1989 йилнинг сентябрь ойининг ўртаси эди. Бир гуруҳ журналистлар Кобул аэропортидан Тошкентга қайтаётгандик. Чипталаримизни эндигина рўйхатдан ўтказаётганимизда ногаҳон аэропорт биносининг атрофига мужоҳидларнинг ракеталари ёғила бошлади. Ракета еру осмонни титратарди. Ноиложликдан ўзимни стол тагига ташладим. Ёнимга Украинанинг Одесса шаҳрига таҳсил олиш учун жўнаб кетаётган бир афғон аспиранти келиб, жойлашиб олди. Неча йилдан буён бомба, ракета овозига ўрганиб қолган афғон йигити гўё ҳеч қандай ҳодиса юз бермаётгандек, парво қилмасди. У мендан: “Шўравийданмисиз?” деб сўради. “Ҳа” дедим мен паст овозда. “Қўрқманг, бу ерга ракета ташланмайди, аэропорт биноси уларга керак. Пешин намози ҳам яқинлашяпти. Намоз пайтида бомбардимон қилиш тўхтатилади”, дея таскин берди. – Эшитишимча, деди у, – Шўравийда Аҳмад Зоҳирни яхши кўрар экансизлар-а?”. “Бале, шундай”, деб тасдиқладим унинг сўзини.
– Шўравий касофати Аҳмад Зоҳирдек қўшиқчиларимиз ҳаётига зомин бўлдию, ўрнига ракета, танк, уруш овозини ташлаб кетди. Ана энди сизлар ҳам бемалол эшитинглар бу овозни!
Афғон йигитининг бу хулосага келганини тушуниш мумкин эди. Чунки собиқ шўро ўзининг гегемонистик мақсадларини рўёбга чиқаришни давом эттириш мақсадида чегарасидаги бетараф ва тинчликсевар Афғонистоннинг ички ҳаётига “Буюк Савр инқилоби” сценарийси туфайли аралашиб, тинчлигини бузди.
“Агар замбаракдан ўқ отилса, мусиқа ўчади”, деб бежиз айтишмаган. Машҳур хонанда ва бастакор Аҳмад Зоҳир ҳам миллионлаб ватандошлари каби мустабид тузумнинг қурбони бўлди. Биз –ўтган аср 70-йилларининг ёшлари сеҳрли овозга эга бўлган хонанда Аҳмад Зоҳирнинг тароналари оғушида ўсдик, камол топдик. Унинг гўзал қўшиқлари мунтазам радио тўлқинлари орқали, кўчаю хиёбонларда, тўю базмларда янграрди. Хонанданинг қўшиқларини ўзбекистонлик хонандалар, халқ артистлари Бобомурод Ҳамдамов, Хайрулла Лутфуллаев, Муҳаббат Шамаева, шунингдек, Мунира Муҳаммедова, Шавкат Тошматов каби ўнлаб ёш қўшиқчилар ўзгача завқ билан куйлардилар. Агар Раж Капур Ҳиндистон санъатини, унинг жозибали куй-қўшиқларини қалбимизга олиб кирган бўлса, Аҳмад Зоҳир афғон халқининг ҳам жўшқин, ҳам фиғонли, дардли қўшиқлари билан қалбларимизни ром этган десак, янглишмаймиз.
70-йилларнинг охирларига келиб, афғонистонлик ижодий гуруҳлар Ўзбекистонга ташриф буюра бошлашди. Улар қаторида Аҳмад Зоҳирни ҳам юртимизга келишини сабрсизлик билан кутардик. Лекин бу истагимиз амалга ошмади. 1979 йилнинг 14 июнь куни Кобул радиоси нохуш хабарни тарқатди: эндигина туғилган кунини нишонлаб, умрининг ўттиз учинчи баҳорини кутиб олаётган севимли хонанда Мазори шариф шаҳридаги концертидан сўнг Кобул томон кетаётганида сирли ҳолатда Саланг довонида ўлдирилади. Бу мудҳиш хабар бутун мамлакатни ларзага келтирди. Буюк санъаткорнинг жанозасида бутун Кобул шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли тўпланиб, унинг жасадини пойтахт чеккасидаги тепаликда жойлашган Шуҳадойи солеҳин қабристонига дафн этади. Биз талабалар бир неча кун ўзимизга келолмадик. “Марги ман рўзе фаро хоҳад расид…” (“Менинг ўлимим бир куни яқинлашади”) қўшиғи қалбимизни янада мутаассир қиларди.
Айтишларича, унинг қабри ойлар давомида гулу гуллолаларга бурканган, ҳаттоки, урф-одатларга хилоф бўлса-да, Аҳмад Зоҳир санъатига шайдо бўлган қизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, у билан видолашмоққа борадилар, мозори устида фиғон кўтарадилар… Ушбу маҳзун лаҳзаларни бевосита ўз кўзи билан кузатган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом “Қор босган тоғлар” (Аҳмад Зоҳир қўшиғи) шеърида шундай тасвирлаган:
Нуристонга етолмай
Йўлда қолдим, вой-вой.
Ишқим баён этолмай
Ўйга толдим, вой-вой.
Мовий кўзли Ҳумайро
Йўлга чиққандир танҳо
Мени кечиргил, зебо,
Ғамга солдим, вой-вой.
Қор босган тоғлар хомуш,
Аждаҳодай Ҳиндикуш
Йўлимни тўсиб турмиш,
Мен йўқолдим, вой-вой.
Дарвоқе, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ҳамда Сирожиддин Саййид ҳам Аҳмад Зоҳир ўлимидан сўнг унга бағишлаб ўз марсияларини битганлар.
Аҳмад Зоҳир Афғонистон мусиқий санъатида катта ўзгариш, таъбир жоиз бўлса, инқилоб қилган санъаткор ҳисобланади. Айтишларича, Афғонистонда аристократлар, давлат арконларида ишлаётган шахслар фарзандларининг санъаткор бўлишига изн бермаган эканлар. Аҳмад Зоҳир аввало, мансабдор кишиларнинг бу қарашларини ўз маҳорати ва одоби билан ўзгартирди. Негаки, у 1946 йил 14 июнь куни Афғонистон қироли Зоҳиршоҳ саройидаги мамлакат бош вазири Абдул Зоҳирнинг хонадонида дунёга келган эди. Отаси ўғлининг шифокор бўлиб, инсонлар дардини енгиллаштиришини орзу қилган эди. Аммо Аҳмад Зоҳир ўзининг таъсирчан, ҳаётбахш ва ёқимли қўшиқлари билан афғон халқининг дарду фироғига малҳам бўлаётганди. Ўғлининг бу интилишини кўрган ота унинг санъаткор бўлишига рози бўлди ва қўллаб-қувватлади. У Кобулдаги “Ҳабибия” лицейини тугатганидан сўнг Ҳиндистондаги санъат институтларидан бирида таҳсил олди. У ерда инглиз, ҳинд ва урду тилларини мукаммал ўрганди, шу тилларда қўшиқлар ижро этди. Ватанига қайтгач, бир муддат “Кобул таймс” газетаси таҳририятида, сўнгра “Афғонфильм” студиясида ишлай бошлади. Аммо у қўшиқсиз, санъатсиз яшай олмасди. Хусусан, Кобул радиосида ташкил этилган оркестр унинг бутун ҳаётини қўшиқчилик санъати билан боғлашга сабаб бўлади. Мана шу оркестр ёрдамида “Интерконтинентал” меҳмонхонасининг катта залида хонанданинг илк концерти бўлиб ўтади. Энди у пойтахтдан ташқари, кўпгина вилоятларга ҳам гастрол сафарларига чиқа бошлади. Унинг овози тезда Афғонистон радиоси тўлқинларини ҳам “забт” этди. Қисқа муддат ичида Эрон, Покистон ва бошқа кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам унинг шуҳрати кенг ёйилди.
Афғонистонда санъаткорларга расман фахрий унвон берилмайди. Халқ ҳар йили ўзининг энг севган қўшиқчиси ёки актёрини танлайди, холос. Аҳмад Зоҳир эса 1971 йилдан умрининг охиригача “Йилнинг энг яхши қўшиқчиси” деган шарафли номга сазовор бўлиб яшади. Чунки у ўз қўшиқларида Шарқ мусиқасининг барча колоритларини сақлаган ҳолда уларга янгича, замонавий руҳ бағишлай олди. “Шарқ ва Ғарб мусиқий санъатларини муросага келтирмоқчиман”, деган эди у журналистларга берган суҳбатларининг бирида. Аҳмад Зоҳир Франция қўшиқчиси Энрико Масиас, Салваторе Адамо, америкалик Элвис Преслиларнинг санъатини чуқур ўрганиб, уларнинг тароналарини Шарққа мослади. Хусусан, Пол Мариа куйи билан унинг ижросидаги “Танҳо шудам, танҳо” (“Ёлғиз қолдим, ёлғиз”) кўшиғи дарҳол Европа аудиториясини ҳам ўзига жалб этди. У Италия, Австрия, Франция, АҚШ мамлакатларига сафар қилиб, афғон ва шу тариқа Шарқ мусиқасини тарғиб ва ташвиқ этган санъаткор бўлиб қолди.
Хонанданинг қўшиқлари матнлари бир-биридан гўзал, маъноли, куйига мос танлаган. Чунки у болалигидан Ҳофиз Шерозий, Мавлоно Жалолиддин Румий ғазалларини ёд олган, Шайх Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Бадриддин Ҳилолий, Лоҳутий назмидан энг сараларига куй боғлаганди. Турмуш ўртоғи Фахриянинг айтишича, Аҳмад Зоҳирнинг кутубхонасида 8000 жилдан зиёд китоб жамланган бўлиб, у бу ерга тонгда кириб, оқшомда битта қўшиқ билан қайтиб чиқар экан. У ўзига жуда талабчан эди. У қайси бир қўшиғини овоз ёзиш студиясида 47 маротаба ёздирган экан.
“Санъаткор иккита нарсани ёддан чиқармаслиги керак, – дерди у, – биринчидан кибр, юлдузлик касали бўлса, иккинчидан санъаткорлар орасидаги ҳасад. Бу иккиси санъаткорни ўлдиради”.
Аҳмад Зоҳир ҳақиқий ошиқ эди. Ундан ошиқлик нима, деб сўраганларида, у ошиқлиқ бу ишқ, Худога, ҳаётга, табиат, борлиққа ошиқлик” деб жавоб берган экан. “Ошиқ шудам, гуноҳи ман ҳамин аст” дейди у қўшиғида. Яъни: “ошиқ бўлдим, гуноҳим шудир!”.
Кўпгина санъаткорлар томонидан турлича талқинда ижро этилган Шайх Саъдий ғазали билан “Эй сарбон” қўшиғи ўзбек мусиқа шайдоларига ҳам яхши таниш. Бу қўшиқнинг куйи Афғонистон қироли Зоҳиршоҳ саройи давраларида ўзинининг муносиб мақомига эга бўлган, афғон халқининг яна бир буюк ҳофизи Сорбонга тааллуқдир. Лекин ушбу оҳанг Аҳмад Зоҳирнинг сурурбахш овозида, унинг хос талқинида янада жозибали янграган.
1996 йилининг кузида толиблар Афғонистонда ўзларининг даҳшатли ва қонли сиёсатини ўрнатдилар. Телевидение ҳамма жойда ёпилиб, барча архив материаллари ёқиб ташланди. Жумладан, Аҳмад Зоҳир аудиокассеталари барча хонадонлардан тўплаб олиб, ўтга ташланди. Диний ақидапарастлар бу билан Аҳмад Зоҳир овозини ўлимидан кейин ҳам бўғмоқчи бўлдилар. Аммо санъат ихлосмандлари нур сари интилдилар. Унинг мусиқий меросини асраб-авайладилар. 2002–2003 йилларда Афғонистонга ижодий сафар қилганимда барча ерларда Аҳмад Зоҳир ноласини эшитдим. Мазори шариф шаҳридаги дўконларнинг биридан севимли хонанданинг ҳар бири рақамланган 15 та аудиокассетасини сотиб олишга муваффақ бўлдим.
Афғонистон – кўп миллатли мамлакат. Аҳмад Зоҳир эса шу юртнинг барча халқлари учун азиз ва севимли хонанда бўлиб қолди. У интервьюларидан бирида: “Асл шоирлар, адиблар ва санъаткорлар ўз эътибори, шуҳрати билан миллатни пароканда эмас, балки бирлик, бирдамлик ва тотувликка чорлашга хизмат қилишлари лозим”, деб таъкидлаган эди. “Менинг орзуим, – деган эди у, – бир куни келиб инсонларнинг бахт-саодатини кўришдир, бу бахт эса фақат тинчлик, бирдамлик ва инсонларнинг дўстлигию иноқлиги билан муяссар бўлади”. Аҳмад Зоҳирнинг бу некбин орзулари бир куни рўёбга чиқишига биз ҳам умид қилиб қоламиз.
Шоқаҳҳор Салимов
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон