Бир пайтлар ота-онам ўқиган мактабда энди мен ўқияпман. Дадамни негадир мактабда ҳеч ким эслолмайди. Ойимни эса кўпчилик эслаб қолган экан. “Унинг кўриниши ажойиб эди!” – деган эди бир куни адабиётдан кирадиган ўқитувчи опа менга ўйчан тикилиб. Бунисиям майли, ташқи кўриниш учун ҳеч ким баҳо қўймаган ҳали. Лекин маълум бўлишича, ойимнинг ички олами ҳам меникидан анча яхши бўлган экан. Ҳар ҳолда консерва банкаларини таёқ билан ўйнаб юрмаган эканлар. Ойимнинг ёшлиги ҳақида бошқа ҳеч қандай тафсилотдан хабарим йўқ эди. Лекин бир куни ойимга қарашгани келган бувим айтиб қолди:
– Серёжа Бутунроссия танловида лауреат бўпти!
– Қайси Серёжа? – сўрадим мен.
– Серёжа Потапов. Уни ҳамма маданиятли инсонлар танийди!
– Энди эшитишим. Ким ўзи у? – сўрадим мен. Шунда бирдан дадам менга меҳрли нигоҳ билан қараб қўйганини сездим. Аниқроқ айтганда, миннатдор нигоҳ билан.
Мен ҳеч нарсани тушунмадим…
Фақат кейин, ошхонада бувим менга Серёжа Потапов бир пайтлар иқтидорли болалар мусиқа мактабида ўқиганини, бешинчи синфда ойим уни яхши кўрганини айтиб берди.
Мусиқа мактаби бизнинг мактабнинг шундоқ рўпарасида, йўлнинг у бетида жойлашган.
Агар бизнинг мактабдан бирор ўқувчи чиқса, иқтидорлими-йўқми, билиб бўлмайди. Рўпарадаги мактабдан чиқса, ҳаммаси маълум: бу иқтидорли бола!
Биз мактабдан портфел кўтариб чиқамиз, иқтидорлилар – ғилоф. Аввалига Серёжа Потапов ўзининг бошқаларникидан катта ғилофи билан эътибор тортган, чунки у виоленчел чаларди. Кейин, бешинчи синфда, ойим уни яхши кўриб қолган. Менимча, ойим ҳам иқтидорли бўлган бўлса керак, чунки мен мана олтинчи синфда ўқисам ҳам, ҳали ҳеч кимни севиб қолганимча йўқ.
– Ҳа, Серёжа узоққа борди! – деди бувим кечки овқат устида.
Дадам тамаки тутатди. Одатда бунинг учун йўлакка ёки ошхонага чиқарди.
– Қўйсанг-чи! Бу узоқ ўтмиш… Бу телба болалик! – деди онам кулиб. У жуда қувноқ эди. Дадам бўлса туни бўйи бирор марта табассум қилмади.
– Узоққа борди! Узоққа! – қайтарарди бувим, идишларни йиғиштирар экан.
Бувим бизни тарбиялашни яхши кўрар эди. Лекин буни қандайдир ўзгача, ўз услубида қиларди.
“Қўшнимнинг ўғли шўрва қайнатишни ўрганиб олибди”, – дерди у, шу билан мен ҳам ўрганишим кераклигини англардим.
“Сен билан бирга тиббиёт институтини тугатган Коля бўлим мудири бўлди” – дерди дадамга. Дадам ҳам мудир бўлиши кераклигини англаши лозим эди.
“Ҳа, Серёжа узоққа борди!” – бу жумла дадамга у ҳам қаёққадир бориши кераклигидан дарак бермоғи лозим эди.
Икки йил олдин мен безларимни олдирдим. “Пистапўчоқ операция” – дерди ҳамма. Лекин мен негадир бундай ҳис қилмадим. Уларни олиб ташлаган жарроҳ мени ҳайратда қолдирди. У менга қаттиқ азоб берарди, мен эса ундан нафратланиш ўрнига, ҳавас билан қарардим. Қўрқув ва ҳавас билан! Тасаввур қилолмасдим у ҳам оқ халати, резина қўлқопини ечиб, бошқалардек бўлиб қолишини. Балки, ошхонага ҳам борар…
Дадам деярли ҳар куни операциялар қилади. Балки унга ҳам ҳар куни худди мен анави жарроҳга қарагандек қарашар.
– Сизни ҳеч операция қилишганми? – деб сўрадим бувимдан.
Олтмиш йил ичида бирор марта операция бўлмаган экан! Бунақа одам дадамга тўғри баҳо бера олармиди?
– Одамлар ҳам Серёжа Потаповга ўхшаб муваффақиятга эришса-ку! – дерди бувим пальтосини кияр экан.
– Унда мигренингиз хуруж қилганда врачни эмас, ўша…виоленчелчингизни чақиринг! – дедим мен. – Ўша сизга ёрдам берсин!
Ухлашдан олдин ҳаммомда тишимни юваётган эдим, онамнинг гапини эшитиб қолдим:
– Кулгим келяпти… – у, дадамдан фарқли ўлароқ, ҳалиям шодон эди. – Йўқ, ўлай агар, қаёқдаги гап. Ахир бу бешинчи синфда эди!
– Бешинчида бошланган… – деди секин дадам. Шунда ҳис қилдимки, дадамнинг қўллари чўнтак аро яна тамаки қидираётир.
Мен сесканиб кетдим.
Демак, бешинчи синфда энди бошланган? Қизиқ, унда қачон тугаган? Олтинчида бўлса-ку, майли. Еттинчи, ёки ҳатто тўққизинчида бўлсачи?
“Ахир дадам ойим билан битта синфда ўқиган, – ўйладим мен. – Иқтидорлилар мактаби, худди ҳозиргидек, йўлнинг нариги бетида бўлган. Демак, дадам уларнинг севгисига гувоҳ бўлган. Эҳ, бечора, қанча қийналган экан! Ҳозир ҳам қийналаётган бўлсачи?”
Нимадир қилиш керак эди. Лекин нима? Ахир буни ким биландир маслаҳат қилиб бўлармиди?
Масалан, бувим билан маслаҳатлашсам, “Қўшнимнинг ўғли катталарни ишига аралашмас эди!”, дейиши аниқ.
Балки, ростданам, бу менинг ишим эмасдир? Балки…
Бир неча кундан сўнг, мактабга отланар эканман, кўрсатувлар дастурини эшитиб қолдим. Унда кечки пайт Сергей Потапов телевизорга чиқиши айтилар эди. Худога шукр, буни мендан бошқа ҳеч ким эшитмади.
Кечқурун, Бутунроссия танлови совриндорлари концерти бошланишига чорак соат қолганда, телевизор бор хонага ўтириб олдим.
– Эртага имтиҳон бор! – дедим мен. Ҳамма оёқ учида юра бошлади.
Бир ҳафтадан кейин Сергей Потапов радиода чиқиш қилишини билиб қолдим. Унинг чиқишидан ўн беш дақиқа олдин, дафтарларимни радио турган ошхонага олиб кирдим.
– Эртага яна имтиҳон бор! – дедим мен.
Туни бўйи радионинг овози чиқмади.
Лекин Сергей Потапов оиламизни таъқиб қилишда давом этарди!
Бир куни, кинодан қайтаётиб, ҳар куни дадам билан ойим трамвайга ўтирадиган ерда унинг портрети туширилган афишани кўриб қолдим.
Аввалига афишани йиртиб ташлагим келди. Бордим, қарадим, ушладим…Лекин барибир йиртолмадим.
Уйга қайтгач, трамвайдан кўра троллейбусда юриш қулай, деб ота-онамни ишонтира бошладим.
– Лекин троллейбус бекати жуда узоқ-ку, – эътироз билдирди дадам.
Эҳ, билганидами!
– Мен сизни айланма йўлдан олиб бораман, яқинлигини кўрасиз. Шундоқ ёнгинамизда! – дедим мен.
– Айланма йўллар доим қаровсиз ва хавфли бўлади, – луқма ташлади бувим.
Худди атайин ойимни ўтмиши билан юзлаштирмоқчига ўхшайдия!
Эрталаб ота-онамни айланма йўлдан олиб бордим.
– Кўряпсизми, қулайлигини, – дедим мен. – Жуда яқин! Сизлар ҳам замонавий транспортда юрасизлар… Тўғри, метрода эмас, лекин, ҳар ҳолда, трамвайда ҳам эмас! Биз худди менинг мактабимгача бирга кетишимиз мумкин!
Аслида, ҳар кун эрталаб ота-онам ҳамманинг олдида олтинчи синф боласини етаклаб юришларини истамасдим. Лекин ҳозир мутлақо ҳамма нарсага тайёр эдим! Ишқилиб, уларни анави афишадан узоқлаштирдим…
Албатта, ойим бу афишани бошқа жойда кўриб қолиши мумкин эди. Унда менинг қўлимдан нимаям келарди?!
Бир неча кундан сўнг маълум қилдим:
– Биз “келажакдаги касбим” мавзусига иншо ёздик. Ишонасизми, деярли ҳамма врач бўлишни истар экан! Деярли ҳамма…Учувчи эмас, ғаввос эмас…виоленчелчи эмас, балки врач! Ўқитувчимиз айтдики, буни ҳайрон қоларли жойи йўқ экан. Энг шарафли касб! Даволаш, шифо бериш, қутқаришни истайдилар…
Якшанба куни уйга ўртоғим Вася Паганинини олиб келдим.
Паганини – албатта, лақаб. Вася иқтидорлилар мактабида ўқийди, скрипка чалади.
– Сен Сергей Прокофьевни ёқтирасанми? – сўрадим Васядан, бутун оиламиз жамулжам бўлганда.
– Бўлмасам-чи! – деди Вася.
– Сергей Рахманиновничи?
– Уни ким ёқтирмайди?
– Сергей Потаповничи?
