Электрон ва компютер техникаси саноати объектлари, таълим ва илмий тадқиқот марказлари тўпланган, юқори малакали мутахассислар, ушбу соҳага катта-катта сармоя сарфлайдиган қўшма корхоналар фаолият юритадиган ҳудудга кириб қолган ҳар қандай инсон ўзини фантастик кино қаҳрамонидек тасаввур этиши шубҳасиз. Бироқ бундай ҳудуднинг борлиги аллақачон ҳақиқатга айланиб улгурган. Бу макон – илм аҳли томонидан Силикон водийси номи билан юритилади.
У қаерда?
Аслида юксак даражали технологияларнинг марказлашган заминини Силикон водийси деб аташ аллақачон урфга айланган. Бундай ҳудудларни ташкил этиш тараққиётга интиладиган ҳар бир ҳукуматнинг муҳим масалаларидан. Ҳозирда ўнлаб мамлакатларда шунга ўхшаш технологиялар парки иш юритишига қарамай, олимлар ҳақиқий маънодаги Силикон водийси фақатгина Сан-Францискодан жануброқдаги Санта-Кларада (Калифорния штати) деган фикрда.
Калифорния иқтисодиётини ўрганиш маркази (Center for the Study of the California Economy) экспертлари берган маълумотларга кўра, айни пайтда бу ерда юқори технологиялар соҳасида фаолият юритадиган дунёнинг энг йирик 20та компанияси, минглаб турли фирма ва ташкилотлар жойлашган. Бир пайтлар қишлоқ хўжалигига мослаштирилган мазкур ҳудуд Сан-Франциско кўрфазидан то Сан-Диэго шаҳарчасигача 40 км. масофага чўзилган. Водийнинг юраги эса Пало-Алтодаги Стенфорд илмий тадқиқотлар университети ҳисобланади. Унда 1940 йилларданоқ электроника соҳасида кўплаб изланишлар олиб борилганди. Электрон ҳисоблаш машиналарининг дастлабки йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳам айнан шу ерда IBM компанияси томонидан 1956 йилда қурилган. Бир сўз билан айтганда, Силикон водийси юқори технологик ишлаб чиқариш (жумладан, радиоэлектроника ва космик кемалар яратиш соҳалари) ва юксак даражадаги ҳаёт тарзининг уйғунлашувини ифода этувчи тушунчадир.
Силикон водийси (Silicon valley) номини калифорниялик тадбиркор Ралф Верст ўйлаб топган. Муомалага эса атама журналист Дон Хофлер томонидан 1971 йилда киритилган. Ўшанда у «Electronic News» ҳафталик газетасида АҚШнинг Силикон водийси мавзусига бағишланган туркум мақолаларида шу номни қўлланганди. Нега юқори технологиялар ҳудуди Силикон водийси деб номланади, деган саволга ҳам жавоб тайёр. Бу ерда фаолият юритадиган корхоналарда микросхемалар учун ярим ўтказгичлар қисмларини ишлаб чиқаришда асосий материал сифатида кремнийдан фойдаланилади. Кремний эса инглизча «silicon» сўзидан олинган.
Силиконми ёки кремний?
«Рақамли техника» атамаларини тўғри изоҳлашни тарғиб этадиган баъзи рус тадқиқотчилари Силикон водийси номи хато эканлигини таъкидлаб, технопаркларни Кремний водийси деб аташни таклиф этишмоқда. Хатога йўл қўйилишининг сабаби инглиз тилидаги иккита: «силиcон» – кремний ҳамда пластик жарроҳликда ишлатиладиган материал «силиcоне» – силикон атамаларининг нотўғри қабул қилинганлигида.
Олимлар силикон сўзини эшитган айрим кишилар рақамли техника ҳақида гап бораётганлигини англамайдилар, деган фикрдадир. Илмий нуқтаи назардан қараганда номланишга нисбатан қилинган даъволар асослидек. Бироқ Силикон водийси номи юқорида таъкидланганидек, кенг омма орасида танилиб улгурган.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Ўтган асрнинг 30-йилларигача ҳудуд АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларига хизмат кўрсатувчи корхоналар билан тўла эди. Кейинчалик унинг катта қисми аэронавтика соҳасидаги чуқур илмий изланишлар олиб бориш мақсадида НАСА томонидан фойдаланилди. Силикон водийсини ташкил этиш ғояси эса қатор омиллар туфайли юзага келди. Даставвал мазкур фикр Стенфорд университети вакиллари томонидан ўртага ташланди ва у одатдагидек моддий манфаатлар асосида келиб чиққанди. Чунки Иккинчи жаҳон урушидан сўнг университет бюджетида маблағ танқислиги сезила бошланди. Шунда университет раҳбарияти келажакдаги такомиллашиш учун сармояни ўзига тегишли бўш 3. 240 гектар ҳудуддан олишга қарор қилади. Бироқ жойни сотиш мумкин эмас эди. Натижада янгича технологик ишланмалар билан шуғулланадиган компанияларга ерни узоқ муддат, аниқроғи 51 йилга ўртача тўлов билан ижарага бериш фикри туғилади. Компаниялар кўплаб янги иш ўринларини ташкил этиши эътиборга олинадиган бўлса, бунда Стенфордни тамомлаган салоҳият эгаларининг бошқа ҳудудларга ишга кетиб қолиши муаммоси ҳам ҳал этиларди. Калифорнияда ёш, истеъдодли тадқиқотчиларни сақлаб қолиш учун махсус моддий кўмак дастурлари ишлаб чиқилган, бизнес юритиш, илмий изланишлар олиб бориш учун яхши шарт-шароитлар яратилган. Шу тариқа, Силикон водийси истеъдодли ва малакали мутахассисларга эга Стенфорд университети атрофида жамлана бошлади. Аста-секин дунёни ижобий томонга ўзгартириш истаги билан ҳудудга келган инсонлар корхона, компанияларга асос солиб, уларни ривожлантирдилар.
Мазкур ишларни амалга оширишда Стенфорд университети профессори Фредерик Терманнинг меҳнати ва хизматлари катта бўлган (ҳозирда уни Силикон водийсининг асосчиси деб тан олишади). 1939 йили Терман ўзининг шогирдлари Вилям Хюлетт ва Девид Паккардни шу ерда қолиб, ўз корхонасини ташкил этишга кўндиради. Оқибатда мазкур ҳудудда информацион технологияларга ихтисослашган, ҳозирда жаҳоннинг етакчи, ўша даврда эса дастлабки Хюлетт-Паккард (Hewlett-Packard Co.) компаниясига асос солинди. Бугун мазкур компанияда 100 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатади. Университетнинг битирувчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин эса дунёдаги йирик қидирув ахборот тизими «Google»нинг яратувчилари бўлишди.
Айтганча, айнан Фредерик Терман 1946 йили университетга тегишли ерни ижарага бериш таклифини илгари суриб, соҳадаги ўзгаришларнинг янги даврини бошлаб юборди, десак муболаға бўлмайди. Шу аснода юқори технологик Стенфорд тадқиқотчилик маркази ва Стенфорд саноат парки (1951 йил) шаклланди. Аста-секинлик билан ҳудудда ўз ишини ривожлантирувчи, ярим ўтказгичлар, компютер технологиялари ва дастурлаш билан шуғулланадиган компаниялар сони ошиб бораверди. Шу тахлит Силикон водийсида илк маротаба катта ҳажмда пул маблағларини илмий-техник ишланмаларга сарфлаш амалиётда жорий этилди. Бу ҳаракатлар замирида жуда катта таваккалчилик ётса-да, сармоялар тўғри йўналтирилганда ўзидан минг маротаба кўпроқ даромад келтириши аниқ эди.
1951 йили Стенфорд университетининг аспиранти Уилям Бредфорт Шокли тарихда биринчи марта германий элементидан уч қатламли ярим ўтказгични яратди. У электрон чироқ вазифасини бажарса-да, тежамкор ва кичик ҳажмдалиги билан устун эди. Аммо ярим ўтказгичнинг нархи истеъмолчиларга қимматлик қилди. Шу ўринда айтиш жоиз, мазкур кашфиёти учун 1956 йили Шокли ҳамкасблари Ж. Бардин ва У. Браттейн билан биргаликда Нобел мукофотига сазовор бўлишган. 1954 йилга келиб физик Гордон Тил арзон кремнийдан ярим ўтказгич яратишнинг уддасидан чиқди. Бу эса маҳсулотлар таннархи пасайишига, яъни уларнинг арзонлашишига ва электроника деталларини кичик ҳажмда яратиш жараёнига асос солди.
1957 йили Шокли раҳбарлигида Bell Telephone Laboratoriesга ишлайдиган саккиз нафар муҳандис (Гордон Мур, Роберт Нойс, Шелдон Робертс, Иген Клейнер, Виктор Гринич, Жилиус Бленк, Шон Хорни ва Жей Ласт) транзисторларни ишлаб чиқаришда германий ёки кремнийдан фойдаланиш маъқуллиги тўғрисида мунозара юритадилар. Бирортаси ҳам ҳали ўттиз ёшга тўлмаган бу тадқиқотчилар кремнийни муносиб кўришса-да, Шокли қатъий равишда германийдан фойдаланишга қарор қилади. Ёшлар эса жаҳл устида ҳам устози, ҳам компанияни тарк этиб (шундан сўнг улар «Саккизта сотқин» номини орттириб оладилар), кремнийдан ишлаб чиқарилган микросхемалар саноатининг етакчисига айланган Fairchild Semiconductor Corp. корпорациясини ташкил этадилар. Аммо энг муҳими, мазкур воқеалар оқибатида «Саккизта сотқин» Силикон водийсининг пойдевори бўлиб хизмат қиладиган янги анъаналарга асос солишди.
Мўжизалар мамлакати
Маълумотларга кўра (siliconvalley.com), охирги қирқ йил мобайнида Силикон водийси жаҳоннинг электроника ва компютер саноати марказига айланди.
90-йилларга келиб эса Силикон водийсидаги корхоналар ўз фаолиятини энг замонавий компютер технологияларини тадқиқ этиш ҳамда ишлаб чиқариш, шунингдек, рақамли техника ва дастурий таъминот маркетингига қарата бошлайди. Ҳозирда технологиялар паркида (бу водийнинг яна бир номи) 2,5 миллионга яқин одам истиқомат қилиб, уларнинг 25 фоизи юқори технологиялар соҳасида иш юритади. Шунингдек, Карнеги Меллон, Сан-Хосе, Санта-Клара, Стенфорд ва Нордвестерн политехника университетлари, 7 мингдан зиёд техника жиҳозлари ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи дунёнинг энг етакчи корхоналари (Apple Inc., AMD, Dolby Laboratories Inc., Hewlett-Packard, Google, Intel, Juniper Networks, NVIDIA Corporation ва б.) ҳам бор. Тақдир тақозоси билан асосий бошқарув идораси бошқа ҳудудда жойлашган Microsoft, Netscape, Silicon Graphics, Fujitsu, Hitachi Global Storage Technologies каби қатор машҳур компаниялар раҳбарияти водийда ўзи филиалини очишни ҳам бурч, ҳам фахр деб билади. Қисқача қилиб айтганда, ўттизта шаҳарни ўз ичига қамраб олган Силикон водийси одамлар орасида «Мўъжизалар мамлакати» деган номга сазовор бўлди.
Компютерлаштириш жараёнини глобал миқёсда амалга ошириш водий аҳлига мислсиз даромад келтиради. Айтганча, америкалик таниқли миллионерларнинг катта қисми айнан шу ҳудуда яшайди, шунинг учун бу ерни «Миллионерлар водийси» деб ҳам аташ мумкин. Қизиқ, аммо бир пайтлар ушбу ҳудудга «Ўлим водийси» деб ном беришганди, чунки 1985-86 йилларда иш жараёнида компютерлардан кенг фойдаланиш иш ўринларининг қисқаришига олиб келган.
Сир эмас, бугун ахборот технологиялари тараққиёти нафақат АҚШ, балки бутун дунё иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Биргина АҚШда шахсий компютер ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш ҳисобига саноат соҳасида 45 фоизга ўсиш кузатилади. Мазкур маълумотлар нетваллей.cом расмий сайтида келтирилган. Бунда, шубҳасиз, Силикон водийсининг хизмати катта, ҳудуддаги электроника ва дастурий таъминот компаниялари авваллари бўлгани каби ҳозирда ҳам бутун дунёдаги юқори технологиялар тараққиётига улкан таъсир кўрсатиб келмоқда.
Омад калити нимада?
Силикон водийсига оламшумул шуҳрат келтирган, уни улкан тафаккур ва сармоя эгаларини тортиш марказига айлантирган жиҳатлар талайгина. Ҳа, чиндан ҳам бу мўъжизалар ва уни яратувчилар ватанидир. Чунки бу заминда тафаккур билан тафаккурнинг, сармоя билан сармоянинг тинимсиз кураши ва рақобати кечади. Бу ерда ўзининг ақлга сиғмас ғоялари, таклифлари ва лойиҳалари билан кулгига қолишдан қўрқмайдиган инсонлар жуда кўп.
Водийда таваккал қилишдан, янгилик яратиш ва уни ҳаётий ҳақиқатга айлантириш учун маблағ сарфлашдан чўчимайдилар. Технологиялар марказида қайси миллат вакили эканлигингиз муҳим эмас, балки мутахассис сифатида ўзингиз, салоҳиятингизга ишонч қай даражадалиги аҳамиятлидир. Мазкур ҳудудда йилига 365, ҳафтасига 7 кун, суткасига эса 24 соат ишлайдилар. Бу заминда юз бериши мумкин бўлган ва эҳтимол, бўлмаган нарсаларга ҳам умид билан қаралади. Силикон водийсидаги одамлар яратилаётган юксак технологиялар ҳаётни ижобий томонга ўзгатиришига, инсониятнинг келажакдаги «Рақамли техника даври» ёруғ бўлишига астойдил ишонадилар.
Наргиза Иброҳимова тайёрлади.
«Маърифат» газетасидан олинди.