Антон Чехов. Ҳасрат (ҳикоя)

Кимга айтай дардимни?

Шом пайти. Ёғаётган лайлак қор янги ёқилган фонарлар атрофида айланар, эринибгина отларнинг устига, одамларнинг елкаларига ва телпакларига қўниб оқартирар эди. Извошнинг курсисида букчайиб қимир этмай ўтирган Иона Потаповнинг ҳамма ёғи оппоқ, худди арвоҳга ўхшайди. Агар устига катта қор уюми босиб тушганида ҳам қоқиб ташламайдигандай кўринади… Унинг оти ҳам қордан оппоқ оқариб тек турар эди. От ўзининг ҳаракатсизлиги, ориқ гавдаси ва ингичка, чиллакдай оёқлари билан ҳатто яқиндан қараганда ҳам қанд-нондан ясалган «тойчоқ»қа ўхшаб кўринади. Ҳар ҳолда у ҳам хаёлга ботган бўлса керак. Чунки ўрганган даласидан, омочидан айрилиб, аломат чироқлар ёнган, тўхтовсиз тарақ-туруқ, югуриб юрган одамлардан иборат бир жойга келиб қолганидан кейин хаёл сурмай иложи йўқ.
Иона билан оти анчадан бери шу ердан қўзғалмай туриб қолди. Гарчи саройдан пешиндан илгари чиққан бўлса ҳам ҳалигача ҳеч бир кира қилувчи одам топилмади. Мана, кеч кириб, шаҳарни қоронғулик босмоқда. Оқариб турган фонарлар энди чарақлаб, порлаб кетди. Кўчанинг ғовур-ғовури борган сари авж олди, Ионанинг қулоғига:
— Извошчи, Виборгскийга, — деган овоз эшитилди.
Иона сесканиб қор билан чаплашиб қолган киприклари орасидан қараб шинель ва қулоқчин кийган бир ҳарбий одамни кўрди.
— Виборгскийга! — деб такрорлади ҳарбий, — нима бало, ухлаяпсанми? Виборгскийга деяпман!
Иона рози бўлиб, отнинг тизгинини тортган эди, унинг устини ва ўзининг елкасини қоплаган қор тўкилди…
Ҳарбий киши чанага ўтирди. Извошчи чуҳ деб ўрнидан сал кўтарилди-да, ғозга ўхшаб бўйнини чўзиб, керак бўлмаса ҳам, одати бўйича қамчини айлантирди. От ҳам бўйнини чўзди ва чиллакдай оёқларини маймаштириб аранг жойидан қўзғолди…
Иона энди йўлга тушиши биланоқ қоронғуда у ёқдан бу ёққа ўтиб турган одамлар орасидан бировнинг:
— Қаёққа юраётибсан! Ўнгдан юрсанг-чи! — деган товуши эшитилди.
— Извош минишни биласанми ўзинг! Ўнгдан юр! — деб койиб берди извошдаги ҳарбий киши ҳам.
Бир фоэтоннинг кучери уни сўкиб ўтиб кетди. Кўчанинг у юзидан бу юзига ўтаётиб отнинг тумшуғига ўзини уриб олган қандайдир киши хўмрайиб, енгидаги қорни қоқди. Иона нина устида ўтиргандай бетоқат, гўё бу ерга нима учун, қандай қилиб келиб қолганини ўзи ҳам тушуна олмаётгандай атрофга аланглаб қарар эди.
— Мунча ҳам аблаҳ одамлар экан! — деб ҳазил қилди ҳарбий. — Ҳаммаси ҳам худди маслаҳатлашиб қўйгандай, сенинг отингга ё аравангга урилишади-я
Иона орқасига қайрилиб қаради-да, лабларини қимирлатди… У бир нарса айтмоқчи бўлди-ю, овози чиқмади, хириллади.
— Нима? — деди ҳарбий.
Иона лабларини қийшайтириб кулимсиради ва бутун кучини тўплаб товуши борича гапирди:
— Афандим, мен сизга айтсам… шу ҳафта ичи ўғлим ўлди.
— Ҳим… нимадан ўлди?
Иона бутун гавдаси билан ўгирилиб, ўтирган одамга қаради-да:
— Ким билади дейсиз! Иситмадан бўлса керак… Уч кунгина касалхонада ётди-ю, ўлди… Худонинг хоҳиши-да.
— Отингни бур, иблис! — деди қоронғуликдан биров, — эсингни едингми! Кўзингга қарасанг ўласанми!
— Ҳайда-ҳайда… — деди ҳарбий, — бу аҳволда эртага ҳам етолмаймиз. Тезроқ ҳайда!
Извошчи яна бўйнини чўзиб ўрнидан сал кўтарилдида, қамчини айлантирди. Сўнгра бир неча марта орқасига ўгирилиб қаради, лекин ўтириб бораётган одам унинг сўзларини эшитгиси келмади шекиллик, кўзларини юмиб олган эди. Виборгскийда бир майхона ёнида тўхтаб уни туширди. Ўзи яна букчайди, жим ўтириб қолди… Ёғаётган лайлак қордан унинг ва отининг усти яна оппоқ тусга кирди. Орадан бир-икки соат чамаси вақт ўтди…
Қаттиқ-қаттиқ қадам ташлаб, сўкишиб тротуардан учта ёш йигит келмоқда, уларнинг иккитаси ориқ ва новча, учинчиси букир ва пакана эди.
— Извошчи, бизни полицейский кўпригига элтиб қўй! — деди букир хириллаган товуш билан, — уч киши… Биттангага!
Иона чуҳ деб тизгинни силкитди. Биттанга, албатта арзийдиган нарх эмас, лекин унга ҳозир нархнинг аҳамияти йўқ эди… Бир сўмми, беш тийинми — барибир, ишқилиб одам бўлса бас… йигитлар итаришиб, сўкишиб унинг ёнига келдилар-да, сўнг уччалови бирдан чанага ташландилар. Сўнгра ким ўтириб боради-ю, қайси биттаси тикка туриб кетади, деган масала устида тортиш бошланди… Узоқ вақт жанжаллашганларидан кейин букирнинг бўйи пакана бўлгани учун унинг туриб кетиши керак деган қарорга келдилар.
Букир Ионанинг орқасида тик тураркан, хириллаган товуш билан:
— Қани ҳайда! — деди, унинг нафаси Ионанинг бўйнига уриб турарди. — Вой-бўй, телпагингни қара, оғайни! Бутун Петербургни ахтарсанг ҳам бунақа -расво телпакни қидириб тополмайсан…
— Ҳи-ҳи-ҳи… — деб кулди Иона, — бори-да…
— Қани бўлмаса, тезроқ ҳайдачи! Ё бўлганинг шуми? А? Гарданингга солсам-чи!
— Бошим ёрилиб кетгудай бўлиб оғрияпти… — деди ўтирган новча йигитнинг бири, — кеча Дукмасовникида тўрт шиша коньякни Васька иккаламиз ичиб қўйибмиз.
— Ҳеч тушунолмайман-да. Ёлғон гапнинг нима кераги бор! — деб койиди иккинчи новча. — Ўлгудай ёлғончисан-да.
— Худо урсин, рост айтаяпман…
— Бу рост гапинг ҳам худди бит йўталади деганга ўхшаган ростлардан-да.
— Ҳе! — деб яна кулди Иона, — жуда хушчақчақ йигитлар экансизлар-ку!
— Минг лаънат!.. — деб қўйди букир. — Чол ўлгир, тузукроқ ҳайдайсанми ё йўқми? Шу ҳам юришми? Қамчи урсанг-чи! Ур, лаънатини! — Иона орқасида типирчилаб турган букирнинг гавдасини сезиб, хириллаб чиқаётган товушини эшитди. Ўзига хитобан айтилаётган сўкинишларни эшитади ва яқинида одамларни кўриб юрагидаги ёлғизлик сезгиси бироз йўқолгандай бўлади. Букир тутоқиб, зўр бериб куракда турмайдиган сўзлар билан сўкар ва то йўтали тутиб қолгунча сўкинарди. Ўтирган йигитлар қандайдир бир Надежда Петровна деган хотин ҳақида сўзлашиб борардилар. Иона уларга қараб қўйди. Уларнинг қисқагина сукут қилган вақтларини пойлаб туриб яна ўгирилиб қаради-да, секингина:
— Шу ҳафта ичи, ҳалиги ўғлим ўлди! — деб ғўлдираб қўйди.
— Ҳаммамиз ҳам ўламиз-да… — деди букир йўталдан сўнг, лабларини арта туриб, — қани, тезроқ юр, ҳайда! Афандилар, мен ортиқ тоқат қилолмайман, бу аҳволда қачон етамиз?
— Ҳа, сен елкасига туртиб, мадад бериб тур-да!
— Ўлат теккан чол эшитяпсанми? Бўйнинг узиладия! — деди букир. — Сенларни аяган киши пиёда қолади!.. Эшитяпсанми? Ё бизларнинг сўзимизни писанд қилмаяпсанми?
Иона буларнинг норозилигини яхши билса ҳам:
— Ҳи… жуда ҳам хушчақчақ экансизлар, худойим умрларингизни узун қилсин! — деб кулди.
— Хотининг борми? — деб сўради ўтирган новча извошчидан.
— Меними? Ҳи-ҳи… Хушчақчақ афандилар… Энди менинг биттагина хотиним бор — қора ер… Ҳи-ҳи… Гўр! Мана, ўғлим ўлиб, мен тирик қолдим… Ажал менга келиб, янглишиб ўғлимни олиб кетди.
Иона ўғлининг қандай қилиб вафот қилганини сўзлаб бермоқчи бўлиб орқасига ўгирилган эди ҳамки, букир енгил нафас олиб, худога шукур, етдик, деб қолди. Иона биттангани олиб, саёқ йигитлар кириб кетган қоронғу йўлакка узоқ вақт тикилиб турди. Яна у танҳо қолди, яна сукунат… Салгина кўнглидан кўтарилган ёлғизлик алами қайта бошдан куч олиб унинг юрагини сиқа бошлади. Иона ҳаяжонли ва аламли кўзлари билан кўчанинг икки томонида оқаётган халойиққа боқди. У ёқ бу ёққа ўтиб турган шу мингларча одамдан унинг дард-ҳасратига қулоқ соладиган бирон киши топилмасмикин? Лекин ўткинчилар на унинг ўзини, на кўнглидаги аламини пайқамай ўтиб кетмоқдалар. Ҳасрат шундай зўр ва чексиз. Агар Ионанинг юраги ёрилса-ю, ичидаги чексиз, поёнсиз дарди-ҳасрати оқиб чиқса борми, ер юзини тутиб кетарди. Аммо шундай бўлишига қарамай, у кўзга кўринмайди, шундай кичкинагина жойга ўрнашиб олганки, агар кундуз чироқ ёқиб изласанг ҳам тополмайсан…
Иона чипта халта кўтариб бораётган қоровулни кўриб қолиб, у билан гаплашишга жазм қилди.
— Азизим, соат неча бўлди экан?
— Тўққиздан ошди. Нега бу ерда тўхтадинг? Жўна!
Иона извошини бир неча қадам нарироқ олди ва энди одамларга мурожаат қилишни беҳуда деб билиб, яна букчайганича хаёлга ботди… Лекин орадан беш минутча ўтар-ўтмас қаттиқ санчиқ турган одамдай қаддини ростлаб, бошини кўтарди ва отнинг жиловини тортди… Унинг тоқати тоқ бўлиб:
«Саройга борайин, — деди у, — саройга!»
Оти ҳам худди унинг мақсадига тушунгандай йўрғалаб кетди. Бир ярим соатлардан кейин Иона каттакон ифлос печка ёнида ўтирарди. Печка устида, полда, скамейкаларда одамлар хуррак тортиб ухламоқдалар. Уй дим… Иона ухлаб ётганларга қараб қашинди ва бунчалик эрта қайтганига ачинди…
«Ем пули ҳам ишлай олмадим, — деб ўйлади Иона, — шунинг учун ҳам кўнглим ғаш. Уддабурро одамнинг ўзи ҳам, оти ҳам тўқ, ҳамма вақт хотиржам бўлади…»
Бир бурчакда ухлаб ётган ёш извошчи ўрнидан туриб, уйқули кўзлари билан сув тўла челакка ёпишди.
— Чўлладингми? — деди Иона.
— Ҳа, сув ичгим келди!
— Ҳим… Ош бўлсин… Менинг ўғлим ўлди ука… Эшитдингми? Шу ҳафта ичи, касалхонада… Мана муаммо!
Иона ўзининг сўзлари йигитга таъсир қилганини билмоқчи бўлиб унга қаради, лекин ҳеч нима кўролмади. Чол оғир хўрсиниб, қашинди… Ёш йигит қанчалик чанқоғини босгиси келса, бунинг худди шунчалик сўзлагиси келарди. Ўғлининг ўлганига бир ҳафта бўлиб қолса ҳам, ҳали бирон одамга дардини, ҳасратини тузуккина айтолгани йўқ. Ипидан игнасигача сўзласа. Ўғлининг қандай касал бўлганини, дард тортиб қандай азобланганини, ўлим олдида айтган сўзларини ва қандай қилиб жон берганини сўзлаб бергиси бор… Ундан кейин унинг жанозаси, кўмиш маросими қандай ўтганини, марҳумнинг кийими учун касалхонага борилганини батафсил сўзлаб бергиси келади. Ундан ташқари қишлоқда Анисия деган қизи қолган… Унинг тўғрисида ҳам сўзламоқ керак… Хуллас у гапираман деса гап кўп; тингловчи оҳ-воҳ қилиб ачиниб эшитиши керак. Бу ҳақда хотинлар билан ҳасратлашиш яхшироқ бўлади. Улар эси пастроқ бўлса ҳам, бу тўғрида икки оғиз сўзласанг дарров кўз ёши қиладилар.
«Отдан хабар олайчи, — деб ўйлади Иона, — уйқу бир гап бўлар… Ҳали хўб ухлармиз ҳам…»
У кийимини кийиб отхонага қараб кетаркан, беда, ем, об-ҳаво ҳақида ўйлади. У ёлғиз қолган чоғларида ўғлини ўйлолмади… Унинг ҳақида биров билангина сўзлашса тузук. Ўзи ёлғиз ўйлаши, уни кўз олдига келтириши жуда оғир.
— Кавшаяпсанми? — дейди у, отнинг ёниб турган кўзларига қараб, — чайна-чайна… Емга етарлик пул ишлаёлмаганимиздан кейин пичан еб турамиз-да… Ҳа… Энди извош ҳайдашга кексайиб қолибман… Ўрнимга… Ўғлим ҳайдаса… У ҳақиқий извошчи эди… Ўша ўлмаса бўлар эди…
Иона узоқ жим бўлиб, сўнг давом этди:
— Шунақа экан, ука!.. Кузьма Ионичдан ҳам айрилиб қолдик… Бизларни ташлаб… ўлди кетди, чакки қилди… Мана, чунончи сенинг қулунинг бор, сен унинг туққан онасисан… Чунончи, ўша қулунинг бирданига сени доғу ҳасратга қўйиб ўлса-ю, кетса… киши ачинади, а?
От қулоқ солгандай унинг қўлларини ҳидлаб, курт-курт хашак чайнайди…
Иона берилиб кетиб, кўнглидаги ҳамма ҳасратини унга айтиб берди…

Зумрад таржимаси