Муҳаммад Салом. Барака опам (эссе)

Бомдоддан кейин уйқуни “тўлдириш” илинжида тўлғаниб ётардим. Мана, уч ҳафта­дирки, дала ҳовлидаман, лекин изга тушолмаяпман: ҳамон милк азоби; юрак тез уриши, уйқусизлик тинкамни қуритяпти. Муолажалар нафини сезмаяпман. Тоғбағри, булоқ сувлари, мусаффо ҳаво ҳам жонимга оро кирмоқчи эмасдай. Лекин бундан-да зўрроқ имкониятим йўқлигини ўйлаб, ўзимга тасалли бераман, уйқуни қувишда давом этаман.
Йўқ, қайта ухлолмадим. Беҳуда ётишдан не фойда! Энди қўзғалган эдимки, ёстиқ ёнида турган жажжихон “сайраб” қолди. Рақам эгасини эслай олмадим, елка қисиб, эринганча унга қулоқ тутдим:
– Тоға, мен Равшанман, саломалайкум.
Равшан – Барака опамнинг тўнғич ўғли, ёши етмишга яқинлашган, юраги важидан гоҳо биз томонларга дам олишга келиб туради. Шуни ўйлаб:
– Валейкум ассалом, Равшанбек! – дедим кўтаринкироқ кайфиятда. – Шаҳарда бўлсанг керак, иссиқдан қоч, тезроқ бу ёққа кел.
Мунгли хўрсиниш эшитилди:
– Қишлоқдаман, тоға… Онам… – у ҳиқиллагандай бўлди, узоқроқдан аёлларнинг йиғисию чувири унинг овозига қўшилиб кетди…
– Нима? Опам? Қачон?
– Қирқ дақиқа аввал… – у гапини давом эттиролмади, телефон “ту-ту”лади.
– Э, ўзимнинг жигаргинам! – деган сўзлар беихтиёр лабларимдан учганча телефон экранчасига кўз солдим, соат: олти-ю эллик. Худди ҳозироқ йўлга тушадигандай шарт ўрнимдан турдим. Кийиниб, ҳовлига тушдим. Сокинлик. Қуёш ҳали юқори кўтарилмаган, дарахтлар шохлари орасидан заррин ёғду сочаяпти. Аммо, ҳа демай, бу ёғдулар тепадан олов каби пуркалишга ўтади, одамларни соя-салқинлар томон “қувлайди”…
“Бу ерда шунчалар иссиқ, – деб пичирладим. – У ёқда, қишлоқда… – Жазирама, сароб жимир-жимири кўз ўнгимда жонланиб, лабимни тишладим. – Чидармиканман? Билмадим-да… Жанозага етиб боролмаслигим аниқ. Бу иссиқда йўл азобига юрак дош беролмас: ўзим ҳам катта ташвишга айланиб қолишим ҳеч гап эмас. Унда?..”
Шу он саккиз ёшли неварам Нигина уйдан чиқиб, пинжимга тиқилди. Индамай, хаёлчан ҳолда унинг пўпалоқ сочларини сийпаладим. У ҳаммадан эрта туриб, ҳовлига чиқади, дарахтзорлар айланиб юради. Баъзан ҳовуз бўйида ўтириб, сув ўйнашни хуш кўради. Гоҳида эса хонтахта рўпарасига ўтириб, суратлар чизади. Иккинчи синфни тугатиб, таътилга чиққанидан буён шу ерда – бобосию бувиси ёнида. Аммо ҳозир у кутилмаганда бошқа фикр айтди:
– Бобожон, юриинг, тоққа чиқайлиик.
– А? – деб унга анграйиб қарадим. У баланд овозимдан чўчидими, кўзлари пирпираганча менга баттар ёпишди:
– Йўқ деманг, бобожон…
“Ўзимнинг тоғим чиқиб турибди, тоққа бало борми? – деб юборишимга сал қолди. Ўзимни босдим. Хаёлимда қишлоқ, Барака опамнинг ҳовлиси, фарзандлари, невара-эвараларининг олача тўнда дод солиб йиғлашлари, атроф-теваракдан ёприлиб келаётган одамлар гир-гир айланади. – Боришим керак…” Бироқ боролмаслигимни яхши биламан. Ҳатто, учоқда ҳам бунга эришиб бўлмаслигига ишончим комил. Кўнгил эса…
Билагим сийпаланди:
– Бобо, бобожон…
Зорланиш кўнглимга калит солди, чоғи, беихтиёр:
– Бор, бошингга соябонли қалпоғингни кийиб чиқ, – деб юборибман. Нигина қувончидан кафтимдан ўпиб олдию югургилаб кетди. Бир неча қадам юргач, бурилди-да:
– Опамниям уйғотайми? – деб кўзлари жавдиради. Қовоғим уюлди. Бош теб­ратдим. У мени тушуниб, энди сустроқ одимлар ила, индамай йўлида давом этди. Унинг истагини бажо келтирмаганим учун кейинроқ афсус чекдим, албатта. Шу тобда кўнглимга қил ҳам сиғмас эди.
– Қайси тоққа чиқамиз, бобожон? – тирсагимдан тутиб олган Нигина анча юрганимиздан сўнг сўраб қолди.
Нима дейишни билмай, тўхтадим, тобора баландлашиб боргувчи кўм-кўк, виқорли чўққиларга кўз ташладим. У томонлардан ғоят ёқимли, салқин эпкин эсиб турибди. Ёшроқ пайтимизда у ёқларгача кўтарилиб, ўзимизча ҳайқирганмиз, одамлар матор деб атайдиган сомсабоп кўкатлар, қўзиқорин, йирик-йирик зиралар териб қайтганмиз. Шундай саёҳатга невара ундаяпти, кўнгил ҳам қўмсаяпти. Аммо вақтга қизғанади киши. Ҳафсала ҳам йўқ…
– Қани, бораверайлик-чи, оёғимиз қаерга олиб боради, Нигина, – дедим бироз очилиб, неварамнинг елкасидан қучиб. – Чарчасак, қайтамиз.
– Мен чарчамайман, бу ерлардан опаларим билан кўўп ўтганман…
– Сира чарчама, болам, – деб юқори интиламан. Айни шу чоғ, ўз-ўзидан хаёлимни Барака опам эгаллайди: “Кечирасиз, видолашга боролмадим, опажон… – дейман ичимда алам билан, ўзимни оқлашга уриниб. – Ислом амакимдаям худди шундай бўлувди: энг жазирама пайтда бу дунёни тарк этгани туфайли (ўшанда ҳам дала ҳовлидайдим) ҳаво бироз салқинлашган кезда фотиҳага борувдим. Энди сиздаям шундай бўлади, чоғи, опа…”
Барака опам – раҳматли онамнинг жияни, амакисининг қизи. Мендан, тахминимча, етти-саккиз ёш катта. Мен ва укаларим уни хола демасдан опа дейишга ўрганиб қолганмиз. Аслида ҳам бу меҳрибон аёл бизларга чин опалик вазифасини бажарган, қалбимизга шу тарзда томир ёйган.
У вақтларда биз болакайлар уни бошқа хонадондан келган қиз эмас, балки ўз жигаримиз деб билардик. Бунинг қандай рўй берганини ҳозир ҳам эслай олмайман. Жуда оғир йиллар бўлган: 1933 йилдаги очарчилик, манфур Сталин қатағонлари, Иккинчи Жаҳон муҳорабаси ҳисобсиз оилаларни буткул қириб, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Ота-она жиҳатдан боболариму бувиларим, қанчалаб қариндош-уруғларим даҳшатли бу кўргиликлардан мислсиз жабр кўриб, кўп қурбон берганлар. Бизнинг Барака опамиз – шундай жафо чекканларнинг бири. Ота-онадан анча эрта айрилгани етмагандай, унинг биргина Рустам акасини ҳам уруш гирдобига тортишган. Оилада ёлғиз қолган қизалоқни онам ва отам ўз паноҳларига олишган.
Отам ҳисоб-китоб илмида жуда керакли одам бўлганлиги, фронт ортини мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарурлиги боис урушга жўнатилмаган. У киши учта жамоа хўжалигида бош ҳисобчи вазифасини адо этар, кечаю кундуз тиним билмас, биз болалар падаримиз билан жуда кам кўришар эдик. Онам эса кўп болали бўлишига қарамай, эртадан кечгача далада ишларди.
Кўпчилик эдик. Барака опамга ўхшаб, етим қолган, ҳеч кими йўқ бошқа болалару қизлар ҳам оиламизни тўлдириб турарди. Ҳовлимиз унча катта эмас, атрофи пахса девор билан ўралган, биттагина етти болорли уй ва олдию орти кичик мадон – даҳлизчадан иборат эди. Узун тўшакда ҳаммамиз тизилишиб ётардик. Кичикларнинг каттаси Барака опам бўлиб, бизларга бошчилик қиларди. Қозон-товоқ, сигир-бузоқ, майда ишлар ҳам опамнинг елкасида эди. Кейинчалик отам ошхона ёнидан кичкина уйча тиклаб, опам ва укам Умматни ўша ёққа ўтказди. Мендан кейин туғилган Уммат йиғлоқи ва инжиқ эди. Унинг инжиқликларини фақат Барака опам кўтарар ва овутиб биларди. Отам ва онам ишга кўмилганлари сабаб Умматнинг хархашаларига унча чидамасдилар. Опам эса қийинчилик қуршовида ўсиб, анча пишган, чидамлигинайди. Аслида онам бу борада жиянидан ҳам “ўзиб”, етимчалик азобидан ғоят кўп азият чеккан, машаққатлар кейин ҳам давом этган эди. Давр ўзи шунақайди – етимлар, ҳеч кими йўқ ночорлар ҳар қадамда учрарди. Шўро давлати одамларни шу ҳолга солганди. Ўз юртингда бошинг эгик, дардингни бировга айтолмас эдинг. Чидамаганнинг шўрига шўрва қайнарди. Ювошлигу меҳнатгина одамни ҳалокатдан қутқарарди…
Мен ўчоқбоши ишларида, сигир соғишларда, укаларни овутишда Барака опамга кўмаклашардим. Опам кеч ётиб, эрта турар, мени ҳам уйғотиб, ўзига ҳамроҳ қиларди. Камгап эди. Бирор марта ҳузурланиб кулганини, бирор нимадан завқланиб гапирганини кўрмаганман. Жаҳли чиққан чоғда хўмраяр ёки уришарди: “Калланг қурмагур!” Бунақа “сўкиш”ларга Уммат укам энг кўп “эришган”. Албатта, мен ҳам қуруқ қолмаганман.
Барака опамнинг ўқишга тоқати йўқроғиди. Мактабга у доимо кечикиб борар, дарсларни ўзлаштирмас, паст баҳоларда ўқирди. Мактаб директори бундайларни кенг ўқувчилар ўртасида изза қилар, яхши ўқишга, интизомга чақирарди. Лекин ўзгариш бўлмас эди. Бечора опагинамни бирор марта дарс тайёрлаган, китоб ўқиган ҳолда кўрган эмасдим. Ўша вақтларда ўзимнинг ҳам ўқишга унча ҳушим йўқ, дарслардан қочишга уринардим.
Урушдан кейинги дастлабки йиллар эди. Биринчи ўқитувчим Ботиров муаллим интизомсизлигимдан шикоят қилиб, гоҳо уйимизга келиб турарди. Уни узоқдан кўрибоқ жуфтакни ростлардим. Онам ўқишга қизиқишимни жуда истар, ўзи эса мен билан шуғулланишга вақт тополмасди. Шу боис мени Барака опамга топширган: “Мактабга олиб бориб, синфга киритиб қўясан”. Опагинам эрталаб қўлимдан тутганча ҳовлидан чиқади. Катта йўлга ўтганимиздан сўнг мен бир силтаниб, қочиб қоламан. Опам: “Ҳаҳ, калланг қурмагур” деб койиганча мактабга ёлғиз жўнайди. Мен баҳайбат кўприк тагида бир фурсат яшириниб тургач, янги ҳамроҳларга қўшиламан. Бошқа маҳал эса йўл бўйидаги буғдойзорлар мени ўз паноҳига олади… Синфдошлар мактабдан қайтар чоғи халта-сўмкамни кўтариб, уйга келаман. Яна ўйинга ғарқ бўламан. Опажоним мени онамга чақмайди. Аммо бир ҳафта ўтиб, Ботиров “шайтон араваси”да яна бизникига келади. Мен тағин ура қочаман. Муаллим ўз “арава”сида мени қувади. Мен айқириб оқгувчи рўд бўйларидаги жарликлар, қалин бутазору юлғунлар оралаб, кўздан ўчаман. Ноилож қолган устоз мени уйимизда кутади, кечқурун уловига ўтқазиб, алдаб-сулдаб, ўз ҳовлисига олиб кетади. Шунчалар қийнашимга қарамай, бир йилгина бизга сабоқ берган муаллим нечундир менга қўл кўтармаган, ёмон сўзлар айтиб, сўкинмаган. Ўйлашимча, бунда Барака опамнинг ҳам ҳиссаси бордир. Негаки, опажоним муаллимдан ҳам, баъзи катта болалардан ҳам ўзига хос муомаласи билан мени ҳимоя қилган. Бир марта эса мени урмоқчи бўлган каттароқ боланинг ортидан хивич кўтарганча: “Ҳаҳ калланг қурмагур” деб, қувлаган. Шуларни эслаб, ногоҳ кўнглим бўшашди:
– Опагинам, энди йўқсиз… – деб пичирладим. – Бориш керагиди-я…
– Қаёққа борамиз, бобожон? – деб Нигина қўлимдан тортқилади.
– Нима? – деганча неварамга мунғайиб қарадиму ўзимга келдим. У киприкларини пирпиратиб, оғзини ярим очганча менга қараб турарди.
– Бобожон, нимага йиғладиз?
– Йиғлабманми?
– Ҳи… Нимагаа? – у билагимни сийпалади. – Чарчадизми?
– Кел, анави тошга бирпас ўтирайлик, – дедиму қорамтир-қўнғир тош устига оҳиста чўкдим. Ҳаво салқин эса-да, бутун вужудимдан тер ёғиларди. Нигина индамасдан пешонамдаги томчиларни қўлчаси ила артиб олгач, бўйнимдан қучди. Мен дарҳол уни бағримга босиб, манглайидан ўпдим. – Қандай бахтиёрсан-а, болажон.
У ҳеч нимага тушунмай, кўзларимга ажабланиб қаради. Изоҳ бергим келди:
– Отанг, онанг бор, сени тоғларга олиб чиқувчи бобонг, бувинг, опанг бор. Менинг Барака опам эса ғирт етимчайди.
– Опайиз борми, бобожон?
– Бориди…
– Мен уларни кўрувдимми?
– Йўқ, кўрмагансан. У Тошкентга келмаган. Жуда узоқдайди,Чўғолонда. Бугун вафот этибди. Боролмадим… – мижжамдан бир нима сизди.
Нигина бошини қуйи солиб, хомушланди. Кейин қаддини тиклаб, менга маслаҳат берди:
– Эртага боринг.
Бош силкиган бўлдим.
– Мениям олиб борасизми, бобожон? – у бўйнимдан қучиб, кўзларимга тикилди.
Жавоб қайтаролмай, четга қарадим.
– Опайиз яхшийдилами?
– Ҳа, жуда яхшийди… – деб ўйга чўмдим. Айни шу топда бир воқеани эслаб, кулгим қистади.
Меҳрибон опажонимизни турмушга чиқазадиган бўлишди. Бу хабарни эшитиб, болалар исён кўтарганмиз.
– Йўқ, опамизни ҳеч ёққа юбормаймиз!
Отам билан онам кулиб юборишган.
– Опаларингни бошга ёстиқ қиласизларми? – деган отам кулгидан тўхтаб.
– Опам мени ёстиғим, – Уммат опамизни қучоқлаб, юзидан ўпган.
– Опанг узоққа кетмайди, – деб онам бизларни тинчитишга уринган. – Йўлдош Шер тоғангга бериб юборамиз.
Йўлдош Шеров Барака опамизнинг ота-она қўшниси, биздан бир чақиримча нариги кичик қишлоқда онасию касал опаси билан бирга яшар, урушдан яраланиб қайтгач, бригада ҳисобчилигини олиб борар, отамнинг шогирдларидан саналарди. Бизга яхши муомала қиларди. Бироқ опамизни бировга узатишни ақлимизга ҳам сиғдиролмас эдик.
– Йў-ўқ, бермийман, мен опамни уйчамизга қулфлаб қўяман! – опамизни ҳозир олиб кетиб қолишадигандай, Уммат унга маҳкам ёпишган.
Дарҳақиқат, Умматни кўндириш осон кечмаган, у бўлажак язнасини кўчада кўриб, унга кесак отган. Кесак йигитнинг пешанасига тегиб, уқаланиб кетган. Куёв ғазабланиб, бир неча қадам сакраганча қайнисини тутиб олган, шишиб чиққан манглайини кўрсатиб, уни сўроққа тутган. Бола “опамни сизга бермийман”, деб йиғлаб юборган. Вазиятни тушунган Йўлдош язна кулган кўйи уни бағрига босган, ўзига “элитган”. Ҳатто, тўйдан кейинги тонгда, безатилган отга келинни минғазиш чоғида Уммат ҳеч кимни йўлатмай, узангини ушлаб турган, опасидай ювош отни куёвникигача етаклаб борган, язнасидан совғалар олган.
Йўлдош Шер қадди басти келишган, ақлли, муомаласи ширин, камгап, аммо ўрнига тушириб гапирадиган, самимий киши эди. Барака опам билан уларнинг турмуши ғоят тотли, кўпларга ибратли тарзда ўтди. Беш ўғил, икки қиз, кўплаб невара-эваралар, келин-куёвлар хилма-хил гуллар каби ажиб оилани безаб, хонадон чироғини ёқиб турибдилар. Уларнинг каттасидан то кичигига қадар – ҳаммаси юрт бойлигига бойлик қўшишяпти, маданияту маърифатга хизмат қилишяпти…
– Мениям олиб бориинг, бобожон.
– Хўп, – деганимни ўзим ҳам билмай қолибман.
– Қачон?
– Иссиқлар пасайсин, кейин, – дея ўрнимдан турдим. – Қани, қайтдик.
– Бобоо… – Нигина аразлаган каби йиғламсираб, қийшанглади. – Анави тоққа чиқмаймизми?
– У тоғ… чўққи… жуда баланд, – дедим каловланиб. Сўнг атрофга назар солдим. Эҳ-ҳэ, ҳозир ҳам анча баландлабмиз! Олд тарафда ажиб ўтлоқлар, тоғолчаю дўланазорлар, нарироқда ғадир-будур харсанглару бориш маҳолдай туюлгувчи баҳайбат қоялар ястаниб ётибди. Уларга қорли чўққилар туташиб кетган… Ортга қараймиз, воҳ, бу ёқда ҳам ажиб манзара: Чорвоқ сув омбори Қуёш ёғдусида жимирлаб; ялтираб кўзга ташланади. Хумсон томондан тўполон солиб, тўлқинланиб келиб, унга қўшилиб кетгувчи, жозибали Угам дарёси; сўнг Чирчиқ номини олиб, бош кентимиз сари сокин оқгувчи обиҳаёт канали; унинг белида белбоғ каби боғланган замонавий кўприклар; улардан турна қатор ўтаётган хилма-хил машиналар; эски ва янги Хўжакентни шаҳар тусига киритган муҳташам кошоналар завқингизни оширади, дилларни яйратади.. Тепадан эса энди аланга-оташ тусига кириб, ёғилаётган ёғдулар кишини ҳаракатга чорлайди. – Ҳаво исияпти, – дедим неварамга осмонни кўрсатиб. – Ҳозир у ёққа чиқиб бўлмайди.
– Қачон чиқамиз?
Нима деб жавоб қайтаришни билолмадим. Алдашни эса хаёлимга ҳам келтирмайман. Баландга кўтарилиш, тоғ сайри тафтимни босган, вужудимни хилтлардан тозалагандай эди, неварамга кўтаринки кайфиятда:
– Менинг Барака опамдай чидамли, сабр-бардошли – кучли бўлсанг, у ёқларга чиқасан, – дедим.
– Опайиз кучлийдиларми?
Бош силкиб, маъқулладим. Кўнглимдан эса: “Сабрли, чидамли бўлгани учун ҳам шунчалар машаққатларни босиб, шу ёшга етди, эъзоз топди, – деган ўй кечди. – Гўрингиз нурга тўлсин, опажон…”
Бу фикр миямдан ўтиши билан дарҳол ўтлоққа чўкдиму овоз чиқариб, “Таборак”ни бошладим. Нигина ҳам ёнимга аста ўтирди, кафтимни очган чоғимда у ҳам дуога қўл кўтарди…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 5-сон