Ўзбекларнинг Мисрда тутган ўрни, уларнинг подшоҳлик билан боғлиқликларини теран англаш ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбеклар Мисрда волийлик, ҳокимлик қилишди, нуфузли маҳкамаларда раҳбар, амир, қўшинга қўмондон бўлишди. Узоқ давр ичида Мисрнинг сиёсий-идоравий, ижтимоий-маданий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллашди.
Аббосийлар халифалиги даврида асли бухоролик Аҳмад ибн Тулун оиласи Мисрда мустақил давлат барпо этиб, 868 (254 ҳижрий) йили Тулуния давлатига асос солди. Бу оила Мисрда ўттиз саккиз йил ҳукмронлик қилди. Бу йиллар Миср тарихида ёрқин из қолдирган давр ҳисобланади.
Ибн Тулун ўткир сиёсатчи, моҳир раҳбар, ҳарбий соҳада ҳам билағон мутахассис эди. У бошқарган йиллар Мисрда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлди, одамлар хотиржам ва тўқ ҳаёт кечиришди. У деҳқончилик соҳасига алоҳида эътибор қаратди, янги йўллар қурдирди. Шаҳар атрофи девор билан ўралди, хусусан, “Акал ҳасийна” қалъаси қурилди.
Тарихчилар уни “халқига адолатли, саховатпеша, шариатга тўла амал қилувчи подшоҳ, олимлар ва донишмандларни севадиган, эзгулик қилишни хуш кўрадиган, одамлардан ёрдам, яхшилик ва садақаю эҳсонини аямайдиган инсон, доимо илм, ҳадис излаш билан машғул бўлган, Мисрдан Фуротгача, бу ёғи Марокаш юртларигача ҳукмронлик қилиб, адолат ўрнатган, ҳатто Бағдод халифалигига номзоди қўйилган дилбар шахс эди”, дея таърифлашади.
Ўғли Хуморвия ҳам Миср ҳудудида турли низо ва фитналарнинг олдини олишда, осойишталик ва фаровонликни таъминлашда катта хизматлар қилган.
Аҳмад ибн Тулун ва ўғли Хуморвия даври Миср тарихидаги олтин давр ҳисобланади, чунки шу даврда юрт маданий юксалди, иқтисодий ўсди. Ҳатто унинг ташқи савдо айланмаси 4,3 миллион динорни ташкил этди.
Шунингдек, тулунийлар Ислом оламини византияликлар хатаридан сақлашда алоҳида хизматлар қилишди. Византия аббосийлар халифалиги пойтахти ва Шом шаҳарларига қарши жангга отланганида тулунийлар уларга қарши курашиб, халифалик давлати чегараларини мустаҳкамлашди. Миср ва Шомда туриб, Румга қарши ҳимоя байроғини баланд кўтаришди ва Румни даҳшатга солган йирик кучга айланишди.
Аҳмад ибн Тулун Тарсусда византияликлар устидан ғалаба қозонди, улардан мусулмон асирларни қайтариб беришни талаб қилди. Тарсусдан Фурот дарёсигача бўлган ерлар унинг қўл остига ўтди. Ушбу зафарлар туфайли ибн Тулун Миср, Шом ва Арабистон ярим оролида ҳукм юритди.
Тулунийлардан сўнг Мисрда “ихшидий” номи билан машҳур, асли фарғоналик Муҳаммад ибн Тоғоч ибн Жаф ихшидлар давлатига асос солди. У Мисрда ўттиз беш йил (мил. 945-969, ҳиж. 323-358) ҳукмронлик қилди. Муҳаммад ибн Тоғоч одил, ботир, узоқни кўра оладиган, теран мушоҳадали, тадбиркор подшоҳ эди. У жанг илмини яхши билар, қўшинни иззат-икром қилар эди.
Тулунийлар билан ихшидийлар бир-бирлари билан қуда-анда бўлиб кетишган, Қутруннадий Хуморвий Фарғонийнинг қизига уйланган, бу никоҳ шоду хуррамлик ва гўзаллик тимсоли бўлиб, бу ҳақдаги асарлар ҳозир Миср адабий меросининг бир қисмига айланган.
Ўзбеклар икки денгиз (Қора ва Ўрта ер денгизи) бўйида жойлашган подшоҳликлар султонларининг доимий эътиборида бўлишган. Аслида аксарият султонларнинг келиб чиқиши қипчоқ (ўзбек) диёридан эди. Масалан, Миср султони Зоҳир Бейбарс ўзбеклар билан итгифоқ тузишга интиларди. 1261—1263 йиллари Барака Хон билан ўзаро борди-келди ва совға-салом юборишни йўлга қўйган эди. Султон Бейбарс ўша йиллари унинг қизига уйланди. Қоҳира, Қуддус, Макка ва Мадина минбарларидан уни дуо қилишарди. Бу иттифоқ Шубҳасиз, икковларининг ҳам душманлари бўлган, Форс ва Ироқда зуғум ўтказаётган мўғул босқинчилари давлатига қарши курашга йўл очди.
Султон Бейбарс бу иттифоқчиликдан қўшинларини кучайтирйб олишда фойдаланди. Бу ҳамкорлик Мисрни ўзбеклар билан янада яқинлаштиришга, бир-бирига ҳимоячи бўлишга олиб келди. Шунинг учун Миср қўшинининг қўмондони ҳам, ерларининг амири ҳам ўзбеклар бўлди.
Ўлкада Ислом динини ҳимоя қилишда ўзбекларнинг ўрни ниҳоятда катта. Кўриниб турибдики, бир томондан ҳижрий VII асрда қипчоқ давлатида Ўзбекхоннинг Исломни қабул қилиши муносабати билан Ислом юртлари кенгайган бўлса, иккинчи томондан шу минтақа халқлари билан ўзаро ҳамкорлик натижасида Миср ва Шомдаги Ислом лашкарлари озиқ-овқат билан таъминланди. Бу ерда Миср ва Мўғул-қипчоқ давлати, хусусан, унинг бошчиси Ўзбекхон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекларнинг Миср подшоҳлари идоравий ҳаётида ҳам ўз ўрни бор. Улар подшоҳлик кенгаши амири, қўшин қўмондони, қурол-яроғ амири, карвонлар амири, ҳаж амири каби ўта эътиборли ва олий мансабларда ишлашган. Ҳатто Султон саройида фақат бир кишигина тайинланадиган Мажлис амири, Султон қўриқчиси, Султон шифокори каби лавозимларни ҳам ўзбеклар эгаллашган.
Шундай амирлардан бири Амир Ўзбек Юсуфий эди. У подшоҳлик давлатининг буюк амири, Султон Қайтбой даврида энг таниқли раҳбар, давлат маслаҳатчиси, йўлбошчиси эди.
Амир Сайфиддин Ўзбек ибн Тотоҳ ҳам Носир Муҳаммад ибн Қалавун подшоҳлиги даврида энг катга амирлардан эди. Амир Ўзбек Маҳмудий ҳам шулар жумласидан. Айнан у 824 ҳижрий йилда ҳаж амири сифатада ҳожилар карвонини бошқарган.
Дарҳақиқат, ўзбек хонлари ва Миср подшоҳлик даври султонлари ўртасида қуда-андачик муносабатлари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, Миср подшоҳи Носир Муҳаммад ибн Қалавун Ўзбек билан дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳижрий 720 йилда ўзбек амираси Тўлиной (ёки Тулунхотин)га уйланган.
Шунингдек, Мисрдаги ўзбек амирлари ҳам Миср султонларининг қизларига уйланишди. Масалан, амир Қусун Ўзбекий эллик минг динор маҳр бериб, подшоҳ Носир ибн Қалавуннинг қизига уйланди. Унинг ўғли Ўзбек ибн Тотоҳ ҳам подшоҳ Носирнинг Ўзбекхон қизидан туғилган қизига уйланган эди.
Мулоҳаза шуки, Султон Носир Муҳаммад ибн Қалавуннинг Ўзбекхон билан қуда-андачилиги, ўзбекларни Мисрдаги юқори лавозимларга тайинлаши ўзбекларнинг ўша замонларда Мисрдаги туркий қўшинлар орасида алоҳида эътиборга молик табақадан бўлишганини кўрсатади. Дарҳақиқат, Носир ибн Қалавун Миср қўшинлари, амирлари таркибига қипчоқ мамлакатидан бўлган ўзбеклар кўпроқ киришини хоҳларди. Шунинг учун ҳам у билан Ўзбекхон ўртасида элчилар, совға-саломлар юбориш тинмасди.
Тўғрироғи, юборилган элчилар ўзбекларни, чунончи Сайфиддин Тўқсабо, Сайфиддин Бекмиш, Амир Алоуддин Ойдағдий Хоразмийларни яхши билишарди. Ўзбекхон Исломни қабул қилганидан сўнг подшоҳ Носир ибн Қалавундан фиқҳ, ҳадис, суннатга оид китоблардан юборишини сўрайди.
Мақризий бундай ёзади: “Амир Сайфиддин Бекмиш Жумдор Зоҳирий, Амир Бадриддин Билик Сайфий Салорий ўзбек диёридан ҳадя қаторида бир хат ҳам келтирдилар, унда “Жомиъул усул фи аҳодисир расул’’,” “Шаҳрус” Сунна”, Ровёнийнинг фиқҳга оид “Баҳр” ва бошқа бир неча китобларни топиб юбориш сўралган эди, дарҳол тайёрлаб қўйилди”.
Ўзбекларнинг Носир Муҳаммад ибн Қалавун замонида эришган мартабалари, унинг ўзбеклар билан дўстона алоқалари, қуда-анда бўлиши бизни Султон Носир ибн Қалавуннинг ўзи ҳам асли ўзбеклардан келиб чиққан, деб хулоса қилишга йўллайди.
Тарихий манбаларда зикр этилишича, унинг оғаси қипчоқлардан бўлган. Қипчоқлар эса “Дашти қипчоқ”, “Жаннатмакон юрт” деб таърифланадиган минтақани ватан қилган туркий халқларнинг номидир. Биринчи ўзбек давлатига асос солган Ўзбекхон ва авлодлари Абулхайр Шайбонийхон насаби ҳам уларга бориб қўшилади.
Султон Носир Муҳаммад ибн Қалавуннинг онаси Шалун хотин исмли қипчоқ амираси бўлган, у Мисрда отаси билан яшарди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Султон Носир ҳам қипчоқ мўғулларидан бўлган Ўзбекхоннинг қизига уйланган. Бу воқеалар Абулхайр Шайбоний қўл остида ўзбек давлати барпо этилишидан илгари содир бўлган.
Миср тарихий манбалари ўзбекларни гўзал фазилатлар ва ажойиб сифатлар — шижоат, саховат, виқор, бошқаришга моҳир, ҳарбий интизомга эга халқ дея тавсифлайди. Ўзбекхоннинг ўзи арабий манбаларда одил ва сахий подшоҳ бўлгани, унинг замонида Ислом гуллаб-яшнагани, уламоларни ва солиҳ кишиларни доимо иззат-икром этилгани таъкидланади.
Усмонийлар даврида ҳам Мисрда ўзбеклар мавжуд эди. Усмонийлар давридаги архив ҳужжатларидан Қоҳирадаги Ўзбек такя (маҳалла)си Ўрта Осиёдан келган барча ўзбекларни яхши кутиб олгани маълум бўлади. Уcмонийлар давлати уларга Султонлар вақфи (махсус ҳисоби)дан инфоқ-эҳсон қилган, маҳаллаларини ободонлаштириш ва тузатишга алоҳида эътибор қаратган, у ерда яшовчиларнинг озиқ-овқати ва илм олишлари учун етарли маблағ ажратган, уларнинг эҳтиёжига кўра китоблар чоп этишга рухсат берган.
Ҳозирги пайтда ҳам Қоҳирада бир қанча ўзбек оилалари яшайди. Шошлик, бухоролик, фарғоналик, тарозлик оилалар бор, улар юртлари номига нисбат берилган исмларини ҳамон сақлаб келишяпти.
Ўзбеклар Мисрнинг узоқ тарихи давомида унинг маданий ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутишган. Бунга ҳижрий 247 йили Қоҳира равзасида Аҳмад Фарғоний бино қилган биргина Нил миқёси (ўлчагичи)ни эслаш кифоя. Аҳамиятлиси шундаки, бу миқёсдан ҳозир ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Аҳмад ибн Тулун қурдирган жомеъ (масжид-мадраса) Мисрнинг ҳозирги кунда ҳам майдони жиҳатидан энг катта жомеъларидан биридир. Уни Аҳмад ибн Тулун милодий 878 (ҳижрий 265) йили қуриб битказган, Қоҳиранинг Саййида Зайнаб маҳалласидаги Ибн Тулун майдонида жойлашган. Аҳмад ибн Тулун бу жомеъни дин, Қуръон, луғат (тил) илмларини ўргатадиган олийгоҳ қилган, уни етук олимлар ва муҳаддислар маконига айлантирган эди. Кейинчалик бу илм даргоҳида дорихона, шифохона қурдириб, кучли табиб ва доришуносларни ҳам жалб қилди.
Бундан ташқари, Аҳмад ибн Тулун Қатоеъ шаҳрига асос солди, Ислом замонида у Фустот шаҳридан кейин Мисрнинг учинчи пойтахтига айланди.
Миср тараққиётида ихшидийларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Амир Абу Бакр Муҳаммад ибн Тоғоч Ихшидий барпо эттирган ўттиз олти фаддонли ”Ихшид боғи” бунга мисолдир. Амирнинг ўзи шу боғда яшаган ва ишлаган эди. Бу жой ҳозирда Моски кўприги яқиндаги янги кўча ва Шаъроний жомеъи оралиғида жойлашган.
Подшоҳлик даври обидалари ҳақида мулоҳаза юритганимизда, ўша даврда ўзбек меъморлиги Миср иморатсозлигига нечоғли таъсир ўтказганига гувоҳ бўламиз. Мисол тариқасида Самарқанд қубба (гумбаз)ларини олайлик. Уларнинг (пиёз шаклидаги) маҳобати, ҳар томондан бир хил кўриниши, узун, алоҳида чиқиб турувчи бўйни ташқаридан жуда очиқ, равшан кўринган. Ҳолбуки, бу темурийлар иморатсозлигининг ўзига хос муҳим услубларидан эди. Худди шу нарса биз мулоҳаза юритаётган Ҳасан ибн Носир Муҳаммад ибн Қалавун масжиди қуббаси ва Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг қуббаси ўртасидаги катта ўхшашликда ёрқин намоён бўлади.
Худди шу шакл Қусун жомеъида ҳам қўлланган. Амир Қусун Ўзбекий ҳижрий 720 йили Тулунбой Ўзбекхон қизини Носир Муҳаммад ибн Қалавунга никоҳлаш мақсадида келинга ҳамроҳ бўлиб Мисрга келганида 730 ҳижрий йили ўз номи билан аталадиган жомеъ қурдирган эди. Унинг “Зувабла” номли ташқи дарвозаси бор. Ҳозирги жойи Қоҳиранинг Дарбул Аҳмар маҳалласидаги Мағрибийлар кўчасида. Бу жомеъ бузилиб кетган бўлса-да, дарвозалари сақланиб қолган. Сайфиддин Ўзбек Юсуфий барпо этган “Ўзбек истироҳат боғи” ҳозир ҳам қоҳираликларнинг севимли масканидир.
Можида Махлуф,
Мисрнинг Айн Шамс университети Шарқ тиллари кафедраси мудири
Комилжон Раҳимов таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 5-сонидан олинди.