Эдуардо Де Филиппо. Неаполь – миллионерлар шаҳри (3 пардали комедия)

ҚАТНАШЧИЛАР:

Ж е н н а р о Йовине
А м а л и я – унинг хотини
М а р и я Р о з а р и я – уларнинг қизи
А м е д и о – уларнинг ўғли
Э р р и к о Х у ш р ў й
П е п п е Д о м к р а т
Р и к к а р д о Спазиано – ҳисобчи
Ф е д е р и к о
Д о к т о р
П а с к у а л и н о – бўёқчи
П о п
Ч а п п а – карабинерлар бригадири
А й ғ о қ ч и л а р
А д е л а и д а С к ь я н о
А с с у н т а – Аделаиданинг жияни
Д о н н а П е п п е н е л л а
Т е р е з а
Маргарета

Биринчи парда воқеалари Иккинчи жаҳон урушининг
иккинчи йили охирларида;
бошқа пардаларнинг воқеалари эса инглиз – америка
қўшинлари келганидан кейин
Неаполда кечади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Донна Амалиянинг биринчи қаватдаги кенг, ивирсиган ва ис босган хонаси. Саҳнанинг тўрида – арксимон йўлакда кўчага чиқиш учун ойнаванд эшик ўрнатилган. Томошабинлардан ўнг тарафда – яна эшик. Унинг қаршисида – томошабинлардан сўл тарафда йўнилмаган тахталардан ясалган яна бир эшик бор. Унга тажрибасиз одамнинг ғализ бир хатида: “Ҳовлига чиқиш” деб ёзиб қўйилган. Саҳнанинг ўнг тарафидаги узоқ бурчакда қўлга тушган нарсалардан омонат қилиб ясалган ёғоч тўсиқ тўртбурчакли тор ҳужра ҳосил қилган. Ҳужрачадаги мўъжазгина тўшак ва ночор хобхонанинг бошқа анжомлари кўриниб турибди. Саҳнада албатта бўлиши лозим бўлган нарсалар: сўл тарафда мисдан ясалган, қорайиб-яшил тортиб кетган икки кишилик каровот; кийим-кечак турадиган ҳамда кийим-кечак илинадиган жавонлар; уларнинг устида авлиёларнинг ҳайкалчалари, шишадан ясалган қалпоқлар; қўполгина стол ва синиқ стуллар. Қолган мебелларни ўтган асрнинг дидсиз йўсинида режиссёрнинг ўзи танлайди ва шу тарзда жойлаштирадики, диққат-эътибор мудом “яширин қаҳваҳона” очган катта оила тортаётган ноқулайлик ва торликда бўлади. Столнинг устида катта-кичик қаҳва қуйиладиган чашкалар, гуллар ва идишлар чайиладиган жом туради. Эрта тонг. Саҳнанинг тўридаги ойнаванд эшикдан кўча ва қарама-қарши уйнинг пастки қаватидаги ёпғичлари бекитилган икки деразаси кўринади. Бу тор кўчада яшайдиган хўдожўйлар томонидан ўрнатилган Мадонна дел Карминенинг мармар ҳайкалчаси деразалар ўртасидаги токчада турибди. Ҳайкалча олдида кичик лампача йилтираб ёнади.
Воқеалар урушнинг иккинчи (1942) йили охирларида кечаяпти. Саҳна ўртасидаги стол ёнида Мария Розария турибди. Эгнида арзонгина кўйлак. У кир қаҳва идишларни ювиб-чайиб, стол устига териб қўйяпти. Кўчадан жанжаллашаётган одамларнинг тушунуксиз бақириқ-чақириқлари эшитилади. Аста-секин жанжал авжига чиқиб, баъзи бир товушларни ва бақиришларни тушунса бўладиган даражага етади. Гоҳо Амалия Йовиненинг товуши бошқалар овозидан баландроқ, авжлироқ эшитилади. Сўл тарафдаги эшикдан ҳозиргина уйқудан уйғонган Амедио киради. Эснаб керишганча, эринибгина саҳнанинг тўрига қараб юради. Йигирма бешларга кирган бу ориқ, қорачадан келган, истараси иссиқ йигит чаққонгина кўринса ҳам, бақувват эмас. Эгнида у ер-бу ерига ямоқ теккан, дағал жундан тўқилган, занг рангли илма-тешик свитер. Ўнг қўлида латтани эслатувчи сочиқ.

А м е д и о (синглисига). Озроқ қаҳва ичсак мумкинми?
М а р и я Р о з а р и я. Уни аввал тайёрлаш керак.
А м е д и о. Элайми?
М а р и я Р о з а р и я. (“ҳали узоқ кутиб турасан” деган оҳангда). Кечадан қолган қаҳва қуйқасини қайнатса ҳам бўлаверади.
А м е д и о (норози). Э, бу нима дегани! Эрталаб ҳам қаҳва ичолмасанг! Кунимиз итнинг кунидан баттар!

Мария Розария жавоб бермайди.

Онам қаерда?
М а р и я Р о з а р и я. Кетди.
А м е д и о. Отам-чи?
М а р и я Р о з а р и я. Уйғонгани йўқ.

Ҳужрачадан антиқа – хириллашга ўхшаш овоз қулоққа чалинади, сўнг Женнаронинг бўшашган, уйқудан хирқи тортган овози эшитилади: “Уйғонганман, уйғонганман… Соат бешда оналаринг уйғотди. Бу уйда тўйиб ухлагани қўйишадими…” Кўчадаги жанжал янада авжига чиқади. Айниқса, Амалиянинг овози баралла эшитилади.

Ж е н н а р о (ҳужрадан). Вой-бўй!.. Эшитаяпсизми?.. Черковдаги хордан ҳам ўтди-ку!
А м е д и о (Мария Розарияга). Онамми?
М а р и а Р о з а р и я. Ҳа. Донна Виченца билан гаплашаяптилар.
Ж е н н а р о. Гаплашаяптилар?.. Ҳозир онам уни ямламай ютиб қўяди-ку!
А м е д и о. Бу алғов-далғов ўтган ҳафтадаги воқеа туфайлими?
М а р и я Р о з а р и я. Донна Виченца сурбет, ёлғончи, ғаламис аёл. У уймизга кирганда онам уни қаҳва билан меҳмон қиларди, ҳатто маймунбашара қизига эски пальтоми, айнимаган тухумми – бир балолар ҳадя этарди… Тавба, онам баъзан ер тагида илон қимирласа билади, баъзан қўйнига кирган илонга ҳам парво қилмайди… Донна Виченца бизга қаҳва сотадиган одам билан танишиб олибди. Энди қаҳвани олибсотар унга ташияпти… Донна Виченца қаҳвахонамиз яқинида ўзиникини очгани етмагандай, устига устак бир чашка қаҳвани икки ярим лирага сотаяпти. Биздан ярим лира арзон.
Ж е н н а р о (ҳужрадан). “Гран кафе Италия” “Гамбринус” билан рақобат қилаяпти.
М а р и я Р о з а р и я (унга эътибор бермай). Яна ҳаммага, бизнинг қаҳвамизни қалбаки, деб гап тарқатиб юрибди.
Ж е н н а р о (ҳужрадан). Шошма… Нега ”бизнинг” экан, сизларнинг қаҳва. Мен бу ишга бош қўшмаганман. Сизларнинг қилмишларинг деб, полицияни, карбинерлару фашистларни қалтираб кутиб ўтиришга тоқатим йўқ…
М а р и я Р о з а р и я. Қўйсангиз-чи!.. Сизнинг гапингизга кирганимизда, очдан ўлиб кетардик!
Ж е н н а р о Бошқачароқ айт – ҳалол яшардик де…
М а р и о Р о з а р и я. Нима, қаҳва сотиш ҳалоллик эмасми?
А м е д и о Биз бу ишни қилмасак, қиладиганнинг сони мингта!.. Мана, Виченца ҳам қаҳвахона очибди.
Ж е н н а р о Ўтган ҳафта Понте ди Молада бир одам тўртинчи қаватдан ўзини ташлабди…
А м е д и о Осмондан тушгандай гапирасиз?
Ж е н н а р о Сен ҳам ўзингни ташласанг бўларди.
А м е д и о Ота, сиз баъзи нарсаларни умуман тушунмайсиз… Сиз ўтган аср одамисиз.

Мария Розария акасига: “Дадамга эътибор берма” дегандай имо-ишора қилади.

Аммо отам барибир тўғри айтади.
Ж е н н а р о Тўғри айтаяпман, шундайми? Сенга синглинг: “Отамни ҳам эшитиб ўтирасанми…”, деб ишора қилди. Чунки мен жонларингдан безор қилганман, ҳеч нарса тушунмайман… Бечора болалар… Адо бўлган авлод… (Бироз сукунат). Мен сендан бир нарса сўрайман… Қаҳванинг пиёласини уч лирадан сотасиз. Сизларга олиб келадиган олибсотар уни қаердан олади? У бу иши билан касалхоналардаги беморларни қаҳвадан маҳрум қилиб қўймайдими?
А м е д и о Дада, жим бўлинг… Доим қаёқдаги гапларни гапирасиз. Ҳозирги гапингизни-ку чақалоқ ҳам тилига олмайди… Ўғри молларни тўппа-тўғри катталарнинг уйидан сотишади. Кеча етмиш лирадан беш кило қаҳвани ким келтирди? Фашистлар офицери! Ҳатто онам ҳам бирор ишкалчи эмасми деб, чўчиб кетди. Сиз бўлса “маҳрум қилади” дейсиз… Агар тепадагиларда виждон бўлганда эди, энг ярамас одам ҳам сиз билан мен сўзлашгандай гаплашолмасди. Аммо намуна кўрсатадиган зотлар бир тўда қаллоблар эканлигини сезганидан кейин одамлар нима дейди? “Ҳақиқатни билиб қўй” дейди… “Сенлар ёрилгунча қоринларингга тиқасизлар, мен очдан ўлайми?” дейди. “Сенлар ўғирлаяпсан? Мен ўғирламай қараб турайми!” дейди. “Ҳамма иложи етганча кун кўради-да!” дейди!
Ж е н н а р о Йўқ, мен бу уйда яшар эканман, сен ўғирлик қилмайсан.
А м е д и о Мен кези келганда айтаяпман…

Кўчадаги сурон деярли тинган.

Қаҳва ичиб, бирор нарса тамадди қилиб олай-чи. (Кийим осиладиган жавондан устига ликоб тўнтарилган това, қошиқ ва бир бурда қотган нон олади).

М а р и я Р о з а р и я унга ёмон қараб қўяди.

(Буни сезиб, кескин тарзда) Нега бундай қарайсан? Бу кеча ўзимдан қолган макарон.
М а р и я Р о з а р и я Сенга ҳеч нарса деётганим йўқ!
А м е д и о (Стол ёнига келиб ўтиргач, овқат ейишга ҳозирланади, аммо ликобни кўтариб, това йўқлигини кўради). Менинг макароним қани?
М а р и я Р о з а р и я. Қаердан биламан?
А м е д и о (ғазабда). Кеча кечқурун, эрталаб ейиш учун атайлаб қолдирган эдим… (Женнаронинг ҳужраси тарафга шубҳа билан қарайди.) Ким еди? Ота, сиз едингизми?
Ж е н н а р о. Макарон меники эмас эдими?
А м е д и о (иложсизликда). Бу уйдан охири кетаман деб айтганман!.. Кетаман!.. Бунақа овқатланишда ўлиб кетиш ҳеч гап эмас! (Ж е н н а р ога). Кеча ўзингизнинг овқатингизни еган эдингиз-ку!
Ж е н н а р о (ўзининг ҳақлигига имони комил бўлиб). Мендан нима истайсан? Эсимда йўқ. Меники… Сеники… Ҳар ким иложи борича кун кўради!
А м е д и о. Тушунмаяпман… Сиз кечаси ҳам овқатланасизми?.. Овқатланиш учун махсус уйғонасизми?
Ж е н н а р о (ғаши келиб). Қанақа хира боласан! Қанча умр кўришга ҳозирлик кўраяпсан? Ҳа, мен махсус уйғонаман! Бу кеча қандай роҳат қилиб уйғонганимни билсанг эди… Сен тревогани эшитмадингми? Икки ярим соат ертўлада ўтирдим. Совуқдан қақшаб, уйга келдим… қорним очлигидан кўз юмолмадим… Жавонда озгина макарон борлиги эсимга тушди: кимники эканлигини қаердан билай? Менинг ҳам худди шундай макароним бор эди!
А м е д и о. Худди шундай! Мана ҳозир ишга боришим керак. Оч кетавераманми? (Жаҳли чиқиб.) Менинг овқатимга қўл теккизишларини истамайман! Жин урсин! (Столга мушт уради.) Ким бу ишни қилаётгани энди тушунарли! Мен бировнинг овқатига тегинаётганим йўқ-ку! Ҳозир ҳамма нарсани майдалаб ташлайман!

Ҳужранинг пардаси кўтарилиб, шимга тиқилмаган кўйлакда, елка тасмалари осилиб ётган Женнаро чиқиб келади. У элликларга кирган; гўштсиз юзи суякка ёпишган, аммо кўриниши йўқчиликни ва азоб-уқубатни кўрган ҳар қандай тоза одамники каби ёруғ.

Ж е н н а р о. Бўлди, бас қил. Нималар деб лақиллаяпсан. Мен ҳақиқатан ҳам эслай олмайман. Сен бўлса, нақ достон қилиб ўтирибсан!
А м е д и о. Достон қиламан. Мен очман, ахир!
Ж е н н а р о. Макарон мана шунчагина эди… (қанчалигини қўли билан кўрсатади.)
А м е д и о. Йўқ, ликоб лиқ тўла эди! (Кескин ҳаракатлар билан лиқ тўла эканлигини кўрсатади.)
Женнаро бу орада бурда нонни олиб, кемиришга тутинади. Амедио уни отасининг қўлидан юлиб олади.

Менинг ноним!
Ж е н н а р о (таъбиридан адашиб). Сеники бўлса, ола қол… Мана, фарзанднинг меҳру муҳаббати!
А м е д и о. Нима, сиз макаронимни оталик меҳри билан еб қўйдингизми? Мана, нондан қолгани! (Бурда нонни кимгадир намойиш қилади.) Кўрдингизми? Бу бурда нон билан тушликкача кун ўтказишнинг ўзи бўладими? (Сўнг аввалдан ўйланган қарор эсига тушгандай.) Йўқ, кетаман, кетаман бу уйдан! (Жаҳл билан эшик тарафга йўналар экан.) Бу ерга бирор нарсани яшириб ҳам бўлмайди!
Ж е н н а р о (бироз ранжиган кўйи). У ҳақ… Аммо ҳеч нарса тушунмаяпман… (Ҳужрасига киради.)

Эшик ортида товушлар. Амалиянинг овози: “Кечирасиз донна Пеппенелла, сизга айтмаганмидим?” Пеппенелланинг овози: “Сиз жуда тўғри иш қилдингиз!”
Мария Розария ўнгдаги эшикка кириб кетади. Шу пайт кўча тарафдан Амалия, унинг ортидан Пеппенелла киради. Амалия – ўттиз саккизларга кирган, ҳали ҳам чиройли. Унинг гапириш тарзи, оҳанги ва ҳаракатларидан бу аёл феълининг дадиллиги ва ҳаммани бошқаришни хуш кўриши шундоқ кўриниб турибди. Кийимлари оддий, ортиқчалик йўқ. Фақат тоза ипакли пайпоғи унга мақтанчоқлик ёт эмаслигидан дарак бериб туради. Зийрак кўзлари ҳамма нарсага эътибор қилади ва ҳамма нарсани кўради. Расм бўлган қонун-қоида мезонларини бузишига тўғри келганда ҳам, ўзига ҳисобот бериб туради. Бу аёл ишга тегишли ҳар бир нарсада хасис ва ён бермас; ўзининг норозилигини бирор-бир илтифотли сўз билан яшириб турса ҳам, кинояли қараши билан тескари фикрни билдириб туради. Ҳозир у ҳаяжонланган, ғазабланган кайфиятда.
А м а л и я. Бу аёл уйимдан нари кетмасди… Мендан қанча яхшилик кўрди! (Таъкидли киноя билан санай бошлайди.) Гоҳ янги тухум… гоҳ пишган гўшт туюри… гоҳ ликобча тўла макарон… Худо шоҳид, арзимаган емишнинг нархи осмонда, бунинг устига уни топишнинг ўзи бўлса экан! (Ўзининг сахийлигига ўзи истиғфор келтириб.) Қизига бир ярим метр мовут… (Мария Розарияга). Қуйқа қайнадими, йўқми?

Эшик ортидан Мария Розариянинг овози: “Ҳозир қайнади!”

Ма, қаҳвани ол! (Донна Пеппенеллага, ундан қутулиш учун кескин оҳангда.) Донна Пеппенелла, шошмай туринг!.
П е п п е н е л л а (Ғарибгина кийинган, ёши ўтинқираган аёл. Итоаткорона хушомадда сўзлайди). Ташвишланманг, ташвишланманг. (Ўрнидан қўзғолмайди.)
А м а л и я (икки кишилик каравот матрасини кўтариб, каноп ип билан боғланган пакетни олгач, Пеппенеллага узатди). Кеча сўраганингиз, ярим кило ун… Сиздан қирқ лира.
П е п п е н е л л а (кўзлари ола-кула бўлиб). Бир кило уннинг нархи саксон лира бўлдими? Яна ўн лирага қимматлашдими?
А м а л и я. Хоҳласангиз олинг, хоҳламасангиз – ана, катта кўча! Агар ўша одам келса, сиз учун яна топиб қўяман… Сизга яхшилик қилиб, балоларга дуч келишдан тоймасаму… Ўзи бундан ҳемири орттирмайман, чунки бундай ишларнинг менга қизиғи йўқ.
Ж е н н а р о (Ҳужрадан бош чиқариб). Билиб қўйсам бўладими, бу қаллобликларга нимага аралашиб юрибсан?.. Ун керак одам ўзи изласин!.. (П е п п е н е л л ага.) Нима, ўзингиз тополмайсизми?
П е п п е н е л л а (алам билан). Сизга нима десам экан? Биз ун тополмаяпмиз.
Ж е н н а р о. Тополмасангиз, бу ерга ун деб келаверар экансиз-да! Бизнинг тегирмонимиз борми? Ёки эшигимизга макарон фабрикаси деб ёзиб қўйилибдими? (Хотинига.) Сен бўлса, ўз гапингдан қолмайсан. Бу ишда ҳеч вақо ишлаб ололмайсан, чунки уйимизда савдо билан шуғулланишларига мен йўл қўймайман.
П е п п е н е л л а. Хотинингиз кўнгилчан… Менга озроқ ун кераклигини эшитиб, топиб келтирди… (Идраб қолган сумкачадан пул олиб, Амалияга узатар экан, унга нафрат билан қарайди.) Мана, сизга қирқ лира.

Женнаро ҳужрага ғойиб бўлади.

А м а л и я (Пеппенелланинг ёмон қарашини сезиб, кам бўлмаган назарда унга қарайди). Катта раҳмат.
П е п п е н е л л а (сумкачасини бекитаркан, ўз-ўзига гапиргандай). Агар ярим кило ловия учратиб қолсангиз…
А м а л и я (кескин зарда билан). Энди йўқ, қимматли донна Пеппенелла!.. (Бирдан муомалалироқ бўлиш эсига тушиб қолиб.) Ун келтирган ўша одам, икки кило ловия келтираман деб йўқ бўлиб кетди… Агар келса…
П е п п е н е л л а (итоаткорона). Бизни назарга олиб қўярсиз…
А м а л и я. Хўп, фақат келса… Энди устамаси бўлади…
П е п п е н е л л а (уф тортиб). На илож, устамаси билан ҳам олавераман-да! (Амалияга тешгудай бўлиб тикилар экан.) Яхши қолинг!..
А м а л и я (яширин таҳдидни сезиб, ўнг енгини шимарар экан). Яхши боринг!..
П е п п е н е л л а (ташқарига йўналаркан). Саломат бўлинг, дон Женнаро!
Ж е н н а р о (ҳужрасидан, қуруққина). Марҳамат кўрсатиб, бошқа келмасангиз ҳам бўлаверади!
П е п п е н е л л а (кетаркан, алам билан). Албатта, сиз ҳақсиз…

Мария Розария киради.

М а р и я Р о з а р и я (остонада тўхтаб). Қаҳва…
А м а л и я (матрасни кўтариб, туйилган қаҳва пакетини олиб, қизига беради). Мана, ол.

Мария Розария кетмоқчи бўлади, аммо онаси уни чақиради.

Бу ёққа кел… Бошқа ҳеч қачон…

М а р и я Р о з а р и я яқинлашади.

(дағаллик билан) …кечаси сандирақлаб юрма! (қизнинг юзига тезкорлик билан шапалоқ туширади ва кескин бурилиб, ўз иши билан овора бўлади.)
М а р и я Р о з а р и я (юзини кафти билан ушлаб тураркан; у онасининг қилмишидан унча ҳайрон қолмаган, афтидан, бу оддий ҳол бўлса керак, овози қаътий ва ғазабли). “Рома”га икки дугонам билан кинога тушгандик…
А м а л и я (эътирозга ўрин қолдирмайдиган, лекин авжни пасайтириб). Бормаслик керак эди. (Ўзи билан ўзи гаплашгандай). Ҳамма жой қоп-қоронғу, сен бўлсанг бирдан ўн бешта ўтганда уйга келдинг… қўшнилар нима дейди? Кеча бир маҳал бўлгани учун, индамадим… Ўзингни тутиб юрмасанг, терингни шилиб оламан! Бор, қаҳва тайёрла, ҳадемай мижозлар келади.

Нафсониятига теккан, озроқ ғазабланган Мария Розария чиқиб кетади.
Ж е н н а р о (ҳужрасидан чиқади. У ҳануз ўзини тартибга келтириб улгурмаган, кўйлаги шимига тиқилмасдан турибди. Кейинги саҳнада эса соқолини олмоқчи бўлиб, ҳужра деворига осиғлиқ кичкина ойна қаршисида юзига совун уради). Бу қурғур қизлар!.. Ёшлардан бир зум ҳам кўз узмай, назорат қилиб туриш лозим!

Амалия жавоб бермайди. Матрас тагидан халтача олади-да, ундан бир бурчакда турган хумчага ловия ағдаради. Женнаро буни пайқамайди.

А м а л и я (ташқаридаги қизига). Қаҳвани тайёрлаганингдан сўнг, мана бу ловияни қайнат… (Ташқарига қараб юради ва кириб келаётган Мария Розарияга хурмачани тутқазади. Қиз чиқиб кетади.)
Ж е н н а р о. Демак, ловиямиз бор экан-да?

Амалия жавоб бермайди.

Мен сўраяпман!

Кўчадан Аделаиданинг овози эшитилади: “Ассу, иккита ўтин ёқиб қўй, бироз ёвғон шўрпа пиширамиз…” Аделиада киради. У кўринашдан оддийгина, ўрта ёшли, айёр, сергап аёл. Унинг қўлида егуликлар билан тўла, кўкатлар кўриниб турган хўжалик сумкаси.

А д е л а и д а. Донна А м а л и я, мен Ритуччини мактабга кузатиб қўйдим, инжиқлик қилмагани учун йўл-йўлакай ширинликлар ҳам сотиб олиб бердим… Қандай яхши қизалоғингиз бор! Бир антиқа фикр юритади!

Чилангар-газчининг кийимида ўнг тарафдан Амадио киради ва жавондан чўткани олиб, ўзи билан олиб кирган фуражкани тозалай бошлайди. У Аделаиданинг сўнгги сўзларини эшитган ва сингилчасининг мақталаётганидан хурсанд.

У ўзини худди катта одамдай тутади! Ёши нечада?
А м е д и о (гапга аралалашиб). Бешга кирди!
А д е л а и д а (майин). Ҳудди кампиршолардай одобли! Фикрлашини айтмайсизми? Қандай тоза гапиради! Мен атайлаб: “Кимни яхши кўрасан?” деб сўрадим. У менга: “Онамни”, дейди.
Ж е н н а р о. У ҳақиқатдан ҳам онасини яхши кўради.
А д е л а и д а. “Отангни-чи” десам, ”У аҳмоқ”, дейди. Шунақа тоза гапиради, шунақа тоза гапиради… “Ре”ни шунақа ўрнига келтириб айтадики… (Гапини Амалия билан давом эттиради.)

Аделиаданинг гапларидан аччиғи чиққан Женнаро унга, шунингдек, бу аёлнинг лақиллашлари хуш ёққанини фаҳмлаб, хотини ва ўғлига жаҳл билан қарайди.

Ж е н н а р о (озгина сукутдан сўнг, айтаётган гапларининг ишонч­ли чиқаётганига ўзи ҳам ишонмай). Мен қизалоқнинг гапини жиддий қабул қилмайман. Ҳали ёши бешда бўлса… Ўргилдим унинг гапидан! (Амедиога, оғриниб.) Сизлар унга ҳар хил гапни ўргатаверманглар.
А м е д и о. Биз унга ўргатаяпмизми? Ўзи кўчада эшитади.
Ж е н н а р о (сабрини йўқота бориб). Йўқ, сен ўргатаяпсан! Уйда ҳар бало деб лақиллайсан, қизлар эса такрорлаб туришаверади.
А м е д и о. Мен? Ақлингизни еб қўйибсиз!
Ж е н н а р о. Майли, агар сизларга шу ёқса…
А м е д и о. Худди шундай!
Ж е н н а р о. Сизлар билан гаплашишни ҳам истамайман!..
А м е д и о. Нега бўлмаса, гаплашаяпсиз?
Ж е н н а р о (ўзининг хатосини англаб). Чунки доим гаплашмаслик эсимдан чиқиб қолади.
А д е л и а д а (тотувликка чақирган оҳангда). Дон Женнаро, сиз бунга аҳамият берманг… (қизалоқни назарда тутиб) Фариштанинг оғзидан чиққан гаплар… (қизалоқнинг гапи ва ҳаракатларига тақлид қилиб, куйлайди). “Отам – аҳмоқ! Отам – аҳмоқ!”
Ж е н н а р о (аччиқланиб). Йўқ, у бу гапларни кўчадан эшитгани йўқ. Унга онаси ўргатаяпти.

А м а л и я эрининг шамасини тушунмаётгандай қиёфада, елка қисиб қўяди.

Аммо отаси аҳмоқ эмас! Тўғри, баъзан пойинтар-сойинтар гапириб қўяди… Чунки ўн тўртинчи йилги жаҳон урушидан қайтганидан кейин бошига бир бало бўлди!.. Бир нарса қиламан дейман – эсимдан чиқади. Бир нарса ўйлайман, беш дақиқадан сўнг нималиги хотирамдан кўтарилади… Мана, Амедионинг макаронини ҳам ўзимники деб еб қўйибман…
А м е д и о (ўша кинояли оҳангда). А м е д и о эса оч қолди!

Федерико киради. У Амедионинг дўсти – чилангар-газчи. Қўлтиғида нонушта ўралган тугунча.

Ф е д е р и к о. Амедио, кетдикми?
А м е д и о. Шошма, бир қултум қаҳва ичиб олай.
Ф е д е р и к о. Мен ичиб келяпман. (Амалияга маънодор қараб.) Виченца… Биласизми, донна Амалия Виченца қаҳва учун ярим лира кам олаяпти.
А м а л и я (Федериконинг гапи қаттиқ теккани учун, совуқ оҳангда). Виченцаникидан қаҳва ича қолинг.
Ф е д е р и к о. Лекин сизнинг қаҳвангиз тотли… Мен унга ҳам шундай дедим.. (Атрофдагиларга гапи ёқмаганини сезгач, ўртадаги совуқликни кўтариш учун Женнарога гап қотади.) Соқол олаяпсизми, дон Ж е н н а р о?
Ж е н н а р о (совуққон). Йўқ! қадоқларни кесаяпман! Нима, соқол олаётганимни кўрмаяпсизми? Сўраганингизни қаранг! Ғирт бемаъни савол бердингиз! Бекорга куч сарфлаб гапиргандан кўра, гап сўрашларини кутиб ўтирсангиз бўларди!
Ф е д е р и к о. Яхши, айб менда. (Ҳазил аралаш.) Дон Женна, нима дейсиз? Ҳаётимизни қачондир эпақага келтироламизми?
Ж е н н а р о. Сенга ҳазил бўлса!.. Агар вазир бўлсам, билмайман қайси соҳа бўйича, чунки бу муаммо қайси вазирликнинг измида эканлигини тушунмайман, аммо кўз очиб юмгунча ечиб ташлар эдим!
Ф е д е р и к о (эрмакка унга олов бериб). Хўш, мол етишмаслигига нима сабаб деб ўйлайсиз?
Ж е н н а р о. Мол етиб ортади! Ун, ёғ, пишлоқ, кийим, пойабзал – ҳамма нарса бор! (Ишонч билан хулоса қилади.) Етишмайди деганлари – эски қўшиқ.
Ф е д е р и к о. Бу гапни қандай тушунса бўлади?
Ж е н н а р о (юзига совун ураркан). Сен жуда ёшсан – эслай олмайсан… Ҳозир аввалги урушдагидек аҳвол такрорланаяпти. Ўшанда ҳам ҳеч нарса топиб бўлмасди, нарх-наво осмонга чиққанди, товар изидан қуриганди… Сенингча, нима учун урушни қўзғайдилар?
Ф е д е р и к о. Хўш, нима учун?
Ж е н н а р о. Молни яшириб қўйиш учун!

Ҳамма уни қўллаб кулади.

(Берилиб, соқол олишни унутгунча.) Белгилаб қўйилган баҳолар-чи? Ҳозир бу оддий иш бўлиб туйилаяпти! Мен сенга айтсам, белгилаб қўйилган баҳо ҳамиша одамларни хонавайрон қилади. Бир қарасанг, номи чиройли: белгиланган нарх. Гўё сенинг мавқеинг ҳам белгилаб қўйилгандай. Қайдан!.. Ҳамма касофатнинг боши – белгилаб қўйилган нарх! Ҳукумат нархни белгилаб қўйиб, чакана ва улгуржи савдогарларни ҳийла-найрангга ундайди… Найрангбозлик бошланади… (Сўнгги сўзларига “ўғирлик” маъносига ишора бергувчи қўл ҳаракатларини қўшади.) Бечора истеъмолчига эса учта йўл қолдиришади: ё очдан ўлиш, ё гадолик қилиш, ё қамоққа тушиш…

Қувноқ қўллаб-қувватлашлар.

Менинг режам, қонунимнинг лойиҳаси, агар менга боғлиқ бўлганда…

Кўчадан Эррико Хушрўй ва Пеппе Домкрат кирадилар. Бу икки ҳайдовчи йигит автоулов қатнови тақиқлангани учун бекорчиликни касб қилиб юрибди. Иккови ҳам бир аҳволда кийинган. Эррико Хушрўйнинг лақабини унинг ташқи кўриниши ҳам айтиб турибди. Неаполь кўчаларининг дидига мос ҳусну қомати бор. У ўттиз бешларга кирган, бақувват, қорача сочлари жингалак, кўзлари ўйнаб турувчи, ҳаракатчан йигит. Иштиёқ билан кўнгилдан чиқариб, лекин атрофдагиларга ҳомийлик кўрсатгандай кулади. Ёқимтойгина қаллоб – “қўлидан ҳамма иш келадиган йигит”. Пеппи Домкрат – дағалроқ ва у қадар айёр эмас, аммо кучли: кенг кўкрак, бўйни ҳўкизникидай, ғилдиракни ечиш лозим бўлганда, автомобилни бир елкасида кўтаради. Шунинг учун ҳам у Домкрат лақабини олган. Қўлларини деярли ҳаракатлантирмай гапиради. Кўпроқ эшитади ва эшитганини жимгина ҳазм қилади. Секин юради. Секин гапиради.

Э р р и к о. Салом!

Алик олишлар эшитилади.

Дон Женна, бизни ҳам қонун лойиҳаси билан таништиринг!
Ж е н н а р о (қуруқ). Қаҳва ичгани келдиларингми? Ичинглар–да, ишларингга равона бўлинглар!
П е п п е. Нега энди биз эшитишимиз мумкин эмас?
А м а л и я (бетоқатлик билан, ташқарига қараб). Қаҳванг тайёр бўлдими?

Мария Розалиянинг овози: “Яна икки дақиқа!”

Э р р и к о (Женнарога). Хўш, эшитамизми?
Ж е н н а р о. Энди… менинг қонунимнинг лойиҳаси… (Қисқача тушунтира бошлайди.) Гап товарнинг етишмаслигида… Мен: товарлар етарли, аммо белгиланган нархлар уларнинг ғойиб бўлишига сабаб бўлмоқда, деб таъкидлайман… Биласизми… Белгиланган нархлар – мураккаб нарса… Уни бирданига, тонг саҳардан, мана бундай лаққиллаб тушунтириш қийин… Йўқ! Бу лаънати белгиланган нархларни англамоқ учун қанча йиллару қанча ойлар керак… Белгиланган нарх нима, у қандай қўлланилади… Агар бирор кимса у ҳақда китоб ёзмоқчи бўлса бутун дунёнинг ва бор оламнинг сиёҳи камлик қиларди…
Э р р и к о. Қисқароқ… мумкинмасми?
Ж е н н а р о. Халақит берма. Гапираяпман-ку.
П е п п е. Дон Женна тоқатим тоқ бўлаяпти. Сиз хафа бўлманг, аммо кимдир узоқ гапирса, жонимга тегади-да, кетаману қоламан.
Ж е н н а р о. Биров ушлаб тургани йўқ. Кета қол!
Э р р и к о (Пеппега). Эшитайлик энди!.. Давом этинг, Дон Женна.
Ж е н н а р о. Хуллас, бу изланишларга қанча-қанча йилларни сарфлаш лозим. Сизларнинг қимматли вақтларингизни олмаслик ҳамда Пеппе Домкратнинг жонига тегмаслик учун, қисқача тушунтиришга ҳаракат қиламан, ҳолбуки, мен ёзувчи эмасман ва сиёсатга тишим ўтмайди; аммо одамларнинг мусибатларию норозиликлари мендай шўрпешона фуқарони ва ўтган урушда Ватанга сидқидилдан хизмат қилган аскарни бу йўлга қадам қўйишга ўргатди! Мана, аскарликдан бўшатилганим ҳақида қоғоз! (Женнаро қоғозни келтириш учун қўзғалади, аммо уни “сизга ишонамиз”, “ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ”, “худо ҳақи” деган маъноларни бергувчи имо-ишоралар билан тўхтатишади.) Демак… Белгиланган нархлар… Менимча, белгиланган нархлар фақат уларни яратган одамларнинг манфаатлари йўлида яратилган… Улар фақат ёзишни биладилар. Ўзларининг фойдаларию бизнинг зараримиз учунгина профессорлик қиёфасига кирганлар. Маънавий ва моддий зарар; авваламбор маънавий, сўнг моддий… Ҳозир тушунтираман… Белгиланган нархлар амалда ”Яшашни билмасанг, оёқ тагида ўралашма, мен сенга қандай яшашни ўргатиб қўяман” деган маънони билдиради. Аммо биз, яъни халқ яшашни билмаслигимиз ёлғон… Халқ саводсиз, онгсиз, етилмаган деган гапларни улар ўз фойдалари учун ўйлаб топганлар… Ўзлари эса ҳамма жиловларни қўлларига олиб, аста-аста хўжайин бўлиб оладилар. Профессорлик қиёфасига бу сафар фашистлар кирдилар… (Бирдан тўхтаб қолади; қўрқиб, ҳаммага.) Йигитлар, ташқарига қаранглар… Эшитиб қолишса, бу гапларим учун соғ қўйишмайди.
Э р р и к о. Дон Женна, гапираверинг. Профессорлар ҳали ухлаб ётибди…
Ж е н н а р о. Аммо уларнинг малайлари бор.
Ф е д е р и к о (Саҳнанинг тўрига бориб, ташқарига қарайди). Гапираверинг, гапираверинг… Ташқарида ҳеч ким йўқ…
П е п п е (асабий.) Қай аҳволга тушганимизни Мадоннанинг ўзи кўриб турибди. Ортиқ бундай яшаб бўлмайди!
Ж е н н а р о. Биз… Нимага тўхтаган эдик?.. Ҳа, жиловни қўлларига киритиб, улар хўжайин бўлиб олишмоқда. Хўжайинлар бу ишларни бизга яхшилик қилиш учунгина амалга ошираётганларини – аввал манефест, сўнг нутқ, қўрқитиш, қонун, буйруқ, қурол билан уқтираяптилар… Одамларни шу аҳволга солганларки… худди ҳозир сизу биздай (бундай сўзларни гапирилганда сақланиши лозим бўлган ҳозиргидай қурқув аралаш эҳтиёткорликни кўзда тутиб.) ҳатто гапиришдан ҳам қўрқади!

Ҳамма маъқуллайди.

А д е л а и д а. Парвардигори олам! Оғзимизни бекитиб қўйишди-я!
Ж е н н а р о. Халқ ва профессорлар ҳамма ишни бир-бирларига қарама-қарши қиладилар. Профессорлар ўз чораларини кўрадилар, халқ ўз чораларини ўйлаб топади. Ва аста-аста ҳеч нарса сенга тегишли эмаслигини – бу кўчалар, саройлар, уйлар, боғларда ҳам сенинг ҳақинг йўқлигини англаб борасан. Ҳамма нарса – профессорларнинг мулки. Улар ҳамма нарсадан хоҳлаганча ҳузурланиб фойдаланадилар, сен эса сўқир тошга ҳам тегинолмайсан. Худди мана шундай шароитда уруш бошланади. “Урушни ким бошлади? – Халқ!” – дейди профессорлар. “Урушни ким эълон қилди? – Профессорлар!” – дейди халқ. Агар урушда ютқазилса, халқ ютқазган бўлиб чиқади. Ютса, профессорлар ютган бўлади. Бу гапларнинг суҳбатимизга нима алоқаси бор, деб сўрашларинг мумкин. Бор! Чунки белгиланган нарх – халқни ерга уришнинг бир шаклики, у одамларни қарамликда ва мутеликда ушлаб туради. Менинг қонуним лойиҳаси бўйинча, ҳамма зиммасига қандайдир бир масъулият олади. Агар бу масъулиятлар бир жойга жам этилса, иззат-ҳурмату азобу-уқубат, фойдаю зиён, ўлиму ҳаёт тенг бўлинадиган Ягона Улкан Масъулият пайдо бўлади. Ўшанда мен етилганману, халқ етилмаган, деган гапларга ўрин қолмайди.
Ҳамма Женнарони диққат билан эшитмоқда, ҳамма тушунгандай, фақат…

П е п п е (чин кўнгилдан). Дон Женна, мен ҳеч нарса тушунмадим…
Ж е н н а р о. Агар сен тушунганингда, бунақа кунга қолиб ўтирмаган бўлар эдик.
А м а л и я (у бутун суҳбат давомида гапга аралашмай, ўз иши билан андармон, аммо ҳозир эрини чалғитиш учун гап ташлайди.) Соқол олишни тугат-да, кийин!

Женнаро яна иягига совун ура бошлайди.

П е п п е. Дон Женна, бензинсиз юрадиган машина хусусида бирор нарса ўйлаб топмадингизми?
Ж е н н а р о (ҳазил аралаш). Бу энди бошқа қонун лойиҳаси. Ҳар бир автомобилнинг тўққиз шофёри бўлади: биттаси рулда, қолгани моторнинг ўрнида, машинани итаради.

Ҳамма кулади. Кўчадан Рикардо киради.

Р и к к а р д о (У бадавлат хизматчи. Камтарин, лекин ўз қадрини билади. Бошдан-оёқ қора кийимда, пенне таққан. Қўлида газета, уни доим ўқишга ҳаракат қилади). Хайрли кун!

Ҳамма ҳурмат билан алик олади.

А м а л и я. Хайрли кун, синьор. Бир дақиқадан кейин қаҳва тайёр бўлади. Янги қаҳвадан тайёрланган.
Р и к к а р д о. Раҳмат, раҳмат.. Бу кеча мижжа қоқмадим. Бошим ёрилгудай оғрияпти… Хотиним тревога сиренасининг чинқириғини эшитса, ўзини йўқотиб қўяди. Болалар билан бир ярим соат ертўлада ўтириб, бир маҳал қайтдик. Уйқу қаерда! Хотиним бечора қалтирагани қалтираган, тиши тишига тегмайди…
П е п п е. Ҳа, роса бомба ташлашди.
Р и к к а р д о (газетани кўрсатиб). Маргарита чорбоғи ёнида икки уйни, Каподимонтда қандайдир бир иморатни вайрон қилишибди.
П е п п е. Ҳа, трамвай депосининг қаршисида!
Э р р и к о. Улар (осмонни кўрсатаркан, бомбардимончи самолётларни кўзда тутиб) роса авжига чиқариб, бомбардимон қилишни бошлади.

Ўнг тарафдан, улкан қаҳва идишни кўтарганча, Мария Розария киради.

А м а л и я (Амедиога). Эшикларни ёпиб, ташқаридан кузатиб тур!

Амедио онасининг айтганини бажаради. Амалия ҳаммага қаҳва қуяди. Ҳамма қаҳвани ичиб бўлгач, пул тўлайди.

Э р р и к о (тилини таққиллатиб). Табриклайман, донна Амаля! Бугун қаҳва ажойиб!
Ж е н н а р о (соқол олаётиб Федерико билан гаплашаётган гапининг хулосасини айтади). Тўппа-тўғри! Бу гап яна бир қонун лойиҳаси бўлиши мумкин!
П е п п е. Бу кеча қўрқувдан ўлиб қолаёздим!
А д е л а и д а. Мен бўлса, сиренанинг овозини эшитгандан, ҳамма нарсани ташлайман-да, мана буни (чўнтагидан тасбеҳ олиб кўрсатади) олиб, бомбапана ертўлага чопаман!
Ж е н н а р о. Менинг аъзойи баданим увишиб, қорним шундай оғрий бошлайдики, тўғри ҳожатхонага югуришдан бошқа чорам қолмайди. Қўрқоқлигимни тан оламан… Сиренани эшитдимми… югураман…
П е п п е (Риккардога). Синьор, сиз нима дейсиз? Бу уруш қачон тугайди?
Р и к к а р д о. Э, ким билади…
П е п п е. Янада кучлироқ бомбардимон бўлармиш, шаҳарларимизни вайрон этмоқчи эмишлар… Нима деб ўйлайсиз, синьор, бизнинг ҳаммамизни йўқ қилишадими?
Э р р и к о. Янада кучлироқ бомбардимон қилади дейсанми?
Ф е д е р и к о. Бизни йўқ қилармиш!
А д е л а и д а. Улар заҳар ташлайди, деган гаплар ҳам юрибди.
Ж е н н а р о (соқоли олинган юзини артар экан, бошқалар бараварида) Бизни йўқ қилармиш?
П е п п е. Бу мардона уруш эмас. Ахир, оиланинг нима дахли бор, уйнинг нима дахли бор?
Р и к к а р д о (газетада бир жойни нуқаб). Мана қаранглар, улуғ ёшдагиларни ҳам армияга чақириш эълон қилинибди!
А д е л а и д а. О, Мадонна делла Либера!
А м а л и я. Нима деб ўйлайсиз, синьор? Заҳирадагиларни ҳам чақирадими? Ўғлим Амедио учун жуда ташвишдаман. Нима деб ўйлайсиз?
Р и к к а р д о. Э… Ким билади!
Ж е н н а р о (ғазабга тўлиб, қарийб жирканган кўйи Риккардога қарайди). Нега ҳеч нарса билмайсиз, синьор? Яна газета ҳам ўқийсиз!.. Одам тинчлантиришингизни сўраяпти, шунчаки бўлса ҳам, кўнглини кўтаринг.
Р и к к а р д о (ҳамдардлик билан, юмшоқ овозда). Сизни мамнун этмоқ учун, энди бомба ташлашмайди, армияга чақиришмайди, яна автомобилларда бемалол юришга рухсат беришади, дейишим лозим эдими? Бу гапларни мен қаердан топай?
Ж е н н а р о. Тўғри… Аммо сиз қора костюмдасиз…
Р и к к а р д о (қизиққонлик билан). Нима бўпти? қора кийган одам, сизнингча, уруш қачон тугашинию қачон бомба ташланиб, қачон ташланмаслигини биладими?
Ж е н н а р о (кутилмаган ҳурматда, жанжални силлиқлаш учун) Йўқ… Ҳар ҳолда идорада… юқоридагилар билан гаплашиб турасиз…
Р и к к а р д о (қўрқувини яшириш учун, дадиллик билан). Ҳеч ким билан гаплашмайман. Ҳеч нарса билмайман.
П е п п е (Эррикога). Яхши… Кетдик… Бу синьор ҳеч ким билан гап­лашгиси келмаяпти. Ким билсин, бизни ким деб ўйлаяпти. (Риккардога.) Тўғри қиласиз. Бундай замонда тилни тишлаб юрган яхши.
А д е л а и д а. Худди шундай. Бизнинг нима ишимиз бор? Бизга ҳеч ҳам дахли йўқ.
П е п п е. Саломат бўлинглар! Сен ҳам кетасанми, Федри?
Ф е д е р и к о. Ҳа. Кетдик Амедио.
А м е д и о (у ҳозир кўчадан кирган). Менга қачон бир қултум қаҳва берасизлар? (Шошиб ичади. Сўнг ҳаммага мурожаат этади.) Саломат бўлинглар! (У Федерико ва Пеппе билан ниманидир сўзлашиб чиқиб кетади.)

Эррико кўчада тўхтаб чекади, кутилмаган хатардан хавотирга тушаётган одамдай, атрофга аланглайди.

А д е л а и д а (хайрлашаркан). Ҳали кўришамиз, донна Амалия. Мен бориб ишёқмас жиянимни уйғотишим керак.
Ж е н н а р о (ҳужрасига кирар экан, Риккардога). Биз билан гаплашсангиз бўлаверади. Ишончли одамлармиз. Биз ҳам худди сиздай фикрлаймиз. (Ҳужрага киради.)
Р и к к а р д о (овозини пасайтириб, эҳтиёткорлик ила). Донна Амалия, ёғ тополдингизми?
А м а л и я. Кейинроқ келинг. Бир одам ваъда берган эди… Биласизми, баъзан бўладигандай… қимматроқ оладиган харидор чиқиб қолса, у ўшанинг этагини тутиб кетаверади… Аммо олиб келса, ёғ сизники. Биласиз, биз ёғ истеъмол қилмаймиз. Биринчидан, бизга ёқмайди, иккинчидан… у жуда қиммат… Харид қилишга кимнинг ҳам кучи етади…
Р и к к а р д о (кесатиб). Ҳа, ёғ сотиб, сиз бир чақа ҳам фойда кўрмайсиз!
А м а л и я (оғир олиб, лекин юқоридаги оҳангдан чиқмай). Синьор… Агар бундай гапларни гапирсангиз, муносабатларни давом эттиролмайман… Болаларингиз борлиги туфайли сизга ёрдам бериб келдим. Аммо ўзим фойдамни ўйлаганим йўқ! Агар ўйлаган бўлсам, мадонна, майли…

Шу пайт Женнаро ҳужрадан чиқади. У кийинган – галстук таққан, жилетда. Стулнинг орқасига осиб қўйилган пиджагини олгани саҳнанинг тўрига юради. Амалия қўлларини баланд кўтарган – тор кўчада ўрнатилган мадонна ҳайкали қаршисида нима деб қасам ичишини билмай турибди. У бироз иккиланиб тургач, кўзи эрига тушади-да, бирдан хитоб қилади.

Майли, мадонна эримга қайтиб назар солишни насиб кўрмасин!

Женнаро тўхтайди ва хотинининг қасамини эшитган жойда бир зум тошдай қотиб туради. Сўнг итоаткорлик ройишида тушуниксиз нималарнидир ғудурлаб, хотинининг қасамидан норозилиги билиниб турган кўйи, пиджагини олиб, ҳужрасига кириб кетади. Бу пайт Амалия матрас тагидан тугунларни олиб, Риккардога узатади.

Мана бу сўраганингиз қант. Бу шокалад. (Учинчи тугунчани кўрсатиб.) Бу тугунчада оқ ундан қилинган вермишель бор… Бунинг ҳаммаси… (Ҳисоблашга уриниб, аммо ўзини ичида ҳисоблай олмаётган қилиб кўрсатиб.) Шошманг… ҳалиги одам келтирган қоғоз бор; ҳализамон у пул сўраб келиб қолади. (Жавон ичини пайпаслаб, қоғоз олади, ўзини ўқиётганга солади.) Икки кило қанд… Бир кило какао… Ўн қути вермишель… Ҳа, ўтган ҳафтадан қолган қарзлар… Ҳаммаси бўлиб… роса уч минг беш юз лира!
Р и к к а р д о (Рангги оқаради; бир лаҳза довдираб туради. Ўзини тутиб олгач, тилёғламалик билан) Биласизми, донна Амалия!.. (у ўзиннинг ночорлигидан хижолатда ва гапига хушмуомалалик оҳангини бермоқчи.) Ҳозирги пайтда қўлимда пул йўғроқ. Хотиним касал ётди… қанчага тушгани бир менга аён… Учта боламиз… (Маъюс тортиб.) Ойнинг охирида бирдан сочим оқаради. Маош ўша-ўша… Бу қимматчиликда йиғиб қўйган уч-тўрт сўмимиз шамолга учгандай ғойиб бўлди… Билсангиз, шу кунларда…
А м а л и я (Риккардонинг қўлларидан тугунларни олар экан, бепарвогина). Ҳар қалай сизнинг кўчмас мулкингиз бор…
Р и к к а р д о. Ҳозирги яшаб турган уйчам… Мен уни банкдан қарз кўтариб, сотиб олган эдим; йиллаб бош кўтармай ишлаб ва энг зарур нарсалардан ҳам воз кечиб… Яна Манокаваллода ҳам иккита квартирам бор… Биласизми, уларнинг ижарасидан қанча оламан? Биридан ойига икки юз, яна биридан уч юз… Сотишга кўзим қиймайди… Болаларимни насибасидан жудо қилишга журъат қилолмайман. (Пешонасини артади, сўнг қурбонликка бораётган одам қатъиятида чўнтагидан ленталар билан чиройли қилиб ўралган кичкина қутича олади. Уни эҳтиёткор бир меҳрда очади.) Мана, хотинимнинг сирғасини олиб келдим. Биладиганлар баҳосини беш минг лира деб баҳолади…
А м а л и я (Бефарқлигини кўрсатиш учун сочини тузатар экан). Бир жуфтми?
Р и к к а р д о (хавотирланиб) Йўқ. Бир донаси. Иккинчисини гаровга қўйганман. (Уялиб ерга қарайди.)
А м а л и я. Майли… бир дона бўлса ҳам… қолдиринг. Ҳалиги одамга кўрсатаман. У шундан рози бўлса керак.
Р и к к а р д о. Уч минг беш юз қарзим бор эди… Бир ярим минг қолади. Қолганини ўзингиз яшириб қўйинг…
А м а л и я. Қолса… (қутичани олиб кўксига яширади.)
Р и к к а р д о. Менга, марҳамат этиб, озиқ-овқат берадиларми?
А м а л и я (унга хушмуомалалик билан тугунларни тутқазади). Бўлмаса-чи… Ҳа, эртага бироз сигир гўшти келади… Сизга бир килоча олиб қўяман…
Р и к к а р д о. Ундай бўлса, эртагача… (У тугунларни ўзи билан келтирган чарм портфелга жойлаб, устидан газета билан ўрайди.)
А м а л и я. Янги тухум зарурмасми?
Р и к к а р д о. Бор бўлса… Болалар учун, биласиз…
А м а л и я. Эртага топишга ҳаракат қиламан…
Р и к к а р д о. Раҳмат ва кўришгунча!.. (Кетади.)
Ж е н н а р о (ҳужрасидан чиқади. У кийинган. Бориб шляпасини деворга қоқилган михдан олади. Нимадир ҳақида оғир ўйлар сураркан, саҳнанинг ўнг тарафига ўтиб ўтиради.) Бир нарсани тушундим, Амалия … Менга бекор эртаклар айтиб бераяпсан… Биз бир пиёла қаҳва учун хатарга тўла, ҳозир қамоққа олишларини кутиб, ҳаёт кечараётганимиз йўқ… Эртадан кечгача уйимизда бегоналарни кўраман… Ёғ, гуруч, оқ ун, ловия… Амалия…
А м а л и я (гапни бўлиш учун илдам оҳангда). Бу нарсалар меники эмас деб, сенга неча бор айтганман… Менга мол олиб келишади, мен эса у-бу танишларимга кўмак бераман, холос…
Ж е н н а р о. Шунчаки, чиройли кўзлари учунми?
А м а л и я (қичқириб). Мен бу ишдан ҳеч қанақа фойда кўрмайман!
Ж е н н а р о (у ҳам қичқириб). Ундай бўлса, биз қандай қилиб кун кўраяпмиз? Тушунтир, қандай мўъжиза туфайли? Картошкага қорин тўйдираяпмизми? Ким ишонади? Бу гапга фақат беимон одамгина ишониши мумкин… Картошкага кун кўраётган эмишмиз… Аллақачон қуриган гаварага айланиб қолган бўлардик… Мен мояна олаётганим йўқ, чунки аста-аста ҳамма трамвайларни тўхтатиб қўйишди… “Учинчи”ни ҳам, “Бешинчи” ҳам… “Ўн олтичи”ни ҳам… Ишдан бўшатиш, кутиш… Трамвайчиларнинг ярми ишсиз…
А м а л и я. Унда биз нима қилишимиз керак?
Ж е н н а р о. Сен мени гапиргани қўймайсан… Бир нарсани тушундим деб айтдим-ку… Ҳозир эсимдан чиқди… Айнан ҳозир… (Эсга туширмоқ учун тўхтаб, қаттиқ ўйга толади, сўнг бирдан) Ҳа карточка… карточка… Агар картошкага кун кўра олмасанг… (Яна эсидан чиқариб қўяди, ўйлаб топмоқчи бўлиб қийналади, ниманидир пичирлайди.) Денгизнинг авлиё ҳомийлари, тушундим… Бу лаънати олибсотар бозорсиз ҳам одамлар яшаш учун нима қилмоқлари кераклигини тушундим… (Эсига тушиб.) Ҳа!.. Агар картошка билан яшай олмасанг, бу олибсотар бозорга бориш керак! Қамашади деб, қамоққа тушаман деб, титраб-қалтираб яшамоқ керак! (Гапининг мантиғи қайларга олиб кетаётганини англамайди; муқаррарликка ён бериб, кутилмаган юмшоқ бир тарзда гапини тугатади.) Амалия, жуда эҳтиёт бўлишимиз даркор… (Кетишга чоғланиб,қўзғалади.)
А м а л и я. Нима қилмоқчисан, кетасанми?
Ж е н н а р о. Кўчада бироз лақиллаб келаман… Тоза ҳоводан нафас олмасам… Бу кеча ертўлада совуқдан роса қалтирадим… Нам суягимгача ўтиб кетди… Керак бўлсам, чақирарсизлар…
Э р р и к о (бўлиб ўтган гап-сўзни эшитиб, билиб турибди. У остонада Женнарони тўхтатади.) Шошмай туринг… Ўтган кеча икки центнер қаҳва келтирган эдим…
Ж е н н а р о (қўрқиб кетиб). Икки центнер?..
Э р р и к о (кўчага қараб олгач). Ҳа… Донна Амалия марҳамат кўргазиб, уни… (“Яшириб қўйганини” ҳаракат билан кўрсатади.)
Ж е н н а р о (таъна билан). Дон Эрри, биз энди нобуд бўламиз! Мени охири қамоққа ўтирғизасиз… Ахир мен… Сиз сўққабошсиз, мен оилали одамман… Албатта, бундай оғир пайтда бир-биримизга ёрдам даркор бўлса, яхши, ёрдам берайлик… Аммо сиз ҳамма нарсани бу ёққа судраб келаяпсиз… Бир марта, майли, икки марта… Дон Эрри, мен қўрқаман… Уларга сургун қилиш, қамоқда йўқ қилиш ҳеч гап эмас. Ҳатто ким ҳақ, ким ноҳақлигини суриштириб ҳам ўтирмайдилар… (У ҳокимиятни кўзда тутиб гапираяпти. Сукунат. Пешонасини артиб, атрофга аланглайди. Сўнг Амалияга) қаҳвани қаерга яширдинг?
А м а л и я. Каравотга. Пастки кўрпани қаҳва билан тўлдириб қўйдим.
Ж е н н а р о (каравотнинг ёнига келиб, кўрпаларни пайпаслаб кўради). Парвардигорнинг ўзи сақласин! Каравотнинг тагида ҳам нимадир бор… ун, ёғ, пишлоқ… (Бирдан эсига тушиб) Дон Эрри ҳали келтирган пишлоғингизни… тезроқ сотиб юборса, бўлмайдими?.. Кечаси ҳидидан ухлаб бўлмаяпти.
Э р р и к о. Дон Женна, озгина сабр қилинг. Шу пишлоқ туфайли ўзи кўрадиганимни кўрдим!
Ж е н н а р о (қатъий). Эҳтимол олди-сотдисида озроқ йўқотарсиз… Аммо соғлиққа фойда… Биласиз, кечаси салқин бўлаяпти, эшикни бекитсанг, ҳиддан димиқиб қоласан. Худо ҳақи, кечаси баъзан сирена овозини эшитиб, “нажот ҳам бор экан-ку” деб юборасан.
Э р р и к о. Қайтариб айтаман, озгина сабр…
Ж е н н а р о (суҳбатнинг бошига қайтиб, каравотни кўрсатар экан). Қант, ун… чўчқа ёғи… Бус-бутун улгуржи омбори! (Яна ташқарига йўналади.)
Э р р и к о (қатъий). Шунинг учун узоққа кетиб қолманг. Агар бир гап бўлиб қолса, буларни (“яшириш лозим” деган ишора қилади.) бир ёқлик қилиш керак.
Ж е н н а р о. Яна парвардигорнинг раъйига қарши боришга тўғри келади. Майли, меҳнат қиламиз… Аммо, дон Эрри, ҳамма молингизни уйимдан олиб кетинг… (Хотинига.) Ҳув, бурчакда тураман… Агар тревога бўлса, мени ўйламанглар… Ҳамма ўзини ўйлайди, парвардигор ҳаммани… Бирор гап бўлса, топиб олишади… (Кетади.)
А м а л и я. Мен сизга қанча беришим керак?
Э р р и к о (галстугини тўғриларкан, назокат билан). Ташвиш тортманг.
А м а л и я (унга тикилиб). Бу нимаси? Пулларингизни менга совға қиляпсизми?
Э р р и к о. Бундай совғалар қилиш имконияти ҳозирча менда йўқ… Аммо сизга ҳаётимни ҳам берардим… Бироқ қўлингиздан пул олишни истамайман. Сотилгандан сўнг, тушумни ҳисоблаб кўрасиз. Фойданинг ҳаммаси сизники…
А м а л и я (ваъда қилинган фойдадан кўра, Эррико гапларининг оҳангига мафтун бўлиб). Нима кераги бор… Фойдасининг ярми сизники… (Олмос кўзли сирға қутисини чиқариб.) Мана бу сирғага қаранг.

Эррико биладиган одам назари билан сирғани ёруққа солиб қарайди.

Э р р и к о. Ёмон эмас.
А м а л и я. Қанча туради деб ўйлайсиз?
Э р р и к о. Унисини ҳам кўрсатинг.
А м а л и я. Униси йўқ… Гаровхонада…
Э р р и к о. Унисини ҳам сотиб олиб, иккаласининг кўзи ҳам олмосми, йўқми – текшириб қараш керак экан… Гаров қоғози борми?
А м а л и я. Афсус!.. Йўқ… Шошманг, бугун қандай кун?
Э р р и к о. Душанба.
А м а л и я (ишонч билан). Пайшанбада, албатта, топиб қўяман.
Э р р и к о. Жуда яхши. Иккаласини ҳам сотиб олгандан кейин, нархини қўяверамиз!
А м а л и я. Тўрт-беш минг лира турадими?
Э р р и к о. Туради… қаҳвани ички матраснинг тагига тиқдингизми?
А м а л и я (каравот ёнига келиб, кўрпани кўтариб кўрсатади). Мана, қаранг. Борлиги билинмайди… Ўзиям роса уриндик… Матрасга иккита молния тикишга тўғри келди. Лозим бўлганда, “шир” эткизиб очаману, керагича олавераман… Қўл тиқасану…

Бу пайт Эррико Амалиянинг ортидан келади-да, унинг қўлларини оҳиста силаб, маҳкам ушлайди.

…оласан. (дастини мулойимлик билан ажратиб, Эрриконинг қўлларни нарига суриб қўяди.)
Э р р и к о (қаътий). Керак бўлганда, яна қўл тиқасан! (Амалияни қучоқлаб, ўпмоқчи бўлади.)
А м а л и я (Йигитнинг қучоғидан сирғалиб чиқаркан, қўзғалиб кетган эркакнинг аҳволини тушуниб.) Дон Эрре… қўйсангиз-чи!.. Сиз аввал бундай эмас эдингиз…
Э р р и к о (бироз тушгандай, аммо Амалияни қўйиб юбормай). Донна Амалия, мени афв этасиз!.. Сиз мени кечирмагунча, қўйиб юбормайман.
А м а л и я. Майли, ҳеч қиси йўқ… Ҳамма ҳам тирик жон!..
Э р р и к о. Раҳмат, донна Амалия, раҳмат… (Аёлнинг қўлини қайта-қайта ўпади.)

Саҳнанинг ўнг тарафидан кириб келган Мария Розария бу ҳолни қўлларини белига тираб, норози бир қиёфада кузатади. Эррико қизни кўриб қолади, Амалиядан ўзини тортиб, бепарвоҳол тарзга киради. Амалия Эрриконинг ўзини тутишдаги ўзгаришларни сезиб, беихтиёр ўгрилади ва қизига кўзи тушади. У довдирайди, аммо бир пасда ўзига келиб, сочларини тузатади-да, қизига ўқрайиб қарайди.

А м а л и я. Сенга нима керак?
М а р и я Р о з а р и я (киноя билан, совуққина). Ловияга бир бош саримсоқ керак.
А м а л и я. Нима, ўзинг ололмайсанми?
М а р и я Р о з а р и я.Тугади.
А м а л и я. Донна Жованинадан ол.
М а р и я Р о з а р и я (секин ташқарига чиқа бошлайди. Остонада тўхтайди, сўнг қаътийлик билан). Бугун кечқурун кинога бораман. (Кетади.)
А м а л и я (Эррикога таъна билан). Кўрдингизми?.. Худо билади, бу қизалоқнинг бошида нима бор…

Кўчадан “Мен унинг тумшуғини ёраман!” деган Амедионинг серҳаяжон овози эшитилади. Уни “қўявер!.. Майда-чуйда иш… қўявер!..”, деб тинчлантираётган Аделаиданинг овози ҳам эшитилиб турибди. Амедио киради, унинг ортидан Аделаида кўринади. У остонада тўхтайди.

А м е д и о (кўчадагиларга). Сизларга кўрсатиб қўяман!..
А м а л и я. Нима бўлди, Амедио? Нега бу вақтда бу ерда юрибсан?
А м е д и о. Палючелланинг жияни бор-ку… Этикдўз Эдижионинг қизини олиб қочган жияни… Биз у билан дўстмиз. У менга бир соат олдин донна Виченцаникига қаҳва ичгани кирганини айтди… Виченца сиз билан жанжал қилганидан бироз кейин… Донна Аделиада ҳам ўша жойда экан… Донна Аделаида, сиз гапириб беринг…
А д е л а и д а (Амалиянинг ёнига келаркан, хушомад билан, аммо оловга ўт бермасликка ҳаракат қилиб). Донна Виченца сиз ҳақингизда озроқ гапирди… (Саҳнанинг ўртасига туриб олиб, воқеани аниқ кўрсатиш учун, Виченцанинг овозига ва ҳаракатларига тақлид қилади.) “Буни қаранг-а! Фақат у патент олибдими? Фақат у қаҳва сотар эканми? Мен қаҳва билан савдо қилмасам, у ҳам қилмайди!.. Ундай… Бундай… Унинг танишлари бўлса, менинг ҳам танишларим бор!.. Агар бугуноқ уни бир балога дучор этмасам, Виченца исмимни бошқа қўяман!..” Кейин шол рўмолини елкасига ташлади-да, уйини қулфлаб, югурганича кетди.
А м е д и о. Албатта, у карбонерлар бригадирига чаққани кетган.
А м а л и я (ташқи сокинликни сақлаб). Майли, биласанми, ҳозир сен нима қиласан… Уйни тинтув этгани келишса…
А м е д и о. Биламан… Мен сизларни хабардор қилдим.
А м а л и я. Яхши иш қилдинг. Бор, отангни айтиб кел. Ҳу, муйилишда турибди.
А м е д и о (кўчага югуриб чиқиб, чақиради). Ота!… Уйга келинг! Ҳа, уйга!.. (Амалияга) Сичқондум донна Фортунатанинг уйи ёнида турибди. Агар у трубка чекса, карбонерлар кўчага бурилган бўлади.
А м а л и я. Сен уйда бўлиб тур!
М а р и я Р о з а р и я (остонадан). Мана, битта саримсоқ. Икки лира…
А м а л и я. Яхши. Энди сочларингни ёй-да, бошингга шарфингни ташлаб ол… (қутини суриб, қора шол рўмолини олади-да, елкасига ташлайди).
М а р и я Р о з а р и я. Ҳозир деганингиз қачон?
А м а л и я (кескин). Ҳозир деганим, ҳозир! Эртага эмас! Тезроқ бўл!
М а р и я Р о з а р и я (шарфни олиб, ўнг тарафга юради). Керак бўлсам, чақирарсизлар (Кетади.)
А м е д и о (кўчани кўрсатиб). Мен кўчада бўламан. Сичқондум трубка чекса, сизларни хабардор қиламан… (қоровуллик қилиш учун эшикдан чиқиб туради.)

Женнаро киради.

Ж е н н а р о (ҳеч нарсадан хабари йўқ.) Нима бўлди, а?
А м а л и я. (эътирозларга ўрин қолдирмайдиган жиддий овозда). Ҳозирлик кўр!
Ж е н н а р о (воқеалар кескин тус олганини тушуниб, қўрқувда). Йўғ-э? Ана холос! (Эррикога.) Дон Эрри, сизга нима деган эдим… Ҳаммамиз қамаламиз! (Шошганча, ҳужрасига қараб юради.)
А м а л и я (ҳаяжонланиб, Амедиога). Сувоқчи Паскулино билан Попни айтиб кел.
А м е д и о. Бу ёққа келишда уйига кириб, иккаласини ҳам айтиб келдим.
Э р р и к о (у бехавотир ва бундай пайтларда ўзини қандай тутишни билади. Амалияга). Донна Амалия, хавотир олманг!.. (Кўтаринки оҳангда.) Мен кетмайман! Сизларннг тақдирингиз – менинг тақдирим. (Кўрсатиб.) Мен, мана, бу ерда ўтираман. Хўш… қариндошларингман!
А м е д и о. Сичқондум трубка чекди!
Ж е н н а р о (ҳужрадан бош чиқариб). Трубка чекди!
А м е д и о. Ифлос донна Виченца айтганини қилди! (Ташқарига мўралаб, енгил тортади.) Хайрият! Сувоқчи Паскуалино ва Поп келаяпти.

ИККИНЧИ ПАРДА

Риккардо бир зум саросималаниб туради, сўнг гўё ўзига ўзи гапиргандай давом этади.
Р и к к а р д о. Квартирани ўзгартириш… Айтишга осон… Илгарилари осонгина иш эди… Янги квартирага кўчиб ўтиш ташвиш ҳам уйғотмасди… Чунки кўримсиз, хароба уйга ҳам бемалол кўчиб бориларди. Чунки кўчада ҳам ўзини уйидагидай ҳис қилинарди. (Бахтиёр кунларини эслаган каби.) Бир вақтлар… кечқурун уйингдан чиқардинг… Атрофда сокин, беозор одамлар… Улар сенга кулиб қарашади… Саломлашади… Ҳамма бир-бирига дўст… Агар озгина кўнглингни ёзгинг келса, бир чақа ҳам сарфламасдан, ойнаванд дўконларни томоша қиласан… Ҳасад йўқ… Хафагарчилик йўқ… Қарайсан: дўконда чиройли бир мол туради. Имконияти даражасида пул йиғасан-да, сотиб оласан… Квартирани алмаштириш… Ҳозир уйингдан ташқарига қадам боссанг, нима қиларингни билмай қоласан. Худди бошқа мамлакатга тушиб қолгандайсан…
Э р р и к о (таъсирланиб). Албатта, бу… менинг ишим эмас… Агар донна Амалия истаса…
Р и к к а р д о (руҳланиб). Донна Амалия, бу ерда ўн минг етти юз лир. Болаларим ҳақи, олинг! Билсангиз эди, бугун… бугун… Майли, бу гапни, ору номусимни ерга уриб бўлса ҳам, айтаман… бугун болаларим оч қолишади…

Эррико Амалияга қарайди. Амалия ҳам Эррикога қарайди. Ҳайрон бўлиб қарайди, чунки йигитнинг кўзларида Риккардога ҳамдардлик борлигини кўради.

А м а л и я. Кечирасиз… Айтганларингиз, чиройли гаплар, холос… (Амалиянинг кўзига тикилганча, унинг кўнглини юмшатишга уринаётган Эррикога – эътироз қолдирмайдиган тарзда.) Сен, яхшиси, аралашма. (Қатъийлик билан ўрнидан туради.) Пулни олишни биласиз… Энди эса, квартирангизни босиб олганимни айтиб, даъво қиласиз… Нима, мен квартира учун тўламаганмидим?

Риккардо Амалиянинг дод-войидан қўрқиб, уни тинчлантиришга уринади.

Биз оч қолганимизда уйингизга борганмидик? (Қасоскорона ишонч билан.) Менинг болаларим очликдан азоб чекишмаган эдими? Сиз иссиқ жойда ишлаб, кўчаларда сайру саёҳат этганда, ойнаванд дўконларни томоша қилиб юрганда, биз икки бўлак помидор солинган, ёвғон нўхат қипиғини тоқат билан еб ўтирганмиз. (Янада баланд қичқириққа ўтиб.) Сизга ачинсам ҳам, айтиб қўяй: энди аввалги икки квартирангиз ҳам, ҳозир яшаб турган уйингиз ҳам меники!.. Эллик минг лирни эса, марҳамат қилиб, адвокат орқали олинг. Агар ҳозирги уйингиз қорнингиз тўқ дамларни эсга солгани учун азиз туйилса, ижара пулини тўланг-да, яшайверинг! Тўлаш қўлингиздан келмаса, ана, катта кўча! Энди бизни тинч қўйинг, ишимиз кўп… (Риккардони ташқарига итариб.) Бўшатиб қўйинг уйни, бўшатинг!.. Боринг, ҳисобчи! Боринг!.. Юриш фойдали!
Р и к к а р д о (хўрланган, аммо ўзини тутиб, одоб билан сўзлашга ҳаракат қилади.) Яхши… Фақат аччиғингиз чиқмасин! Кетаман… Квартира излайман… Бўшатаман… Эрталаб адвокатга бораман-да, ишни битказамиз… (Бошига тушган ташвишлардан ва ҳозирги ҳақоратлардан ўзини йўқотиб қўйиб, нималарнидир пичирлаганча, ташқарига йўналади. Остонада тўхтаб, ўнгга бурилади, аммо хато қилганини сезиб, чапга йўналади.)
А м а л и я (кўнгли жойига тушиб). Уф! Ўйлайманки, энди нима бўлганини тушуниб етди! (Эррикога, бўлинган гапга қайтиб) Шундай қилиб, заргарга учрашдим денг…
Э р р и к о. Ҳа… Ўтган ойда олганим бир жуфт қимматбаҳо тошни алмаштирдим… Устига тўрт юз минг тўладим-да, мана бу икки олмосни харид қилдим… (Юпқа қоғозга ўралган бир жуфт олмосни кўрсатади.)
А м а л и я (кўзларини узолмай). Қандай гўзал!..
Э р р и к о. Тоза олмос… Нуқсони йўқ.

Амалия кўчага қараб қўяди. Сўнг каравотнинг ўнг тарафидаги полдан кафел плитасини авайлаб кўтариб, қимматбаҳо жавоҳирот солинган халтача олади.

А м а л и я. Доим хавотирдаман… (Халтачани очади-да, ҳалиги олмосларни ҳам солгач, яна авайлаб жойига қўяди. Плитани пол билан бир текис қилиб ўрнатади. Яна ташқарига қарайди. Енгил тортиб.) Шундай қилиб, бу олмослар меники!..
Э р р и к о (ўрнидан туриб эшикнинг ёнига келади ва кўчадаги ҳаракатга паришонликда қарайди). Бўлиш бошланди. (Амалияга қараб юради-да, саҳнанинг ўртасида тўхтайди. Алам билан). Менинг ҳиссамни ҳиссангизга қўшиш сизга оғир бўлгани учун…
А м а л и я (олдиндан ўйлаб қўйгани – жиддий суҳбатга тайёрланиб). Хушрўй, қулоқ солинг!.. Биласиз, сиз менга ёқасиз ва сизни жуда ҳурмат қиламан. Баъзан эҳтиросли кўзларингизни тўлдириб қараб турганингизни кўрсам, сизга шундай талпинаманки, Яратгандан бу орзум ҳақиқатга айланишини сўраб тиловатлар қиламан. Мен бу истакларим учун юзимга тарсакилар уришга тайёрман, аммо…

Эррико ғамгин тортиб, кўзларини ерга қадайди.

Амалий дўстлигимиз… юк машиналарда бу ерга олиб келтирганингиз молларни сотишим… бизга яхшигина фойда келтирди. Худога шукур! (Хулоса ясаб.) Ёлғон гапириб нима қиламан? Ҳар ҳолда ёши етган қизим бор… Женнаро-чи?
Э р р и к о. Мана, бир йилдан ошди, дон Женнародан бирор дарак эшитганингиз йўқ. Худо сақласину, агар тирик бўлса, қаерда эканлиги хабарини етказишнинг бирор-бир йўлини, албатта, тополган бўлар эди. Бунақа бомбардимонлардан кейин, энди унинг изини ҳам топиш маҳол. Женнарони немислар ҳайдаб кетди… Нега уни немислар ҳайдаб кетди? Йўлда бунақа дардисар уларга нима керак? Йўлларда эса отишма… Бомбалар, дайди ўқлар… Ишонинг менга, дон Женнаро ўлган!
А м а л и я (жавоннинг тортмасидан хат олиб, Хушрўйга кўрсатади). Буни кўряпсизми? Женнарога жўнатилган… Уч кун аввал келди… Бирор хабар борми, деб очиб кўрдим… Бу хат Женнаро билан яқин орада бирга бўлган бир одамдан… У Женнарога салом йўллаб, ҳол-аҳволини билдиради… Муҳр ноаниқ – қаердан келганини ўқиш қийин… Женнаро, демак, уйимизнинг манзилини бу одамга ёзиб берган… Мен қаерга бораман? Кимдан сўрайман? У тирик, тирик, тирик! Агар борлигини билдиролмаган бўлса, демак, иложи бўлмаган… Биласизми, Женнаро ҳамма вақт кўз олдимда мана шундай туради…
Э р р и к о (ҳовридан тушган, гангиган). Сиз учун байрам бўлиши равшан…
А м а л и я (афтода оҳангда). Ҳам қувонч, ҳам қайғу. Чунки сиз, албатта, тушунасиз… Бошланади: “Бу қандай савдо-сотиқ? Бу ишни қилиш мумкин, бунисини мумкин эмас…” Хуллас, оёқ-қўлим боғланади.
Э р р и к о (Аёлнинг кўзларига тик қараб, унга яқин келади. Қарийб таънали оҳангда). Албатта…
А м а л и я. “Бу хатарли… Эҳтиёт бўлиш керак…”
Э р р и к о. Бошқа… сабаби йўқми?
А м а л и я. Барча сабабга кўра ҳам.
Э р р и к о (Амалиянинг эсига аниқ берган ваъдасини тушираркан). Мен учун хафа бўлаётганингиз йўқ, шундайми? Тўғрими? Йўқ, мен учун эмас!
А м а л и я (сохта гапиришга энди кучи етмай, йигитнинг кўзларига тик қарайди, унинг қўлларини маҳкам ушлаб, ҳаяжонланиб шивирлайди). Сен учун ҳам! Сен учун ҳам!..

Эррико уни бор кучи билан қучоқлайди, лабларини секин лабларига босиб, узоқ ўпади. Шу пайт Поп кириб келади, жилетининг чўнтакларини кавлай бошлайди, сўнг ичкарига йўналади. Аммо ошиқ-маъшуқларни кўриб, орқага қайтади ва остонада уларга орқа ўгириб туради. Нотаниш одам киради.

Н о т а н и ш. Қаҳва!
П о п (уни дағаллик билан тўхтатиб, тескари ўгиргач, ортидан итариб бораркан). Савдо вақтинча тўхтатилган. Муюлишдаги уйга боринг. Боринг! Боринг!..

Нотаниш одам норозиликда алланималарни ғудурлаб кетади. Амалия ва Эррико Попнинг овозини эшитиб, довдираб бир-бирларидан нари борадилар. Амалия чапдаги эшикка кириб кетади.

Э р р и к о (жаҳли чиқиб,норози оҳангда). Сенга нима керак?
П о п (чўнтакларини кавлаштирар экан). Гугуртим ичкарида қолибди.
Э р р и к о (дағаллик билан). Бор, ол!
П о п (Эррикони юмшатиш учун жилмайиб). Қўйсанг-чи… Гугуртни бошимга ураманми? (Эррикони жаҳлдан туширолмаганини сезгач.) Майли… Олсам, ола қолай… (Эррикога кўз остидан қараб олади-да, ўнг тарафдаги эшикка кириб кетади.)

Амедио киради.

А м е д и о (Эррикога). Мен билан гаплашмоқчи эдингизми?
Э р р и к о. Бу ёққа қара, бола… Мен кўчада туғилганман ва ҳаётни сендан яхши биламан…
А м е д и о (довдираб). Нима демоқчисиз?
Э р р и к о. Бир ажойиб дамда барча юришларингга нуқта қўйиб, сендан кўра кўпроқ кўрадиган, эшитадиган ва тушунадиган одамнинг сўзларига қулоқ тутгин демоқчиман. Хатарли йўлдан кетаяпсан…
А м е д и о. Қанақа йўлдан?
Э р р и к о. Пеппе Домкрат билан дўстлигингни йиғиштириб қўйишинг керак. Сен ҳали болакайсан ва шундай нодонликлар қилиб қўйишинг мумкинки, натижада, озодликдан маҳрум қилинишинг ҳеч гапмас. Уни нега “Пеппе Домкрат” дейишларини биласанми?
А м е д и о (ўзини гўлликка солиб). Нега?
Э р р и к о (киноя билан). Нима, билмайсанми? Шунинг учунки, у кечалари қаровсиз қолдирилган машиналарнинг атрофида изғиб юради, пайтини топади-да, рессорига елкасини тираб кўтаради… (Эътирозга ўрин қолдирмай.) Сен эса ғилдиракларни ечиб оласан!
А м е д и о (қатъийлик билан рад этиб). Мен?!
Э р р и к о. Тушунмадингми? Ҳозир, ҳозир аниқроқ тушунтираман. (Эшикда кўринган Амалияга.) Биз бироз сайр қилиб келамиз. (Амедионинг қўлтиғидан олади ва қарийб куч билан олиб кета бошлайди.)
А м е д и о. Дон Эрри, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор…
Э р р и к о. Юр-юр…

Кетадилар. Қарийб шу пайтда саҳнанинг тўридаги кўчада Мария Розария кўринади. У жимгина ўнг тарафга йўналади. Стол устига сумкачасини қўйиб, онасига қараб олади. Қўлларини бир-бирига ўраб, ғашни келтирадиган бир жилмайишда, бесўз ва беҳаракат туради. Ўнгдаги эшикдан Поп чиқади ва кўчага йўналади.

А м а л и я (қизининг ҳаракатини диққат билан кузатади. Кутилмаган бир воқеа бўлганини англайди ва киноя билан сўрайди). Эрта қайтибсан?
М а р и я Р о з а р и я (беписанд). Куёв йигит туёғини шиқиллатиб, қочиб қолди.
А м а л и я (қарийб қувониб). Шундайми? Сенга нима! Бошқасини топасан.
М а р и я Р о з а р и я (совуққонлик билан). Кимни хоҳласам, кимни ёқтирсам, ўшани топаман. Ўзим топаман. Сиз ўз ишларингиз билан шуғулланаверинг!
А м а л и я (ҳазил оҳангда). Вой, бечора! Тинмай гапирардинг! Саёҳат! Америка!.. Американинг сенга кўзи учиб турган эдими…
М а р и я Р о з а р и я. Мен бебахтликка учрадим… Ахир, фақат гапириб юрганим йўқ, юрагимни ҳам бергандим… Сиз эса мени тузукроқ тергасангиз бўлар эди! Энди бекорга бақираяпсиз, барибир ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди…
А м а л и я. Ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди? Нималар қилиб қўйдинг?
М а р и я Р о з а р и я (айбни онасига ағдариши мумкинлигига у қадар ишонмаганлиги сабабданми, қизғинлик билан). Менга аввалроқ кўз-қулоқ бўлиш керак эди! Кечқурунлари дугоналарим билан кетаётганимда, қувониш ўрнига, тергашингиз даркор эди. Кўчада юришим сизга қулайлиги учун ҳам миқ этмадингиз… Пулнинг ортидан, фойданинг ортидан югуравермасдан… мени ҳам ўйлаш керак эди…
А м а л и я (довдираб, ўзини оқлаган бир тарзда). Сени ўйламаганим ҳақида гапиришга қандай журъат этасан? Нима қилган бўлсам, шу уй учун, сенлар учун…
М а р и я Р о з а р и я (кинояли). Сиз? Мени ўйлашга қачон вақтингиз бор эди? Қачон? Хушрўйингиз ҳақида ким ўйларди? Менми?
А м а л и я (ғазабини аранг тутиб). Гапингни қара!.. Сенга яна бир бор тушунтираман… Хушрўй билан иккаламиз олди-сотдида ҳамкормиз… Бу ишнинг сенга алоқаси йўқ. (Бирдан ўзини йўқотиб, жаҳл билан) Мен ўзимга ўзим қарашни удда қиламан, тушундингми? Яхшиси, ўзингдан гапир… Гапир… (Саҳна тўрига бориб, эшикни ёпади.) Қачон?.. Қаерда?
М а р и я Р о з а р и я (худди онаси тенгидай, унинг кўзига тап тортмай боқиб, бақиради). Шу ерда!.. Уни шу ерга бошлаб келганман! Хушрўй билан сайру саёҳат қилиб, базму жамшид қилиб юрганларингда!..
А м а л и я (тасаввур қилолмай). Шу ерда? Менинг уйимда?.. Расво бўлмай кет! Бу гапни онангнинг кўзига тик қараб айтишдан уялмайсанми?! Сен мени она дейишга лойиқ эмассан!.. Сени оёқларим тагида эзиб ташлайман!.. Мажақлаб ташлайман!..
М а р и я Р о з а р и я (паст тушмай). Хушрўйни ҳам чақиринг! У ҳам мени сизга қўшилиб мажақласин!.. Сиз унга бу ҳуқуқни ҳам бериб қўйибсиз!
А м а л и я (кўчадагилар эшитмаслиги учун, ўзини аранг тутиб). Суюқоёқ! Ҳа, суюқоёқсан!..
М а р и я Р о з а р и я (бармоғи билан онасини кўрсатиб). Худди сиздай! Сизнинг ўзингиздай!..
А м а л и я (ўзини йўқотиб). Ўлдираман сени! Ўлдираман!.. (қизининг устига ғазаб билан юради, Мария онасининг важоҳатини кўриб, ўнг тарафдаги эшикка югуради. Амалия уни таъқиб қилаб, қувади).

Саҳна ортида жанжал янада авжланади. Мария Розария онасининг муштларига чап бераётгани билиниб турибди. Бу орада тор кўчада ҳаракат бошланади: овозлар қулоққа чалинади. “Э, ўша! Ўша!..”, “Салом…”, “Ниҳоят …”, “Дон Женна, ассалому алайкум!”, “Ана, Дон Женнаро!” деган хитоблар эшитилади. Тор кўчани, байрам кунларидай, овозлар босади. Бир овоз қолганларидан алоҳида ажралиб эшитилади: “Дон Женна, бу ерда ҳаммамиз сизни ўлган деб юрган эдик”. Женнаронинг ҳаяжонли овози янграйди: “Мана, мана, тирикман! Қайтиб келдим!”. Ҳаяжонли саломлашишлар ва табриклар хори тинмайди. Шу пайт кўчадан жуда муҳим ва кутилмаган хабарни айтадиган одамдай Аделаида киради. Ҳеч ким йўқлигини кўргач, чақиради.

А д е л а и д а. Донна Амалия! Донна Амалия!
А м а л и я (кўчадаги шовқиндан ва Аделаиданинг кутилмаган ғайриоддий овозидан хавотир олиб). Нима бўлди?
А д е л а и д а. Эрингиз!

Женнаро киради.

Ж е н н а р о (Ҳаммани – сўлга, ўнгга; юқорига – балконларга қараб қутлар экан). Раҳмат! Ҳаммаларингга раҳмат! Кейин айтиб бераман!.. Кейин айтиб бераман…

Унинг эгнида йиртилган, шўрлаб кетган кийим: бошида Италия аскарининг фуражкаси, шими Американики, пиджакнинг ўрнига – немис аскарининг ола-була (камуфляж) ёпинчиғи. Женнаро жуда ориқлаб кетган. Чарчоқ, аммо ўз оиласи ва уйига етганидан юзи қувончдан чарақлаб турибди. Унинг елкасида аскарнинг елкақопига ўхшаш бир балолар тиқилган халта, қўлида декча (қозонча) вазифасини бажарувчи қўлбола сим ушлағичли банка. У остонадан киради-да, атрофга бир қур назар ташлайди. Ҳайратланади. Ҳашамдор кийимдаги хотинига кўзи тушгач эса баттар ҳайрон қолади. Женнаро хотинини танимайди. Адашиб бошқа эшикка кирганман, деб ўйлаб, кечирим сўрайди.

Ж е н н а р о. Кечирасиз, синьора… (қайтиб жўнайди.)
А д е л а и д а (уни қувиб етиб). Адашмадингиз, дон Женна! Кираверинг!.. Мана, бу уйингиз… Ана, хотинингиз… Кўраяпсизми?

Женнаро киришга журъат қилолмай туради, сўнг ишончсизлик билан қадам ташлайди. Уйидаги ҳашам уни гарангситиб қўйган. Женнаронинг кўзлари Амалиянинг кўзлари билан учрашади. Женнаро ҳаяжон ва қўрқувга тўлган. Амалия эса бир сўз айтолмай, тош каби қотиб турибди. У эрининг қанчалар азоб-уқубат чекканини ташқи кўринишидан англаб етган.

А м а л и я (аранг шивирлаб). Женнаро… (Унинг бу сўзида хитоб ҳам, ҳайрат ҳам, эркалаш ҳам, оддий инсоний тушуниш ҳам бор.)
Ж е н н а р о (уни танимагани учун кечирим сўрагандай, чўчибгина). Амалия… Кечирасан… Аммо… (Хотини томонга бир неча қадам ташлайди. Унинг юзи ғуссадан аллатовур бўлиб кетган. У ниманидир гапиргиси, йиғлагиси, беҳад қувонгиси келади, аммо у фақат бир сўзни айтолади.) Амалия…

Эру хотин бир-бирларига ташланадилар ва меҳрда ўртаниб қучоқлашадилар.

Ж е н н а р о (ҳаяжонда). Абадият кечгандай, Амалия…

Амалия ўксиб йиғлаяпти, Женнаро кўз ёшларини артаяпти.

Абадият кечгандай…

Сукунат. Амалия биринчи бўлиб ўзига келади.

А м а л и я Хуш келибсан!.. Ўтир, ҳордиқ чиқар… Менга айтиб бер… Қаерларда эдинг?
Ж е н н а р о (ўзининг даҳшатли саргузаштини яна қайта бошдан кечираётгандай). Хўш, Амалия… Ҳаммасини шундоқ айтиб берайми? Кўрганларимни, бошдан кечирганларимни айтиб бераверсам, бир йил ҳам етмайди. Биз айро тушган ўн уч-ўн тўрт ойнинг машаққатларини ёзиб чиқишга тоғдай қоғоз уюми ҳам камлик қилади. Ҳаммаси бу еримда (кўзларини кўрсатиб) турибди, Амалия. Кўзимнинг олдида… Бошимга чиқмайдиган бўлиб ўрнашган… Нимадан гап бошлашни ҳам билмайман… (Кўнгли очиқлик билан кулади.) Аммо ҳозир ҳаммасини, ҳаммасини унутгандайман… Уйимиз… сен… дўстлар… (Пешонасини ишқаб.) Жимлик, сукунат… (Кутилмаган қатъиятда, руҳи кўтарилиб.) Яхшиси, сизлар ҳақингизда, уй ҳақида гаплашамиз… Амедио қалай?.. Ритуччи?.. Мария?..
А м а л и я. Ритуччининг тоби йўқ.
Ж е н н а р о (ташвишланиб). Нима бўлди?
А м а л и я (сокин). Ҳеч нарса… Озгина иссиғи бор… Болаларда бўлиб туради…
Ж е н н а р о. Қизгинам… (Амалияга.) Ўша ердами? (Амалиянинг тасдиғидан кейин, чапдаги эшикка кириб кетади).
А д е л а и д а (шу пайтгача у Женнародан кўз узмай турган эди). Бечора дон Женнаро… Озиб-тўзиб кетибди… Парвардигор! Парвардигор! Мен кетдим, донна Амалия! Кейинроқ кирарман… (Ташқарига чиқаркан, тор кўчадаги Мадонна ҳайкалига мурожаат қилади.) О Мадонна! Ўзинг паноҳингда асра!
А м а л и я (ўнгдаги эшикка қараб). Мария… Бу ёққа кел.. Отанг келди!

Кўз ёшларини артиб ва сочларини тузатиб, Амалия чиқади.

М а р и я Р о з а р и я (паришон). Отам келди…
А м а л и я (нафратланиб). Бундай аҳволда кўринма… Унга аҳволингни гапириб ҳам ўтирма… Бечорага бир бало бўлиб қолмасин…

Кўчадан Амедио югуриб киради.

А м е д и о (ҳаяжонланиб). Отамни келган, дейишаяпти?
Ж е н н а р о (орти билан оҳиста юриб чиқаркан, чапдаги хонага қараб сўзлайди). Амалия, унинг иссиғи баланд… Нафас олиши менга ёқмаяпти… (Амалияга ўгириларкан, Амедиога кўзи тушгач, сўзи бўғзида қотади).
А м е д и о. Ота!

Қучоқлашадилар.

Ж е н н а р о. Амеде… (Бағрига қайта босиб.) Мўъжиза!
А м е д и о. Қайтганингиз қандай яхши бўлди…
Ж е н н а р о (Бир четда гўё қўрққан каби турган қизига кўзи тушади. Унинг югуриб келишини кутиб бироз туради; ахийри таънакор оҳангли ҳайронликда, Марияга). Мари, наҳотки, отангни кўрмаётган бўлсанг?

Мария Розария тоқати тугаб, югуриб келади-да, отасининг қучоғига киради. Женнаронинг бағрида икки фарзанди – бахтиёр дамларни бошдан кечираяпти. У жуда қаттиқ ҳаяжонланган, ундан қувонч барқ уриб турибди.

Агар билсаларинг эди, билсаларинг эди… Ҳали гапириб бераман… (Фуражкасини ечади, елкасидан халтасини олади-да, ўзининг ҳужраси тарафга юради ва уни тополмай саросимада тўхтаб қолади. Бироз ранжигандай, Амалияга.) Менинг… хонам қани?
А м а л и я (ўзини оқлашга уриниб, аммо эрига ҳурмат ила). Хонанг, Женне..
Ж е н н а р о. Уни ҳам сотиб юбордиларингми?
А м а л и я. Сен йўқ эдинг…
Ж е н н а р о. Тўғри, мен йўқ эдим… (Беихтиёр ўзи яшаган ва ҳозир тамом ўзгарган бурчакка қараб туради. Сўнг кўниккандай) Озгина ичим ачишди… (Узоқ сукунат. У жиҳозларга ва янги нарсаларга бир-бир қараб чиқаркан, маъқуллаб Амалияга қараб-қараб қўяди.) Албатта… Жуда чиройли бўпти!.. Жуда!..
А м е д и о. Лекин… Ота, қаерда эдингиз?
Ж е н н а р о (самимий). Билмайман. Қаерда бўлганимни айтаман десам ҳам, айтолмайман… Ўтиринглар… (Фуражкасини, халтани ва декчани саҳна тўридаги столга қўяди ва фарзандлари билан Амалиянинг қаршисига ўтиради.) Хўш… Нима десам экан? Қирғоқдаги уч юз метрлик масофада одамларни эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилди. Бир ярим соат ўтар-ўтмас бир зоғ ҳам қолмаслиги даркор эди… (Амалияга.) Эсингдами? Чамадону тугун кўтарган халқ…
А м а л и я (ўша манзарани эслаб). Бўлмаса-чи…
Ж е н н а р о. Ўшанда қамоқхонанинг ёнидан ўтиб кетаяпман, денг. Ўн кило олма ва тўрт кило нон орқалаб, Фраттамажоредан қайтаяпман. Ўн тўрт километрдан… Ўн тўрт кило юкни орқалаб… қандай чарчаганимни худонинг ўзи билади… Хуллас, ярим йўлда денгиздан бомбардимон бўлишини айтиб қолишди. “Югуринглар! Ертўлага югуринглар! Денгиздан бомбардимон қилишади!”, “Америка кемалари!”, “Бошбапанага чопинглар!” Эсимга сен, болаларим тушди… Қандай қилиб бомбапанада ўтираман? Қаердан бомба ташлашса, ташлай беришмайдими? Денгизданми, ерданми, осмонданми, ернинг тагиданми… Уйга боришим керак… Тўхтамай кетавердим… Елкамда ўн тўрт кило юк… Ташламайман-ку… Йўлга эса тўрт тарафдан отиб туришибди. Худди дўзахнинг ўзи. Томларга, дўконларга, тарновларга ўқлар ёғилаяпти… Одамлар қочишга тушган… Пулемётлар… Немислар… Атрофда мурдалар ётибди… Шу тўполонда кимдир мени тирсаги билан уриб юборди. Йиқилдим. Нону олмалар сочилиб кетди. Ерга бошим билан тушдим, мана бу жойим (қаншарини кўрсатиб) шундоқ шилиниб кетди… Эсимда, қўлим қонга ботган… (У чап қўлини, ҳали ҳам қонга ботиб тургандай кўтариб, кўрсатади.) Эшитиб ётибман: ҳануз отишаяпти… (Юки эсига тушиб.) Билмадим, ўша олмаларни ким еган?.. (Сукунат.) Ҳушимга келиб, у-бу нарсани англай бошлаганимда, кимдир мени ерга маҳкам босганича, бўғаётгандай эди… Овозлар, одамларнинг бақир-чақири… қимирлашга уринаман – қимирлай олмайман… Оёқларим бордай, аммо ҳаракатга келмайди… Мен бомбапананинг вайронаси тагида қолганману, устимда одамлар ётибди, деган хаёлга бордим… (Эски тахмин янги тахмин билан алмашади.) Яқинлашиб келаётган поезднинг шовқини… Аввал узоқдан… сўнг яқинлашгандан яқинлашиб… Ётган жойим эса қаёққадир югуриб кетаяпти… Шунда яхшироқ англаш учун кўзларимни юмиб олдим… “Поездми?” Ғилдиракларнинг шаққиллаши… Поезд! Ёруғ бир пайдо бўлади, бир ғойиб… яна пайдо бўлади… қанча вақт шу тарзда кечди?.. Билмайман… Кейин сукунат… Аста-аста ўзимни эркинроқ ҳис қила бошладим. Ҳатто қимирлаш ҳам мумкин… Янада ёруғ кўпайди… янада ҳаво мўлроқ… Нафас олиш мумкин… Одамлар қўзғалиб қолди… Поезддан туша бошладилар… Мен ҳам тушдим… қаерда эдим? Қайси мамлакатда? Мутлақо билмайман. Дала лазаретида яраларимни боғлашди, икки кундан кейин эса немиснинг сержанти, қўлимдан нима келишини сўраб қолди. Қўрққанимдан каллам ишлаб кетди: “Агар трамвайчиман, десам…” (Немис сержантининг овозига тақлид қилиқ қилиб) “Бу ерда трамвай йўқ… Сен ҳам даркор эмассан!” деб қолишидан чўчидим. Ахир… (Автоматнинг отишига ўхшатиб.) Та-та-та-та… дунёда йўқсан…
А м е д и о (нацистларни кўзда тутиб). Улар бундай ишларга устаси фаранг!
Ж е н н а р о. Атрофга қараб олдим-да, “юкчиман, тош ташийман”, дедим. Тош!.. (Қандай оғир ишни бажаргани гапидан билиниб.) Мен қанча тошларни кўтарганимни билсанг эди, Амалия! Овқатсиз, сувсиз, портлаётган бомбаларни оралаб… Мен ўша сержантга негадир ёқиб қолдим. Олдимга гаплашгани тез-тез келади. Нималарнидир гапиради. Тушунмайман. Фақат “ҳа” дейман. Маъқуллаб бош силкийман… Шундай қилиб, уч ой ўтди… Бир нечта неаполлик билан гапни бириктириб, қочдик. Қочиб кетаяпмиз… Бирдан биттаси “Муқаддас Мадонна! Бизга отишаяпти”, деб қолди. “Ота­версинлар, – дедим, – ўлганимиз яхши!” Амалия, у ерда баъзан ўлим яхши кўринади. Фақат кечалари юрамиз, қишлоқдан қишлоққа ўтамиз… (Жим қолади. Кейин ўша дамларни кўз олдига келтиргандай, бир нуқтага тикилганча.) Аравада, поезднинг зинасида… Пиёда… Пиёда… қандай азоб, Амалия!.. Қирғинлар, вайрона шаҳарлар, изғиган болалар… Ўлдирилганлар қанча!.. Бизлардан ҳам, улардан ҳам… Нималарни кўрмадим!.. (Бошдан ўтганларни кўз олдига келтириб, тамом эзилган алфозда.) Ўлганларнинг эса ҳаммаси бир хил… (Сукунат. Фикрату руҳида қандай ўзгаришлар пайдо бўлганини билдириш учунми, янада ҳаяжонли оҳангда.) Амалия… бошқа одам бўлиб қайтиб келдим. Аввалги урушдан қайтганимда, менга нима бўлгани эсингдами? Тайёр жинни эдим, кўринган билан жанжал қилаверардим…

Амалия тасдиқлайди.

Бу сафар тамом бошқачаман. Бу уруш эмас, Амалия, бошқа нарса… Биз тушуниб етмайдиган нарса… Мана, мен эллик иккига кирдим, аммо энди ўзимни ҳақиқатан эркак деб ҳис қилаяпман. (Амедиога, тиззасига уриб.) Бу урушдан яхши одам бўлиб қайтишаяпти… Бировга озор бермайдиган… (Амалияга, огоҳлантиргандай.) Бировга ёмонлик қилмайлик, Амалия… Заррача ёмонлик қилмайлик… (Уйига қайтиш, хотиралар, яқинлари билан учрашув, энг муҳими, бу фожиалар олдида ўзининг ҳеч киммаслигини ҳис қилиш – бошидан ўтган жами воқеалар уни жисмоний тангликка олиб келган; у ҳўнграб йиғлайди.)
А м а л и я (ташвишга тушиб ва ўз одатининг аксига кўра ҳаяжонланиб). Бўлди!.. Бўлди, Женнаро…
А м е д и о (Овутиб). Ота…
Ж е н н а р о (бўшашганидан уялиб, ўзини тутиб олади, юзида нимтабассум пайдо бўлади). Шу-да энди… (Ҳикоясига қайтиб.) Кейин… (Бошдан кечирганлари шу қадар кўпки, Женнаро бу туришида, уларнинг энг муҳимларини на умумлаштиришга, на таҳлил қилишга кучи етади.) Ҳозир… (Тараддудланиб.) Бошим негадир бўм-бўш… Хуллас, қишлоқлар ортда қолди… (Хотирасининг ипини топиб.) Бир одам билан танишиб қолдим… Хўш… Эшитинглар… Иккаламиз ташландиқ молхонада тунаб юрдик. Эрталаб мен бирор жойда бирор иш топиш илинжида жўнайман, оқшомда қайтиб келаман… Эътибор берсам, ҳалиги одам ташқарига ҳеч ҳам чиқмайди… Эски шох-шаббаларнинг уюми ичида ўзига ин қилиб олган… Кечалари гапириб чиқади. (Танишининг хириллаган ва қўрқиб кетган овозига тақлид қилади.) “Ана, улар! Ёрдам беринглар! Қўйворинглар! Мени қўйворинглар…” Сесканиб кетаман… Амалия, у яҳудий эди…
А м а л и я (ҳамдардлик билан). Бечора!..
Ж е н н а р о. У бечора яҳудий эди. Молхонада бирга яшаётганимизга икки ой ўтгандан кейин иқрор бўлди… Кечқурун қайтаман. Баъзан нону пишлоқ, баъзан нону мева, баъзан фақат мева… Бирга еймиз… Биз ака-укадай эдик. (Ўша ғалати кунларнинг бир тафсилотини эслаб, жилмаяди.) Энг даҳашатлиси, унинг “мени сотиб қўяди”, деган хаёлидан кейин бошланди… (Яна жиддий.) Унинг ранги оқариб кетган, қизарган кўзи қинидан чиқадигандай… Менга ақлдан озгандай туйиларди… Бир кун эрталаб у ёқамдан ушлади… (Сўл қўли билан ёқасини ушлайди. Ўнг қўли билан гапига мос ҳаракат қиларкан, ўша одамга яна тақлид қилиб.) “Сен мени сотасан!..” (Ўзининг овозида.) “Йўқ, сотмайман…” (Яна дўстига тақлид қилиб.) “Сен ҳаётимни уларга топширмоқчисан…” (Ўзининг овозида.) “Бу гап хаёлимга ҳам келгани йўқ… Мен уйга қайтмоқчиман…” (Дўстининг овозида.) “Мени уларга топширма… уларга топшириб қўйма…” У йиғлади… Норғул, сочларига оқ оралаган… Катта бўлиб қолган фарзандлари бор… Уларнинг суратлари ёнида… қандай ваҳшийлик! Шунчалик тубан тушдикми?… Бунинг учун ҳали кўп нарса қурбон берамиз… Амалия, у ҳозир ҳам кўз олдимда… қўлларимни тутиб олган… қўлларимни ўпади… (Яна яҳудийга тақлид қилади.) “Мени сотма…” (Дўстига жавоб бергандай.) “Наҳотки, сен бундай иш қўлимдан келади деб ўйласанг?..” (Амалияга.) Уни роса ишонтирмоқчи бўлдим… (Дўстига мурожаат қилиётгандай.) “Авваламбор, мен имонли одамман, агар Худо жонингни омон сақлаб, Неаполга борсанг, суриштириб кўришинг мумкин…” Нима десам ҳам, бефойда… Калласига қуйиб олган… Кейин яна қишлоқма-қишлоқ ўтиб келавердик… Қандай қилиб, фронтдан ўтганимизни ҳам билмаймиз… Бошқача ҳарбий кийимдаги аскарларни кўрганимиздан сўнг ишондик… қандай қувонганимизни айтиб бўлмайди! Қучоқлашамиз денг, ўпишамиз денг!.. Худди туғишган ака-укадай… Унга ўз манзилимни ёзиб бердим-да: “Бошингга нима иш тушса, ёрдамга тайёрман”, дедим.
А м а л и я (бояги хат эсига тушиб). Эҳтимол, бу хат ўша одамдандир… (Стол устида ётган хатни олиб, Женнарога узатади.)
Ж е н н а р о (хатни олиб кўргач, қувониб). Албатта… Ўша! Худога шукур! Соғу саломат! (Ўқийди.) “Муҳтарам синьор Женнаро. Ўйлайманки, яқинларингиз билан ахийри дийдор кўришгансиз. Сизга алангали саломлар йўллайман ва сизни чин қалбдан табриклайман” (Хотинига.) Унутмапти… (Ўқийди.) “Болаларингиз ва хотинингиз, қай қисматни бошларидан кечирган бўлмасинлар, ишончим комилки, сизга ва сиз чеккан уқубатларга муносиб бўладилар…”

Амалия ҳаяжонланади ва сочларини тузатган бўлиб, бу ҳолни яширишга ҳаракат қилади.

“Сизнинг барча ташвишларингизга висол ҳаяжонлари мукофот бўлишини тилайман. Мен ўзимни яхши ҳис қилаяпман…”
А м е д и о (хат охирига етаётганини фаҳмлаб, сабрсизлик билан). Хуллас, ота, кўп азоб чекибсиз…
Ж е н н а р о. Гапирма… Гапирма… Ҳали ҳеч нарсани сўзлаб берганим йўқ… Айтаверсам…
А м е д и о. Энди уйдасиз, биз билан бирга… Ўтган ишларни кўп ўйламанг.
Ж е н н а р о. “Кўп ўйлама”? Айтишга осон. Бу кўргуликларни ким ҳам унута оларди!
А м е д и о (енгилтаклик билан). Қўйсангиз-чи, ота… Энди сиз учун кўргуликлар ниҳоясига етди.
Ж е н н а р о (ишонч билан). Йўқ. Адашаяпсан. Мен кўрганларимни сен кўрмагансан… Уруш тугагани йўқ…
А м е д и о. Биз бу ерда тинчгина ҳаёт кечира бошладик.
Ж е н н а р о (хурсанд бўлиб). Кўраяпман… Кўраяпман… О, неча марта ўлимдан қутулиб қолдим! Амалия, нақ бир баҳя қолди… Помпедаги Мадоннага, албатта, шам қўйишим керак… (Ўрнидан туриб, қувониб атрофга назар ташлар экан.) Агар ўлганимда, мана бу қўғирчоқдай қилиб қайта қурилган уйни кўролмай кетардим, мана бу мебелларни ҳам, зебо қизим Марияни ҳам… Амедиони ҳам… Сен бу чиройли кўйлакда… ҳақиқий синьо­ранинг нақ ўзисан!.. (Амалиянинг сирғалари, олтин тақинчоқларига кўзи тушиб бир дақиқа ўйланиб қолади. Амалия беихтиёр тақинчоқларини кўрсатмасликка уринади.) Кўрсат-чи, Амалия… (Ҳайратга тушиб.) Наҳотки, олмос бўлса?
А м а л и я (уларнинг баҳосини гўёки туширишга ҳаракат қилиб). Ҳа… Олмос…
Ж е н н а р о (қовоғи уйилади. Бошида турфа фикрлар, аммо у баъзи миядан чиқмаётганларини нарига суришга ҳаракат қилаяпти. Узоқ сукунат. Беихтиёр Марияга шубҳа билан қарайди. Қиз кўзларини ерга олади. Жиддий ва синовчан оҳангда гап бошлайди). Ҳм… Менга баъзи бир нарсаларни тушунтириб бер, Амалия…
А м а л и я (сохта кулги билан). Нимани билишни истайсан, Женнаро? Биз бироз оёққа туриб олдик… Амедио ишлаяпти, яхшигина топаяпти… Мен озми-кўпми савдо қилиб турибман…
Ж е н н а р о (хавотирда). Яна мурда бўлишимга тўғри келадими?
А м а л и я (вазиятдан чиқиб кетиш учун эринг ҳазилига одатдан кўра кўпроқ кулади). Йўқ… Нима деяпсан, Женнаро.
Ж е н н а р о. Мени мурда бўлишга мажбур қилманглар. Назаримда, бу иш ёмонлик аломати… (Эслаб.) Энг қалтис дамларда, доим тўрт тарафимда шам ёниб турганини кўрдим… “Ҳа, ўша қилмишим менга бебахтлик келтирди”, деб ўйлардим.
А м а л и я (уни тинчлантириб). Хавотир олма. Ҳозир ҳамма нарса ўзгарди. Америкаликлар, англияликлар…
Ж е н н а р о (Англо-америкаликлар уруш пайтида берган ваъдаларини амалга ошира бошлаган бўлсалар керак, деган фикрдан бироз ором топади). Тушунаман… Бизга ёрдам беришаяпти… Инглизлару америкаликлар ёрдам берамиз, дейишганди-ку! Демак, сўзларида туришибди-да… (Ўзгача оҳангда.) Хўш, сенинг савдонг қанақа савдо?
А м е д и о. Улар Хушрўй билан компания ташкил этишди.
А м а л и я (саросималаниб, норози оҳангда). Ҳа… Биз жамият ташкил қилдик. У юк машанасида… мол олиб келади…
Ж е н н а р о. Олиб келади… Транспорт жамияти… Ҳа, юк машинасини америкаликлар берса керак…
А м а л и я (аччиқ алам билан). Ҳа, беришади… (Енгил киноя аралаш.) Уларга борасан-да, “менга бир-икки юк машинаси керак эди”, дейсан – шундоқ беришади…
Ж е н н а р о. Ёрдам беришларини кўп гапирганлар. Ваъдалари устидан чиқибди-да! Ҳўкизни шохидан, имонли одамни лафзидан биласан, деганлари ҳақ рост… Амедио, сен нима қилаяпсан?
А м е д и о (қисқа қилиб). Мен… Автомашиналар билан шуғулланаман… (Отасининг эътибор бераётганидан ғурурланиб.) Агар машинани кўрсам… Ҳолати яхши бўлса… Им-м-м… сотиб оламан… Олди-сотди…

Женнарога бу гаплари ёқинқирамаганини сезган Амедио гапни бошқа ёққа буради.

(Кулиб.) Мария Розария сизга совға тайёрлаб қўйди… Америкага кетаяпти. Америкалик аскарга турмушга чиқаяпти.

Мария Розария отасига қарашга ботинолмай, аввалгидек қовоғини солиб, Амалия эса игнанинг устида ўтиргандай туришибди.

Ж е н н а р о (ҳайратда, қувонган, хафа ҳам тортган). Сен? Мени ташлаб кетяпсанми? Бунақа бўлиши мумкин эмас… Бир кўзсиз яшаш мумкиндир… Лекин отасиз… (Қизини меҳр билан қучади, қиз юзларини кафтлари билан беркитиб, тўлиқиб йиғлай бошлайди. Женнаро эса, Мария ота уйни ташлаб кетаётгани учун йиғлаяпти деб ўйлайди.) Йиғлама, мен ҳамиша сен биланман… Ҳеч ёққа қўйиб юбормайман… Сени ўзим неаполлик йигитга турмушга бераман… Ўз ҳамшаҳарингга…

Шошиб Эррико киради.

Э р р и к о. Амалия… (Женнарога кўзи тушади, нима қилиш лозимлигини тез англайди ва керакли оҳангни топишга ҳаракат қилиб, гапиришга тушади). Э-э!.. Қаранг!.. Дон Женнаро ҳам шу ерда-ку!…
Ж е н н а р о (эски қадрдонини кўрганидан қувониб). Салом, Хушрўй!

Қучоқлашадилар.

Ярим соат олдин келдим… Кейин ҳикоя қилиб бераман… Бутун бошли роман!.. Хотиним билан транспорт жамияти тузибсизлар деб эшитдим… Иш яхши кетаётган эмиш… Табриклайман…
Э р р и к о (бироз саросималикда Амалияга қараб олиб). Қўяверинг… Яқинда донна Амалия сиз ҳақингизда гапириб берган эди… Ҳамиша кўз олдида эканлигингизни, сизни ҳар дақиқа кутишини… Сиз эса айни пайтида келдингиз… Чунки бугун оқшом туғилган кунимни нишонлаймиз… Донна Амалия сўққабошлигимга раҳми келиб, марҳамат кўргазди-да, уйингизга таклиф қилди… Фақат ўзимизникилар…
Ж е н н а р о (маъқуллаб). Жуда яхши бўпти!.. Сиз ёлғизсиз… Бунақа нохуш замонда йиғилиб, бирга ўтириб, чақчақлашмоқ ёмон эмас… Ҳозир жуда оғир замон… Мен бўлган ўлкаларда, ҳозиргача замбараклар гумбирлаб турибди!.. Қасам ичиб айтаман, эшик “қарс” этса ҳам юрагим шувуллаб кетади… Қаранг, шу кунда…
Э р р и к о (уни бўлиб). Қўйинг, дон Женнаро, бу ҳақда энди кўп ўйлайверманг… Ҳозир дўстлар келишади. Озроқ ўйин-кулги қиламиз!..
Ж е н н а р о. Ўйин-кулги? Ҳазиллашаяпсизми? (Атрофдагиларни чин воқеликка чақираётгандай.) Уруш тугагани йўқ…
Э р р и к о. Таъмирдан кейин уй сизга ёқаяптими?
Ж е н н а р о (шунчаки). Чиройли, чиройли…

Мария Розария чапдаги эшикка кириб кетади.
Чойшаб ёпилган катта товани кўтарган Поп кўчадан киради.

П о п (иззат-ҳурмат билан). Мана, улоқ гўшти… (Женнарога кўзи тушади, ҳайратда.) Дон Женнаро… Омон-эсонмисиз?
Ж е н н а р о (тўлқинланиб, қувониб). Поп! Тирик бормисан? “Поп қандай кун кўраётган экан”, деб ҳамиша ўйлаб юрдим.
П о п. Тирикман. Мўъжиза…
Э р р и к о (товани кўрсатиб). Дон Женна, мана бу картошка билан қоврилган улоқ, ҳали айтганим базми жамшид учун…
Ж е н н а р о (таомнинг иштаҳаочар бўйини ҳидларкан). Картошка билан қоврилган улоқ! Зўр!.. (Эслаб.) У ёқда, шимолда, бунақа таом учун бир-биримизни ўлдиришга тайёр эдик… (Суҳбатни ўзи учун азиз мавзуга бурмоқчи бўлади.) Қандай замонлар… Қандай замонлар… Тасаввур қилинг: биз дала ўртасидаги чуқурга яшириндик, атрофда гранаталар портлаяпти, замбараклар гумбирлаяпти… Дўзахнинг ўзи, дон Эррико… Етти одаммиз, ёнимизда ўқ тегиб ўлган икки мурда… Нонсиз, сувсиз уч кун ўтирдик… (Қизишиб.) Бирдан…
П о п (кўчани кузатиб, остонада турганича). Ана, ширин қалампир ва бақлажон қовурдоғини ҳам келтиришаяпти!

Иккита това кўтарган одам киради.

Ортимдан юр!

Ўнгдаги эшикка кириб кетадилар.

Ж е н н а р о. Жуда ажойиб! Мўл-кўл тушлик деса ҳам бўлади! (Бўлинган суҳбатни давом эттириб.) Нима деётган эдим?.. Чуқурда ётибмиз, чунки атрофда гранаталар портлаяпти, замбараклар гумбирлаяпти…

Амалия игнада ўтиргандай, Амедио эса соатига қарайди. Гарчи бошқа нарса ҳақида ўйлаётган бўлса ҳам, фақат Эррико ўзини эшитаётган каби тутади.

Бирдан…
А м а л и я (нотабиий меҳр билан). Женнаро, шошма… сен кейин… кейинроқ гапириб берасан… Ҳозир столни безаш керак…
Ж е н н а р о. Гапим чўзилмайди.
А м а л и я. Кечки овқатдан сўнг… Ҳозир одамлар кела бошлайди…
Э р р и к о. Дўстлар жам бўлгандан сўнг…
Ж е н н а р о. Ундай бўлса, ювиниб олай, ҳаммаёғим чанг.
Э р р и к о. Тўппа-тўғри!
Ж е н н а р о (сўлдаги эшикка йўналар экан). Кейин ҳаммасини гапириб бераман… Дон Эрри… Кўрганларимни гапириб берсам, сочларингиз тикка туради… Э, аввалги уруш бир ҳазил экан… (Кетади.)

Амалия эшик ортига келиб ўтириб олган, Эррикога қарашга ботинолмай турибди. Ассунта киради.

А с с у н т а. Донна Амалия, ёрдам керак эмасми?
А м а л и я. Яхши бўларди… Иш кўплигидан бошим айланиб қолди… Столни тузаш керак…
А с с у н т а. Бир оғиз гапингиз…

Амалия тортмадан дастурхон олиб, Ассунтага беради. Ассунта уни столга ёзишга ҳозирлик кўради. Амедио унга ёрдам беради. Столни узайтириш учун ёнига кичикроқ стол қўшади. У катта столга унча мос келмайди.

Холам ҳозирлик кўраяпти. Чиройли янги кўйлагини кийди. У ҳам балодай пул топаяпти… Пул топишни билади… Мен эса кийинмайман ҳам… Азадорман… Устимдаги бўлаверади…

Амедио нимадир келтириш учун ўнгдаги эшикка кириб кетади.

(Огоҳлантирган каби.) Донна Амалия… дон Женнарони келди, дейишаяпти, тўғрими?.. Холам айтди… Жуда ориқлаб кетган эмиш. Биз холам билан ташвишдамиз… Энди, донна Амалия, нима бўлади?.. Хушрўйни… ҳалиги… билиб қолса… (“Нима рўй беради?” дегандай ҳаракат қилади.) Чунки энди Хушрўй… бу ерда, албатта, бўлмаса керак-да!..
Э р р и к о (кескин бўлиб). Ким бўлмайди?
А с с у н т а. Ҳеч ким…
Э р р и к о (жаҳл билан). Доим менинг ишимга бурнингни тиқасан.
А с с у н т а (тавба қилиб). Ўз-ўзидан шунақа бўлиб қолади…

Амедио идишларни кўтариб чиқади. Ассунта билан бирга дастурхон тузаша бошлайди. Амалия Ассунтанинг гапларидан ранжиганнамо чапдаги эшикка кириб кетади. Пеппе ва Федерико, унинг ортидан бошқа эркак ва аёллар – меҳмонга таклиф қилинганлар кирадилар. Улар Эрриконинг ёнида тўхтаб қизғин табриклайдилар. Эркаклар қора костюмда, аёллар эса ғижимланган кундалик кўйлаклари устидан ҳашамдор мўйна ёпинчиқлар ташлаб олганлар. Ҳаммаси қимматбаҳо тақинчоқларни бошдан-оёқ тақиб олганлар ва уни кўз-кўз қилиб турадилар. Бироздан сўнг Амалия байрам либосида чиқиб келади. Одамлар гулдасталар, гулсаватлар ва бошқа совға-саломлар ҳам келтирганлар. Поп пайдо бўлади-да, столни ва атрофни гуллар ва совғалар билан безай бошлайди. Кеча “қаҳрамон”и – барча билан кулиб сўрашаётган ва совғалар учун ўзига хос тавозе билан ташаккур билдираётган Хушрўйнинг теварагида байрам руҳи пайдо бўлади. Хонада қувончли кайфият ҳукм сураяпти.

П е п п е. Биз ҳаммамиз сизни муносиб тақдирлаш учун йиғилдик.
Э р р и к о. Раҳмат. Аммо бу ўтириш менинг туғилган куним учун эмас. Кун тартибини тамомон ўзгартириб юбордик. Бу тантана қайтиб келган дон Женнаронинг шарафига…
Ф е д е р и к о. Ҳа, эшитдим…
П е п п е (эшикдан кириб келаётган Женнарога кўзи тушиб). Қаранглар, ана у! (Женнарога қучоқ очиб, пешвоз чиқади.) Дон Женнаро, салом!
Ж е н н а р о. Салом, Пеппе… (уни қувониб кутиб олган меҳмонлар сари юради. Қучоқлашишлар, қўл олишлар…)
П е п п е. Шу пайтгача нима қилиб юрдингиз…
Ж е н н а р о. Ҳозир гапирмаймиз. Мен уйдаман. Гарчи мўъжизадай туюлса ҳам, уйдаман. (Меҳмонларнинг ҳашамдор либосига кўзи тушади ва бошқаларнинг кийиниши олдида жуда хунук кўринган ўзининг курткасини ушлаб қўяди. Одамларнинг кўриниши уни ҳадикли саросимага солган. Ўзини оқлагандай.) Жин урсин! Қандай дабдаба! Афсус, кийимим афтода… Сизнинг даврангизга лойиқ эмасман.. Буни, қаранг… (курткасини кўрсатиб.) Худди полкнинг жанговар байроғидай тўзиган… Агар унинг тили бўлганда эди… (суҳбатга чоғланиб.) Тасаввур қилинг, биз дала ўртасидаги чуқурга яширинганмиз… Атрофда гранаталар портлаяпти, замбараклар гумбирлаяпти… (Гапи қандай таъсир қилаётганини билиш учун атрофга қарайди. Меҳмонлар ўзлари билан ўзлари овора, фақат икки-учтаси одоб юзасидан бош қимирлатиб туришибди.) Уч кун овқатсиз, бир қултум сувсиз… Етти киши, икки мурда… Бирдан…
Ф е д е р и к о. Майли, дон Женнаро, у ғамгин кунларни эслаб ўтирманг… Энди сиз орамиздасиз, ҳаммасини унутишга ёрдам берамиз….
А д е л а и д а. Сиз кўпроқ еб-ичишингиз керак, жуда ориқсиз…
Ф е д е р и к о. Ҳақиқатан!.. Худди шундай!.. (Ҳазиллашиб.) Дон Женнаро, бу янги қонун лойиҳаси…

Ҳамма кулади. Поп чиқиб кетади.

П е п п е (Женнарони қутлаётган гуруҳдан ажралиб чиқиб, столни тузашни тугатган Амедиони чап томонга бошлайди. Аланглаб.) Хўш?
А м е д и о. Ёмонмас.
П е п п е. Бу нимаси?..
А м е д и о. Қамоққа тушишни истамайман. Хушрўй роса ақл ўргатди. Мана, отам ҳам қайтиб келди.
П е п п е (авраб). Қўйсанг-чи… Бугунги иш жуда осон. Муҳандис машинасини кечаси Нэвадаги торкўчага қўяди. Машинани қўриқлайдиган йигит билан келишиб қўйдим. Уни оёқ-қўли боғланган, оғзига рўмол тиқилган ҳолда топишади…
Ж е н н а р о (ҳаммани чин кўнгилдан дастурхонга таклиф қилар экан.) Ўтиринглар… Ўтиринглар!.. Уйим сизларнинг ихтиёрингизда.

Ҳамма ташаккурлар ила жойлаша бошлайди. Чапдаги эшикдан Амалия, ортидан Мария Розария кўринади. Амалиянинг эгнида кулранг тулки терисидан ёпинчиқ. Мария Розария бир четга чиқиб туради.

А м а л и я. Хайрли кеч!
Ҳ а м м а (ундан ҳайратга тушиб). Хайрли кеч, донна Амалия.
П е п п е (донна Амалиянинг либосини кўзда тутиб). Зўр!
А д е л а и д а. Уй соҳибамиз нақадар чиройли!

Бошқалар ҳам мақтов сўзларини завқ-шавқ билан айтадилар.

А м а л и я (ҳайрат сўзларидан ҳаяжонланиб ва ўзининг феъли кенглиги туфайли мақтаниб). Ассу, Попга айт, егуликларни бераверишсин!

Ассунта ўнг эшик тарафга имо қилади.

(Ҳаммага.) Ўтиринглар!

Меҳмонлар шодмон тарзда дастурхон теварагига ўтира бошлайдилар. Бу манзарадан карахтланган Женнеро ясан-тусан хотинига ҳуркибгина қарайди.

А д е л а и д а. Дон Женна, ўтиринг!
Ж е н н а р о. Ҳа, ҳаёт ҳақиқатан ҳам кино. Ўзимни ораларингда кўриб турсам ҳам. Кўзларимга ишонгим келмаяпти… (ўтиради.)
Э р р и к о. Ҳақиқатан ҳам орамиздасиз…
Ж е н н а р о. Чунки биз у ёқда қийналдик… Очлик ҳам қўрқинчли эмас, ташналик ҳам… Умидсизлик ёмон… Кейин… ўлим хавфи… (Яна ҳикоя қилишга чоғланиб.) Биласизми, биз дала ўртасидаги чуқурга яширинганмиз… Атрофда гранаталар портлаяпти, замбараклар гумбирлаяпти… Бирдан юк машинаси…
Э р р и к о (муҳим нарса эсига тушгандай). Айтгандай… Кечирасиз, дон Женне, эсимдан чиқиб қолади… (Федерикога.) Федри, бир юк машинаси сотилади… Эртага бир кўриб қўй… Юриши учун рухсатномаси бор… Агар қизиқсанг…
Ф е д е р и к о. Нимага қизиқтирмас экан? Эртага учрашиб олиш ҳақида ҳозироқ келишамиз… Пепе Домкрат ҳам келади…
Э р р и к о (“Катта иш эмас”, деган каби). Гап икки юз фоиз ҳақида кетаяпти.
Ф е д е р и к о. Нима бўпти! Сайру томошага етади…
Ж е н н а р о (уларнинг суҳбати тугашини кутиб турибди ва танаффус бўлар-бўлмас узилган гапини давом эттиради). Шундай қилиб… Далада… чуқурнинг ичида ётибмиз… Атрофда гранаталар портлаяпти…
П е п п е (ўша оҳангда). Замбараклар гумбирлаяпти…
Ҳ а м м а (тоқатсизликда, аммо дўстона). Дон Женна…
Ф е д е р и к о (товани кўтариб олган, тантанавор). Мана, улоқча! (Столга, Амалиянинг қаршисига қўяди.)
П е п п е. Дон Женна, бу таомни заҳар қилмоқ яхшимас!
А с с у н т а. Соғлигингизни асранг… Ахир, энди ҳаммаси тугади…
Ж е н н а р о. Сиз нималар деяпсиз? Нима тугади?
Э р р и к о. Майли, ўзингиз биласиз… Қани, овқатга қаранглар! Кўнгилсизликлар ҳақида эса ўйламаймиз!..

Амалия мўйнали ёпинчиғини елкасидан олиб, товадаги гўштни майдалашга тушади. Поп ўнгдаги эшикка кириб кетади. Ҳамма еб-ичиш, суҳбату гурунг билан овора.

Ж е н н а р о (одамларга қараб, ўйга толади. Уни бир енгиб бўлмас ҳасрат босиб келган. Ўрнидан туради). Амалия, мен озроқ Ритуччининг ёнида бўламан. (Чапдаги эшикка қараб юради.)
Э р р и к о (ҳайрон қолиб). Дон Женна, нима бўлди? Кетаяпсизми?
Ҳ а м м а (ҳафсаласи пир бўлиб). Дон Женна…
Ж е н н а р о. Мен қизчамнинг ёнида бўламан. Иссиғи баланд.
А м а л и я (номигагина). Ўзим борардим…
Ж е н н а р о. Йўқ-йўқ… Сен шу ерда бўл… Мен оч эмасман… Фақат чарчадим… Сен дастурхон атрофида бўл… (Таъкидлаб.) Шундай бўлса, яхши бўлади… (Юради.)
М а р и я Р о з а р и я (ўрнидан даст туриб, отасига етиб оларкан, қатъий). Мен сиз билан бораман, ота!..

Женнаро унинг қўлидан ушлаб олади.

А д е л а и д а (ўрнидан туриб Женнаронинг ёнига келар экан). Дон Женнаро, яхши эмас… Биламан, сиз бошингиздан ўтказган азоблар таассуротида… Қўрқувингиз кетгани йўқ. Аммо тинчланинг… Бу ерда энди осойишталик… Ҳаммаси тугади…
Ж е н н а р о (ишонч билан). Йўқ! Сиз адашаяпсиз!.. Уруш тугагани йўқ… Ҳеч нарса тугаган эмас! (Яна ташқарига қараб бир неча қадам қўяди.)

Аделаида бироз уялинқираб стол ёнига қайтади. Женнаро қизига нимадир демоқчи бўлади, аммо у ердан кўз узмай турганини пайқайди. Женнаро бир зум саросимада, аммо ҳали ҳеч нарсани фаҳмлагани йўқ. Аллақандай сезги билан нимадир нохуш нарса рўй берганини ҳис қилиб, маъюс тортади. Қизини ўзига тортиб, ундан ишора билан: “Сенга нима бўлди?” – деб сўрайди. Қизи: “Ҳеч нарса”, дейди беун. Чиқиб кетадилар.
Поп чап тарафдан тантана билан икки шиша шароб кўтариб киради.

П о п. Мана, шароб ҳам келди!

Меҳмонлар хурсанд. Ҳозир столни тарк этган Женнаро ҳақида, ишлару тамаддилар тўғрисида гаплашаркан, ҳамма ўзини овқатга уради.

УЧИНЧИ ПАРДА

Эртанги кун. Декорация ўша-ўша – иккинчи пардадагидай. Тор кўчадаги Мадонна қаршисида чироқлар ёниб турибди. Бригадир Чаппа ўртадаги стол ёнида ўтирибди. Женнаро саҳна тўрида юриб туради ва аҳён-аҳён тор кўчага қараб қўяди.

Ч а п п а (сукунатдан сўнг). Уйингизда тинтув ўтказганимдан буён, ҳамиша сизни бир қадар меҳр билан хотирлайман. Бу ерда бўлмаганингизда ҳам, бир неча бор келиб, суриштирдим. Шу туфайли ҳозир ҳам ҳузурингиздаман. Жуда ачинарли ҳол… Менинг ҳам болаларим бор: худо­йим учтасини берган. Мен ҳам одамман, бошқаларнинг аҳволини тушунаман. Қаерда фирибгарлик бору қаерда сиздай одамларга дуч келганимни англайман…
Ж е н н а р о (Чаппанинг самимийлигига ишониб, миннатдорчилик ила унинг гапини бўлар экан). Тушунаман, бригадир, тушунаман ва сизга миннатдорчилик билдираман. Ўғлим Амедио ҳақида айтганларингизни бошқа пайтда эшитсам, ақлдан озиб, билмадим, нима қилган бўлар эдим. Аммо ҳозир нима қила оламан? Уйдан ҳайдайманми? Қизим нима дейди? Хотиним-чи? Менинг хотиним уларга яхши она бўла олмади…
Ч а п п а. Ўғлингиз ҳақида ҳамма гапни ҳали айтганим йўқ… (Кутилмаган қаттиқлик билан.) Бугун ўғлингизни ҳибсга олишимга тўғри келади…
Ж е н н а р о (итоаткорликда). На иложимиз бор! Агар у шунга лойиқ бўлса…
Ч а п п а. Одамларим анчадан буён ўғлингиз ва Пеппе Домкратдан кўз узмай юришибди. Дон Женне, бу иккови кўнглига келганини қилишаяпти! Машинани бир дақиқага ёлғиз қўйиш мумкин эмас! Ўгирилсанг бўлди – машина йўқ… Бу Пеппе Домкрат дегани шунақа чаққон: бирпасда машина тагига кириб, елкаси билан даст кўтаради. Бу ишни қандай қилади, ақлим етмайди… Сўнг бирпасда гайкаларни бўшатиб, машинани елкада кўтариб турганча, балонни ечиб олишади… Бугун улар яна бир ишга қўл уришган, аммо биз ҳам кўз-қулоқ бўлиб турибмиз… Улар Нэва тор кўчасидаги бир машинани кўз остига олиб қўйганлар… Истасам, уларни жиноят устида қўлга тушириб, Домкратни ва ўғлингизни кишанбанд қиламан…
Ж е н н а р о (совуққина, беҳис). Кишанбанд қилаверинг…
Ч а п п а (унинг оҳангидан ҳайратда). Ҳибсга олайми?
Ж е н н а р о (ўша оҳангда). Агар жиноят устида қўлга туширсангиз, ҳибсга олаверинг.

