Рашид Зоҳид. Тарихий манбаларда Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли

Сўфи Оллоёрнинг таржимаи ҳолини илк маротаба яхлит тарзда жамлаган манба “Рисолаи Азиза” асаридир. Шу кунгача Сўфи Оллоёрнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ ишларда, хоҳ у мақола, хоҳ тадқиқот, хоҳ бадиий асар бўлсин, барчасида “Рисолаи Азиза”даги маълумотларнинг таъсири сезилади.

“Рисолаи Азиза” Сўфи Оллоёрнинг “Саботул ожизин” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, муаллифи XVIII-XIX асрларда яшаган татар олими Тожуддин Ёлчиқул ўғлидир.

“Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигида Сўфи Оллоёр ҳақида берилган маълумотлар ҳам асосан “Рисолаи Азиза”дан олиниб, ижтимоий мафкура талабига кўра маълум қолипга солинганини кузатишимиз мумкин. Дарсликдаги маълумотларга “Рисолаи Азиза” асос бўлган, деган фикримизга иккита яққол далил бор: биринчиси, Сўфи Оллоёрнинг отаси Оллоқули деб тўғри кўрсатилишига қарамасдан, қавс ичида Темирёр деб “Рисолаи Азиза”даги нотўғри маълумот тиркаб қўйилган. Иккинчиси, Сўфи Оллоёрнинг уч марта уйлангани ҳақидаги маълумотнинг асли ҳам дастлаб “Рисолаи Азиза”да келтирилган: “Айтмишларки, Оллоёр тўранинг уч хотуни бор эрди, икки қизи ва бир ўғли бор эрди…”

Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний томонидан ҳижрий 1388/1968 йил Кобул шаҳрида ёзилган “Ҳидоятут толибин” китобида ҳам Садриддин Айнийнинг “Намунаи адабиёти тожик” асарида, шунингдек, “Маслакул муттақин”нинг аввалида келган байтларда, “Муродул орифин” муқаддимасида ва яна Сўфи Оллоёрга нисбат берилган мухаммасдаги маълумотларга суяниб, Сўфи Оллоёрнинг қисқача таржимаи ҳоли келтирилади: “Муаллифни отлари Оллоёр ва оталарини номи Оллоқули ва биродарларини исми “Фарҳодбий Атолиқ” ва ўғулларини оти Содиқ Муҳаммад ва қавмлари ўзбек ва туғулган ерлари Каттақўрғондур. Хонадони аморат ва ҳукуматдин бўлуб, авоилда Абулфайзхон ҳукумати овонида Каттақўрғон ва Самарқандда аморат ва ҳукумат этиб, сўнгра жазбайи Илоҳий ғалаба қилиб, ҳукумат ва навкарликдин истеъфо этиб, шайх Наврўз мулаққаб ба Ҳабибуллоҳга мурид ўлуб ва тариқаи ъалиййаи Нақшбандияга кирганлари ва ул зотдин боло сахраи муршид ўлуб, то охири умргача муридларни иршоду ҳидоятига машғул ўлуб ва Қипчоқу Хитой қавми Самарқандни истило этиб ва харобликлар қилганларида аларга насиҳат этсалар қулоқға олмай, “бизга кўп насиҳат қилма” деб зулму истибдодга машғул ўлганларидан озурда хотир ўлуб, диллари синиб, ҳижрат ва тарки ватан этиб, тобеъ Вахшивор музофоти ва Қабодиён қишлоқига кўчуб келиб, ул ерда таълим ва таснифга машғул ўлуб, 1132/1720 санада ўшал Вахшиворни Қабодиёнида вафот этиб ва у ерда мадфун ва қабрлари зиёратгоҳи хосу омлиги маълум ўлур. Ва ҳам Машраб Намангоний девонида Қабодиёнга бориб, нозим раҳимаҳуллоҳ билан кўрушгани зикридин ҳар иккилари муосир эканлари маълум ўлур”.

Саййид Ҳабибуллоҳ “Рисолаи Азиза” муқаддимасида келтирилган таржимаи ҳол билан боғлиқ маълумотларга шундай муносабат билдиради: “Аммо шориҳ (яъни – Ёлчиқул ўғли)ни “Самарқанд элида Минглон деган уй бор эди, анга Темурёр отли асли ва насли нўғай киши бор эди” деб қилган қиссаси беасоси (асоссизлиги) маълум ўлур. Чунки Сўфи Оллоёр Каттақўрғондин ўлуб, оталарини оти – Оллоқулидур, на Темурёр. Аслан ўзбекдурлар, на нўғай. Ҳамда Ёлчиқул ўғлини Шайх Ҳабибуллоҳ хусусида айтганлари… Сўфи Оллоёрни ул кишига мурид ўлушлари муқаддимасида келтурган қиссаси ва Сўфи Оллоёрнинг Амина ва Ҳалима отли икки қизи бор дегани чун бир ривояти саҳиҳага муттакий эмас ва Ёлчиқул ўғли ҳам бир одами сиқа ва мўътамад эмаслиги сабабидин бу ҳикояларни афсонаи беасос деб саналса бўлур”.

Филология фанлари доктори Ш.Сирожиддинов ўзининг “Сўфи Оллоёр ҳаёти ва фаолиятига қайта назар” мақоласида Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли акс этган манбаларга муайян муносабат билдирган. Олимнинг бу изланиши Сўфи Оллоёр таржимаи ҳолига анча аниқликлар киритгани билан қимматлидир. Мақолада “Рисолаи Азиза”даги маълумотларнинг анча мунозарали экани таъкидланиб, шарҳда айтилган ҳамма гапга ҳам ишонавермаслик керак деган хулосага келинган. Масалан, Сўфи Оллоёрнинг отаси – Темирёр, унинг асли ва насли нўғой экани, Шайх Ҳабибуллоҳ ҳақидаги гаплар, Сўфи Оллоёрнинг бож маҳкамасидаги-ю Растон бозоридаги ҳолатлари, Байтуллоҳ зиёратига азм айлаб, Қозонда бироз тўхташи, кейин Арзирумга (Туркияга) ўтиши, у ердан Искандарияга (Мисрга) келиши ва ўша ерда 90 ёшида оламдан ўтиши каби маълумотлар қўлёзма манбалардаги маълумотлар билан қиёсан ўрганилганда ҳеч бир асосга эга эмаслиги айтилади. “Бу маълумотларни Ёлчиқул ўғли қаердан олгани номаълум. Кўп ўринларда қўлёзма манбаларда берилган турли хабарларни бирлаштириб юборган дейиш мумкин. Улар Сўфи Оллоёрнинг ўзи ёзиб қолдирган ёки бизга аниқ маълум бўлган манбалар билан мувофиқ келмайди”– дейди Шуҳрат Сирожиддинов.

Ҳақиқатан ҳам “Рисолаи Азиза”даги Шайх Ҳабибуллоҳ ва Сўфи Оллоёр таржимаи ҳолига оид маълумотлар қайси манбадан олингани номаълум. Лекин бу ҳолни Ш. Сирожиддинов айтганидек, “қўлёзма манбаларда берилган турли хабарларни бирлаштириш” натижаси деган сўзлар билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. Чунки бир неча йиллар мобайнида “Саботул ожизин”нинг илмий-танқидий матни бўйича иш олиб бораётган тадқиқотчи сифатида ишонч билан айтишимиз мумкинки, на Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзма ва тошбосма асарлар фондидаги 200 га яқин “Саботул ожизин” нусхалари ичидан, на Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик (Москва) ва Шарқ қўлёзмалари институти (Санкт-Петербург) фондларидаги 20 дан ортиқ энг қадимий нусхалари ичидан Ёлчиқул ўғли келтирган ривоятларга асос бўладиган маълумотни учратмадик.

Ш. Сирожиддинов “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигидаги маълумотларга танқидий руҳда ёндашиш зарурлигини уқтириб, адабиётшунос олим Иноятулло Сувонқуловнинг Сўфи Оллоёрни иштихонлик деган фикрига қўшилмайди ва айтади: “Совет тузумидан илгари ёзилган айрим тазкираларда “Сўфи Оллоёр Миёнкол воҳасидандир” деган таъкидлар мавжуд. Тарихдан маълумки, Миёнкол воҳасига Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги, аниқроғи, бугунги Кармана, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманларининг Зарафшон атрофида жойлашган ерлари кирган”. Бу қарашини олим ЎзРФА ШИ қўлёзмалар фондидаги 2331–1 инвентар рақами остида сақланаётган “Тазкираи Абдулматлаб Фаҳмий”дан келтирилган маълумотлар билан қувватлайди: “Сўфи Оллоёр Самарқандий шайхи дилафрўз Сўфи Наврўзнинг таниқли халифаларидан. Ҳол ибтидосида сипоҳ бўлган. Отасини Оллоқули ва инисини Фарҳод оталиқ дейдилар. Улар ўзбекларнинг Самарқанд ва Бухоро Миёнколидаги хитойи қабиласининг бошлиқларидан бўлганлар. Фарҳодбий Абулфайзхон даврида Самарқандда ҳоким ва амирлик мансабларига эришган… Сўфи Оллоёр шайх Наврўзга иродат ва инобат қилгандан сўнг унга зоҳир ва ботин илмлар эшиклари очилди. Хосу омга мақбул бўлди. Олимлар ва амирлар унинг суҳбатига ошиқдилар. Миёнколдан Ҳисорнинг Деҳинав томонига кетди. Мавлоно Зоҳид Вахшиворийнинг файзосорли мозоридан юқорироқдаги Вахшивор қишлоғига борди. У ерда хонақоҳ ва уй қурди. Унинг қутлуғ қадамидан ўша минтақани илонлар тарк этдилар. Ўша ерда 1136/1724 йилда дунёдан ўтди”.

