Коррадо Альваро. Кашфиёт (новелла)

Бу жаноб умрида қўлига қалам тутиб қоғоз қораламаган ва ҳеч қачон кўнглини ёриб бировга бирор воқеани ҳикоя қилиб бермаган. Осойишта, ҳалол яшади, қариган чоғида рўзғорини тебратишга етарли маблағ жамғариб, шаҳар чеккасидан уй-жой қилди, ўша ерда тинч-осуда умргузаронликни давом эттирди. Янги уйга кўчиб ўтгач, нима бўлдию, алмисоқдан қолган хат-қоғозларни кўздан кечириб тартибга келтириб қўйишни кўнгли тусади. Ғаладонларни кавлаштираётиб аллақачон унутиб юборган — сарғайиб, титилиб кетган қўлёзмаларни топди. Ҳаётда кўпни кўрган одам эмасми, эски ёзувларга бирров-бирров кўз югуртирдию уларнинг баҳридан ўтиб, йиртиб ташлади. Айрим қоғозлардаги ёзувларда у дунёю бу дунё тилга олиб бўлмайдиган, оғиз очиб бошқаларга айтилмайдиган кўнгил суст кетиш дамлари ҳақида сўз юритилган эди. Мана, улардан бири, 19.. йил март ойининг 13-куни деб бошланган варақ…
“Эрталабдан ҳаво айниди. Осмон иркит тусда, замин эса тор ва ҳаддан ташқари биқиқ. Аллақайларга бош олиб кетиш керакмикан?.. Қаёққа, қай томонларга кетаман?.. Бошпана топиш илинжида таниш-синашта жойларни бир-бир хотирадан ўтказасан, бироқ уларнинг бари хира ва совуқ рангларга бурканган нохуш жойларга ўхшаб туюлади: дарахтлар қилт этган ҳаво тўлқини сезилмайдиган фазода бесўнақай бир алфозда қотган; тоғлар бегона, денгиз хомуш ва бўзариб кўринади. Одамлар эса гап-сўзлари, дард-ташвишлари билан чучмал ва бетаъсир туюлади. Бундай пайтда кўнгил гоҳ у, гоҳ бу хотиралардан паноҳ истайди, хаёл қадим хотиралар орасида сарсон-саргардон изғийди, таниш гўшалар кўз ўнгингда гавдаланади ва шу аснода кўз кўриб қулоқ эшитмаган кашфиёт қилиш керак, деган қарорга келасан. Инсон ҳаётида юз берадиган бундайин лаҳзалар беҳад хатарли: ахир, тақдири таваккал қиляпсан-а! Тасодифий учрашув, қўққисдан огзингдан чиқиб кетган бир оғиз сўз бутун туриш-турмушингни остин-устун қилиб юбориши ҳеч гап эмас; шу боис бундай пайтларда оғир дардга дучор бўлган бемордек уйингда, тўрт девор орасида биқиниб ўтиришдан афзалроқ чора йўқ.
Ҳамма гап, мана, нимада: атрофимиздаги одамларга қандай инсон сифатида кўринишни истасак, шунга ҳаракат қиламиз, аслида қандай инсон эканимизни ўзимиз биламиз ва илло-билло асл қиёфамиз кўз-кўз бўлишини истамаймиз. Аксари бошқаларнинг назарида қандай одам бўлсак, ўзимизни шундай одам деб ҳисоблаб юрамиз. Шунга қарамай, баъзан ўзгаларнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввурини эшитиб ҳайрон бўламиз. Ақлни ишлатиб кўрайлик: биз ўзимизнинг ташқи қиёфамиз ҳақида ҳам аниқ тасаввурга эга эмасмиз-ку, одатимизга айланиб кетган хатти-ҳаракату имо-ишораларимизни ҳам дуруст билмаймиз, кулганимиз ва сўзлашганимизда юз-кўзимизда кузатиладиган ифодаларни кўрмаймиз. Ваҳоланки, бошқалар айни шу аломатлардан келиб чиқиб қандай инсон эканимиз ҳақида муҳокама юритадилар ва бизни баҳолайдилар.
Кўпинча ўзимиз ўзимизни ўраб-чирмаб ташлаган қобиқни ёриб-очиб ташлашни ва узоқ йиллардан буён ўзгаларнинг назаридан пинҳон тутиб келган сиру синоатларимизни ошкор қилишни кўнгил тусаб қолади. Одатда бундай ниятлар ўзимиздан кўнглимиз тўлмаган, қониқиш ҳосил қилмаган ва аввалги яшаш тарзимизни бас қилиб буткул янгича яшаш истаги туғилган дақиқаларда пайдо бўлади. Тўғри, эс-ҳушли одам учун ярашмаган одат бу. Шунга қарамай, айнан шу қабилда иш тутадиганлар бор. Аҳён-аҳёнда қулоққа шундай гаплар чалинади: “Эшитдингми, шу-ундай бообрў, боодоб, хушаҳлоқ Н. ёлғон-яшиқ билан юз минг лирни гумдон қилиб юборибди-я!” Яна, нима эмиш, “Ўзидан нақ йигирма ёш кичик қиз билан топишиб, аллақаёққа бош олиб кетибди”. Қарабсизки, Н. мутлақо бошқа одамга айланади, у ҳақдаги бурунги тасаввурингдан асар ҳам қолмайди; туриш-турмуши ва бутун умри алдам-қалдамдан ортмаган, муттаҳамлик ёхуд жуфтакни ростлаб қолишдан бўлак мурод-мақсади йўқ одам бўлиб чиқади.
Мен муттаҳамлик билан кун кўриш ва аллақаёқларга бош олиб кетиб яшаш ҳақида гапирдим, холос. Аммо-лекин бирмунча жўн усуллар билан ҳам бошқа одамга айланиш мумкин, мисол учун, касб-кор ўзгартирилса бас, одату майлларинг, қилиқларинг ҳам ўзгара бошлайди. Бошқа одам бўласан-қоласан, ҳеч кимса танимайдиям. Ахир, танамиз ҳам муттасил ўзгариб турадию! Айтишларича, инсоннинг танасидаги ҳужайралар ҳар етти йилда тўласича янгиланади, эски ҳужайрадан бирортасиям қолмайди.
Хулласи калом, кишилар етти ухлаб тушига кирмаган тарзда, ҳеч бир режа-пежасиз ўз ҳаётини ўзгартирадилар: бундай ўзгариш туйқус юз берган дилнинг равшанлашиш онлари, ўз ҳаёт тарзини фавқулодда янгилаш ва ўзга қиёфага кириш истагининг маҳсулидир.
Муҳими, ҳаёт тарзини ўзгартириш майлига кўнгил суст кетмаслиги лозим. Бунинг қийин жойи йўқ: биргина имо-ишора ёки қилиқ билан ҳам кўп нарсани чаппасига айлантириб юбориш мумкин. Инсон зоти бир нарсани зинҳор унутмаслиги даркор: ҳар кас ўзига буюрилган тор қобиққа мослашиб, жойлашиб олмоғи ҳамда ўз чекига битилган юмушни адо этиб юришдан аълороқ йўл йўқ. Шунда ҳаммаси жойида — ҳаммаёқ осойишта, кимнинг қандай инсон эканлиги, тўқимтабиатми ё хушмуомалами, муғамбирми ё соддадилми — ҳамма-ҳаммаси беш қўлдай аён бўлади. Шундагина феълингиз шахсиятингизнинг ўзгармас ва муқим қисмига айланади, у бўлар-бўлмасга ўзгаравермайди. Шундай ҳам бўладики, артистга айрим қилиқлар мутлақо ўтиришмагани каби, муайян кишига буткул ёт қилиқлар, имо-ишорапар, хатти-ҳаракатлар ҳам учрайди. Ва ақл-ҳушимиз тўлишиб-тирсиллаб турган дақиқаларда ҳам барча амалларимиз ўзгалар назарида шаклланган феъл-атворимизга мос келиши ҳақида ҳисобот бермаймиз.
Гоҳо шунақаси ҳам учрайди: бирон мардумнинг ўтмишини кавлаштираверасан-кавлаштираверасан-да, ўша банда ҳақидаги бор тасаввуринг остин-устун бўлиб ўзгаради: ҳамма у кишимни кўнгилчан ва одамохун ҳисоблаб юрган-у, у бузуқ хаёлларини пинҳон сақлаб яшаган писмиқ нусха бўлиб чиқади; ёхуд, хотамтойлиги ва самимияти билан ном қозонган одамнинг яқин-атрофидагиларга нисбатан ўлгудай ҳасадгўйлиги фош бўлади, қўпол ва феъли оғир кишининг қалби эса меҳр-муҳаббатга лиммо-лим, ўзи эса фариштатабиатлиги аёнлашади.
Мисол тариқасида айтсам, камина босиқ-вазмин одам сифатида обрў-эътибор топганман. Эҳтимол, бошқаларнинг мен ҳақимдаги тасаввуридангина келиб чиқиб шундай хулосага келмаган бўлсам, аслида ҳам шундай. Бугунга ўхшаш ҳаво тунд ва бефайз кунлар бир замонлар, ҳў-ў гўдаклигимда чеккан озорларимни эслаб тўсатдан дилим сиёҳ бўла бошлайман. Гапириб ўтиришнинг ўзи кулгилику-я, тошойна рўпарасида қаққайиб соқолни қиртишлар эканман, бетимдаги ҳар бир ажин ёки из пайдо бўлгани боиси ўзимга, ёлғиз ўзимгагина аён эканлигидан қалбимда оғир изтироб кўз очади. Қиёфамда сабр ва тоқат сурати зоҳирланар-зоҳирланмас қулоғимдан томоғим томон кетган сезилар-сезилмас ажин изи чуқур чандиққа айланади. Умрнинг энг дилкаш лаҳзаларидан бири — тошойнага термилиб турган лаҳзаларимиз, ўтмишимиз ва эҳтиросу ҳаяжонларимиздан ҳикоя қилувчи шоҳид — ўз қиёфамиз билан юзма-юз қоламиз. Тонгда ўз-ўзимиз билан мулоқот чоғидаги энг таъсирли жойи — чеҳрамизга битилган нафосатни англашдир. Мен ўтмишини ташкил этган жисмсиз, лекин тирик оғриқдан халос бўлишни орзу қилгандек кўринаётган кўзгудаги қиёфадошимга лоқайд қараган эмасман. “Э, ҳа-а, бу, ўзларими? Ким бўладилар жаноблари, кўнгиллари нималарни тусайди? Истиқболда нималар кутмоқда, сизни?” деган саволлар билан сендан кўз узмай турган бу нигоҳ нималарга қодир! Инсон зоти борки, ҳамма-ҳаммасини чин кўнгилдан сева олгинг, тушуниб етгинг ва уларнинг барига бутун вужудинг билан ишонгинг келади. Не боислардан ҳаммаси аксинча ва биз ўзимизни тарбиясиз ва бебош болалардек тутамиз? Ахир, бир оғиз сўз айтсак олам гулистон-ку!.. Йўқ, ҳеч ким шу бир оғиз сўзни айтмайди, айта олмайди…
Кунларнинг бирида ғалати ҳодиса юз берди. Кийиниб кўчага отланаётиб, бир зумгина ҳаяллаб стол ёнига ўтирдим. Кўз ўнгимда тақир, бўзранг девор, ҳар қаричи таниш, сувоқчининг андавасидан қолган изларгача таниш. Бу ёруғ дунёда девор қанча вақт қаққайиб турса, ушбу излар ҳам тураверади.
Хонамдаги жиҳозларни янада яхшироқ ҳис қилиш учун уларни бегона назар билан кузатаман. Ўз ўрнида турган ёки пала-партиш сочилиб ётган ҳар бир жиҳозу буюмдан садоқатли ва итоаткор жонзотнинг майин ва сокин товуши эшитилаётгандек бўлади. Улар ўзгармайди, улар менга бирдай садоқатли, мен ҳам уларга бефарқ эмасман. Ахир, хонамдаги мўъжаз коинот қасрининг яратгувчиси менман, бу ерда мен томонимдан ўрнатилган ва абадул абад ўзгармас тартиб-интизом, ҳарқалай, узоққа бормайди: мен қанча умр кўрсам, шунча давом этади, тамом. Мени қуршаб турган ҳамма нарса сабр-тоқат, хотиржамлик ҳамда менинг донишлигимга, фозиллигимга ва яна бир карра фозиллигимга бўлган ишонч-эътиқод билан нафас олади. Ҳали уйқуда ётган оила аъзоларим ҳам шундай ўйлайдилар. Ҳамманинг фикри шу. Ваҳоланки, арзимас бир нарса… Дейлик, салгина қўл учи билан…
Кўз ўнгимдаги беҳад силлиқ ва топ-тоза девор сатҳида каттагина сиёҳ доғи чаплашиб, ёйилиб бормоқда. Доғнинг ёйилишига ва гоҳ дарахт, гоҳ саккизоёқ, гоҳо эртаклардаги махлуқотни эслатувчи ғалати-ғаройиб шакл-шамойиллар ҳосил қилиб пастга оқиб тушаётганидан кўз узмай ўтирибман. Бу — менинг ишим. Менинг кароматим бу. Бунинг учун ортиқ азият чекмадим, қўлимни салгина ҳаракатга келтирдим, холос — столда турган сиёҳдонни олиб деворга қараб отдим ва мутлақо янги воқелик кашф қилдим. Демак, ўзим янгиландим, янги жонзотга айландим. Айланган заҳотим хонамдаги барча буюмлар, жиҳозлар ўзининг аввалги қиёфасини ўзгартирди: назаримда, китоблар, майда-чуйда лаш-лушлар, стуллар бир жойга уюлиб, дарғазаб оталарининг важоҳатидан ўтакаси ёрилаёзган болакайлар каби бир бировининг пинжига кириб кетди. Баъзи фильмларда айни шундай манзаралар кўзга ташланади. Кўп ўтмай хонага оқсоч аёл кириб келади, у боқий ҳаётнинг саҳар палласидаги уйғониш лаҳзаларини ҳар сафар шу ерда қарши олади, мен эса бу пайтда стол ёнида ўйчан-хотиржам ўтирган бўламан. Оқсоч аёл бир менга қарайди, бир деворга анграяди, сўнг яна бамайлихотир ўтирган мен томон ўгирилади. Сўнгра менга, “Вой, шўри-им, нима бўлди-и?” ёки, “Тавба-а, жаноб…” деса керак, ҳойнаҳой. Лом-мим демаслиги ҳам мумкин. Қаҳва кўтариб келган патнусини столга қўйиб, нафасини ичига ютганича бамайлихотир кўринишга ҳаракат қилиб, хонадан отилиб чиқиб кетиш истагини сездирмасликка уриниб, ўша заҳоти изига қайтар. Айнан шундай манзаранинг шоҳиди бўлган одамдек, назаримда, оқсоч аёл зумда қўшни хонага чиқадию ранг-қути ўчиб-гезариб ҳозиргина уйқудан уйгонган жаноб нима иш қилиб қўйганини айтади ва… таҳликали ва хавотирли қиёфаларда тепамга қўрқа-пуса кириб келаётган одамларнинг ҳаяжонини тасаввур қилиб турибман. Бу тонг ўғил-қизларим мен билан хайр-хўшни насия қилиб мактабга жўнайдилар, уларга, отангиз жуда бандлар, деб айтишади. Мен эса бениҳоя хотиржам, ҳатто мамнун, руҳим тетик ва кўнгилчан бир кайфиятда ўтирибман. Хонага аёлим кириб келганини кўриб унга жилмайиб қарайман, бироқ бу жилмайишим билан аҳволимни бешбатгар оғирлаштирган бўламан: бундай вазиятларда жилмайиш ақлсизлик, овсарлик аломати ҳисобланади. Эҳтимол, дарғазаб қиёфада кўринганим маъқулроқдир? Шундай қилсам, аёлим, “Нима, мазанг йўқми? Толиқдингми? Ётиб, дамингни олишинг керак”, деб қўярда-қўймай тепамдан кетмайди. Аммо-лекин тиржайиб, барини ҳазилга йўйсам — адои тамом бўлганим шу, бу билан ўзимнинг ўзгаларга тушунтириб бўлмас телба-тескари қилиғимни бешбаттар мавҳумлаштириб юбораман.
Тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганимни яхши тушунаман. Орадан неча йиллар ўтмасин, ушбу вазиятда кечган лаҳзалар ҳаётимда қора доғ бўлиб қолаверади; энди одамлар менга бошқача назар билан қарайдилар, бир марта қутургудай бўлиб эгасига ташпанган уй ҳайвони ишончни йўқотгани каби, мана шу дақиқалар сабаб, бундан кейин атрофимдагилар менга эҳтиёткорроқ муносабатда бўладилар. Бурунги ҳолатимга қайтсам, табиий, ҳеч ким мендан ушбу қилиғим сабабларини сўраб-суриштирмайди. Бундан қатъи назар, айни шу дақиқаларда ҳукм сурган ҳолат бир умрга мени таъқиб қилаверади, қўни-қўшнилар, дўкончилар бундан хабар топадилар, оқсоч аёл-қизларнинг оғзидан менинг номим тушмайди. Яна кў-ўп йиллар киройи ва сипо яшаган тақдиримда ҳам, оила аъзоларим мени хастага, қўни-қўшнилар эса овсарга чиқарадилар. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса оппоқ деворга сиёҳдонни улоқтирган одамга ким ҳам ишонарди дейсиз? Ҳеч нарсадан ҳеч нарса стулларни синдириб ташлайдиган, дастурхонга терилган чинниларни шарақлатиб ағдар-тўнтар қиладиганлар ҳам учрайди. Фақат ундай нусхаларда бундай қилиқ одат тусини олгани учун ҳам бошқалар бундан ортиқ таажжубга тушмайдилар, улар учун бу, оддий ҳол ҳисобланади. Бироқ, кимсан шу-ундай жиддий ва сипо қиёфали жаноб…
Бу — шайтон васвасаси эди, холос. Сиёҳдон жойида турибди. Андавадан мерос излар элас-элас сезиладиган сип-сиплиқ, топ-тоза деворда тангадек доғ-дуғ ҳам кўринмайди. Ҳикоя қилганларимнинг бари хаёлимда кечди, холос. Жар ёқасига яқинлашиб қолган эканман. Оқсоч аёл қаҳва кўтариб кирди, жиҳозлару буюмлар жой-жойида, оқсоч аёл турқи-тароватим одатдагидек эканини кўриб хотиржам тортади. У деворга кўз қирини ташпаб ҳам қўймайди, ҳозиргина хаёлларимни жунбушга келтирган ўйлардан у хабарсиз. Дунё гўзал. Ҳамма нарса батартиб. Менинг ҳам эс-ҳушим жойида. Хаёлларимни безовта қилган дайди ўйларга келсак, улар ҳақида ҳеч кимга лом-мим деб оғиз очмаганим маъқул, уларнинг барини қалбимнинг кўз илғамас қаърига кўмиб ташламоғим керак. Ҳар бир киши ҳар куни қилиши зарур бўлган жасорат ҳам шу”.

Рус тилидан Хуршид Дўстмуҳаммад таржимаси
“Тафаккур” журнали, 1996 йил, 2-сон