Эшикдан Ассунта кўринади.

А с с у н т а (бесабрликда). Донна Амалия келдими?
Же н н а р о. Йўқ.
А с с у н т а (ҳафсаласи пир бўлиб). Амедио ҳам йўқми?
Ж е н н а р о. Йўқ.
А с с у н т а. Улар қачон келишаркан? Доктор кутиб турибди.

Чапдаги эшикдан доктор, унинг ортидан Аделаида киради.

Д о к т о р (ёш, муомалали ва назокатли. Сипо, уринган, лекин тоза кийимда). Ҳеч ким келмадими?
Ж е н н а р о. Ҳозирча ҳеч ким, доктор.
Д о к т о р (тоқатсизланиб). Худойим-ей, мен сизларга айтгандим-ку… Билиб қўйинг, қизалоқнинг аҳволи ҳақиқатан ҳам оғир…
А д е л а и д а (фалакка қўл чўзиб). Авлиё Анна!
А с с у н т а (холасининг ёнида туриб, “Аве Мария”ни роҳибаларнинг мумтоз оҳангида ўқий бошлайди). Ave Maria, gratia plena, Dominus tecum, Benedicta tu in mulierdus…

Уларнинг дуолари аста-секин пичирлашга ўтади.
Д о к т о р (икка аёлга қараб). Ҳақиқатан оғир! Энг ёмони, врач охирги дақиқада чақирилгани учун бу ҳол рўй берган.
А д е л а и д а. Ё, Авлиё Анна!

Ассунта “Аве Мария”ни қайтадан ўқий бошлайди.

Д о к т о р (аёлларнинг ишига ачиниб қараб). Мана!.. Мана шу сизларнинг лаънати расм-русумларингиз… Яна қандай қилиб, омон юрганларингга ҳайронман!..
А с с у н т а (чин кўнгилдан). Нимага эканлигини билмайсизми? Биз врачларни ёмонлик аломати деб биламиз.
Д о к т о р (оғриниб). Э, ўлиб кетаверинглар! Мени эса, охирги дақиқада бундай ишга аралаштирманглар! “Ёмон аломат!” Юзимга бу гапни айтганинг жуда ёқди-да. “Ёмон аломат” ҳозир сенга нима дейишини биласанми? Мана бу бечора қизалоқнинг умри саноқли қолди!
А д е л а и д а. Ё Жаброил!

Ассунта яна дуо ўқишга тушиб кетади.

(Дуо ўқишни бўлиб, махфий айтилаётгандай.) Авлиё Рита, Авлиё Рита, исминг бу қизчанинг ҳам исми… Авлиё Рита!.. (Ассунта билан “Аве Мария”ни ўқишга тушиб кетади.)
Д о к т о р. Жаннатдан авлиёларни бекорга чорлаяпсиз. Бунақа берилиб дуолар ўқишингиз, сизнинг пок инсонлигингизни кўрсатади, холос. Эътиқод – яхши нарса! Аммо, ҳозирги аҳволда, мен тавсия қилган дориларни етказиб келишмаса, қизалоқ вафот этади.
А д е л а и д а (аччиқланиб). Доктор, нимага бу фаришта қизчага фалокатни чорлаяпсиз!
А с с у н т а. Ана, кўраяпсиз, яна биз ноҳақмиз…
Д о к т о р. Врачлар – “ёмонлик аломати”ми?
А д е л а и д а (уни овутиб). Йўқ… Ким билсин, бошқалар: “Умид қиламиз, охирги сўз айтилмаган…” дейишади.
Д о к т о р. Йўқ. Сўнгги сўз айтилди. Маълумотингиз учун, бу гапни мен айтдим. Умид қиламиз, албатта… Ҳеч қачон умидни йўқотмаслик керак… Агар дорини топиб келишса, юздан тўқсон тўққиз фоиз умид борким, қизалоқ тузалиб кетади.
А д е л а и д а. Ё, пузеликкалик авлиё Антоний!

Аёллар яна дуо ўқишади. Сўнг чапдаги эшикка кириб кетадилар.

Д о к т о р (соатига қараб). Вақт ўтиб кетаяпти!
Ч а п п а. Бу дорини топиш шунча қийинми?
Д о к т о р. Ҳм-м… қийин… Ҳозир ҳамма нарсани топиш қийин… Яна шу пайтда… Кундуз кун бўлса ҳам, бир бало эди… Ҳозир дори олтин баҳосида… Топсанг, қора бозордан топасан. Майли, яна бироз кутиб тураман.
Ж е н н а р о. Бизни кечирасиз, доктор.
Д о к т о р. Ҳечқиси йўқ. Рухсат беринг… (Чапдаги эшикка кириб кетади.)
Ж е н н а р о (алам билан). Топилса, чайқов бозордан топилади. “Шу дорини топмасангиз, қизингиз вафот этади”, деб доктор айтгандан кейин, онасининг аҳволини кўрсангиз эди… Энди Неапол оралаб, югуриб юрибди. Топадими? Ким билсин? Доктор “фақат қора бозорда топилади”, деб айтганда, хотинимнинг ранги мурданикидай оқариб кетди.

Амедио кўчадан пишнаб, югуриб киради. Чаппани кўриб, саросималанади, аммо ўзини қўлга олади.
А м е д и о (Женнарога). Ҳеч жойда йўқ. Фақат икки-уч дорихона очиқ, аммо уларда ҳам дори йўқ. Фурчеллада ҳам, Паллунеттода ҳам, Кавонда ҳам бўлдим. Ҳар бир уйга кириб сўраб чиқдим – ҳеч вақо йўқ. “Эртага… Топилиб қолса…” дейишади.

Поп киради.

П о п (нафаси тиқилиб). Бирпас ўтирай! Оёғимда оёқ қолмади! (Тўғри келган стулга ўтиради.)

Чапдаги эшикдан Доктор чиқади.

Д о к т ор (янги келганларга). Топдиларингми?
П о п (Докторга олиб келган дориларини кўрсатиб). Доктор, мана буни топдим, бори шу… Ярамайдими?
Д о к т о р. Агар ўша бўлса, ярайди. (Дорини кўриб.) Бу дори қичимадан…
П о п. Ярамайдими?
Д о к т о р (ғаши келиб). Бу ёққа қаранг, нодонлигингиз жонимга тегаяпти!
П о п (унга яна бир дори шишани тутқазиб). Қаранг, бу яраб қолар…
Д о к т о р (дорига бир қараб олиб). Бу эмизикли аёлларнинг сутини ушлаб туришга ёрдам беради.
П о п (саросимада). Оббо! (Қутидаги дорини кўрсатиб.) Буниси-чи?
Д о к т о р. Бу ҳам эмас. (Бирдан аччиғи чиқиб.) Нима балоларни кўтариб келдинг! Ахир, сенга қоғозга ёзиб берган эдим-ку! Қоғозда йўқ нарсани нега кўтариб келасан?
П о п (овутиб). Аччиқланманг, доктор. Ҳозир урушдан аввалги мўл-кўлчилик йўқ. Докторлар тарафидан ҳам озгина кўнгилчанлик керак. (Қутидаги дорини ўжарлик билан кўрсатиб.) Яхшилаб қаранг, эҳтимол, мана буни ишлатиб кўрарсиз…
Д о к т о р. Эй, одам! Ҳозир кўчага отиб юбораман! “Ишлатиб кўрасиз…” Бу сенга копток ўйнатишми? (Чўнтагидан ручка олиб, блокнотига ёзади.) Яна бир уриниб кўр… (Варақни йиртиб беради.) Бир ҳамкасбим бор. Ўшанга бор-чи… Балки унда бордир. Манзилини ёздим…
П о п (қоғозни олар экан). Узоқми?
Д о к т о р. Югурсанг, бориш-келиши ўн дақиқа… Ўв!.. Кераксиз нарсани кўтариб келсанг, юзингга отиб юбораман.
П о п. Хўп.
Д о к т о р. Тез бориб кел. (Чапдаги эшикка кириб кетади.)
А м е д и о. (У бу суҳбат давомида гоҳ Чаппага, гоҳ отасига, гоҳ соатига, гоҳ тор кўчага қараб, безовталаниб турибди. Кетишга журъат қилолмаяпти, аммо нимадир уни кўчага тортқилаяпти. Охири кетишга қарор қилади. Хижолатомуз тиржайиб). Онам топгандир. У, албатта, олиб келади… Озгина сабр қилсак… Ота, сиз шу ерда бўласизми? Мен Туррето кўчасига ғизиллаб, бориб келаман.

Чаппа Женнарога пинҳона қараб олади.

Ж е н н а р о (ҳеч нарса билмагандай). Агар жуда зарурати бўладиган бўлса…
А м е д и о (отасининг ичидагини англамай, ҳатто журъатланиб). Бир кечиктириб бўлмайдиган иш… Шундай югуриб бориб-келаман.
Ж е н н а р о (Гапни айлантириб). Биласизми, нимани ўйлаяпман, бригадир? Шу кунларда вазифангизни бажариш учун тинмай ишлашингизга тўғри келаяпти. (Амедиога.) Шошаяпсанми?
А м е д и о (довдираб). Йўқ.
Ж е н н а р о (Чаппага). Қаранг. (Ўғлига.) Ўтир.
Амедио карахтланган, беихтиёр ўтиради.
Ж е н н а р о (гапини давом эттириб). …Чунки уруш пайтидаги тартибсизликлар туфайли жиноятчилик ўсади… Олибсотарлар, фирибгарлар, контрабандачилар… Сохта рухсатномалар билан юриш, сохта ҳужжатлар… Автомобил ўғрилари…

Кутилмаган гапдан Амедио сесканиб кетади.

Мурда қиёфасида ётганимда айтган бир гапингиз ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Сендай ўликка қўл кўтариш гуноҳингдан ҳам каттароқ гуноҳдир”. Баъзи бир нарсалар кечирилади… Шу сабабдан ҳам қўлларимга кишан урмагансиз… Тушунарли… Чунки тирик одамлар, тирик халқ нимадир қилиб ўзини ҳимоя қилмоғи зарур. Ишини уддалаган фирибгарга: “Майли, мени аҳмоқ қилдинг, аммо яшашимга имконият бердинг”, дейсан. Ҳатто: “Чаққон йигит”, деб мақтаб ҳам қўясан. Сохта ҳужжатлар билан юк машинасида шаҳар оралаб юриш учун ҳам жасорату ҳийла-найранг керак. Тўғри, кейин қойил қолишади: “Уддабурон, ушлаганини кесади, юк ташишини қаранг!..” У ёқдан-бу ёққа қатнаб турган шу юк машиналари туфайли қанчадан-қанча одамларнинг қорни тўқ юрибди. У ўзининг жонини тикаяпти, қайси бир бурчакда ўқ еб қолиши ҳам ҳеч гап эмас… Фоҳишалик? Хўш, нимаси ажаб­ланарли, бригадир… Уруш бечораликни олиб келмайдими? Бечоралик очликни етаклаб келади. Очлик нимани келтиради? Ана, энди кўчага чиқавер… Биров камбағалликдан, биров очликдан, биров нодонликдан, биров лақмалигидан… Аммо буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади. Барча урушларда шунақа бўлган… Одамлар жазоларини тортганлар… Уруш учун ҳамма тўлов тўлаган… Аммо ўғрилар… Йўқ, ўғрилик кечирилмайди! Тўғрими, бригадир?

Чаппа “фикрингизга қўшиламан” дегандай бош силкийди.

Уруш туфайли одам ўғри бўлмайди. Албатта, ҳамма гуноҳни урушнинг устига ағдарса бўлаверади. Аммо ўғри – туғилгандан ўғри бўлади! Унга: “Сен неаполликсан”, деб ҳам айтиб бўлмайди. Ёки римлик, миланлик деб… Ўғри бу – ўғри. Отаси ҳам, онаси ҳам йўқ. Бизнинг юртимизда унга ўрин йўқ. Ахир, урушдан аввал ўғрилар бекорга океан ортига кетишмаган!..
А м е д и о (ҳали ҳам тушунмай, ҳайрон қолиб). Ота, нега бу гапларни менга айтаяпсиз?
Ж е н н а р о (Чаппанинг режасини зарра ошкор қилишни истамасдан, аммо ўғлини ҳам йўлдан қайтармоққа уриниб). Чунки… Чунки бизнинг шаҳримиз ёмон ном чиқарган… Нима қиламиз?.. Бахтсизлик… “Неаполликлар” дейишса, ҳушёр тортилади. Ҳамма замонларда шундай бўлган. Агар бошқа бир шаҳарда ўғрилик юз берса ҳам, кулги учун, “Неаполда бўлди” дейишади. (Ўша ҳазилкашларга тақлид қилиб.) “Эшитмадингизми? Неаполда бор юки билан пароход йўқолибди!..” Аслида, бу гаплар ноўрин эмасми, бригадир?.. Ахир, бундай бўлиши мумкин эмас. Одамлар фақат бу гапга ўзларини ишонган кўрсатадилар, холос. Қандай қилиб, пароход йўқолиши мумкин? Нима, у қопчиқми? Агар бу гап тўғри бўлса ҳам, яна бир далил келтираман… Агар пароход йўқолган бўлса, мантиқан бу ишни амалга ошириш учун неаполлик ўғри неаполлик бўлмаган бошқа бир ўғри билан тил бириктирган бўлади. Юк машиналари бошқа гап… Чунки улар юк машинаси-да!.. Юзлаб юк машиналар изидан йўқолганмиш… Шунинг учун (ўғлига) сен бошқаларга яхши намуна бўлишинг лозим. Шу қадар яхши бўлишинг керакки, агар бир жойда Неапол ҳақида ёмон гапиришаётган бўлсалар, сен тоза виждон билан: “Ҳа, Неаполда ўғри бор, аммо дунёнинг ҳамма жойида бўлгани каби, у ерда покиза одамлар ҳам кўп”, деб айта олгин!
Ч а п п а. Худди шундай.
А м е д и о (отасининг гапини маъқуллаб). Албатта… Майли, ота, мен кетдим…
Ж е н н а р о (“Сен жазога лойиқсан” деган яширин аламда). Бор!

Чаппа аралашгиси келади, аммо ўзини тияди.

Рўмолчанг борми?
А м е д и о (чўнтагини кавлаштириб, топади). Ҳа…
Ж е н н а р о. Пальто ҳам кийиб ол.
А м е д и о (баттар ҳайратланиб). Ота, нима учун?
Ж е н н а р о. Чунки кечқурун совуқ бўлади. Эҳтимол… сен ушланиб қоларсан?
А м е д и о. Йўқ, ушланмайман. Агар шуни истаётган бўлсангиз… (Кийим жавондан пальтони олиб, қўлига ташлайди.) Тезда келаман, ота. (Кетади.)
Ж е н н а р о (бироз сукутдан кейин, тамом бўлган алфозда). Саломат бўлинг, бригадир. Раҳмат…
Ч а п п а (қўзғалиб). Хайр, дон Женнаро. Қизингиз тузалиб кетсин. (Амедионинг изидан кетаётгандай, секин юриб чиқади.)

Сукунат. Женнаро оғир ўйлар қуршовида, уни бўлажак бебахтликлар ўртаётгандай… Чап томондаги эшикдан Мария Розария киради. У тамом ўзгача: одмигина кийинган, юз ифодаси жиддий; у жавонга бориб, чашка олади-да, жимгина чиқиб кетади. Бу орада кўчадан сигаретини бурқситиб, секин ва эҳтиёткорлик билан Пеппе Домкрат киради. Кимнидир излаб аланглайди-да, Женнарога кўзи тушади.

П е п п е. Хайрли кеч, дон Женнаро!

Женнаро жавоб бермайди.

Амедио уйдами?
Ж е н н а р о (совуқлик билан). Ҳозиргина кетди.
П е п п е. У мен билан учрашгани кетган! (Соатига қараб.) Сал эрта жўнабди. (Оҳанги ўзгариб.) Қизча қалай?
Ж е н н а р о. Худога шукур!
П е п п е. Мен ҳам ўзимни жуда ёмон ҳис қилаяпман… Дон Женнаро, қадрдоним, мана бу елкам оғриганидан, қимирлата олмаяпман… (Ўнг елкасини азобда қимирлатади.)
Ж е н н а р о (гўё ҳамдардлик билдираётгандай). Ўнг елками?
П е п п е. Ҳа.
Ж е н н а р о (бирдан). Бу – автомобиль.
П е п п е (донг қотиб, аммо нотўғри эшитгандай). Қанақасига?
Ж е н н а р о. Елкангиз оғрияптими?
П е п п е. Худди шундай!
Ж е н н а р о. Ўнг елками?..
П е п п е. Ҳа-да!
Ж е н н а р о. Бу – автомобиль.
П е п п е (ташвишланиб). Демак, тўғри эшитибман… Аммо кечирасиз, автомобилнинг нима дахли бор?
Ж е н н а р о (гапнинг ишорасини пинҳон тутувчи, аммо маъноли назар ташлайди. Бу лаҳзалик қараш Пеппени янада безовталантиради). Эҳтимол, сиз автомобиль ҳайдарсиз, ўнг тарафдаги ойна эса, ҳамиша очиқ юради.
П е п п е (енгил тортиб). Э-э!.. Йўқ-йўқ-йўқ-йўқ. Бундан эмас. Бу ерда гап… Биласизми, Дон Женнаро, пул топиш машаққат… Меҳнат қиласан… Мен ўғлингиз билан ҳамкорлик қиламан, аммо бугун кечқурун озроқ дам олайлик деб айтмоқчиман.
Ж е н н а р о. Албатта! Дам олиш керак!.. (Маъноли қилиб.) Бирор… икки йилга!
П е п п е. Ҳа! Икки йил! Шундай қилиш керак. Жуда тўғри бўлади! Биласизми, дон Женнаро, (орзуланиб) хилват бир жойда яшагиларим келади.

Женнаро маъқуллаб, бош силкийди.

Ҳеч кимни кўрмасанг, ҳеч кимни эшитмасанг… Қандай тушунтирсам?… Францискан роҳибларига ўхшаб…
Ж е н н а р о. Шундай… Монастирдай жой бўлиши керак…
П е п п е. Худди шундай! Ҳашамсиз, оддий: бир хона, торгина уйча…
Ж е н н а р о (тўлдириб)… ҳужра!
П е п п е. Худди шундай: ҳужра! (Ёлғизликнинг тотидан баҳра олаётгандай) Кимдир сенга хизмат қилиб турса, овқат олиб келса…
Ж е н н а р о. …ҳамма вақт аниқ бир пайтда. Беташвиш, югур-югурсиз… “Эртага нима бўлади”, деб ўйламасанг. У ерда эртанг ҳақида ўйлайдиган одамлар ҳам бўлса. Ишончли одамлар.
П е п п е. Пул олишса ҳам майли…
Ж е н н а р о. Пул керак бўлмайди. Беминнат хизмат қандай яхши. Панжарали маҳкам деразалар.
П е п п е (хижолат тортиб). Йўқ, панжаранинг менга ҳожати йўқ.
Ж е н н а р о. Аммо жуда даркор!
П е п п е. Кечирасиз, нега даркор?
Ж е н н а р о. Нега даркор эмас? Кечирасиз, хилват жойда яшамоқчи эдингиз, шекилли…

Пеппе тасдиқлаб бош қимирлатади.

Жиноятчилик авж олган бунақа замонда ким сизга яхшилик тилайдию ким ёмонлик – қаердан биласиз?
П е п п е. Тўғри айтаяпсиз.
Ж е н н а р о. Ундай бўлса, панжара керак.
П е п п е. Майли, бўлса, бўла қолсин!..
Ж е н н а р о. Албатта.
П е п п е (кетиш учун қўзғаларкан, ўнг елкасини ушлаб қўяди). Ё ҳазрати Исо! Ҳақиқатан ҳам ўнг елкамни қимирлатолмаяпман. (Аниқ қарорга келиб.) Амедиога кечда, албатта, айтаман.
Ж е н н а р о. Охирги марта яна бир ҳаракат қилиб кўрсангиз, шу кечасиёқ томоша бошланади.
П е п п е. Шундай. Саломат бўлинг, дон Женна. (Ташқарига йўл олади.)
Ж е н н а р о. Ҳужрага тушиб қолсангиз, сиздан ҳабар олиб тураман.
П е п п е (меҳрибон кўриниб кетаётган Женнаро оҳангида). Мен панжаранинг ортида, сиз кўчада…
Ж е н н а р о. Сизга апелсинлар ва сигаретлар элтаман.
П е п п е. Мен келишингизни кутиб ўтираман…
Ж е н н а р о. Барибир ўғлимга бораман-ку, йўл-йўлакай сиз билан ҳам кўришиб ўтаман.

Пеппе кетади. Тор кўчанинг қарши тарафидан Эррико чиқиб келади.
Э р р и к о (озгина ҳориган ва ҳаяжонланган. Женнарога кўзи тушгач, самимий ҳамдардлик билдиради). Хайрли кеч! Ритуччининг соғлиги қалай?

Женнаро жавоб бермайди.

Попни кўриб қолдим. У менга қизалоқнинг ҳамон иссиғи баландлигини айтди.
Женнаро яна жавоб бермайди.

Бу дорини мен ҳам роса изладим. (Қоғозни кўрсатиб.) Мана, бу ерда номи ёзилган, аммо тополмадим. Эҳтимол, эртага… (Женнаронинг ўзини бунақа тутиши уни ҳайрон қолдиради, нима дейишини билмайди, аммо ўзини эплаб олади. Унга ҳатто кўз қирини ҳам ташламаётган Женнаронинг қаршисига – столнинг нарига тарафига ўтиради.) Яхши бўлмади… Айниқса, сиз келганингизда… Донна Амалия ташлаб қўйгани йўқ… Баъзан қандай бўлишини биласиз-ку… Болалар кутилмаганда шунақа оғриб туради, дейишади… Кўп ҳам ташвиш тортаверманг… Бу – гўдак, кўрарсиз, бирпасда оёққа туриб кетади. (Яна жимлик.) Донна Амалия таънага лойиқ эмас. У оиласи учун жонини ҳам аямайди. (Сукунат.) Сиз йўғингизда, донна Амалия оилани қандай қадрлашига ҳаммамиз ишондик. Донна ҳақида ким бир ёмон гап айтса, ифлос одам бўлади. Сиз унга қулоқ солманг. Мен дўстингизман, тўғрисини айтаман.

Женнаро ўзини тутиб туриш учун шифтларни томоша қиляпти.

Баъзан ўғлингизга ҳам оталарча насиҳат қилишга журъат қилдим. Бу ишни чин юракдан адо этдим. Сиз йўқ эдингиз. (Женнаронинг жим туриши уни жуда ҳам тоқатсизлантиради. Овози аллақандай ҳаяжонланиб чиқади. У энди Женнаро билан эмас, ўзи билан, ўзининг виждони билан суҳбатлашаётгандай.) Уйда ёлғиз аёл. Эр йўқ. Албатта, тушунасиз… Менинг бу уйга тез-тез келиб туришимни кўришган, ҳар қандай ўйларга боришгандир… (Самимий ва ўз қадр-қимматини ерга урмай.) Аммо ҳозир чин сўзимни айтаман – донна Амалия сизни доим ҳурмат қилган ва ҳурмат қилади. (Сукунат.) Бугун эрталаб ҳам мен билан совуқ муомала қилдингиз. Буни фаҳмладим. Ҳозир эса, сиз билан гаплашиб олгани, атайлаб қайтиб келдим. Биз ёш болалар эмасмизку? Дон Женнаро, агар кимдир сиздан кечирим сўраши лозим бўлса, у мен бўламан. Аммо Амалиядан кўнглингиз тўқ бўлсин.

Эррико Хушрўй айни шу гапнигина айтмоқчи эди. Энди у енгил тортган. Сукунат.

Бу кеча мен Калабрияга кетаман… Кечаси баъзан, йўлда нималар рўй беришини – тирик қоласанми, йўқми, билмайсан… Мен хоҳлагандим… Бугун эрталабдаги муомалангизни назарда тутиб… (Женнаро у билан ярашмоқни истамаётганини кўриб, кетиш учун ўрнидан қўзғалади.) Агар сизга бирор бир фойдам тегса… (Жўнаб.) Қизингиз тузалиб кетишини чин кўнгилдан тилайман… Хайрли кеч… (Яна бир неча қадам ташлайди, бурилмасдан, қарийб тўлқинланиб.) Яна бир бор хайрли тун… (Тор кўчага чиқиб чапга кетади.)

Бироз вақт ўтиб, Поп киради.

П о п (чапдаги эшик томон юрар экан). Дон Женна, чакки эмас! Мана, яна бир қути дори топдим!.. Ҳозир докторга кўрсатаман. (Кириб кетади.)
Амалия киради. Қийналган, бу фалокат уни тамом ўзгартирган. Биринчи бор у томошабин кўз олдида она қиёфасида кўриниш беради. Ҳатто қаригандай… Ўзини бошқача тутишга истаги ҳам, кучи ҳам йўқ; ҳеч нарсани яширишни ҳам хоҳламайди. Дарду ғамга тўлиб, столнинг ёнида – ўртада ўтиради.

А м а л и я. Ҳеч жойда йўқ! Йўқ! Йўқ! Ҳаммадан сўраб кўрдим! Бутун Неаполни айланиб чиқдим! Йўқ! Борини ҳам яшириб қўйишган! (Иложсизликда.) Қанақа виждонсизлик! Дори билан чайқов қилиш! Одамнинг ҳаётини сақлаб қоладиган дори билан!.. (Азобда, дод солгандай.) Нима, менинг қизим ўлиб кетаверадими? Улар дорининг нархини ошириш учун яшириб қўйишган! Бу қандай аблаҳлик! (Ўрнидан шарт туриб, чапдаги эшикка кириб кетади.)

Женнаро ортидан қараб қолади. Кўчадан Риккардо киради.

Р и к к а р д о (у плашда, плашнинг этагидан тунги пижаманинг почаси кўриниб турибди. Ҳамдардлик билан). Рухсат беринг. Хайрли кеч. Қизингизга дори керак, деб айтишди. Назаримда, ўша дори бизда бор… (Кичик бир қути кўрсатади.) Мана, шуми?
Ж е н н а р о (ҳаяжонланиб). Марҳамат, ўтиринг. (Ўрнидан туриб, чапдаги эшик тарафга.) Доктор, бир дақиқага қараб юборинг!
Д о к т о р (саҳна ортидан). Ҳозир. (Чиқиб.) Нима бўлди?
Ж е н н а р о. Бу синьор ёнимизда яшайди. У сиз сўраётган дори менда бор деяпти. Қаранг-чи, ўшамикан?
Д о к т о р (Риккардога). Кўрсатинг қани… (Кўргач.) Худди ўзи. Ўзи!
Р и к к а р д о. У бизда тасодифан сақланиб қолган… Олти ой муқаддам менинг қизим ҳам шунақа касал билан оғриган эди…
Д о к т о р. Омадимиз бор экан. Беринг…
Р и к к а р д о. Йўқ, бу дорини фақат синьора Амалияга бераман.
Ж е н н а р о. Амалия! Бу ёққа чиқ. Ҳисобчи сени сўраяпти.

Амалия чиқади. Ортидан келаётган Поп тўхтаб, йиғилганларга савол назари билан қарайди.

Р и к к а р д о (Амалияга, ҳаяжонсиз, ўч олишни ўйламай, заҳархандасиз). Донна Амалия, доктор қизингизга тавсия қилган дори менда бор. (Кўрсатиб.) Мана у.
А м а л и я (ҳайронликда, лекин паст тушмай). Қанча сўрайсиз?
Р и к к а р д о (ҳамдардликда, сокин). Сиз менга нимани қайтариб берасиз?

Амалия унга яна қандай гаплар эшитишини кутиб, ғамгин қараб турибди.

Менинг бор мол-мулким ҳозир сизники! Бор-йўғимни тортиб олгансиз… Уйларимни, хотинимнинг нарсаларини, кийим-кечакни… Оилавий қимматбаҳо нарсаларни…

Амалия бошини эгади.

Оч қизларим учун бир ҳовучгина гуручни минг лир бериб, ялиниб-ёлвориб олганман… Энди гап сизнинг қизингиз ҳақида кетаяпти…
А м а л и я (уни инсонпарварликка чақириб, қарийб таъна оҳангида). Бу, ахир, дори-ку…

Женнаро уларнинг суҳбатидан яширинаётган каби саҳна ўртасига аста юриб боради. Доктор эса гоҳ Амалияга, гоҳ Риккардога қараб, суҳбатни кузатиб турибди. Поп чўнтакларидан ниманидир излаётган каби уриниб, ўзини бефарқ кўрсатишнинг пайида.

Р и к к а р д о. Қўшиламан. Тўғри айтаяпсиз, баъзан дорисиз ўлиб ҳам кетишади. Овқатсиз-чи, донна Амалия, тирик қоладими?

Амалия бирор сўз айтишга журъат қилолмай қотиб турибди.
Агар мен сўнгги кўйлагимни ҳам сотмаганимда, болаларимни асраб қололмасдим. Кўраяпсиз, эртами, кечми, ҳар қандай одам қўшнисининг эшигини тақиллатар экан. Билиб турибман, ҳозир менга хоҳлаган нарсамни беришга тайёрсиз… Боламиз касал бўлганда, мен бир ҳовуч ёрма излаб изғиганимдай, сиз ҳам Неаполь бўйлаб сарсон югурганингизни кўриб, хурсанд бўлганим йўқ… Ҳозир ҳам “тўрт тарафга чопинг, овораликда эшикма-эшик, уйма-уй юринг” деётганим йўқ… Мен ҳеч қачон бундай демайман! Фақат инсон бир-бирига ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб туриши лозимлигини тушуниб қўйишингизни истайман, холос. (Докторга қутичани узатиб.) Мана, доктор. Донна Амалия тушуниб етди, деб умид қиламан. Қизалоқ тузалиб кетсин!.. Хайрли кеч. (Кетади.)

Амалия шошқин ишорат билан Докторни бемор қошига боришга ундайди.

П о п (бўйнини қашлаб). Ана, бунисига қойил!
Ж е н н а р о (тўлқинланиб кетган, ўзини тўхтатолмаяпти. Аммо бошқа нарсалар ҳақида гапиришга ҳаракат қилади). Сен-чи? Сен чайқовчилик билан шуғулланмаганмисан? Қанча миллионинг бор?
П о п. Э-э… Миллионлар менда қаердан бўлсин! (Ҳозиргина бўлиб ўтган гапларни эслаб ва ўзининг тоза одамлигини ўзига исбот қилишга тушгандай.) Бир помидорни нон билан есам, ўзимни қирол ҳис қиламан. Ҳа, бир вақтлар қандайдир ишларга қўл урмоқчи бўлганман, аммо воз кечишга тўғри келган… (Ўзига, ўзининг бахтига ишонмай.) Бир марта сувоқчи Паскуалино билан эллик кило анжирқоқи сотиб олдик. “Бироз кутамиз. Нархи кўтарилгандан кейин сотармиз…” деб ўйладик… Қадрдоним дон Женнаро, нима бўлди денг? Ҳаммаси қуртлаб кетди! Ювиб, қуритдик. Ярми сичқонларга ем бўлди, ярми чириб адо бўлди. Албатта, бирор иш қилса бўларди… Аммо менга нима кераги бор? Айниқса, ҳозир… Хотиним бомбанинг тагида қолгандан кейин… Дон Женнаро, жуда ҳам даҳшатли бўлди… (Даҳшатли онларни кўз олдига келтириб.) Биз бомбапанада худди сиз билан мендай турибмиз… Бомбалар портлаяпти, биз жанжаллашаяпмиз… “Одамлар эшитади, жим бўл!” дейман. У бўлса… (Хотинининг тинмай бидирлаганига тақлид қилиб.) Та-та-та… ти-ти-ти. Бирдан у ўтирган тарафдаги девор қулаб тушди… Бир лаҳзада, дон Женнаро. “Бу ердан чиқсак, гаплашамиз”, деганича… Раҳматли қийналмасдан, бирпасда жон берди. Яхши ўлим, дон Женна… Мендай сўққабошга савдо-сотиқнинг нима кераги бор?
Ж е н н а р о (у Попнинг бошдан ўтказганларини эшитгани йўқ, илгари ҳужраси бўлган бурчакка қараб турибди). Эртага бир ҳожатимни чиқар. Бироз эртароқ кел. Ҳужрамни тиклаймиз. Тахталарини нима қилдиларинг? Ташлаб юбордиларингми? Ёқдиларингми?
П о п. Нима деяпсиз? Тахталар турибди. Бузганимизда Паскуаленинг ертўласига элтиб, ўзим тахлаб қўйганман. Ўша жойда турибди.
Ж е н н а р о. Эртага ҳужрани тиклаймиз. (У Попга кўрсатмалар бериб, паст овозда гапиришда давом этади.)

Чапдаги эшикдан Доктор, ортидан Амалия, Аделаида ва Ассунта чиқади.
Д о к т о р. Хўп, мен кетдим. Энди бу кечанинг тугашини кутиш керак. Қизалоқ касалликнинг авж хуружидан ўтиб олади. Эрта тонгда келаман. Мени яхши хабарлар билан кутиб оласиз, деб ўйлайман. Хайрли тун!
А д е л а и д а. Хайрли тун!
А с с у н т а. Хайрли тун!

Доктор кетади. Женнаро ва Поп у билан ишора қилиб хайрлашади. Амалия, ғамда адо бўлганича, шол рўмолга ўраниб, стол ёнига ўтиради. Совуқ қотаяпти. Оқибат, бу дақиқаларнинг масъулиятини, ўзининг айбдорлигини ҳис қилган.

А д е л а и д а (Амалиянинг аҳволини сезиб, унинг ёнига келади-да, хушсўзлар айта бошлайди). Энди ҳаммаси яхши бўлади. Тинчланинг. Дори топилмаганидан, Доктор ҳам асабийлашганди, мана қаранг, қандай хуш кайфиятда кетди?

Амалия унга миннатдорчилик билан қарайди. Бу сўзлар уни тинчлантиряпти.

Биз кетайлик. Бир гап бўлса, чақирарсиз.
А с с у н т а. Хайрли тун!

Хола-жиян жимгина чиқиб кетадилар. Поп эшик ортида – тор кўчада ўтириб олади. Женнаро хотинидан кўз узмасдан, тик турибди. Амалия унинг бу назарини сезиб, зардаси қайнайди.

А м а л и я. Нега бундай қараяпсан? Мен ҳамма одам қўл урган ишни қилдим. Югурдим-елдим, устомонлик қилдим… Ўзимни ҳимоя қилдим… Нега менга тикилганинг тикилгану, бир нима демайсан? Эрталабдан буён қарайсан, миқ этмайсан? Нимада мени айблаяпсан? Қанақа ғийбатлар эшитдинг?
Ж е н н а р о (нима бўлса ҳам важ-карсонларни эшитишдан қочиб). Нега жимман? Гапиришимни истаяпсанми? Гапираман. Поп, барака топгур, боравер, эртага кўришамиз.
П о п (ўрнидан қўзғалиб). Хайрли тун! (Жўнайди.)
Ж е н н а р о. Илтимосим эсингдан чиқмасин.
П о п (кўчадан). Хўп. (Кетади.)
Ж е н н а р о (ойнаванд эшикни ёпади-да, секин хотинининг ёнига келади. Гапни нимадан бошлашни билмайди; касал қизалоқ ётган хонага бир қараб олади-да, сўзлашга журъат қилади). Амалия, билмайман нега, аммо мана шу касал ётган қизалоқ, мени бутун мамлакатимиз ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Қайтиб келаётиб, оиламизни қурбон бўлган; омон қолган бўлса, имону эътиқодда яшаётгандир деб ўйлагандим. Нима учун бундай ўйладим? Чунки мен урушдан қайтаётган эдим. Бу ерда эса, уруш ҳақида ҳатто эшитишни ҳам исташмайди. Аввалги урушдан қайтганимда, ҳамма мени меҳмонга чақирганди: биров у ёққа, биров бу ёққа… Жанговор дамлар ҳақида эшитгани, мардона жасоратлардан билгани таклиф қилишарди… Ҳамма билганларимни сўзлаб берганимдан кейин, шу даражага бориб етгандики, талабларни қондириш учун нималарнидир ўйлаб топишга ёхуд бошқа аскарлар бошидан кечирганларини ўзимники қилиб сўзлаб беришга мажбур бўлардим. Чунки халқ тўпланган, кўзлари ёниб эшитишяпти, болалар… (Ўша пайтдаги тингловчиларнинг жўшқин ташаббускорлигига тақлид этиб.) “Аскар, гапир! Италия аскари, сўзла!” Энди эса уруш ҳақида ҳеч кимнинг эшитгиси ҳам келмайди. Бунинг сабаби шундаки… Йўқ, сенинг айбинг йўқ, ахир, урушни сен бошламагансан… Бунинг сабаби шундаки, пул одамларнинг бошини айлантириб ташлади… (Тушунганнамо.) Аввал қўлингга озгина пул тушди, сўнг юз минглаб, миллионлаб… (Жавоннинг қутисини очади, ундан бир-икки мингталик олиб, Амалияга кўрсатади.) Мана, қара… Сен уларни оз-оздан кўргансан ва мен қайтиб келгач, уларнинг ҳаммасини кўрган чоғимдаги англашни бошингдан кечириб улгурмагансан… Менга бу уюм қоғозлар ақлдан озишдай, ҳазилдай туюлади. (Пулларни Амалиянинг қаршисига – стол устига сочаркан.) Эътибор бер, Амалия, уларга қўлим тегса, юрагим қаттиқ урмайди. Ахир, мингталикларни кўрганда, у жонҳолатда типирчилаши керак-ку!.. (Сукунат.) Сенга нима дейин? Агар бу ерда яшаганимда, эҳтимол, мен ҳам бошимни йўқотиб қўйган бўлар эдим… ёки кеча бемор синглиси каравоти ёнида менга борини айтиб, тавба-тазарру этган қизимга нима дейин? Қўлидан ушлаганча, кўчага олиб чиқиб, “Фоҳишаликка боравер! ” дейинми? Ахир, қанча оталар шу тарзда қизларини кўчага ҳайдаганлар. Фақат Неаполда эмас. Дунёдаги ҳамма мамлакатларда. Агар яхши она бўлолмаган бўлсанг, Амалия, сени нима қилишим мумкин? Ўлдирайми? Йўқ қилайми? (Тобора ҳаяжонланиб ва доно тортиб.) Ахир, бу дунёда рўй бераётган фожиалар озми? Юрагимизни ўртаётган азалар камми?.. Амедио-чи?.. Ўғри бўлган Амедио-чи?

Кўзини бўшлиққа тикиб ўтирган Амалия сесканиб кетади. Женнаронинг ҳар бир сўзи унда ойнадагидай акс бераяпти.

Амедио ўғри бўлди. Ўғлинг ўғрилик қилади! У ҳақида… ўйлаётганим йўқ, энди у ҳақида бошқалар ташвиш тортади… (Амалиянинг ҳаяжонланаётганини у фаҳмлаб турибди. Унга ачиниб.) Энди мени тушундингми? Мен эса, шу ерда бўлишим лозимлигини англадим. Оилага ҳалокат қанча хатар солса, ота масъулиятни бўйнига шу қадар кўпроқ олмоғи даркор. (Хаёли бемор қизига кўчади. У ётган чапдаги эшикни кўрсатиб.) Агар ҳамма шу эшикка киролса эди… Ҳамма виждоннинг кўзига тик қарай олса эди… Энди эса, кутиш керак… Кутишдан бошқа чорамиз йўқ… Доктор нима деди? Бу тунни ўтказиб олсак бўлди. (Саҳна ортига боради. Соф ҳаво киритаётгандай, ойнаванд эшикни аста очиб қўяди.)
А м а л и я (ҳасратда адо бўлган, гўё босинқирашдан уйғонган каби йиғлаяпти). Нима бўлди?.. Ўзи нима бўлди?..
Ж е н н а р о (кўчада ҳам эшитиладиган баланд овозда). Уруш бўлди, Амалия! Уруш!
А м а л и я (ўзини йўқотиб қўйган). Нима бўлди?.. Нималар бўлди…

Мария Розария чапдаги эшикдан чиқади. Қўлида коса ва қошиқча. У “ҳовли”ча томонга кетади.

Ж е н н а р о. Мари, менга озроқ қаҳва иситгин…

Мария Розария жавоб бермасдан, ўнгдаги кичик столнинг ёнига бориб, спирт лампасини ёқади. Устига кичик қаҳва идишини қўяди.

А м а л и я (оддий, лекин бахтли кунларни эслаб). Эрталаб бозорга борардим… Амедио Ритуччини мактабга кузатиб, ишга кетарди… Уйга қайтиб келиб, тушлик тайёрладим… Ўзи нима бўлди?.. Кечқурун ҳаммамиз стол атрофига жам бўлиб, овқатланишдан олдин, дуо ўқирдик… Ўзи нима бўлди?.. (Беун йиғлайди.)

Амедио секин кириб келади. Ҳамма унга қарайди.

А м е д и о (ташвишланиб). Ритуччи қалай?
Ж е н н а р о (у стол ёнида ўтирибди. Ўғлининг овозини эшитиб, сесканиб тушади. Юзи ёришади. Йиғлагиси келади, аммо ўзини тутиб). Дори топилди. (Ўзини маҳкам тутиб ўрнидан туради.) Доктор барча чорани кўрди. Фақат бу тунни ўтказиб олсак бўлди. (Сўнг сохтароқ чиққан бепарволик билан сўрайди.)
Сен-чи? Учрашувга бормадингми?
А м е д и о (ҳадиксираб). Йўқ. Ритуччининг тоби йўқлигини ўйлаб, қайтдим. Бунақа юриш яхши эмас, деб ўйладим.
Ж е н н а р о (енгил таъна билан). Ҳа, яхши эмас. Кел, мени ўпиб қўй.

Амедио отасини маҳкам қучиб, ўпади.

Бор, синглингнинг ёнида озроқ бўл. Унинг ҳали ҳам иссиғи бор.
А м е д и о. Хўп бўлади, ота. (Йўналади.)
Ж е н н а р о (уни тўхтатиб). Эртага Ритуччи ўзига келиб қолса, сени газ компаниясига элтиб, ишга жойлаб қўяман.
А м е д и о (қатъий). Хўп бўлади, ота. (Чапдаги эшикка кириб кетади.)

Мария Розария отасига қаҳва тутади. Женнаро унга меҳр билан боқади. Женнаро қизининг кўзларидан, у ҳам отасини кечирим ўпичи ила ўпгиси келаётгани билиб турибди. Женнаро қизини бағрига босиб, пешонасидан ўпади. Мария Розария ўзини озодликка чиққандай ҳис қилиб, қувончли ҳаяжонда чапдаги эшикка кириб кетади. Женнаро қаҳва ичмоқчи бўлади, аммо ғам-ғуссада адо бўлиб турган Амалияни кўргач, тўхтайди.

Ж е н н а р о (хотинининг ёнига келиб, самимият ва ҳамдардлик ила). Ма… бир қултум қаҳва ичиб ол… (Унга чашкани тутади. Амалия чашкани бажонидил олади ва эрига: “Қандай қилиб ҳаммасини тузатамиз? Қандай қилиб яна виждонли одамлар қаторига қўшиламиз? Қачон?” деган азобли саволларда қарайди. Женнаро хотинининг саволларини тушуниб турибди ва унга донишмандларга хос жавоб беради.) Кутиш лозим, Амалия. Тунни ўтказиб олмоқ даркор. (У бу гапларни айтиб, хотинининг ёнига ўтиради. Улар худди яхши кунларни ишониб кутаётгандай.)

ПАРДА

(Тамом)

Рус тилидан Усмон Азим таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 6-7-сонлар