Гарчи Фаҳмий тазкирасида Сўфи Оллоёрнинг вафоти санаси 1136/1724 деб кўрсатилса ҳам, Ш. Сирожиддинов шоирнинг вафот санасини белгилашда бошқа манбаларда келтирилган таърихларга суянади. Масалан, “Саботул ожизин”нинг саккизта нусхаси асосида тайёрланган Теҳрон нашрида келтирилган сўзбошидаги таърих:

Чароғи кулбаи асрори тавҳид,
Зи софи Машраб Сўфи Оллоҳёр.
Агар жўянд таърихи вафоташ,
Зи қофу жиму ғайну лом бардор.

Таржимаси: “Табиати пок, хулқи соф бўлгани учун ҳам Сўфи Оллоёр тавҳид сирлари яширинган кулбанинг чироғидир. Агар у зотнинг вафоти таърихини изласанг, “қоф”, “жим”, “ғайн”, “лом” ҳарфларидан чиқар”.

Абжад ҳисобида мазкур ҳарфлар (ق – 100; ج – 3; غ – 1000; ل – 30) йиғиндисидан 1133 ҳосил бўлади. Ҳижрий ҳисобдаги бу сана милодийда 1720/1721 йилга тўғри келади. Айни таърих Убайдуллоҳ ибн Исломқули нусхасида ҳам келтирилган. “Саботул ожизин”нинг XIX аср охирги чорагида Исроилжон Тошкандий томонидан кўчирилган нусхаси хотимасида эса қуйидаги таърих битилган:

Абу Ҳанифаи вақттаст Сўфи Оллоёр,
Худой дод ба ў қолу ҳолро бисёр.
Ҳар онки омада таърихи фавт пурсанд,
Бигу ту қофу жиму ғайну ломро бишумор.

(Таржимаси: “Сўфи Оллоёр замоннинг Абу Ҳанифасидир. Худой таоло уни қол ва ҳол илми билан кўп-кўп баҳраманд этган. Ҳар қачон унинг вафоти таърихини сўрсалар, айт: сен “қоф”, “жим”, “ғайн”, “лом”ни санагин!”

Бу таърихдан ҳам юқоридаги – 1133/1721 санаси келиб чиқади. Шунингдек, “Саботул ожизин”нинг ЎзРФА ШИ, №09/867 рақамли қўлёзма нусхаси охирида ҳам шу таърих келтирилган.

Мазкур таърихларга асосланган ҳолда Ш. Сирожиддинов Сўфи Оллоёрнинг вафот санасини 1720-1721 йил деган тўхтамга келиб айтади: “Агар Сўфи Оллоёрнинг ҳижрий йил ҳисоби билан 90 ёшда вафот этгани ҳисобга олинса, у кишининг туғилган йилини ҳижрий 1043 йил деб белгилаш мумкин. Бу сана милодийга айлантирилганда 1634 йил ҳосил бўлади”.

Демак, Сўфи Оллоёр таржимаи ҳолига оид қўлёзма манбаларда, “Маслакул муттақин” дебочасида, “Муродул орифин” муқаддимасида, Садриддин Айнийнинг “Намунаи адабиёти тожик” асарида, шунингдек, кейинги қилинган тадқиқотларда юзага чиққан янгиликлар “Рисолаи Азиза”нинг муқаддима қисмида келтирилган маълумотларни тўла шубҳа остига қўяди. Шундай экан, энди “Рисолаи Азиза”ни соқит қилиб, ундан бошқа манбалардаги маълумотларни жамласак, муайян таржимаи ҳол юзага келадими?

Манбашунос олим Абдусаттор Жуманазарнинг сўнгги йилларда вақтли матбуотда эълон қилган қатор туркум мақолалари бу саволга дабдурустдан “ҳа” дейишга шошмаслик лозимлигини уқтиради. Олимнинг манбалар борасидаги қатъияти изланишларининг муваффақиятини таъминлаганига шубҳа йўқ: “Манбалар бизга ўтмишимизни, ўзлигимизни энг яхши мутахассисдан ҳам афзалроқ тушунтиради. Ҳар бир саволимизга асрлар қаъридан ўтиб келаётган кўҳна жилдлар қатидан жавоб топиб беради… Мутахассислар манбаларда Сўфи Оллоёрга оид етарли маълумот йўқлигидан куюнишади. Агар эътиборни сал кучайтирсак, масала ечимсиз даражада мушкул ва оғир эмаслигини кўрамиз. Шоирнинг таржимаи ҳоли ҳамда ижодини изчил ва тўлиқроқ тиклашнинг иложи бор. Қимматли маълумотлар турли қўлёзмаларда сочилиб ётибди. Фақат уларни эринмай йиғиш, ўрганиш ва тартибга солиш керак”.

Заҳматкаш олим ўзининг барча тадқиқотларида, хусусан, Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли билан боғлиқ изланишларида масалага мана шу илмий позициядан ёндашади. А. Жуманазар тўғри таъкидлаганидек, ўтган асрнинг 80-йилларидан, айниқса мустақилликдан кейин қатор тадқиқотчилар Сўфи Оллоёр ҳаёти ва ижодини илмий ёритишга киришишди. Қизиғи, тадқиқотчилар “Рисолаи Азиза” муқаддимасидаги маълумотларни танқид қилишди, аммо унинг ўрнига ўзларининг асосли далилларини ҳар доим ҳам тақдим қилишолмади. Масалан, юқорида номи тилга олинган тадқиқотларда Сўфи Оллоёрнинг пири – маънавий устози масаласида зиддиятли ўринлар бор. Профессор И. Сувонқулов “Маслакул муттақин” дебочасидаги мисралар талқинига суяниб, Шайх Ҳабибуллоҳнинг тарихий шахс эканини шубҳа остига олади. Бу борада “Ҳидоятут толибин”даги маълумотлар ҳам И. Сувонқулов фикрини тасдиқлайди. Ш. Сирожиддинов эса: “Тилга олинган Ҳабибуллоҳ номи икки маънода тушунилиши мумкин. Бири Наврўзнинг Ҳабибуллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга пайрав – издошлиги ва иккинчи маъноси унинг Шайх Ҳабибуллоҳ ҳалқасида эканлиги” – деган сўзлар билан масалани очиқ қолдиради.

Шунингдек, Сўфи Оллоёрнинг туғилган йилини белгилашда ҳам ноаниқликлар бор. Майли, вафот санаси хусусида “Тазкирайи Фаҳмий” ва бир қатор таърих маълумотларига суяниб, деярли бир тўхтамга келинган, дейлик. Лекин қайси манбага асосан Сўфи Оллоёрни 90 йил умр кўрган дейиляпти? Агар Сўфи Оллоёрнинг таваллуд санаси татар олими Ёлчиқул ўғлининг “Рисолаи Азиза”да келтирганига биноан 90 йил умр кўрганига нисбатан айтилаётган бўлса, ўта заиф ҳужжатга суянилган бўлади. Ҳатто, Мелиқул Ханжар ўзининг “Вахшивор ва Сўфи Оллоёр” эссесида келтирган: “Сўфи Оллоёрнинг еттинчи невараси Музаффархоннинг Сўфи Оллоёр 96 ёшда Вахшиворда вафот этган” деган сўзларига суянилаётган бўлса, бу ҳам етарли асос эмас. Чунки, тўрт-беш авлод наридаги, яъни уч юз йиллар аввал ўтган воқелик ҳақида бугун айтилаётган оғзаки хабардан кўра ўша даврга яқинроқ ёзма манбадаги маълумотларнинг ишончли бўлиши мантиққа яқиндир.

Шу маънода Сўфи Оллоёрнинг пири Шайх Ҳабибуллоҳ масаласида ихтилофли фикрларга сабаб бўлган бирламчи манба “Маслакул муттақин”даги ушбу мисраларга қулоқ тутайлик:

Яъни он муршиди било ишбоҳ,
Пайравй ҳазрат Ҳабибуллоҳ.

Номи поки муборакаш Наврўз,
Пой то сар тамом дардсўз.

Таржимаси: “Яъни, ўхшаши йўқ у муршид (аслида) ҳазрат Ҳабибуллоҳнинг издоши, поку муборак исми – Наврўз, бошдан оёғигача тамом (аъзолари Оллоҳнинг ишқидан ўт олиб) куйдирувчи дард (га айланган)”.

Ҳақиқатан ҳам байтларнинг сиёқи – ривоя оқимига қаралса, Ш. Сирожиддинов айтганидек, матнда келган “ҳабибуллоҳ” (Оллоҳнинг суюклиси) сифати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ишорадек туюлади. Ҳатто байтлар орасида “Доимо Худо расулининг издошидир” деган мисралар келадики, бу сўзлар ҳам беихтиёр сал олдин кечган иштибоҳни эсга солади. Энди шубҳани кўтариш учун, аввало, Шайх Ҳабибуллоҳнинг реал тарихий шахс эканини, қолаверса, поку муборак исмли Наврўз Шайх Ҳабибуллоҳнинг муриди, Сўфи Оллоёр эса ҳар иккала Шайхнинг муриди бўлганини ишончли далиллар билан асослаш зарур.

XVII аср охирида Саййид Муҳаммад ибн Охунд Қози Камол томонидан ёзилган “Туҳфатул аҳбоб” асари Шайх Ҳабибуллоҳ шахси билан боғлиқ муаммоларни, айтиш мумкинки, узил-кесил ҳал қилди. Шайх Ҳабибуллоҳ ҳаётига бағишланган бу манбада у зотнинг таваллудига доир қуйидаги маълумот келтирилади: “У валоятпаноҳнинг мавлуди ҳижратнинг 1040 (1630-1631) санасида ҳазрат қутбул ақтоб, миллат ва дин ифтихори, муҳаққиқ ва муфассирлар акмали, қол ва ҳол илмини ўзида жамъ этган мавлоно Йаъқуб Чархий хонадонида бўлди”.

“Туҳфатул аҳбоб” асари тадқиқи билан шуғулланаётган манбашунос олим А. Жуманазарнинг изоҳлашича, Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ нақшбандия тариқатининг таниқли вакили Йаъқуб Чархий авлодларидан Ҳожи Муҳаммад Тоййибуллоҳ оиласида дунёга келади. Йигитлик даврида у Хожа Аҳрор Валий қабрини зиёрат қилиш ниятида Самарқандга, сўнгра Бухорога йўл олади. Олимнинг таъкидлашича, Шайх Ҳабибуллоҳнинг Самарқандга бориши Ёлчиқул ўғли айтган ҳижрий 1100/1689 йилдан кейинги даврлар ва у тасвирлаган воқеаларга сира мос тушмайди.

“Туҳфатул аҳбоб”даги маълумотларга кўра, Шайх Ҳабибуллоҳ бутун умри давомида Бухоро, Исфаҳон, Шероз, Рум, Арабистонда Байтуллоҳ зиёрати, Яман, Ҳиндистон сафарларида бўлиб, машҳур устозлардан дунё ва охират илмини ҳосил қилади, улуғ мақомларга эришади. Кейин Бухорога қайтиб аштархоний Абдулазизхон даврида мадрасада илм толибларига сабоқ беради. Мурид ва мухлислари сони кундан-кун ортиб боради. Улар рўйхатида, Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳнинг энг яқин суҳбатдошлари ва ушбу мактабнинг машҳур тарбияланувчилари қаторида “Сўфи Наврўз Шаҳрисабзий номи ҳам зикр қилинади.

Саййид Муҳаммад ибн Охунд Қози Камол устоз ва шогирд ўртасидаги муносабат ҳақида шундай хабар беради: “Ушбу Сўфи (Халифа Наврўз)дан жорий бўлган хавориқ одатлардан бири шон-шавкатли Фарҳодбий Ўтарчининг биродари тақво-осор, фазилатшиор, ҳусни хулқ эгаси Сўфи Оллоёр Ўтарчи эди. У Халифа Наврўз хизматига келиб, унга иродат қилди…”

А. Жуманазар айтишича, мазкур воқеанинг содир бўлган вақти манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Аммо барча бирламчи маълумотлар умумлаштирилса, Сўфи Оллоёр устози Сўфи Наврўз ҳузурига 1697-1698 йилларда борганини фараз қилиш мумкин. Манбада бу учрашувдан кейин Сўфи Оллоёр қисқа муддатда “Маслакул муттақин” асарини ёзиб тугатгани ва айнан шу воқеа Сўфи Наврўз Кешийнинг каромати экани таъкидланади.

“Туҳфатул аҳбоб”да устоз ва шогирд ўртасида кечган бошқа маънавий ҳолатлар ҳақида ҳам зикр қилинадики, бу ахборотларни мазкур манба тадқиқотчиси А. Жуманазар Сўфи Наврўз ва шогирди Сўфи Оллоёр тўғрисидаги энг аввалги қадимий маълумотлардан деб ҳисоблайди.

Шундай қилиб, Шайх Наврўз ва Шайх Ҳабибуллоҳнинг битта шахс экани ҳақидаги гумонлар мавзуга дахлдор энг қадимий манба “Туҳфатул аҳбоб”дан келтирилган далиллар асосида тўла ойдинлашди.

Энди Сўфи Оллоёрнинг туғилган йилини аниқлаштириш масаласига эътибор қаратсак. Бу сана тадқиқотларда турлича тахмин қилинган. И. Сувонқулов Убайдулла Исломқули ўғли Аламкаш келтирган таърихга кўра, Сўфи Оллоёрнинг вафоти 1721 йил, туғилган йили 1644 йил, у милодий ҳисобда 77 йил, ҳижрийда 79–80 йил умр кўрган, дейди. “Саботул ожизин” ва “Рисолаи Азиза” асарларининг лингвотекстологик хусусиятлари бўйича номзодлик иши ёқлаган қозонлик олима Г. Р. Илёсова шоирнинг туғилган йилини 1616 ёки 1630 йил, вафоти 1705 ёки 1713 ёки 1721 ёки 1723 йил деб фараз қилади. “Саботул ожизин”нинг “Меҳнат” нашриётида чоп этилган нусхаси муқаддимасида Сўфи Оллоёр 1133/1720 йилда дунёга келганлиги айтилган. Ш. Сирожиддинов юқорида келтирилган вафот таърихлари асосида айтишича, агар Сўфи Оллоёрнинг ҳижрий йил ҳисоби билан 90 ёшда вафот этгани ҳисобга олинса, туғилган йилини ҳижрий 1043/1634 йил деб белгилаш мумкин. “Сўфи Оллоёр” жамғармаси раиси Равшан Мирзаев ҳам шоирнинг таваллуди милодий 1634, вафоти 1721 йилга тўғри келишини қайд этган. “Тазкираи Абдулматлаб Фаҳмий”да шоирнинг вафот санаси ҳижрий 1136/1634 йил деб келтирилган. Худди шу сана Садри Зиёнинг “Асоми кутуб” асарида ҳам қайд этилиб, унда Сўфи Оллоёрнинг ҳижрий 1136/1724 йили Вахшиворда Шайх Зоҳид Вахшиворий қабристонига дафн қилингани айтилади. Мир Ҳусайн ўзининг “Махазинут тақво” асарида Сўфи Оллоёрнинг вафот санасини ушбу сўзлар билан таърих қилган:

“Эй ҳадди Вахшивор”. Таърих моддаларини санага айлантирсак: 1136 ҳосил бўлади. Ҳижрий – 1136, милодий – 1724 йил.

Демак, тарихий манбалардаги маълумотларга кўра Сўфи Оллоёрнинг вафоти бўйича асосан иккита сана етакчилик қиляпти:

ҳижрий 1133/1721;

ҳижрий 1136/1724.

Хўш, бу саналардан қайбири ҳақиқатга яқин? Яна тарихга мурожаат қиламиз. “Туҳфатул аҳбоб”да айтилишича, Сўфи Оллоёрнинг акаси Фарҳодбий аштархоний Абулфайзхон даврида бир муддат оталиқ лавозимини эгаллаб туради. Аммо саройдаги келишмовчиликлар оқибатида ҳижрий 1134/1722 йили қатл этилади. Мана Сўфи Оллоёрнинг акаси вафотига ёзган марсиясидан намуна:

Саломуллоҳ, юрагим порасиға,
Таним руҳи кўзумнинг қорасиға

Азизим, аржумандим, меҳрибоним,
Дилим, жоним, тамурим, устихоним,

Равон сарвим, гулим, боғим, баҳорим,
Отам бирла онамдин ёдгорим.

Тадқиқотчи Д. Ҳамроева “Тазкираи Мажзуб” маноқибига тарихий ёндашув” номли мақоласида Сўфи Оллоёрдан Фарҳодбий ўлимининг хунини олишни отаси Оллоқули талаб қилгани ҳақида ёзади. Манбашунос олим А. Жуманазар мазкур тарихий фактга асосланиб, шундай ҳақли саволни ўртага қўяди: “Сўфи Оллоёр 1721 йили тўқсон ёшда ҳаётдан кетган бўлса, қавмдошлари (ё, майли, отаси дейлик) ундан 1722 йили ўлдирилган акасининг хунини олишни талаб қилишяпти… Абулфайзхон 93–95 ёшлардаги мункиллаган чолни қатл эттирганми? Унда Фарҳодбий ва Сўфи Оллоёрнинг отаси Оллоқули неча йил умр кўрган?”

Демак, бу тарихий ҳодисалар мулоҳаза қилинса, Сўфи Оллоёрнинг вафоти санаси 1721 эмас, 1724 йил бўлиб чиқяпти. Шунингдек, Сўфи Оллоёр ва атрофидаги тарихий шахслар билан боғлиқ воқеалар ҳам унинг “90 йил умр кўрган”ини тасдиқламаяпти. Хуллас, мавжуд манба ва тадқиқотларда йиғилган маълумотларга асосланиб, Сўфи Оллоёрнинг нисбатан ишончли таржимаи ҳолини тиклашга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Манғитий ҳукмдор Амир Шоҳмуроднинг иккинчи ўғли Мир Ҳусайн “Махазинут тақво” асарида ёзишича, Сўфи Оллоёр 63 (шамсий 61) ёшида Вахшиворда вафот этган ва шогирди Жонмуҳаммад устозининг жаноза намозига имомлик қилган. “Махазинут тақво” муаллифи Мир Ҳусайн Сўфи Оллоёрнинг шогирди Жонмуҳаммаднинг чевара ўғли эди. Мазкур авлод силсиласи тасаввурда аниқроқ, хотирда ёрқинроқ жонланиши учун қуйидаги чизмага эътибор қаратинг:

Жонмуҳаммад → ўғли → қизи → Мир Ҳусайн

↓                                                                  ↓

Сўфи Оллоёр шогирди “Махазинут тақво” муаллифи

Мир Ҳусайн катта бобоси Амир Шоҳмуроднинг вафотидан 13-14 йил кейин – 1785 санада дунёга келган. Мир Ҳусайннинг Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли билан боғлиқ хабари қисқа бўлса-да, тарихий қимматга эгалиги жиҳатидан муҳимдир. Қолаверса, “Махазинут тақво”да келтирилган фактлар “Туҳфатул аҳбоб” каби манбалардаги маълумотлар ҳамда тарихий воқеалар билан мувофиқ келади.

Сўфи Оллоёр кейинги – “Махзанул мутеъин”, “Муродул орифин”, “Саботул ожизин” каби асарларини 1700 – 1724 йиллар оралиғида ёзган. Шу даврларда Каттақўрғон, Самарқанд, Бухоро, Чўнқаймиш, Кеш, Насаф, Қоратикан каби шаҳар ва мавзеларда турли фурсат истиқомат қилган. Умрининг охирги дамларини Вахшивор қишлоғида кечириб, 1724 йили шу қишлоқда оламдан ўтган. Демак, Сўфи Оллоёрнинг ҳижрий ҳисобда олтмиш уч йил умр кўргани (1073-74 – 1136) аниқ манбавий асосга эга. Шу ҳисобга кўра Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли саналарини шундай шакл­лантириш мумкин.

XVII – XVIII аср туркий илмий-маърифий адабиётининг йирик вакили Сўфи Оллоёр 1663 йили Каттақўрғондаги Ўтарчи қишлоғида Оллоқули хонадонида туғилган. Ўтарчи қишлоғи Каттақўрғон шаҳридан оқиб ўтувчи Наҳрипай дарёси ёқасидаги Сарипултепа қишлоғига туташ бўлган ҳудудда жойлашган.

Сўфи Оллоёрнинг мактаб-мадрасалардаги таҳсил даври ҳаёти ҳақида аниқ тарихий маълумотларга эга эмасмиз. Ҳар ҳолда маърифатли хонадоннинг фарзанди сифатида Сўфи Оллоёрнинг онгли фаолияти Абдулазизхон (1645-1681), Субҳонқулихон (1680 – 1702), Убайдуллахон II (1702 – 1711) ва қисман Абулфайзхон (1711 – 1747) хонлик қилган даврларга тўғри келади. Абдулазизхон тахтни тарк этган 1681 – 1682 йилларда Сўфи Оллоёр эндигина 18-19 ёшларни қоралаган ўспирин эди. Ўша пайтларда унинг акаси Фарҳодбий ўтарчи Субҳонқулихон қўшинига жангчи бўлиб киради. Қатъияти ва жасурлиги билан ҳукмдорнинг эътиборини қозонади. Субҳонқулихон вафотидан (1702) сўнг Бухоро давлати тахтига Убайдуллахон ўтиради. Қисқа фурсатда Фарҳодбий ўтарчи хоннинг ишончини қозониб, оталиқ мансабига эришади.

Аммо тарихий манбаларда Сўфи Оллоёрнинг хонлик тизимида бирор лавозимда ишлагани ҳақида маълумот учратмадик. Сўфи Оллоёрнинг устози Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ тўғрисидаги ахборотлар 1680 йиллар бошларида ёзилган айрим манбаларда кўрина бошлайди. 1699 йили ёзиб тугатилган “Туҳфатул аҳбоб” асари эса тўлиқ Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ ҳаётига бағишланган эди. Худди шу асарда Халифа Наврўз Кеший ва Сўфи Оллоёр ҳақида дастлабки тарихий маълумотлар учрайди. Сўфи Оллоёрнинг илк асари “Маслакул мутаққин” ҳам айнан шу даврда ёзиб тугалланган. Шундай қилиб, Сўфи Оллоёр номи 1699 йилдан бошлаб тарихий манбаларга кириб келади.

“Туҳфатул аҳбоб” муаллифи маълумотлари таҳлил қилинганда Сўфи Оллоёр 1696 йиллардан кейин Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ ва Халифа Наврўз Кеший хизматига келиб, мужаддидийа-нақшбандийа сулуки таълимотини ўрганишга киришганини кўриш мумкин. У Халифа Наврўз кўрсатмасига биноан, Кеш мадрасаларидан бирида ҳам таълим олади. 1699 йилга қадар “Маслакул муттақин” асарини ёзиб тугатади. Шу йили устози Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳ вафот этади. Энди айрим манбаларда Халифа Наврўз Кеший, Хожа Лутфуллоҳ, Бобораҳим Машраб, Халифа Жонмуҳаммад каби тарихий шахсларнинг Сўфи Оллоёр шахси билан боғлиқ муносабати акс эта бошлайди.

Сўфи Оллоёр кейинги – “Махзанул мутеъин”, “Муродул орифин”, “Саботул ожизин” каби асарларини 1700 – 1724 йиллар оралиғида ёзган. Шу даврларда Каттақўрғон, Самарқанд, Бухоро, Чўнқаймиш, Кеш, Насаф, Қоратикан каби шаҳар ва мавзеларда турли фурсат истиқомат қилган. Умрининг охирги дамларини Вахшивор қишлоғида кечириб, 1724 йили шу қишлоқда оламдан ўтган.

Ушбу мақолада Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли билан боғлиқ барча оғзаки ва ёзма маълумотлар тарихий-манбавий асосда ёритилди. Мақсадимиз манбаларнинг ишончлилик даражасини аниқлаш бўлгани учун ҳам мазкур мақолада турли манбалардан кўп иқтибослар келтирилди, гўё ҳар бир манба мавзу доирасида ўзини намоён қилди, ўзининг ҳақиқий мақомини ўзи белгилади. Албатта бу “ўзини фош қилиш” услуби манбалараро муқояса шароити таъминлансагина, самара беради. Шу маънода, асосий эътибор айни шароитни яратишга, муқояса натижаларини тарихий ўзанда ўрганишга қаратилди. Сўнгги хулосамиз шу бўлдики, ривоятлар асосида тўқилган “Рисолаи Азиза”даги таржимаи ҳол ўзининг илмий асосини топмади. Лекин, айни пайтда, Сўфи Оллоёрнинг туғилганидан то вафотигача барча муҳим саналар акс этган таржимаи ҳол ҳам тақдим қилинмади. Сабаби, бу вазифа мақолада мақсад қилинмаган, балки Сўфи Оллоёр таржимаи ҳоли манбалари қиёсий ўрганилган. Қолаверса, таржимаи ҳолни тиклашда илмий мезон – тарихий ҳақиқат. Сўфи Оллоёр таржимаи ҳолини тарихий ҳужжатлар асосида тасдиқланмаган маълумотлар билан тўлдириш тарихни сохталаштириш бўлиб қолади. Қолаверса, мустаҳкам илмий асосга эга таржимаи ҳолни тўла ва буткул тиклаш муайян вақт ва алоҳида эътиборни талаб қиладиган иш. Умид қиламизки, “оллоёршунос” олимларнинг бу жабҳадаги изланишлари келгуси тадқиқотларда албатта ўз натижасини намоён қилади.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон

______________
Рашид Зоҳид – 1965 йилда туғилган. Филология фанлари доктори. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Тавба”, “Нафс тарбияси”, “Тил офатлари” китобларини араб тилидан таржима қилган. “Саботул ожизин” асарининг манбалари, шарҳлари ва илмий-танқидий матнини комплекс ўрганиш муаммолари” мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилган. “Саботул ожизин” китобига “Сўфи Оллоёр ҳикоятлари”, “Равойиҳир райҳон” номли фундаментал шарҳ китобларини нашр қилдирган.