Халқнинг дилида ва тилида мудом яшаб қоладиган куй-қўшиқлар яратиш фақат айрича қудратли истеъдод соҳибларигагина насиб этади. Шундай бахтга муяссар бўлган Манас Левиев ҳақида сўз кетганида, “Ўткан кунлар”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман”, “Ёр-ёр” (“Қаердасан, менинг Зулфиям?”) каби машҳур кинофильмларимизда янграган қўшиқларни эслаш кифоя.
Буюк композитор Манас Левиев 1912 йил 25 июлда Наманганда Бенмин Мордухаев ва Блория Левиевалар оиласида дунёга келди. Бўлажак композиторда мусиқага муҳаббат уйғонишида онаси ҳамда акалари Рубен, Эзро ва Ягудаларнинг ҳиссаси катта бўлди. Айниқса, онаси профессионал санъаткор бўлмаса-да, жозибали овоз соҳибаси эди. Фарзандларига алла, лапарлар, ўзбек фольклори ва мумтоз кўшиқларидан айтиб бериб, санъатга яқинлик ҳиссини уйғотганди. Шу сабабли ёш мусиқачи сайил ва байрамларда, тўй-ҳашамларда ҳофиз ва санъаткорлар ижроларидан ҳайратланиб, уларга ҳавас қила бошлайди. Саккиз ёшида ўзбек мактабига қабул қилингач, мактаб қошида ташкил қилинган ўзбек мусиқа чолғулари ансамблига аъзо бўлиб, қисқа муддат ичида ансамблнинг етакчи яккахонига айланади.
1922 йилда эса Левиевлар оиласи Самарқандга кўчиб боради. У ерда ёш санъаткор ўзбек мусиқасининг дарғалари Леви Бобохонов, ака-ука Толмасовлар, Муллақандовлар, машҳур танбурчи Мурдахай Бараев билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлади. Улардан ижрочилик маҳорати, санъат сир-асрорларини астойдил ўрганади. Ҳофизлардан олган “оқ фотиҳаси” билан ўз истеъдодини намоён эта бошлайди ва бастакорликда самарали изланишлар олиб боради. Ёш бўлишига қарамай, дастлаб “Найчилар”, сўнгра Самарқандда машҳур бўлган “Шарқ” номли чолғу дасталарини ташкил қилади ва узоқ йиллар давомида бу жамоаларнинг бадиий раҳбари сифатида фаолият олиб боради.
1930 – 1932 йилларда Самарқанд мусиқа ва хореография таҳсил олади. Композитор мазкур даргоҳда таниқли санъат усталари А.Умурзоқов, М.Харратов, Д.Ибодов, А.Умаров, А.Исмаилов, машҳур назариётчи, мусиқашунос Н.Н.Мироновдан сабоқ олади. Мумтоз ижрочилик санъатининг етук усталари қўлида таҳсил олган Манас Левиев миллий ижрочилик анъаналарини пухта ўзлаштириш билангина чекланмайди, композитор бўлиш мақсадида Ленинградга йўл олиб, мусиқий техникумга ўқишга киради. Ноёб истеъдодининг ёрқин ифодаси бўлган “Нурхон” номли илк симфонияси Ленинград Консерваториясига кириш учун махсус йўлланмага айланди. Ёш композиторнинг истеъдоди Европа мусиқа санъатининг буюк намояндалари Д.Шостакович, М.Гнесин, Х.Кушнаревлар эътиборига тушди. Консерваторияда таҳсил олган даврдаёқ у “ Қизил ва оқ гул”, “Ойдин кечалар” каби бир қатор Бухоро халқ қўшиқларини ноталаштирган эди. Ёш ижодкорнинг бошқа қатор асарлари ҳам Ленинград нашриётида нашр қилинади.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари композитор ўқишини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлиб, кейинчалик яна таҳсилни давом эттиради. Тошкентга қайтгач, қизғин ижод билан машғул бўлди. Хусусан, “Шерзод ва Гулдош”, “Семурғ“, “Олтин кўл”, “Юрак кўшиклари”, “Тошболта ошиқ”, “Тошкентнинг нозанин маликаси”, “Кимга тўй, кимга аза”, “Омон-Али, Замон-Али” каби ўндан ортиқ саҳна асарларига мусиқалар яратди. Ўша пайтларда яратилган “Меҳр ва Суҳайл” балети эса унинг энг сара ижод намуналаридан бирига айланди. Композиторнинг симфоник ижодиёти хор ва оркестр учун яратган кантаталари, поэмалари, ўзбек чолғу оркестри учун мўлжалланган увертюра, турли чолғулар таркиби ва оркестр учун басталаган сюиталарида ўз ифодасини топди. Манас Левиевнинг ўзига хос мусиқий тили халқчил, миллий куй-қўшиқлар замирида шаклланган. Ўз навбатида, миллийлик ва ўта жозибадор оҳангдорлик, куйларининг ёрқин тасвирий жиҳатлари композиторнинг барча саҳна асарлари, вокал ва кинофильмлар учун яратган куй-қўшиқлари халқ орасида машҳур бўлиб кетишига, мухлислар қалбида ўчмас ўрин эгаллашига асос бўлди.
Бугун Манас Левиев қолдирган улкан ижодий мерос ўзбек мусиқа санъатининг хақиқий дурдонасига айланган. Ўзбек ва тожик шоирлари ғазалларига яратган романс ва кўшиқлари, юздан ортиқ вокал асарлари республикамиз телевидение ва радиосида, театр саҳналарида, таниқли хонандаларнинг концерт дастурларида ҳамиша янграб туради. Бу эса буюк санъаткор Манас Левиев истеъдоди ва ижодининг нақадар бетакрор ва умрбоқий эканидан далолатдир.
Равшаной Турсунова, мусиқашунос
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон