Абдуқаюм Йўлдош. Етим сўз (ҳикоя)

I

Ишхонадан “Меҳрибонлик уйи”га жўнатишди. Тўғрироғи, бош муҳаррир сураткаш билан бораётган экан, мени ҳам қўшиб олишди. Тушунарли, демак, битиклар каминанинг зиммасида…
Шинамгина, икки қаватли бино экан. Сердарахт ҳовлиси катта.
Кечаги тонготар чойхона базмдан сўнг бошим ёрилай деб турганди. Аммо бир амаллаб учрашув охирига қадар ўтирдим.
Бизни ўн-ўн икки ёшдаги болалар тўла каттагина залга бошлаб киришди. Таомилга кўра, аввал директорнинг кириш сўзи бўлди, сўнг азиз меҳмонларга навбат берилди. Улар қаторида раҳбарим ҳам гапирди. Ўзиям роса гапга чечан-да қурғур, мен ҳатто ўзимча уни киши билмас “иш билгунча гап биладиган замонавий раҳбарча”, деб юраман. Маъруза-қутлови якунида одатда ўзи гапириб, ўзи лаззатланадиган бош муҳаррир жўшиб кетди чоғи, залга қараб бағрини очганча:
– Болаларим! Ўғил-қизларим! – дея ҳайқирди. – Мен ҳозирнинг ўзидан сизлардек кўнгли ўксикларнинг истаган бештасини, йўқ, ўнтасини уйимга олиб кетишга тап-тайёрман! Тап-тайёрман! Аммо кўриб турибманки, бу ерда шарт-шароитлар менинг кулбамга нисбатан беш, йўқ, ўн баробар яхши экан! Яхши экан!
Қарсак бўлиб кетди.
Мамнун ҳолда ингичка лабларини ялаб олган раҳбарим янада илҳомланиб, аввал менга, сўнг қаторлар орасида аппаратини чиқиллатиб расмга олиб юрган сураткашга ишора қиларкан:
– Азиз болажонлар! Қоракўзларим! Нафақат мен, балки ана, мен билан бирга келган иқтидорли бўлим мудиримиз ҳам, моҳир сураткашимиз ҳам худди шундай фикрда. Тўғрими, дўстларим?
Гулдурос қарсаклар оғушида “иқтидорли бўлим мудири” сифатида шоша-пиша ўрнимдан туриб, бу фикрни қизғин маъқуллаётган каби бир неча бор бош ирғадим, “моҳир сураткаш”нинг қулоғи сал оғирроқ эди, бироқ шунга қарамасдан, раҳбар яна бир ҳаяжонли даъватни ўртага ташлаганини ҳис қилган бўлса керакки, “менам бу гапга қўшиламан” дегандай ўнг қўлини кўтариб қўйди.
Шундан сўнг ҳомийларнинг болаларга совғалари топширила бошланди.
Учрашув шу билан тугайдигандек эди. Ҳолбуки, ҳали бирон тузукроқ факт олиб улгурмагандим. Ёнимда ўтирган тақирбош бола ора-сира менга, тиззамдаги ҳеч нарса ёзилмаган ёндафтарчамга қараб-қараб қўяётган эди. Шу томонга ўгирилдим. Пешонаси кенг, мунчоқдай кўзлари тийраккина бола менга диққат билан тикилиб турарди. Вақтни зое кетказмаслик учун дарров унинг исмни сўраб олдим. Суннат экан оти. “Ота-онанг борми?” деган саволимга “Йўқ”, жавобини олдим.
Тадбирдан сўнг бир фурсат қолишга, юм-юмалоқлигига қарамасдан серҳаракат ва афтидан – мудом кулиб туришига қараганда – анча серзавқ директор билан суҳбатлашишга ҳафсала қилмадим. Илло, бундай йўл тутадиган бўлсам, муҳаррирнинг мени кутиб ўтирмаслиги аниқ эди. Демак, ишхонага хизмат машинасида гердайиб эмас, жамоат транспортига осилиб, чарчаб-ҳориб қайтишимга тўғри келади. Ўзи аранг ўтирган бўлсам. Шунисигаям раҳмат десин гапдон раҳбарим…
Хуллас, бош муҳаррирнинг “Ҳаммаси жойидами?” деган саволига “Жойида” деб жавоб бериб қўя қолдим.
Ўйлаганимдек, ишхонага бирга қайтдик.
Йўлда раҳбарим:
– Шу сонга улгурамизми? – деди.
Ҳеч иккиланмасдан:
– Улгурамиз! – дедим. Сўнг хушомадга ўтдим: – Ўзингиз ҳамма ёзиладиган гапларни айтиб қўйдингиз-ку, хўжайин, энди уларни қоғозга туширсам бўлди-да. Ўлар энди котибликниям эплолмасам…
Мақтов кимга ёқмайди дейсиз: кўз қиримни ташлаб кўрдим – ҳар қанча камтарлик қилишга уринса-да, айни ҳақиқатни эшитаётганига чиппа-чин ишонаётган раҳбарим лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди…
Тўғрисиям, мавзу унчалик мураккаб эмасди, ҳаттоки, жўнгина эди. Ёзиб юрган одам учун уч қоғоз мақола ҳам муаммо бўптими?
Ишхонада кетма-кет тўрт стакан қатиқ ичиб, сал ўзимга келганимдан сўнг хонамни ичкаридан қулфлаб олдим-у, уч қоғозлик мақолани икки соат ичида компьютерда чақиллатиб ташладим. Сарлавҳа ҳам ўз-ўзидан чиқди-қолди: “Меҳримиз сизларга, болажонлар!” Ўйлаб туриб, тагсарлавҳа ҳам қўшиб қўйдим: “Биз бормиз, сен асло эътиборсиз қолмайсан, Суннат!”
Табиийки, бош муҳаррининг муборак исм-шарифи биринчи ўринда тургани сабабли, мусаҳҳиҳларга ҳам иш қолдирай, деган ўйда мақолани қайта ўқиб ўтирмадим, бир-иккита тишга тегадиган, сунъийроқ жумлаларни саҳифада тузатиб юбораман, деган ўйга бордим.
Буни қарангки, мақола раҳбаримга ёқипти. Буни кечқурун биринчи саҳифа устига қизил рангда қўйилган таниш жимжимадор имзодан билиб олдим; бош муҳаррир киритган ягона ўзгартириш эса сураткашни учинчи муаллиф сифатида тиркаб қўйгани бўлибди.
Майли-да, бизнинг бағримиз кенг…
Мақола эртаси куни тўртинчи саҳифада, рангли суратлар билан эълон қилинди ва шу билан ёдимдан чиқиб ҳам кетди. Аммо…

II

Аниқ эсимда, жума, намозшом маҳали эди.
Бир ҳафталик юмушни қотириб қўйган одамдай ҳорғин қайтмоқда эдим. Ҳозир уйга бораман, илиқ сувга тушиб чиқаман, қайноқ шўрва ичаман (нима овқат тайёрланаётганини аллақачон қўнғироқ қилиб билиб олганман), сўнг юмшоққина диванимда жойлашиб ўтириб олганча, бола-чақа бағрида, маза қилиб телевизор кўраман…
Кўнгил тинч, руҳ хотиржам, юрак бир маромда осойишта уради, ўтаётган кунингдан мамнунсан, эртанги кунингданам яхшиликлар кутасан… Эй, одамга бундан ортиқ яна нима керак…
Подъезд эшиги ёнида ўн яшарлар чамаси, тақирбош болакай қуюқ салом берди. Бош ирғаб қўйиб, ўзимнинг иссиққина хаёлларим оғушида ўтиб кетаётгандим, у йўлимга чиқди. Ноилож тўхтадим.
– Ассалому алайкум, – такрорлади болакай.
– Ваалайкум.
– Танимадингиз-а?
Дунёда энг ёмон кўрган саволим шу. Ахир ҳар куни қанча одам билан кўришсам, нима, ҳаммасининг афти-ангорини бир умрга эслаб қолишим керакми? Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам, сен мишиқига йўл бўлсин… ўашим келганини билдирмасликка уриниб, болакайга разм солдим. Йўқ, овулдан эмас, бу аниқ, қишлоқ болалари ҳеч қачон ўзлари меҳмонга келган уй эгасига бу қадар очиқдан-очиқ тик қарашмайди; бунинг устига иккала қўли ҳам бўш. Бирон безбетроқ муаллифми десам – қўлтиғига қистирилган қоғоз папка шундан далолат бериб тургандай эди – ёши тўғри келмайроқ турибди. Гарчанд болакайнинг тиниқ кўзлари кимнидир эслатгандай бўлса-да, барибир, нималарнидир эслашга уриниб ўзимни ортиқча зўриқтиргим келмади.
– Шаҳар бердим, ука.
Болакай истеҳзойимни англамади шекилли, хурсанд бўлиб кетиб, дарров ўзини таништирди:
– Мен “Меҳрибонлик уйи”данман. Биз ҳақимизда мақола ёзгандиларингиз-ку. Суннатман.
Эсладим. Эсладим-у, яйраб кетдим.
Ана Сўзнинг кучи. Адашмасам, орадан икки ойлар ўтиб кетди-ёв. Шубҳасиз, анави юм-юмалоқлигига қарамасдан серҳаракат, одамга бурни устидаги кўзойнаги оша боладек беғубор табассум билан қарайдиган тиниб-тинчимас директорга мақола мойдай ёқиб тушган-у, у ҳечдан кўра кеч қабилида бизга раҳматнома ёинки миннатдорчилик мактуби ёзиб юборган. Жамоаси номидан, албатта.
Эсиз, Суннатбой таҳририятга борса бўларди, анави бир-иккита мени кўролмайдиган ғайир ҳамкасбларим олдида роса яйрардим-да ўзиям. Ҳечқиси йўқ, эртага бу дилсўзларини “Эълонлар доскаси”га осиб қўяман. Ҳар нечук, гапдон раҳбару кар сураткашдан бир сатр битик умид қилиш қисир сигирдан эгиз бузоқ кутишга баробар эканлигини яхши биладиганлар ҳам бор. Ҳа, бор. Улар билишади мақоланинг асл муаллифи кимлигини. Инчунун, овоз чиқариб ҳам айтишади. Ҳарқалай, бош муҳарриримиз мени бежиз “иқтидорли бўлим мудири” демайди-да. Тан олганидан, ҳақиқат қаршисида ноилож қолганидан айтади… Эҳ-ҳе, бундоқ қаламим, бундоқ мақолаларим, бундоқ ташаккурномалар билан мен ҳали танловларда қатнашаман, фахрли ўринларни оламан, номимни бутун мамлакат журналистларига танитаман. Етар шунча камтарлик қилганим, фақир киши панада бўлиб юрганим. Қачонгача тармоқ газетасида бировлар учун мардикорлик қилиб юраман ахир! Давринг келганга ўхшайдир, иқтидорли бўлим мудири…
Вужудимни янада қиздириб юборган бундоқ ёқимли ўйлардан баттар ҳаяжонланган ҳолда папкага қўл чўздим:
– Қани, бер-чи.
Суннат чаққонлик билан жилд боғичини ечди ва расмий бланкага битилган номани чиқариб берди.
Бироқ бу раҳматнома эмасди, бу ташаккурнома ҳам эмасди. Бу… илтимоснома эди: “…газетасининг бўлим мудири ҳурматли Палончи Пистончиевич! “Меҳрибонлик уйи”да режали таъмирлаш ишлари бошланганлиги сабабли бизнинг тарбияланувчимиз Суннат Нодировнинг уч ёки тўрт ой муддат ичида уйингизда яшаб туришини таъминлашингизни илтимос қиламиз. Олдиндан миннатдорчилик билдириб, ҳамкорлигимиз бундай кейин ҳам давом этади деган ишонч ва эҳтиром билан директор…”
Номани бир эмас, икки марта ўқидим, уч марта ўқидим. Ахийри мазмуни онгимга етиб боргач эса, кўз олдим қороғилашиб кетди.
– Нимани… таъминлашим керак? – сўрай олдим аранг.
Оғзи қулоғида Суннат бажонидил жавоб берди:
– Уйингизда уч-тўрт ой яшаб туришимни.
Шу жинқарча-я? Менинг уйимда-я?..
Бу қанақаси ахир… Нима, бир “Меҳрибонлик уйи”да таъмирлаш бошланган бўлса, болаларга бошқасидан ё бошқаларидан жой топилмайдими?.. Нима дерди, ҳа, айтайлик, болаларга, ўсиб келаётган ёш авлодга алоҳида эътибор берилаётган бизнинг юртда-я?.. Йигирма-ўттизтаданми бўлиб ташлаш керак, тамом-вассалом. Шундаям жой етмаса, ана, вилоятлар бор, қолаверса, пойтахтимизга яқин сўлим гўшаларда болалар учун махсус дам олиш масканлари бор. Тўғри, ҳозирча кунлар сал совуқ, лекин эпласа бўлади: тез орада ҳаво исиб кетади ахир. Демак, таъмирлашни ҳам ёзда бошлаган маъқул… Ҳарқалай, давлатнинг куни мендай ўз рўзғорини зўрға тебратиб юрган, уч фарзанди, хотини билан уч хонали уйда сиқилишибгина яшаётган бир журналистга қолмагандир? Эҳ-ҳе, бунга ҳафта-ўн кунда қишлоқдан гуррос-гуррос келадиган меҳмонларни қўшинг. Уйинг бозорга яқин бўлгани – карвонсаройга айлангани деганлари рост экан ўзи…
Оний сониялар ичидан кўнгилдан нималар кечмади…
Бир кўнгил “Қаршингда тиржайиб турган бу жинқарчани олдингга солиб ҳайда!” дейди. Бир кўнгил “Нима учун хатда “…режали таъмирлаш …таъминлашингизни илтимос қиламиз” деб ёзилган. Бунақа жимжимали жумлалар одатда расмий кўрсатмаларда бўларди…” деган шубҳа-гумонлардан қутулолмасди. Ҳа, бу ерда бир гап бор. Балки юқорининг махсус кўрсатмаси асосида бўлаётгандир бу иш. Лекин нега мен? Нега энди айнан мен? Тинчликни, хотиржамликни ҳамма нарсадан авло кўрадиган мен?..
Ҳозир бу болачани бошлаб кирсам, уйда жанжал бўлиши аниқ… Бунинг устига… бунинг устига… Мен зўр бериб Суннатга қарши далиллар излай бошладим ва бунақа маҳаллари мия тез ишлаб кетади чоғи, шу сониянинг ўзида топдим ҳам: бунинг устига, бунақа жойда тарбия олаётган айрим болаларнинг қўли эгри бўлади, баъзилари эса ичиб-чекади ҳам дейишади. Ирсият-да: ота-онасидан ўтган. Ҳарқалай, рисоладаги одам боласини етимхонага топширмаслиги ёинки рисоладаги ота-она бундай ҳуқуқдан маҳрум этилмаслиги аниқ. Шундай экан, бу Суннат деганларининг уч-тўрт ой ичида соддагина, ишонувчан болаларимга қандай ёмон таъсирлар кўрсатиши мумкинлигини ўйлаб, даҳшатга тушдим… Йўқ, ҳеч қачон бунга йўл қўймайман!
Кайфиятим бир пул бўлди. Ўзим шу аҳволдаман-у, ярамга туз сепмоқчидай, жойида ўйноқилаб-типирчилаб турган Суннат сўраб қолса бўладими:
– Уйимиз қайси қаватда?
“Уйимиз”? Ўлай агар, тарсаки тортиб юборишимга сал қолди. Нима, мен бу уйни минг-миллион машаққатлар билан, қарзлар гирдобида қолиб, аранг олган чоғимда ёрдам бериб қўйганмидингки…
Қалт-қалт титрай бошласам-да, бир амаллаб ўзимни босишга уриндим, аранг сўрай олдим:
– Нега… нега бу хат менинг номимга?
Ўн йил олдин йўқотган отасини топиб олган каби кўзлари қувончдан чақнаётган Суннат газетага ишора қилди:
– Ахир ўзларингиз “Биз бормиз, сен асло эътиборсиз қолмайсан, Суннат!” деб ёздиларингиз-ку. Бизга мақолани катта залда ўқиб беришди, қанча бола йиғлади… Кўпларнинг менга ҳаваси келди…
Ҳа, ёзганман, лекин… Қалам, тўғрироғи, компьютер ўлсин-а…
Тўхта, тўхта, тилла топган гадодай терисига сиғмай қувонаётган бу жинқарча “Ёздиларингиз” деди-ку. Дарвоқе, мақолада учта имзо бор. Инчунун, гарчанд бир сўз қўшишмаган бўлишсалар-да, улар ҳам бу масалада бирдай масъул. Ҳа, ҳа, тенг масъул. Исм-шарифлари қора ҳарфларда яйраб чиқишида ҳайбаракаллачилик қилиб турган мардлар энди жавобгарликни зиммасига олишни ҳам билишсин-да…
Бирдан Суннатбойнинг ўзи юкимни енгил қилса бўладими:
– Директоримиз ҳар эҳтимолга қарши учалангизнинг номингизга хат қилиб берганди. Бирининг шароити тўғри келмаса, бошқасиники тўғри келар, деб.
Очиғи, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, яйраб кетдим:
– Э, шуни аввалроқ айтмайсанми, Суннатбой! Кетдик.
Менинг қайтиб кўча томон юраётганимни кўрган болакай ҳайрон қолди:
– Уйга кирмаймизми?
– Йўқ! – дедим. – Юр, бир жойга ўтамиз.
Йўл-йўлакай номимга ёзилган номани болакайга сездирмасдан майда-майда қилиб йиртиб ташладим…

III

Расмий хатни кўрган бош муҳаррир типирчилаб қолди.
Катта-катта залларни тўлдириб ўтирадиган юзлаб одамларни ўзига қаратоладиган шундай бийрон одам денг, нима деярини билмайди, нуқул жавдираб менга қарайди.
– Нега… нега менга юборишибди? – шивирлаб сўрай олди у ниҳоят.
Суннатни сал нарироққа қўйиб келгандим, шунинг учун дадил жавоб бердим:
– Сиз энди газетанинг раҳбарисиз, хўжайин.
– Балки сизгаям юборишгандир? – шубҳаланиб қаради раҳбарим. – Бўлмаса нега етаклашиб юрибсиз?
Кўзимни лўқ қилиб:
– Йўқ, – дедим. Сўнг ёлғонни қўшалоқ қилдим: – Ўша учрашувда телефон рақамимни бериб келгандим. Қўнғироқ қилиб, уйингизни сўрашганди, бошлаб келавердим.
– Бекор қипсиз…
Бош муҳаррир адойи тамом бўлди. Сўнг қатъийроқ гапиришга уринди:
– Ҳеч иложим йўқ. – У юқорига, учинчи қаватга ишора қилди: – Янгангиз билиб қолса, уйда қиёмат қойим қўпади денг.
Ўзимни ҳайрон бўлганга солдим:
– Нега энди? Ахир расмий хат бор-ку… Бунинг устига хатда “…режали таъмирлаш …таъминлашингизни илтимос қиламиз” деган сўзлар ёзилган. Бунақа гаплар қанақанги ҳужжатларда учрашини ўзингиз яхши биласиз.
Бошлиғим мунғайиб қолди:
– Менам шунга иккиланиб қолдим-да. Бўлмаса-ку… Ким билади дейсиз, қанақа идоралардан ўтган бу хат…
Қаранг, мана шу масалада қарашларимиз бир экан.
– Уйни ўтган ҳафта таъмирдан чиқарганмиз, – нимагадир менга изоҳ бера бошлади раҳбарим. – Паркетнинг ўзи палон пул… Шунга уйни “сиз”лаб, ўзимизни “сен”лаб юрибмиз. Беп-бегона одам тўсатдан бостириб кириб олса… ўзингиз тушунасиз… Қанақа тарбия олган у…
– Бизнинг “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчиларининг одоб-ахлоқига, маданиятига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди… – ўзимизнинг мақоладан иқтибос келтирдим мен.
– Албатта, албатта, – фикримни маъқуллашга шошди муҳаррир. – Лекин ўзи ўшанда фамилиямни қўймасангиз бўларкан. Бехабар қопман-да. Бўлмаса-ку, олдириб ташлардим-а…
Қарасам, мен айбдор бўлиб қоладигандайман. Дарров ҳужумга ўтдим:
– Агар эсингизда бўлса кечқурун, саҳифаларга қўл қўйишингиз олдидан яна бир марта олдингиздан ўтгандим…
Миқ этолмай қолди бечора.
– Уч ой-тўрт ой ўтади-кетади, хўжайин. Уйингиз беш хонали бўлса. Бирон кичикроқ хонаними, балконними бериб турасиз-да. Баҳонада сизнинг бир чин етимга яхшилик қилганингиз қолади. Буни ўзим алоҳида катта мақола қилиб, марказий газеталардан бирига бераман.
Лекин бундай истиқбол унчалик шодлантирмади шекилли, муҳаррир пешонасини эзғилаганча кўп ўйланди, хўб мулоҳаза юритди, ахийри олисроқда биздан кўз узмай турган Суннатга хавотирланиб қараб қўйгач, яна менга шивирлади:
– Агар иложим бўлганида эди… жон дердим, иним, жон дердим. Лекин бу ерда… бу ерда… биласизми, бу ерда Барнаул синдроми бор-да.
– А?
Ҳайратда қолганимни кўрган (илло, шу кунга довур “афғон синдроми” деган атамани эшитгандим, холос) раҳбарим дарҳол тушунтириш берди:
– Бир пайтлар хизматни ўша юртларда ўтаганмиз. Ёш, ўт-олов бўлганмиз денг… Ўша ерлик қизлар билан танишиб дегандай… “оламан-тегаман” қабилидаги қизғин аҳду паймонлар бўлган… Янгангиз бўлса тўйдан кейин бундан хабар топиб қолган… Шунга… агар бу болачани бошлаб кирсам, янгангиз дарров эски жанжални бошлаши аниқ…
Рости, ҳеч нимага тушунмадим. Янглишмасам, раҳбарим бундан ўттиз йиллар муқаддам хизматда бўлиб келган. Суннатнинг ёши эса нари борса ўн иккида… Нима, онаси туя гўшти еган бўлиб чиқадими?
Буни айтгандим, баҳонаси жўясиз эканлигини сездими, қизариб кетган раҳбарим ўзини оқлашга тушди:
– Ҳалиги айтишади-ку, “уруғингдир-аймоғингдир”, деб… Хотинларни биласиз-ку…
– Хоҳласангиз туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб келиб кўрсатаман.
Раҳбарим руҳсиз қўл силтади:
– Янгангиз бунақа масалаларда ҳеч кимга, ҳеч қанақанги қоғозга ишонмайди.
– Лекин Суннатнинг сочи қора, кўзиям қора, ўзи буғдойранг…
– Айнан шуниси шубҳали кўринади-да…
Барибир бу ердаги мантиқни англашга ақлим ожизлик қилди. Нима, Суннат энди раҳбаримнинг олис Барнаулда қолган боласининг боласи, яъни невараси бўлиб чиқадими? Бунга ақл бовар қилмайди-ку…
Ваҳимага тушган, бужмайиб қолган муҳаррир ялинишга тушди:
– Иним, таҳририятда ишонган одамим ўзингиз бўласиз. Келинг, шу масалада ёрдам беринг, яхшилигингизни бир умр унутмайман. Биласиз, кейинги ойда ўринбосар пенсияга кетади. Бу вазифага сиздан бошқа муносиб одамни кўрмаяпман…
Муовинлик яхши албатта. Бироқ Суннатни уйга олиб кетишим учун бу дастак бўлолмасди барибир.
– Мақолада яна бир одамнинг имзоси бор эди, – дедим мен.
Раҳбарим менга жовдираб қаради:
– Лекин унга расмий мурожаат бўлмаган-да.
– Бўлган.
Муҳаррир менга ишонқирамай қаради:
– Агар суратчигаям бўлса… демак, унда сизгаям бўлган экан-да.
Бўш келмадим:
– Бор бўлса, қани у? Мен кўрмадим… Кетдикми, хўжайин?
Кўз қирим билан кузатиб турдим, йўл-йўлакай биринчи имконият туғилиши биланоқ муҳаррир ўз номига ёзилган расмий номани болакайга сездирмасдан майда-майда қилиб йиртиб ташлади…

IV

Қулоғи оғирлигидан ташқари, суратчимизнинг озгина тўнглиги ҳам бор эди. Ким билади, балки тобора кар бўлиб бораётганини сезганидан сўнг асабларини жиловлаш қийин бўлаётгандир.
Аллақачон қоронғи тушиб улгурганди.
Муҳарриримизнинг жон куйдириб тушунтиришларини болалар майдончасида тик туриб эшитган, расмий илтимосномани эса қўл телефони чироғида ўқиб чиққан сураткашимиз биздан сал олисда, симёғоч тагида турган Суннат томонга ўшшайиб қараб қўйгач, сигаретасини чуқур-чуқур тортган кўйи гапни калта қилди:
– Рухсат бермайман! Менинг уйим – менинг қўрғоним! Унга менинг рухсатимсиз киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Сиз менга раҳбар бўлсангиз, соат олтигача раҳбарсиз. Ундан кейин мен эркин одамман! Бу ерга келиб менга хўжайинлик қилишга ҳам ҳаққингиз йўқ!
Ўсал бўлган муҳаррир менга мўлтираб қаради. Саркаш суратчига вазиятни ётиғи билан тушунтиришга уриндим:
– Ҳеч ким сизни мажбурлаётгани йўқ. Лекин шундай бўлиб қолибдими, етим-есирларга, қаровчиси йўқ болаларга ёрдам беришимиз керак. Бу сизнинг фуқаролик бурчингиз, ака.
Суратчи ўқрайиб, юзимга тутун пуфлади:
– Ўзларингнинг-чи, ўзларингнинг шунақанги бурчларинг йўқми?
– Нега йўқ бўларкан, бор. Лекин расмий илтимоснома сизнинг номингизга келган-да. Айнан сизни танлашган. Бу бежиз эмас, ака. Демак, эътибордасиз. Бу хат ортида кимлар туриши мумкинлигини бир ўйлаб кўринг-а… Агар шунақанги илтимоснома бизга келса эди, шак-шубҳасиз дарров рози бўлардик. Чунки…
– Шуми?
Расмий хатни бурнимга тақаган суратчи тўсатдан чўнтагидан зажигалка олиб чақди ва оловни қоғознинг четига тутди. Ҳужжат қорайиб-буралиб турди-да, бирдан “пов” этиб аланга олди. Хўжайин иккимиз бирон нима қилиб улгурмадик ҳам…
Аммо бир ёмондан бир яхшилик чиқиши ҳам бор гап экан. Биз ҳафсаламиз пир бўлган аҳволда, бошимиз қотиб қолавердик. Жаҳл билан тўққизинчи қаватдаги хонадони томон кетаётган суратчи:
– Ана, жуда кўчада қолган бўлса менинг бир хонали уйимга тиқмасдан ишхонага обориб қўйинглар! Саккизта хона ҳувиллаб ётибди-ку. Диван бор бўлса! – деб қолса бўладими!
Ана ечим! Шошганда “лаббай” топилмас деганлари шу бўлса керак-да.
Суннатни олиб ишхонага шошдик…
Дарҳақиқат, ходимларнинг маданий дам олиши учун мўлжалланган хонада кенг-мўл диван бор эди. Телевизорни, турли газета-журналларни айтмаса ҳам бўлади.
Камбағалнинг ишини Худо қўллаган экан. Буни қарангки, хўжайиннинг кабинетидаги холодильникдан бироз қази-қарта, нон ҳам топилди. Чой бемалол: “Тефаль” электр чойнаги гуриллаб ишлаб турибди.
Қоровул Эргаш отага Суннатдан – биз уни ходимларимиздан бирининг узоқроқ қариндоши деб қўя қолдик – хабар олиб туришни қайта-қайта тайинлагач, раҳбар иккаламиз уй-уйимизга қайтдик…
Йўлда муҳарриримиз:
– Балки болакайни қоровул штатига олиб қўярмиз? – деди маслаҳат солгандай бўлиб.
– Эргаш ота-чи?
Раҳбарим пинак бузмади:
– Ярим ставкага.
Рости, қувониб кетдим:
– Яшанг, хўжайин. Бошингиз олтин-да. Ҳам ишли бўлиб қолади бола бечора, ҳам жойли. Еб-ичиши ҳам ўзининг бўйнига… Қўйнидан тўкилса қўнжига-да… Отахонга эса ярим ставкаям етиб-ортади. У ёқдан отнинг калласидай пенсия олиб турган бўлса…
Уйда “муҳим йиғилишда ушланиб қолган” меҳнаткаш ходим сифатида шоша-пиша овқатлангач, дам олиш учун ётоқхонага ўтдим. Аммо нимагадир уйқум келавермади. Муаммо-ку силлиққина ҳал бўлди, бирон киши сўраб қолса ҳам “Бу шахсан бош муҳаррирнинг ташаббуси билан амалга оширилди”, деб туравераман. Ҳа, мен раҳбаримнинг кўрсатмасини бажарганман, холос. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Менга… бизга расмий хат йўллаган “Меҳрибонлик уйи” орқасида ким, кимлар тургани қизиқтирарди. Мақсадлари нима уларнинг?..
Шундай ташвишли хаёллар билан ухлаб қолибман.
Тонг саҳарда қўнғироқ товушидан уйғониб кетдим. Қўл телефонимни олмасимдан тахмин қилдим: хўжайин. Тўғри топган эканман, у кишиниям мени қийнаган савол туни билан безовта қилиб чиқибди: “Агар юқоридан ишора бўлмаса, анави бўғирсоқ директор газетанинг раҳбарига бундай илтимоснома билан чиқишга журъат этолмасди. Абдужаббор, бу ерда бир гап бор… Айниқса, “таъминлашингизни илтимос қиламиз”, деган жумла мени кўп безовта қиляпти. Тепанинг қароридан олинганга ўхшаб кетяптими-ей… Ҳаммасини аниқлаш керак, ҳаммасини… Ишқилиб, қовун тушириб қўйган бўлмайлик-да…”
Қўлимдан келганча раҳбаримга далда берган бўлдим: “Сиз жудаям оқилона йўл тутдингиз, хўжайин. Бемалол айтиш мумкинки, бир ўқ билан иккита қуённи урдингиз. Яъни ҳам топшириқни бажардингиз, ҳам болани уйингиздан икки, ҳаттоки уч баробар қулайроқ шарт-шароити бор бўлган муассасага жойлаштирдингиз. Ахир, аслини олганда, ишхона сизнинг иккинчи уйингиз-ку…”
Тилёғмалигим иш берди: ие, ўзим билмай туриб жуда ақлли иш қилиб қўйибман-ку, деган ўйга борган шекилли, муҳаррир сал хотиржам тортгандай бўлди-да, машинасини эртароққа чақирганини айтди. Ишга бирга борадиган бўлдик. Аввал болакай билан гаплашиб кўрамиз, сўнг, агар саволларимизга тўлиқ жавоб ололмасак, тўғри “Меҳрибонлик уйи”га ўтамиз.

V

Диван бўм-бўш эди.
Шошиб ҳовлига чиқдик.
Қоровул кечаси болакайни уйига обориб қўйибди.
Отахон ўзини оқлади:
– Меҳмон мусофирга ўхшаб ишхонада ётмасин дедим-да.
Хизмат машинасида қоровулнинг уйига келдик.
Буни қарангки, Суннат тонг қоронғусида ҳеч кимга билдирмасдан ҳовлидан чиқиб кетибди. Буни эшитган раҳбаримиз тутақиб кетди. Аммо нима ҳам қила олардик?
Бошимиз қотди…
Ўйлай-ўйлай охири “Меҳрибонлик уйи”га йўл олдик.
Ўша-ўша, юм-юмалоқлигига қарамасдан серҳаракат, одамга бурни устидаги кўзойнаги оша хурсанд бўлиб қарагани маҳал болаларни кулдириб юрадиган масхарабозга ҳам ўхшаб кетадиган директор бизни қучоқ очиб кутиб олди. Унинг ўзини ҳеч нарсадай хабарсиздай тутиши мени шубҳалантирди.
Кабинетга кириб, бир пиёладан чой ичиш асносида эҳтиёткорлик билан таъмирлаш ишлари қандай кетаётгани ҳақида сўрадим.
Саволим директорни ажаблантирди:
– Ўзингиз кўриб турибсиз-ку, укажон, бино ўтган йили тўлиқ капитал таъмирдан чиққан. Энди ўн беш-йигирма йил бунақанги ташвиш бўлмайди бизда.
Мен муҳаррирга қарадим, муҳаррир менга.
Сир бой бериб қўймаслик учун, гўёки гап орасида шунчаки қизиққан киши бўлиб, Суннатни суриштирдим: “Қалай бизнинг қаҳрамон, сакраб-сакраб юрибдими?..”
– Юрибди, эрталаб гуруҳида кўрувдим, – киприк қоқмай жавоб қайтарди директор.
Биз айнан шу гуруҳга боришга изн сўрагандик, директор таклифимизни қувончдан боши осмонга етгудай бўлиб қабул қилди, сўнг ҳаяжон билан бу йигитчанинг китобдан бош кўтармаслигини, ҳатто яширинча бир нималар ёзиб юришини тўкиб соларкан, мабодо, унинг машқларидан намуналар талабимизга жавоб бериб, газетамизда чоп этилиб қолса – “Ҳа, ҳа, биламиз нима учун келганларингизни! Қадамларингизга гул битсин, акалар!” – бутун “Меҳрибонлик уйи” биздек бағрикенг ижодкорлардан беҳад миннатдор бўлишини, зеро, ҳар қандай эътибор болалар учун ҳақиқий байрам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Тўғри, дея қўшиб кетди директор, Суннатжонимизнинг анча-мунча шўхлиги, қувлиги ҳам бор, ўзича бир нималарни ўйлаб топиб юради, баъзан шунақанги жиддий саволлар бериб қоладики, нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмай қоласан киши; аммо буни тушунса бўлади, хўш, руҳшуносимиз таъбири билан айтганда, бола ўтиш ёшида, онг-шуури, дунёқараши шаклланадиган даврда; дейлик, асалари гуллардан бол йиққанидай, бизнинг битирувчимиз ҳам турмушдан ўзининг келажак ҳаётини белгилаб берадиган маълумот-хулосалар йиғадиган босқичда. Бу жараёнда сизлардек бағрикенг ижодкорларнинг иштироки эса нур устига нур бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Ахир амалий иш, ибрат барибир бошқача-да. Айниқса, Суннатжондек тийрак нигоҳли, дунёга ҳайрат кўзи билан қараётган, уни англашга уринаётган ижодкор йигитча учун…
Йўлакда бир зум ўша жинқарчани таъриф-тавсиф этишдан тўхтаган директор дарс жадвалига қараб олди: гуруҳ компьютер машғулотида экан.
Бордик. Синфдаги болалар ўринларидан туриб, салом беришди. Улар орасида Суннат ҳам бор эди. Алик олганимиздан сўнг болалар ўтиришди, ўқитувчининг рухсати билан машғулотларини давом эттиришди.
Суннатнинг ёнига бордим. У компьютер экранидан кўз узмас, бекорчи бир нималарни чизиб ўтирарди.
Унга диққат билан қараб туравердим. Аммо болакай менга мутлақо эътибор бермади, баайни ёнида бегона, нотаниш одам тургандай…
Хўжайин иккаламиз ишхонага қадар “миқ” этмай келдик…