Эдвард Ртвеладзе. Сўғдлик денгизчилар

Кема дарғаси Исмоилий менга бу тоифа балиқлар Занжилар денгизи ва Самарқанд баҳри муҳитида учрашини айтиб берганди.

Бузург ибн Шаҳриёр, X аср.

Ёзма манбаларда, тарихий асарларда, Ўрта Осиё халқлари эртак ва афсоналарида сўғдликларнинг денгиз ва баҳри муҳит саёҳатлари ҳақидаги, Амударёда қадимги ва ўрта асрлардаги кемачиликнинг катта аҳамияти тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолган. Гап шундаки, ўша пайтларда Амударё ҳозиргига қараганда кенгроқ, чуқурроқ ва серсув бўлганлиги шубҳасиз.

Ўрта Осиёнинг икки дарё оралиғидаги барча жойлари ўша вақтларда катта ва кичик дарё ва кўллар билан қопланган эди.

“Авесто”нинг рамзлари Сура — “кучли” ва Анаҳита — “соф, бокира” бўлган сув ва мўл-кўлчилик маъбудаси даврида (яъни Ардви — Сура Анаҳита)га бағишланган қўшиғида шундай дейилган:

Ворукаша денгизи бошдан-оёқ
Чайқалади қирғоқларга бош уриб.
Ўзининг мингта ирмоғи
Ва мингта кўли билан
Ардви унга сувларини келтириб қуйганида
Тўлқинлар кўпириб-тошиб
Осмонларга сапчийди.

XIX асрдаёқ тадқиқотчилар бу тасвирни Амударё (қадимги Окс) ўзани билан қиёслаш, Ворукаша денгизини Орол денгизига ўхшатиш мумкин деб ҳисоблашган, Ардви маъбудасини эса Амударё илоҳи даражасигача кўтаришган. Гарчи бу жойларнинг чегараланиши бўйича бошқа фикрлар ҳам мавжуд бўлса-да, мазкур тахминлар кўп жиҳатдан ҳамон ўз кучини сақлаб қолмоқда.

Шу муносабат билан шуни эслаб ўтиш жоизки, 1558 йилда Хоразмга саёҳат қилган инглиз элчиси Женнинсон Амударёнинг бош ирмоғи бўлмиш Ардок дарёсини эсга олиб ўтади, ушбу ном Ардви дарёси ва номи “Авесто”да тилга олинган илоҳ номи билан ёрқин этимологик алоқадорликка эга.

Археологик маълумотлар, Ўрта Осиё икки дарё ирмоғида топилган қадимги ва ўрта аср даврлари ёдгорликларида турли хилдаги кемаларнинг бизгача етиб келган суратлари ҳам шуни тасдиқлаб турибди.

Ушбу дарё, тўғрироғи, унинг қуйи оқимининг илоҳий ҳомийси буюк бақтрия худоси Оахшо эди, эгнига узун либос кийган, ўнг қўлида уч шохли паншаха, чап қўлида каттакон балиқ тутган алпқомат эркак киши кўринишидаги унинг тасвири Кушон шоҳи Хувишканинг олтин тангаларида ўрин олган. Бу илоҳ номидан Амударёнинг тожикча номи Вахш келиб чиққан. Қадимда бирон дарё илоҳига атаб эҳромлар тиклаганлар (улардан бири Тахти Сангин манзилгоҳида топилган), ҳайкаллар ясаб, меҳроблар қурганлар, маиший буюмларни унга атаганлар.

Вахшнинг бир қисми — Окс кўплаб бақтрияликлар илоҳий исмлари таркибига кирган, шулардан энг машҳури Александрнинг қайнотаси Оксиарт Вахшувардир. Куёвининг ўлимидан кейин у Ўрта Осиё тарихида ўз номидан биринчи бўлиб оромийлар афсоналари акс этдирилган олтин тангалар чиқарди. Бу афсоналар унинг Вахшувар исмига бақтрияча жаранг бағишладики, В.А.Лившиц фикрига кўра у “Вахш худосининг маҳбуби ёки унинг муҳофазасидаги зот” деган маънони англатади.

Ушбу ном Ўзбекистоннинг жанубида унча катта бўлмаган, Бойсунтоғ этакларида жойлашган (Сурхондарё вилоятининг Денов тумани) Вахшувар қишлоғида ҳозиргача сақланиб қолган. Бу ерда ушбу зодагон бақтрия акобирининг насаб ибодатхонаси жойлашган.

Бақтрияликлар ва хоразмликлар ҳақида эслатиб ўтилган турли ёзма манбалардаги маълумотлари шундан далолат берадики, эрамизгача VI-V асрлардаёқ улар денгиз саёҳатларига чиққанлар. Бу эрамизгача 464 й. да Нилнинг қуйи оқимларидаги Элефантин оролида қўним топган ҳарбий ўрдада хизмат қилган хоразмлик Драгаман ва Дарданеллнинг европа қирғоғида жойлашган Сест шаҳрининг собиқ бошлиғи (бу ҳам хоразмлик) Артаиктдир (Геродот, VII, 78). Делос оролида бир ёзув топилган бўлиб, унда шоҳ Артарксерксга қарши бош кўтарган ва Пергамни эгаллаган бақтриялик Оронт ҳақида сўз юритилади.

Шу нарса равшанки, улар бу ерга Ўртаер ёки Эгей денгизлари орқали етиб келишлари мумкин эди.

Бизга маълум бўлган биринчи сўғдлик денгиз сайёҳи, афтидан, Жануби-Шарқий Хитойда буддавийликни даставвал тарғиб қилган машҳур Кем Сен-хунинг отаси бўлган эди. Аждодлари Ҳиндистонда яшаган бўлиб, улар Сўғддан кўчиб бориб қолишган, кейинчалик Кан Сен-хунинг отаси Изяочжи, яъни Шимолий Вьетнамга бориб қолади ва у ерда савдо билан шуғулланади. У бу ерга Малай ярим оролини айланиб ўтиб, Ҳинд баҳри муҳитидан Жануби-Шарқий Хитой бандаргоҳларига борувчи очиқ, анча қулай денгиз йўли билан етиб келган бўлса, ажаб эмас.

Бироқ борди-ю, биз буни фақатгина тусмол қилганимизда ҳам шу нарса кундай равшанки, VI асрнинг иккинчи ярми бошида самарқандлик савдогар Маниах ва унинг сўғдлик ҳамроҳлари узоқ йўл юриб Қора денгизгача етиб келганлар. Севастополлик — Цхумидан византия кемасида бу денгизни сузиб ўтиб, Константинополга келиб тушганлар. Бу ерда улар Византия императори билан ушбу мамлакатга сўғд ипагини етказиб бериш ҳақида музокаралар олиб борганлар. Улар билан бирга (П.Лерх фикрича) Ўрта Осиёдан хоразмликларнинг вакили ҳам бўлган.

Кейинчалик сўғдликлар Византия кемаларида Қора денгизни бир неча марта сузиб ўтганлар ҳамда ипак ва бошқа моллар билан ўзаро фойдали савдо ишлари олиб борганлар. Шу муносабат билан В.И.Атаевнинг фикри алоҳида қизиқиш уйғотади. Унга кўра Қрим яриморолининг шарқий соҳилида ҳозирда ҳам мавжуд бўлган Судак шаҳрининг номи даставвал “Сўғдак” деб айтилган, бу “кичик сўғд мустамлакаси” деган маънони англатган. Бундай номнинг пайдо бўлиши сўғдликларнинг на фақат карвон йўли савдосида, балки Қора денгиз орқали Византия билан денгиз йўли савдосида ҳам катта аҳамият касб этганлигини намоён этиб турибди.

Хитой ва Японияда яқинда топилган топилмалар, афтидан, сўғдликларнинг Узоқ Шарқдаги денгиз йўли савдосида ҳам бевосита иштирок этганлигини кўрсатмоқда. Улар орасида Япониянинг қадимги пойтахти Нарада жойлашган Хоружа қалъаси хазинасида топилган, паҳлавийча ва сўғдча ёзувлар бўлган сандал ёғочининг икки лавҳаси ҳам бор. Паҳлавийча ёзувда бу буюмлар эгаларининг ёки уларни сотишда даллоллик қилган шахснинг исми битилган. Сўғдча лавҳада эса иккита сўз битилган бўлиб, улар, афтидан, оғирлик ўлчовини билдиради. Ёзувлардан бирида кўрсатилишича, ушбу буюмларнинг Японияга олиб келинган санаси эрамизнинг 761-йилига тўғри келади.

Саксонинчи йилларнинг биринчи ярмида Вьетнам чегаралари яқинидаги Кантон вилоятидаги қадимшунослик қазилмалари чоғида хитой олимлари сопол идишни топдилар. Унда кўплаб олтин ва кумуш буюмлар билан биргаликда сосонийлар шоҳи Пероз (Ферўз) (459-481 й.й.)нинг драҳмалари ҳам бор эди, уларда ушбу буюмларнинг кўмиб қўйилган саналари битилганди — VI асрнинг биринчи ярми. Бироқ дастлабки ўқилганда маълум бўлган паҳлавий ёки шарқий-эрон ёзуви бўлган кумуш идиш энг муҳим топилдиқ бўлиб ҳисобланади. Унинг сўғдликларга мансублигини япон сўғдшунос олими Итока Иошида аниқлади. Унинг ўзи бу ёзувни қуйидагича таржима қилган: “42 статер (вазн) лик ушбу идиш Чоч халқидан (…)га тегишлидир”. Ёзув ўртасида тамға бор. Араблар давридаги Шош деб аталган Чоч — бу ҳозирги Тошкент вилояти ва унга туташ туманлар номидир. Шуниси диққатга сазоворки, 1908 йилда Уралдаги Корчево қишлоғида топилган ва ҳозир Давлат Эрмитажида сақланаётган кумуш идишда ҳам эрамизнинг VI асрига оид сўғдча ёзув бўлиб, унда ҳам бу буюмнинг Чоч ҳокимига қарашлилиги кўрсатилган.

Ушбу топилма муносабати билан бир қатор хитой ва япон олимлари илк ўрта аср даврида Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги денгиз йўли савдосида сўғдлик савдогарлар иштирокидаги масалани кўндаланг қўйдилар.

Масалан, япон олими Иожима тахмин қилишича, сўғдлик савдогарлар бу йўлдан VII-VIII асрларда ҳам фойдаланганлар ва Хитойда сандал (уд) ёғочи сотганлар.

Хитойнинг жануби-шарқий қирғоғидаги энг йирик денгиз бандаргоҳи Гуаньчжоу бўлган эди, бу ерда VII-VIII асрлардаёқ денгиз йўли билан савдо ишларини амалга оширувчи катта араб-форс мустамлакаси юзага келган эди. Унинг аҳолиси орасида Ўрта Осиёдан келиб чиққан ва кўпинча форслар деб аталган кишилар бўлганлиги истисно этилмайди.

Ал-Муқаддасий (Х аср) келтирган маълумотлар сўғдлик савдогарларнинг денгиз йўллари бўйлаб қилган саёҳатлари қадимдан анъана тусини олганлигидан далолат беради. Унга кўра Самарқанд савдогарлари аввал Ироққа ўтганлар, сўнгра бу ердан денгиз йўли орқали Ҳиндистон ва Хитойга борганлар.

Х аср иккинчи ярмида ёзилган машҳур “Ҳиндистон мўъжизалари ҳақида китоб” муаллифи Бузург ибн Шаҳриёр Ҳиндистон, Хитой, Африка ва Индонезияга сузувчи денгизчилар ва савдогарларнинг ҳикоя ва ривоятлари асосида 300 йил (912—913)да Араб денгизи соҳилида наҳанг ови ҳақидаги ғоят ажойиб бир ҳикояни келтиради.

“Дарға Исмоилийнинг менга ҳикоя қилишича, — дейди у, — бу зот балиқ кўпинча Занжилар денгизи ва Самарқанд баҳри муҳитида (Самарқанд денгизида) учрар экан”. Занжилар денгизи бу — Африка шарқий қирғоғи яқинидаги Ҳинд баҳри муҳитининг бир қисмидир, чунки занжилар деб араблар негрларни айтганлар.

Самарқанд баҳри муҳитига келганда, унинг жойлашуви ҳақида олимлар турлича фикрлайдилар. Бироқ шу нарса равшанки, Ҳинд баҳри муҳитининг Форс қўлтиғидан Ҳиндистонгача бўлган қисмини ана шундай атаганлар. Бу ном зинҳор тасодифан пайдо бўлган эмас, у сўғдлик денгизчиларнинг қадимги анъаналаридан келиб чиққан. Афтидан, бу вақтга келиб асли Самарқанддан бўлган кишилар денгиз йўли савдосида фаол иштирок этганлар ва денгиз йўлларида бот-бот кўзга ташланиб турганлар, натижада Ҳинд баҳри муҳитининг шарқий қисми ушбу шаҳар номи билан юритила бошланган.

Бузург ибн Шаҳриёр ўз китобининг бошқа бир жойида ёзади: “Бир дарғанинг менга ҳикоя қилишича, буюк Самарқанд денгизида (ушбу денгиз Ҳарқанд билан туташдир, Самарқанд денгизи унга келиб қуйилиши боисидан ҳам у Самарқанд деб аталади) у кўплаб наҳанг (кит)ларни кўрган эмиш”. Қатор олимларнинг фикрича, Самарқанд дарёси бу Ҳинд дарёси бўлиб, бир чети Помир тоғларига келиб туташувчи Ҳимолай тоғларидан бошланади. Афтидан, қадимги замонларда ҳам, ўрта асрларда ҳам Ўрта Осиёдан йўл олган савдогарлар ўз молларини шу дарёдан ташиганлар, шу муносабат билан у бир вақтлар Самарқанд дарёси деб аталган. Ҳиндистон Ўрта Осиёга ва ундан Қофқозорти ва Қора денгизга дарё йўли бўлганлиги ҳақида кўплаб юнон (грек) муаллифлари ҳам ёзган эдилар. Бу йўл Ҳинд, Қундуздарё ёки Балхоб бўйлаб, кейин эса Амударё ва Ўзбой орқали Каспий денгизига чиққан.

Ўрта Осиёда кеманинг энг дастлабки тасвири Нукусдан 20 км наридаги Бештўбе қояларидаги суратларда акс этдирилган. Бу ерда қоя сиртига бир мачтали, тўртбурчак елканли, баланд гажак тумшуқли ва унга нисбатан хиёл пастроқ қуйруқли ясси тубли кема тасвири ўйиб ишланган. Елканнинг ҳар иккала томонидан уни тутиб турган икки одам қиёфасини кўрамиз. Шуниси қизиқки, мачтанинг ҳар иккала томонидаги елканни кўтариб турган икки, аммо анча аниқ одам қиёфаси Спартадаги (эрамизгача I мингйиллик боши) суяк тахтачада ҳам тасвирланган. Афтидан, Бештўбедаги суратда ҳам ўша жараён акс этдирилган.

С.П. Толстовнинг фикрича, Бештўбедаги сувратда тасвирланган кема шаклининг санаси эрамизгача III дан I мингйиллик бошларигача деб ҳисоб қилинадики, бу бринж даврига тўғри келади. У таъкидлайдики, мазкур кема ўз тузилиши бўйича замонавий Амударё қайиқларидан кескин фарқ қилади ва қадимги замон Миср ёдгорликларидаги кемалар тасвирини эсга солади. Бир елканли жуда оддий турдаги бу кема Миср, Месопотамия ва Шарқий Ўрта Ер денгизида ҳам расм бўлган эди. Миср сулоласигача, яъни эрамизгача V-IV мингйилликлар даврига оид сопол идишлардаги дунёда энг қадимги тасвирни мисол учун олиб қарайлик. Бу энг оддий елканли кема бўлиб, қуйруғи ва тумшуғи баланд, тўртбурчак елкани ўртада эмас, кема тумшуғига яқинроқ қилиб ўрнатилган эди.

Орол денгизи ва Амударё бўйлаб сузиш учун қадимги хоразмликлар бир мачтали елканли кема яратганлар, улардан бошқа мақсадлардан ташқари балиқ овлашда ҳам фойдаланганлар. Спартадаги эрамизгача I мингйиллик бошларига оид ўша суяк тахтача шу мақсадларда кемалардан фойдаланишнинг ёрқин мисоли бўлиб хизмат қилади. Бунда бевосита кемадан туриб балиқ овлаётган балиқчилар тасвирланган.

Эслатиб ўтамизки, балиқ овлаш Хоразм аҳолиси ҳаётида ҳар доим катта аҳамиятга эга бўлиб келган, унинг калтаминор неолит маданияти бу ерда эрамизгача V — II мингйиллик ўрталарида кенг ёйилган бўлиб, олимлар уни балиқ овловчилар ва овчилар маданияти сифатида белгилаганлар. Елканли кеманинг мазкур тури Хоразмда Олд Осиёнинг энг қадимги тараққиёти таъсири остида юзага келганлиги ҳам истисно этилмайди. С.П.Толстов ва Л.С.Толстова кўрсатиб ўтишганидек, Хоразм бу тараққиёт билан узвий этно-маданий муносабатлар ўрнатган эди.

Янада қизиқарлироқ мисолларни келтиришимиз мумкин: бу финикияликлар кемасидир. У асосан савдо кемаси бўлиб, эрамизгача VIII асрга оид Сарагон II саройининг бўртма суратларида акс этдирилган.Бештўбе қоясида тасвирланган кема сингари у ҳам бир елканли, бир мачтали бўлиб, мачтани бири тумшуққа, бири қуйруққа тортиб боғланган икки арқон ушлаб туради. Шуни айтиш керакки, финикияликлар кемасининг тумшуқ қисми от боши кўринишидаги залворли гажак уч билан тугалланган, хиёл пастроқ бўлган қуйруқ қисми эса от думи шаклида ясалган.

Бештўбе кемаси тасвирида гажак учининг мавжудлиги унинг ҳам тумшуқ қисми қандайдир жониворнинг боши, қуйруқ қисми эса думи кўринишида безатилган дея тахмин қилишга имкон беради.

Ёзма манбаларда Амударёда дарё кемалари мавжудлигини энг дастлабки далолати аҳмонийлар шоҳи Кирнинг эрамизгача 538 й.да массагетлар маликаси Тўмарисга қарши юриши билан боғлиқ. Геродотнинг шоҳидлик беришича, қўшинини нариги қирғоққа олиб ўтиш учун Кир Амударё (Аракс) орқали дам кўприклар қуришни, бу кўприкларни ташкил этувчи кемаларда эса миноралар тиклашни буюради.

Оксда кемалар бўлганлиги ҳақидаги эрамизгача 330 й. га оид иккинчи маълумот Аррианга тегишлидир, унинг хабар беришича, Александр Македонский қўшини яқинлашиб келаётгани ҳақида дарак топган Бесс “Окс дарёсининг нариги қирғоғига сузиб ўтди, ўзлари сузиб келган кемаларни ёқиб юборишди ва сўғдлар ери Навтакига кетишди” (Арриан, III, 28). Страбон (янги эранинг I асри) таъкидлайдики, Окс дарёсида кемалар сузар эди ва бу дарё Ҳиндистондан ташқари улар Осиёда кўрган дарёлар ичида энг каттаси эди (бу маълумотларни у Патроклдан (эрамизгача III аср) олган.

Ши-Цзида (эрамизнинг I асри) ҳам шу далил тасдиқланади, унга кўра “Гуйшуй (Амударё) дарёси бўйларида савдогарлар яшар эди, улар дарё ва қуруқликлардаги йўллардан ўз молларини минглаб ли масофаларга олиб кетар эдилар”.

Бу барча маълумотлар қадимги замонларда Амударё бўйлаб дарё кемачилигининг кенг ривожланганидан гувоҳлик беради. Афсуски, бу дарё бўйлаб сузишда фойдаланиладиган кемаларнинг турлари ҳақида ҳали жуда оз нарса биламиз. Улар орасида эшкакли кемалар билан бир қаторда елканли кемалар бўлган бўлса, ажаб эмас. Кемаларнинг бундай турларидан бири ҳақида Қоратепада (Кўҳна Термиз)ги эрамизнинг IV асри охири — V асри боши деб саналанган қатламларида топилган тошмуҳр нишонли ноёб фармон шарофати ила ҳозир ишончли маълумотномаларга эгамиз.

Бу фармонни эълон қилган Б.Г.Петерснинг айтишича, унда эшкакли ҳарбий юкчи кема ва ундан олдинда сузиб бораётган икки матроси бор учли лоцман қайиғи тасвирланган. Ушбу кеманинг таги доирасимон, бортлари тўқима ва чарм қопланган, тумшуқ қисми бошини баланд кўтариб турган аждарҳони эслатади, манжанақлари олдинга қаттиқ туртиб чиққан. Кеманинг борт қисмида тумшуқдан қуйруққача борувчи ва ўз навбатида ўн тик чизиқ билан кесишувчи беш ётиқ чизиқ ўтган. Кеманинг қуйруқ қисмида катта бошқарув човходаси (эшкаги) тасвирини кузатиш мумкин, унинг тагида эса 18 эшкак човходаси бор, бу кема ҳайдовчилари жами 36 эшкакчи ва бир дарғадан иборат деган хулосага олиб келади. Бундан ташқари, кема борти узра найзали беш жангчи тасвири бор. Б.Г.Петерснинг фикрича, ёрлиқда тасвирланган кема тузилиши вавилон (бобил) юкчи кемаси — гуф (эрамизгача I мингйиллик боши)нинг сақланиб қолган тасвирларига жуда ўхшаб кетади. Қоратепадан топилган ёрлиқда тасвирланган кема тузилишида Нимрудда эрамизгача VIII асрда топилган ассирия думалоқ кемаси тасвири билан хийла ўхшашлиги эътиборни тортади. Бу ерда ҳар иккала кеманинг думалоқ шаклдалиги ва улар бортларининг тўғри бурчакли бўлимларга бўлинганлиги мутлақо бир-бирига ўхшашдир. Бироқ ассирия кемасида манжанақ билан тугалланувчи баланд уч йўқ, бу ушбу кемалар вазифаларининг турличалиги билан боғлиқ — Б.Г.Петерс тўғри таъкидлаганидек, Қоратепадан топилган ёрлиқдаги кемалар ҳарбий-юкчи хусусиятга эга бўлган.

Мавжуд маълумотлардан кўриниб турибдики, қадимги замонларда Амударё бўйлаб сузишларда кемаларнинг икки тури — бир мачтали қозиқ елканли ва думалоқ (тўқима) эшкакли кемалардан фойдаланилган. Бу ҳар икки тур кемаларнинг келиб чиқиши, гарчи келиб чиқиш вақтлари номаълум бўлса-да, Шарқий Ўртаер денгизи мамлакатлари ва Месопотамия билан боғлиқ. Бу ёзма манбалар шоҳидлик беришича, хоразмликлар Мисрдаги Элефантин оролида яшаган эрамизгача VI-V асрлар ва Ўрта Осиё, Месопотамия ва Шарқий Ўртаер денгизи кучли маданий ва сиёсий алоқалар билан боғланган эллинизм даврида содир бўлган бўлса, ажаб эмас.

Қадимда Амударёда фойдаланилган кемаларнинг учинчи тури тўғрисидаги аниқ тасаввурни Афросиёб шаҳарчасидаги сўғд ихшиди Вархуман (эрамизнинг VII асри охири) нақшу нигорлари беради. Бу саройнинг шимолий деворида бир гуруҳ аёлларнинг, эҳтимол хитой элчихонаси бир қисмининг катта қайиқда дарёдан сузиб ўтаётгани тасвирланган. Ундаги одамлар миқдори бўйича олиб қаралганда бу оддий қайиқ эмас, балки ҳажмдор кема эди, чунки унда малика бошчилигидаги ўн аёл жойлашганди.

Кемани бошқариш учун кенг белкураксимон учли қуйруқ эшкагининг борлиги ва кема тузилишининг ўзи ҳам шундан далолат бериб турибди. У думалоқ тубга ва уч қават кенг тахтадан қилинган хийла баланд бортга эга. Кеманинг тумшуқ қисми шер боши билан тугалланади, қуйруқ қисми эса бир оз эгилган, унга кемани қирғоқда тутиб туриш учун ҳалқа осиб қўйилган.

Бошқа қайиқ олдида иккита от ва у билан ёнма-ён сузиб кетаётган одам тасвирланган. Бу отлар белгиланган жойдан оқим кемани узоққа олиб кетиб қолмаслиги учун унинг ҳаракатини бошқаришга мўлжалланган. Дарё кемасини эшкак ва от ёрдамида бундай усул билан бошқариш ХХ аср бошларигача Амударёдан сузиб ўтиш чоғида, жумладан, ўзига хос эшкакли кемаларда кенг қўлланилган ва бу XIX аср иккинчи ярмида Туркистондаги кўплаб саёҳатчилар томонидан қайд этилган.

Ўзининг бутун тузилиши, бир эшкак ва отлар ёрдамида бошқариш тизими, Афросиёб нақшу нигорларида тасвирланмиш йўловчилар миқдори ва ҳажми бўйича кемалар ўша кемаларга жуда ўхшаб кетади.

Шунингдек, Н.А.Каразиннинг 1888 йилдаги сурати бўйича фикр юритилса, Хива хонлигидаги кемалар ва солларда фойдаланиладиган эшкаклар хили илк ўрта аср Сўғдидаги эшкаклар хилига ўхшайди. Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, кема тасвири келиб чиқиш жиҳатидан Афросиёб деворий суратларида тасвирланган кема турларига келиб тақалади ва дастлабки иккитасидан фарқли ўлароқ, бу хил кема маҳаллий шароитларда вужудга келган.

Жуда қадим замонлардан буён Ўрта Осиёнинг икки дарё оралиғидаги сувларда юкларни олиб ўтиш учун ҳам, хийла узоқ муддатли саёҳатлар учун ҳам соллар ва дам тўлдирилган мешлар қўлланган. Жумладан, турли жониворлар терисидан тайёрланган якка ҳолдаги пуфлама саноч (мешкоб)лар қўлланилганлиги кўриниб турибди. Уларнинг қўлланиш муддати Александр Македонский қўшини тахминан Келиф ёки Чушка Гузар туманида Оксдан кечиб ўтган вақт, яъни эрамизгача 330 й. га тўғри келиб, бу энг дастлабки далолат ҳисобланади. Аррианнинг гувоҳлик беришига кўра, дарё олдига келгач, Александр нариги қирғоққа ўтиб бўлмаслигига кўзи етди, чунки дарё кенглиги бу жойда 6 стадия (қарийб 1,2 км.)га етар, ғоят чуқур ва тез оқар эди.

Шунда у чодир қилинган териларни бир жойга тўплашни, уларни қуруқ хашак билан тўлдиришни ва сув кирмайдиган қилиб тикишни буюрди. Шу воситадан фойдаланиб, Александр қўшини беш кун деганда Окснинг нариги соҳилига ўтиб олди (Арриан, III, 29, 2).

Амударё ва асосан унинг юқори оқимларида сўнгги вақтларда ҳам нариги соҳилга ўтиб олишда ана шундай дамли мешлардан фойдаланганлар.

Якка ҳолдаги мешкоблардан ташқари аксар ҳолларда ҳўкиз терисидан қилинган дамли қоплар ёрдамида чинакам соллар ясалган. Шу мақсадда қўшалоқ дамли қопдан фойдаланганлар, уларга ёнма-ён қилиб ходалар ётқизилган, ходалар бир-бирига ип ва арқонлар билан зич қилиб боғланган. Камида тўрт кишини кўтарадиган соллар ана шу тариқа юзага келган. Бисотимиздаги суратларда Амударё ирмоқларидан бири Қизилсув дарёсидан кечиб ўтиш жараёни тасвирланган. Кечиб ўтишнинг айнан шундай усули Х аср бошида араб сайёҳи Ибн Фадлан томонидан тасвирланган.

Н.Каразиннинг 1885 йилдаги суратларига қараб фикр юритадиган бўлсак, Амударё ва Сирдарёда дамли қопларсиз оддий турдаги соллар кенг расм бўлган. Улар узунасига ва кўндалангига қатор қилиб жойлаштирилган ходалардан ясалган. Бундай соллар ё солнинг олд ва орқа қисмларида турувчи икки эшкакчи (Хўжанд яқинида дарёни кечиб ўтиш жараёни тасвирланган сурат), ёки бир (Хўжайлидаги бозор тасвири) эшкакчи томонидан узун-узун эшкаклар билан бошқарилган.

Ўз юк кўтариш қобилиятига кўра ушбу соллар ҳам турлича бўлган — улардан баъзиларида эшкакчилардан ташқари яна бир қанча одам ва ташиладиган моллар жойлашган, бошқаларида — қақир-қуқури билан биргина элтувчи бўлган. Ўрта асрларда Жайҳун — Амударёда энг йирик дарё бандаргоҳи Термиз эди. Истаҳрий ва Ибн Ҳавкалларнинг таъкидлашларича, Термиз шаҳри Жайҳунда йирик бандаргоҳ (гавань) бўлиб хизмат қилган. ХХ аср охирларида яшаб ўтган Ал-Муқаддасий маълумотларига кўра, “Термиз — Жайҳундаги энг йирик шаҳардир… Бу ерда сув икки томондан оқиб ўтади ва кемалар унга ҳар икки томондан сузиб келиб, лангар ташлайди”.

Ал-Муқаддасий уларни бежиз “қайиқ” деб эмас, балки “ас-суфан” деб атайди, арабчада бу “кема” маъносини билдириб, булар турли катталик ва тузилишга эга бўлган дарё кемалари эканлигидан гувоҳлик беради.

М.Е.Массон маълумотларига кўра, қайиқчилар — “кештибонон” Термизнинг жанубий қисмида соҳил бўйига яқин жойда, кейинчалик эса, XV асрда қалъанинг ғарб томонида истиқомат қилганлар. У яна шу нарсани тахмин қиладики, улар орасида на фақат қайиқчи-матрослар, балки асосий касб-кори дарё кемалари ясаш ва созлашдан иборат кемасоз уста-ҳунармандлар ҳам бўлган. Кемаларни тайёрлашда маҳаллий дарахтлар — тол, қайрағоч ва тутлардан, чокларни ямаш учун қамиш попуги ва чигитсиз пахта — момиқдан фойдаланганлар.

Термиз кечувининг аҳамиятини Клавихо ҳам таъкидлаган. Унинг маълумотлари 1404 йилга оид. Ўша вақтда Амударёда қайиқлар сузган, одамларни бир соҳилдан бошқасига элтган, шуниси ҳам борки, одам элтиш учун сузишга рухсат берилган махсус ёрлиқ ёки фармон бўлиши шарт ҳисобланган.

Шу билан биргаликда Амударёдаги кемалар нафақат бир соҳилдан бошқасига олиб ўтишда, балки шу дарё бўйлаб кўпкунлик сузишларда ҳам қўлланган. Шу муносабат билан Ибн Баттутанинг 1334 йилга оид ахборотлари диққатга молик, у таъкидлайдики, Хоразмдан “ёз кунларида дарёдан кемаларда Термизга сузиб келишади ва бу ердан буғдой ва арпа олиб кетишади. Бу оқим бўйлаб ўн кунлик йўлдир ”.

Шуниси қизиқки, Хоразмдан Термизгача бўлган қуруқлик йўли Бухоро ва Қарши орқали ўтганда бир ойга яқин вақтни олган. Дарё бўйлаб уни уч баравар тезроқ ўтиш мумкин бўлган, дарё бўйлаб Термиздан Хоразмгача масофа тахминан 600 км ни ташкил этса, кемалар бир кунда 60 км. йўл босган.

Ўрта Осиёдаги иккинчи буюк дарё Сирдарё (Сайҳун)дан ҳам, гарчи бу ҳақда маълумотлар хийла оз бўлса-да, дарё кемачилигида кенг фойдаланилган. Ёқут ал-Ҳановийнинг жуғрофий маълумотлар қомуси ҳисобланган “Ҳудуд ал-олам” (Дунё сарҳадлари) рисоласида (XIII аср) кўрсатиб ўтилганки, Шош дарёсидан Хўжанд ва Фарғонага кемалар сузган. “Ҳудуд ал-олам” маълумотларига кўра Нуженд шаҳрида (ёки Нужкатда, М.Е.Массон уни Тошкентнинг жануби-шарқий чеккасидаги Хонободтепа шаҳарчасига, Ю.А.Буряков эса Чирчиқ дарёси келиб қуйиладиган жой яқинидаги Гул қишлоғи ўрнида бўлган шаҳарчага ўхшатади. Парк (Чирчиқ) ва Ҳашарт (Сирдарё) дарёсида ишловчи қайиқчилар (Кештибонон) истиқомат қилганлар. Сирдарё орқали энг асосий кечувлар Хўжандда, Оҳангароннинг Сирдарёга қуйилиш жойидаги Банокент — Шоҳруҳия туманида ва Чиноз туманида бўлган. Чиноз туманида ўрта асрларда Чиночкет, яъни “Хитой савдогарлари шаҳри” деган шаҳар мавжуд бўлган.

Қадимда ва ўрта асрларда Амударё ва Сирдарёнинг катта кечувларида жойлашган йирик аҳоли манзилгоҳларида ўз ҳаёт тарзларига эга бўлган муайян гуруҳдаги одамлар яшашган, улар махсус касб-кор — одам ташиш билан шуғулланганлар ва афтидан ўзига хос касб ташкилотларига бирлашганлар.

Юнон кечуви деб аталмиш шундай кечувлардан бири Бурдагўй ҳақида (юнонча “пандахейон” (меҳмонхона) сўзининг бузиб айтилгани, биз уни Термиздан 30 км. ғарбдаги Кампиртепа — Шўробқўрғон шаҳарчасига ўхшатгандик) XV аср муаллифи Ҳофизи Абрўнинг жуғрофий асаридаги қизиқарли маълумотлар мавжуд. “…Бурдагўй — Жайҳун соҳилидаги бир жой, — деб ёзади у. — Қадим замонларда Жайхун кечуви учун жавобгар бўлган йирик кема эгалари мана шу “Бурдагўй”да бўлганлар. Бу дарёни кесиб ўтган султонлар кечуви (гузаргоҳи) шу ерда бўлган. Қадимги подшоҳлар дарё кечувини қўриқлагани учун ҳам бу жойлардаги аҳолини қаноти остига олганлар ва уларни солиқлардан озод (тархон) қилганлар. Шу боис аҳоли қалин ва хўжайинлари бадавлат бўлган. Улар шу ердан ўтган ҳар бир сайёҳга яхши хизмат кўрсатганлар”.

Ушбу парчадан кўриниб турибдики, “Бурдагўй” кечуви чоғида муайян миқдордаги соҳиб кишиларнинг афтидан, фақат дарё қатнови билан шуғулланадиган катта миқдордаги кемалари бўлган (модомики йирик кема эгалари бўлгач, ундан кичикроқлари бўлиши ҳам табиий). Бу ҳақда юқорида тилга олинган “Ҳудуд ал-олам” маълумотларида сўз юритилган.

Россия Ўрта Осиёни босиб олган вақтга келиб, Амударё ва Сирдарё кемачилиги илгаригидек ушбу минтақа аҳолиси ҳаётида муҳим аҳамият касб этган, кемаларнинг ўзи эса тобора оддийроқ ва хиллари санжоброқ бўлиб бораверган.

Амударёдаги кемачилик тавсифи 1876-1878 й.й.да қидирув мақсадида ушбу дарёни диққат билан кўздан кечириб чиқиш чоғида штабс-капитан А.Биков томонидан батафсил тасвирлаб берилган.

Масалан, унинг маълумотларига кўра, Қабадиён, Патта Ҳисор, Шўроб, Чушка Гузар кечувларидан ўтилаётганда ўнг ва чап соҳилларда иккита дарё кемаси турган, улардан кўра йирикроқ кечувлар Келифда — 6, Керкида эса 4 кема бўлган. Шу билан бирга ҳар бир кемада элтувчи — кемачиларнинг муайян миқдори хизмат қилган: катта кемаларда — 6-7 одам, ўртачароғида — 3-4 ёки 5 одам.

А.Биковнинг шоҳидлик беришича, ҳар бир кечувдаги кемалар миқдори бу ердан ўтувчи савдо йўлининг муҳимлигига ёки дарёнинг ҳар икки соҳилида истиқомат қилувчи аҳоли миқдорига боғлиқ бўлган.

Шуниси ҳам борки, ишчилар ҳақи сифатидаги 25 фоиздан ташқари юк ташишдан тушган барча даромад беклик ҳукмдорлар орқали Бухоро амирининг фойдасига келиб тушган. 8-10 ёки ҳатто 12 минг тангагача бўлган асосий даромад Келиф кечуви чекига тушган. Бу демак: Бухоро ва Қаршидан мол билан чиққан ва Шимолий Афғонистоннинг Ахчи, Балх, Ҳулма шаҳарлари учун Кампиртепа (Кўҳитан тоғларида) қишлоғидан туз билан чиққан карвонлардан келиб тушган.

Амударё бўйлаб кечувлар ва сузишлар чоғида фойдаланиладиган кемалар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ушбу дарёни Вахш воҳасидан тортиб К… шаҳридан 50 км қуйироқда ётган Хўжа Жантас қишлоғигача 1878 й. ёзида синчиклаб текшириб чиққан ўша А.Биков келтирган. Унинг маълумотларига кўра, бу ерда бир-биридан ҳажми билан фарқ қилувчи ясси тубли сузувчи воситалар — кема туридан фойдаланишган. У таъкидлайдики, кема ўз тузилишига кўра Хива қайиқларига ўхшаб кетган, бироқ улардан кўра хийла ва кенгроқ, оғирроқ ва бошқариш қийинроқ бўлган.

Кема қурилишига тол ёки теракнинг бир тури бўлган патта ёғочи ишлатилган. Улардан чорқирра тўсинлар ажратиб олинган ва кема қурилиши чоғида улар бир-бири билан турум ёрдамида туташтирилган. Кема туби ясси бўлиб, янада чидамлироқ бўлиши учун тахталарни кўндаланг ётқизиб, мих қоқиб маҳкамланган.

Катта кемалар узунлиги тумшуғидан қуйруғигача 20 ва ундан ортиқ метрга етган. Кенглиги ўртада — 5 метр, бортлар баландлиги — 1 метр. Кема ичи бортдан бортгача ётқизилган ва уларга темир тасмалар билан маҳкамланган тўсинлар билан бўлакларга ажратилган. Ўртача кемалар узунлиги — 5 метргача, кенглиги — 3 ва ундан ортиқ метргача етган. А.Биковнинг шоҳидлигича, катта кемалар юк кўтариш қобилияти 16-18 туя, 18-20 от, 200 қўй, 700-800 пуд дон бўлиб, шунга нисбатан ўртача 10-12, 12-14, 150 ва 400 пудгача етган.

Катта кемаларда 67, ўртачаларида 3-4 ёки 5 ишчи хизмат қилган.

Кемалар елкансиз эшкакли бўлиб, уларни бошқариш учун кема йўналишини изга солиб турувчи учбурчак залворли калта эшкаклардан фойдаланилган. Бироқ, А.Биков сўзича, асосий эшкак воситаси бўлиб, кема харисига боғлаб қўйилган отлар хизмат қилган.

Одатда икки от қўшилган: бири — олдинги, иккинчиси эса — қуйруқ қисмида, у оқимга қарши томондан турган, токи от орқаси бортдан 60-70 см. пастда турсин. Сув чуқур жойларда отлар оёқлари билан сувни эшиб, ўзлари сузиб ўтган, саёз жойларда ва қирғоқда кемани судраб борган, улар чиллакли ва тасмали шатак қайишлар ёрдамида пухта арқонга қўшилган бўлади.

