Ҳар бир овоз соҳиби, ҳар бир истеъдод эгасининг Худо томонидан белгилаб берилган маълум бир вақт манзили бор. Ундан бир қадам ҳам нари ўтиб бўлмайди.
Муслим Магомаев
Жаҳон мусиқа санъати ва маданияти ҳақида сўз кетганда биз кўплаб ноёб овоз соҳиблари, композиторлар, моҳир чолғучилар, эстрада хонандалари, опера жанрининг ижрочилари номларини фахр билан тилга оламиз. Табиийки, уларнинг жаҳон маданияти ва санъатида тутган ўрни, қолдирган маданий мероси, тақдири, кечмишлари, орзу-ўйлари, интилишлари, қўйинг-чи, руҳий олами билан боғлиқ неки бўлса, барчаси ҳақида билгимиз келади. Бироқ инсонни билиш, уни англаш жуда мураккаб. Айниқса, уни яқиндан танимасанг, суҳбатидан баҳраманд бўлмасанг… бундай пайтда у ҳақида ёзиб қолдирилган баъзи маълумотларгагина таянасан, холос.
Ўз даврининг машҳур опера хонандаси Муслим Магомаев шуҳрат қозонган пайтларда биз анча ёш бўлганмиз. Биздан ёши катталар у ҳақида ёниб-жўшиб гапиришар, бола бўлганимиз боис, уларнинг фикрлари бизга унчалик қизиқ эмасди. Йиллар ўтиб, мусиқа олами, қўшиқчилик санъати, бу санъат бўстонида ўчмас из қолдирган санъаткорлар ҳаёти ҳақида қоғоз қоралашга эҳтиёж сезилганда, гарчи ўзимиз кўрмаган ва билмаган бўлсак-да, машҳур кишилар ижоди турфа хил олами билан оҳанграбодек ўзига тортаверар экан.
1942 йилнинг 17 августида Боку шаҳрида Магомет (русча ифодаси, асли Муҳаммад) ва Ойша Магомаевлар хонадонида дунёга келган гўдакка Муслим деб исм қўйишди. Бу оила санъаткорлар оиласи бўлиб, Муслимнинг отаси рассом, онаси эса – театр актрисаси эди. Унинг ота томонидан бобоси Абдул Муслим Муҳаммад машҳур композитор, Озарбайжон филармониясида ишлар, миллий мусиқа санъатининг атоқли намояндаларидан бири эди. Ёш Муслим болалигиданоқ санъатнинг ҳайратангиз дунёсига ошно бўлиб вояга етди. Ўша пайтлардаёқ Карузо, Руффо, Шаляпин каби буюк опера ижрочилари санъати намуналарини тинглаб камол топди.
Халқда “сут билан кирган, жон билан чиқади”, “суяк суради”, “қонида бор”, деган нақл ва иборалар бежиз айтилмас экан. Зеро, Муслим Магомаев қонида ота-боболарининг қони оқар, у ўз ҳаётини, қисматини санъатсиз тасаввур эта олмасди. Унинг отаси иккинчи жаҳон урушида ғалабага икки кун қолганда Берлин остоналарида ҳалок бўлган, онаси асосан Вишний Волочёк шаҳридаги театрда хизмат қилар, шу боис Муслимнинг тарбияси билан асосан амакиси Жамом Магомаев шуғулланар эди. Ёш Муслим консерватория қошида очилган мусиқа мактабида ўқиб юрган кезларидаёқ Боку Консерваториясининг профессори, виолончел сози мутахассиси В.Ц.Аншелевичнинг назарига тушади. У Муслимга мусиқа назариясидан сабоқ бериш билан бирга овоз созлашни, уни тўғри ишлата билиш сир-асрорларини қунт билан ўргатади. “Севилья сартароши” асаридаги Фигаро партиясини ижро эта бошлаганида Муслим Магомаев эндигина 15 ёшга тўлган ўспирин йигит эди. Ўшанда Боку шаҳридаги денгизчилар маданият уйида бўлган концертда Муслим ҳам иштирок этади. Бу унинг саҳнадаги илк чиқиши эди.
Муслим Магомаев мусиқа мактабини тугатгач, Боку консерваториясининг вокал бўлимига ўқишга киради ва уни 1968 йилда тугатади. Унинг овози тиниқ, ёрқин, ўта жарангдор ва ширали эди. Масалан, рус халқ қўшиқлари, Ф.И.Шаляпиннинг “Питер бўйлаб” номли машҳур қўшиғи унинг ижросида юқори пардаларда жарангларди. Шунингдек, Ш. Гунонинг “Фауст” операсидан Мефистофель ариясини куйлаб, нафақат хонандалик, балки актёрлик маҳоратини ҳам тўла намоён этолди. “Соррентога қайтиш”, “Сўзланг, қизларжон”, “Гранада” ва бошқа бир қатор қўшиқлар ижроси эса унинг овози техник жиҳатдан мукаммал ва имкониятлари чексизлигини кўрсатди. Муслим Магомаев актёрлик санъатини ҳам яхши эгаллаганди. Ю.Энтиннинг мультфильмидаги Сишка ва Атаманша сингари қаҳрамонларга ва В.Ливановнинг “Бремен мусиқачилари” фильмидаги қаҳрамонларга у фавқулодда юксак маҳорат ила овоз берди. Шунингдек, актёрларга хос ўктам ташқи қиёфага, ўзига хос мимикага эга ижодкор эди. Башанг, кўркам, адл ва алп қомати, теран нигоҳлари билан томошабинларни ўзига мафтун этарди.
1962 йили Кремль саройида Озарбайжон санъати кунларида якуний концерт томошаси бўлиб ўтади. Муслим Магомаевнинг ана шу томошадаги иштироки унинг бутун дунёга машҳур бўлиб кетишига сабаб бўлди десак, муболаға эмас. 1963 йилнинг 10 ноябрида П.И.Чайковский номидаги концерт залида унинг илк яккахон концерт дастури намойиш этилиб, мухлислар эътиборини қозонди. Шу йилдан бошлаб Озарбайжон опера ва балет театрининг солисти сифатида фаолият олиб боради. 1964-1965 йиллар орасида у ўз маҳоратини ва тажрибасини орттириш мақсадида Миландаги Ла Скала театрига қараб йўл олади.Ўша кезлари ниҳоятда машҳур бўлган “Соғинч”, “Севилья сартароши” асарларидаги қўшиқларни юксак даражада маҳорат билан ижро этади. 1966-1969 йилларда Париж шаҳридаги машҳур “Олимпия” театрида гастрол сафарини катта муваффақият билан ўтказади. Унинг ёрқин истеъдодини пайқаган “Олимпия” театрининг раҳбари Брюно Кокатрикс у билан бир йилга шартнома тузиш таклифини ўртага ташлайди. Аммо Муслим Магомаев давлат миқёсида ўтказиладиган байрам тадбирларида иштирок этиши ва бошқа мулоҳазаларга кўра бу таклифни рад этади.
1969 йилда Сопот шаҳрида ўтказилган фестивалда у биринчи мукофотга лойиқ топилади. Унинг кўпмиллион нусхада “Олтин диск” грампластинкаси сотувга чиқарилади. Муслим Магомаевга хос кенг диапазонли баритон овоз энди бутун дунё бўйлаб тарала бошлайди. Кўпминг кишилик стадионларда ўтадиган концертлар, изи узилмас гастрол сафарлари, телевидение ва радиодаги мунтазам чиқишлар унинг номини янада машҳур қилиб юборади.
1970-йиллар санъаткорнинг ижоди авж олган давр бўлди. Унинг концерт репертуаридан 600 дан ортиқ асарлар ўрин олган эди. Шунингдек, “Низомий”, “Муслим Магомаев куйлайди”, “Нотадаги Москва” фильмларида суратга тушади. 20 дан зиёд қўшиқларга, ўнлаб бадиий фильм ва саҳна асарларига куйлар басталайди. Эътиборли жиҳати шундаки, у қайси халқ тилида куйламасин, рус, итальян, олмон, озарбайжон тилларида қўшиқлар айтмасин, улардаги оҳангдорлик ва колоритни, жозибани, миллий хусусиятларни яхши англаб, ижрога сингдириб юборарди. Шу билан бирга нутқининг равонлиги, сўзларни дона-дона талаффуз қилиши, саҳнада ўзини тута билиш маданияти билан у жаҳон томошабинларининг меҳрини қозона олган эди. Муслим Магомаев умрининг сўнгги йилларини Москвада ўтказади. Катта опера ва балет театрининг машҳур хонандаси Тамара Синявскаяга уйланади. Мусиқадан ташқари, болалигиданоқ шуғулланиб келган машғулотлари – сурат чизиш, ҳайкалчалар ясашга берилади. 2007 йилда энг сўнгги “Хайр, Боку” (С.Есенин шеъри) қўшиғини ёзади.
2008 йилнинг 25 октябри. Атоқли опера хонандаси, ёрқин овоз соҳиби, бетакрор ижодкор Муслим Магомаев ўзи “Худо томонидан белгилаб берилган маълум бир вақт манзили бор”, дея эътироф этганидек, юрак хасталиги туфайли 66 ёшида сўнгги манзил сари юз тутади.
Матлуба Темур қизи тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон