Буробия Ражабова. Темурийлар Ренессанси атамаси ҳақида (“Бобурнома” мисолида)

«Бобурнома»нинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан бири шундаки, мемуарда темурийлар Уйғониш даврига хос жиҳатлар бутун борлигича, яъни ҳукмдорлари, йирик мулкдорлари, даҳо сўз санъаткорлари, ориф инсонлари тасвири, маълумотлари, ғоя ҳамда асослари, мураббий ва муқаввийлик масалалари, шаҳарсозлик маданиятининг ростлик билан ёритилишидир. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бу давр ҳодисаларини Бобур ўз кўзи билан кўриш имкониятига эга бўлган ва у темурийлар Ренессанси анъаналарини ўзида сақлаб қолиб давом эттирган ҳамда фарзандлари фаолиятида бардавом қилишни ният қилгани каби ҳолатларни унинг мемуарида ёзган маълумот, лавҳа, чизги, тасвирларида яққол кўриш мумкин. Шунинг учун муҳташам мемуар Амир Темур ва темурийлар Уйғониш даврига хос жиҳатларни ўрганишда қимматли манба ҳисобланади. Бобур «Бобурнома»да темурийлар давлат бошқарувида бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросонга нисбатан  «Темурбекнинг юртида» иборасини маҳорат билан қўллаганини ҳамда биз ҳам мақолада илк марта темурийлар давлат бошқарувида бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросонга нисбатан  «Темурбекнинг юртида» иборасини ишлатишга, илмий истеъмолга киритишга ҳаракат қилдик.

Энди биринчи навбатда Ренессанс ёки Уйғониш атамалари ҳақида бироз маълумот берсак. Дарҳақиқат, Ренессанс ёки Уйғониш (франц. Renaissance; итал. Renasci ) – қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ каби лексик маъноларни билдиради, от сўз туркумига хос сўзлар, кўчма маънода эса санъат, маданият, услубни ҳам англатади. Бу атамани фанда биринчи бўлиб италия гуманистлари, хусусан, Жорджо Вазари қўллаган, кейин эса француз тарихчиси Жюлем Мишле ишлатган, аммо машҳур немис шарқшуноси А.Мец биринчи бўлиб бу атамани метафорик маънода, яъни маданий гуллаб яшнаган даврга, асрга ва услубга нисбатан қўллаган[1]. Ренессанс ёки Уйғониш атамаси дастлаб Италиядаги XIV–XVI асрлар маданий ва маънавий юксалишига нисбатан қўлланган ва буни ўрта асрчилик турғунлигидан янги даврга ўтиш босқичи деб баҳолашган. Аммо Ренессанс ёки Уйғониш фақат Европага ҳос маданий кўтарилиш ҳодисаси эмас, балки дунё маданиятини яхлит ўрганган олимларнинг фикрига кўра, жумладан, А.Мец ва Н.И.Конрад, М.Хайруллаев, Ф.Сулаймоноваларнинг илмий ишлари шуни кўрсатадики, Марказий Осиёда жойлашган Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Афғонистонда Италияга қараганда бир неча аср олдин IX–XII асрларда улкан маданий кўтарилиш юз берган. Дунё илм, фанлари доирасида олимлар бу давр, бу тарихий ҳолни холис баҳолаб, тан олганлар. А. Мец ибораси билан «Мусулмон Ренессанси» ёки Н.И.Конрад сўзлари билан айтганда эса «Шарқ Ренессанси» номи билан аталиб келинган. Умуман, мамлакатимизда илк Уйғониш даври ва темурийлар Уйғониш даври билан боғлиқ қилинган илмий тадқиқотларда, асосан, атоқли немис шарқшуноси А.Мецнинг «Мусульманский Ренессанс»[2] китобини бирламчи манба деб қаралгани кузатилади. Биз ҳам бу қимматли китобга мурожаат қилдик. Аммо бу китобни ўқиб-ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўлдикки, А. Мец мазкур китобини битишда асосий манбалардан бири сифатида Берунийдек буюк ватандошимизнинг ниҳоятда қимматли, муҳташам «Ҳиндистон» асаридан унумли фойдаланганини кўрдик ва ўзимизда фахр туйғусини туйдик.

Мамлакатимиз ва хорижда темурийлар Уйғониш даври тўғрисидаги дастлабки тадқиқотлар тарихчи олимларимиз томонидан амалга оширила бошлангани кузатилади, адабиётшуносликда эса Н.И.Конраднинг «Средневосточное Возрождение и Алишер Навои»[3] номли тадқиқотидан бошқа тадқиқот, яъни илк Уйғониш даври ҳам, темурийлар Уйғониш даври ҳам алоҳида, яхлит бир мавзу сифатида олиниб ҳали тадқиқот яратилмаган. Бироқ бир жараён ва ҳолатни мамнуният билан айтиш мумкинки, кейинги йилларда адабиётшунос, хусусан навоийшунос олимларнинг маъруза, мақолаларида[4] илк Уйғониш даври ҳам, темурийлар Уйғониш даври ҳам тилга олина бошланганини сезиш мумкин бўлса-да, аммо «Бобурнома» мисолида алоҳида тадқиқот қилинмаган, шунинг учун биз томонимиздан ёзилаётган  «Темурийлар Уйғониш даври ва Бобурнома» китобимиз янги талқиндаги тадқиқот ҳисобланади. Юқорида тилга олган атоқли олимларнинг айрим илмий, назарий фикрлари асосида бу атама Амир Темур ва темурийлар даврига нисбатан ҳам қўлланиб, жаҳон тарихида  «Амир Темур ва темурийлар Ренессанси», деган ном билан алоҳида ўрин эгаллаганини таъкидлаш лозим. Академик М.Хайруллаев, профессор Ф.Сулаймонова, таниқли архиолог олим, профессор Т.Ширинов ва бошқа олимлар Шарқ Уйғониш даврини икки даврга яъни X–XII асрлардаги Марказий Осиёда моддий ва маданий ҳаётдаги кўтарилиш, гуллаб яшнаш  даврини  Илк Уйғониш даври атамаси билан ҳамда мўғул истилосидан кейин бир юз эллик йиллик турғунликдан сўнг, яъни XIV–XVI асрлардаги Марказий Осиёда юз берган моддий ва маданий ҳаётдаги кўтарилиш, гуллаб яшнаш даврини эса Амир Темур ва темурийлар Уйғониш даври атамаси билан икки гуруҳга тасниф қилиб ўрганишган[5]. Ҳар икки атама, яъни Илк Уйғониш даври ва Темурийлар Уйғониш даври атамалари давр имтиҳонидан ўтиб, илмий истеъмолда мустаҳкамланиб борди ҳамда бошқа юртимиз ва хориж олимларнинг фикрлари билан яна тўлдирилиб, сайқал берилиб, қўллаб қувватланиш натижасида бугунги кунда мазкур атамалар тарих, бадиий адабиёт, сиёсатшунослик, ҳуқуқшунослик, архетектура, фалсафа ва медицина фанлари доирасида кенг ишлатилмоқда ва ушбу атамалар остида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Аммо ҳамон ушбу фанлар доирасида олиб борилган тадқиқотларнинг сифати ва салмоғи жиҳатидан тарихшунослик фани етакчилик қилади. Яъни, биринчидан, 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йил сана муносабати билан Франция пойтахти Парижда  «Темурийлар Ренессанси» номли халқаро конференция бўлиб ўтган ва конференцияда темурийлар Ренессанси жаҳон тарихида ноёб жараён эканлиги, Шарқнинг маънавий ҳамда моддий маданиятида «темурийлар услуби» тушунчаси пайдо бўлганлиги ҳамда унинг жаҳон цивилизацияси ривожига кўрсатган ижобий таъсири масалалари кенг очиқланган. Иккинчидан эса 2015 ва 2016 йилларда Темурийлар давлат музейи жамоаси томонидан «Амир Темур ва темурийлар Ренессанси хорижий тадқиқотларда»[6] номли китоблар таёрланган ва нашр қилинган. Китобларнинг номидан маълумки, улар темурийлар Ренессансига оид чет элда амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаси билан танишиш имкониятини беради. Ўрганишимизга кўра, илмда бу тарихий даврни, бу ҳолатни тан олиш ҳамда баҳолашда камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Масалан,  Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 9-жилдида олимларимиз томонидан ёзилган «Уйғониш даври» номли салмоқли мақолада фақат Европа Уйғониш даври ёритилган бўлиб, Амир Темур ва темурийлар даври Ренессанси ҳақида эса бир жумла ҳам битилмагани кишини ўйлантиради[7]. Қизиғи шундаки, мазкур мақола ёзилган вақтда юртимизда темурийлар Уйғониш даврига оид бирламчи манбалар, яъни Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»си, Низомиддин Шомий «Зафарнома»си, Давлатшоҳ Самарқандий «Тазкират уш-шуаро»си, Абдураззоқ Самарқандий  «Матлаъи саъдайн»и каби темурийлар Ренессанси классик тарихчиларининг асарлари нашр қилинган ва юқорида айтиб ўтилганидек бу ҳақда адабиётшуносликда ҳам илмий тадқиқотлар, таҳлил ва хулосалар пайдо бўлган эди.

Ўрганишимизга кўра, Бобур мемуарида ишлатган темурийлар Уйғониш даврига хос қадриятлардан бири «мураббий ва муқаввий»лик ҳамда «тарбия ва тақвият»лилик, аслида Амир Темур фаолиятидан бошланган бўлиб, кейинчалик темурийлар Уйғониш даври раҳбарлари, йирик мулкдорлари маънавияти, фазилати, иш ва ижод услубига айланиб кетганини кузатиш мумкин. Чунки «Мўғуллар босқинчи ҳарбий қабилавий уюшма сифатида Марказий Осиёнинг гуллаб турган воҳаларини талон-тарож қилди, асрий маданиятга эга туркий, форсий халқларни қириб, маданият ўчоқларини емириб ташлади».[8]Амир Темур 1370 йилдан бошлаб то 1405 йилгача катта куч ва ихлос билан мўғуллар вайрон қилган шаҳарлар, кенту қишлоқлар, суғориш тармоқларини, маданий экинзор, боғларни, кўп тармоқли савдо ва карвон йўлларини тиклади. Самарқандни ўз салтанатининг пойтахтига айлантириб, пойтахтга дунёнинг турли ерларидан олим, уламо, шоир, муаррих, уста, ҳунармандларни чорлаб ҳомийлик, яъни Бобур сўзлари билан айтганда, «мураббий ва муқаввий»лик қилди.

Умуман, «Темурийлар Уйғониш даври ва «Бобурнома» мавзусини тадқиқотимизда қуйидагича белгилашимиз мумкин:

  1. Темурийлар Уйғониш даври ва давлат арбоблари. АмирТемур, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро.
  2. Темурийлар Уйғониш даври ва ижодкорлар.Султон Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Кичик Мирзо, амир Шайхим Суҳайлий, Шарафиддин Али Яздий, Зайниддин Маҳмуд Восифий, Атоуллоҳ Ҳусайний.
  3. Темурийлар Уйғониш даври ва темурий маликалардан Гавҳаршодбегимнинг бунёдкорлик ишлари, Эсон Давлат Бегим фаолияти.
  4. Темурийлар Уйғониш даврида илм, фан, адабиёт, санъат ва тарих.
  5. Темурийлар Уйғониш даврида астрономиянинг ўрни. Самарқанд, Мирзо Улуғбек ва у қурдирган расадхона.
  6. Темурийлар Уйғониш даврида тиббиёт масаласи. Алишер Навоий қурдирган дор уш-шифо ва табибларнинг жонли образи тасвирланган лавҳалар
  7. Темурийлар Уйғониш даврида савдо ва пул муносабатлари. Пул, бозорларнинг тартибга солиши, назорати ҳамда олтин ва кумиш тангаларнинг зарб қилиниши ва муомаласи билан боғлиқ тасвирлар. Буюк ипак Йўлининг тикланиши.

Темурийлар Ренессанси «Темурбекнинг юртида» дастлаб Самарқандда туғилди ва кейин бетакрор цивилизация Ҳиротда ҳам давом қилди. Демак, Самарқанд, Ҳирот, Кеш, Андижон, Ахсикент, Урганч, Тошкент, Хўжанд, Балх, Астробод, Туркистон, Бухоро, Марв каби темурийлар Уйғониш даври шаҳарлар маданияти, илмий, адабий муҳит, илм-фан, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, архитектура, ислом маърифати, таълим ва тарбия, фиқиҳ фанларининг йирик марказларига ҳамда кўплаб монументал бино ва иншоатлар ҳамда боғ-сарой тарҳидаги обод масканларга айланди. Хуллас, бир юз эллик йил тўхтаб қолган, издан чиққан Буюк Ипак йўли фаолияти ҳам қайта тикланди.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур муҳташам «Бобурнома»да темурийлар давлати тасарруфи ва бошқарувида бўлган кўплаб шаҳарларнинг номи, шаҳарсозлик маданияти ҳақида қимматли маълумотлар битиб қолдирган, жумладан, Туркистон шаҳри ҳақида ҳам маълумотлар бор, масалан, мемуарда онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг отаси Юнусхоннинг онаси туркистонлик қипчоқ бекларидан эканлиги ёзилган ёки: «Сайҳун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдур шарқу шимол тарафидин келиб, бу вилоятнинг ичи била ўтуб, ғарб сори оқар, Хўжанднинг шимоли ва Фанокатнинг жанубий тарафидинким, ҳоло Шоҳрухияга машҳурдур, ўтуб яна шимолға майл қилиб, Туркистон сори борур, Туркистондин хейли қуйироқ бу дарё тамом қумға синғар, ҳеч дарёға қуйилмас» (34), деб қатор лавҳалар битган, аммо нимагадир у Амир Темурнинг Туркистонда илк Уйғониш даврининг «шайх ул-машойих»и Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилиб, унга бўлган чексиз ҳурматининг рамзи сифатида туркий тасаввуф асосчисининг қабри устига 1396–1397-йилларда қурдирган маҳобатли мақбараси тўғрисида хабар ҳам битмаган. Амир Темурнинг шахсан ташаббуси ва ҳомийлигида, «мураббий ва муқаввий»лигида қурилган бу маҳобатли мақбара ҳозир ҳам улкан зиёратгоҳ ҳисобланади, йигирма биринчи асрда ҳам ўз маҳобати билан Амир Темур номи, Темурийлар Ренессаенсига хос «темурийлар услуби»ни  эслатиб турибди. Шу ўринда АмирТемурнинг Аҳмад Яссавий битган тўртлик шаклидаги бир ҳикматни яхши кўриб, жасоратга тўла қалбининг ором, файз топиши учун гоҳида етмиш марта ёддан айтиб юргани, ҳатто, жангларда ҳам фатҳ калитини қўлга киритиш учун шу муножаат характеридаги ҳикматни ихлос билан ўқигани ҳақида гап-сўзлар бизгача етиб келган. Ҳикмат:

                        Ялдо кечани шаму шабистон этган,
                        Бир лаҳзада оламни гулистон этган.
                        Бир мушкул ишим тушубдур, осон этгил,
                        Эй, барчанинг мушкулин осон этган.

Умуман, бадиий ва мемуар асарларда баён қилинган шаҳарлар тасвирининг услуби масаласи ҳам алоҳида мавзу ва услуб бўлиб, бу мавзу ва услубга «Бобурнома»дан анча аввал, яъни ёзилган йили маълум эмас, аммо  машҳур сайёҳ ва адиб Носир Хусравнинг ғарбий ўлкаларга саёҳат қилган етти йиллик (1045–1052 йй.) даврда кўрган-кечирганларини ўз ичига олган «Сафарнома»[9] асарини ҳам намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Муҳими шуки, А.Мец «Мусульманский Ренессанс»[10] китобида шаҳарсозлк маданияти яхши ёритилган Носир Хусравнинг мазкур китобдан ҳам унумли фойдалангани кузатилади. Ҳатто, у бу асар номини китобнинг илмий иқтибосида қайта-қайта кўрсатган.

Хулоса шуки, «Бобурнома»да баён қилинган яна бир муҳим, яъни бугунги илм, фан учун зарур масалани алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Бобур мемуарида нафақат темурийлар Уйғониш даври ҳукмдорлари, мутафаккирларининг жонли образи, тарихий сиймосини ҳамда бу даврда қилинган ақл ва қўл ихтироларини, маданий кўтаринкиликни тасвирлаган, балки илк Уйғониш даврининг Имом Бухорий, Имом Бурхониддин Марғилоний, Шайх Саъдий, Тусий… каби буюк сиймоларининг номи, яратган асарларининг хусусиятлари, шоҳбайтлари ва айрим фаолиятларига доир чизгиларни ҳам ёзиб қолдиргани ҳам таҳсинга лойиқ, келажакда буни ҳам махсус тадқиқот доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.

––––––––––––––––

[1]  Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 7-жилд. П–С. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедия” Давлат илмий нашриёти, 2004  – 305-бет.

[2]  Адам Мец. Мусульманский Ренессанс. Перевод с немецкого, предисловие, библиография и указатель Д.Е.Бертельса. – М.:  Наука, 1966. – С. 456.

[3] Конрад Н.И. Избранние труди. Летература и театр. – М.: Наука, 1978. – С. 90–104.

[4] Ражабова Б., Эргашев Қ. Айрим мавзу ва образлар бадиий талқинида Ренессанс ғояларининг инъкоси // Ўзбек тили ва адабиёти. – 2017. – 1-сон. – 28–32-бетлар; Мотив ва талқин // Ўзбек тили ва адабиёти. – 2019. – 1-сон. – 38–44-бетлар.

[5]  Хайруллаев  М. Ўрта Осиёда илк Уйғониш даври маданияти. – Тошкент: Фан, 1994. – 13б бет.; Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. – Тошкент: Ўзбекистон, 1997.  – 314–346-бетлар;.Ширинов Т. Тарихдан этюдлар. – Тошкент: Шарқ, 2014. – 336 бет.

[6] Темурийлар давлат музейи. Амир Темур ва темурийлар Ренессанси хорижий тадқиқотларда. – Тошкент: Akademnashr, 2015. – 154 бет; Темурийлар давлат музейи. Амир Темур ва темурийлар Ренессанси хорижий тадқиқотларда. – Тошкент: Akademnashr, 2016. – 144 бет.

[7] Ўзбекистон миллий энциклопедияси. IX жилд. П–Ш. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедия” Давлат илмий нашриёти, 2005  – 57–60-бетлар.

[8] Муқимов З. Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқ тарихи. – Тошкент: Адолат, 2003. –  141–142-бетлар.

[9] Носир Хусрав. Сафарнома (Форс тилидан Ғ.Карим таржимаси). – Тошкент: Шарқ, 2003. – 112 бет.

[10]  Адам Мец. Мусульманский Ренессанс. Перевод с немецкого, предисловие, библиография и указатель Д.Е.Бертельса. – М.: Наука, 1966. – С. 456.