Земство доктори Кириловнинг Андрей деган олти яшар ёлғиз ўғли бор эди; ана шу бола сентябрнинг қоронғи кечаларидан бирида, соат тўққиздан ошганда, бўғма касалидан ўлиб қолди. Докторнинг хотини ўлиб ётган бола кроватчаси ёнига тиз чўкиб, бола ғам-у доғи билан куйиб-ёна бошлаганда, даҳлиз қўнғироғи қаттиқ жаранглади.
Бўғма юқиб қолмасин деб, хизматкорларнинг ҳаммаси эрталаб уйдан чиқариб юборилган эди, шунинг учун Кириловнинг ўзи эшикни очгани борди: унинг эгнида сюртук йўқ, жилеткасининг тугмалари ечиқ, ҳўл юзи ва карболка куйдирган қўллари артилмаган. Даҳлиз қоронғи эди; шу сабабли кирган кишининг фақат ўрта бўйи, оқ бўйин рўмоли ва каттакон, ниҳоятда оқариб кетган юзидан бошқа ҳеч нимасини фарқ қилиб бўлмасиди. Юзи шунчалик бўз, шунчалик қонсиз эдики, у киргандан кейин даҳлиз ёришиброқ кетганга ўхшади…
Кирган киши:
— Доктор уйидами? — деб шошиб сўраган эди, Кирилов:
— Уйда, мен бўламан, — деб жавоб қилди. — Нима ишингиз бор эди?
Кирган киши суюниб:
— Ҳа, сизмисиз? Бениҳоят шодман! — деди-да, қоронғида пайпаслаб, докторнинг қўлини қидира кетди, топгандан кейин эса қўллари орасига олиб маҳкам қисди. — Бениҳоят… бениҳоят шодман! Биз сиз билан танишмиз!.. Мен Абогинман… сизни ёзда, Гнучевникида кўриб бахтиёр бўлган эдим. Сизни уйингиздан топганим учун бениҳоят шод бўлдим… Худо хайрингизни берсин, ҳозир мен билан бирга борсангиз… Хотиним қалтис оғриб қолди, қаттиқ ётипти… Коляска олиб келдим… Кирган кишининг овози ва ҳаракатларидан қаттиқ безовта экани билиниб турарди. Ёнғиндан ёки қутурган итдан қўрқиб кетган кишидай ҳаллослаб нафас олар, қалтироқ товуш билан бидирлаб гапирар, сўзларида қандайдир самимийлик ва болаларча чўчималлик янграр эди. Юраги чиққан ва шошиб қолган одам сингари, у ҳам калта-култа, кесик-узиқ гапирар ва ишга ҳеч алоқаси бўлмаган кўп ортиқча сўзлар ишлатар эди.
— Сизни уйдан тополмасмиканман, деб қўрққан эдим, — дейди у сўзини давом эттириб. — Уйингизга етиб келгунимча жоним ҳалқумимга келди. Кийимларингизни кийинг, ҳа, жадал бўлинг, худо хайрингизни берсин… Дарвоқи иш бундай бўлди. Бизникига Папчинский дегани келди, Александр Семёнович-чи, ўзингиз танийсиз уни… Суҳбат қурдик… кейин ўтириб чой ичдик; шу маҳал хотиним бирдан додлаб юборди-ю, юрагини чангаллаб, стулнинг орқасига суяниб қолди. Кўтар-кўтар билан кроватга келтириб ётқиздик, иннайкейин… чеккаларини нашатир спирт билан ишқадим, бетига сув сепдим… Қимирламайди, ўликдай ётипти… Аневризм оқибати эмасмикан деб қўрқаман… Юринг… Отаси ҳам шу касал билан ўлган эди!..
Кирилов худди рус тилига тушунмайдиган одамдай, индамай туриб эшитди.
Абогин Папчинский билан хотинининг отаси тўғрисида яна гап очиб, унинг қўлини қоронғида яна қидира бошлаганда, доктор калласини силтади-ю, руҳи тушиб кетган киши сингари ҳар бир сўзни чўзиб:
— Кечиринг, мен боролмайман… — деди. — Бундан беш минут олдин… ўғлим ўлди…
— Йўғ-е? — дея пичирлади Абогин, бир қадам орқага ташлаб туриб. — Э худо, бемаврид келибман-у! Тавба, қанақа қора кун бўлди бугун… э тавба! Тасодифни қаранг… гўё жўрттага бўлгандек.
Абогин эшик дастасини ушлади-ю, ўйга чўмиб, бошини солинтирди. Кетаверишини ҳам, докторга ялинишини ҳам билмай, иккиланиб қолган бўлса керак. Охири Кириловни енгидан ушлаб:
— Менга қаранг, — деди у, куйиниб,— сизнинг аҳволингизга мен ҳам яхши тушунаман! Худо кўриб турипти: шундай пайтда сизнинг раҳмингизни келтиришга тиришаётганим учун ўзим ҳам уятда қолдим, ночор бўлсам нима қилай? Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳозир кимга бориб ялинаман? Бу атрофда сиздан бўлак доктор бўлмаса… Худо ҳақи, юринг! Ўзимни қаратгани қистаётганим йўқ… Касал мен эмасман!
Ўртага жимлик тушди. Кирилов Абогинга орқасини ўгириб олди; пича тургандан кейин секин-секин юриб, даҳлиздан залга ўтди. Оёқларини нотўғри ташлашига, бепарво юришига ва залда ўчиқ турган чироқнинг бароқ қалпоғини қандай эътибор билан тузатиб, столда ётган қалин китобни очиб кўришига қараб бир нима дейиладиган бўлса, унда шу топда на бирон ният, на бирон истак ва иа миясини машғул қилаётган бирон ўй бор эди, ҳатто даҳлизда бегона одам тургани эсидан чиқиб қолган бўлса ҳам ажаб эмасди. Залдаги ғира-шира ёруғ ва у ердаги жимжитлик унинг хомушлигини оширганга ўхшарди. Залдан кабинетига чиқиб кетаётиб, ўнг оёғини меъёридан ортиқ кўтариб босди, эшик кесакисини тусмоллаб-қидириб қолди; шу чоқ вужудида, бамисоли бировнинг уйига кириб қолгандай ёки умрида биринчи марта маст бўлган-у, мана энди ўзининг янги вазиятига ҳайронлик билан ўрганаётгандай апил-тапил ҳаракат қиларди. Кабинетнинг бир деворига ва у ердаги китоб жавонларига ёруғ тушиб турарди; бу ёруғ кабинетдан ётоқхонага ўтиладиган ва қия очиб қўйилган эшикдан карболка ҳамда эфирнинг думоққа уриладиган ҳиди билан бирга кирмоқда эди… Доктор стол ёнидаги креслога ўзини ташлади; ёруғ тушиб турган китобларига бирпас уйқусираб тикилди, кейин ўрнидан туриб, ётоқхонага йўлланди.
Ётоқхонада эса жимлик ҳукм суради. У ердаги ҳар бир икир-чикир яқиндагина бўлиб ўтган бўрондан, ҳорғинликдан дарак берар, энди эса уларнинг ҳаммаси дам олиб ётарди. Табуреткадаги майда шишалар, қутичалар, банкалар орасида сиқилиб турган шам ва комод устидаги каттакон чироқ ёғдусига чўмиб ётади. Кроватда, деразанинг ёнида кўзлари очиқ бола ётар, юзида ажабланиш аломати бор эди. Бола қимирламаса ҳам, очиқ кўзлари ҳар он қорайиб, ичига чўкиб бораётгандай туйиларди. Онаси қўлларини бола кўксига қўйиб, юзини кўрпа қатларига яширган ҳолда кровать олдида тиз чўкиб турарди. У ҳам, бола сингари, қимирламас, лекин букилиб қолган қадди-қоматида ва қўлларида қанчадан қанча жонли ҳаракат бор! Мадордан кетган вужудига ором бериш учун зўрға топган ўнғай ва оромли ҳолатини бузиб қўйишдан қўрққандай, бутун гавдасини кроватга қапиштириб олган эди. Адиёллар, латта-лутталар, тоғоралар, полдаги кўлоб, ҳамма ёқда ивирсиб ётган кисточкалар, қошиқчалар, оҳак суви қуйилган оқ шиша, одамнинг нафасини қайтарувчи оғир ҳаво — буларнинг ҳаммаси қимир этмай туради ва одамга булар ҳам ухлаб қолгандай кўринади.
Доктор хотинининг ёнида тўхтади, қўлларини шимининг чўнтакларига суқди, кейин, бошини хиёл бир ёнга эгиб туриб, ўғлига тикилди. Доктор юзидан парвойи фалакдай кўринса ҳам, соқолида йилтираб турган ёш томчиларидан ҳозиргина йиғлагани маълум эди.
Ўлик тўғрисида гапирилганда кўнгилга келадиган совуқ ваҳимадан ётоқхонада асар йўқ эди. Қотиб қолган умумий вазиятда, она ҳолатида, доктор юзидаги бепарволикда одамни ўзига жалб қиладиган, юракни эзадиган бир нарса, инсон аламининг пайқалар-пайқалмас, нозик чиройи бор эдики, бу чиройни яқин орада сеза олмайдилар ва тасвир қила билмайдилар, уни ёлғиз музикагина акс этдира билса ажаб эмас. Бадҳайбат жимликда ҳам чирой борлиги ошкор эди; Кирилов ҳам, хотини ҳам товуш чиқармас, йиғламас, жудолик қайғусидан ташқари, ўз ҳолатларидаги бутун лиризмни ҳам англаётгандай: бир маҳаллар ёшлик чоқлари ўтиб кетгани сингари, ҳозир ҳам уларнинг болалик бўлиш ҳуқуқлари мана шу бола билан бирга абадий кетаётгандай эди! Доктор қирқ тўрт ёшга кирди, соч-соқоллари оқарди, қари кишига ўхшаб қолди; рангги заҳил, касалванд хотини бўлса ўттиз бешда. Андрей фақат ёлғиз болагина эмас, шу билан бирга охирги бола ҳам эди.
Докторнинг табиати хотининикига тамоман тескари; у юраги эзилиб, қайғуга чўмиб турган пайтда бир ерда тек ўтиролмайдиган одамлар хилидан. Шунинг учун хотини ёнида нари борса беш минут турди-ю, ўнг оёғини ҳаддан зиёд кўтариб босиб, ётоқхонадан муъжазгина бир бўлмага кирди; деярлик унинг ярмини кенг, каттакон диван эгаллаб олган эди, кейин бу хонадан ошхонага ўтиб кетди. Печка билан ошпаз хотин кровати орасида пича гангиб юргандан кейин, эгилиб, дарча орқали даҳлизга чиқди. У ерда яна оқ бўйин рўмол ва қонсиз юзни кўрди.
Абогин эшик тутқичига қўл югуртириб, чуқур тин олди:
— Хайрият-е! Қани энди, кетдик!
Доктор сесканиб тушди, ялт этиб Абогинга қаради-ю, воқеани эслади…
— Менга қаранг: боришга иложим йўқ, деб боя айтдим-ку сизга! — деди у, тетикланиб. — Ғалати-я!
— Доктор, мен ҳам жуда эсимни еб қўйганим йўқ, аҳволингизга яхши тушуниб турибман… ачинаман сизга! — деди Абогин ялинчоқлик билан, қўлини бўйин рўмолига қўйиб туриб. — Ахир мен ўзимнинг ғамимни еяётганим йўқ-ку… Хотиним ўлим тўшагида ётипти-я! Агар унинг фарёдини эшитиб, ўлик тусига кириб қолган юзини кўрган бўлсангиз, нима учун оёғимни бунақа тираб туриб олганимга дарров тушунардингиз! Э худо, мен сизни кийиниб чиққани кетди, деб ўйлабман! Доктор, вақтимиз зиқ ахир! Ўтинаман сиздан, юринг!
Кирилов ҳар бир сўзни чертиб:
— Бора олмайман! — деди-да, залга қараб юриб кетди. Абогин орқадан бориб, докторни енгидан ушлади.
— Билиб турибман: бошингизда оғир қайғу бор, лекин мен сизни тиш оғриғини даволашга ё эксперт ўтказишга чақириб келганим йўқ-ку, мен сизни бир инсонни ўлимдан қутқазиб қолишингизни сўраб келдим! — деб Абогин гадойдек ялинарди. — Бу ҳаёт ҳар қандай шахсий қайғудан юқори туради ахир! Қани, мен сиздан мардлик, жасурлик кўрсатишинптзни илтимос қиламан! Инсонпарварлик хотири учун кўрсатинг!
— Инсонпарварлик нима-ю, икки учли таёқ нима, — деди тажанг бўлиб Кирилов. — Мен ҳам ана ўша инсонпарварлик хотири учун олиб кетмаслигингизни илтимос қиламан. Жуда ғалати-я, тавба! Йиқилиб қолгудай бўлиб зўрға турибман-у, сиз бўлсангиз, инсонпарварликни пеш қилиб, мени қўрқитмоқчи бўласиз! Шу топда мен ҳеч нимага ярамайман… ўлдирсангиз ҳам ҳеч қаёққа бормайман, бундан ташқари хотинимни кимга ташлаб кетаман? Йўқ, йўқ…
Кирилов, панжаларини силкитиб, орқага тисланди-да, сўзини қўрқа-пуса давом қилдирди:
— Асло… асло сўраманг ҳам! Мени кечиринг… Қонунлар мажмуасининг 13 томига мувофиқ боришга мажбурман, мени судраб бўлса ҳам олиб кетишга ҳақингиз бор… Марҳамат, судранг, лекин… мен ҳеч нимага ярамайман… Ақалли гапиришга ҳам қодир эмасман… Кечиринг…
— Менга бунақа гапларни бекор айтяпсиз, доктор! — деди Абогин, яна докторни енгидан тутиб. — Қўйинг, ўша ўн учинчи томни худо кўтарсин! Борсанг ҳам барасан, бормасанг ҳам борасан, деб сизни зўрлашга ҳақим йўқ. Хоҳласангиз — борасиз, хоҳламасангиз — ихтиёрингиз. Лекин мен ихтиёрингизга эмас, ҳиссиётингизга мурожаат қиляпман. Ёшгина жувон ўлиб кетяпти! Шу топдагина «ўғлим ўлди» дедингиз, шундай бўлгандан кейин менинг доғи-ҳасратимни сиз тушунмай ким тушунади?
Абогиннинг товуши ҳаяжондан титрарди; яна шу титраш оҳангида у айтаётган сўзлардагидан кўпроқ далил бор эди; Абогин астойдил гапирар, лекин у қанча ажойиб гаплар гапирмасин, ҳаммаси сохта, жонсиз, бўёқлари ўринсиз чиқар, у бир вақтда ҳам доктор уйининг ҳавосини бузаётгандай, ҳам қайдадир узилаётган аёлни ҳақорат қилаётгандай туйиларди. Буни Абогиннинг ўзи ҳам сезар, шунинг учун, гапимни тушунмай қолишмасин деган хавфга бориб, сўз кучи билан енга олмаса, сўз оҳанги билан енгиш ниятида товушини иложи борича юмшоқ ва мулойим чиқаришга зўр бериб ҳаракат қиларди. Гап деган нарса ҳар қанча чиройли ва чуқур маъноли бўлганда ҳам, фақат бепарво одамларгагина таъсир қила олади, аммо бахтли ё бахтсиз одамларни ҳамма вақт ҳам қаноатлантиравермайди; шу сабабдан бахтиёрлик ёки бахтсизликнинг юксак ифодаси кўпинча сукут бўлади; ошиқлар бир-бирларининг ҳисларига сукут кезларида яхшироқ тушунадилар; қабр устида ёниб-куйиб айтиладиган сўз фақат бегоналарга таъсир қилади, ўлган кишининг беваси ва болаларига эса қуруқ сафсата бўлиб эшитилади холос.
Кирилов чурқ этмай тикка турарди. Абогин докторларнинг олижаноб вазифалари, фидокорликлари ва бошқа бурчлари ҳақида яна бир неча оғиз сўз айтгандан кейин Қирилов қовоғини осилтириб сўради:
— Уйингиз узоқми?
— Чоғимда ўн уч ё ўн чақирим атрофида бўлса керак. Отларим жуда бопта, доктор! Чин виждоним билан ваъда бераман: бир соат ичида олиб бориб, тағин олиб келиб ҳам қўяман. Ҳаммасига фақат бир соатгина вақт кетади!
Сўнгги сўзлар докторга инсонпарварлик ёки олижанобликни рўкач қилишдан кучлироқ таъсир қилди. Ўйлаб кўриб, чуқур тин олди-да:
— Хўп, кетдик бўлмаса! — деди.
Доктор шошиб, лекин оёқларини энди тўғри босиб кабинетига кириб кетди-да, ҳаялламай, узун сюртюк кийиб чиқди. Абогин ўзида йўқ суюниб, доктор теварагида парвона бўлар, оёқларини бир-бирига шап-шуп уриб, мулозамат қиларди; у докторга пальтосини кнйгизиб, ташқарига бирга чиқди.
Ташқари қоронғи бўлса ҳам, лекин даҳлиздан ёруғроқ эди. Докторнинг хиёл эгилган баланд қомати, эчки соқоли ва бургутникига ўхшаган бурни ташқари қоронғисида кўзга равшан чалиниб турарди. Абогиннинг эса, оқариб кетган юзидан ташқари, энди каттакон боши ва унинг чўққисига қўндириб олган кичкина студентча шапкаси ҳам кўрина бошлади. Бўйин рўмоли фақат олдидагина оқариб турар, орқа томонида эса, узун сочлар тагига кўмилиб кетарди. У докторни коляскага ўтқазаётиб:
— Кўнглингиз тўқ бўлсин, шунча олижаноблик қилаётибсиз, мен ҳам қайтармай қўймайман, — деди ғўлдираб. — Кўз очиб-юмгунча етиб борамиз. Ҳой, Лука, тасаддуғинг кетай, чабдаст ҳайда! Тез бўл! — деди.
Кучер отларни тез ҳайдаб борди. Аввал касалхона ҳовлиси бўйлаб чўзилиб кетган кўримсиз, хунук уйлар қаторлашиб ўтди; ҳамма ёқ қоп-қоронғи; фақат ҳовлининг тўрида, боғча дарахтлари орқасида, аллакимнинг деразасидан ёруғ тушиб турар, касалхона корпусининг юқориги қаватида ҳам яна учта дераза ҳаводан ёруғроқ бўлиб кўринар эди. Кейин коляска зулмат ичига кириб кетди; энди бу ерлардан қўзиқорин ҳиди келар, дарахтлар шитирлаши эшитиларди; арава ғилдиракларининг тарақ-туруқи уйғотиб юборган қарғалар, докторнинг ўғли ўлиб, Абогиннинг хотини бетоблигини билгандай, шохдан шохга учиб, дод сола бошладилар. Мана энди якка-дукка дарахтлар, буталар лип-лип ўта бошлади; катта-катта қора соялар остида юзи хўмрайгандай бўлиб кўринган ҳовуз бир йилт этиб қўйди; ана шундан кейин коляска текис йўлда ғириллаб кетди. Қарғаларнинг қағиллашлари узоқ орқада элас-элас эшитилиб турди, кейин ҳадемай бутунлай йўқ бўлиб ҳам кетди.
Кирилов билан Абогин йўл бўйи қарийб сўзлашмай боришди. Абогин бир қур чуқур тин олиб, дўнғиллади:
— Одамни жудаям қийнаб ташлайди бунақа аҳвол! Яқин одамингдан айрилиш хавфи туғилдими — бўлди: бир меҳрингга ўн меҳр қўшилади.
Коляска сойдан секин-аста ўтиб кетаётганда, Кирилов, худди сувнинг чайқалишидан қўрқиб кетгандай, сесканиб тушди-да, ўтирган ерида безовталаниб:
— Ҳой, менга жавоб беринг,— деди мунгли оҳанг-да. — Сизникига кейин бораман, аввал хотинимнинг ёнига фельдшерни юборай. Хотиним ёлғиз қолди!
Абогин индамай ўтираверди. Коляска тошларга урилиб, чайқалиб юриб қумли қирғоқдан текис йўлга чиқди-да, ғириллаганича кетди, Кирилов бетоқат бўлиб типирчилар, теварагига жовдирар эди. Орқада, юлдузларнинг ғира-шира ёруғида, зулматга туташиб кетган толлар ва уни оралаб борган йўл кўринади. Ўнг томон худди осмон сингари текис ва поёнсиз сайхонлик; бу сайхонлик торф ботқоқлиги бўлса керак, унинг узоқ-узоқларида, у ер бу-ерда ора-сира ўт йилтиллаб қўяди. Чап томон — йўлга ёндош бўлиб чўзилиб кетган адир; майда буталари билан бароқ бўлиб кўринади; адир устида эса хиёл туман босган қизил яримой булут парчалари қуршовида қимир этмай туради; булут парчалари ойни қочиб кетмасин деб теварагида қўриқлаб юрганга ўхшайди.
