Жамшид ибн Масъуд ибн Маҳмуд Ғиёсуддин ал-Коший (кўпроқ Ғиёсуддин ал-Коший исми билан машҳур) — XIV-XV асрда ўз фанининг билимдонлари — риёзиётчилар, табиблар ва ҳунармандлари билан шуҳрат қозонган Кошонда туғилган. Унинг бобоси Маҳмуд ибн Яҳъё ибн ал-Ҳасан ал-Коший ҳам ўқимишли бўлиб, 1411 йилда Шерозда риёзиёт ва астрологияга оид рисола — Искандарнинг (Амир Темурнинг набираси) гороскопини тузган.
Ғиёсуддин Кошийнинг таваллуд йили номаълум бўлса-да, у ёшлик йилларини Кошонда ўтказиб, риёзиёт ва фалакиёт илмига қизиқиб, қадимги Греция, Эрон ва Марказий осиёлик машҳур олимларнинг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. У табобат, мантиқ, ҳуқуқшунослик, адабиёт фанини яхши билган. Кейинчалик Коший Ҳиротга келиб, Шоҳрух саройида хизмат қилган ва унга атаб “Элхон зиж”ини такомиллаштириш учун “Хоқон Зижи” (“Зижи Хоқоний дар такмили “Зижи Элхоний”) номли астрономик асарини битган. Унинг бу асари ўз давридаги астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган.
Қозизода Румийнинг маслаҳати билан Улуғбек 1416 йили ал-Кошийни Самарқандга таклиф этган ва у ҳаётининг сўнгги йилларигача Самарқандда яшаб, тахминан 1429 йилда вафот этган.
Жамшид Коший XIV-XV асрнинг риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаларидан бири сифатида ажойиб риёзиёт қомуси — “Мифтоҳ ал-ҳисоб” (“Ҳисоб калити”) асари билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Марказий Осиёда машҳур эди. Ушбу асарда системали равишда баён этилган ўнли касрлар таълимоти ал-Кошийнинг юқори илмий ютуқларидан бири эди.
Риёзиёт фанида тақрибий ҳисоб усулини ривожлантириш борасида ҳам ал-Кошийнинг хизмати каттадир. Ушбу масалага у “Рисола ал-муҳития” (“Доира ҳақида рисола”)сини бағишлади ва бу билан ўрта аср математикаси ривожига муҳим ҳисса қўшди. Асарда 17 аниқ ўнли белгига эга “Л” сонининг тақрибий маъноси аслият услуби билан кўрсатиб берилган.
Мирзо Улуғбек ўзининг “Зижи Кўрагоний” асарининг муқаддимасида Коший мазкур асар устида иш бошлаган илк дафъада вафот этди, деб маълумот беради. Коший араб тилини жуда яхши билган ва Улуғбек “Зиж”ининг муқаддимасини арабчага ағдарган. Бу ҳақда муқаддима сўнггида шундай дейилади: “Мавлоно султон Улуғбек ибн Султон Шоҳрух ибн Султон Темур Курагоннинг “Зиж”и тугатилди. У буни Самарқандда кузатган. Арабчага мавлоно ва алломалар шайхи, аллома Саййид Ғиёсуддин Жамшид ағдардилар”. Демак, бундан кўринадики, Жамшид Коший Самарқанддаги астрономик кузатишлар тугамасдан олдин қазо қилган бўлса ҳам, “Зиж”ни режалаштириш ва унинг назарий қисмининг тузилиш ишларида иштирок этган ва уни арабийлаштирган. Коший Улуғбекка “Зиж”ни яратиш, расадхона қуриш соҳасида маслаҳатлар берганлиги ва бу ишларда иштирок этганлиги табиий ҳолдир. Чунки Насириддин Тусийнинг “Зижи Элхоний”сини мукаммаллаштириб, “Зижи Хоқоний”ни ёзган Кошийга “зиж”ларнинг жумбоқлари аввалдан маълум эди. Покистонлик олим Аббос Ризвий айтганидек, “Кошийнинг астрономия ва астрономик асбобларни, қадимги ва яқин ўтмишдаги астрономлар, айниқса, Мароға ва Шероз расадхоналари астрономлари ишларининг яхши билганлиги уни нодир бир шахсга айлантирганди”.
Коший ҳижрий 814 (1411-1412) йилда ал-Чағминийнинг “Фалакиёт ҳақида қисқартмалар” асарига ва 1413 йилда эса XIII асрнинг иккинчи ярмидаги самарқандлик олим ва фалакиётчи Шамсуддин Муҳаммад Самарқандийнинг “Ашкол ат-таъсис фи-л-ҳандаса” (“Ҳандаса илмида шакллар асоси”) геометрик рисоласига ўз шарҳларини тузиб чиққан.
Кошийнинг форс тилида отасига ёттан мактубларида Улуғбек ва унинг астрономик мактаби ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
Масалан, Кошийнинг 1421 йиллар атрофида Кошонга юборган мактубида Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсудцин Кошийнинг ўзи ва Самарқанд мактабининг бошқа олимларининг илмий фаолиятларига оид қизиқарли маълумотлар ҳамда расадхона қурилишига доир лавҳалар муфассаллиги билан диққатга сазовордир.
Ғиёсуддин хатида Самарқанд Марказий Осиёнинг маданий маркази сифатида Кошондан афзаллигини, Улуғбекни эса кўзга кўринган давлат арбоби ва ҳукмдоргина эмас, балки йирик олим эканини тасвирлаб ўтади. Муаллифнинг Улуғбек ҳакида келтирган ушбу далиллари бошқа тарихий манбаларда учрайдиган Улуғбек ҳақидаги маълумотларни, айниқса, унинг етук аллома эканлигини анчагина тўлдиради.
Самарқандда 1420 йилда қурилган мадраса илм-фаннинг нуфузли маркази бўлиб, унда Улуғбекнинг ўзи маърузалар ўқиган. Мактуб ёзилган пайтида Улуғбек 26—27 ёшларда бўлган ва ўта қизиқиш билан фалакиёт ва риёзиёт фанлари билан шуғулланган. Коший ўз мактубида Улуғбекни фалакиёт соҳасидаги фавқулотда қобилиятини қайд этиб, унинг “Насириддиннинг хотираномалари” (“Тазкира”)сидан ва “Шоҳ туҳфаси” (“Туҳфа”)дан ўқиган ажойиб маърузаларини эслатиб ўтади. Ғиёсуддин Улуғбекнинг беқиёс хотираси ҳақида ёзаркан, у офтобнинг узунлигини даражалари ва дақиқаларигача бўлган аниқлиқда ёддан ҳисоблай олишини таъкидлаб ўтади. У Улуғбекнинг мадрасаларда ва саройда ўтказиладиган катта илмий кенгашлардаги баҳсларда фаол иштирок этишини ва шу муносабат билан Улуғбекнинг устози Қозизода Румийнинг исмини ҳам тилга олади ва уни энг маърифатли олим деб ажратиб кўрсатади. Ғиёсуддин мактубида Улуғбекнинг ҳуқуқшунослиқдаги ажойиб билимларини таъкидлаганки, бу ҳақда шу вақтгача фақатгина тахминлар қилинган, холос.
Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Алоуддин ал-Бухорий 1447 йили Абу Ханифа ан-Нўьмон ибн Собит ибн Зутанинг (767 йилда вафот этган) асарига ёзилган “Шарҳ ала-л-фиқҳ ал-акбар” (“Буюк фиқҳ”га шарҳ”)ини Улуғбекка бағишлангани бежиз эмас. Мактубдан яна шу нарса маълум бўладики, Абу Райҳон Берунийнинг “Қонуни Масъудий” Улуғбек ва унинг атрофидаги ҳамкорлари — Қозизода Румий, Ғиёсуддин Кошийнинг ўзи ва бошқалар учун доим керак бўладиган китоб ҳисобланган. Мазкур маълумотлар Самарқанд мактабининг буюк олим Абу Райҳон Беруний илмий мероси билан боғлиқлигидан гувоҳлик беради.
Мактубда расадхона деворига ўрнатилган қуёш соати ҳақида маълумот келтирилади. Ваҳоланки, Улуғбек асарларида бундай соат мавжудлиги ҳақида бевосита таъкид йўқ. Демак, Ғиёсуддиннинг бу маълумотлари М. Т. Қори-Ниёзийнинг Улуғбекка бағишланган “Улуғбекнинг астрономик мактаби” асаридаги шундай соат бўлганлиги ҳақида тахминини тасдиқлайди.
Мактубнинг форсча матни эрон олими М. Таботабоий (Эрон, 1940), турк олими Ойдин Сайилий томонидан инглиз ва турк (Анқара, 1960), америкалик олим Э. Кеннеди томонидан инглиз (Рим, 1960), араб олими Аҳмад Саъид Дамардош томонидан араб (Миср, 1963), тожик олимлари Ғ. Собиров ва Н. Бобоев рус (Душанбе, 1973), шунингдек, Тошкентда рус (1979) ва ўзбек (1996) тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Бундан ташқари, Кошийнинг “Суллам ас-самоват” (“Осмонлар нарвони”), “Нузҳат ал-ҳадойиқ” (“Боғлар сайри”), “Рисола ал-ватар алҳ-жайб” (“Хорда ва синуслар ҳақида рисола”) каби асарлари ҳам бизгача етиб келган ва бу асарлар Мовароуннаҳр илмий-адабий муҳитига салмоқли ўрин эгаллаган.
Кошийнинг Ҳирот ва айниқса Самарқанддаги илмий тадқиқотлари ва унинг математика ва астрономия соҳасида эришган ютуқлари Темурийлар даврида Хурсон ва Мовароуннаҳрда маданий ривожланиш ва турли юртлардан келган олимларнинг эркин илмий фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлигининг яна бир муҳим далилидир.
т.ф.н. Д. Юсупова