Абу Бакр Наршахий — Марказий Осиё тарихнавислигининг илк қадимий дурдоналаридан бири бўлмиш “Тарихи Бухоро” деб шуҳрат топган нодир асарнинг муаллифидир. У ўз асарини 943—944 йилларда араб тилида ёзган ва уни шу йилларда тахтга ўтирган Сомонийлар давлати ҳукмдори Амири Ҳамид, яъни Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний (943—954)га бағишлаган. “Бухоро тарихи”нинг ўзида ҳам, бошқа тарихий манбаларда ҳам муаллифнинг ҳаёти ва фаолиятига доир бирор кенгроқ маълумот учрамайди. Фақат XIII аср муаллифи Самъонийнинг “Китоб ул-ансоб” асарида унинг тўла исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик эканлиги ва у Бухоро аҳлидан (Наршах қишлоғидан) бўлиб, 286 ҳижрий (899 мелодий) йили таваллуд топган ва 348 (959) йили вафот этганлиги эслатилади.
Афсуски, “Бухоро тарихи”нинг араб тилида ёзилган асл нусхаси бизгача етиб келган эмас. Бизга насиб бўлгани — бу форс тилига таржима қилиниб, қарийб уч аср давомида бир неча бор таҳрир, қисқартиш ва қўшимчаларни бошидан кечирган нусхадир.
Асарнинг сўз бошисида айтилишича, 1129 йили асли ҳозирги Қува шаҳридан бўлган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий Наршахийнинг китобини дўстларининг илтимосига биноан араб тилидан форсийга таржима қилган ва бунда у асарнинг баъзи жойларини қисқартирган; аммо, шу билан бирга айрим қўшимчаларни ҳам киритган. Шундан ярим аср ўтгач, мазкур форсий таржима яна қайтадан таҳрирга учраган; 1178—1179 йиллар давомида Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар асарни иккинчи марта қисқартириб баён этган. Аммо асарни ўқир эканмиз, биз унда мазкур 1178 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлиб ўтган тарихий воқеалар ҳақида ҳам қисқа-қисқа маълумотларни учратамиз. Бу ҳол шуни кўрсатадики, Муҳаммад ибн Зуфарнинг қисқартиришидан (яьни 1178 йили) кейин ҳам бир неча номаълум кишилар ана шу форсий таржимани таҳрир қилганлар. Улар асарни яна қисқартирганлар дейишга асос бўлмаса-да, лекин қўшимчалар киритганликлари воқеалар мазмунидан кўриниб турибди.
“Бухоро тарихи”нинг қўлимиздага барча нусхалари ана шу 1220 йилгача давом эттирилган матнни ўз ичига олади. Асарнинг араб тилидаги асли бизгача етиб келмаганидек, форсий таржима ҳам кейинги таҳрирчилар орқалигина мавжуддир. Чунончи, таржимон Абу Наср Аҳмад асардаги баъзи жойларни қисқартириш билан бирга, унга катта тарихий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни киритган. Бунда у ўзидан олдинги ишончли манбалардан фойдаланган. Улардан бири IX аср муаллифи Абулҳасан Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Нишопурийнинг “Хазоин ул-улум” номли асаридир. Бундан ташқари таржимон Абу Исҳоқ Иброҳим ибн ал-Аббос ас-Сулийнинг “Ахбори Муқанна” асаридан, Абу Жаъфар Муҳаммад ат-Табарийнинг “Тарихи Табарий” асаридан қўшимчалар келтирган.
Таржимон Абу Наср Аҳмад ва ундан кейинги таҳрирчи, қайта ишловчилар ҳам “Тарихи Бухоро” матнига анчагина ўзгартишлар киритган бўлсалар ҳам, аммо Наршахий номини муаллиф сифатида сақлаб қолганлар. Масалан, асарда учрайдиган “бу китобнинг мусаннифи айтади” (Теҳрон нашри, 1939 й., 4-бет) деган таъкидлар буни яққол исботлайди. Лекин шунга қарамай, Наршахий ўз асарини тамомлаган 944 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлган воқеалар муаллифлари деб биз мазкур таржимон ва таҳрирчиларни танимоғимиз лозим.
Наршахийнинг ўзи аслида асарга қандай ном берганлиги маълум эмас. Шунинг учун у қўлёзма нусхаларда ва тарихий адабиётларда “Тарихи Наршахий”, “Таҳқиқ ул-вилоят”, “Ахбори Бухоро”, “Тарихи Бухоро” номлари билан юритилади. Лекин улардан энг аниқроғи ва илмий адабиётда кўпроқ ишлатиладигани “Тарихи Бухоро”дир.
Наршахийнинг бу китобида асосан Бухоро воҳасининг обод бўлиши, овчилик, балиқчилик ва деҳқончиликнинг касб этилиши, Нумижкат, Пойканд, Афшона, Варахша, Ромитон, Вардона каби қадимий қишлоқларнинг барпо бўлишидан тортиб, то Бухоро шаҳрининг қад кўтаришигача бўлган муҳим тарихий воқеалар тўғрисида ҳикоя қилинади. Китобда Марказий Осиёда араб халифалиги ҳукм-ронлигининг ўрнатилиши, Ислом динининг тарқатилиши, оташпарастлик ва у билан боғлиқ маданий ҳаётнинг инқирози, Муқанна — “Оқ кийимликлар” ҳаракати, Сомонийлар давридаги давлат идораси, маданий қурилишлар борасида турли-туман қизиқарли маълумотлар келтирилган; Бухоронинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётига, айниқса, пул муносабатларига, хирож йиғиш тизимига оид маълумотлар бор. ” Бухоро тарихи”да ер-сув муносабатлари ҳақида сўзлар экан, Наршахий қадимги заминдорларни “деҳқонлар”, яъни “қишлоқ ҳокимлари”, зироатчиларни “кашоварзлар”, яъни “ер ҳайдовчи” — “қўшимчалар”, йирик ер эгаларига қарам қишлоқ аҳолисини “кадиварлар” номлари билан атайди. VIII—X асрларда Бухорода ҳунармандчилик ниҳоятда ривожланган бўлиб, ҳар бир қишлоқ ўз маҳсули билан шуҳрат топган. Масалан, Зандана қишлоғида тўқиладиган ипак ва ип матолар “занданийча” номи билан бутун Шарққа машҳур бўлган. Бухоро шаҳрининг ўзида “Байт ут-тироз” номли тўқимачилик корхонаси бўлиб, унинг маҳсулотлари Форс, Кермон, Ҳиндистон, Ироқ, Шом, Миср ва Рум каби ўлкаларга олиб борилган. Бухоро савдогарлари ниҳоятда бой табақа бўлиб, Наршахий уларни “кашкашон” деб атайди. Савдо муносабатлари кенг ёйилганлиги сабабли Бухоро шаҳарига “Мадинат ут-тужжор” яъни “Савдогарлар шаҳри” деб лақаб берилган.
Китобда Бухоро воҳасини суғорувчи анҳорлар, обод қишлоқлар, работлар ва кўшклар ҳақида маълумотлар бор. Бутун воҳа VIII—XII асрларда Кармана, Шопурком, Ҳарқонат ул-Улё, Ҳарқонруд, Ов-хитфар, Сомжон, Байконруд, Фаровизи Улё, Коми Даймун, Арвон, Кайфур, Руди Зар каби суғориш тармоқлари орқали сув билан таъминланган. Биргина Пойканд шаҳри атрофида мингдан ортиқ работ бўлган.
Бухоро воҳасини ташқи ҳужумлардан мудофаа этиш мақсадида унинг барча деҳқончилик музофотлари бир неча юз фарсахга чўзилган мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу девор 782—831 йиллар мобайнида қуриб битказилган ва у “Кампирак” номи билан машҳур бўлган.
Асарда Бухоро шаҳрининг тарихий топографияси тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар бор. Ўрта асрларда Бухоро аркининг “Дари Регистон” ва “Дари Ғўриён” номли икки дарвозаси бўлган. Унинг ичида “подшоҳлар, амирларнинг турар жойлари бўлиб, подшоҳлик девонлари ва подшоҳлар турадиган қаср қадимдан шу ерда жойлашган”. 850 йилда Бухоро шаҳри янгидан девор билан ўраб олинган. Унинг еттита дарвозаси бўлган. Бухоро қадим замонларда, Нумижкат, Бумискат, Фохира, Мадинат ус-суфрия яъни “Мис шаҳар” номлари билан аталган.
Хулоса шуки, Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китоби биргина Бухоро тарихини эмас, балки бутун Марказий Осиё тарихини ўрганиш учун қимматли тарихий асардир. Шу боис, Марказий Осиё халқларининг VIII—XII асрларга бағишланган илмий тадқиқотларда Наршахий маълумотлари ва унинг ҳаммуаллифи, таржимони ва муҳаррири Абу Наср Аҳмад Қубовийнинг қўшимчалари XIX асрданоқ кенг фойдаланиб келинмоқда, асарнинг нусхалари дунё қўлёзмалар хазиналарида кўплаб учрайди. Биргина Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 20 дан ортиқ нусха мавжуд. Асарнинг форсий матни бир неча бор — 1892 йили Ч. Шефер томонидан Парижда, 1904 йили Мулло Султон томонидан Бухорода (Когон), 1939 йили мударрис Ризаний томонидан Теҳронда нашр қилинган. “Бухоро тарихи”нинг Н. Ликошин бажарган рус тилига таржимаси 1897 йили Тошкентда, Р. Фрайнинг илмий изоҳлар билан бойитилган инглизча таржимаси 1954 йили Кембриджда, Насруллоҳ Тарозийнинг араб тилига илмий изоҳли таржимаси Мисрда чоп этилди. Бир неча қўлёзма ва нашрлар матни солиштирилиб, тафовутлар қайд этилган илмий изоҳли ўзбек тилидаги таржимаси 1966 йили А. Расулов ва А Ўринбоевлар томонидан (тарихий шахсларга изоҳлар Д. Юсупованики) “Фан” нашриётида нашр этилди. “Тарихи Бухоро”нинг матнини ва маълумотларини бошқа манбалар билан қиёсий ўрганиб, ундаги маълумотларни манбашунослик ва матншунослик фани нуқтаи назаридан таҳлил этиш ишлари ҳали давом этмоқда.
т.ф.д. А. Ўринбоев