Йигит от ишқибози, отлари сон-саноқсиз эди. Лекин шунча отнинг ичида бодом гул рангли отига кўнгил қўйган, уни хотини, болалари, ёру дўстлари сингари яхши кўрарди. У жонивор йигитнинг энг яхши йўлдоши эди-да. Агар бирон кун ўша отига минмасдан, кўчада яёв юриб қолса, ўзини чарчаган, ҳорғин сезар, ҳамқишлоқларининг ҳазилу шўхликлари ҳам қулоғига ёқмасди. Ўзини эзилган, қўлидан бир нарса келмайдиган одамдай ҳис қиларди. Ва ичида такрорларди: “Асли от эркакнинг учар қанотидир”. Оти шўх эди ва йигит билан ўйнашни яхши кўрар, унга эркалик қиларди. У яқинлашиши биланоқ жимгина турган отга жон кириб, кишнаб ўйноқларди. Туёқларини ерга тақ-тақ урар, қулоқларини чимирар, ёллари тикраярди, бўйнини ўйнатиб гижингларди. От эгасининг елкаларига лабини босар, билакларини меҳр билан аста тишлагандай бўларди. Шундай пайтларда қувонч ва йигитлик завқ-шавқи ичига сиғмасди. Одамлар кўз ўнгида отнинг чиройи йилдан-йилга очилиб борар, кучи борган сари кўпайиб, йўрғаси, чопиши мисли ўқ эди. Қарию ёш шу меники бўлсайди, дегандай отдан узоқ вақт кўз узмас, “Сара жонивор… чиройлилигини қаранг, мамлакат хирожига арзийди. Худо ярлақаган, дидли, яхши молни танийдиган йигит экан”, дейишарди.
Улоқ пайтида от бамисоли қанот чиқарар ва бир қарасанг, кишнаганча кўз кўрмаган куч билан бошқа отларни яқинлаштиришга қўймас, халал бераётган отларни тишлаб, илондек буралиб-буралиб тўдадан эгасини олиб чиқиб кетарди. Ва унга ғалаба келтирарди. Шунда одамларнинг қийқириқ, олқишлари осмонга ўрлар, айрим ичиқораларнинг дилида от билан йигитга нисбатан ёмонлик қайнаб-тошарди. Ҳа, чиройли шу донгдор отининг ортидан йигитнинг дўсту душманлари кўпаяр, ичи ёниб, кўролмайдиганлар гижинглаб турадиган жониворнинг жонига қасд этишни кўнгилларига тугишарди. Улар улоқчилар ўйинига берилиб кетадиган лаҳзаларда йигит қамчинини тишлаганча, узангига тиқилган оёқлари билан ниқтаб, тезлаб, рақибларнинг жон бергудай қаршилигини енгиб тўдани ёриб чиқишга интиларди. Ич-ичлари ёнган ёмон ниятли одамлар ўша ўзғир тулпорнинг йўлини тўсишга уринарди. Мақсадлари битта – жониворни сафдан чиқариш, аёвсиз савалаш ва муҳими, улоқда ютмай эгасининг ғазабига учрасин, дея зўр беришарди. Лекин оти қийналаётганини кўрган лаҳзаларда йигит ўзининг тиззаларига муштлар, тулпорнинг тер босган пешонасини силар, ё жонивор устига бағрини босганча унга беҳол осилиб, қулоқларига эшиттириб аччиқ-аччиқ куларди. Шу кўйи терлаган от сағринини меҳрибонлик билан силаб-сийпаларди. Жонивор енгил нафас олганча гижинглашга тушарди.
Аслида гина-кудурат, кўролмаслик отнинг чаққонлиги, ўзғирлиги ва чавандознинг маҳорати, улоқ тортишга усталигидан келиб чиққанди. Қайси бир кўпкарида бахти кулиб боқмасин, от ва чавандознинг таърифи оғиздан-оғизга кўчар, бахилу қора ниятли кимсалар эса куйиб-ёнарди.
Бир куни чавандоз йигитнинг дўстларидан бири отингни менга сот, деб қолди.
– Сотмайман, – деди йигит. – Нима жинни бўлиб қолдингми? Яхшиси, юрагимга ханжар санч-да, кейин отимни ол…
Лекин дўсти ойлар ўтиб, йил ўтиб ҳам айтганидан қолмади, қаерда кўрса отингни сот, деб туриб олаверди. Йигит унинг юзсизларча хиралигига чидаёлмади ва “Э, майли ол. Жонимга тегиб кетдинг. Шайтондан қутулиш мумкин, бироқ сендан қутулиб бўлмас экан. Олақол, текинга бердим отимни”, деди нафрат билан. Унинг бу ишидан ҳатто душманлари ҳайратда қолишди, дўстлари эса ўйга чўмди.
– Аҳмоқ, ҳали пушаймон бўласан, – деди дўстлар бир овоздан. – Бундай яхши отни бошқа топиб бўпсан. Бу от сенга нима ёмонлик қилди?
– У инсофсиз бошини айлантириб, кўзини кўр қилган. Жонига тегиб кетган…
– Балки… Лекин чавандоз ҳотамтой экан, уч-тўрт марта сўраганга қўшқўллаб тутқазиб юборди-я.
– Йўқ, бу иши яхшиликка олиб бормайди. Ахир бедов от йигитнинг кўрки, номуси ҳисобланади… Қизиқ, кимга аччиқ қиласан? Гадой аразласа, халтасига зиён, дейишади-ку…
– Юз сўм пулинг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин, деганлар…
– Э-э, таъмагир, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган одам ҳеч қачон дўст бўлмайди.
– От топиш осон, лекин дўст ҳар куни топилмайди. Дўстингни йўқотдинг, ақлингдан айрилдинг, дейдилар-ку…
Йигит отини энг чиройли юган, жабдуқлар билан ясатиб, ҳовли ўртасидаги яккаликка боғлаб қўйди. Икки-уч ойлик парваришдан сўнг тор отхонадан кенг, ёруғ, очиқ майдонга чиққан от қувонганидан қозиқ атрофида ўйноқлар, бошини чиройли силкитиб кишнар, туёқларини ерга уриб, ёл ва думини ҳурпайтирарди, лекин нигоҳида алланечук бир ташвиш зуҳурланиб, хотиржам, ўз юмуши билан овора хонадон аҳлига илтижо билан термуларди. Йигитнинг хотини ўйга ботиб, ғамгин ҳолда жониворнинг тумшуғи олдига бир товоқ арпа келтириб қўйди, бу уйдаги охирги насибасини есин, деди. Унинг шундай одати бор – эри сотмоқчи бўлган отларга хайрлашишдан олдин насибасини келтириб берар ҳамда инсонийлик қарзимни адо этдим, дея юрагидаги юк енгиллашгандай бўларди. Лекин от арпани ҳидлади-да, оғзига бир донасини ҳам олмади. Қайтага ҳасратдан куяётгандай чуқур нафас олди. Гўё у “бевафо эгамнинг арпасини ейишни истамайман”, демоқчидек эди. Арпа тўла товоққа қўшилиб, аёлнинг овози ҳам титради: “Билибди, ахир у ҳамма нарсани тушунади, ақли бор, от қайғуга ботган, – деди аёл нолиганча кўз ёш тўкиб. – Илгари арпани ўйнаб-ўйнаб ерди… Отни берманг, кўнглимни яраламанг. Уйимизнинг кўрки, баракаси мана шу от. Берманг…”
Йигитнинг лабига кулги югурди, лекин ўша заҳоти бирдан оқарди. У тўй кечасидан кейин янги келинчакка айтган гапларини эслади: “Бир истагим бор: менинг хурсанд юришимни истасанг, отимга яхши қарагин. Мен оч қолсам, чанқасам, майли, лекин отим оч қолмасин, сувсамасин”.
– Қўрқаман. Мабодо тепса, нима қиламан? – деди ийманибгина келинчак.
– Йўқ, бу ақлли жонивор, кўнглингдагини сезиб туради, менинг севганимни ҳеч қачон хафа қилмайди, – деди йигит. – Кел, пешонасини сила, сув, сомон бераётганингда ёлини, бўйнини сийпалагин. Қарабсанки, сенга ўрганиб отим худди ўз ининг каби меҳрибон бўлади. Энг ақлли ҳайвонлардан бири шу от бўлади…
Келинчак йигитнинг ортида журъатсизгина турганча чўчиб-чўчиб, отнинг пешонасидан силади. Жонивор жимгина турар, на юнги, на пайлари қимир этмас, осуда нафас оларди. Келинчак отнинг пешонаси, бўйнидан аста-аста силар экан, тўсатдан унинг кўзларида ўзи ва эрининг аксини кўриб қолди. Эр-хотин елкама-елка турарди. У худди шундай ҳолатни никоҳдан сўнг, чимилдиқда кўрганди. У қизлар юраги уят, ҳаяжон ва изтиробдан дукиллаб урадиган лаҳза эди. Куёвни йигитлар ўртага олиб, қўшиқ айтганча келинчакнинг олдига олиб киришди. Кўзгу тутган янга кириб келди ва шўх ҳазиллар қилиб, келин-куёвни бир-бирларининг юз-кўзларига тикилишга ундади. Ана шу лаҳзада улар илк бор бир-бирларини кўзгуда кўришди. Қизнинг юзи лов-лов ёнар, қизариб кетганди, унинг шаҳло кўзлари худди тузоққа тушган кийикдек қочишга жой топа олмасди. Йигит эса хотиржам эди, балки ўзини шундай тутаётгандир, ҳар ҳолда лабидан кулги аримас, ҳаё тўла чанқоқ кўзлари қизнинг ҳуркак кўзларидан узилмасди… Ҳозир улар яна отнинг булоқдек тоза кўзларида бир-бирларини кўриб туришарди.
Ўша кеча йигит келинчакка бир қисса айтиб берди. Бир йигитнинг еру кўкка ишонмайдиган севимли оти бўлган экан, хотини рашки келиб, жониворга заҳар берибди.
– От ўлибдими?
– Ҳа-да. От нозик жонивор… Девдай кучи бору, лекин нозик…
– Разил, ярамас. Аёл дегани ҳам шунчалик шафқатсиз бўладими? Эри хотинига қандай жазо берибди?
– Ҳеч қандай…
– Нега? Демак, у отини чин дилдан яхши кўрмас экан, – келинчак фиғони чиққудек пичирлади.
– Яхши кўрган, шундай яхши кўрганки, буни таърифлашга тил ожиз. Лекин хотинини ҳам жонидан ортиқ севган экан…
– Шўрликка қийин бўлган экан, бир томонида ўт, бир томонида сув…
– Шу-шу йигитнинг ҳаётдан кўнгли совийди. Қадрдон отига мотам тутиб, уйда ўтириб қолади. Иши юришмайди. Бекорчиликда ғижжакка ўхшаш бир соз ясайди. Сознинг боши ва қулоқлари отнинг боши ва қулоқларидек чиройли эди. У бир умр отининг фироғида ўша созида куйиб-ёниб, дилларни ўртайдиган куйлар чалиб ўтади…
– Ақлингизни ўғирлабди! Сеҳру жоду қилибди! Каллангизни ишлатиб, отни берманг! – аёл отнинг маҳзун қарашлари ҳамда ўзига ярашиқли бежирим ҳаракатларидан кўз уза олмай йиғламсираб, қотиб турган эрига сўз қотганди.
– Мол қўлнинг кири, – йигит аста суқлади. – Кетадию келади. Лекин дўстдан нарса аяш марднинг иши эмас. Бобом юзта мол дўстнинг битта тирноғига арзимайди, дердилар.
– Ўша одамнинг сизга нисбатан юрагида заррача меҳр йўқ, у отингизга ишқибоз… Отни ола қочса, бас.
Хотинининг маломат тўла гаплари йигитнинг ичида ёнаётган аламга яна олов сепди ва унинг юрагидаги жароҳат оғриғи икки баравар кучайди. “Шу пайтгача мен ўз сўзимдан қайтмаганман!” Йигитнинг лабларидан аламли сўзлар тўкилди. У шитоб билан отнинг арқонини қозиқдан ечиб олгач, дарвоза томон етаклади. Бошқа кўрмасин ва эшитмасин…
Ҳовлида дод-вой кўтарилди. Чавандознинг хотини, болалари боболари ва бувилари тобутининг ортидан йиғлашгандай вой-войлашди. Улар ёш тўла кўзларидаги нафрату надоматни яширмасдан отга кўз тиккан одамга қадашди. Жонивор аввалига аламини боса олмасдан аччиқ-аччиқ пичирлагандек бўлди, кейин йиғламсирагандек кишнади. Йигит қишлоқ этагидаги қир тепасигача отнинг жиловидан ушлаб истар-истамас қадам босади. У жиловни дўстининг қўлига топширар экан, от жимгина ўйга толгандек тураверди, сўнг бошини эгиб, тупроқни ҳидлади, оғир оҳ тортгандай бўлди, ғам тўла кўзларининг четидан ёш думалади. Буни фақат йигит кўрди, унинг ҳам кўзлари намланди.
– Эгар-жабдуқларини ол, – ҳаяжонга тўлган дўсти қувончини яширолмасди. – Керак бўлади…
– Йўқ, – деди аччиққина кулиб йигит. – Отни сенга атаганимдан кейин, эгар-жабдуқлари нима дегани? Улар фақат шу отга ярашади.
У дўстининг авзои бирданига ўзгариб кетганини кўрди. Дўст кафтига сон-саноқсиз олтин тангалар ёғилаётгандай талвасага тушди, жиловни олар экан, қўллари титраб кетди, овози алланечук ётлашди, кўзлари бежоланиб, гоҳ чавандозга, гоҳ отга жавдирай бошлади. Балки чавандоз сўзидан қайтиб, хазинани қайтариб олмасин, дея қўрққанидан шошиб узангига оёқ қўйди, мушукдек бир сакраб жар лабига қўнди, сўнг на хайр, на хуш бор устма-уст қамчи босди. Жонивор дабдурустдан телбаланиб қолди. У устма-уст кишнади, гўё еру кўк унинг фарёдига тўлди. Отнинг кишнаши хиёнат, бедодликка қарши исёндек, эътироз мисол эди. Ана кейин жонивор чинакам исён кўтарди. Унинг кўзлари косасидан чиққудай бежо, ола-кула бўлиб кетди, икки-уч марта орқа оёқларида тик турди, ўзини у ён-бу ён ташлади, қаттиқ ер тепинди-да, айлана кетди. У қуюндек айланар, тумшуғи осмонга етай дерди. Балки у шундай қилиб орланганча устидаги зилдек юкни ва жонсиз танадек полиз қўриқчисини узоқ-узоқларга ирғитиб ташлашга интиларди. От туёғи тагидан узилган тупроқ парчалари осмонга учарди. Устига минган одам худди чакамуғдек отнинг танасига ёпишиб олган, суворий гоҳ-гоҳ жиловни жониворнинг оғзи йиртилгудек шафқатсизларча силтаб тортарди. У ҳайвоннинг тиззалари кучини сезиб, ўзига бўйсунишини истарди. От эса бу шафқатсиз қаттиққўлликдан икки баравар кўпроқ ғазабланарди. Унга ҳеч ким, ҳеч қачон бундай муомала қилмаганди. Биронта бегона одам узангига оёқ қўйиб, устидаги эгарга ўтирмаганди. Чавандоз эгасининг қамчиси белидаги камарда, жиловдан ушлаганча қадам санагандайин ташқари чиқар экан, жониворнинг ичида шўхлик қилиш, ўйноқлаш истаги ошиб-тошарди, бошини осмонга кўтарганча ёқимли кишнарди. Ажиб бир кўз ўйнатувчи қилиқлар қилиб, эркаланганча эгасининг танасига лабини, тишларини суркарди. У тепаликнинг ўнг томонида чеҳраси гул-гул ёниб жониворга юзланар, жиловининг ранго ранг попуклари, тасмачаларни ҳавас билан тузатиб қўярди. Ана ундан кейин тепалик устига чиқарди. Жонивор эгасига икки-уч қадам яқинлашарди.
Чавандоз отнинг фаросати ва сезгирлигидан мамнун, унинг кумушранг ёлларидан тутганча оҳиста, заррача озор бермасдан узангига оёқ қўяр, чиройли учаётган каптар мисол эгарга енгилгина ўтирарди ва жониворнинг бўйнига майингина, меҳр билан тапиллатиб уриб қўярди. Йўрға отга қамчи нима зарур? Эгаси фақатгина улоқнинг ғоятда оғир дамларида қамчи урарди. Бошқа пайтда бир ишора қилса, от лабларини ялаганча бўйнини чиройли бурар, йўрғалаганча йўлга тушар, туёғи остидан чиқаётган ёқимли садо ва рақс тушаётгандек кетиши кўчалар, қишлоқлар чиройини очарди.
Лекин ҳозир устида ўтирган одам ўзида йўқ, боши айлангудай отнинг яғрини, бўйнига аямасдан қамчи соларди. Қамчи овозини эшитган чавандознинг қулоғи оғришга тушди. Гўё ҳар бир қамчи унинг юрагига келиб тегаётганди. У бўйнини қисганча кўзларини бармоқлари билан тўсди. Қадрдонининг тўлғанишига, азобланиб қийналишига тоқат қилолмади. Лекин унинг ичидан бир нола отилиб чиқди: “Эй жоҳил, эй золим, отни урма…” Жонивор девонавор осмонга сапчиб, кишнашга ўхшаш наъра тортди. Наъраси осмонга етгудек бўлди. У бўйнини камондек эгиб, қонга тўлган кўзларидан ваҳшат, маломат ёғилиб эгасига термулди: “Эй дўст, мени қай золимнинг, кимнинг чангалига топширдинг? Меҳр-муҳаббат деганлари шундай бўладими, айт!” От аллақачон терга ботган, лаблари четидан қон аралаш сўлак оқарди. Отнинг ғалати ҳаракатлари, ўзини у ён-бу ёнга ташлашлари, бурун катакларининг тез-тез очилиб-юмилаётгани унинг важоҳатини янада қўрқинчли тусга киритганди. Жонивор қарашларидаги аламли ўтинчни кўриб, аямасдан урилаётган қамчи овози ва отнинг кўмак сўраётган каби ноласини эшитган чавандознинг юраги эзилди, алами бўғзига келди. У от ва унга миниб кетаётган одам томон алам билан боқди, кўнглида югуриб борганча отнинг жиловидан тутиб, қамчи ураётган қўллар эгасини ирғитиб ташлаш истаги кучайди. Лекин ҳасратидан чиқаётган чанг ҳавога кўтарилганча қолаверди. Қараса, отнинг янги эгаси унга тўхтовсиз қамчи уриб, узоқларга олиб кетяпти. Энди унда тик туриш учун мадор қолмади, ичида нафрат ёнганча, қанотлари қайрилган қушдек ерга ўтириб қолди. У аламига чидаёлмасдан оёқ тагига тикилди. Кураклари тез-тез титрай кетди. Аччиқ кўз ёшлари оқиб, мошгуруч соқолини юва бошлади. “Эй, пишмаган калла, кимга аччиқ қилдинг? Нима фойда кўрдинг?”. У ҳолсизланганча бўғиқ овозда пичирларди. Хатосини сезиб, жаллоднинг қўлига жонига тенг меҳрибон дўстини топширгани учун суяк-суягигача қақшар, бу гуноҳи, бу хиёнати учун тирик экан, жисму жони куйиб-ёнишини ўйларди.
Ҳозир отнинг жонталаш аламли кишнашини эшитиб, жониворнинг раҳм келтиргувчи кўринишини, асабий туёқлар тагидан кўтарилаётган қийшиқ чанг изини кўриб, эгарда ўтирган одамнинг қамчини баланд кўтариб, шафқатсизларча ураётганини кўз олдига келтирган чавандоз чорасиз, мусибатга кўмилиб ўтирар ва кўз остидаги ажинларни надомат, пушаймон ёшлари юварди. Энди унинг бошқа иложи қолмагач, дардга тўлганча Худога илтижо қилар ва бўйсунмас отнинг устидаги ноинсофни улоқтириб ташлашини, оёқ-қўлини синдиришини сўрарди. Бераҳм, қадр билмас одамнинг жазоси шу, дерди ўз-ўзига ва отининг кишнаганча, ёлларини таратиб олдига қайтиб келишини истарди. Қанийди, шундай бўлса. Ўшанда отнинг олдига йиқиларди-да, туёқларига кўзини суркарди. Бўйнини қучоқлаб, кўзларини оғаларча ўпарди. Пешонасига бошини қўйганча узр сўрагандай зор-зор йиғларди. Агар жонивор илгаригидек эркаланиб эмас, балки ғазабланганча елкаси ё қўлларини қаттиқ тишласа ҳам парво қилмасди. Майли, отнинг ўзи унга хиёнатини эслатувчи эсдалик белги қўйсин. У ўзининг разилларча иши учун ҳар қандай жазога лойиқ… Йўқ, от узоққа кетиб борарди. Қора нуқтадек отлиқ, от думининг силкиниши, ўзини у ён-бу ён ташлаганча бориши аранг кўзга чалинарди. Чавандознинг алами елкасини тоғдек босиб, ниҳоят мотамга айланди. У кўнглига энг яқин нарсаларидан бирини умрбод йўқотиш, юрагининг қуввати, фахридан айрилиш, манфаат кўзлаган одам дўст эмас, душман эканлиги ҳақиқатини англаш мотами эди…
От кетиб борарди ва чавандознинг кўз ёши оққандан-оқарди. У ҳасратга тўлганча қўлининг орқасини тишларди ва елкалари тўхтовсиз титрарди. Лекин у жар лабидаги сўқмоқда от аллақачон золим асоратидан ўзини халос этганини билмасди. Чавандоз ҳали отни бериб юбораётган пайтдаги хотини ва болалари куйиб-қақшагани жониворнинг кўз олдига келганини билмасди. У ҳали отнинг ўзини каттадан-кичик яхши кўрган, меҳрибонлик қилган, энди эса, оталарининг қаноти, ҳовлиларининг кўрки бўлган тулпорининг қайтиб келишларини Худодан сўраганликларини сезгандек, ўзи учун азиз ва қадрдон хонадонга учганча қайтиб келаётганини билмасди.
Тожик тилидан Ўринбой Усмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон