Айтишларича, севги кишини мулойим қилиб қўяр экан. Мен эса севиб қолган кунимдан бошлаб мунтазам кимгадир ёлғон гапиришимга тўғри келди. Атай қилмасдим. Шунчаки менга шундай саволлар беришардики, уларга рост жавоб бера олмас эдим.
– Бунча сочингни тарайвердинг? Кўйлакниям ҳар куни алиштирасан?
– Мактабимизда санитар комиссия ишлаяпти.
– Нимани бунча ўйлайверасан? Кўзларинг маъюс. Нега хўрсинаверасан?
– Баҳоларим сабаб… Иккилар пайдо бўлиб қолди.
– Йўқ эдику! Қаердан келди?
– Менам шуни ўйлаяпманда!
Аслида эса Лиля Тарасова ҳақида ўйлар эдим.
У бизга бошқа мактабдан келди. Эсимда, катта танаффусда Владик Бабкин олдимга келиб, бефарқ бир тусда “Ҳалиги…Янги қизни кўрдингми?” деди.
– Қанақа янги қиз?
– Биттаси келди… Ўқувчи. Сени ёнингда бўш жой бор. Ўтирмоқчи бўлса, бу ер банд, дегин. Бўптими? Мен томонга жўнатвор. Менам ўзим ўтираман…Бўптими?
– Нега?
– Тушунтириб беролмайман… Лекин ишон – бу жиддий масала!
Беш дақиқалардан кейин янги қиз олдимга келиб сўради:
– Бу жой бўшми?
Мен унга қарадим-у, бир сония эсимни йўқотиб қўйдим. Ҳар ҳолда, камида Владик ва унинг илтимосини унутдим.
– Ўтирсам бўладими? – сўради у.
– Бўлади, – шивирладим мен. Ўша дарсдаёқ биринчи иккимни олдим. Мен иккини беш олишни жуда истаганим учун олдим. Лиля Тарасованинг олдида ўзимни кўрсатмоқчи эдим!
Ўшандан буён унинг олдида қандайдир ғайриоддий ёки шунчаки яхши кўринишни истар эдим. Бир сўз билан айтганда, унда яхши таассурот қолдирмоқчи эдим.
Охири тушундимки, бунга фақат муз саройиида эриша олар эканман. Чунки мен музда жуда яхши учар эдим! Шундай қилиб, уни муз саройига таклиф қилдим.
Қаердадир ўқигандим, муваффақиятли кишиларнинг “ўз шахсияти” бўлар экан.
Лиля ҳеч кимга ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамас эди! Юмшоқ олчаранг портфелининг иккита тилла сургичи бор эди. Китоб-дафтарлари чизиқчали пушти қоғозга ўралган, уларда бир дона ҳам доғ ёки ортиқча жойи йўқ эди. Дафтарлари расмли, қаламининг учида сарғиш ўчирғичи бор, кундалиги чиройли, муқовасида тақвими бор эди. Кўзлари ҳақида гапирмай қўя қолай!
Лиля худди шу кундалигидаги тақвимга қараб айтди:
– Йигирма саккизинчи феврал – шанба. Жуда яхши! Муз саройига якшанбада борамиз – йигирма тўққизинчида.
– Бунча кеч?
– Сен бу ҳуқуқга муносиб бўлишга улгуришинг керак-ку!
– Қанақа…ҳуқуқ?!
– Мен билан муз саройига боориш ҳуқуқи! – У менинг кўзларимга тик қараб, сўради: – Мен учун нималарга тайёрсан?
– Ҳамма нарсага!
– Жуда яхши! Мен сени синаб кўраман. Аввал менинг бир тилагимни бажар.
– Истаганингни сўра! – дедим бақиргудек бўлиб.
– Мен аввал Валя билан ўртоқ эдим. Кейин урушиб қолдик. Менда Валяни китоби қолиб кетган. Ўзим боргим келмаяпти…
– Тушунаман! – дедим. – Қаерда яшайди у? Манзилни айтсанг бас. Нима бўлсаям китобни етказаман!
– Жуда яхши. У шундай бизнинг тагимизда, иккинчи қаватда туради…
– Демак, сен учинчи қаватда турасан? – дарров мулоҳаза қилдим.
Яна у яшайдиган уйни кўришимни, у ҳар куни юрадиган зиналардан кўтарилишимни…тасаввур қилдим. Бунинг ҳаммаси мен учун катта аҳамият касб этарди! Шундай катта-ки, мен аввалига еттинчи қаватга чиқдим, кейин учга тушдим, унинг эшиги олдида бироз туриб, хўрсиниб, яна бир қават пастга тушдим.
Эшикни ўн уч ёки ўн тўрт ёшли йигитча очди. Эркак кишининг ташқи кўриниши муҳим эмас деб эшитгандим. Шундай бўлса ҳам, дарров бу бола мендан баландроқ ва чииройлироқ экан, деб ўйладим. Кайфиятим бузилди…Ўзимни қўлга олиб, сўрадим:
– Валя уйдами? Китобини беришим керак эди.
– Менман Валя! – деди бола. Демак, олдин шу билан дўст бўлган эканда! Аҳволим жуда ачинарли ҳолга келди.
– Сен нима, уни хизматкоримисан? – деди Валя.
Баланд ва чиройли одамлар хоҳлаган саволларини берадилар. Мен индамай уйимга қайтдим…
Уйдагилар ҳаммасидан хабар топишган эди. Бувим менга таъсир ўтказишга уринарди. Ҳар доимгидек, ўз услубида.
– Еттинчида ўқийдиган қўшнимни ўғли аввал мактабни, кейин институтни тамомлаб, оёққа туриб, шундан сўнггина бошқа нарсаларни ўйлаб кўраман дебди! – деди бувим.
Бундан мен хулоса қилишим керак эдики, Лиля Тарасовани муз саройига институтни тугатгач таклиф қилишим керак.
Бувим ўша куни кечқурун ойимга шундай деди:
– Бешинчи синфда сенга Серёжа Потапов ёқиб қолган пайтда, эслайман, аълочи бўлиб қолган эдинг. Бу сени илҳомлантирган эди!
Тушундимки, мен ҳам аълочи бўлишим керак.
Кейинги кун мен физикадан минус уч олдим.
– Сени танимаяпман! – деди физика ўқитувчиси.
Ўзим ҳам ўзимни зўрға таниб турардим! Ким биландир маслаҳатлашиб олишим керак эди. Қўшни подъездда яшайдиган геолог-талаба Юрани эсладим. Унинг ота-онаси ҳам геолог эди ва тез-тез командировкага кетиб туришарди. Бир куни улар йўқлигида Юра қандайдир жиддий касалликка чалиниб қолди. Албатта, касални юқтириб олишим мумкин эди. Аммо бувимнинг хавотирлари ва огоҳлантиришларига қарамай, Юрага ғамхўрлик қилар, дорилар олиб келар ва ҳатто бир марта хантал ҳам ёпиштирган эдим.
– Ҳаётингда бирор муаммо пайдо бўлса, олдимга кел, – деганди Юра.
Мен унинг олдига бориб ҳаммасини айтиб бердим. У кулди.
– Энди, оғайни, бу жиддий муаммо эмас. Олтинчи синфмидинг? Эсимда, эсимда…Бўлган биздаям! Лекин бунинг ҳаммаси бўлмағур гап. Ахир сен мен учун ҳаётингни хавф остига қўйгансан-ку. Энди шуни қайтармоқчиман. Ўзи ёрдам берадиган гап ҳам йўқ. Ҳаммаси ўз-ўзидан тўғриланиб, жойига тушиб кетади. Тутундай, тонгги тумандай…
Бир ҳафталардан кейин Лиля айтди:
– Подъездимда навбатчилик қилишни истамайсанми?
– Истайман! У нима дегани?
– Энди, бирдан менга ёрдаминг керак бўлиб қолса…Сен эса ёнимда, шундай подъездда бўлсанг!
– Кун бўйи туришгаям розиман!
– Жуда унчаликмас, кунига бир-икки соат етади.
У мени синашда давом этарди.
– Қўрқма. Сен у ерда зерикмайсан, – деди Лиля. Сен билан бирга Владик Бабкин ҳам навбатчилик қилади!
Демак, у ҳам синовда.
Владик иккимиз навбатчилик қила бошладик. Лиля пастга тушганда бозор ёки дўконгача кузатиб қўяр эдик. Биз орқада сумкаларни кўтариб юрардик. У уйи олдидаги ҳовлидан ўтиб кетар, у ерда эса иккинчи қаватда яшайдиган Валя хоккей ўйнарди.
У тўхтаб, клюшкасини қимирлатиб Владик иккимизни албатта нимадир деб майна қиларди. “Муҳтарам ҳаммоллар” мией, “Мусиқий жўрлик” мией, “ёпишқоқлар” мией…Ҳар сафар подъездда бизни Владик ҳар хил заҳарханда сўзлар билан кутиб олар эди.
Ҳаммасига чидардим. Мен йигирима тўққизинчи феврални кутардим! Маданият ва истироҳат боғида битта маърузачи мени ёшимдаги бола севиб қолса, албатта қизнинг кокилларидан тортади, ёки ҳатто урадиям, деган эди.
Мен эса Лиля Тарасованинг кокилини тортишни умуман истамасдим. Ўзи умуман унда кокил йўқ эди. Мен у билан муз саройига боришни жуда истардим. Ва кутардим…
Бир куни Лиля тепадан тушиб, шундай деди:
– Бу ерда бир киши қолиши керакдек туюлмаяптими сизларга? – деди.
– Ким?! – сўрадим мен.
– Буни ўзинглар ҳалол курашда ҳал қилинглар. Эркакка ўхшаб!
Владик олдимга келиб бурнимга мушт туширди…
Зум ўтмай Лиля иккинчи қаватга кўтарилиб, қичқирди:
– Валя! Ажрат уларни! Булар бир-бирини ўлдириб қўяди!
Валя шошилмасдан пастга тушиб, бурнимни кўрдида, “Мана, Лиля, сени деб қон ҳам тўкилди” деди.
У Лиляга ҳурмат биланми-ей, унданам жиддийроқ нимадир биланми-ей қаради…
Рўмолчам қонга беланган эди. Лекин мен на қонни, на оғриқни сезардим, чунки ҳаммаси шанба куни, йигирма саккизинчи февралда содир бўлаётган эди.
Кечқурун Лиля Тарасовага қўнғироқ қилдим:
– Бугун йигирма саккизинчи! Демак, эртага йигирма тўққиз…Муз саройига борамиз!
– Адашдинг, – деди Лиля. – Эртага биринчи март!
Эсимдан чиқибди…Бу йил кабиса йили эмаслиги, ҳеч қандай йигирма тўққизинчи феврал бўлмаслиги эсимдан чиқибди.
– Мен ҳам унутибман, қара – деди Лиля. Ва кулиб юборди.
– Хўп, нима қипти? Барибир эртага якшанбаку! – дедим мен. – Йигирма тўққизинчи февралми, биринчи мартми, нима фарқи бор?
– Катта фарқи бор! – деди Лиля. Биринчи март менда банд. Мен муз саройига боришга ваъда бериб қўйганман…
– Кимга? – дедим сўзини бўлиб.
Жавобан у яна кулди. Афсуски мен бундай жавоб қилолмадим.
Эртасига эрталаб Лилянинг уйи олдидаги бурчакка беркиниб олиб, кузата бошладим.
Совуқ эди. Лекин мен қизиб кетардим…
У кўчага иккинчи қаватдаги Валя билан чиқди.
Ўзим ҳам билгандим! Валя қўлида икки жуфт конки ушлаб турарди – ўзиники ва Лиляникини. Ва унга худди кечагидек қараб турарди: қанақадир ҳурматмией, яна нимадирмией…Лиля эса жилмайиб турарди.
Ана шу дамда англадимки, фақатгина муҳаббатга арзийдиган кишини севиш керак экан!
Мен буни жуда аниқ тушундим…Лекин бундан ҳеч қандай энгил тортмадим.
Геолог-талаба Юранинг олдига келдим.
– Сен айтгандингки…Жуда ёмон ҳолатга, қандайдир қийинчиликка тушсам…
– Яна ўша гапми?
– Ҳа…
– Қўйсангчи! Кулгим келяпти. Сени ёшингда-я? Жиддий масала эмас. Бекорчилик.
Лекин бу бекорчилик эмасди. Бу шу қадар жиддий масала эдики, эртасига мен яна икки олдим. Дарсни ёдламаганим учун эмас, бошқа ҳеч нарсани ўйлай олмаганим учун.
Бир сўз билан айтганда, “макон тасаввури” етишмасди…
Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси