Александр Куприн. Сўнгги ижро (ҳикоя)

Учинчи ва тўртинчи кўринишлар оралиғидаги танаффус якунланмоқда эди. Капельмейстер Геккендольф Бобил асирлигидаги яҳудийлар йиғиси ғоятда ёрқин тасвирланган энг қизиқарли жойгача ҳозиргина етиб келди. Иван Иванович нуқул сержазава, фуга нола қилиб турадиган шундай пьесаларни жонидан яхши кўрарди – унда флейтанинг ҳасрат ила инграниши кларнетнинг фарёдли чинқириқлари билан қоришиб кетади. Тромбон ҳеч нарсага қарамай, гув-гув қилар ва ҳамма ёқни турли ноғораларнинг тарақа-туруми тутиб кетар эди. Товушларнинг бетартиб шовқинидан даҳшатга тушган ва чолғуларни жойига қўйишга тайёр машшоқлар мунг тўла, умидсизликдан лоқайдлик акс этган нигоҳларини бот-бот капельмейстрга ташлар эдилар…
Шунда Иван Иванович ҳаммани тонг қолдирди: у ўзини у ёқдан-бу ёққа отар, гавдаси билан энг қийин ҳаракатларни бажарар, чаққонлиги ила халойиқни ҳайратга солар эди. Ниҳоят чарчоқ ва ҳаяжондан қип-қизариб, чолғулар умумий жўрликка қўшилиб кетганида томошабинларга тантанавор кўз югуртириб чиқди. Бу гал омма Иван Ивановичнинг мусиқий чиқишларидан у айтганчалик ҳайратга туша олмасди, чунки барча биринчи марта кутилаётган драма ҳақидаги суҳбатлар билан андармон эди. Муаллиф исмини ярим овозда тилга олар ва қуюқ сочи тўзғин йигит ўтирган литер* айвончаси томонга ишора қилар эди.
Саҳнада тўс-тўполон авжида эди. Бир вақтнинг ўзида ҳам декоратор ҳам машинист, ҳам сценарист вазифасини бажараётган Алексей Трофимович Петунья қаттиқ ҳаяжонда эди.
– Туширинглар, кулисаларни туширинглар! – қичқирди у, саҳна бўйлаб сюртуксиз югурар экан. – Секинроқ-да, ахир кўзларингга қаранглар! Менга қара, ҳов найноввачча, отинг нимайди?
– Кирилл-да, нима бўларди, – жавоб берди мийиғида кулиб, жингалаксоч, бўйдоргина йигитча.
– Гап бундай, қўзичоғим Кирилл, тезда пастга, кассага тушгин-да, Андрей Филипповичдан менинг саквояжимни сўра, уқдингми? Қопча-да, мана бунақа кичкина, думалоқ идиш… Нега қараб турибсан, чопсанг-чи! Ҳой, нима бало, ухлаб қолдиларингми? Дарё қани? Николай Антонович, дарёни унутибсизлар-ку, дарёни ҳайданг!
– Осилиб тураверсин, – юқоридан дағал овоз жавоб қайтарди,– энди кулисалар халақит беради, қайтанга осонроқ бўлади.
– Сиз-чи, Николай Антонович, деворни тузатдингизми? Ўтган сафар Анемподистов ўн тўртта тишидан айрилганди. Александр Петрович, нима қилишимни ҳам билмай қолдим, булутлар парча-парча бўлиб сочилиб кетган, дарё йилт-йилт қилади, кулисалар эскилигидан чириб кетган…
Сўнгги сўзлар антрепренерга* ва қўлида қамчи билан саҳнадан тез юриб ўтган труппа директорига қарата айтилганди. Бу ўттиз беш ёшлардаги баланд бўйли, келишган киши эди. Юзи теварагини қуюқ қора соқол қуршаб олган бўлиб, сочи елкасига чиройли тушганди, сохт-сумбатидан у ўзига етганча мағрур, қурб-қудратига ишончи манаман деб турар эди. Айниқса, унинг катта-катта, кулранг, совуқ боқувчи кўзлари дафъатаноқ эътиборни ўзига тортар эди, унинг тик боқишига кўплар, ҳаттоки энг жиддий одамлар ҳам тоб беролмасди.
– Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, – зорланарди Александр Трофимович, жон-жаҳди билан қўлларини ҳаракатга келтириб. – Андрюша яна ичиб олибди, эски кулисалар ҳеч нимага ярамайди, қулаб тушиб, битта-яримтасининг бошини ёриши ҳеч гап эмас…
– Кейин, кейин, – унинг гапини бўлди паришонхотирларча Александр Петрович. – Гольяская қани?
– Хоним пардозхонада бўлсалар керак, агар адашмасам,– жавоб берди Алексей Трофимович ва топшириқлар бергани яна чопиб кетди.
Юқорига кўтарилиб, Александр Петрович чоққина бўялган эшик олдида тўхтади ва тақиллатди.
– Ким у? Кираверинг! – Эшик ортидан ёқимли аёл овози қулоққа чалинди.
– Лидия Николаевна Гольская чиндан соҳибжамол эди. Фальери лақаби остида саҳнада ўйнаган ва асарнинг қоқ ўртасида қисқа, аммо заҳарли “Партнюрсиз қиёфа” эпиграммаси билан савдогар хотинларнинг юрагини забт этган трагик Анемподистов ҳар гал Лидия Николаевна ҳақида гап борганда, кўзлари косасидан ирғиб чиқади, бир неча дақиқагача ола-кула бўлиб ўтирар, хирилдоқ овозда: “Фаришта! Фариштанинг ўзи!” – деб луқма солар эди. Дарҳақиқат, юз бичими ниҳоятда фусункор, турган-битгани қадимги маликаларни эсга солувчи, тиниқ ва рангпар чеҳрали Гольскаяга бундан ортиқ ташбеҳ топиб бўлмаса керак.
Антрепренер кириб келганда Лидия Николаевна шиддат билан олдинга интилди, аммо яна оромкурсига чўкди ва бирдан иккала юзи қип-қизариб кетди.
– Сизни ҳузуримга қандай шамол учириб келди? – сўради актриса зўраки илтифот ила, унинг товушида ошкора алам ва нафрат оҳангини пайқаш қийин эмасди.
Александр Петрович қора ёлдор сочини силкитиб қўяди.
Томдан тараша тушгандай қилиб берилган бу савол унга жуда айил ботди, чунки у ётиғи билан гапиришни ният қилиб келганди.
– Аввало сиздан иккита нарсани сўрамоқчиман, Лидия Николаевна, биринчидан, менга бунақа оҳангда гапиришингизни ташласангиз. Иккинчидан, сизга шуни маълум қилмоқчи эдимки, сизнинг кўринишингиз ва умидсиз нигоҳларингиз мени яхши маънода ташвишга солади. Бундай бўлишига жўяли бир асос бормикан? Бугун эса, худди атайлаб қилгандек, жуда ёмон ўйнаяпсиз. Яхшиямки, томошабинлар сизни яхши кўришади, акс ҳолда сиз туфайли пьеса барбод бўлиши тайин эди, ҳа, узил-кесил йўққа чиқарди… Минг қилса ҳам аёллигингизга бордингиз, бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирдингиз! Бу ерда мендан ташқари муаллиф азият чекади, сизнинг ўртоқларингиз азият чекишади; иймоним комилки, томошабинларнинг тўртдан уч қисми овозингиз ўлаётганидан бехабар, – шундай дея Александр Петрович ғижинган, ўпкасини қўлтиқлаганча жавоб кутиб, аёлнинг қаршисига келиб тўхтади.
– Александр Петрович, ахир ўз танангизга бир ўйлаб кўрсангиз-чи,– ниҳоят тилга кирди Лидия Николаевна тиниқ товушда, – чин дилдан умрида биринчи марта севиб қолган аёлни тасаввур қила оласизми?
Александр Петрович тоқатсизлангандек бир ҳаракат қилди.
– Бироз шошмай туринг! – сўзида давом этди Лидия Николаевна – Ўша аёл бир аёл бериши мумкин бўлган ҳамма нарсани берди, деб тасаввур қилинг, йигит эса мана шу қайноқ, сўқир муҳаббатни ҳақоратлади, севган аёлни тақдир ҳукмига ташлаб кетди. Яна шу нарсани тасаввур килингки, Александр Петрович, мана шу аёл ўз жонига қасд қилишга ёки телба бўлишга жуда яқин қолганида, ҳа-ҳа, айнан мана шундай вақтда минглаб одамларнинг кўнглини чоғ қилишига тўғри келади!
– Ана шунақа! Худди ўйлаганимдек бўлиб чиқди, – гапни илиб кетди бетоқат антрепренер.– Сиз тўғридан-тўғри мендан изоҳ талаб қила олишингиз мумкин бўлган вақтда бу ерда шама ва писандаларга ҳожат не эди? Сизга сизни севишимни айтганимда, чин юракдан айтган эдим, яъни худди сизга ўхшаб – бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Борди-ю, мендан кўнглингиз қолган бўлса, мен ғамга ботиб юрмаган, сиздан севги талаб қилмаган бўлар эдим! Борди-ю, ишқ изтироби менга оғирлик қилгудай бўлса, ўзимни театримнинг биринчи тўсинига осиб қўя қолар эдим. Агар рақибимга қарши рашк ва ғазаб алангасида куйгудай бўлсам, қараб ўтирмас эдим, кўнглим нимани хоҳласа шуни қилар эдим; масалан, мана шу графин билан битта- яримтани бошига уриб ёрган бўлар эдим…
– Александр Петрович, – эътироз билдирди Гольская, – сиз менинг аёл киши эканлигимни унутдингиз чоғи…
– Э-эй, нима фарқи бор! Баъзи ярамас “куйдим-ёндим”чиларнинг, модомики, эркак ва аёл бир-бирига кўнгил қўйдими, улар ўртасида қандайдир ўзаро ахлоқий мажбурият пайдо бўлади, деган гапларига ўла қолсам ишонгим келмайди. Ҳа, тўғрисини айтаманки, тушунмайман уларни, Лидия Николаевна! Эркакнинг бир сўзига ишониб, уни никоҳ курсисигача олиб бориш бокира қизларга хос ва буни кечирса бўлади. Мен сизга ёқиб қолдим, сиз менга ёқиб қолдингиз, – хўш, буни сиз табиий, деб ўйлайсизми? Сизни ёқтирмай қўйганимни-чи, наҳотки бу табиий бўлмаса?
– Александр Петрович! Онтларингиз, ваъдаларингиз-чи? Сиз учун муборак бўлган нимаики қолган бўлса, барчасини муҳаббатингиз гувоҳлигига чақирган сиз эмасмидингиз?!
– Нима бўлибди шунга? Ёки мени ёғочдан ясалган санам деб ўйлаганмидингиз? Мени ҳам, сизни ҳам бирдек куйдирган эҳтирос менинг ўрнимда бўлган ҳар қандай одамни мендай онт ичишга мажбур қилган бўларди! Хўш, дуруст, фараз қилайликки, мен бу онтларимга вафо қилишим керак эди; сиздан кўнглим қолганини лўнда қилиб, очиқчасига айтганимдан кейин ҳам севгимга ишонинг деб бошқатдан ялиниб-ёлвора бошласам, наҳотки сиз бундан ҳузурлансангиз? Сиз эса ўз ихтиёримча нозик ҳиссиётларимни чорлай олмаслигимга иқрор бўлмоғингиз керак ва шарт!
Мана шундай ночор ҳолатида аёл йигитга шунақанги яхши кўриниб кетадики, бундан антрепренер ҳам истисно эмасди, бинобарин, унинг кўнглидан бир фикр йилт этиб ўтди: мен ҳали ҳам уни кўндиришим мумкин, бир синамоқчи эдим, дейман. Аммо бу бир лаҳзагина рўй берди, иккинчи лаҳзада у васвасали фикрни ҳайдаб юборди-да, совуқ оҳангда жавоб берди:
– Нима қилибман? Қонуний тарзда боланинг ҳаётини таъминлашинг керак, дейсизми? Сиз шуни хоҳлайсизми? Бажонидил…
Антрепренер жумлани охиригача тугатолмади. Таҳқирланган аёл оромкурсидан турди-да, ғазабдан бўғилиб, деярли шивирлаб деди:
– Йўқол!
Бу “йўқол” ҳар қандай қичқириқдан ҳам кучлироқ эди. Ҳеч қачон, ҳеч бир ҳолатда ўзини йўқотмаган одам бошини эгганча индамай чиқиб кетди.
Лидия Николаевна ёпилган эшикка узоқ қараб қолди ва деярли ҳолсиз оромкурсига чўкди. Миясида оғир фикрлар уяси бузилган аридек ғужғон ўйнарди, шу билан бирга қандайдир даҳшатли қарор вужудга келиб, пишиб етилмоқда эди.
– Сиз чиқасиз, Лидия Николаевна, – бирмунча муддатдан кейин комик Вальцовнинг чийилдоқ овози янгради. Уни Анемподистов заҳархандалик билан ҳар ишга моҳир устаси фаранг деб атаган эди. – Тезроқ бўлинг, илтимос.
– Лидия Николаевна ҳаяжонини енга олди. Ажойиб артист, деб айтишлари бежиз эмас-да. Қуруққина, қатъий оҳангда жавоб берди:
– Бораяпман!… Айтинг, келаяпти денг.
– Саҳнада ҳаво дим эди. Сўнгги парда кетарди, унда севган йигити (бу ролни антрепренер ижро этарди) алдаган ва ноҳақ таъна-маломатга қолган бир қиз заҳар ичиб ўлади, уни қаттиқ севган йигитига нисбатан нафрату қарғишларини ўзи билан қабрига олиб кетади. Гольская ўз чиқишини кутиб, кулисага суяниб турарди, ранги бўздай оқариб, юраги дук-дук урарди. Кимдир унинг қўлидан тутиб силкий бошлади. Қулоғига режиссёрнинг меҳрибонлик билан айтган гаплари чалинди:
– Жудаям оқариб кетибсиз, Лидия Николаевна, сув ичасизми?
Лидия Николаевна “йўқ” дегандек хомуш бош чайқади.
“Бошланаяпти, бошланаяпти, – қўрқув ичида ўйлади у,– сўнгги марта сўрайман ва у жавоб бериши керак, бегоналарнинг сўзларидан менинг азобларимни тушуниши керак… Оҳ, юрагимнинг уришини!… Манави манфур Анемподистов эса қийшанглаб қичқиргани-қичқирган!”
У кута-кута охири ғазабини ифода этиши керак бўлган талвасали ҳаракатларда қийшанглаганича, Анемподистов гумбурлаган босиқ товушда фалакдаги барча момақалдироқларни кимнингдир шўрлик бошига чақириб, кулисалар ортига кетган паллада режиссёрнинг кескин шивирлагани қулоғига урилди:
– Сиз чиқасиз, Лидия Николаевна. – Интизор бир ҳолатда актриса саҳна томон одимлади.
Ана у – қайғу-ғамда ҳам бемисл гўзал ва улуғвор буюк хилқат, унинг бир бора кўринишининг ўзиёқ юзлаб қалбларни ларзага солиб, вужудларни титратиб юборади.
У саҳна ўртасида турган баҳайбат қиёфадан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди ва бу қиёфа унда қандай туйғу уйғотганини ҳам билмасди: олдинги эзгу муҳаббат туйғусиними ёки чуқур нафрат туйғусиними…
“У нима деркин? – хаёлидан кечди унинг – Наҳотки, бу муздай юрак эриш нималигини билмаса? Айт, сени севаман, де, аввалгидек мени қуч, мен ҳамма нарсамни сенга бахшида этганман-ку, ахир, мен сени беҳад, бегидир севар эдим… Аммо бу қанақаси бўлди? Наҳотки тариқча ҳам умид қолмаган бўлса?… Ана, у нимадир деяпти… Йўқ! У ҳамон унга совуқ, бешафқат сўзлар эди, бу унга жон олувчи, юрагини пораловчи киноя эди…”
Аёл қўлларини қирсиллатганча инграниб йиғлар, муҳаббатимни қайтар, ўзимга шафқат қил, деб ёлворар эди. Аёл уни бандаси-ю раҳмоннинг ҳукмига ҳавола этар экан, яна телбаларча аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкар эди…
Наҳотки у маъшуқасининг аҳволини тушунмаса, унинг мажруҳ юрак фарёдига жавоб қайтармаса?!
Аёл қалбини тушунолмаган мингта ошиқдан биттаси бўлиб, йигит (яъни антрепрнер) актриса ортидаги севги тимсолини кўра олмади; аёл юзига унга томон заҳролуд кек ила бир қараб қўйди-да, гавдасини мағрур тутганча ҳиёнаткорона уни ташлаб кетди.
Суюкли маъшуқа бир ўзи қолди.
Ҳамма юрагини ҳовучлаб олганди. Хар бир томошабиннинг баданидан совуқ тер чиқди.
Таажжуб ичида суфлёр китобни тап этиб ёпди – унда мана бунга ўхшаган, мунг ва қайғуга тўла сўзлар йўқ эди.
Созининг овозини пасайтиришга чоғланган скрипкачи бир тўхтади-да, даҳшатдан кўзларини катта-катта очганча тош қотди.
Маъшуқа эса қандайдир хаста овоз билан ўзининг ҳалок бўлган шўрлик муҳаббати достонини ҳикоя қиларди – осмонга тавалло қилиб, ундан ажал сўрар, унинг ҳаётини барбод этган одам учун дуоибадлар ўқиб, бошига минг турли балолар ёғилишини тилар эди. Танобийда гўристон жимлиги ҳукм сурарди – ҳар бир сўз ҳаддан ташқари аниқ-тиниқ эшитилиб турарди.
Бирдан Гольская тўхтади ва аста рампа* олдига келди. Энди у йиғламаётганди, қўлларини асабий қирсиллатмасди, чеҳрасида ошкора хотиржамлик ҳукмрон эди. Қўлида қора суюқлик солинган шиша идишча йилтилларди.
“Шунақа ҳам ёқимсиз ҳид бўладими?… Қўрқиб кетаяпман… Ўзимни қўлга олишим керак… Аччиқ… Ичим ёниб кетяпти…”
У катта-катта, ҳайрат тўла кўзларини томошабинлар устидан юргизиб ўтди… Оқариб кетди, бир чайқалди-да, қўрқинчли, юракни тилкаловчи қичқириқ билан фаршга қулади. Томошабинларнинг оппоқ чеҳраларида ҳаяжон ва аллақандай саросимали ҳайрат акс этди. Гўристон жимлиги остида парда аста-секин туша бошлади, бироқ шу заҳоти гулдурос қарсаклардан театр ларзага келди.
– Гольская! Гольская! – деган овозлар янграр эди ҳар томондан, энг юқори қаватдаги жойларда томошабинлар шовқин солиб, ерни дуп-дуп тепар, талвасали қичқириқлар эшитиларди. Парда бурчаги силкинди, кимдир саҳнадан журъатсиз бош суқиб қаради-да, яна ғойиб бўлди.
– Гольская! Гольская! Офарин! – қичқириқлар тинимсиз янграр эди. Парда яна чайқалиб кетди, саҳнага гул ва гулдасталар ёғилди.
Ие, бу қанақаси? Рампа ёнида қўрққанидан юзи девордай оқариб кетган бир киши пайдо бўлди. У ёшдан хираланган кўзларини аста танобий бўйлаб югуртириб чиқди-да, титроқ овозда эшитилар-эшитилмас қилиб деди:
– Жаноблар, Гольскаядан айрилиб қолдик…

Русчадан Амир Файзулла таржимаси
______________
* Литер – хос кишиларга мўлжалланган жой
* Антрепренер – театр мутасаддиси
* Рампа – саҳнанинг олд қисми