Жимжит август кечаси. Даладан аста-секин туман кўтарилади ва кўз илғаган ҳамма нарсани оқимтил парда ичига олади. Бу туман ой нурида гоҳ тинч ётган бепоён денгизга, гоҳ жуда катта оқ деворга ўхшаб кўринади. Ҳаво совуқ, ҳамма ёқ зах. Тонг отишга ҳали узоқ. Ўрмонни ёқалаб ўтган арава йўлдан бир қадам четроқда чироқ кўринади. Шу ерда ўсган ёшгина дуб дарахти остида жонсиз бир тана ётибди. Унинг бошидан оёғигача янги оқ чойшаб ёпилган, кўксига ёғочдан қилинган катта крест қўйилган. Ўлик қошида, йўл ёқасида икки мужик «навбатчи» бўлиб ўтирибди. Булар, деҳқонлар зиммасига юкланган энг оғир ва номаъқул мажбуриятлардан бирини адо этмоқда. Бири — калта йиртиқ пўстин ва чипта чориқ кийган, мўйлови энди сабза урган, қора қош, новча йигит. У ҳўл кўкат устида оёқларини узатиб ўтиради ва энгашган ҳолда бўйнини чўзиб пишиллаб ёғоч йўняпти: катта қирралик тарашадан эрмак учун қошиқ ясамоқчи. Иккинчиси — пакана бўйли, сийрак мўйлов, эчки соқол, чўтир, ориққина мужик. Бу чол қўлларини тиззасидан солинтириб, оловга тикилиб қолган. Ўртада ёнаётган гулхан аста-секин сўнмоқда ва иккисининг ҳам юзига шуъласини сочмоқда. Ҳамма ёқ жимжит. Фақат ёғоч йўнаётган пичоқнинг қиртиллаши-ю, гулханда тутаётган ҳўл ўтиннинг шатир-шутири эшитилади.
— Сёма, ухлама… — дейди ёш йигит.
— Мен… — дейди дудуқланиб эчки соқол, — ухлаётганим йўқ…
— Шундай бўлсин… Елғиз одам қўрқади, ваҳима босади. Бирон ҳикоя айтиб берсанг-чи, Сёма.
— Мен… билмайман…
— Ғалати одамсан-да, Сёмушка! Бошқалар олди-қочди, қизиқ гаплардан айтиб, кулдириб ўтиради, ашула қилади, сен бўлсанг — яратганча қола бергансан. Худди полиздаги қўриқчига ўхшайсан; индамасдан, оловга тикилганингча ўтира берасан. Гапинг оғзингдан тушиб кетадигандан, эплаб гапира олмайсан: қўрқиб-қўрқиб гапирасан. Ёшинг элликка бориб қолган бўлса ҳам бир гудакчалик ақлинг йўқ… Дунёга келиб тентак бўлиб ўтганинг учун ачинмайсанми, Сёма?
— Ачинаман… — деб қайғуриб жавоб берди эчки соқол.
— Биз сира ҳам ачинмаймиз, тентаклигингни кўра бериб, ўрганиб қолганмиз. Ўзинг раҳмдил, ичмайдиган туппа-тузук мужиксан-ку, миянг ишламайди-да; мана шуниси ёмон. Худойимнинг ўзи ақлдан қисиб қўйган деб юра берасанми? Ўзинг ҳам ҳаракат қил-да!… Миянгни мундоғ қўзғатиб кўр, Сёма!… Бирон яхши гап эшитсанг, маънисини топишга урин, миянгга жойлаб ол, қайта-қайта ўйлаб кўр… Мабодо тушунмасанг, мияни ишлатиб, бош қотириб, астойдил уринсанг — топасан, гапнинг мағзини чақасан. Гапимга тушундингми? Иш қилиб бўшашма! Ақл деган нарсани ўзингки ҳаракат қил, топмасанг, дунёдан беному нишон шу тентаклигингча ўтиб кетасан.
Тўсатдан чийиллаган хунук бир овоз ўрмонни тутиб кетди. Дарахт учидан бир нарса қулади, баргларни шатирлатиб, ерга йиқилгандай бўлди. Ўрмонда акс садо тарқалди. Йигит чўчиб тушиб «нима гап?» дегандай чолга қарайди.
— Бойқуш, — деди Сёма ғўнғиллаб, — қушчаларни тутиб емоқчи.
— Айтгандай, Сёма, қушларнинг иссиқ томонга учадиган вақти бўлди-я!
— Ҳа… вақти бўлди.
— Бугун роса совуқ кучаядиган бўлди: қақшатадия… Турна жуда нозик парранда. Бунақа совуққа чидай олмайди, дарров ўлади. Мен турнадақа нозик бўлмасам ҳам, қотиб қолдим… ўтин олиб келсанг-чи!
Сёма ўрнидан туриб қоронғи дарахтзорга кириб кетади. У, дарахтлар орасида қуриган шохларни йиғиштириб юрар экан, шериги кўзларини қўли билан тўсиб ўтирар ва «тарс» этган сайин чўчиб тушар эди. Сёма бир қучоқ ўтинни келтириб гулханга ташлади. Олов шохларни аста-секин ялаб-ялаб турди-да, бирданига алангалатиб ёппасига ёндириб юборди. Гулхан шуъласи ҳар икки кишининг юзини, йўл ёқаларини, ўлик устига ёпилган оқ чойшабни, чойшаб остидан туртиб турган қўл ва оёқларни, кўксидаги образни қизартиб юборади… «Навбатчи»лар жим ўтирадилар. Йигит бўйнини янада эгади ва энгашиб олиб яна бояги «эрмаги»га астойдил киришади. Эчки соқол боягисидай қимирламай оловга тикилганича ўтира беради…
Бирданига қоронғи кечада:
— «Сион душманлари парвардигор олдида шармандаи шармисор ўлғайлар»… — деган иигичка дарвишона бир овоз келади. Кетидан аста-аста юриб келаётган оёқ товуши эшитилади ва йўл томондан монах жандасини кийган, бошида қалпоқ, елкасига тўрва осган бир одам гулхан олдида пайдо бўлади.
— Худоё тавба, тавба! Астағфурулло! — деди бу дарвеш хириллоқ овоз билан. — Зулмат ичра бу гулханни кўриб, юрагим ҳовлиқиб кетди… Аввало: бу — йилқибоқар бўлса керак, деб ўйладим; қараб турсам, йилқиси кўринмайди. Тағин ўйлаб туриб, бу албатта қароқчилар гулхани, бирон бой савдогарни пойлаб ётишгандир, дедим. Ёки ўтга чўқинаётган лўлилар қавми бўлсамикин, дедим. Юрагим ҳовлиқа берди… Эй, қулбачча — Феодосий, дедим мен ўзимга, қайтма, сенга не азоблар раво бўлса — бориб қабул қилгайсан, дедим. Мана мен бир парвона каби ушбу гулханингизга келдим. Энди атворингиздан пайқасамки, сизлар на лўли-ю, на қароқчи. Ассалому алайкум!
— Салом.
— Диндошлар, Макухиннинг ғишт заводига қайси йўлдан борилади, билмайсизларми?
— Яқин қолди. Мана шу катта йўл билан тўғри бора берасиз, икки чақиримча юргандан кейин бир қишлоқ келади: Ананова қишлоғи; биз ўша ердан бўламиз. Қишлоқдан ўтгач, ўнгга буриласиз, ота; сув ёқалаб бора берсангиз, тўғри заводнинг ўзидан чиқасиз. Анановадан у ёғи уч чақиримча келар.
— Умрларинг узоқ бўлсин! Хўш, бу ерда нима қилиб ўтирибсизлар?
— «Навбатчи» бўлиб ўтирибмиз, мана бу жонсиз танага. ..
— Нима дединг? Қанақа тана? Астағфурулло!
Дарвеш оқ чойшаб билан крестни кўриб чунонам қўрқиб кетдики, турган жойида бир ирғиб тушди… Бу кутилмаган ҳодиса унга ёмон таъсир қилди: оғзи очилган, кўзлари бақрайган ҳолда қотиб қолди… Шу алфозда ўз кўзларига ишонмаган кишидай уч минутча анқайиб тургач, секин-секин ўзига келди ва зўрға тилга кирди.
— Худоё худовондо! Бу нима кўргилик? Ҳеч кимга зиёни тегмай ўз йўлида кетаётган бир мўмин бандангга бу қандай кўргилик бўлди?
— Сиз ким бўласиз? — деб сўради йигит. — Руҳонийларданми?
— Йўқ… йўқ… Мен монастирларни зиёрат қилиб юрган бир банда… Ми… Михаил Поликарични танийсанми, завод бошлиғи-чи? Мен худди ўша кишининг жияни бўламан… Худоё, ўзинг подишосан!.. Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?
— Ўлик пойлаб ўтирибмиз. Шундай буйруқ бор…
— Ҳа, шундай денг… — деб валдирайди жандапўш кўзини силаб. — Ўзи қаерлик экан?
— Йўловчи.
— Одамзод аҳволи шу экан-да!.. Бўлмаса мен… ҳалиги… кета қолай… Ваҳима босяпти… Ўликдан шундай қўрқаманки, асло қўя қолинг, биродарлар… Мундоқ бир ўйлаб кўринг-чи! Шу одамни тириклигида ҳеч ким назарига илмаган бўлса керак; ана энди қаранг! Жонсиз тана олдида улуғ бир лашкарбоши ёки бирон авлиё ҳузурида тургандай қўрқиб қалтираймиз. Одамзод шу экан! Нима қилибди, ўлдириб кетишибдими?
— Нима бўлгани худога аён. Биров ўлдирганми, ўзи ўлганми — билиб бўлмайди.
— Шундай денг… Ҳа, билиб бўлмайди… Балки шу топда жони жаннатда жавлон уриб юргандир.
— Йўқ, жони ҳали танаси атрофида айланиб юради, — дейди йигит. — Уч кунгача жон танасини ташлаб кета олмайди.
— Ҳа-я!.. Шу кунларда совуқ роса зўрайди; суяк-суякларинггача қақшатади! Демак, тўппа-тўғри кета берасан денг.
— Қишлоққача тўғри йўл, кейин ўнгга бурилиб, сув ёқалаб юрасиз.
— Сув ёқалаб денг… Яхши … Нима қилиб турибман? йўлдан қолмай. Хайр, биродарлар!
Жандапўш йўлга чиқди ва беш қадамча юриб тўхтади.
— Садақа қилиш ёдимдан кўтарилибди, — дейди у, — ўликка пул қўйсам бўлармикин-а, диндошлар?
— Бунисини ўзингиз биласиз. Сиз монастирларга бориб юрасиз… Ўз ажали билан ўлган бўлса-ку, арвоҳи хушнуд бўлар-а; борди-ю, ўзини ўзи ўлдирган бўлсами — гуноҳ бўлар дейман…
— Рост гап… Дарҳақиқат ўзини ўзи ўлдирган бўлиши мумкин… Чақам ёнимда қола берсин-а? Хай товба! Минг сўм берса ҳам шу ерда ўтирмасдим. Хайр, биродарлар!
Жандапўш аста-секин узоқлашади ва яна тўхтайди.
— Жуда ҳайрон бўлиб қолдим, нима қилсам экан? — деб валдирайди у яна. — Тонг отгунча шу ерда, иссиққина гулхан олдида ўтира қолай десам — қўрқаман. Кета берай десам — тағин қўрқаман. Бу мурда йўл-йўлакай кўзимга кўрина беради энди… Мени худо урди! Беш юз чақирим пиёда оламни кезиб, омон-эсон ватанимга келдим деганимда… Бу нима кўргилик? Кета олмайман энди… ваҳима босади…
— Рост гап, ваҳима босади…
— Бўридан қўрқмайман, қароқчидан ҳам, қоронғи кечаларда юра бераман, лекин ўликдан қўрқаман, холос. Шундай қўрқаманки!.. Биродарлар, худо хайр берсин, тиз чўкиб ялиниб-ёлвораман: мени қишлоққача кузатиб қўйинглар, диндошлар!
— Биз бора олмаймиз, тана олдидан нари силжишга ижозат йўқ.
— Ҳеч ким кўрмайди, биродарлар! Худо урсин, кўрмайди! Бу хизматларинг учун худойим сизларни ярлақайди. Оқсоқол, худо хайр берсин, сиз кузатиб қўйинг! Оқсоқол! Нега индамайсиз?
— Оқсоқолингиз тентакроқ… — деб тушунтирди йигит.
— Бўлмаса сен бора қол, дўстим! Бир мири бераман.
— Бир мирига кузатиб қўяр эдим-ку, — дейди бошини қашлаб йигит, — буйруқ бор-да… Агарда манави Сёма тентак, бир ўзим ўтира бераман деса, олиб бориб қўяман. Сёма, бир ўзинг ўтирасанми?
— Ўтираман… — деб рози бўлди тентак.
— Жуда соз! Қани, кетдик!
Йигит ўрнидан туриб, жандапўш билан кетди. Минут ўтмай уларнинг қадам товуши ва гаплари эшитилмай қолади. Сёманинг кўзлари юмилиб, секин-секин, мудрайди. Гулхан сўна бошлайди, жонсиз танани каттакон қора соя босади…
О. Шарапов таржимаси