Албер Камю. Бодом гули (эссе)

Биласизми, мени ҳаммасидан кўра нима кўпроқ ҳайратга солади! — деди Наполеон Фонтанга*, — Зўравонлик куч-қудратининг яратувчиликка қодир эмаслиги. Дунёда фақат икки ҳоким бор — қилич ва ақл-идрок; охир-оқибатда ҳар доим ақл-идрок қилич устидан ғалаба қозонади.»
Кўряпсизки, жаҳонгирлар ҳам гоҳида маъюсланиб, руҳан тушкунликка берилишган. Қанчалик дабдабали бўлса шунчалик беҳуда ва ўткинчи шон-шуҳрат учун қандайдир тўлов ҳам бериш керак-да. Аммо бундан юз йил муқаддам қилич учун адолатли саналган ишларнинг бугунги кунда танкларга ҳеч бир дахлдорлиги йўқ. Жаҳонгирлар улкан ғалабаларга эришдилар, хўрланган Европа узра, ақл-идрок маҳв этилган барча ўлкаларда ҳам узоқ йиллар бир бадқовоқ сукунат ҳукм сурди. Фландрия учун бўлган қабиҳ уруш йилларида ҳам Голландия рассомлари ўз асарларида қушхоналарни, қўноқдаги хўрозларни тасвирлаш имконини топа олдилар. Бугун Юз йиллик уруш унутилган бўлса ҳам, Силезия диндорларининг дуолари баъзи юракларда ҳамон тирик. Эндиликда ҳаммаси ўзгарган; рассом ҳам, руҳоний ҳам — барча-барчамиз дунё учун бирдай масъулдирмиз. Ақл-идрок ўзининг қачондир жаҳонгир ҳам тан олган шоҳона қатъиятини йўқотди, ҳамон куч-қудратни лаънатлаб, ўз имкониятларини сарф этмоқда. Зеро энди уни бўйсундиришга қодир ҳам эмас.
Эзгуликка эш қалблар бу ҳолни дард, хасталик деб билади-лар. Бу хасталикми, йўқми — бизга номаълум, аммо биламизки, бугунги воқелик худди шундай. Хулоса; бу билан ҳисоблашмоқ даркор. Фақат пухта англаш лозим — биз нима истаймиз? Биз фақат бир нарсани — энди қеч қачон қиличга енгилмасликни, ақл-идрокка хизмат қилмайдиган куч-қудратни энди ҳеч қачон тан олмасликни истаймиз.
Тўғри, бу бениҳоя улкан, қамровсиз вазифа. Бироқ бизнинг ишимиз — ортга чекинмаслик. Менинг ақл-идрокка бўлган ишончим тараққиётга ёки қайсидир Тарих фалсафасига умид боғлаш даражасида эмас. Аммо, ҳар ҳолда шунга ишонаманки, одамлар доим ўз тақдирини янада чуқурроқ англаб етишга интиладилар. Биз ҳаёт, тириклик шарт-шароитлари билан ўзаро боғланганмиз. Айни чоқда ҳамма борган сари яхшироқ шароитларни танлаётир. Биламизки, зиддиятлар орамизга нифоқ солади, лекин улар билан муроса қилмаслик, қандай бўлмасин, бу зиддиятларни юмшатиш кераклигини ҳам биламиз. Биз — инсонлармиз. Озод юракларнинг адоқсиз соғинчини қондириш бизнинг бурчимиздир. Нимаики тилка-пора қилинган бўлса, уни қайтадан бутлаш, бўлакларга ажралган бўлса, бирлаштириш, очиқдан-очиқ адолатсиз дунёда баҳоли қудрат адолат мезонини ўрнатиш, аср хасталиги билан заҳарланган халқларда бахт-саодат рўёбига ишонч уйғотишимиз лозим. Албатта, бу фавқулодда, киши қўлидан келмайдиган иш. Аммо шуни ҳам унутмайликки, узоқ йиллар зўр бериладиган саъй- ҳаракатни талаб қилувчи мақсадларни ҳам ҳамиша киши қўлидан келмайдиган ишлар деб ҳисоблашган.
Мақсадни аниқ белгилаб олсак, фақат шундагина куч-қуд-рат, у ҳатто қандайдир ғоя ёки моддий бойлик қиёфасига ки-риб йўлдан оздирмоқчи бўлганида ҳам биз ақл-идрокдан юз ўгирмаймиз. Асосийси — ноумид қолмасликдир. Бари беҳуда деб жар солаётганларнинг қичқириқларига қулоқ тутавермаслик керак. Цивилизациялар осонликча йўқолиб кетмайди, агар бу дунёнинг ҳалокати тайин бўлса ҳам, аввало бошқа дунёлар барбод бўлади. Ҳа, турган гапки, биз фожиалар замонида яшамоқдамиз. Аммо жуда кўпчилик одамлар фожиани ночор умидсизликдан фарқ қилолмайдилар. «Фожиа бахтсизликка бериладиган қақшатқич зарбага айланиши керак»,— деган эди Лоуренс. Мана, сира кечиктирмай амалга ошириш мумкин бўлган соғлом фикр. Ана шундай зарба ўрнини босувчи фожиалар бугун жуда кўплаб топилади.
Жазоирда яшаган йилларим, ҳар ўтган қиш фасли менинг сабр-бардошимни орттирди. Чунки мен бир ажойиб тунда, февралнинг совуқ ва ойдин бир кечасида Элчилар Водийсида бодом гуллашига қаттиқ ишонардим. Нозикдан-нозик, қордай оппоқ бу ҳарирликнинг ёмғирга ва денгиз шамолларига қандай бардош беришини минг ҳайратда кузатар эдим. Аммо у ҳар йил қишда мева боғлаш учун қанча лозим бўлса, шунча муддат туриб берар эди.
Бу тимсол эмас. Тимсоллар ёрдамида биз бахтга эришолмаймиз. Бу ерда бирмунча жиддийроқ бошқа нарса бор. Мен ҳаёт жабр-жафолари ҳаддан ташқари оғир бўлиб бораётган, бахтсизликлар билан тўла Европада туриб, ҳозиргача ҳаракатга келмаган қанча-қанча кучлар мавжуд бўлган қуёшли мамлакатларга такрор мурожаат қилаётирман. Мен бу мамлакатларни жуда яхши биламан. Улар — мумтоз ўлкалар, уларда ақл-мушоҳада ва жасорат мутаносиблигини пайдо қилиш мумкин. Уларнинг тажрибаси устида бош қотирар эканман, доим бир ҳақиқатга амин бўламан: агарда ақл-идрокни қутқариб қолиш ниятинг бўлса, саховатпешаларнинг шикоятомуз оҳ-воҳларига учмай, ўз кучинг, ўз фазилатларинг билан илҳомланиб, курашмоғинг лозим. Дунёмиз бахтсизликлар билан оғуланган, гўё бу оғуни ичиб, мириқаётгандек туюлади. У бошданоёқ файласуф Ницше жафокашлик, жабрдийдалик деб атаган дардга мубтало бўлган. Унга ҳамдардлик изҳор қилиб ўтирмайлик. Ақл-идрок ва руҳга аза тутиш бефойда, унинг келажаги учун ишлаш кифоядир.
Бироқ савол туғилади: ақл-идрокнинг устиворликлари нимада? Ницше буларни жабрдийдаликнинг ашаддий душмани деб атаган эди. Булар мустаҳкам ирода, талабчанлик, энг оддий, «заминий» бахт, букилмас сабот ва ғурур, донишманднинг совуққон вазминлиги. Бу фазилатлар бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ керакли, ҳар киши ўзига мос, энг тўғри келадиганини танлаб олиши мумкин. Ўз зиммангга шундай катта масъулият олар экансан, ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли иродани унутиб қолдирмаслик керак. Сайловолди минбарларида дарғазаб хўмрайган ва дўқ-пўписага ўтишдан сақлана олмайдиган иродани эмас, балки оқ ҳарирлиги ва шираси денгиздан эсадиган барча шамолларга бардош қила оладиган иродани унутмаслик даркор. У — бутун дунёни музлатган қиш чилласида бодомнинг мева тугиши учун ягона сабаб, ёлғиз кафолат.

Рус тилидан Абдул Жалил таржимаси
__________________
* Луи де Фонтан (1757—1821) — адабиётчи, Империя замонида университет ректори