Я. П. Полонскийга бағишлайман
Чўлдаги катта йўл ёқасида қўй суруви тунаб қолган, уни икки чўпон қўриқлаб ётар эди. Улардан бири саксон ёшга кирган, кемшик, юзлари титраб турган чол, тирсагини чанг босган отқулоқ баргига тираб, йўл еқасида қорнини ерга бериб ётар эди; иккинчиси қошлари қалин, ҳали мўйлови чиқмаган, устига қоп қилинадиган сийрак матадан кўйлак кийган ёш йигит, қўлларини боши остига қўйиб чалқанча ётар эди ва қоқ тепасида чўзилиб кетган Сомон йўлига ва милтиллаб турган юлдузларга қараб ётар эди.
Чўпонлар ёлғиз эмасдилар. Улардан бир сажин нарида, йўлни чулғаб олган ғира-шира ичида, эгарлоқлик от қорайиб кўринар, унинг ёнида эгарга суяниб, катта этик ва калта камзул кийган бир киши турарди, афтидан у, хўжайинининг отлиқ қоровулига ўхшар эди. Унинг тик ва ҳаракатсиз қоматига, қилиғига, чўпонларга ва отга қилган муомаласига қараганда, бу ўз қадр-қимматини билган мулоҳазали, жиддий бир одам эди, ҳатто қоронғида ҳам ўзининг ҳарбийча тутиши, хўжайинлар ва гумашталар билан доим муомалада ҳосил қилинадиган улуғ сифат илтифот ифодаси кўриниб турар эди.
Қўйлар уйқуда эди. Осмоннинг шарқини қоплаб ола бошлаган шафақнинг кулранг нурида, ҳар жой-ҳар жойда бедор қўйларнинг қораси кўринади; улар бошларини қуйи солиб, ўйга толгандек турарди. Уларнинг фақат кенг чўл-у осмон, тун-у кун тўғрисидаги тасаввурларидан ҳосил бўлган оғир ва узундан-узоқ ўйлари, эҳтимол, уларнинг ўзнни ҳам эзиб, шалайим қилиб ташлагандай эди; улар қаққайиб қотиб қолганликларидан бегона киши борлигини ҳам, итларнинг безовталигини ҳам сезмасдилар.
Қоронғи ва дим ҳавода бир зайил товуш эшитилардики, чўлдаги ёз кечалари доим шундай бўлади; чирилдоқлар, беданалар тинмай сайрар, сурувдан бир чақиримча наридаги жарликда — сой ичидаги толзорда булбулчалар оҳистагина нола қилар эди.
Отлиқ қоровул тамаки чекмоқ учун чўпонлардан ўт сўрагани тўхтаган эди. У трубкасини ёндириб, индамай батамом чекиб бўлади, сўнгра чурқ этмай эгарга суянганича ўйланиб қолди. Ёш чўпон унга парво ҳам қилмади; у ҳамон осмонга қараб ётар эди, чол эса қоровулга узоқ тикилиб туриб сўради:
— Макаров мулкидаги Пантелей эмасмисан?
— Ҳа, шундай, — деб жавоб қилди қоровул.
— Ҳаҳ-ҳа. Танимабман — бой бўласан. Қайдан келяпсан?
— Ковили еридан.
— Узоқдан экан-да. Ерни тенг шерикликка беряпсизми?
— Ҳар хил. Тенг шерикка ҳам, ижарага ҳам, полиз экинларига ҳам. Аслини суриштирсанг, мен тегирмонга бориб келяпман.
Сарғиш, жунлари ҳурпайган, кўз ва тумшуғини жун босган қари овчарка бегонага гўё бепарво бўлгандек, отнинг теварагидан уч марта айланиб ўтди, кейин бирдан хириллаб, ириллаганича отлиқ қоровулнинг орқасидан югуриб қолди, бошқа итлар ҳам қараб туролмай, ҳар томондан югуришиб келдилар.
Чол тирсагига таяниб кўтарилганича:
— Тур кет, лаънати! Ҳу қорнинг ёрилиб ўлсин баччағар! — деди.
Итлар жим бўлгач, чол яна бояги вазиятига келиб салмоқлаб деди:
— Худди Вознесение ҳайити куни Ефим Женя Кавилида қазо қилган. Тунда бундай одамнинг номини тилга олиш ҳам гуноҳ бўлади, ярамас чол эди. Эшитган чиқарсан?
— Йўқ, эшитмаганман.
— Ефим Жменя Степка темирчининг амакиси бўлади Бутун атроф уни билади. Бай-бай, лаънати одам эди! Мен уни олтмиш йилдан, бери, французларни қувган подшо Александрни Таганрогдан аравада Москвага олиб жўнашган вақтдан бери биламан. Биз иккимиз подшонинг ўлигини кутиб олишга чиққан эдик, у вақтда катта йўл Бахмутга бормай, Есауловкадан Горадишчага борар эди, ҳозирги Ковилида ола тўғоноқлар ин қўйган эди — ҳар қадамда ола тўғоноқ ини кўринарди. Ўшандаям мен Жменянинг фалокат босган одамлигини, жин чалганини билган эдим. Билишимча, деҳқон тоифасидан бўлган бир одам индамай юриб, кампирларнинг расми-русми билан шуғулланса, яна бунинг устига сўққа бош бўлиб яшаса, ундан яхшилик чиқмайди; Ефимка бўлса ёшлигидан индамас бўлиб, кишига хўмрайиб қарар, товуқ олдида қанот ёйиб турган хўрозга ўхшар эди. Унинг черковга бориб ибодат қиладиган, ё кўчада ёш-яланглар билан ўйнайдиган, ёки қовоқхоналарга кириб юрадиган одати йўқ эди, аксари у ёлғиз ўтирар ё эса кампирлар билан пичир-пичир қиларди. Ёш бўлса ҳам асаларичиларга, ёки полизчига ишга ёлланар эди. Баъзан, яхши одамлар унинг полизига келса, тарвуз-қовунлари ҳуштак чалиб ётар экан. Бир куни у одамлар олдида бир чўртан балиқ тутиб олганида, балиқ хахолаб кулиб юборган.
— Рост, шунақа бўлади, — деди Пантелей.
Ёш чўпон бир ёнбошига ағдарилиб, қора қошларини чимириб, чолга синчиклаб қаради.
— Тарвузнинг ҳуштак чалганини ўзинг эшитганмисан? — деб сўради.
— Эшитишга-ку эшитганим йўқ, худо сақласин, деб чуқур нафас олди чол, — одамлардан эшитганман. Ажаб эмаски, агар ажина истаса тош орасида ҳам ҳуштагини чалаверади. Озодлик олдидан биз томонда уч кеча-ю уч кундуз катта бир тош гувиллаб турди. Ўз қулоғим билан эшитганман. Чўртон балиқнинг кулганига сабаб шуки, Жменя балиқ ўрнига ажинани тутиб олган.
Чол ниманидир эслади. У ирғиб чўккалаб олди, худди совуқдан жунжиган кишидай асабий бир ҳолатда қўлларини енглари ичига олиб, хотинлардай бидирлаб:
— Ё худовандо ўз паноҳингда асрагин! — деди. — Бир куни сой ёкалаб Новопавловкага кетаётган эдим. Момақалдироқ бошланиб, бирам бўрон кўтарилдики, парвардигорнинг ўзи асрасин… Жоним борича чопиб кетаётган эдим, қарасам, энди гуллаган тиканакзор орасида оппоқ бир ҳўкиз келяпти. Кимники бўлди экан бу ҳўкиз деб ўйлайман. Бу ерда нима қилиб тентираб юрибди экан? Ўзи юриб келяпти, думини силкиб, мў-ў дейди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, оғайнилар, уни қувиб етиб борсам, у ҳўкиз эмас, Жменя экан. Ё алҳазар! Мен бир чўқиниб олдим, у бўлса менга бақрайиб қараб, пичирлайди. Қўрқиб, ўтакам ёрилай деди! Бирга кетдик, унга бир нарса дегани тилим бормайди, — чақмоқ чақиб, осмон гулдирайди, толлар сув бетига энгашади, бирдан қарасам, тил тортмай ўлай, йўлни кесиб қуён чопиб ўтди… Югуриб кетаётиб тўхтаб, худди одамдай: «Ҳорманглар, деҳқонлар!» деди.
Яна отнинг атрофидан айланиб ўтган беўхшов итга қараб чол: «Кет, йўқол, лаънати! Жонинг чиққур!» деди.
Отлиқ қоровул ҳамон эгарга суяниб қотиб қолганича:
— Шунақа бўлади, — деди. Бу сўзларни у хаёлчан одамлардек секин дўриллаб гапирди.
Чуқур ўйга толиб, қатъий ишонган ҳолда:
— Шунақа бўлади, — деб такрорлаб қўйди яна.
Чол энди бир оз ҳовуридан тушиб, сўзида давом этди:
— Баччағар, ўлакса чол эди! Озодликдан беш йил кейин одамлар уни маҳкамада хўб савалашди; яъни у, масалан, ўз ёмонлигини кўрсатиш учун бутун Ковилига бўғма касалини тарқатди. Ўша пайтда халойиқ худди вабо теккандек ёпасига қирилди…
Ёш чўпон бир оз жим тургач:
— У қандай қилиб касал тарқатди? — деб сўради.
— Қанақалиги маълум. Бунда фаросатнинг ҳожати йўқ, хоҳласа бўлди. Жменя одамларни заҳарли қора илон мойи билан нобуд қилди. Бу шунақа балоки, мойнинг ўзидан эмас, ҳатто ҳидидан ҳам одам қирилади.
— Рост айтасан, — деб маъқуллади Пантелей.
— Ўшанда йигитлар уни ўлдиришмоқчи бўлган эди, лекин чоллар йўл бермади. Уни ўлдириш чакки бўлар эди; у хазина кўмилган жойни билар эди. Ундан бошқа ҳеч ким билмас эди. Бундаги дафиналар тилсимланган, топсанг ҳам кўзингга кўринмайди, у бўлса кўрарди. Сой ёқалаб ёки ўрмон ичидан кетаётганида бута ёки тошлар орасида олов кўринар эди. Худди олтингугурт сингари бўлиб ёнар эди. Мен ҳам ўз кўзим билан кўрганман. Жменя хазина кўмилган жойни топиб беради ёки ўзи қазиб олади деб кутдилар, у эса худди қизғанчиқ итдек ўзи ҳам емади, бировга ҳам бермади, шу куйича ўлиб кетди: ўзи ҳам қазиб олмади, одамларга ҳам кўрсатмади.
Отлиқ қоровул трубкасини тутатди, шопдай мўйлаби ва катта қирра буруни бирдан ёришиб кетди. Трубкасидан лоп этиб чиққан ёруғ қўлидан шапкасига ўтди, кейин эгардан отнинг сағрисига кўчиб, қулоғи ёнида — ёлда ғойиб бўлди…
— Бу жойларда хазина кўп, — деб қўйди у.
У аста чўзилиб, атрофига қарайди, оқариб келаётган шарққа тикилиб туриб:
— Хазина бўлиши керак, — деди.
— Нимасини айтасиз, — деб уҳ тортди чол. дамма аломатлардан маълумки, бор, лекин кавлаб оладигаш киши йўқ. Асл жойини ҳеч ким билмайди, шу тобгача ҳамма хазина тилсимланган деявер. Уни топиб кўрмоқ учун дуо тумор керак, туморсиз ҳеч иш чиқара олмайсан, йигит. Жменянинг дуо тумори бор эди, уни у кал ҳаромидан олиб бўлармиди? Хазина бировга тегмасин деб, у туморини яшириб тақиб юрар эди.
Ёш чўпон судралиб чолга томон икки қадам яқинлашди, муштларини жағига тираб, чолга тикилиб қолди. Унинг қора кўзларида ёш болаларга хос қўрқув ва қизиқсиниш ифодаси порлаб кетди, ғира-ширада унинг ёш ва дағал башараси чўзилиб кетгандай бўлди. У астойдил қулоқ солар эди.
Чол давом этиб:
— Китобларда ҳам, шу ерда хазина кўплиги ёзилган, — деди. — Бунга шак келтириб бўлармиди. Новопавловлик бир кекса солдатга Ивановкада бир васиқа кўрсатганлар. Ўша жойи ҳам, қанча пуд олтин борлиги ҳам, қанақа идишдалиги ҳам ёзилган экан; шу васиқага қараб хазинани аллақачон топишар эди-ю, бироқ тилсимланган, ёндашиб бўлмайди.
— Нима учун ёндашиб бўлмайди, бува? — деб суради ёш чўпон.
— Бир сабаби бўлса керак, солдат айтмади. Тилсимланган… тумор даркор.
Чол гўё ўткинчининг олдида ўз юрагини бўшатаётгандай жуда берилиб гапирар эди. У тез ва кўп гапиришга одатланмаганидан минғирлаб, дудуқланиб гапирарди, ўз нутқидаги камчиликни сезиб; боши, қўллари ва ориқ елкаларини ўйнатиб, ўз гапини бежамоқчи бўлади; ҳар ҳаракатда унинг қопдан қилинган кўйлаги ғижимланиб, елкасига чиқиб кетар, офтобдан ва қартайганликдан қорайган умуртқасини яланғочлаб қўяр эди. У кўйлагини тортиб қўяр, кўйлак яна дарров юқорига чиқиб кетаверар эди.
Ниҳоят, чол гўё бебош кўйлаги дастидан тоқати тоқ бўлганидан, сапчиб туради ва хафа бўлиб гапирди:
— Бахт бор-у, лекин ерга кўмилганидан кейин ундан нима наф? Бу хазина ҳеч фойдасиз, худди бир тезакдек беҳуда йўқ бўлиб кетади? Бахт кўп, шундай кўпки, йигит, у бутун туманга етади, лекин уни ҳеч бир зот кўрмайди! Хўжайинлар у хазинани кавлаб олгунча ёки пошшолик тортиб олгунча одамлар кутиб ўтираберадилар. Хўжайинлар тепаликларни қазишга тушдилар… Ҳидини билиб қолибдилар! Улар деҳқонларнинг бахтига ҳасад қиладилар! Пошшоликнинг ҳам ақли бор! Қонунда шундай битилганки, бирор деҳқон хазина топса, обориб улуғларга топширсин деб, лекин барибир, бу бўлмаган гап. Ҳалво деган билан оғиз чучимайди!
Чол заҳарханда қилиб кулиб ерга ўтирди. Отлиқ қоровул чолнинг гапига диққат билан қулоқ солар ва маъқуллар эди, бироқ юз ифодаси ва жим туришдан чолнинг ҳамма гапи унинг учун янгилик эмаслиги, бу нарсалар устида кўп ўйлагани ва чолдан кўра кўпроқ нарса билгани кўриниб турар эди.
Чол хижолат тортгандай қашиниб:
— Ростини айтсам, мен умримда ўн мартача бахт излаб кўрдим. Бор жойларидан қидирдим, билсангиз, нуқул тилсимга дуч келдим. Отам ҳам қидирган, акам ҳам қидирган — ҳеч балони топиша олмаган, шундай қилиб, бахт топа олмай ўлиб кетганлар. Раҳматлик акам Ильяга бир монах Таганрогдаги қалъада бир жойда уч тош орасида хазина борлигини, бу хазина тилсимланганини айтган; ўша маҳалда, эс-эс биламан, ўттиз саккизинчи йилда — Матвеев Курганда бир армани ўтган, у тумор сотар экан. Илья тумор сотиб олиб, икки йигит билан бирга Таганрогга борган. Акам қалъадаги хазина бор жойга етиб борса, ўша жойда милтиқ кўтарган бир солдат турган эмиш.
Чўлнинг сокин ҳавосини кесиб бир овоз янгради. Йироқда нимадир тошга қаттиқ урилиб, гувуллаб кетди. Чўлда унинг тах-тах-тах-тах этган овози тарқалди. Товуш тингандан кейин, чол қимир этмай бепарво турган Пантелейга савол назари билан қаради.
— Шахтада ёғоч челак узилиб тушди, — деди ёш йигит ўйлаб туриб.
Тонг ёриша бошлади. Сомон йўли оқариб, қор сйнгари аста-секин эриб, ўз шаклини йўқотди. Осмон қоронғулашиб, хиралашди, бу вақтда ҳавонинг очиқлиги ҳам, булут қоплагани ҳам билинмайди. Фақат шарқ томондан ялтироқ йўл-йўл уфққа ва онда-сонда милтиллаб турган юлдузларга қараб, нима гаплигини пайқаб бўлади.
Эрталабки илк шабада қоқ гул ва бултурги бурган ўтларнинг пояларини аста қимирлатиб, унсиз, йўл бўйлаб елиб кетди.
Отлиқ соқчи хаёлдан ўзига келиб, бош ирғаб қўйди. Қўллари билан эгарни бир силкитиб, айилни ушлаб кўрди, гўё отга минишга ботинмади, яна хаёлга чўмди.
— Шундоқ, — деди у, — тирсагинг яқин бўлсаям оғзинг етмайди… Бахт бор-ку, лекин уни излашга ақл йўқ.
Шундай деб у, чўпонларга ўгирилиб қаради. Унинг жиддий чеҳрасидан ноумид кишндай хафалик ва маъюслик акс этарди.
У чап оёғини узангига олар экан, чўзиб:
— Шундоқ, киши бахтнинг нималигини кўролмай ўлиб кетади… Ёшроқлар кўрар-у, биз буни кўрмай, орзумизга етолмай кетамиз.
У ўзининг узун ва шудринг босган мўйловини силаб, отга зилдек бўлиб миниб олди. Гўё бир нарсани эсидан чиқарган ёки фикрини айтиб тугатмаган кишидай кўзларини қисиб узоқларга қаради. Йироқларда, кўкиш ранг билан қўшилиб кетгаи тепаликларда ҳеч нарса қимир этмас эди; уфқда ва чексиз чўлда қад кўтариб турган қоровулхона ва мозор тепалари аллақандай ҳайбатли ва мурдадек кўринарди; уларнинг ҳаракатсизлиги ва унсизлигида асрларнинг ҳиди келар, одамга лоқайдлиги сезилиб турарди; яна минг йиллар ўтар, миллиард одамлар ўлиб кетар, улар ўлганларга ачинмай, тирикларга қизиқмай қандай турган бўлсалар шундай турарлар. Уларнинг нима учун турганини, остларида чўлнинг қандай сирини яшириб ётганларини ҳеч зот билмайди.
Уйғонган гўнг қарғалар индамай, ер бағирлаб якка-якка учиб юрарди, на бу узоқ яшовчи қушларнинг секингина учишида, на ҳар куни бир хилда такрорланиб турадиган тонг пайтида ва на бепоён чўлда — ҳеч нарсада бирор маъно кўринмас эди. Отлиқ қоровул мийиғида кулиб, деди:
— Э худо, қандай кенглик-а! Қани бориб бахтни топиб кўр-чи! Шу ерда, — товушини пасайтириб, чеҳраси жиддий қиёфада сўзида давом этди, — шу ерда икки жойда хазина кўмилгани маълум. Хўжайинлар бундан хабарсиз, кекса мужиклар, айниқса, солдатлар аниғини билади. Шу ерда, ана шу тепа орқасида (қоровул қамчиси билан бир томонни кўрсатди) бир вақтлар қароқчилар олтин ортган карвонни босганлар; бу олтинни ўша вақтда Воронежда флот қурдираётган император Пётрга Петербургдан олиб кетаётган эканлар. Қароқчилар карвонни қириб ташлаб олтинни ерга кўмганлар, кейин ўзлари ҳам топа олмаганлар. Бошқа бир хазинани ўзимизнинг Дон казаклари кўмиб яширганлар. Ўн иккинчи йилда улар французларни талаб, ҳар хил беҳисоб мол, кумуш ва олтин қўлга туширганлар. Уйларига қайтаётганда йўлда, бошлиқлар ҳамма олтин ва кумушларини тортиб олиб қўймоқчи бўлганини эшитиб қолганлар. Бу мол-у дунёни у азаматлар, бекорга бошлиқларга бергандан кўра, ҳеч бўлмаса болаларимизга қолар деб ерга кўмиб юборганлар, лекин қаерга кўмганлари номаълум.
Чол қовоғини солиб:
— Мен шу хазиналар тўғрисида эшитганман, — деб пўнғиллади.
— Ҳа, — деб ўйланиб қолди Пантелей. — Шундоқ…
Орага жимлик чўкди. Отлиқ қоровул йироқларга ўйчанлик билан назар ташлади, мийиғида кулди, гуё бир нарсани унутган ёки фикрини айтиб тугатмаган кишидай отнинг жиловини силтади. От истар-истамас юриб кетди, юз қадамча бориб Пантелей бошини қаттиқ силкиди, хаёли қочди ва отини қамчилаб, йўртдириб кетди.
Чўпонлар ёлғиз қолдилар.
— Бу Пантелей Макаровнинг мулкидан, — деди чол. — Йилда юз эллик олади, хўжайинникида овқатланади. Ўқиган одам…
Уч мингча келадиган қўйлар уйғониб, истар-истамас ярми оёқости бўлган пастак ўтларни чимдий бошладилар. Офтоб ҳали чиқмаган бўлса ҳам, ҳамма тепаликлар ва узоқда булутга ўхшаб кўринган найзалик Савур-Магила аниқ кўриниб турар эди. Агар бу Савур-Магила устига чиқиб қаралса, ундан осмон каби текис ва бепоён яланглик, помешчикларнинг қўрғонлари, немислар ва Молоконларнинг хуторлари, қишлоқлар кўринади; узоқни кўра оладиган қалмоқ эса, ҳатто шаҳарни ва темир йўллардаги поездларни кўра олади. Фақат шу ердан туриб қараганда бу дунёда жимжит чўллар ва кўҳна қўрғонлардан бошқа ерга кўмилган бахт ва қўйларнинг ўйи билан ҳеч қандай иши йўқ бошқа бир ҳаёт борлиги кўринади.
Чол ёнидаги учи илмоқлик узун таёғини пайпаслаб ўрнидан турди. У жимгина ўйлар эди. Ёш чўпоннинг чеҳрасидан болаларга хос қўрқув ва қизиқсиниш ифодаси ҳали аримаган эди. У эшитган гапларининг таъсири остида бўлиб, янги ҳикоялар эшитишни безовталик билан кутар эди.
У ҳам ўз таёғини олиб:
— Бува, сенинг аканг Илья солдатни нима қипти, — деб сўради.
Чол бу саволни яхши эшитмади. У ёш йигитга паришонхотир қараб, тамшаниб жавоб қилди:
— Санька, мен ҳамон Ивановкада солдатга кўрсатилган васиқа тўғрисида ўйлаяпман. Мен Пантелейга айтмадим, хайр майли, ўша васиқада жойи шундай аниқ кўрсатилганки, уни хотин киши ҳам топа олади, биласанми, қайда? Богатая Балочкада, ўзинг билган жарлик — уч дарага ажралиб кетган жойда; худди ўртасидагида.
— Хўш, кавлаб олмоқчимисан?
— Бахтимни синаб кўраман.
— Бува, хазинани топсанг, уни нима қиласан?
— Менми? — деди чол кулиб, — Ҳм!.. Топсам бўлди, иннайкин… ҳаммага кўрсатиб қўярдим… Ҳм!.. Нима қилишимни ўзим биламан…
Чол хазинани топгач, уни нима қилишини айтолмади. Бутун умрида бу савол шу тонг пайтида унга биринчи марта берилган бўлса керакки, унинг юзидаги енгилтаклик ва бефарқ ифодага қараб бу савол устида ўйлашнинг ҳожати ҳам йўқ дегандек кўринар эди. Саньканинг бошида ҳайрон қоларлик фикрлар уймалашиб қолди: нима учуи хазинани чолларгина излайди, эрта-индин ўлиши мумкин одамларга ердаги бахтнинг нима ҳожати бор экан? Бироқ Санька бу фикрни савол тарзида ифодалай олмасди, чол ҳам бу саволга нима деб ҳам жавоб қила оларди?
Ғира-шира қоронғилик ичида тўқ қизил баҳанбат қуёш кўринди. Унинг ҳали совуқ ва сербар нурлари шудринг босган ўтлар ичида чўмилиб, чўзилиб ва гўё бу нарса уларни кўнглига урмаганини кўрсатмоқчи бўлгандай, қувноқлик билан ерга ястанар эди. Симоб ранг сувоқ, зангори чучмўма, сариқ шумғия, бўта кўзлар табассум билан қуёш нурини эмиб, яйраб очилиб кетдилар.
Чол билан Санька ажралишиб, қўй сурувининг икки томонига ўтиб олдилар. Иккови сим ёғочдек, қимир этмай ерга қараб ўйланиб қолдилар. Чол бахт тўғрисида қамон ўйлар, ёш йигит эса тунги суҳбатни эслар эди; уни кераги йўқ ва тушуниб бўлмайдиган бахт эмас, инсон бахтининг хаёлий ва афсонавийлиги қизиқтирар эди.
Юзтача қўй ҳуркиб кетиб, қўрқув ичида худди сигнал берилгандай сурувдан ажралиб бир томонга қочди. Қўйларнинг узундан-узоқ оғир ўйлари гўё Санькага ҳам бир он кўчгандек, худди улардай қўрқув билан ўзини бир ёққа ташлади; шу топдаёқ ўзига келиб, бақириб юборди:
— Ҳу, ҳаром ўлгурлар, қутурдингларми, қирилгурлар!
Узоқ ва жазирама кун ваъда қилган офтоб ерни қиздира бошлагач, тунда қимирлаган ва чириллаган ҳар бир жониворни мудроқ босди. Чол билан Санька, таёқлари қўлда, сурувнинг икки ёғида гўё ибодат қилаётган фақирлар сингари қимир этмай турар ва қаттиқ ўйга толган эдилар. Улар энди бир-бирларини унутган, ҳар қайсиси ўз хаёли билан банд эди. Қўйлар ҳам ўйга толган эди…
М. Раҳмонов таржимаси