А.Биков таъкидлаганидек, саёз жойлар ва қуруқликда кемани тортиб боришнинг бундай усули Россиядагига жуда ўхшаб кетади.

Кемалардан нафақат кечув чоғида, балки дарё бўйлаб сузишда ҳам восита сифатида фойдаланишганки, бу А.Биков келтирган ҳисоб-китоблардан кўриниб турибди. Унинг маълумотларига кўра, дарё оқими бўйлаб юқорига кемани тортадиган арқонда 25 верстдан кўпроқ, яъни қарийб 50 км. гача масофани босиб ўтиш мумкин бўлган, қуйи томонга саёз жойлардан эса у 80 верст, яъни қарийб 170 км. масофани босиб ўтганки, бу қуруқликда тахминан 6 кунлик йўлга тўғри келади.

Шундай қилиб, 8-10 кеча-кундуз ичида кема Термиздан Хоразмгача бўлган масофани босиб ўта олар экан.

Ҳарбий қидирувчи сифатида А.Биковни биринчи галда бу кемалардан ҳарбий эҳтиёжларда фойдаланиш қизиқтирган. Унинг дастлабки ҳисоб-китоблари бўйича қарийб 160 милтиқли пиёда аскар ротасини кўтариш учун юксиз икки катта кема керак бўлар экан.

Айни вақтда Амударёнинг қуйи оқимида икки турдаги сузиш воситаси — қайиқлар ва кемалардан фойдаланганлар. Г.П.Снесарев этнографик маънодаги қизиқ маълумотларни келтиради. Кема елкан ва эшкаклар ёрдамида сузувчи катта ясси сузиш воситасини ўзида намоён этган. Улар юк, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, матолар ва бошқа молларни ташишга мўлжалланган. Улар Амударёнинг қуйи оқимларидан Орол денгизигача, юқорида Термизгача қатнаган, Хоразм (Хонқа)дан бу шаҳаргача чўзилган йўл бир ой вақтни талаб қилган.

Катта кемаларнинг ҳайдовчилар таркиби дарға, унинг ёрдамчиси ярим дарға ва ўн беш денгизчидан иборат бўлган. Ярим дарға бошқарувчи вазифасини адо этган. Уларнинг барчаси кемани унинг хўжайинидан одатда ўн икки ойга ёллаб олган ширкатга бирлашган. Қизил (муҳр) билан тасдиқланган шартномани тузиш чоғида кема эгалари бай пули бериб туришган.

Кема дарғаси бундай пайтда савдогарлар билан юкларни элтиш учун муайян суммага шартнома тузган. Қатнов тугагач ва савдогарлардан пул олингач, пулнинг бир қисми кема эгаларига тўланган, қолган қисми гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланган. Кўриб турибмизки, Хоразмда тўловнинг бир қадар бошқача тизими мавжуд бўлган, Амударёнинг ўрта оқимидаги кечувларида эса, А.Биков ёзганидек, асосий даромад давлат хазинасига тушган. Дарё яқинидаги қишлоқларда яшовчи денгизчилар касби авлоддан-авлодга ўтувчи мерос ҳисобланган. Кема ҳайдовчиларнинг худди шундай касб жамоаларини Б.Х.Кармишева Келифда қайд этган.

Г.П.Снесарев маълумотларига қараганда, денгизчи бўлишдан олдин янги келган бола ўқишнинг каттагина муддатини ўташи керак бўлган, у кемани бошқаришнинг кўплаб малакаларини оширишни ўз ичига олган бўлиб, бир неча йилгача чўзилган.

Г.П.Снесарев Амударё илоҳига қурбонлиқ қилиш билан боғлиқ қатор диний расм-русмларни аниқлаган, бунда жонлиқ сўйилган ёки ош тортилган, сувга туз ташланган, кема сувга туширилишидан олдин дарға дарёда чўмилган. Г.П.Снесарев яна шуни суриштириб билганки, кеманинг боши (тумшуғи) от ёлидан ўрилган узун ўримлар билан безалган, уларнинг оралиғида кўзга ўхшаган битта ёки иккита ойна ўрнатилган, биқин томонларда эса мато парчаларига тангалар, чиғаноқлар, туморлар чатиб қўйилган. Унинг айтишича, кеманинг тумшуқ қисмида аёл боши тасвири бўлган, унинг фикрича, бу дарё илоҳаси Ардвисура Анаҳитадир. Бу, албатта, фараз, холос, бироқ кеманинг тумшуқ қисмида қандайдир мавжудот тасвири бўлганлиги Афросиёбнинг эрамизнинг VII-VIII асрларига оид деворий суратларида учраган тасвирлар билан исботланган. Унда тумшуғи арслон боши сурати билан тугалланган кема тасвирланган. Маълумки, қадимда бу ердаги тасвирлар, шу жумладан, Анаҳитанинг боши ҳам ғоят ранг-баранг бўлган бўлиши керак.

Шундай қилиб, ҳатто мана шу қисқа маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, қадимда ва ўрта асрларда Ўрта Осиёнинг иккала дарёси бўйларида яшовчи аҳоли ҳаётида дарё кемачилиги ғоят катта ўрин тутган. Бу кечувларни назорат қилиб турувчи давлатга барқарор даромад келтириб турган, йирик карвон ва бошқа хийла майда савдо жараёнларини таъминлаган, балиқ овлаш, дарёда юк элтиш, кемасозлик ва ўткинчи савдо карвонларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ аҳолининг каттагина қатлами ҳаётини таъминлаган.

Амударё ва Орол денгизи бўйлаб кўп асрлар давомидаги сузишлар чоғида тўпланган бой тажриба сўғдликларга кейинчалик янада кенгроқ денгиз ва баҳри муҳитларни ўзлаштириш имконини берган бўлса, ажаб эмас.

Ғолиб Файзулла таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 11-сон