Кино инсон онги-шуури, қалб-вужудига қадар етиб борувчи, таъсир кўлами, жозибадорлиги билан санъатлар ичида етакчи соҳа, десак муболаға бўлмас. Акс ҳолда, шоир шеъри, ҳофиз куйию мусаввир мўйқаламида бўй кўрсатган ОЗОДЛИК Мел Гибсон талқинида этимизни жунжиктириб, вужудимизни титратмаган бўларми эди. Биттагина сўздан истаганча нидо, алам, қасос, журъат нишонасини топиш мумкин. Актёрнинг санъаткор сифатидаги буюклиги ҳам, маҳорати ҳам шунда. “Шерюрак” фильмини ўйлайман. Инсониятни йўлга отлантирган фильм. Ҳар бир инсонга хос эрк истаги – замону макон танламас истак. Уильям Уоллес – бош қаҳрамон – ҳаёт учун, озодлик учун курашади. Ҳаракатларда, нигоҳларда истакларнинг бари намоён. Унинг бутун умри эрк учун курашдан иборат. Ҳаёт эса унинг устидан тинимсиз кулади… Шотланд ўғлони Уильям Уоллес хаёлимга келар экан, беихтиёр мўғул истилосига қарши курашган ўзбек саркардаси, қаҳрамон Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди каби мард аждодлар кўз ўнгимда гавдаланади. Ҳа, бу қаҳрамонларнинг бари ШЕРЮРАК!
Фильмда 1280 йилдаги воқеалар тасвирланади. Орани етти асрлик масофа, кайфият, ҳолат ажратиб туради. XIII аср одамини тушуниш, унинг қалбидагиларни ҳис қилиш актёрдан ҳам, режиссёрдан ҳам, сценарийнависдан ҳам алоҳида маҳорат кутади. “Шерюрак” фильми мана, орадан йигирма йилга яқин вақт ўтиб, ўзи ахтарган мухлисни топдими-йўқми? Бош мақсад, ғояни қай тарзда етказа олди? Саволлар ўз-ўзидан жавоби билан: ўн номинация бўйича Оскар мукофотига номзод фильм шундан беш йўналишда муваффақиятга эришди – “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши грим”, операторлик иши ва овоз эффектлари. Шу билан Мел Гибсон ҳам “озодлик куйчиси” сифатида кино тарихида қолди.
Ваҳоланки, Мел Гибсон кинога тасодифан кириб келган санъаткордир. У бошқалар сингари болалигидан актёр бўлишни, киноэкранлар юзини безашни орзуям қилмаган. Болаликдаги орзулари ўзи каби, болалиги каби самимий эди. Беқарор ўсмир гоҳ журналист, гоҳ роҳиб, гоҳ эса дурадгор уста бўлишни орзу қиларди. Келажак олдидаги ўйлари, режалари шу тахлит ўзгараверди, янгиланаверди, алмашаверди. То опасининг кўзи кўчадаги эълонга тушмагунича! Эълонда ёзилишича, Сидней театри 18-20 ёшлардаги йигит-қизларнинг актёрлик иқтидорини синаб кўриш учун имтиҳонга чорлаётган экан. На ота-онаси ва на бўлажак актёрга билдирмай, опа укасининг ҳужжатларини театрга топшириб келди. Кўп ўтмай, ҳеч нимадан бехабар Мел синов имтиҳонларига чақирув хати олди. Не бўлди-ю, имтиҳонлардан осонликча ўтиб, Австралия театр санъати миллий институтига қабул қилинди! Аслида, ҳали ундаги қобилият юзага чиқмаган, ўзи ҳам ўзидаги имкониятларни тўла пайқаб етмаганди. Йўқса, санъат-у кинога бегона бир йигитчанинг институтга осонликча кириши, устозлар эътирофига сазовор бўлиши… мумкинми эди? Ўсмирлик даври кўпинча полиция маҳкамаларида ўтган бўлса, саҳна маданияти дарсларига қатнашмай, вақтини студия яқинидаги барда, ресторанларда, қизлар билан дискотекаларда ялло қилиб ўтказган бўлса, Гибсон шу билими, кўрган-кечирганлари билан санъат оламига кирсинми? Тўғри, ўртоқлари Ҳолливудда суратга тушиш орзуси билан яшаган кезлари у машина таъмирлаш устахоналарида ишлаган, “ишласанг қулдай ишла, юрсанг бекдай юр” деган сўзлар ўша пайтлардаёқ Мел учун шиорга айланиб қолганди…
Австралия номини дунёга танитаётган актёр асли 1956 йилнинг 3 май куни Нью-Йоркда туғилади. Отаси темир йўлчи, онаси опера қўшиқчиси эди. Оила бошлиғи оғир ҳалокатга учраб, ишсиз қолганидан сўнг, ҳаммалари Австралиядаги қариндошларининг ёнига кўчиб кетади. Одамлар, одатда, ҳар қанча қайғуда бўлмасин, ҳаётдан ҳар қанча зерикмасин, болалиги ҳақида гап кетганда, ўша кезларни ёрқин бўёқлар билан хотирлашни хуш кўрадилар. Бироқ Мел Гибсон деган актёр бу борадаги саволларни бошқача қабул қилади: у ўзи ҳақида гапиришни хоҳламайди. Бир гал у: “Оиламдан миннатдорман, ота-онам мени вояга етказишди, уларни ҳурмат қиламан” – деганди “The New York Times” газетасига интервью бераркан, сўнг эса тўсатдан “Фильмларимни кўринг! Шунинг ўзи етарли! Ўтмиш ҳаётим билан эса ишингиз бўлмасин!”, қўшимча қилди. Актёрнинг бошқаларга берилмаган бир буюк имкони борки, у хотираларида яшагани каби, кинода ҳам яшайди, хотираларни бир муддат яна жонлантиради. Жумладан, унинг хотиралари “Юзсиз одам” фильмида ўз аксини топади. Гибсоннинг таъкидича ҳам, у мазкур кинода ЎЗИни ўйнади, болалиги, ўсмирлиги, ҳаёти кинотасмада муҳрланди. Фильмга айланган хотиралар ўчмайди, шамолларда совурилиб кетмайди. Фильмга айланган ана шу хотиралар актёрга шуҳрат ҳам, давлат ҳам келтирди. Бироқ, унинг излагани бошқа, кутгани бошқа эди. Гарчи актёрлик дебютини 1977 йилдаги “Жазирама ёз” фильми билан бошлаган, бирин-кетин “Тим”, “Галлипони”, “Телба Макс” кинокартиналарида суратга тушган ва икки бор мамлакатнинг “Сэмми” мукофотига лойиқ топилган, бу пайтга келиб Ҳолливуддан тинимсиз таклифлар тушаётган бўлса-да, барибир у ўзига аталган симфониянинг бошқача янграшини истарди.
“Кўнглингиз тўлмаса ўзингиз суратга олинг” деган машҳур гап бор кино оламида. Ҳа, энди Мел Гибсоннинг роллар билангина кифояланишдан кўнгли тўлмади. У пластилинга ўхшаб, режиссёр қай шаклга солса, шунга кўниб кетавермасди. Энди унинг ўзи “шакллар ясаш”га интилди. Режиссёр сифатидаги фаолиятини у 1993 йили “Юзсиз одам” кинокартинаси билан бошлади. Ундан сўнг “Шерюрак” (1995), “Исо эҳтирослари” (2004), “Қойилмақом ваҳшийлар”(2004-2005), “Қиёмат қоим” (2006) фильмлари дунё юзини кўрди, “Оскар” ва “Олтин глобус” каби юксак мукофотларга сазовор бўлди. Мел Гибсон фильмлари инсоннинг ички олами ҳақида ҳикоя қилади. У асосли воқеалар, лаҳзалар ичида юзага келадиган воқеликларни севади, шуларга интилади. Киноасарлар эса ақл ва кўнгил кечинмаларидан яралгандагина асосли бўлади.
Режиссёр Гибсон умри бўйи ана шу ақидага содиқ бўлиб келаётир. “Тасмага муҳрланган фильмларнинг бари ҳам абадиятга дахлдорми? Инсонлар қалбида уларнинг акси борми?” Мел Гибсон мана шу саволлар атрофида ўйланар экан, катта-катта ҳақиқатларни одамларга айтгиси келади. У ҳар бир фильмга, кино асарга тирик мавжудот дея қарайди, унинг келажаги, табиати ва ахлоқи тўғрисида фикр юритади.
Актёр сифатида унинг салоҳияти ва маҳоратининг энг гуллаган паллалари 1990-2002 йилларга тўғри келади. Кўпгина характерли, салмоқли роллари мана шу даврда яратилган. “Симга қўниб турган қуш”, “Ҳалок қилувчи қурол”, “Қасос”, “Ватанпарвар”, “Жанг йўли”, “Ҳамлет”, “Ҳаётнинг хавфли йиллари”, “Саховат” каби фильмлар шулар жумласидан. У фильмлари, роллари орқали инсонни жўмард ва жўшқин, ҳақиқатпарвар бўлишга чорлайди. Аблаҳ кимсаларга нисбатан муросасиз, кескин муносабатда бўлишга чақиради. У кино оламига довулдай кириб келган эди, ҳануз чақмоқдай яшамоқда.
Мел Гибсон учун инсоннинг кимлиги эмас, қандайлиги муҳим. У илк бор тиш доктори бўлмиш Робин Мур хонимни учратганида ҳам, аёлнинг феъл-атвори, ички оламини ёқтириб қолганди. Иккиси узоқ йиллар турмуш қуриб, етти фарзанднинг ота-онаси бўлишди. Бироқ йиллар ўтиб, оиладаги муҳаббат, ишонч ва вафо замирида порлаб келган бахт учқунлари сўниб, оила мустаҳкамлигига дарз кета бошлади. Мелнинг – рафиқасидан, рафиқасининг – Мелдан кўнгли қолди. Актёр энди кечинмаларию фикрлари ўзига мос келадиган бир актрисага ошиқ бўлиб қолганди. Кейин у Оксана билан турмуш қурди. Фарзанд кўришди, лекин бу галги муҳаббат деб ўйлаганлари ҳам ҳою ҳавас бўлиб чиқди… Мел ҳануз ниманидир қидиради, излаганини шароб ва кинодангина топади, холос…
Тасодифлар – сира тасодиф эмас. Мел Гибсоннинг ҳам кино оламига кириб келиши тасодиф эмас. У иштирок этган ва яратган фильмлари бугун ҳам шуҳрат қозонмоқда, дунё экранларини забт этмоқда. Бу пайтга келиб Гибсоннинг ўзи ҳам Ҳолливуднинг рамзига айланиб улгурди. Америка кино саноатининг пешқадам вакилларидан бири бўлган Гибсон шу тариқа ўзининг ранг-баранг роллари билан жаҳон санъатига муносиб ҳисса қўшишга қодир истеъдод эканлигини исбот қилди. Бинобарин, кино мухлислари уни экранда янги-янги қаҳрамонлар, мард инсонлар сиймосида кўришга ҳамон иштиёқманд.
Севара Алижонова,
Барно Жамолуддинова
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон