Поляк бастакори ва мусиқашунос Фредерик Шопеннинг номи жаҳон мусиқа санъатининг Моцарт, Бетховен, Бах каби даҳолари қаторидан ҳақли равишда муносиб ўрин эгаллаган. Улкан истеъдод соҳиби Шопен ижоди инсоний эҳтиросларга, ҳис-туйғуларга бой. Шунинг учун ҳам уни бир чашмага менгзаш мумкин.
1810 йил 22 февраль куни Варшава яқинидаги Желязова Боля қишлоғида асли насаби француз бўлган Николя Шопен ҳамда поляк аёли Юстина Кшижановская оиласида бир гўдак дунёга келади. Унинг юксак истеъдод эгаси эканлиги ёшлигиданоқ башорат қилинган. Болакай даставвал опаси Людвика билан дуэтлар ижро этиб юради. Кейинчалик у опасини “илк устозим” дея эътироф этади.
Болакай етти ёшга тўлганида, отаси уни мусиқий савод чиқариши учун фортепьяно бўйича мутахассис қўлига топширади. Жажжи Фридерикнинг ажабтовур одатлари бўлиб, фортепьянони қоп-қоронғи хонада чалишни жуда-жуда ёқтирарди. У баъзан ярим кечаси уйғониб, ўзи ёқтирган мусиқасини баралла чалишга тушиб кетар, бундан уйидагиларнинг ўтакаси ёрилай дерди. Миттигина бармоқчалари билан клавишларни чалишга қийналаётган Фридерикнинг хаёлига бармоқ ўстирадиган мослама ясаш фикри келади. У жони оғришига қарамай, мосламани кечаю кундуз қўлига тақиб юради. Табиийки, бундай болани кўрган кўз, эшитган қулоқ борки, уни сал “ғалатироқ”қа чиқариб қўйиши аниқ. Хонадон хизматкорлари эса уни нақ ақлдан озган дейишади. Шопен ўн ёшида князь Константинга бағишланган маршини яратади ва бу асар ҳарбий оркестр жамоаси томонидан бир неча марта ижро ҳам этилади.
Кейинчалик ёш санъаткор таниқли чех мусиқачиси Войцех Живний қўлида таҳсил олади. Ўшанда мураббийси унинг қалбида И.С.Бах ижодига меҳр уйғотган бўлса ажаб эмас. Боши билан ижодга шўнғиган Фридерикдан машҳур мусиқачи чиқишига шубҳа йўқ эди. Ёш Шопен иқтидори, тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги туфайли “поляк Моцарти” номини олади. Ўн икки ёшга тўлганида унинг маҳорати барчани, яқинларию таниш-билишларини ҳайратга солади. Ўзидан-да ўзиб кетган шогирдига бошқа ҳеч нима бера олмаслигини англаб етган устози Живний эса унга сабоқ беришдан воз кечади.
1829 йилдан Шопеннинг мустақил равишдаги ижодий фаолияти бошланади десак хато бўлмайди. Ижодкор Вена, Краков каби шаҳарларда гастрол сафарларида бўлиб, ўз истеъдодини намойиш этади ва кўплаб мухлислар орттиради. Моцарт, Бетховенлар Венани забт этганидек, Шопен ҳам бутун Парижни ўзига буткул ром этади.
1830 йилда Польша озодлиги йўлида кўтарилган қўзғолонда санъаткор ватанидан анча олисда эди. У бу қўзғалоннинг дарагини эшитиши биланоқ куйиб- ёниб йўлга отланади. Бироқ манзилга етишга улгуролмайди. Бу пайтда қўзғалон бостирилиб бўлган, қатнашчилари эса ҳибсга олинганди. “Польша порлоқ, забардаст, ҳур юрт бўлади!” – деб ёзган эди у ўз кундаликларида.
Шопен мунтазам концерт дастурлари, тадбирлар уюштириб турар, уларда асосан ўзи яратган куйларни чаларди. Концертларининг бирида у Моцартнинг “Дон Жуан” асарини янгича талқинда ижро этади. Айнан шу куй сабаб немис бастакори ва мусиқашунос мунаққид Роберт Шуман: “Жаноблар, бош кийимингизни ечинг, қаршингизда – улуғ истеъдод соҳиби турибди!” – деган сўзлар билан Шопенни мақтову олқишларга кўмиб ташлайди.
Шопен мусиқага алоҳида бир тил сифатида қарар, уни инсоннинг табиий, равон нутқига қиёсларди. Унинг “Тил яккам-дуккам сўзлардан эмас, яхлит нутқдан ташкил топганидек, алоҳида товушлар ҳам куй ярата олмайди. Мусиқа ҳосил бўлиши учун товушлар уйғунлиги керак”, деган сўзлари айни ҳақиқатдир.
Венгер бастакори Франц Лист Шопен ижодига таъриф бериб: “Унинг оҳанглари гўё шиддатли тўлқинлар узра тебранаётган қайиқдир, ёки, аксинча, бу фоний дунёда дафъатан пайдо бўлиб, нигоҳимиз элас-элас илғайдиган шарпа мисолдир”, деган эди. Бетховен даврида урф бўлган мусиқий классицизм кейинроқ романтизмга ўрин бўшатиб беради ва Фридерик Шопен бу йўналишнинг ёрқин вакилига айланади.
1836 йили Фридерик Парижда Жорж Санд тахаллуси остида ижод қилган адиба (асл исми шарифи Аврора Дюпе) билан танишади. Шопеннинг ўзига ҳам, асарларига ҳам мафтун бўлган бу аёл кейинчалик санъаткорнинг ҳамроҳи, маслакдошига айланади. Улар қарийб ўн йил давомида турмушнинг аччиқ-чучугини, қувончию заҳматларини бирга тотиб, бир-бирларига суяниб яшашади.
40-йилларнинг охирларида бастакор Англияда яшай бошлайди. Аммо кундан- кун аҳволи оғирлашиб бораётган Шопеннинг дарди у ерда баттар ёмонлашади. Шундай бўлса-да, у лорд Дадли Стюартга берган ваъдасининг устидан чиқади. 1848 йилнинг кеч кузида Польша дўстлари жамиятининг фойдасига уюштирилган хайрия концертида иштирок этиб, мухлисларини яна бир карра хушнуд этади. Бу эса унинг сўнгги концерти эканлигини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди…
1849 йилнинг 17 октябрида – жаҳон мусиқа санъати яна бир забардаст, истеъдодли ўғлонидан жудо бўлди…
Буюк бастакор Фридерик Шопендан фортепиано учун иккита концерт, трио, сонаталар, тўртта баллада, тўртта экспромт, ўн олтита полонез, эллик саккизта мазурка, ўн еттита вальс, йигирма битта ноктюрн, йигирма олтита прелюдия, йигирма еттита этюд, ўн тўққизта қўшиқ ва бошқа кўплаб мусиқий асарлар ижодий мерос бўлиб қолди ва жаҳон мусиқа санъати хазинасидан жой олди.
Шопен ўз ҳаётининг сўнгги дамларини Францияда ўтказган бўлса-да, вафотидан сўнг жасадини киндик қони тўкилган, болаликнинг шоду хуррам дамлари ўтган она Ватани – Польша тупроғига қўйишларини васият қилади. Фридерик Шопен қисқа умр кўрди, у бу дунёдан кўз юмганида ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаганди. Аммо бир ярим асрдан ошибдики, унинг номини санъат ихлосмандлари даҳо ижодкор сифатида ҳали-ҳануз фахр билан тилган оладилар. Буюкликнинг шарафи ҳам, шони ҳам шунда, аслида.
Гулҳаё Абдуғаффорова тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон