. — Фаросат борми ўзи? Бундай арз билан бизга мурожаат этиш — эрингиздан ажралиш тўғрисида дорихонага ёки шиша заводига арз қилиш билан баравар, тушундингизми энди гапга? Эрингизнинг пулидан босиб қолишган экан, бизга нима?
— Жаноби олийлари, бўйингиздан ўргилай, ўла-ўлгунимча дуонгизни қилиб юрай, — деди Шчукина, кўз ёши қилиб, — мен муштипарга раҳмингиз келсин! Мен бир мушгипар аёлман, ҳимоячим йўқ… Қийналганимдан ўлиб бўлдим… Ижарачилар билан сўзлашсам, эримнинг ташвишини тортсам, уй-рўзғорга қарасам, бунинг устига куёвим ҳам беамал юрипти… Номига ейман, ичаман, аслини суриштирсангиз, зўрға юраман… Туни билан ухламай чиқдим.
Кистуновнинг юраги гупиллаб ура бошлади. Афтини буриштириб, қўлини чап кўкрагига қўйиб, Шчукинага яна гап тушунтира бошлаган эди, бироқ овози бўғилиб қолди…
— Йўқ, кечирасиз, бўлди, сиз билан сўзлашишга тоқатим қолмади, — деди у, қўлини силтаб, — сизга гап тушунтираман деб бошим айланиб кетди. Бизни ҳам ишдан қолдиряпсиз, ўзингиз ҳам бекор вақт сарфлаб ўтирибсиз. Уҳҳ!.. Алексей Николаич, — деди, хизматчилардан бирига, — Шчукина хонимга сиз тушунтиринг!
Кистунов қабулхонада ўтирганларнинг арзларини эшитиб бўлгач, ўзининг кабинетига кириб кетди-да, ўн-ўн бешта қоғозга қўл қўйди, Алексей Николаевич ҳамон Шчукина билан овора эди. Кистунов ўзининг кабинетида ўтириб, Алексей Николаевичнинг ғўдиллаган ва босинқи товушини ва Шчукинанинг йиғи аралаш чийиллаган овозини эшитиб ўтирарди.
— Мен бир ожиз муштипар, касалманд аёлман, — дерди Шчукина. — Афтимдан бақувват кўринсам ҳам, суриштириб қараганда, битта ҳам соғ томирим йўқ… Иштаҳам ҳам қочган, зўрға юраман… Бугун эрталаб кофени зўрға ичдим, мазасини ҳам билмадим.
Алексей Николаевич бўлса ҳамма маҳкамалар ўртасидаги фарқни, қайси аризаларнинг қайси идорага олиб бориш кераклигини ҳамон тушунтириб ётарди. Ахир чарчагандан кейин унинг ўрнини бухгалтер босди.
— Шунақа ҳам бадҳазм хотин бўладими! — дерди Кистунов, жиғи бийрони чиққандан бармоқларини қирсиллатиб ва графиндан дамбадам сув ичарди. — Жуда ҳам аҳмоқ, бефаросат хотин экан-ку. Мени қийнади, энди уларнинг устига чиқиб мияларини қоқиб ейди, бу! Уҳ… юрагим ёрилиб кетай дейди!
Ярим соатдан кейин қўнғироқни босди. Кабинетга Алексей Николаич кирди.
—Хўш, у хотиннинг иши нима бўлди? — деб сўради Кистунов, ҳорғин бир ҳолда.
— Гап тушунтирамиз деб ўлиб бўлдик, Пётр Александрович! Қийналиб кетдик! Биз боғдан келсак, у тоғдан келади…
— Овозини яна бир эшитсам ўламан… Тобим қочди… Жоним бўғзимга келди…
— Швейцарни чақириб, кўчага ҳайдаб чиқартирамиз, қўямиз.
— Йўқ, йўқ, зинҳор!—деди Кистунов, қўрқиб кетиб. — Дод-фарёд кўтариб юборишдан ҳам тоймайдиган-га ўхшайди, бу уйда хонадонлар кўп, тағин устимизда гап-сўз бўлиб юрмасин… ўзингиз яхшилаб тушунтиринг, азизим.
Бироздан кейин яна Алексей Николаичнинг ғўнғирлаган товуши эшитилди. Чорак соатча вақт ўтди, унинг ўрнини бухгалтернинг жаранглаган овози босди.
— Жуда қабиҳ хотин экан! — деди ғазаби қайнаб Кистунов, асабийлашиб кетганидан елкалари дағ-дағ қалтирарди. — Эшакдан ҳам баттар бефаҳм экан… Яна подаграм қўзғади, шекилли… Бошим лўқ-лўқ этади…
Нариги уйда Алексей Николаич ахир тинкаси қуриб, бармоғи билан столни, кейин пешонасини уриб кўрсатди.
— Хуллас, бош деб қовоқни кўтариб юрган экансиз, — деди ахири, тоқати тоқ бўлиб.
— Ҳой, нима деяпсан ўзинг! — деб хафа бўлди кампир. — Бу гапларингни хотинингга бориб айт! Амалдор бўлмай кет! Қўлингга эрк берма!
Алексей Николаич дарғазаб ҳолда уни бўғиб ўлдиргудай бўлиб қаради-да, хириллаган товуш билан секин:
— Йўқол ҳозир бу ердан, — деди.
— Нима деяпсан? — деб бирдан чинқириб юборди Шчукина. — Нима ҳақинг бор? Мен бир муштипар, ожиз аёл бўлсам, мен бунга сира чидаб туролмайман! Эрим коллежский асессор бўлади! Вой, сенинг амалингга! Адвокат Дмитрий Карличнинг олдига бориб бир арз қилсам, ном-нишонинг қолмайди! Учта ижарачини қаматтирдим, бундай бетамиз гапларингга оёғимга йиқилиб узр сўрайсан ҳали. Мен сизларнинг генералингизга бориб устингдан арз қиламан! Жаноби олийлари! Ҳой, жаноби олийлари!
— Йўқол дейман ҳозир бу ердан, аблаҳ! — деб ўшқирди Алексей Николаич.
Кистунов эшикни очиб, идорага қаради.
— Тағин нима гап? — деб сўради у, йиғлагудек бўлиб. Қисқичбақадай қизариб кетган Шчукина уйнинг ўртасида туриб олиб, кўзларини жовдиратар, қўлларини пахса қилар эди. Банк ходимлари ҳам қип-қизариб, унинг атрофида тизилиб туришар ва жуда ҳолдан тойиб, бир-бирларига қарар эдилар.
— Жаноби олийлари! — деб ташланди Шчукина, Кистуновга. — Мана бу… мана бу одам… (хотин Алексей Николаични кўрсатди) бармоғи билаи пешонасини, кейин столни қоқиб кўрсатди. Сиз бунга менинг аризамни тинглашга буюрсангиз, у мени масхара қилди! Мен бир муштипар, ожиз аёлман… эрим коллежский асессор… ўзим майорнинг қизи бўлсам!
— Хўп, хоним, аризангизни ўзим кўриб чиқаман… — деди Кистунов зўрға. — Чорасини кўраман… Энди кетинг!.. Кейин келарсиз!..
— Пулни қачон олишим мумкин, жаноби олийлари? Менга пул бугун жуда зарур эди!
Кистунов дағ-дағ титраган қўли билан пешонасини силади-да, уҳ тортиб, яна тушунтира кетди:
— Хоним, мен сизга ҳамма гапни айтиб тушунтирдим-ку, ахир! Бу ерни банк дейдилар, хусусий тижорат идораси… Яна нима дейсиз энди? Сиз бизни ишдан қолдирдингиз, тушунасизми?
Шчукина гапни тинглаб бўлиб, уҳ тортди.
— Майли, майли… — деди у, — фақат, жаноби олийлари, ўзингиз раҳм қилинг, отам бўлинг. Агар доктор справкаси камлик қилса, участкадан ҳам справка келтириб бераман… Айтинг, пулни беришсин!
Кистуновнинг кўзлари тиниб кетди. У, ўпкасидаги бутун нафасини пуф деб чиқарди-да, ҳолдан тойиб, ўзини стулга ташлади.
— Неча пул дейсиз? — деб сўради, ҳолсиз товуш билан.
— 24 сўму 36 тийин.
Кистунов чўнтагидан ҳамёнини олиб, 25 сўмлик пулни олди-да, Шчукинага берди.
— Мана буни олинг-да, кетинг! ..
Шчукина пулни дастрўмолига тугиб, қўйнига солди-да, юзи ҳатто сатангларнинг юзидай тиржайиб, сўради:
— Жаноби олийлари, эримни яна ишга жойлаштириб қўйиш масаласи қандоғ бўлди?
— Ҳозир кетмасам бўлмайди… Тобим қочди… — деди Кистунов, зўрға. — Ҳозир юрагим қинидан чиқиб кетади…
Кистунов уйига жўнаб кетиши билан Алексей Николаич Никитани дорихонага юборди. Амалдорларнинг ҳаммалари 20 томчидан дори ичиб, ишга киришдилар. Шчукина эса яна икки соатча коридорда швейцар билан сўзлашиб, Кистуновни кутиб ўтирди.
У эртаси куни ҳам келди.

О. Раҳимий таржимаси