Миллатнинг қадр-қиммати унинг ўтмиши, тарихи билан ўлчанади. Хўш, биз ўзбекларнинг ҳам ўтмишимиз, тарихимиз борми, ўзи? Бор, албатта. Ўрта Осиё, балки жаҳондаги бошқа халқлар, хусусан форслар, ҳиндлар, хитойлар сингари узоқ-узун тарихи бор ўзбекнинг ҳам. Археолог ва антрополог олимларимизнинг кўп йиллик изланишлари натижасида Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, қадимий Шош вилоятлари ўрамида ҳамда Инжу Ўкиз (Сирдарё)нинг қуйи оқими теварагидаги туманлардан топилган ашёвий далиллар (қадимги одамларнинг суяк қолдиқлари, манзилгоҳлари, уларнинг меҳнат ва уруш қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, зеб-зийнат моллари, шаҳар ва қишлоқлар, маҳобатли иморатлар ва сув ҳамда мудофаа иншоотларининг қолдиқлари)нинг гувоҳлик беришича, аждодларимиз бундан қарийб ярим миллион йил муқаддам Ўрта Осиёнинг икки азим дарёси — Ўкуз (Амударё) ва Инжу Ўкиз (Сирдарё) оралиғи ва уларнинг теварак-атрофида истиқомат қилишган эканлар, беш-олти минг йил бурун чорвачилик ва сунъий суғоришга асосланган, деҳқончилик билан шуғулланган эканлар. Туркистон (унга Шарқий Туркистон, Тибет, Мўғулистоннинг ғарбий-жанубий қисми, Олтой ўлкаси ҳам киради) деб аталмиш бу улкан мамлакатда бундан уч ярим-тўрт минг йил муқаддам бир талай катта-кичик шаҳарлар пайдо бўлди. Самарқанд, Бухоро, Марв ва Тошкент шаҳарларининг пайдо бўлганига икки ярим-уч минг йил бўлди. Қадим-қадим замонлардан Парфия, Бақтрия, Сўғдиёна, Қанхқа, Паркона, Кушон, Тоҳаристон, Хафталар (Эфталитлар), Турк ҳоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Темурийлар каби жаҳонга довруғи кетган давлатларимиз бўлган.
Хўш, буларни биласизми? Чамаси кўпчилигимиз буни билмайдиганга ўхшаймиз. Туркистон замин аталмиш улуғ юртимиздан жаҳонга машҳур кўп олимлар, шоирлар ва санъаткорлар етишиб чиққан. Ҳадис илмининг йирик намояндалари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Дорамий; фалакиёт (астрономия) илмининг йирик намояндалари Аҳмад ал-Фарғоний билан Мирзо Улуғбек; риёзиёт (математика) фанининг асосчиларидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий; тибб (медицина) фанининг жаҳондаги йирик намояндаларидан Абу Али ибн Сино; қомусий олимлар Абу Наср Форобий билан Абу Райҳон Беруний, забардаст тилшунос олим Маҳмуд Замахшарий, тарих илмининг йирик намояндаларидан Абу Наср Утбий, Абубакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий, Абу Саъид Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний, Шиҳобиддин Муҳаммад Нисовий, Фахриддин Банокатий; адабиётшунослар Низоми Арузи Самарқандий, Нуриддин Муҳаммад Авфий Бухорий, Давлатшоҳ Самарнандий; забардаст шоирлар хожа Аҳмад Яссавий, Атоий, Амъон Бухорий, Қатрон ибн Мансур Термизий, Рашидиддин Вотвот, Адиб Собир Термизий, Ҳаким Сўзаний Самарқандий, Асириддин Аҳсикатий, Сайфиддин Исфарангий, Рукниддин Кубовий, Сайфиддин Фарғоний, Фахриддин Банокатий, Носир Бухорий, Камол Хўжандий, Хожа Исматулла Бухорий, Хоразмий, Дурбек, Саккокий, Алишер Навоий, Ҳувайдо, Машраб, Фируз, Амирий, Муқимий, Фурқатлар шулар жумласидандир.
Хўш, бу улуғ зотларни, улар ёзиб қолдирган асарларни ҳамма ўқиганми? Йўқ, афсуски, ҳамма ўқимаган. Туркистон замин халқлари орасидан эл-юртнинг бахт-саодати деб, унинг озодлиги ва миллий мустақиллиги деб, жон фидо қилган Тўмарис ва Широқ, Спитамен ва Муқанна, Маҳмуд Торобий ва Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди ва Дукчи Эшон сингари кўплаб миллий қаҳрамонлар, Исмоил Сомоний, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Абдуллахон сингари йирик саркарда ва давлат арбоблари етишиб чиққан.
Хўш, биз уларни яхши биламизми? Йўқ, билмаймиз. Қизиллар уларни бизга қора қилиб уқдиришган: золим, қонхўр, босчинчи деб ўргатишган. Қипчоқлар хони Калинни аждаҳо
қиёфасида тасвирлаб, қипчоқлар билан курашган рус баҳодирлари Илья Муромец, Алёша Попович ва Добрина Никитични оқил, одил, забардаст, ботир, алпкомат, суқсур йигит қиёфасида тасвирлаганлар. Масалан, шундай бир суратни («Баҳодирлар» деб аталади ўша сурат) машҳур рус рассоми Б. М. Васнецов (1840-1926) чизган.
Ота-бободан қолган илмий меросимиз ҳам катта ва бетакрор. Жумҳуриятимизнинг бир ўзида ўндан ортиқ кутубхонада жуда кўп ва илм-фаннинг барча муҳим соҳаларига тегишли қўлёзма китоблар бор. Музей ва архивларда тарих ва давлат қурилишига тегишли расмий ҳужжатлар сақланади. Булар бизнинг қарийб минг йиллик тарихимиз. Лекин уларнинг юздан бир фоизини ҳам ўрганнб чикқанимизча йўқ. Уларнинг сақланиши-чи? Бир сўз билан айтганда, сақланиши ёмон. Фожиа шундаки, китоб ва ҳужжатлар сақланаётган бинолар қўлёзма асарлар ва ҳужжатларни сақлашга мутлақо мослаштирилмаган. Шу аҳволда бу бебаҳо бойлик авлодларга қоладими-йўқми, буни худо билади. Арманлар, озарлар ва тожиклар қўлёзма асарларни сақлаш учун барча талабларга жавоб берадиган замонавий биноларни аллақачон қуриб олишган. Ўзбекистон бўлса, улардан минг чандон ортиқ иқтисодий қудратга эга бўлгани ҳолда буни ҳанузгача қуролмади, тўғриси бунга ҳаракат қилмади. Айтишларича, асосан хайрия ҳисобига энди қурилар эмиш. Майли буни ҳам кутайлик, лекин асосий юкни давлат ўз зиммасига олмаса, фақат хайрияга ишониб бундай катта ишии амалга ошириб бўлармикин?
Кўриб турибсиз, тарихимиз бор. Бой тарихий ва маданий меросга эга халқмиз. Ажойиб ва кўпларга ибрат бўладиган анъаналаримиз бор. Тарихни, мерос ва миллий қадриятларимизни яхши билмай туриб, миллий ғурур ва ифтихорни шакллантириб бўлармикин? Миллий ғурур ва ифтихор бўлмаса, миллат ва Ватанни қадрлаб ҳам бўлмайди, ҳимоя қилиб ҳам бўлмайди.
Хўш, бунинг учун нималар қилишимиз керак? Биринчи навбатда, фарзандларимизни яхши ўқитишимиз, уларга аждодлар тарихини ўргатишимиз, улар қолдирган мерос билан ошно қилишимиз керак. Уларни Ватанга, улуғ аждодларимизга ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашимиз зарур. Бир умр меҳнатдан боши чиқмай, қулга айланиб қолган, ифтихор қилса ва мағрурланса арзигулик тарихи, маданиятидан ажралган халқимизга ўзлигини англашида ёрдам беришимиз зарур.
Бунга шарт-шароит борми? Бу мушкул, лекин муҳим ишнинг уҳдасидан чиқадиган одамларчи? Улар борми? Шарт-шароит ҳам бор, малакали кадрлар ҳам етарли. Масалан, пойтахтнинг бир ўзида бир эмас, учта шарқшунослик, тарих, тил ва адабиёт, фалсафа ва ҳуқуқ институтларимиз бор. Ҳукумат уларга яхши-яхши жойларни бериб қўйибди. Маблағ ва моддий-техника воситалари билан ҳам таъминлаб қўйибди. Мутахассис кадрлар масаласига келсак, бу борада ҳам деярли камчилигимиз йўқ. Илмий текшириш ва педагогика билим юртларида, дорилфунунлар ва дорилмуаллиминларда, мактаб ва техникумларда чуқур билимга эга бўлган тажрибали тарихчи олимлар ва муаллимларимиз бор. Биз ҳозир ҳам кўп нарсага қодирмиз. Мактабни қайта қуришга ҳам, тарих ва маданий меросни унумли ўрганишга ҳам. Лекин бундай қилолмаётибмиз. Мактаб аҳволи ҳамон ёмонлигича қолиб келяпти, тарих ва маданий меросни ўрганишда оқсаб юрибмиз. Шундай бўлгач, миллий ғурур билан миллий ифтихорни ўқимаган халқ қаердан олсин?
Ҳамма нарсага шарт-шароит бўлатуриб, бу қадар орқада қолганимизнинг сабаби нимада? Фикримча, бунинг сабаби битта — интизом, хусусан иш интизоми бўш. Ўзимизни, фақат ўзимизни деб меҳнат қиламиз, авлодни ўйламаймиз. Ва яна баъзан меҳнат ўзига яраша тақдирланмайди. Илгариги вақтларда инсон фаолияти уч принцип билан ўлчанарди. Мана ўша уч принцип: 1) кадрларни танлаш ва ўз ўрнига қўйиш; 2) меҳнатга яраша ҳақ тўлаш; ва ниҳоят, ижрони текшириш. Эътибор билан қаранг-а, қандай яхши принциплар. Афсуски, инсон фаолиятини ўлчаш учун бирдан-бир ҳалол мезон бўлган бу принциплар бора-бора йўқолиб кетяпти.
Илм-фан жабҳасини оладиган бўлсак, бу аҳвол бизнинг ижтимоий фанлар соҳасида яққол кўзга ташланади. Айрим одамлар учун фан номзоди ёки фан доктори бўлиб олдингми, марра сеники. Ишласанг ҳам ўша давлат белгилаб қўйган маошни оласан, ишламай йўлини қилиб, ҳисоботни уҳдалаб юрсанг ҳам ўша-ўша маош. Эътибор беринг-а, ҳозир ким кўп — тарих фанлари номзоди билан тарих фанлари доктори кўп. 60-йиллардан тарих фанига ўрта ҳол одамлар кўпроқ кириб кела бошладн. Бир илож қилиб диссертацияларини ёқлаб олдилар, эпчиллари уларни китоб қилиб ҳам чиқариб олдилар. Лекин ундан нарига ўтолмадилар. Аҳён-аҳёнда битта яримта мақола чоп эттирган бўлдилару вассалом. Улар диссертациясиними ёки унга яқинроқ, кўнглига ўлтирган бирон осонроқ мавзуни беш йилликка режа қилиб оладилару, беш йил ўтгач бир папка қоғоз билан қисқа қилиб ҳисобот ёзиб берадилар. Илмий кенгаш бўлса «мавзу бажарилган ҳисоблансин», деб қарор чиқариб беради. Хўш, бу илмий ишнинг нафи бўладими, йўқми бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бир катта илмий ходим беш йилда битта яхши монография ёки камида ўнта илмий мақола чиқармаса, у қанақасига катта илмий ходим бўлиши мумкин! Лекин диссертациядан бошча китоб чиқармаганлар ҳам бемалол биз катта илмий ходиммиз, олиммиз деб, кўкрак кериб юришибди. Йигирма-ўттиз йил ўтса ҳам охирига етказилмаган мавзу ва масалалар қанчадан қанча: эскисини битказолмай туриб, ўзларини янги мавзуларга (масалан, бугун Амир Темур ва Темурийлар жуда расм бўлган) урадилар. Раҳбарлар-чи? Ўша олим мавзуни уҳдалай оладими, йўқми суриштирмай-нетмай, янги беш йилликка янгисини режалаштириб бераверадилар. Оқибати-чи? Оқибати кўпинча хайрли булмайди.
Шу муносабат билан яқинда бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Илмий текшириш институтларидан бирида, илмий кенгашда катта унвон эгаси бўлган бир олим 1993 йилдан бошлаб фалон илмий йуналишга раҳбарлик қилмоқчиман, деб қолди. Бу унинг яхши қарори эди, лекин кечиккан эди у. Ёш бир ерга борганда шундай қарорга келгани бир қадар аянчли туюлди менга. Мавзу жиддий, оғир ва камида беш-олти яхши мутахассиснинг бир жамоага уюшиб ишлашини талаб қиларди. Шунча мутахассисни қаердан олиб бўлади, чунки ҳар бир мутахассис ўз иши билан банд. Ёшлардан жамоа тузиш мумкин, лекин улар жиддий илмий ишга кам деганда ўн йил тайёргарликдан ва малака орттирганларидан кейин киришиши мумкин. Аниқки, мавзу юзасидан иш бошланади-ю, лекин ярим йўлда қолади. Мен бунга кафиллик бераман. Фақат вақт билан давлатнинг катта сармояси беҳуда кетгани қолади, холос.
Кези келганда, ҳисоботлар хусусида ҳам бир-икки оғиз гапириб ўтсам, дейман. Одатда ҳисоботларда мазкур йилда қайси илмий мавзулар устида иш олиб борилди, қанча босма табоқ иш нашр этилди, қанча одам диссертация ёқлади, кимлар қаерда ва қандай конференцияларда қатнашди каби масалалар ўрин олади. Лекин ўша мавзуларнинг қайси қисми ёки боби ёзилиб муҳокамадан ўтган, улардан фойдаланиб бўладими, ўша чоп этилган фалонча босма табоқ ишнинг қанчаси илмий ва илм-фанга ҳиссадор, қанчаси шунчаки илмий-оммабоп мақола, буни суриштирмайди ҳеч ким. Ёқланаётган диссертацияларнинг институтда олиб борилаётган илмий йўналишларга дахлдор-дахлдор эмаслиги билан қизиқилмайди. Ҳисоботларда янги илмий йўналишлар ҳачида ҳам гап боради. Лекин бу илмий муаммони институтнинг бир ўзи еча оладми, илмий кучи борми, бу билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ.
Яна бир гап. Одатда ҳисоботларга бағишланган илмий кенгашларда, айниқса, юқоридан бирор раҳбар келиб ўлтиргудай бўлса, сўзга чиқадиган штатли нотиқлар — тўтиқушлар бўлади. Улар асосан раҳбарларни кўкларга кўтариб мақтайдилар, бошқаларга танбеҳ бермоқчи бўладилар. Лекин, ҳеч ким «Тўхтанг, биродар! Бу илмий муассаса, бу ерда ишлайдиган одамларнинг қадр-қиммати илмий иш билан — босилган китоб билан ўлчанади. Қани айтинг-чи, ўзингиз бу йил қандай илмий асар чоп эттирдингиз, нечта шогирд тайёрладингиз?», деб суриштирмайди.
Тарихчиларимиз хусусида яна бир гапни ҳам айтиб ўтсам дейман. Баъзи ҳамкасбларимиз бир вақтлар замонасозлик қилиб, бирон тарихий воқеага биртарафлама ёндашган ёки ўша воқеага нохолис баҳо берган бўлса, унга қаттиқ ёпишиб оламиз-да, «фалон вақтда сен мана бундай дегансан», деб тинмай айбини юзига соламиз. Ваҳоланки, у аллақачон хатосини тузатиб, тўғри йўлга тушиб олган. Мен бу ўринда тарихшунос Шоди Каримовни мисол тариқасида тилга олишни лозим топдим. У тарихчиларимиз орасида анча кўп ва дуруст нарсаларни ёзаётган олимларимиздан. Газета ва журналларда ижтимоий-сиёсий мавзуларда ва тарих тақдири ҳақида бир қатор яхши мақолалар эълон қилди. Кейинги йилларда, айниқса, Туркистоннинг чор Россияси тарафидан босиб олиниши ва ўлканинг ана ўша йиртқич мустамлакачи империя зулми остида кечган аянчли аҳволи ҳақида кўп ёзаётибди. Ёзганда ҳам куйиниб-куйиниб ёзаётибди. Унинг мақолалари ва китоблари фактик материалга бойлиги ва кўп ҳолларда хулосаларнинг дадиллиги билан ажралиб туради. Лекин у ўша масаланинг ўрганиш тарихи хусусида гапирганда, фикримча, одилона фикр юритмайди. Шоди Каримов Русиянинг босқинчилик сиёсати ҳақида гапирганда, шу мавзу устида ёзган олимларни уч гуруҳга: 1) Ўрта Осиё Русияга ўз ихтиёри билан қўшилган дегувчилар (И. М. Мўминов, Ҳ. Т. Турсунов, О. Аминов, А. X. Бобохўжаев, Н. Бекназаров, С. Соатов. К. Е. Житов, В. Я. Непомнин, Р. Абдушукуров, Ғ. Аҳмаджонов, В. Дубовецкий), 2) босиб олинган дегувчилар (Б. Аҳмедов, Ҳ. Зиёев, Ҳ. Бобобеков, А. Аҳмедов, Ҳ. Содиқов) ва ниҳоят ундай ҳам, бундай ҳам деб айтиб бўлмайди дегувчилар (А. Асқаров)га ажратади. Шоди Каримов, айниқса, тарих фанлари номзоди, доцент Ғ. Аҳмаджоновни, хусусан, унинг 1989 йилда «Фан» нашриётида чоп этилган «Советская историография присоединения Средней Азии к России» ва шу мавзудаги докторлик диссертациясининг авторефератини кўпроқ танқид чилади. Лекин бу 1989 йили бўлган. Биз ҳам унинг ўша монографияси ва автореферати билан танишиб чиқиб, докторлик диссертациясини қайтадан кўриб чиқишини тавсия қилган эдик. Ғ. Аҳмаджонов ўшанда мулоҳаза ва таклифларимизни миннатдорчилик билан кабул қилди ва диссертациясини икки йил қаттиқ ўтириб қайта ишлади. У энди «Советская историография завоевания Туркестана и установления господства России в Средней Азии» деб аталади. Шундан кейин Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қошидаги ихтисослашган илмий кенгаш уни ҳимоя учун қабул қилди. Ғ. Аҳмаджонов 1991 йил 27 декабр куни шу мавзудаги диссертациясини муваффаққият билан ёллади. Иш Олий Аттестация Комиссияси тарафидан тасдиқланди. Ғ. Аҳмаджонов ҳозир шу мавзу устида илмий изланишларини давом эттираётибди. Иним, Шоди! Сиз Ғуломжоннинг ўша монографиясини 1989 йилиёқ тақриз-мақолангизда биринчи бўлиб танқид қилган эдингиз. Мазкур тадқиқотни жиддий тузатганидан хабарингиз бор. Агар билсангиз, бу Ғ. Аҳмаджоновнинг катта жасорати эди. Лекин шундан кейин ҳам эски камчилигини юзига солиб, такрор-такрор танқид қилиш инсофдан бўлмаса керак.
Ўрта Осиёга нисбатан XIX асрнинг 60-йилларида Русия тутган сиёсат борасида бошқача фикр айтган, яъни босиб олинган дегувчи олимлар (Б. Аҳмедов, Ҳ. Зиёев, Ҳ. Бобобеков, А. Аҳмедов ва б.)га келсак, улар, кўп ҳурматли иним Шоди, бу гапни 80-йил ўрталарида, балки ундан кейинроқ айтишган. Агар билсангиз, илгари бунақа гапни айтишга ҳамма чўчиган. Мен ҳам қўрққанман. Русияни босқинчи деб айтиш у ёқда турсин, ҳатто «бизлар ароқ ичишни ўрисдан ўрганганмиз» деб айтадиган бўлсангиз ҳам балога қолар эдингиз. Янглишмасам, ўзингиз ҳам Русияни босқинчи деб яқиндан бери айтаётибсиз, шекилли.
Ҳа, аҳвол шунақа. Ўтган замонларда Академия бўлмаган. Лекин олимлар бўлган. Бўлганда ҳам бири мингга татийдиган машҳури жаҳон олимлар бўлган. Лекин, улар давлатдан маош олишмаган. Ёзган асарига (у маъқул топилган тақдирда) ақча олиб тирикчилик кечиришган. Биз бугун улар билан ифтихор қиламиз, улар билан мағрурланамиз. Ўзингизчи?.. Авлодлар биздан рози бўлишармикан?
Ёшлар келажагимиз. Уларда миллат туйғуси, ғурур ва ифтихор туйғуларини биз олимлар, ёзувчилар шакллантирамиз. Бунда мактабда ўқитилаётган ижтимоий фанлар, айнинса, тарих фанининг роли бениҳоят катта. Лекин, афсуски, тарих ўқитишнинг умумий аҳволи ёмон. Бунинг асосий сабабларидан бири талабга жавоб берадиган дарслик ва қўлланмаларнинг йўқлиги. Тўғри, урушдан кейинги йилларда икки жилдлик «Ўзбекистон халқлари тарихи», икки қисмдан иборат «Ўзбекистон ССР тарихи» ва ниҳоят, тўрт жилдлик «Ўзбекистон ССР тарихи» китоблари нашр этилган. Булар Ўзбекистон халқлари тарихининг академик нашрлари бўлиб, асосан, илмий ходимлар ва юқори малакали тарихчиларга мўлжалланган. Ўзбекистон халқлари тарихи 1958 (муаллифлар Я. Ғуломов, Р. Набиев, М. Ваҳобов) ва 1982 (муаллифлари Ҳ. Турсунов, Н. Бекназаров) йиллари мухтасар, яъни бир жилдлик қилиб чиқарилди. Лекин буларнинг бирортаси ҳам махсус дарслик вазифасини ўтай олмасди. Улар, айниқса, кейинги бир жилдликлар шунчаки қўлланма бўлиши мумкин эди, холос. Ундан ташқари, бу китоблар бугунга келиб, жиддий методологик ва фактик хатолари туфайли эскирди.
1992 йили бир гуруҳ тарихчи олимларнинг ҳаракати билан Ўзбекистон тарихига оид яна иккита китоб нашр этилди. Булардан бири «Ўзбекистон тарихи ва маданияти» (тарих фанлари номзоди, доцент Шоди Каримов раҳбарлиги ва таҳрири остида), иккинчиси «Ўзбекистон халқлари тарихи» (ЎзФА ҳақиқий аъзоси Аҳмадали Асқаров таҳрири остида) деб аталади (бахтга чарши камина беихтиёр биринчи китобга тақризчи, иккинчисига эса автордош бўлиб кириб қолганман).
Шоди Каримов раҳбарлиги остида ёзилган китобда Ўзбекистон халқларининг қадим-қадим замонлардан то шу кунларгача бўлган тарихи жуда қисқа тарзда, ўн етти лавҳага бўлиб баён этилган. Шубҳасиз, ҳажм жиҳатидан кичик бир китобда ва яна ўн етти лавҳада, уч ярим-тўрт минг йиллик тарихни тўкис ёритиш қийин. Шу боисдан бу китобни мен Ўзбекистон тарихидан қисқача конспект, деб атаган бўлардим. Китобда кўп масалалар кўнгилдагидай ёритилмаган, балки шунчаки қайд қилиб ўтилган. холос. Масалан, Амир Темур ва унинг даврига ҳаммаси бўлиб уч варақ ажратилган. Иқтисодий масалалар (савдо-сотиқ) ва маданнй алоқалари деярли ёритилмаган. Бундан ташқари, айрим ноаниқликлар ҳам бор. Масалан, китобда ёзилганидек Чингизхон даврида Хитойда Пекин деган шаҳар бўлмаган. Ўша пайтларда мамлакат пойтахти Джунду, 1153 йилдан кейин Дасин бўлган. 1267 йилда Қубилайхон (1260—1394) унинг шимолий-шарқий тарафида Хонбалиқ деган шаҳар бунёд этдирган. Шундай қилиб, Чингизхон келган пайтда (1215 й.) Хитойнинг пойтахти Пекин эмас, Дасин деб аталган. Яна бир жойда, яъни 1365 йили Самарқандда сарбадорлар ҳаракати ҳақида ҳикоя қилинган ерда ҳаракат раҳбарларидан фақат Мавлонозода билан Абубакр Калавийларнинг номи тилга олинган, холос. Ваҳоланки, уларнинг орасида Хурдак Бухорий ҳам бор эди. Китобда атоқли ва жой номларини нотўғри ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Масалан, Аҳамонийлар ўрнига Аҳмонийлар, Салавкийлар — Селевкийлар, Наршахий — Норшохий, Мароканда — Мароқанд ёзилган. Имло хатолар ҳам анча бор.
Иккинчи китоб, яъни тарих фанлари доктори, профессор М. А. Бобохўжаев раҳбарлигида босмадан чиққан «Ўзбекистон халқлари тарихи» китоби шу номдаги кўп жилдлик китобнинг биринчи қисми бўлиб, китоб тарих фанининг, хусусан археология илмининг кейинги йилларда қўлга киритган ютуқларини маълум даражада ҳисобга олган ҳолда ёзилган. Унда жиддий илмий ёки ғоявий хато йўқ. Лекин у барибир айрим жузъий камчиликлардан холи эмас. Хусусан, бир-икки жойда тарихий воқеа бузиб кўрсатилган. Масалан, Искандар Зулқарнайннинг Спитамен билан бўлган кураши ҳикоя қилинган жойда мана бундай гап бор: «Спитамен эса қамални (Мароканда қамалини Б. А.) бўшатиб, Бухоро тарафга чекинади, сўнгра чўлга чиқиб олади. Аррианнинг ёзишича, Спитамен Политемит (Зарафшон) сувлари суғораётган барча ҳудудларни кезиб чиқади ва ортига қайтгач, минглаб хонадонларни ёқиб юборади, дала ва боғларни топтайди, 120 минг аҳолини қириб ташлайди» (таржиманинг ғализлигини қаранг-а, у аслида рус тилида ёзилган). Ҳақиқатда эса Политемитдан сув ичган барча ҳудудларни кезиб чиққан ва орқасига қайтишда минглаб хонадонларни ёқиб, 120 минг аҳолини қирган, экинзору, боғу роғларни пайҳон қилган Спитамен эмас, балки Искандар Зулқарнайннинг ўзгинасидир (К. Арриан. «Александрнинг юришлари», IV жилд, 5— 6-бетлар).
Яна бир мисол; Китобнинг Амир Темурга бағишланган бобида «Темур болалигидан турк ва форс тилларини билган» деб ёзилган. Табиий, ўз-ўзидан «хўш, ундай бўлса, Темурнинг она тили қайси тил?» деган савол туғилади. Менга шундай саволни беришди ҳам. Амир Темур аслида турк бўлган. Модомики шундай экан, унинг она тили ҳам туркий тили бўлган, албатта. Бизга маълум тарихий китобларда «Темур ўз она тили туркийчадан ташқари форс тилини ҳам яхши билган», деб ёзилган. «Темур болалигидан тожик ва турк тилларини билган» деган гапни бир пайтлар А. Ю. Якубовский айтган. Афтидан, «Ўзбекистон халқлари тарихи»нинг шу бобини ёзган одам ё А. Якубовскийнинг мана шу сўзларни айнан кўчириб қўяқолган, ё бўлмаса ибора таржимада бузилган.
Таржимада (китоб, юқорида айтилганидек, аслида рус тилида ёзилган) ҳам ғализликлар
жуда кўп, Мисоллар келтирамиз:
1) «Ибн Сино ўз билимини бажариш (?) борасида тинмай иш (?) олиб борди» (104-б.) — «Ибн Сино ўз билимини ошириш йўлида тинмай меҳнат қилди», дейилса тўғрироқ бўларди.
2) «Китоб аш-шифо» асарида баён этилган Ибн Сино фалсафаси Шарқ фалсафаси тарихида бутун бир даврни ташкил этади» — «Ибн Синонинг «Китоб уш-шифо»да баён этилган фалсафий қарашлари Шарқ фалсафа илмида бутун бир даврни бошлаб берди», деб таржима қилинса дуруст бўларди.
3) «Берунийнинг айниқса, «Хронология»си пайдо бўлганидан кейин унинг олимлик шон-шуҳрати Шарқда кенг тарқалади» — «Осор ул-Боқия» асари ёзилгандан кейин Берунийнинг олимлик шуҳрати Шарқ мамлакатларида кенг тарқалди», деб таржима қилиш зарур эди.
4) Иқлимий шароитларни ҳисобга олган ҳолда Ўрта Осиё меъморчилиги пахса, хом ва пишиқ ғишт, ганж сингари ашёлар (?) асосида ривож топди» — «Ўрта Осиё меъморчилиги иқлимий шароитни ҳисобга олган ҳолда, пахса, хом ва пишиқ ғишт ҳамда ганж каби қурилиш материалларини ишлатиш асосида ривож топди», дейилиши маъқулроқ эди.
5) «Қорахоний тилчи олим Маҳмуд Кошғарий XI асрда араб тилида «Девони луғат ат-турк» («Туркий сўзлар луғати»)ни тузиб… » — «Қорахонийлар даврида ўтган тилшунос олим Маҳмуд Кошғарий XI асрда «Девони луғат ат-турк» («Туркий сўзлар луғати») асарини ёзиб…» деб таржима қилиниши лозим эди.
Шунга ўхшаш мисолларни китобнинг ҳар бир саҳифасидан келтириш мумкин. Кўп ўринларда шахс жой номларини бузиб ёзиш ҳолларини учратамиз. Масалан, Н. В. Пигулевская ўрнига — Н. В. Пигулевский, Балазурий — Балозурий, ал-Маоданий — ал-Маъданий, ибн Мискавайх— ибн Мисковайх, Фоиқ — Фаиқ, Чағирбек — Чорибек, Жэбэ нуён — Жуба нуён, Омул — Амул, Оҳарун — Ахарун, Марварруд — Марвирд, Болосоғун — Балосоғун, Кот — Қиёт, девони барид — девони бирд бўлиб кетган. Имло хатолар эса ҳаддан зиёд.
Китобдаги камчиликларнинг кўпчилиги уни нашрга тайёрлашга масъул бўлган Комил Холмуҳаммедов, нашриёт муҳаррирлари Оқилхон Одилхов ва таржимонларнинг ишга масъуллик билан ёндашмагани оқибатида юз берган деган фикрдаман.
Яқинда Ўрта Осиё халқлари тарихи институтига юмуш билан борган эдим. Институт директори, тарих фанлари доктори Ҳайдарбек Бобобеков менга Бухородан келган бир хатни кўрсатиб қолди. Мактуб Бухоро дорулфунунининг муаллими, тарих фанлари номзоди Нарзулла Йўлдошевдан экан. У Ж. Баракаев ва И. Ҳайдаров тарафидан 1991 йилда «Ўқитувчи» нашриётида чоп этилган «Бухоро тарихи» китоби хусусида ёзибди. Китоб қадим замонлардан то Октябрь «инқилоби»гача бўлган воқеаларни ўз ичига олиб, умумий таълим мактаблари тарих ўқитувчилари учун қўлланма экан. Мактаб муаллифи, кўринишича, бу китобни қунт билан ўқиб чиққан, уни Ўзбекистон халқлари тарихига оид бошқа китобларга, хусусан зикр этилган икки жилдлик «Ўзбекистон тарихи»га солиштириб ҳам чиққан. Шу асосда Ж. Баракаев ва Й. Ҳайдаровлариинг мазкур китоби паст илмий савияда ёзилганлиги, сўнгги йилларда тарих, хусусан археология фани қўлга киритган ютуқлар ҳисобга олинмаганлиги, энг ёмони китобнинг жуда кўп жойлари ўша икки жилдлик «Ўзбекистон ССР тарихи»дан айнан кўчириб олинганлигини ишонарли далиллар билан кўрсатиб берган.
Тарих фанлари номзодлари М. Исҳоқова ва В. Костецкийлар тарафидан ёзилиб, 1992 йили ана шу «Ўқитувчи» нашриётида чоп этилган ва ўрта мактабларнинг 8-9-синфларига мўлжалланган «Ўзбекистон халқлари тарихи» хусусида ҳам ҳақли эътирозлар бор.
Хулласи калом, дорилфунун ва дорилмуаллиминларни, мактаб ва ўрта ўқув юртларини, қўйингки, миллион-миллион ёш авлодни тарихдан зарур дарслик ва қўлланмаларсиз қолдириб келяпмиз. Тўғрисини айтганда, лоқайдликнинг оқибати бўлди, бу. Бундан 3—4 йил- муқаддам Республика Халқ маорифи ва Олий таълим вазирликларида Ўзбекистон халқлари тарихи бўйича дарслик яратиш масаласига бағишланган бир-икки ,йиғилиш бўлгани эсимда. Бир гуруҳ олимлар (камина, Ҳамид Зиёев ва бошқалар) ўшанда мазкур дарсликни яратиш ишини юқори даражали мутахассисларга: олимлар, ўқитувчилар ва методистлардан иборат жамоага топшириш зарурлигини айтган эдик. Нима бўлганда ҳам «чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйгани яхши» эди. Лекин вазирликлардаги масъул ўртоқлар (республика ўқув-методик кенгаши ходимлари) гапимизга қулоқ осгилари келмади. «Альтернатив тартибда ёзишаверсин, яхшисини танлаб оламиз», дейишди. Шу зайлда бу муҳим иш ўзибўларчиликка ташлаб қўйилди. Оқибат эса ҳаммага маълум. Талаб даражасида бўлмаган дарсликлар ҳар йили чиқиб турибди.
«Ўзбекистон халқлари тарихи» га ўхшаб, Амир Темур, Улуғбек ва Бобур шахси билан қизиқувчилар ҳам, худога шукур, анча кўпайиб қолди. Яқин-яқинларда кўпчилик уларнинг номи қулоққа чалиниши билан ўзини четга оларди. Нима ҳам дердик, азалдан ҳаётнинг ўзи шунана. Кўпчилик нима расм бўлса, ўшанинг кўйига киради. Мана шу кунларда ўтмиш ва машҳур шахслар тарихи, қўпол қилиб айтганда, жуда бозоргир бўлиб қолди. Айниқса, Амир Темур ва унинг авлоди тарихи расм бўлиб кетяпти. Шу боис билган ҳам, билмаган ҳам ўзини шу мавзуга уряпти. Лекин билиб ёзса, тўғри ёзса, нур устига нур. Бироқ шундай бўлмаётибди. Энг ёмони, Амир Темур фаолиятига эски андозада ёндашиб, уни яна босқинчи, талончи ва бузғунчига чиқариб қўйишяпти. Масалан, истъедодли файласуф олимларимиздан Ҳайдар Алиқулов шу йўсинда йўл тутмоқда. У яқинда босмадан чиққан бнр китобида Амир Темур фаолиятидаги фақат салбий томонларнн таъкидлайди, уни фақат золим, босқинчи, қонхўр бир шахс сифатида, шаҳар ва ирригация иншоотларнни вайрон қилувчи шахс сифатида таърифлайди. Унинг бунёдкорлик фаолияти, мамлакат ободончилиги, илм фан ва маданият ривожига қўшган катта ҳиссаси, Русия ва Болқон мамлакатлари халқлари тақдирида тутган ўрни хусусида эса лом мим демайди. У, ҳатто йўлтўсар Узун Ҳасанни Темурдан юқори қўяди. Хуросон Амир Темур даврида гўёки инқирозга тутиб, Узун Ҳасан даврида ривож топган эмиш. Биринчидан, Узун Ҳасан (1453-1478) Темур билан эмас, балки Султон Абу Саид, Султон Ҳусайн ва Алишер Навоий билан замондош. Нима, Ҳусайн ва Навоий даври харобмиди!? Иккинчидан, Узун Ҳасан ва Оқ қўюнлилар Хуросонда эмас, балки Диёрбакр ва Шарқий Анатолия устидан ҳукмронлик қилганлар. Шундай бўлгач, Узун Ҳасаннинг Хуросонга нима даҳли бор?
Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўша замонлардан қолган ишончли манбаларсиз ўрганиб бўлмайди. Шундай манбалар истаганча топилади. Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийларнинг «Зафарнома» асари, Ҳофизи Абрўнинг «Зубдат ут-таворих», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъ ус саъдайн ва мажмаь ул баҳрайн» китоби, Муъиниддин Натанзийнинг «Мунтаҳаб ут таворих», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» ва Хондамирнинг «Ҳабиб ус сияр» асарлари шулар жумласига киради. Ва яна Амир Темур ва Темурийларнинг Оврупо ва Осиё мамлакатлари ҳукмдорлари билан олиб борган ёзишмалари («Мактуботи Темурия» ва б.) бор. Қолаверса, Амир Темур, Мироншоҳ ва бошқа Темурийзодаларни кўрган, билган овруполик элчилар (Клавихо) ва католик миссионерлар (Франческо, Исаак ва бошқалар)нинг эсдаликлари бор. Ниҳоят, архиепископ Иоаннинг 1404 йили ёзган «Дунёни таниш хусусида қўлланма» ва йигирма тўрт бобдан иборат «Темур ҳақидаги эсдаликлар»и бор.
Хуллас, ўқиб ўрганаман деган одамга китоб ва ҳужжатлар кўп. Лекин, сўнгги икки йил ичида асл манбалар туриб, нақл-ривоятлар асосида ёзилган китоблардаи иккитаси босилиб чиқди. Булардан бири Поён Равшанов 1990 йили «Чўлпон» нашриётида чоп этдирган Салоҳиддин Тошкандийнннг «Темурнома»си, иккинчисн, яқинда «Нур» ижодий уюшмаси чиқарган «Зафар йўли» китобидир. «Темурнома» ҳақида биз ўз вақтида фикримизни билдирганмиз. «Зафар йўли»га келсак, бу аслида Амир Темурнинг таржимайи ҳолига оид (асли форсча) асар бўлиб 1835 йили Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821-1842)нинг топшириғи билан Хўжанд қозиси Набижон хатиб томонидан эски ўзбекчага таржима қилинган бир асар. Асарнинг эса ўзбекчадаги матни Русия Фанлар академияси шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург бўлими кутубхонасида сақланаётган нусхаси (тартиб рақами Д. 193) асосида 1891 йили «Амир Темур. «Обстоятельство его жизны, походы, остановки, сражения и миры» номи билан Н. П. Остроумов тарафидан Тошкентда чоп этилган. Асар шу нашр асосида Н. Ликошин тарафидан рус тилига таржима қилинди ва 1894 йили Тошкентда чоп этилди. Асарнинг Б. А. Панов қилган таржимаси (Москва, 1934) ҳам бор. «Зафар йўли» китоби (нашрга тайёрловчи Ашраф Аҳмедов) мана шу Набижон хатибнинг таржимасига асосланган. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бу асар ношир айтганидай жуда ҳам оригинал асар эмас. У аслида «Темур тузуклари» «Зафарнома» сингари китобларга асосланиб ёзилган. Китобда келтирилган маълумот ва фактлар ҳақиқатга зид эмас. Китоб Амир Темурнинг 39 ёшигача давр ичида бўлган воқеалар ҳақида умумий тарзда ҳикоя килади. Лекин «Зафар йўли»да бирмунча хатолар мавжуд. Асарда Амир Темур кураш олиб борган қандайдир ўзбеклар ҳақида сўз боради. Айнан шундай гапни биз «Темур тузуклари»да ҳам учратган эдик. «Темур тузуклари»да ҳам, «3афар йўли»да ҳам тилга олинган ўзбеклар этник ўзбеклар эмас, балки ХIII — ХIV асрларда Дашти қипчоқнинг шарқий қисми (ҳозирги Қозоғистон)да кўчиб юрган турк-муғул қабилаларидир. Туркистон, Эрон, Арабистон тарихчиларининг асарларида бу қавмлар «ўзбеклар», улар кўчиб юрган мамлакат эса «Ўзбеклар мамлакати» деб аталган. ХIII аср ўрталарида, аниқроғи 1251 йилдан кейин, «Мовароуннаҳр» яъни Чиғатой улуси Олтин ўрда хонларининг таъсирига тушиб қолди. Ана ўша йиллардан бошлаб, то Амир Темур замонигача Мовароуннаҳр ўша Олтин ўрдалик ўзбекларнинг сиёсий таъсири остида бўлган. Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида Олтин Ўрда аскарларн турган. Доруғаларнинг кўпчилиги ўша ўзбеклардан бўлган. Биз бу масалани 1965 йили Москвада чоп этилган «Государство кочевых узбеков» деган монографиямизда батафсил баён этган эдик. Бу масалага А. Ю. Якубовский, А. А. Семенов каби улкан олимларнинг асарларида ҳам кенг ўрин берилган. «3афар йўли» китобининг ношири ҳам Амир Темур таржимаи ҳолида тилга олинган ўзбеклар туб Мовароуннаҳр ўзбеклари эмас, балки «дашт ўзбеклари» эканлигини китобга илова қилган «сўз боши»сида ҳам, китобнинг изоҳ қисмида ҳам тушунтиришга ҳаракат қилган. Лекин дуруст тушунтиролмаган. Биринчидан, уларни «дала ўзбеклари» деб атаб чалкашликлар туғдирган. Аслида улар илм-фанда «кўчманчи ўзбеклар» деб аталади. «Кўчманчи ўзбек»ни эса ҳамма яхши билади. Ва яна агарда у бу масала йирик тарнхшунос олимлар А. Ю. Якубовский, А. А. Семёнов, П. П. Иванов ва б. тарафидан аллақачонлар ижобий ҳал қилинганини айтса, ҳеч бўлмаса, бизнинг юқорида тилга олинган китобимнзни эслатганда, мутахассис бўлмаган ўқувчилар орасида англашилмовчилик ва эътирозларга сабабчи бўлмаган бўлур эди.
Китобда шахс ва жой номларнни ёзишда ҳам жиддий камчиликлар учрайди. Масалан, Беркал ўрнига Баргул, Ижил нўён ўрнига Ажал нўён, Кепакхон — Кўппакхон, Инка Темур — Инги Темур, Жоку барлос — Чағуй барлос, Арсиф — Арсаф, Жэта — Жата ва ҳ. к. ёзилган.
Изоҳларда Амир Темур билан Боязид Йилдирим ўртасида бўлган муҳораба вақти 1403 йилнинг кузида деб нотўғри кўрсатилган. Аслида бу воқеа 1402 йилнинг 20 июнь куни содир бўлган.
Айрим жуғрофий номлар ва воқеалар ҳам нотўғри изоҳланган. Масалан, Балх дарёси деганда «Балх шаҳридан ўтган шу номли дарёча» эмас, балки Амударё англашилган. Дашти қипчоқ эса ношир айтгандай «Иртиш дарёсидан то Дунай дарёсигача ерлар» эмас, балки Балхаш кўлидан то Волга дарёсигача бўлган ерлар ва Жанубий Рус ерлари, то Днепргача англашилган. Манбаларни нашр этишда бундай хато ва чалкашликларга йўл қўймасликка иложи борича ҳаракат қилиш лозим эди.
1994 йили улуғ мунажжим ва илм-фан ҳомийси Мирзо Улуғбекнинг туғилганига 600 йил, орадан икки йил ўтиб, 1996 йили кураги ерга тегмаган улуғ саркарда ва йирик давлат арбоби Амир Темурнинг муборак таваллудига 660 йил тўлади. Ҳар иккала сана, ҳам нафақат ўзбеклар, балки барча туркистонлик учун муборак, шарафли сана ҳисобланади. Шундай аждодларимиз борлигидан фахрлансак, мағрурлансак арзийди. Лекин… Ғурур ҳам, ифтихор ҳам бор бизда, аммо кўпроқ оғизда. Мана уч-тўрт йилдан бери Амир Темур каттанинг ҳам, кичикнинг ҳам оғзидан тушмайди: Темур бобом, Темур бобомиз… Амалда-чи? Мақтанадиган еримиз йўқ.
Мана, 1989 йилдан бери АҚШ, Францияда Амир Темур ҳақида бешта катта китоб босилиб чиқди. Бизда ҳали бирорта йирик монография ёзилгани йўқ. Ғарбда бу улуғ шахсни ҳаққоний баҳолашаётибди. Бизда бўлса, эски тос, эски ҳаммом. Мана, Мирзо Улуғбекнинг юбилейига бир йил чамаси вақт қолди. Лекин ҳали сезиларли бир иш қилганимиз йўқ. Олимнинг «Зижи жадиди кўрагоний» ва «Тарихи арбаъ улус» асарларини рус ва ўзбек тилларнга таржима қилиб қўйганимизга икки йил бўлди, лекин нашриётлар қоғоз йўқ баҳона билан уларни чоп қилмаётирлар.
Кўҳна тарихга, улуғ аждодлар хотирасига бўлган меҳр-муҳаббатимиз, миллий ғурур ва ифтихорни уйғотишга бўлган эҳтиёжларимиз бу жабҳада масъуллик билан иш тутиб, янада жонкуярроқ бўлмоғимизни талаб қилади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1993 йил, 5 февраль сони.