Садриддин Айний (1878-1954)

XIX асрнинг сўнгги чорагида туғилиб, XX асрнинг ўрталарига қадар яшаб ижод этган Садриддин Айний ўзбек ва тожик адабиётлари тараққиётига муайян ҳисса қўшган зуллисонайн ёзувчидир. У мансуб бўлган ёзувчилар авлоди халқ ва жамият ҳаётидан узоқлашиб қолган мумтоз Шарқ адабиётига янги тўлқин беришга, уни янги тарихий даврнинг ғоялари билан бойитишга интилди. Шу маънода Садриддин Айний ва унинг қаламкаш биродарлари XX асрнинг 10-йилларида янги типдаги ўзбек ва тожик адабиётига пойдевор қўйдилар.

Садриддин Айний 1878 йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига қарашли Соктаре қишлоғида туғилди. Ўн бир ёшида ота ва онасидан етим қолди. Маърифатпарвар отаси қўлида дастлабки таълимни олган Садриддин Айний 1890—1899 йилларда Бухородаги мадрасаларда таҳсил кўриб, ўз даврига яраша пухта билим эгаллади. Калькутта, Боғчасарой, Уфа, Оренбург, Қозон сингари шаҳарларда нашр этилган газета ва журналлар билан танишиш, айниқса, Фитратнинг Туркияда босилиб, Бухорога яширин равишда юборилган —”Мунозара”, “Сайёҳ ҳинд қиссаси” сингари асарларини мутолаа этиш бўлажак ёзувчининг дунёқарашида инқилобий ўзгаришларни вужудга келтирди. У амирлик тузумининг чириганини, мамлакатни бошқариш усулини янгилаш, демократик ислоҳотлар ўтказиш ва халқ оммасини маърифатлаштириш зарурлигини сезди. Садриддин Айний ана пгу тарзда ёш бухороликлар ҳаракатига келиб қўшилди ва ўзбек жадид адабиётининг ёрқин намояндаларидан бирига айланди.

Садриддин Айний ўсмирлик йилларида турмуш тебратиш учун жисмоний меҳнат билан кўпроқ шуғулланган бўлса, ижтимоий онгида рўй берган ўзгаришлар туфайли кейинчалик ақлий меҳнат ёрдами билан кун кечира бошлайди. Чунончи, у татар мактабида таржимон бўлиб хизмат этади. Шу аснода муайян малака ҳосил қилган Садриддин Айний дўсти Мирза Абдулвоҳид билан бирга унинг ҳовлисида мактаб очади. 1909 йилда эса “Тазҳиб ус-сибиён” (“Болалар тарбияси”) деган ўқиш китобини яратади. Ёш муаллимнинг бу дастлабки педагогик ишлари ўша давр учун катта воқеа бўлгани сабабли қаттиқ қаршиликка учрайди.

“Имтиҳонлар бошланган паллада, — деб ёзади у таржимаи ҳолида,— катта муллалар иғво бошлаб, болаларни кофир қилади, деб бизнинг мактабимизга қарши чиқдилар, улар амирга мурожаат қилиб, мактабимизни ёптирдилар ва амирга қарашли бўлган кишилар бу билан ҳам қаноатланмай, Мирза Абдулвоҳидни оломон қилиб ўлдирмоқчи бўлдилар. Улар Бухородан қочиб кетдилар, мен бир мунча вақг яшириниб юрдим”. Бундай таъқиблар узоқ давом этди. 1917 йил Феврал инқилобидан сўнг эса Садриддин Айний фаол ижтимоий ҳаракатдан узоқлашганига қарамай амир томонидан етмиш беш таёқлик жазога ҳукм қилинади.

Садриддиннинг бадиий ижодга қизиқиши талабалик йилларида бошланган. У дастлаб, Сифлий (Паст), Муҳтожий ва Жунуний (Телба), ўн саккиз ёшида эса “Айний” тахаллуси билан ижод қила бошлади.

Садриддин Айнийнинг 1917 йилга қадар яратган асарлари у қадар кўп эмас. У гарчанд инқилобга қадар бўлган даврда “Ойна”, “Улуғ Туркистон”, “Ал-ислоҳ”, “Ҳуррият” “Садои Туркистон”, “Тараққий” сингари газета ва журналларда ўз шеърлари ва мақолалари билан ёш ижодкор сифатида қатнашади, вақт ўтиши билан жиддий ҳаётий мавзуларга қўл уришга, даврнинг қон томирини топишга интилади. Чунончи, 1896—1904 йилларда “Гули сурх”, “Базм” сингари катта мазмундан холи шеърларни ёзган бўлса, кейинчалик яратган “Ёшларга мурожаат”, “Ҳасрат”, “На ўлди, ё раб!”, “Мозий ва ҳол”, “Ерни яна сотманг” сингари шеърларида жадид адабиётининг нафаси уфуриб туради. “Устоз Исмоилбек жаноблари” деган марсияда эса Садриддин Айний жадидчилик ҳаракатининг отаси Исмоил Ғаспирали вафоти муносабати билан мусулмон Шарқи ўзининг буюк раҳнамоларидан биридан маҳрум бўлганини айтади.

Садриддин Айний 1917 йилга қадар кечган ижодида, бошқа жадидлар сингари мақоланавислик (публицистика) билан ҳам самарали шуғулланди. Унинг “Ойна” журналида чоп этилган “Ҳар бир миллат ўз тили ила фахр этар” деган мақоласи муаллифнинг 1915 йилдаёқ Туркистон халқлари ўртасида ўзбек тилининг мавқеини кўтариш вазифасини ўз олдига қўйганини намойиш этди. У шу даврда назарий характердаги ишлар билан банд бўлиб қолмай, форс-тожик тилида “Бухорои шариф”, ўзбек тилида “Турон” газеталарини нашр этишнинг ташаббускорларидан бири бўлди.

“Ушбу икки газета, — деб ёзган эди Садриддин Айний, — Италия ва Болқон муҳорабаси асносида нашр бўлғонларидан ҳар бир нарсадан хабарсиз Бухоро аҳолисини тариҳдан, сиёсатдан, жуғрофиядан, Оврўпонинг умумий аҳволидан, мусулмонларнинг ҳалокат чуқурига тушаётганларидан хабардор қилдилар. Ёшлар бошига адабиёт, қалам ва ўқимоқ фикрлари тушди. Оталар эсларига бола тарбияси ва ўқитмоқ ҳоллари келди”.

Садриддин Айнийнинг дастлабки ижодий фаолияти тўғрисида сўз борар экан, 1909—1910 йилларда тузилган “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) жамиятини четлаб ўтиш мумкин эмас. Садриддин Айний иштирокида тузилган бу жамият ўз олдига, биринчидан, кенг халқ оммаси орасида маориф ва турли адабиётларни тарқатиш, иккинчидан, исрофгарчиликка, маишатпарастликка ва бошқа ножўя урф-одатларга қарши кураш, учинчидан эса ҳукуматга қарши кенг ташвиқот ишларини олиб бориш вазифасини қўйган. Агар 1909 йили Фитрат Туркияга шу жамият ёрдами билан таҳсил олиш учун юборилганлигини эсласак, унинг 10-йиллар ҳаётидаги катга роли янада ойдинлашади.

Хуллас, Садриддин Айний бу даврдаги ижоди ва ташкилотчилик фаолияти билан ўзбек жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиётининг шаклланишида муҳим аҳамиятга молик ишларни амалга оширди. Унинг бу борадаги хизматлари Садриддин Айний ижодий фаолиятининг мунаввар саҳифаларидан бирини ташкил этади.

ф.ф.д. Н. Каримов
«Маънавият юлдузлари» китобидан.

Мақолалар

Ўзбек зиёлилари: Садриддин Айний (1878-1954)
Ўзбек шеъриятидан: Садриддин Айний (1878-1954)
Тожик шеъриятидан: Садриддин Айний (1878-1954)
Олмос. Айний домланинг нишолдаси (2005)

Садриддин Айний китоблари

Садриддин Айний. Қисқача таржимаи ҳолим. Тошкент, 1960
Садриддин Айний. Асарлар. 8 жилдлик. 2-жилд: Дохунда (роман). Тошкент, 1964
Садриддин Айний. Эски мактаб (қисса). Тошкент, “Ёш гвардия”, 1982
Садриддин Айний. Судхўрнинг ўлими (қисса). Тошкент, “Ўқитувчи”, 1982