Аҳмаджон Мелибоев. Улуғбекнинг астрономия мактаби

http://n.ziyouz.com/images/mirzo_ulugbek3.jpg

Ўтган йили Париж шаҳридаги нуфузли “Арматан” нашриётида Евро-Осиёни ўрганиш жамияти ташаббуси билан “Асрларни ёритган юлдузлар” номли китоб чоп этилди. Мазкур китобдан франциялик темуршунос олим, темурийлар даврини ўрганиш Франция уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси «Шуҳрат» медали соҳиби Люсьен Кереннинг «Улуғбек ва Самарқанд астрономия мактаби» номли мақоласи ҳам ўрин олган.

Ушбу мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Жанонбек Санақулов ва Баҳромжон Аълоевлар таржимасида жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинди. Бундан миннатдор бўлган муаллиф газета Бош муҳаррири номига мактуб йўллади.

Мазкур мақолани ҳамда жаноб Кереннинг мактуби ва газета муҳаррирининг унга жавоб хатини эълон қилар эканмиз, ўқувчилар эътиборини тортади ва улар қалбини яна бир карра улуғ алломамиз ижодидан ифтихор ва ғурур туйғуларига тўлдиради, деб ўйлаймиз.

…1337 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида таваллуд топган Қозизода Румий таниқли қомусий олим ва файласуф Шамсиддин ал-Фанорийдан дастлабки сабоқларни ўрганди. Охир-оқибат, бу устоз араб ва форс мударрислари дарс берувчи Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг машҳур мадрасаларида астрономия ва риёзиётни чуқур ўрганиш учун Қозизодага Туркияни хуфиёна тарк этишда ёрдам беради. Румий Самарқанд мадрасасида фалакиёт ва риёзиёт фанларининг нуфузли уламоларидан бирига айланди ва Улуғбекка ҳам устозлик қилди. Қозизода ўзи билан бирга ал-Фанорий томонидан тузилган фанлар мажмуасини ҳам олиб келган эди. У бу асарни Улуғбекка ўргатади. Бироқ Қозизода Улуғбекда астрономия фанига бўлган ноёб қобилиятни сезиб, уни кўпроқ ушбу фанни чуқур ўрганишга йўналтиради. Улуғбек Қозизодадан кўп илм ўрганди ва уни устоз деб билди.

Улуғбек ўша даврнинг энг машҳур риёзиётчиси ва астрономи Ғиёсиддин ал-Кошийни ҳам ўз маслаҳатчиси, устози деб ҳисоблаган. Ҳиротда Ғиёсиддин ал-Коший астрономияга қизиққан Улуғбекнинг укаси Искандар Султонга таҳсил берарди. Улуғбек уни 1417 йилда Самарқандга, ёнига чақиртириб олади. Ал-Коший расадхона лойиҳаси ташаббускорларидан бўлди ва юлдузлар жадвалини тузишда фаол иштирок этди.

Маърифатли инсонлар маслаҳати билан Улуғбек Самарқандда илм-фанни ривожлантириш, жумладан, фалсафа, риёзиёт ва фалакиёт илмлари билан шуғулланиш ниятида катта мадраса қурдиришга қарор қилди. Ҳали бисёр бўлган Темурбек салтанати хазинаси қолдиқларидан бугунги кунгача Регистон майдонида қад кўтариб турган ва ўз номи билан аталувчи улкан мадрасани барпо қилди. Бу мадраса VIII асрда Боғдодда ал-Мансур халифалиги даврида бошланган ислом расадхоналари ва мактаблари фаолиятида юз йиллар давомида тўпланган тажрибаларнинг давомчиси сифатида танилди. Дастлабки ҳаракатлар юнон математиклари ва файласуфларининг асарларини араб тилига ўгириш билан бошланган бўлса-да, сўнгра форс ва ҳинд олимлари ўртасидаги муносабатлар билан янада бойиб борди. Юнон астрономи Клод Птоломейнинг икки асари, эрамизнинг 130-йилларида яратилган, «Алмажест» ва «Сайёралар гипотезаси» асарлари Аристотел фалсафаси билан яқиндан таниш бўлган мусулмон мутафаккирлари эътиборини тортди. Улар худди христиан ва яҳудийлар сингари диний бўлинишликка эмас, балким Птоломей томонидан ишлаб чиқилган геосентрик тизимни қўллаб-қувватладилар: Ер Худо томонидан Одам ато учун яратилиб, ўз ўқи атрофида айланувчи қўзғалмас борлиқдир, қуёш ва ой бошқа сайёралар сингари мукаммал доира шаклида Ер атрофида айланади. Бу тизимни ҳаракатга келтирувчи қонун-қоидаларни ўрганиш учун мусулмон астрономлар юнон астрономлари хулосаси ва ўзларининг шахсий кузатишлари орасидаги кўплаб қарама-қаршиликларни бартараф қилиш борасида ҳисоб-китоб ва кузатишларни кўпайтирдилар.

Дарҳақиқат, VIII асрдан XIV асргача бўлган мусулмон оламида шаклланган кўплаб иқтидорли математик ва астрономлар замонавий даврдан олдин бўлмаган. Улар ҳинд олимлари билан ҳамкорликда юнон астрономлари хатоларини тўғрилаб, асл математик моделлар яратиб, ўз меҳнатлари натижаларини баён қилганлар. Улар диний ибодатга боғлиқ жамият саволларига ҳам жавоб беришлари лозим эди: муқаддас шаҳар жойлашуви, ибодат вақтлари, ҳижрий йил ҳисобидаги ойнинг кўриниш санасини аниқлаш ва ҳоказолар. Шундай қилиб, улар расадхоналар қуришга киришдилар, кўплаб математик ҳисоб-китобларни туздилар, нуқтанинг текисликдаги ва фазодаги ҳолатини ҳисоблаб, самовий жинслар ҳаракатларини ўлчаш ва аниқлаш учун кўплаб турдаги асбобларни ихтиро қилдилар. Бу ишларнинг нусхалари асосан араб ва форс тилида тузилган бўлиб, шаҳардан шаҳарга, расадхонадан расадхонага алмашиниб турарди.

Регистон майдонидаги мадрасанинг қурилиш ишлари 1417 йилдан 1420 йилгача давом этди. Бироқ “темурий” услубидаги ажойиб ёдгорликлардан бири бўлган бу мадрасанинг меъмори исмини ҳеч ким билмайди: деворлар, миноралар ва нақшлар араб услубидаги геометрик шакллардан ташкил топган. Кўк ранг, сирли, такрорланувчи безаклар кўп ишлатилган.

1420 йилда қурилиш ишлари тугатилиб, Қозизода дастлабки сабоқни Улуғбек иштирокида бошлаб берди. Янги мадраса ўз даврининг энг машҳурига айланди ва ал-Коший ҳам у ерда математика асослари тўғрисидаги билимлари билан талабаларга таълим бера бошлади. У бу ҳақда 1427 йилда тугатган “Мифтоҳ ул-ҳисоб” «Арифметика калити» асарида қайд этган бўлиб, асар Улуғбекка бағишланган ва қуйидаги кириш сўзлари билан бошланган: «Мен бу асарни энг буюк, энг одил, энг оқил ва энг машҳур олим Султон Улуғбек Кўрагоний кутубхонаси учун яратдим».

Ўқув дастури кутубхонадаги энг машҳур мусулмон астроном ва математикларининг асарларига асосланарди. Бу асарлар Улуғбекнинг муруввати туфайли унинг хазинаси эвазига қўлга киритилганди. У ўзининг ёш ҳамкасби Али Қушчини астрономияга оид хитой қўлланмалари ва тақвимларини топиб келиш учун ҳаттоки Хитойга ҳам жўнатади.

Улуғбек ал-Коший, Қозизода ва бошқа ҳамкасблари маслаҳатига таяниб, улар ният қилган ансамбл — улкан астрономик расадхонанинг қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқишга буйруқ беради. Астрономия гуруҳи талабалари мадраса таҳсилини тамомлаб, ўзларининг келажакдаги вазифаларини белгилаб олишган бир пайтда, шаҳарнинг шимоли-шарқидан бир неча чақирим нарида жойлашган Кўҳак тепалигида 1420 йилда расадхона қурилиши бошланади. Лашкарбошилик ва ҳукумат ишларидан бўш вақтларида Улуғбекнинг ўзи ҳам ўлчов ва ҳисоб-китобларда иштирок этади.

Улуғбек Самарқандда дарвешлар учун улкан гумбазли хонақоҳ қурдирди, хонақоҳ ҳаммоми рангли тошлар билан безатилган бўлиб, аҳоли уни шаҳарнинг энг муҳташам иморати деб ҳисобларди. Жумладан, у катта карвонсаройларга ўхшаш дид билан ясалган ёғоч ўймакорли масжид ҳам қурдирди. Катта боғ ўртасида 40 устунли сарой бунёд эттириб, сарой ёнида ўзининг миниатюра тўпламларини сақлаш учун Хитойдан келтирилган чинни кошинлар билан безатилган ажойиб хона ҳам қурдирган. Темурбекнинг хоки жойлашган Темурийлар мақбарасини қурдиришни давом эттирди. «Гўри Амир» мақбарасига 1425 йилда Мўғулистондан олиб келинган улкан қора нефрит тошини ўрнатди ҳамда Тож Маҳал сингари муҳташам хонани чиройли мармар панжара билан безатди. Шоҳизинда мақбараси кириш эшигини бунёд эттирди. Бухорода янги мадрасалар бино қилдирди.

Унинг қобилияти жуда ҳайратланарли эди, чунки Улуғбек нафақат математик ва астроном, балки китобсевар, шоир ва улкан тарихчи бўлиб, расадхона ва мадрасадаги таълим жараёнида ва илмий изланишларда ўзи фаол қатнашиб, ўз соҳасининг устасига айланган эди. У янги мунажжим ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиб, баъзан талабалар билан камтарона ва очиқ мулоқотда бўлишдан завқланарди. Шунинг натижаси ўлароқ, Улуғбек математика соҳасида жуда қобилиятли ва зеҳнли бўлган ёш Али Қушчи, — “лочин овчиси” билан танишиб, дўст тутинди. Ёш талаба унинг кўмаги сабабли, кейинчалик таниқли устоз ва Улуғбек асарларининг давомчисига айланди.

Ўз соҳасининг билимдони бўлган Ғиёсиддин ал-Коший қурилиш ишларини бошқариш ва расадхона хизматини йўлга қўйиш жавобгарлигини ўз зиммасига олди. 1429 йилда тугалланган бу расадхона бутун Осиёни ҳайратга солганди. Афсуски, расадхонанинг қурилиши диний эътиқодга нисбатан ўзининг ҳур, мустақил фикрига эга бўлган Улуғбек тўғрисида руҳонийлар томонидан номақбул фикрлар, миш-мишлар тарқатиш, олимни бузғунчиликда айблашга асос ҳам бўлди. Улуғбекни Шоҳруҳ даврида Ҳиротдан қувилган бидъатчи Қосим Анвар билан яхши муносабатда бўлганликда ҳам айбладилар. Бу каби воқеалар орадан 30 йил ўтгач, расадхона мавқеининг бутунлай пасайишига ва кўплаб мунажжимларнинг бу ерни тарк эта бошлашига сабаб бўлди. Улуғбекнинг фожиавий ўлимидан 50 йил ўтиб, 1499 йилда расадхона батамом бузиб ташланди.

Бугунги кунда расадхонанинг ички ва ташқи кўриниши хусусида жуда оз маълумотларга эгамиз. Ўша даврда яшаган олим Абдураззоқ Самарқандий расадхонани ўз кўзи билан кўрган бўлиб, уни қуйидагича тасвирлайди: «Бино деворлари ўзгармас юлдузлар, 1/60 сонияли, сониялар, дақиқалар ва осмон гумбази даражалари билан безатилган. Яна денгизлар, саҳролар, тоғлар, Ер иқлими минтақалари ифодаланган дунё жуғрофий хариталари ҳам бор эди. Буларнинг ҳаммаси номутаносиб геометрик шакллар ва ажойиб суратлар билан ифодаланган”.

Мирзо Бобур ўз хотираларида шундай ёзади: “Яна бир улкан иморат астрономик жадваллар тузишга мўлжалланиб, Кўҳак тепалигида уч қават қилиб қурилган расадхонадир».

1908 йили рус археологи Виаткин Кўҳак тепалигида расадхона қолдиқларини топишга муяссар бўлди: диаметри 46 — 50 метрли доира шаклидаги иморатга тааллуқли безаклар, ғиштлар, тош парчалари, шунингдек, шимол-жануб меридиани бўйлаб йўналтирилган чуқурлиги 11 метр бўлган ерости қисмига олиб кириш жойи топилди. Тадқиқотлар давомида археологлар деворларнинг асосини ва яна бир қанча қолдиқларни топдилар.

Самарқандий ва Бобур қолдирган қисқа кўрсатмалар ва хароба қолдиқлари туфайли ўзбек, рус ва бошқа давлат археологлари ўша давр архитектура қурилишини ҳисобга олиб, Мароға, Дамашқ ва Бағдод каби дунёнинг машҳур расадхоналари қурилиш архитектурасига таянган ҳолда Улуғбек расадхонаси лойиҳасини тикладилар. Бино доира шаклида бўлиб, баландлиги 30,42 метрни ташкил қилади, тахминан 15 метрли тепаликни қўшиб ҳисобласак, расадхона ер сатҳидан қарийб 45 метр баландликда бўлган. Ясси мармарли асосга қурилган уч қаватли бинонинг ҳар бир қавати ташқарига қараган 32 та аркдан иборат эди. Деворларнинг ташқи томони сирли кошинли ранглар, айниқса, кўк ранг, араб ҳарфлари ва гул шакллари билан безатилган эди. Бино тўғри меридиан бўйлаб жойлаштирилган 21,6 метр радиусли секстант арки билан тенг икки қисмга ажратилган.

Топилган девор қолдиқлари бинонинг пастки қисмида расадхонанинг турли хизматлари учун мўлжалланган хоналар бўлганлигини тасдиқлайди. У ерда турли жиҳозлар ва асбоб-ускуналар сақланадиган хоналар, устахоналар, асбоб-ускуна ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари сақланадиган хоналар, кутубхона, мажлис хонаси, хариталар жойлаштирилган хона ва яна ёзувлар ҳамда дарс жараёнидаги суратлар учун мўлжалланган хона мавжуд бўлган. Самарқандий томонидан жойи аниқ кўрсатилмай эътироф этилган деворий суратлар билан безатилган хоналарнинг бўлганлигини аниқлаш қийин. Эҳтимол, расадхона ходимлари ва зиёратчилар учун ошхона, озиқ-овқат дўкони ва сув сақлаш мосламалари ҳам бўлгандир.

Улуғбек расадхонасида тунги осмонни ўрганиш мақсадида бир неча кузатувчилар учун мўлжалланган майдонча, шунингдек, гномонли катта қуёш соати ҳам мавжуд бўлган; секстантнинг тепа қисми қуёш йўналишида меридиан билан кесишадиган пайтда нурлар ўтказувчи тўғриланадиган суйра ойнали том билан ёпилган эди. Қуёш нури қоронғуликда жойлашган секстантнинг ерости ёйсимон қисмида доғ ҳосил қилар, кузатувчилардан бири секстантнинг ёйсимон шакли устига ёзилган даражаларни кузатиб борарди. Шу улкан асбоб билан Улуғбек бир йилни 365 кун, 6 соат, 10 дақиқа, 8 сонияга тенглигини аниқлади, ҳозирги замон астрономлари эса 365 кун, 6 соат, 9 дақиқа, 9,6 сония эканлигини тасдиқлашди. 0,32″ даражали арзимас хато билан Улуғбек эклиптика оғмалигини ҳозирги замон астрономлари ҳисоб-китоби бўйича 23°30’45″ даража эмас, балки 23°30’17″ даража деб берган эди.

Секстантдан ташқари, фақат кўз орқали ўрганилган сайёралар ва юлдузлар кузатуви турли хил таниш асбоблар билан амалга оширилган: устурлоблар, армиляр шари, балистислар, трисветрлар, шаниллар ҳамда соат ва ҳоказолар.

Зиж (Юлдузлар жадвали) қачон ёзила бошланганлиги маълум эмас, эҳтимол, 1420-йилларда бўлиши мумкин. Тошкентда топилган форсий қўлёзмага асосан 1444 йилда якунланганлиги эътироф этилади. Лекин Улуғбек умрининг сўнгги дамларигача ҳам унга ўзгартиришлар киритган бўлса ажаб эмас. Бу жадвал Улуғбек йиққан мунажжимлар гуруҳининг заҳматли меҳнати маҳсулидир. Унинг ўзи ҳам асарни бир шаклга жамлашда иштирок этди. Одатга кўра, расадхона мунажжимлари томонидан тузилган зиж ўз сулоласи ёки ҳукмдор номи билан аталиб, Зижи Кўрагоний деб номланган. Юлдузлар жадвалининг Францияда босилиб чиққан нусхаси форс тилидан (Седийё) таржима қилинган бўлиб, Улуғбекнинг ўзи ёзган 6 саҳифали кириш сўзи билан қўшиб ҳисоблаганда, 200 саҳифани ташкил қилади.

Юлдузлар жадвалини тузиш жараёнида 1430 йили ал-Кошийнинг, 1436 йили Қозизода Румийнинг ўлими олимлар учун катта йўқотиш бўлди. Улуғбек Зижнинг кириш қисмида уларга чуқур ҳурмат изҳор қилиб, асарнинг якунланишида ёш Али Қушчининг хизматлари юксак бўлганлигини таъкидлайди.

Улуғбекнинг икки ўғли бўлиб, уларга болалигиданоқ турлича муносабатда бўлинганлиги маълум. Ота кичик ўғли Абдулазизни эркалаб ўзига жуда яқин тутди, тўнғич ўғли Абдулатифни эса Хуросондаги бувиси Гавҳаршодбегим ёнига жўнатди. Шу йўсинда, Абдулазизга кўпроқ ён босиб, уни ортиқча эътибор билан Самарқандга чақиртириб, халқ олдида валиаҳд деб эълон қилди.

1447 йил 2 март куни қисқа бетобликдан сўнг Шоҳруҳ Мирзо вафот этди. Улуғбек бундан қаттиқ қайғуга тушиб, ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринаётган жиянларидан бирига қарши Хуросонга қўшин тортишга мажбур бўлди. Абдулатифнинг ёрдами туфайли, 1448 йили Тарбобдаги жангда жиянини мағлубиятга учратди. Қонуний ҳокимиятни қўлга киритган Улуғбек Самарқандга, кенжа ўғли ёнига қайтиб келди.

Отаси туфайли узоқ йиллар пойтахтдан йироқда бўлган Абдулатиф ўзини камситилган деб ҳисоблайди ва унда отасига нисбатан чуқур хусумат пайдо бўлади. У бебурдликка берилиб кетган ва шаҳарда ўз билганича яшовчи ҳамда ҳукмдорга бўйсунмай қўйган аскарлар орасидан ўз тарафдорларини топишга муваффақ бўлди. Баъзи диндор ҳамтовоқларига таянган Абдулатиф ўз атрофига отасини тахтдан ағдаришга шайланган ҳамда ҳукмдорга қарши кайфиятда бўлган жангчилардан етарлича йиғиб олишга муяссар бўлганлиги ҳам аниқ. Иккала қўшин ўртасидаги жанг Самарқанд яқинидаги Дамашқ қишлоғида бўлиб ўтди. Улуғбек жангда мағлубиятга учради, Абдулатиф отасини асир олдирди ва уни ўлдириш тўғрисида фармон берди… Бу фожиа 1449 йил 27 октябрда ҳукмдорнинг 55 ёшлик вақтида содир бўлди. Улуғбек Гўри Амир мақбарасига, бобосининг ёнига дафн қилинди. Қабртош устидаги ёзув Улуғбекнинг шаҳид бўлганлиги ва Абдулатиф падаркуш эканлигини тасдиқлайди.

Бу фожианинг асл сабаби ва моҳияти тўғрисида ҳозиргача бош қотиришади. Улуғбекнинг тўнғич ўғли билан келиша олмаганлигининг боиси нимада эди? Биринчи тасдиқ Темурбек ҳукмронлигининг сўнгида пайдо бўлиб, Али Яздий “Зафарнома” (1425) китобида бу воқеанинг астрология билан боғлиқлигини кўрсатади. Расмий астрологлар томонидан ўрганилган ва унинг ўзи ҳам текшириб чиққан Улуғбекнинг тақдири тўғрисидаги башоратда (гороскоп) кўрсатилишича, унинг туғилган куни Аждарнинг дум қисмида жойлашган Шер буржида бўлиб, бу ҳалокатдан нишона эди. Абдураззоқ Самарқандий ўзининг 1471 йилда ёзган йилномасида бу воқеани қуйидагича тўлдиради: унинг фикрича, Улуғбек ва ўғли ўртасидаги адоват уларнинг тақдиридан келиб чиқади. Олим Улуғбекнинг тақдир юлдузи Аждар дум қисмида бўлиб, бахтсизлик ва мусибатни ифодаласа, Абдулатифники Аждарнинг бош қисмида бўлиб, куч ва ғалабадан дарак беришлигини таъкидлаганди.

Улуғбек учун Юлдузлар жадвалининг тўртинчи бобини ташкил қилган астрология алоҳида бир фан ҳисобланарди. У ўзи қайта ҳисоблаб чиққан бу башорат жадвали (гороскоп) га ишонар эди. Ўғлининг ўзига қарши исъён кўтариши мумкинлиги боис, уни ўзидан узоқда сақладилар ва бу Абдулатифнинг валиаҳдлик ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бахтиқаро Улуғбек ўғлининг нафратини қўзғаб, ўз тақдирининг шундай якун топишига, эҳтимол, ўзи сабабчи бўлгандир.

Люсьен КЕРЕН:

“ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ ЭЗГУ ФАЗИЛАТЛАРИ МЕНИ ҲАЙРАТГА СОЛГАН…”

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси Бош муҳарририга

Ҳурматли Бош муҳаррир, азиз ўзбек биродарим!

Сиз раҳбарлик қилаётган газетанинг 2009 йил 10 июл сонида Мирзо Улуғбекка бағишланган «Улуғбекнинг Самарқанд астрономия мактаби» номли мақоламни босиб чиқарганингиздан бениҳоя бахтиёрман. Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш мен учун катта қувонч ва шарафдир. Шу боис, мақоламни нуфузли газетангиз саҳифаларида босиш борасидаги ташаббусингиз учун сиздан ҳамда мақоланинг таржимаси устида ишлаган таржимонлардан миннатдорман. Ушбу мақоланинг француз ва ўзбек тилларида эълон қилиниши астрономия йили доирасида ўтказилаётган тадбирлар қаторида алоҳида аҳамият касб этади.

Бундан 48 йил аввал, 1961 йили мен Ўзбекистонга илк бор сафар қилиб, Самарқандни ўзим учун катта завқ ва ҳайрат билан кашф этган эдим. Менга ушбу мафтункор шаҳар тўғрисида илк бор Париждаги афғон дипломати, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган дўстим Ислом Бек Худоёрхон сўзлаб берган эди.

Мен мамлакатингизга ЮНЕСКО ташкилотининг қўриқ ерларни ўрганиш масалалари билан шуғулланувчи қўмитаси миссияси доирасида совет даврида ишлаб чиқилган «Қўриқ саҳро»да суғориш ишларини йўлга қўйиш бўйича лойиҳа”нинг амалга оширилишини кўриб чиқиб, тегишли хулоса тайёрлаш учун юборилган эдим. Ачинарлиси шундаки, мазкур лойиҳа Орол денгизининг фожиали қуришига олиб келган сабаблардан бири бўлди.

Шу биринчи ташрифим чоғидаёқ мен ўзбекистонликларнинг самимий ва кўнгли очиқ инсонлар эканлиги, меҳмондўст ва бағрикенглигидан ҳайратга тушиб, халқингизнинг бу фазилатларига юқори баҳо берган эдим. Яна бир нарсани таъкидламоқчиманки, ўзбек халқи совет цензураси ҳукм сурган даврда ҳам буюк давлат арбоби, ажойиб саркарда, соҳибқирон Амир Темурни унутмаган эди. Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан кейин, мамлакатингизда уч маротаба бўлдим ва ҳар гал ўзбекистонликларнинг менга кўрсатган чуқур ҳурмат-эҳтиромини сезиб турдим.

Ўзбекистонга қилган сафарларим чоғида мустақилликдан кейин Президент Ислом Каримовнинг очиқ ва оқилона сиёсати туфайли ўзбек халқи жаҳон санъати, маданияти ва илми ривожига катта ҳисса қўшган Амир Темур ҳамда темурийларнинг бой тарихий, маданий ва илмий меросини ўрганиш, бу бебаҳо хазина тўғрисида баралла гапириш имкониятига эга бўлганлигига гувоҳ бўлдим. Президент Ислом Каримовнинг бу борадаги қарорлари, амалга оширган ибратли ишлари алоҳида таҳсинга сазовордир. Зеро, халқ ўз ўтмишини билиши, улуғ аждодлари билан фахрланиши лозим.

Темурийлар даври тарихи, жумладан, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган изланишлар ва тадқиқотлар ўтказишга қўшган ҳиссамдан фахрланаман. Бу мавзуда мен иккита китоб, кўплаб мақолалар ёздим, бир қатор конференциялар ўтказдим. Ўзбек-француз маданий алоқаларини ривожлантириш мақсадида 1988 йилдан эътиборан Фредерик Брессан хоним билан Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш жамиятини туздик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов менинг бу камтарона меҳнатимни муносиб баҳолаб, 1996 йили ЮНЕСКО бош қароргоҳида Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш доирасида менга Ўзбекистоннинг юксак мукофоти — «Шуҳрат» медалини топширди.

Муҳаррир дўстим. Ёшим тўқсонга яқинлашиб қолди. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон билан боғлиқ унутилмас хотиралар билан яшаб, ижод қилиб келмоқдаман. 1993 йили Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси даъвати билан Парижга келганингизни, ЮНЕСКО Бош қароргоҳидаги маърузангизни, мустақил Ўзбекистоннинг илк қадамлари тўғрисидаги ҳаяжонли суҳбатларингизни яхши эслайман. Ўшанда сиз менга ўзбек дўпписи ва халқ усталари тайёрлаган санъат асари даражасидаги пичоқни совға қилган эдингиз. Дўппини бошимга кийдим, пичоқни эса қадимий француз одатига кўра, рамзий равишда бир франкка сотиб олдим. Бу совғаларни ҳали-ҳануз сақлаб келаман. Менинг Амир Темур ҳақидаги асарларимдан парчаларни эълон қилганингиздан бошлаб эса, газетангизга алоҳида меҳрим тушган.

Менга берилган ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ўқувчиларини, мен учун қадрдон бўлган ўзбекистонликларни қўшалоқ байрам — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 18 йиллиги ва унинг пойтахти Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик байрами билан самимий қутлайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт ва фаровонлик тилаб, ушбу мактуб орқали ўз эзгу ниятларимни йўллайман.

Ҳурматли Бош муҳаррир ва азиз дўстим, сизга бўлган ҳурмат-эътиборимни қабул этгайсиз.

Люсьен КЕРЕН,

Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш жамияти раиси

* * *

Париж, Франция

Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш жамияти раиси Л. КЕРЕНга

Муҳтарам Люсьен КЕРЕН жаноблари!

Ассалому алайкум!

Менга йўллаган мактубингиздан бениҳоя хурсанд бўлдим. Мактуб газетамизда эълон қилинди.

1992 йили АҚШнинг Индиана университетида Шарқ мумтоз адабиётининг зукко билимдонларидан бири Юрий Брегел домла билан учрашганимда, у кишининг Огаҳий ижодига доир фавқулодда муҳим тадқиқотларини кўриб, ўзимиздан чиққан буюк алломаларни хорижлик олимлар биздан кўра чуқурроқ билишларидан ҳайратга тушган эдим. Орадан кўп ўтмай, Мадисон университетида франциялик тадқиқотчи Кэртин Пужол хоним менга сиз тўғрингизда гапириб қолди. Ўшандаёқ ўз ватандошлари журъат эта олмай турган ўта масъулиятли мавзуга қўл урган Сиздек фидойи олим билан учрашишни ният қилган эдим. Орадан бир йил ўтгач, Парижда Сиз билан учрашишга муяссар бўлдим. Суҳбатларимиз чоғи Амир Темур ва темурийлар даврининг зукко билимдони эканлигингиздан ифтихор қилдим.

Таассуфки, биз, юртимизда туриб ҳам, узоқ йиллар давомида ўз тарихимизни ўргана олмадик, улуғ аждодларимиз қолдирган илмий, маънавий меросдан бебаҳра яшадик. Собиқ тузум мафкураси бунга йўл бермади. Бу мафкура бизни Амир Темурдек буюк саркарда ва давлат арбобига, темурийзодалар маърифатига, имом ал-Бухорий, имом ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Қаффол аш-Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Шайх ҳованд Таҳур каби алломаларга асло яқинлаштирмади. Бундай улуғ зотларнинг мероси хорижий давлатларда Сиз каби фидойи олимлар томонидан қунт билан ўрганилаётган, илмий анжуманлар ўтказилаётган, асарлар ёзилаётган бир пайтда биз коммунист доҳийларнинг китобларини ўқиш билан банд бўлдик. Буни қарангки, биз мактаб дарсликлари орқали Европа тарихини, рус-япон уруши тафсилотларини, Дмитрий Долгорукий даврида қандай ислоҳотлар амалга оширилганини ёки князь Олег пайтида ким кимга қанча ўлпон тўлаганини қайта-қайта ўқиб ўрганибмиз-у, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган ўзимизнинг донишманд боболаримизни ўқимабмиз. Бу кемтикни тўлдиришда АҚШ ва Европа олимларининг, жумладан, сизнинг журъатингиз бизга жуда ҳам қўл келганлигини яна бир бор такрорласам, ортиқча бўлмас. Тарихни сохталаштириш ва унга беписанд назар билан қараш шу даражага етиб борган эдики, Президентимиз Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларида пойтахт Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган хиёбонда Соҳибқирон Амир Темурга ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги қарорга имзо чекканларида, дунёқараши собиқ тузум мафкураси таъсирида шаклланган кўпгина маҳаллий сиёсатдонлар, айрим олимлар ҳам ён-атрофларига сирли ажабланиш билан қарашган эди.

Париж сафари давомида оламаро машҳур Луврни, Гимей музейини, Версал саройини томоша қилишдан бир олам таассурот олдим. Версал саройида ўсмирлик йилларим бир эмас, бир неча марта ўқиб, ғойибона меҳр қўйган, кечалари тушимга кириб чиқадиган афсонавий қаҳрамоним — Жанна д, Арк билан юзма-юз келдим. Унинг фавқулодда таъсирчан, сирли-маҳобатли суратига узоқ тикилиб қолдим. Орлеан жанги ғолибаси менинг ўсмирлик тасаввуримда айни шундай гавдаланган эди. Луврда мени ҳайратга солган нарса — фотиҳ Наполеон даврида бу ерга Мисрдан олиб келинган қадимий осори-атиқаларнинг сақланиши бўлди. Музейда улар қадимий Миср маданиятининг нодир намуналари, неча минг йиллик тарихнинг тилсиз гувоҳлари сифатида эъзозланаётгани, эҳтиётланаётгани мени чинакамига ҳайратга солди. Музей ходимларининг ҳикоя қилишларича, Наполеон бу ёдгорликларни Францияга олиб келишда ўз аскарларидан улардан бирортасига заррача бўлсин шикаст етказмасликни, бирортаси кимнингдир шахсий мулкига айланиб кетмаслигини талаб қилган экан. Собиқ совет тузуми дарсликларида жоҳил, ғазаби чексиз босқинчи ва талончи деб таърифланган Наполеоннинг ўзга бир халқ тарихи ва маданиятига нисбатан бундай эҳтироми мен учун кутилмаган бир ҳол эди. Бундан шу қадар таъсирландимки, Версал саройига қайта бориб, «Наполеоннинг тахтга ўтириши» деб номланган улкан полотнони яна бир бор томоша қилдим, шаҳарга қайтгач, унинг хотирасига қурилган пантеонга бориб, фотиҳ билан ғойибона суҳбат қурдим.

Жаноб Керен, бу гапларни сизга батафсил ёзаётганимнинг сабаби, қизилармиячи саркарда Фрунзе ўтган асрнинг йигирманчи йилида Бухорони тўплардан аёвсиз равишда ўққа тутгани, не-не ёдгорликларни вайрон қилгани сизга яхши маълум. Яна бир нарсадан хабарингиз бўлиши керакки, ўша йиллари халқимизнинг сон-саноқсиз бойликлари, тилла ва кумуш буюмлар, тақинчоқлар, Амир Темур ва темурийлар даврига бевосита тааллуқли бўлган ноёб осори-атиқалар, уйларда сақланаётган буюмлар вагонларга юкланиб, пешма-пеш шўролар салтанатининг бош шаҳарларига олиб кетилган. Уларнинг аксарияти шахсий коллекцияларга тарқатиб юборилган, сотилган, ўзлаштирилган, ҳадя қилинган. Бу ҳақда ўйлаганингда кўнгил ҳануз ғаш бўлади.

Сафарим чоғи суҳбатдошларим менинг оддий бир ахборотимдан кўп таъсирланишди. Мен уларга Ўзбекистонда Бальзак, Мопассан, Жюл Верн, Эмил Золя, Проспер Мериме ва бошқа кўплаб франциялик адибларнинг китоблари кириб бормаган хонадонни топиш қийин дедим. Бу гапда асло муболаға йўқ. Бу муаллифларнинг асарлари ўзбек тилида жуда кўп марта чоп этилган ва бугун ҳам севиб ўқилади. Бизнинг жаҳон адабиёти тўғрисидаги тассаввурларимиз айни шу асарлар таъсирида ҳам шаклланган.

1994 йили газетамизда сизнинг “Амир Темур салтанати” тарихий романингизнинг бир неча бобини Баҳодир Эрматов таржимасида эълон қилдик. Амир Темурга бағишланган саҳна асарингиз Самарқанд театрида намойиш этилди. 1999 йили эса “Амир Темур салтанати” китоб ҳолида ўзбекистонлик ўқувчилар қўлига бориб етди.

Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда Сизни яхши билишади ва ҳурмат қилишади. Газетамизда Улуғбекнинг Самарқанддаги обсерваторияси ҳақидаги мақолангиз ва менга ёзган мактубингиз эълон қилинганида, жуда кўп мухлисларингиз, тарихчи олимлар, шоир ва адиблар, турли касб эгалари бизга қўнғироқ қилиб, Сизга самимий миннатдорчиликларини билдиришди. Уларнинг қутловлари ва эзгу истакларини қабул қилгайсиз.

Яна бир гапни алоҳида таъкидламоқчиман. Газетамизда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан алоқалари жуда яхши йўлга қўйилган. Ўзбекистонга келган биринчи элчи Жан Пол Везиан билан дўст-қадрдон бўлиб қолган эдик. Бир гал жаноб элчини таҳририятга таклиф этганимизда, у “Тарих ҳеч қачон ўзгармайди, воқеа-ҳодисалар қандай содир бўлган ёки содир этилган бўлса, шундайлигича қолади, фақат уларга нисбатан муносабат гоҳо-гоҳо ўзгариб туриши мумкин”, деган эди. Бугун собиқ иттифоқ ҳудудидаги айрим давлатларда баъзи бир “тадқиқотчи”ларнинг яқин-ўтмиш тарихини ўз манфаатлари йўналишига мослаштириб талқин этишга уринишаётганига дуч келганимда, жаноб элчининг шу муҳим гапи ёдимга тушади.

Муҳтарам устоз!

Сизни шундай деб аташга ижозат бергайсиз. Зеро, биз — ўзбекистонлик мухлисларингиз Сиздан кўп нарса ўргандик, ёзган асарларингиздан баҳраманд бўлдик, бунинг учун бениҳоя миннатдормиз. Сиз билан яна бир бор учрашишга, суҳбатларимизни давом эттиришга умид боғлаб,

Эҳтиром билан :

Аҳмаджон Мелибоев,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”газетаси Бош муҳаррири

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 11-сон.