Альбер Камю. Дўзахдаги Прометей (эссе)

Бугунги кун одами учун Прометей ким? Ҳеч шубҳасиз, айтиш мумкин, худоларга қарши чиққан бу исёнчи — бугунги кун одамининг тимсоли, минг йиллар муқаддам Скифия саҳроларида бошланган бу исён, эндиликда бутун тарих кўрмаган-билмаган ларзакор ўзгаришлар билан якунланмоқда. Аммо вақт бизга эслатмоқдаки, мангу таъқибга учраган Прометей ҳозир ҳам бизнинг орамизда, биз эса унинг инсонийлик учун исёнга чорловчи якка-ёлғиз овозини ҳамон эшитганимиз йўқ. Чиндан ҳам бугунги кун одами — беадад кўпликдан бу тор заминда азоб чекаётир; у оловдан ва озиқдан маҳрум, унинг учун озодлик — кутишга ҳам қодир дабдаба, зеб-зийнат; гап шу ҳақдаки, ҳали одамларнинг кўп азоб чекишига тўғри келади, лекин бу орада озодлик ва унинг сўнгги гувоҳлари бирмунча камаяди. Прометей одамларни шунчалар қаттиқ севадиган қаҳрамон эдики, уларга бирйўла олов ва озодликни, ҳунармандлик ва санъатни тортиқ қилди.
Бугун инсоният учун фақат бир нарса муҳим, фақат бир нарса уни безовта қилади — ҳунармандчилик. Унинг исёни машиналарда мужассамлашади, санъат ва санъат тарафида турган нарсаларнинг ҳаммасини у ишга ҳалал берувчи тўсиқ-ғов, ҳатто, қуллик аломати деб билади. Прометей эса, аксинча, ҳеч қачон машинани санъатдан ажратгани йўқ. У танни ва руҳни биратўла озод қилиш мумкин деб ўйларди. Бугунги кун одами эса, ҳатто руҳни бир муддатга ўлдириб бўлса-да, аввал танни озод қилиш кераклигига ишонади. Аммо руҳ фақатгина маълум муддат ўлишга қодирмикин? Ҳақиқатда эса Прометей ерга қайтар экан, одамлар ҳам худди қадимдаги худолар каби, инсонийликни улуғлагани учун уни қояга парчинлаган бўлур эдилар. Мағлуб паҳлавонни Эсхил трагедиясининг муқаддимасида янграган ҳақорат сўзлари, адоватли овозлар — Зўравонлик ва Шафқатсизлик овозлари кўмиб кетар эди.
Эҳтимол, зулмат босган, ночор замонлар олдида, яланғоч дарахтлару дунёни қучаётган қаҳратон олдида бош эгарман. Бироқ нурга ташналигимнинг ўзи мени оқлайди: у менга ўзга дунё ҳақида, менинг чинакам ватаним ҳақида сўзлайди. Уруш бошланган йили мен Улисс босиб ўтган йўл бўйлаб сузишга отландим. У пайтлар бақувват, навқирон эдим, ҳатто чўнтагимда сариқ чақа бўлмаса-да, ўзга дунёларни излаб, денгизни кесиб ўтишдек дабдабали режалар тузишим мумкин эди. Лекин мен бундай қилмадим, ҳамма қатори иш бошладим. Мен кемага чиқмадим. Мен ланг очиқ турган дўзах дарвозаси сари тортилган узундан-узоқ силсилада ўз ўрнимни билар эдим. Биз бирин-кетин ичкарига кирдик. Буни қарангки, бегуноҳ ўлди-рилган одамнинг биринчи чинқириғиданоқ дарвоза ёпилди. Биз дўзахга тушиб қолдик, чиқишга эса йўл йўқ. Мана, олти йилдирки, биз бу ҳолга кўникмоқ учун тиришамиз. Бахтга ёр оролларнинг ўтли шарпалари эса бизга оловсиз ва қуёшсиз ўтадиган узоқ йиллар ортидангина элас-элас намоён бўлади.
Европанинг рутубатли ва қаро тунида надомат титроғи ва англамоқ азоби билан, беихтиёр кекса Шатобрианнинг Грецияга жўнаб кетаётган Амперга қарата ҳайқирганини эслайсан киши: «Сиз энди менинг Аттикада кўрганларим — зайтун япроғини ҳам, узумнинг зумрад донасини ҳам асло топа олмайсиз. Мен ўша йилларнинг ҳар бир майсасига ачинаман. Ҳеч бўлмаса ёлғизгина арчагул ниҳолини тирик сақлаб қолишга ҳам қурбим, қувватим етмади». Худди шундайин биз ҳам, гарчи томирларимизда навқирон қон оқса-да, асримизнинг даҳшатли кексалигига ботганмиз, гоҳи-гоҳида барча замонларнинг ўт- ўланларига, кўриш, завқланиш учун ҳеч қачон қошига бора олмайдиганимиз — зайтун япроқларига, озодлик узумларига ачинамиз. Ҳамма ёқда — одамлар, ҳар тарафда одамларнинг қичқириқлари, азоб-уқубатлари ва тажовузлари. Бу тўс-тўполонда чигирткаларга жой қолмайди. Тарих — беҳосил, ориқ ер, унда арчагул ўсмайди. Шундай бўлса ҳам, бугунги одам тарихни танлаган экан, ундан юз ўгиришга асло ҳаққи йўқ. Аммо у тарихни бўйсундириш ўрнига, кундан-кун унинг итоаткор қулига айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам у Прометейни — қўрқмас ва журъатли, зийрак ва ғамхўр юракли ёш йигитни сотиб қўяди. Шу ерда у Прометей одамларни қутқармоқчи бўлган қашшоқлик ва ожизликка юз тутади. «Улар худди тушдаги сояларга ўхшаб қараб туришар, лекин кўришмас эди, қулоқ тутишар, аммо эшитмасдилар…»
Ҳа, ҳали ҳамма иш олдинда эканини англаш учун гўзаллик тепалиги Правансда бир кечани ўтказиш кифоя. Вужуд очлигини қондириш учун оловни қайтадан кашф этишимиз, ҳунармандчиликни тиклашимиз даркор. Аттика, озодлик, узум терими, кўнгил озиғи — булар барчаси кейинроқ. Ўзимизга секингина шундай деб айтиш қолади: «Улар энди қайтмайди — ёки улардан бошқалар баҳраманд бўладилар». Ҳеч бўлмаганда ўша бошқаларнинг ҳам бебаҳра қолмасликлари учун курашиш бизнинг вазифамиздир. На илож, буни англаш кимгадир жуда оғир бўлар, кимдир уни аламсиз қабул қилар. Аммо шу нарса ноаёнки, биз жуда кечикиб келдикми ёхуд жуда эрта? Арчагул ниҳолини сўлдирмасликка қурбимиз етадими?
Асримизнинг бу саволига Прометей қандай жавоб беришини тасаввур қилиш мумкин. Моҳиятан қараганда у аллақачон жавоб берди: «Агар уни ўз қўлларингиз билан яратишга маҳорат ва жасоратингиз, куч-қувватингиз етса сизга ўзгача ва яхшироқ келажак ваъда қиламан». Эй, одамлар, шундай экан, нажот ўз қўлимизда, асрларнинг саволига мен: «Ҳа», деб жавоб бераман, зеро шундай инсонлар борки, мен уларда доимо ўша тафаккур қудратини, ўша маърифатли жасорат мавжудлигини ҳис қиламан. О, адолат, о, менинг табаррук онам,— нидо қилади Прометей,— чекаётган қийноқ ва азобларимни кўряпсанми? Гермес бўлса, унинг устидан масхараомуз кулади: «Ҳайронман, ўзингни даҳшатли қийноқлар кутаётганини сен башоратгўй, нима учун олдиндан кўра олмадинг экан?» Мен буни билардим,— дейди исёнчи. Мен чорлаётган одамлар ҳам адолат фарзандларидир. Улар ҳам муштарак дард-қийноқлар остида азоб чекадилар, бу кулфатлар манбаини яхши биладилар. Улар жуда яхши биладиларки, кўр адолат бўлиши мумкин эмас, яна биладиларки, тарих — сўқир, унинг ҳукмини бекор қилмоқ ва мумкин қадар тафаккур ҳукми билан алмаштирмоқ керак. Бу ишда Прометей бизга ёрдам беради.
Афсоналар ўз-ўзларича яшамайдилар. Улар ўзларига бизнинг ҳаёт ва қон ато қилишимизни кутишади. Дунёда ҳеч бўлмаса бир одам уларнинг чақириғига жавоб берса бас, афсоналар бизни битмас-туганмас оби-ҳаёт билан суғоришга шай. Бизнинг вазифамиз — уларни унутмаслик. Шундай қилишимиз керакки, ҳеч бир афсона ўлим уйқусига толмасин. Баъзида бугунги кун одамини қутқариб қолиш мумкинмикин, дея шубҳаланаман. Лекин унинг фарзандларини, уларнинг тани ва руҳини халос этиш имкони бор. Уларга бахт ва гўзаллик сари йўл очиб бериш мумкин. Агарда биз гўзалликсиз, демакки озодликсиз, (зеро гўзаллик бу — аввало, озодликдир), ҳаёт билан муроса қилишга мажбур эканмиз, Прометей ҳақидаги афсона мунтазам эслатиб туради: инсон қиёфасини фақат маълум муддатгагина бузиб кўрсатиш мумкин, инсонга хизмат қилиш эса, фақат унинг буюк бир мужассами учун ишлаш орқалигина юзага чиқади. Агар у оч, нонга ва арчагулга муҳтож бўлиб, бундай пайт чиндан ҳам биринчи навбатда, нон асқотар экан, келинг, ҳеч қурса, арчагулни ҳам унутмасликни ўрганайлик. Прометей одамлари тарихнинг энг оғир мусибатли даврларида ҳам заҳматли меҳнатдан асло бош тортмай, чекинмай, ерни, саркаш майсаларни-да кўра олиш салоҳиятини сақлаб қоладилар. Занжирбанд қилинган баҳодирни қалдироқлар ва чақмоқлар кўмиб кетар, аммо у инсонга бўлган собиту вазмин ишончини асло йўқотмайди. Шунинг учун у қоядан ҳам қаттиқ, барқарор; қонхўр, ваҳший бургутдан кўра саботли. Бу бениҳоя қатъият худоларга қарши исёндан ҳам юксакроқ;, биз учун у маъно ва мазмунга тўла бир уммон. Бутун борлиқни, қатрадан то коинот қадар, ҳамма-ҳаммасини бир бутун, яхлит, ажралмас сақлашдек бу ажойиб истак-ирода жабр-ситам кўрган, эзилган одамлар юрагини дунё баҳори билан ҳамиша яраштириб келган ва яна яраштираверади.

Рус тилидан Абдул Жалил таржимаси