Бутун табиатда аллақандай умидсизлик, хасталик сезилади; ер қоронғи уйга ўзи ёлғиз кириб олиб, ўтмишини ўйламасликка тиришган тушкун аёлга ўхшаб, кўклам ва ёзни эслаб ётар, келиши муқаррар бўлган қишни руҳи тушиб кутар эди. Қаёққа қарасанг ҳам, ҳамма ёқда табиат қоронғи, тагсиз, совуқ чуқурга ўхшаб кўринади, у чуқурдан Кирилов ҳам, Абогин ҳам ва қизил ярим ой ҳам чиқа олмайдигандай туйиларди…
Коляска манзилга яқинлашган сари Абогиннинг безовталиги ҳам ортиб борди: қимирлар, сапчиб туриб кетар, кучер елкасидан чўзилиб олдинга қарарди. Ниҳоят, коляска чиройли қилиб йўл-йўл мато қопланган эшик олдида тўхтаганда, у иккинчи қаватдаги ёруғ деразаларни кўрганда, нафаси тиқила бошлагани эшитилди. У доктор билан даҳлизга кираётганда ҳаяжонланиб, қўлларини бир-бирига ишқаб туриб:
— Бирон воқеа юз бергудай бўлса… юрагим ёрилиб ўламан, — деди. Кейин, уйдан ҳеч қандай товуш келмаганини эшитиб, қўшиб қўйди: — Ҳеч қанақа олағовур йўқ, демак, ҳозирча ҳаммаёқ жойида.
Даҳлизда на бирон товуш эшитилар, на бирон шарпа сезилар, чироқлари чарақлаб турганига қарамай, бутун уй ухлаб ётганга ўхшарди. Шу дамгача қоронғида юрган доктор билан Абогин энди бир-бирини аниқ кўра биларди. Докторнинг бўйи новча, орқаси пича чиққан, кийимлари келишмаган, юзи хунук; негрларники сингари дўрдоқ лабларида, бургутникига ўхшаган бурнида, бўшашиб, лоқайд қарашида аллақандай ёқимсиз, совуқ, дағал ифода бор эди. Сочлари таралмаган боши, чўкик чеккалари, ияги кўриниб турган сийрак эчки соқолига барвақт тушган оқ, терисининг заҳиллиги, парвосиз, ўхшовсиз ҳаракатлари — буларнинг ҳаммаси шунчалик дағалки, бу дағалликни кўрган киши: бу одам кўп муҳтожлик тортган, пешонаси шўр бўлган, ҳаётдан ҳам, одамлардан ҳам тўйган экан, деган фикрга келади. Унинг қуруқ гавдасига разм солинса, шу одамнинг ҳам хотини бўлганига, боласига куйиб йиғлаганига хайрон қолинади. Абогин бўлса бутунлай бошқа бичимдаги одам. У ғўлабир, серсавлат, сочлари оқиш, боши катта, юз неъмати йирик бўлса ҳам, лекин майин, энг сўнгги модага биноан чиройли кийинган. Қомати, тугмалари сиқиб қадалган сюртуги, ёли ва чеҳраси унда олижанобликка, куч ва қувватга ўхшаган бир нарса борлигини сездириб туради; юрганда бошини тик тутиб, кўкрагини чиқариб юради; гапирганда — кишига ёқадиган ўртамиёна товуш билан гапиради, бўйин рўмолини олаётганда ёки сочларини тузатаётганда қилган ҳаракатлари нозик, хотинлар ҳаракатига ўхшаб кетадиган даражада чиройлик. Устки кийимларини еча туриб, болаларга хос бир хадик билан рангги ўчиб, зинанинг юқорисига аланглаб қаради; шу қилиғи ҳам унинг сарв қоматига, бутун вужудини тўлдириб турган тўқлик, саломатлик ва худбинликка путур етказмади. Абогин зинадан чиқиб бораётиб:
— Ҳеч ким йўқ, ҳеч қандай товуш ҳам эшитилмайди, — деди. — Тўполон йўқ, худога шукур!
У докторни даҳлиздан катта залга олиб ўтди; залда рояль қорайиб кўринар, оқ жилд тутиб қўйилган қандил осилиб турарди; бу ердан иккови мўъжазгина меҳмонхонага ўтди; бу чиройли, ниҳоятда роҳатбахш меҳмонхона кишига жуда ҳам ҳузур берадиган хирагина пушти ёғду ичида эди.
— Хўп, сиз шу ерда ўтириб туринг, доктор, мен… мен ҳозир келаман, — деди у. — Мен кириб, доктор келди, деб айтиб қўяй.
Кирилов ёлғиз қолди. Меҳмонхонанинг ҳашамати, кишига ҳузур берадиган ғира-шира ёруғ, бировнинг — танимаган бир кишининг уйига келиб қолиши, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси олди-қочди бир характерда бўлиши унда ҳеч қанақа таассурот уйғотмаганга ўхшарди. У карболка куйдирган қўлини креслода томоша қилиб ўтирарди. Чўғдай ярқираб турган абажур билан виолончел қутисига кўзи бир тушди-ю, кейин соат тиқиллаб турган томонга қия боқиб, Абогиннинг ўзига ўхшаш серсавлат, тўқ бўри қурчоғини кўрди.
Ҳаммаёқ жимжит эди… Қўшни хоналарнинг бирида, узоқда, аллаким қаттиқ: «а!» деб юборди, ойнабанд эшик жаранглади; у жавон эшиги бўлса ҳам ажаб эмасиди; кейин яна ҳамма ёқ жим бўлиб қолди. Кирилов беш минутча кутгандан кейин, кўзлари томоша қилишдан тўхтади-да, Абогин кириб кетган эшикка қаради.
Эшик остонасида Абогин турарди, лекин у боя чиқиб кетган Абогин эмас эди. Ундаги тўқлик ва нозик гўзаллик аломатларидан асар қолмаган; юзи, қўллари, ангори ёмон қўрқишданми ё қаттиқ жисмоний оғриқданми жирканч тус олган. Бурни, лаблари, муртлари, юзидаги барча чизиқлари қимирлар, гўё юзидан узилиб тушишга ҳаракат қилаётгандай туйилар, кўзлари эса айни оғриқдан кулаётганга ўхшаб кўринар эди…
Абогин оғир одимлар билан уй ўртасига лорсиллаб келди, қадди букилди, оҳ тортди, кейин муштларини силкитиб туриб бақирди:
— Алдаб кетипти! — «ти» бўғинини кучининг борича бақириб айтди. — Алдаб кетипти! Кетиб қолипти! Ўзини ёлғондан касалга солган-у ўша масхарабоз Папчинский билан қочиб кетиш учунгина мени докторга юборган! Э худо!
Абогин доктор томонга гурс этиб бир қадам ташлади-да, оппоқ, юмшоқ муштларини унинг юзига келтириб туриб силкитди ва шу алпозда сўзини давом қилди:
— Кетиб қолипти! Алдаб кетипти! Нимага алдайди, а?! Э худо! Э шўрим қурсин! Бу ифлос найрангбозлик, бу ярамас қилвирилик, бу иблис ўйини, илон ўйини нима керак экан, а? Нима ёмонлик қилувдим унга? Кетиб қолипти!
Абогиннинг кўзларидан ёш сачраб чиқди. У бир оёғи устида айланиб, меҳмонхонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. У ҳозир эгнидаги калта сюртуги ва оёқларини жуссасига қовушмайдиган даражада ингичка қилиб кўрсатиб турган тор мода шими, ниҳоятда зўр калласи ва ёлдай тушиб ётган сочлари уни жуда ҳам шерга ўхшатарди. Докторнинг шу топгача парвойи фалак бўлиб турган юзида қизиқиш аломати пайдо бўлди. Ўрнидан туриб, Абогинни кўздан кечирди.
— Қани ахир сиз айтган касал? — деб сўради у.
— Касал! Касал! — деб бақирди Абогин, ҳам кулиб, ҳам йиғлаб ва ҳамон муштини силкитиб туриб. — Касал қайда! Лаънати у! Одам эмас, одам қиёфасидаги тубан махлуқ! Шундай қабиҳликни шайтон ҳам ўйлаб тополмайди! Қочиб кетиш учун, бир масхарабоз билан, нодон найрангбоз билан, бир ифлос билан қочиб кетиш учун мени алдаб жўнатган экан! Ё раббий, кошкийди бундан кўра ўлиб қола қолган бўлса! Йўқ, чидай олмайман! Асло чидай олмайман!
Доктор қаддини ростлади. Кўзлари пирпиради, жиққа ёшга тўлди, эчки соқоли ияги билан бирга чайқала бошлади. Кейин ҳайронлик ичида жовдираб:
— Шошманг, ахир бу қандай гап бўлди? — деб сўради. — Менинг болам ўлди, хотиним қайғуга чўмди, бутун бошли уйда бир ўзи қолди… ўзим бўлсам оёқда зўрға турибман: уч кеча ухламадим… Буниси нима энди? Мени шалоқ бир комедияда ўйнашга, яна қўғирчоқ ролини ўйнашга мажбур қилаётирлар! Тушунолмай… тушунолмай қолдим!
Абогин бир муштини очди, чангалида эзилиб ётган хатни ерга отиб урди-да, янчиб ўлдиргиси келган ҳашаротни босаётгандай, уни депсаб ташлади. Кейин бир муштини ўз тумшуғи яқинида силкитиб ва оёғининг қадоғини биров босиб олгандай, юзини буриштириб, ғижиниб туриб гапира бошлади:
— Кўзим кўр бўлиб қолган экан… сира сезмаган эканман! Ҳар кун келиб юрар экан, пайқамабман, — бугун ҳам каретада келипти, — сезмабман! «Нимага каретада келади?» деб ўйламабман! Қовоқбош!
— Тушунолмай… тушунолмай қолдим! — деб доктор ғўдирлади. — Ахир бу қанақа гап? Ахир бу инсон шахсини масхара қилиш, инсон дарду аламларини поймол қилиш деган гап-ку! Бу ҳеч ақлга сиғмайдиган гап! .. Бундақасини умримда биринчи марта кўряпман.
Доктор, ўзининг жуда ёмон хўрланганини энди пайқай бошлаган кишидек елкаларини ҳайрон бўлиб қисиб, қўлларини ёзди-да, нима деярини, нима қиларини билмай, мажоли қуриб, креслога ўтириб қолди.
— Хўп, мени-ку ёмон кўриб, бошқага кўнгил берибсан, — отамдан нари, — лекин алдаш нима керак? Бунақа разиллик, хиёнат билан макру ҳийла ишлатиш нима ҳожат? — деяр эди Абогин, йиғламсираб. — Нега бундай қилдинг? Нега, а? Мен сенга нима ёмонлик қилувдим? Менга қаранг, доктор, — Абогин Кирилов ёнига келиб, куйиб-пишиб гапирди: — сиз бошимга тушган қайғунинг ғайри ихтиёрий шоҳиди бўлдингиз, шу учун ҳақиқатни сиздан яширмайман. Сизга қасамёд қилиб айтаманки, мен бу хотинни севардим, илоҳий бир севги билан, қулдай севар эдим! Унинг йўлига ҳамма нарсамни тикдим: қариндош-уруғларим билан юз кўрмас бўлдим, ишимни ва музикани ташладим, шундай қилиқларини кечирдимки, агар онам ё опам шу хил қилиқ қилса, мен уларни асло кечирмас эдим… Эр бўлиб, бирон марта олайиб қарамадим… Олайиш қаёқда! Нега мени алдайсан? «Нега севмадинг?» демайман, йўқ, «нега мени бунақа разиллик билан алдаб кетдинг?» дейман? Севмас экансан, кўнгличт йўқ экан, тиккасига: «севмайман»де қўй-да, бу тўғрида қандай иш тутишимни ўзинг билганингдан кейин…
Абогин кўзларида жиққа ёш, бутун вужудида дағ-дағ титроқ билан бор аламини докторга очиб солди. У иккала қўлини кўксига босиб туриб ҳарорат билан сўзлар, ўзининг оилавий сирини сира иккиланмасдан очиб ташлар ва бу сирларни айтиб, юрагини бўшатаётганига севинаётгандай кўринар эди. Шу тахлитда бир-икки соат гапирса, дардини айтиб, юрагини бўшатса, енгил тортиши шубҳасиз эди. Ким билади, агар доктор унинг оҳи-зорига яхшироқ қулоқ солса, дардларига ҳамдард бўлса, балки, бемаъниликка йўл қўймай, тақдирига тан бериб қўя қолармиди? Ахир шундай ҳоллар кўп бўлади-ку… Лекин иш бошқача бўлди. Хўрланган доктор Абогин гапириб турганда асга-секин ўзгариб борди. Чеҳрасидаги парвосизлик билан ҳайронлик аломатлари ўз ўринларини секин-секин аччиқ аламга, нафрат ва ғазабга бўшатиб бераверди. Юз чизиқлари яна ҳам дағал, бичимсиз ва ёқимсиз тус ола борди. Абогин монах хотинларники сингари юзи дарров кўзга ташланмайдиган қуруқ, лекин сўлим бир жувон суратини докторнинг кўзига яқин келтириб туриб:«Мана шундай дилбарни кўрган киши бунинг қўлидан алдов келади деб ўйлаши мумкинми?» деб сўраганда, доктор бирдан сапчиб тушди, кўзларидан ўт чақнади, кейин дона-дона қилиб гапирди:
— Нима қиласиз менга бу гапларни айтиб? Айтманг, эшитмайман! Хоҳламайман! — доктор шу сўзларни бақириб айтгандан кейин столга гурсиллатиб бир мушт урди. — Сизнинг куракда турмайдиган сирларингизнинг кераги йўқ менга, падарига лаънат! Қўйинг, бунақа пардасиз гапларни менга айтманг! Ё менинг шунча хўрланганимни кам билаяпсизми? Нима, мен малайманми, кўнглим хушлаганича хўрлайвераман, деб ўйлайсизми? А?
Абогин, ҳангу-манг бўлиб, орқага тисарилди. Доктор бўлса, соқолини дилдиратиб, ҳамон бақирар эди:
— Мени бу ерга нега олиб келдингиз? Агар сиз жир бойлаганингиздан хотин олиб, жир бойлаганингиздан қутирсангиз, оилангизда машмаша қўзғасангиз, менда нима гуноҳ? Сизнинг эру хотинлик савдонгиз билан менинг неча пуллик ишим бор? Қўйинг мени ўз ҳолимга! Ана катта кўча: хоҳласангиз — мушткеттини машқ қилинг, хоҳласангиз — одампарварлик ғояларига берилинг, хоҳласангиз чалинг (виолончель солинган қутига бир кўзини олайтириб қараб қўйди): контрабасда хоҳлайсизми, тромбонда хоҳлайсизми, — чалаверинг, хоҳласангиз — боқувдаги ахта хўроздай жир босинг, лекин инсон шахсиятини зинҳор масхара қила кўрманг! Мабодо инсон шахсиятини ҳурмат қилиш қўлингиздан келмаса, лоақал уни эътиборингиздан соқит қилинг!
— Шошманг, бу нима деганингиз ўзи? — деди Абогин, қизариб-бўзариб.
— Буми? Одамни ўйинчоқ қилиш — пастлик ва разиллик деганим! Мен врачман; сиз бўлсангиз атир ва фаҳш ҳиди анқиб турмайдиган врачлар ва ишчиларни ўзингизнинг малайларингиз, тарбиясиз одамлар деб ҳисоблайсиз! Менга деса ҳисоблайверинг, лекин дард-алам остида эзилиб ётган бир бечорани қўғирчоққа айлантирманг, сизга ҳеч ким бу ҳуқуқни берган эмас!
— Қайси бет билан менга шу гапларни гапиряпсиз? — деб сўради Абогин, паст бир товуш билан; шу пайт юзининг эти яна уча бошлади, аммо бу сафар аччиғи қистаганидан учаётгани аниқ эди.
— Йўқ, менинг бошимга тушган қайғуни била туриб, мени бу ерга нега олиб келдингиз-у, нечун ахлоқсиз гапларни эшитишга мажбур қилдингиз? — деб доктор бақирди-да, гурсиллатиб столга яна бир мушт урди. — Бировнинг бошидаги қайғусини нега оёқ-ости қиласиз? Ким берди сизга бу ҳуқуқни?
— Жинни бўпсиз! — деб Абогин ҳам бақирди. — Андишали одам бу хилда гап қилмайди! Ўзим ҳам ўлгидай бебахтман, мана… мана…
— Бебахтмиш!—деди доктор, нафрат билан заҳарханда қилиб. — Бу сўзга тил тегизманг, бунга сизнинг дахлингиз йўқ! Векселга пул тополмаган лапашанглар ҳам ўзларини бебахт деб атайдилар. Жири оғирлик қилаётган ахта хўроз ҳам бебахт эмиш! Сариқ чақага ҳам арзимайдиган одамлар!
— Марҳаматли жаноб, ҳаддингиздан ошиб кетдингиз! — деб чинқирди Абогин. — Бундай сўзлар учун… калтаклайдилар! Билдингизми?
Абогин ён чўнтагига шошиб қўл суқди-да, картмонини олиб, ичидан иккита қоғоз пул чиқарди, кейин уни столга ирғитди.
— Ана келиш ҳақингиз! — деди-ю, бурун катакларини пўкиллатиб: — Ҳақингиз тўланди! —деб қўшиб қўйди.
— Менга пулингиз керак эмас! — деди доктор қичқириб, столдаги пулни ерга туртиб юборди. — Ҳақорат қилганлик учун пул билан ҳақ тўламайдилар!
Абогин билан доктор юзма-юз туриб олиб, аччиқ устида бир-бирини ноҳақ ҳақорат қилаверди. Улар ҳеч вақт, ҳатто тушларида ҳам шунчалик ноҳақ, қўрс ва бемаъни гапларни айтмаган бўлсалар керак. Икковининг ҳам хатти-ҳаракати ва сўзларида бебахт одамнинг ўжарлиги бор ва бу ҳол равшан сезилиб турар эди. Бебахт одамлар жуда ўжар, заҳар, ноинсоф, бераҳм бўладилар. Улар бир-бирларининг дард-у аламларига нодон одамлардан ҳам камроқ тушунадилар. Бебахтлик одамларни бириктирмайди, бир-биридан айиради; ҳатто бошларидаги қайғу-аламнинг бир хиллиги уларни яқинлаштириши керакдай бўлган жойларда ҳам ноҳақлик ва бераҳмлик бир мунча тўқ одамлар орасидагидан кўпроқ қилинади.
— Марҳамат қилиб, мени уйимга жўнатинг! — деб бақирди доктор, нафаси тиқилиб.
Абогин шартта қўнғироқ чалди. Чақириғига ҳеч ким келмагандан кейин яна бир марта чалиб, қўнғироқни жаҳл билан ерга отиб урди; қўнғироқ гилам устига пақиллаб тушиб, жон бераётган кишининг оҳига ўхшаш мунгли товуш чиқарди. Малай кирди.
— Ҳамманг қаёққа даф бўлдинг, падар лаънатилар?! — деди хўжайин унга мушт ўхталиб. — Ҳозир қаерда эдинг? Бориб айт: манови жанобга коляска келтиришсин, менга карета тўғрилат!—Малай ўгирилиб энди чиқиб кетмоқчи бўлиб турганда, хўжайин тағин қичқирди:— Эртага хоинлардан биттаси ҳам уйда қолмасин! Ҳаммаси йўқолсин! Янги одамлар оламан! Газандалар!
Абогин билан доктор, араваларини кутиб, индашмай турди. Абогиннинг башараси яна аввалги тўқ ва нафис тусига кирди. У бир ниманинг фикри билан банд бўлса керак, бошини жуда чиройли силкитиб қўйиб, меҳмонхонада юра бошлади. Ҳали жаҳлидан тушмаган бўлса ҳам, лекин душманининг шу ердалигидан бехабардай бир қиёфа олишга тиришарди… Доктор бўлса, Абогинга хунук ва ошкор бир иафрат билан қаттиқ тикилиб, тикка турарди; пешонаси шўр, қайғуси мўл одамлар тўқлик ва нафисликни кўрганда, унга докторнинг Абогинга қараганига ўхшатиб қарайди.
Бир оздан кейин доктор коляскага ўтириб жўнади; унинг кўзлари ҳамон нафрат билан қарар эди. Ташқари қоронғи, бир соат бундан аввалгидан ҳам қоронғироқ. Қизил ярим ой бўлса аллақачон адир орқасига ўтиб кетибди; уни боя қўриқлашиб юрган қора булутлар юлдузлар ёнида қора доғ бўлиб сочилиб ётибди. Қизил чироқли карета йўлда дўпирлаб келиб, доктордан ўзиб кетди. Унда Абогин норозилик билдиргани, бемаънилик қилгани боряпти…
Доктор йўл бўйи хотини тўғрисида эмас, Андрей тўғрисида ҳам эмас, у ҳозиргина ўзи ташлаб чиққан уйда яшовчи одамлар ва Абогин тўғрисида ўйлаб борди. Одам боласига ярашмайдиган бераҳмлик ва ноҳақлик билан фикр юритди; Абогинни ҳам, унинг хотинини ҳам, Папчинскийни ҳам, дунёда гашт қилиб яшовчи ва ўзидан атир ҳиди сочувчи одамларни ҳам қоралади, улардан йўл бўйи жирканиб борди, қалби қаттиқ нафратланди. Миясида эса бу одамлар тўғрисида ёмон фикр ва бунга ишонч туғилди.
Замон ўтади, Кириловнинг қайғу-алами ҳам унутилади, лекин одам боласининг қалбига ярашмаган бу ноҳақ ишонч унутилмайди, докторнинг ўлгунича миясида қолади.
Мирзакалон Исмоилий таржимаси