– Унақасини билмайман…
– Ҳеч эшитмаганмисан? Ўйлаб кўр. Эсла…
– Йўқ, эшитмаганман. Сен нега қизиқиб қолдинг ўзи шу… ҳалиги, фамилияси нима эди? Ўша билан! Нега? – жуда табиий ҳайрон бўлди Вася, худди ўн беш дақиқа олдин бу саҳнани ҳаммомда машқ қилмаганимиздек.
– Энди Паганини уни танимаса! – хитоб қилдим барча оила аъзоларимизга қараб чиқиб.
Лекин ойимнинг ўтмиши чекинмас, ортга қайтмас эди!
Бир куни мактабимиздан почта орқали иккита таклифнома келди. Умуман, мактабдан ота-онамга ҳар хил чақириқлар юборишларини ёқтирмайман. Хуллас, ўша таклифномаларни ўқидим…Бу сафар сўз мен ҳақимда эмасди. Ота-онамни бирданига иккита мактаб: бизнинг ва мусиқий мактаб битирувчиларининг анъанавий “қўшма” кечасига таклиф қилишган эди.
Бир ҳафта олдиндан таклиф этиб, таниган-билган синфдошларига етказиш сўралган эди.
У ерда Серей Потапов ҳам қатнашишини дарров тушундим. “Эски ўқувчиларни хурсанд қилиш учун кеча ташкил қилишяпти, – ўйладим мен. – Лекин ойимнинг ҳар хил хотиралари қайталанса, дадам хурсанд бўлармиди? У хотиралар, бир дақиқага бўлса ҳам, қайталанади. Кейин йўлакка ҳам чиқмай, чека бошлайди…”
Таклифномаларни портфелимга солиб, яшириб қўйдим.
Мактаб ҳовлисида биринчи бўлиб кўрган нарсам анъанавий “қўшма” кеча ҳақидаги улкан эълон бўлди. Остига оқ-қора ҳарфларда “Бадиий қисмда Бутунроссия танлови лауреати С.Потапов чиқиш қилади” деб ёзилган эди.
“Хўш, тушунарли… – ўйладим мен. – Демак, у ҳамманинг олдида ўз санъатини намойиш қилади. Уни олқишлайдилар. Дадам ҳамманинг олдида ўз санъатини намойиш қилолмайди. Ахир у шундоқ саҳнада кимнидир аппендицитини кесолмайди-ку!”
Мен портфелимни очиб, таклифномаларни ичкарироққа тиқиб қўйдим. Анъанавий кечанинг эртасига ойимнинг ташқи кўринишини яхши эслаб қолган адабиётдан ўтадиган опа сўради:
– Ойинг нега келмади?
Худди дадам ҳам борлигини унутгандек сўради ўзиям. Мен елка қисдим.
Аллақачон шу усулни билиб олганман: “ҳа” ёки “йўқ” дейишни истамасанг, саволомуз елка қисиб қўй. Истаган хаёлларига боришсин!
Ўша куни ишдан қайтган ойим хонага шундоқ пальтода кириб келди. Йўлакда тўхтамасдан, бирдан хонага ўтса, дарҳол қандайдир нохушлик бўлганини англайман.
– Даданг иккимизга мактабдан ҳеч нарса келмадими? – сўради ойим.
Мен елка қисиб қутулмоқчи эдим. Лекин ойим қайтараверди:
– Бизга ҳеч нарса юборишмадими?
– Нимадир бор эди, шекилли – дедим мен.
– Нима деганинг у “нимадир”? Аниғини билмайсанми?
– Э ҳаа! Эсладим! Сизларга таклифнома келган эди. Мен ҳаёлда йўқ портфелимга солиб қўйибман. Ўша куни имтиҳонимиз бор эди-да…
– Нима, сизларда ҳар куни имтиҳон бўляптими?
– Ҳар куни эмаску…Лекин кўп бўляпти. Ҳа, мана таклифномалар!
Таклифномаларни ойимга узатдим. Лекин ойим уларга қараб ҳам қўймади: у мендан кўз узмас эди!
– Нима иш кўрсатган эдинг, мактабга боришимиздан шунчалик қўрқадиган?!
– Ҳеч нима қилганим йўқ. Қўрқмадимам. Шунчаки унутибман, холос.
– Ахир у ерда эълон осилган эди, дейишди-ку!
– Негадир эътибор бермабман…
– Унутганмиш! Эътибор бермаганмиш! Энг ёмони шу. Чунки бу лоқайдлигингдан далолат беради. Жаҳлимни чиқаряпсан! Наҳотки шунча йилдан бери кўрмаган синфдошларим билан учрашиш мени қанчалик хурсанд қилишини ўйламадинг!
Ойим пальтосининг тугмаларини ҳам ечмай, стулга ўтириб қолди.
– Майли. Менга-ку, хурсандчилик раво кўрмадинг. Ҳеч йўқ дадангни ўйламадингми?! Наҳотки сенга унинг ҳам қизиғи бўлмаса?
Нима ҳам дея олардим? Бахтимга, шу пайт хонага бувим кириб,
– Қўшнимнинг ўғли яна беш опти. Компот қайнатишниям ўрганибди! – деб қолди.
Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси