Тээт Каллас. Анъанавий йиғилиш (ҳикоя)

Йигирма тўртинчи августда улар яна учрашишди: фақат Густав ораларида йўқ – умри қисқа экан, бир неча йил бурун дунёдан кўз юмган. Начора, ўлим ҳақ, ёшми-қарими танлаб ўтирмайди, авжи кучга тўлган пайти эди.
Энди улар тўққизта қолишди: Мирьям, Илона, Вера, Александр, Вольдемар, Себастьян, Георг, Даниэль ҳамда Риҳард. Ҳамма йиғилган, фақат Риҳард эски одати бўйича кечикаётган эди, мактабда ўқиб юрган кезларида ҳам шунақа – дарсларга кечикиб келар ва ҳар сафар шундай куракда турмайдиган баҳоналар тўқир эдики, синфдошлари тугул баъзи муаллимлар ҳам қойил қолишарди. Уни ҳамма яхши кўрарди, ичакузди латифалар айтишга усталиги учунгина эмас, йўқ, қурмагур ўзи ёқимтой бола эди.
Бу йилгиси уларнинг ўн тўққизинчи йиғилиши эди. Анча бўлди бунга, мактабни тугатишгач, битирув оқшомидан кейин июнь ойининг мунаввар туни эди, улар чин юракдан ҳаётимизда қандай воқеа юз беришидан қатъий назар, бошимизга қандай кун тушган бўлмасин ҳар йили йигирма тўртинчи август куни туғилиб ўсган қишлоғимизда учрашамиз, деб қасамёд қилишган эди.
Бу тантанали маросим қишлоқ канорасидаги табаррук ва қадимий ўрмонда бўлиб ўтганди. Мана ўшандан буён ҳар йили янги ўқув йили бошланиши арафасида учрашишади, бу куннинг руҳи ва хосияти уларнинг фикрича ўзгача эди.
Вақт пешиндан оққан кун, илиқ ва ҳузурбахш эди, улар гир айлана печакгул билан ўралган айвонда катак дастурхон солинган стол атрофида ўтиришарди. Уларнинг бошлари узра арилар ғўнғиллаб учар, девор ортидан ўтган телефон симлари ва нок дарахтининг шохларида қораялоқлар тинмай чуғурлашар, астра ҳамда гулҳамишабаҳорнинг майин иси келарди.
Қизлар ёзилиб чой ичишар, йигитлар эса бир вақтлар – мактабда ўқиб юрган пайтларидаги одатлари бўйича пинҳона равишда сигарет тутатишарди.
Ана ҳозир Риҳард ҳам келиб қолади, дея кўзлари тўрт бўларди.
Узоқдан паравознинг чинқириғи эшитилди, айнан шу пайтда тезюрар поезд бир дақиқага шу станцияда тўхтарди. Синфдошлардан кўпчилиги эрталабки поездда келишганди. Ҳаммалари бир-бирларига қарашди.
– Поезд…
– Ҳа, поезд…
– Риҳард?..
– У яна кечикяпти.
– Нега ажабланасан, унинг касали-ку…
– Тўғри, Рике одам бўлмайди…
Ҳаммалари яна ширин хаёлга толишди.
Бугун уларнинг ўн тўққизинчи йиғилишлари, сокин боғда хотирага берилишдан кўра нашъали машғулот борми оламда – ўн тўққиз йилдан бери эслашга арзигулик қанча воқеа бўлиб ўтмаган дейсиз?!
Хомуш ўтирган Илона ҳаммалари муқаддас деб ҳисоблаган анъанани бир марта бузганлиги ҳақида хаёл сурарди – худди ўша куни жўрттага қилгандек кўзи ёриган – тўнғич ўғлини туққан, шу боис анъанавий йиғинларига келолмаган эди. Шунга ҳам ўн беш йил бўлибди, бироқ эсига тушса ҳали-ҳануз хижолат тортади. Уларнинг ишончини оқлаш учун нима­лар қилмади, дейсиз? Йўқ, охир-оқибат қадрдонлари олдида юзи ёруғ ҳозир. У енгил хўрсиниб, кўйлаги этагини тортқилаб ўйнай бошлади.
– Нима булди, Илона ? – деб сўради ташвиш билан Вера.
– Ҳеч нарса, – деди Илона.
– Жуда яхши, авзойингни кўриб кўнгилсиз хаёлларга берилган деб ўйлабман, –­ кўнгли жойига тушди Веранинг.
Шундай деди-ю, лекин ўзининг дили ғаш эди. Чой дамлаб келишгач, марҳум Густав ҳақида гап очилди-ю, Вера ҳам жонланиб баъзи нарсаларни эслади, бироқ шунда ҳам кўнгли ёришмади – у Густавнинг юзини сира кўз олдига келтиролмади. Гап шундаки, ўқувчилик даврида Вера кўзойнак тақмаганди. Анъана низомига кўра ҳозир ҳам тақмаслиги шарт эди. Уларнинг синфида биронта бола кўзойнак тақмасди. Қанақа эди-я синфлари: жипслашган, интизомли!.. Еттита ўғил бола, уч нафар қиз ўқирди. Хаёлпараст Илонани ёки қор маликасидек сескантирувчи ҳусни бор Мирьямни қандай ҳимоя қилишса, бақ-бақалок Веранинг ҳам шундай, мардларча ёнини олишарди.
Қанақа эди Густавнинг кўриниши, дея ўйларди Вера кўзларини қисиб эслашга уринаркан. У болалар томонга қаради. Учтасининг сочлари тўкилганга ўхшайди, минг тикилгани билан Вера ажратолмади уларни. Биттаси соқол қўйган – у Александр бўлса керак. Яна биттаси – оддий…
Вера оддий деб фараз қилган бола – Даниэль эди. Даниэль яширинча сигарет чекарди, Себастьян бир-икки тортиб берай деб шивирлагудек бўлиб илтимос қиларди. Даниэль ҳам ўзига етгунча шўх бола эди, ҳозир ҳам Верага қараб туриб ичида, Вера анча очилиб кетибди, дея ўйлади. Ҳозирги кунда калта – “мини” юбкаларда юриш расм бўлган, буни қарангки, Вера еттинчи синфда ўқиётган кезлар ҳам худди шу русумда кийинишарди, шу сабабли Вера бемалол анъанага мувофиқ тор ва калта кўйлак кийиб келганди. Унинг сонлари йўғон, ҳар қандай одамнинг эъти­борини жалб қилар даражада эди.
Даниэлнинг ўзи-чи, унинг турқ-тароватини кўрганлар, намунча тавия бўлмаса бу йигит дейиши турган гап. Оёқлари қийшиқ-қинғир – саксовулга ўхшайди, шу сабабли учинчи синфдан бошлаб узун шим кийиб юрарди. Ўша бир замонлар эманзорда тузилган низомга кўра (унда кулгили моддалар кўп эди) болалар анъанавий йиғинга калта иштонда келишлари шарт эди. Даниэль ўзининг оёқларидан уялар эди. Айтганча, эгизак туғилган қизлари август бошланиши билан дадамиз яна от ўйинга борадилар, оёқлари қийшиқ бўлгани учун отга минолмайдилар, дея тегажоқликни бошлашарди. Даниэль хафа бўлмасди – шунга ҳам ота гўри қозихонами, қийшиқ бўлса нима қипти – ўзимизга тан, бир йилда бир марта одамлар кўрса кўрар, деб қўярди ўзича.
Даниэль иштонбоғини бир-икки тортиб ёнида ўтирган синфдошига чекаётган сигаретини узатди. Бир пайтлар муаллимларидан қандай яширишган – ҳозир ҳам худди шундай яшириб чекишар, бу ҳам етмагандек папиросга ўзлари тамаки солиб тайёрлашарди, зеро, шундай қилишлари шарт эди. Сабаби бир замонлар Густав отасининг папирос тайёрлайдиган машинкасини ўғирлаб чиққан, ўша-ўша ўзлари “ясаган” папиросни ҳожатхонага кириб роса бурқситишарди. Ўшандан қолган эди бу одат.
Ораларида Себастьян чекмасди фақат, ҳозир ўртоғининг қўлини қайтаргиси келмади. Лекин тажрибасизлиги туфайлими икки марта чуқур-чуқур тортганди, ўқчиб кўзлари ёшланиб йўтала бошлади.
– Вой, қизлар, болалар чекишяпти, – қийқириб юборди боядан бери индамай хаёл сураётган Илона.
– Себас, сендан кашанда чиқмайди, барибир, – деди энсаси қотиб Георг. У синфдаги болалардан ҳар жиҳатдан устун эди – чекиш бўйича ҳам, волейбол, футбол, қўйинг-чи, узоққа сакраш буйича ҳам, ҳеч ким унга тенглашолмасди. – Қани бу ёққа ол-чи, менинг ўпкаларим сеникичалик нимжон эмас.
Бунақа ҳазилга кулиш шарт эди, ҳамма бараварига хохолаб юборди. Георг папиросни лабининг четига қистириб, оғзидан ҳалқа-ҳалқа қилиб тутун чиқара бошлади.
– Икки тийинга қиммат экан тамакиси, қуйруғингга урай, – дея сўкинди у.
– Айнияпсан, Жож, – баравар чийиллаб юборишди Илона билан Вера.
Георг қип-қизариб кетди. У гоҳо-гоҳо орқа-олдига қарамай сўкиб қоладиган чапани спортчи эди ёшлигида. Яширишдан фойда йўқ – ўн тўққиз йил бўлганди Георгнинг спортни ташлаб кетганига. У ичмасдан туролмайдиган пиёнистага айланиб қолган, дилтанг, жиззаки асаблари адойитамом бўлган эди. Тўхтовсиз ичмаса туролмасди, мана ҳозир ҳам синфбоши Александр илтифотсиз гўзаллик тимсоли бўлмиш Мирьям билан бориб қачон мусаллас – ўша пайтлар еттинчи синфда ўқиётган кезлар синфдошларнинг ўтиришида ичишадиган “ширин олма мусалласи”ни келтиришади-ю, қачон ичишади – шунга сабри чидамай, ичи тошиб кутарди.
У пайтда-ку ёш эди ҳаммалари, мусаллас кўз очиб-юмгунча стол устида пайдо бўлар, шундай тезликда очилар ва “Олға” деган қийқириқлар остида ҳеч кимга, айниқса директорга – ҳеч нима демасликка ваъда бериб тўйиб ичишарди. Ана ундан кейин болаларча шўхликлар бошланар эди.
– Ҳозир мусаллас келади, – дея шипшитди унга Себастьян билан Георгга ўхшаб калбош бўлиб қолган Вольдемар. – Бу ёғини ўзинг биласан.
Низомда кўрсатилмаган эди, бироқ ҳаммалари ҳур фикрли одамлар бўлгани учун Вольдемар ўткир ичимлик – ё ароқ, ё спирт қуйиб олган, оқ тунукадан ясалган япалоқ идишни гўё ҳар эҳтимолга қарши тўлдириб орқа чўнтагига солиб оларди. Кўпинча, мусаллас билан қаноатланишмаганда ёки етмай қолса ўшандан отишарди. Баъзан Георг Вольдемар ё ветеринар ёки дорихонада ишлайди, дея тахмин қиларди, чунки ўн йилдан ошди, канда қилмай олиб келар, негадир дори­нинг мазасими, ҳидими Георгнинг димоғига ўтириб қоларди.
Одатда улар кўп ичишарди, шунчалик аҳволга тушишардики, пировардида уларни кимдир, кўпинча, маънавий-ахлоқий масалаларда бир сўзли Мирьям тартибга чақирар, насиҳат килар, керак бўлса пўстагини қоқарди. Айнан мана шундай одати учун Мирьямнинг Вольдемардан кўнгли совуб кетганди, ҳолбуки Вольдемар териси юпқа ва писмиқ Александрга нисбатан ҳам келишган, ҳам хушмуомала йигит эди.
Мана ўн саккиз йилдирки, Георг билан Вольдемар ҳар йили йигирма тўртинчи август куни кечқурун чайқалганча шундай кетаверса, эртага аҳволимиз нима бўлишини тасаввур қилиб кўрганмисиз, қабилидаги панд-насиҳатларини тинглашарди. Сир эмас, танбеҳлар асосан Вольдемарга қаратилган бўлар эди. Вольдемар ўн саккиз йилдан буён узлуксиз равишда Мирьямнинг кўнглини тополмасди. Иттифоқо бир сафар шаррос ёмғир ёғарди, Вольдемар ғирт маст ҳолда бошини хам қилиб, насиҳат эшитарди, бирдан оёғи букилиб кетди-ю, йиқилиб тушмаслик учун Мирьямни ушлаб қолди. Аёл зотининг кўнглидагини шайтон ҳам билолмайди, деган гап бежиз эмас экан – Мирьям ногоҳон қучоқлаб шундай ўпа кетди: “Волли, жонгинам, сен барибир чинакам йигитсан, мардсан, аллакимлар ҳаром тукингга ҳам арзимайди”, – деса-чи?..
Мирьям ҳаётида бир марта анъанага риоя қилмаган, бироқ буни Вольдемардан бошқа ҳеч ким пайқамаган эди, шунга ҳам саккиз йил бўпти. Пешайвон ўшанда қоронғу бўлиб шу сабаб ҳеч ким сезмаган.
Умуман олганда, анъанага мувофиқ Мирьямни уйига кузатиб қўйиш ҳамда кўнглини олишни синф бошлиғи Александр қўлга киритган эди. Йиғилиш тугагунга қадар чой дамлаб келиш баҳонасида дам-бадам ташқарига чиқиб ўпишиб келишар, қолганлар эса бу пайтда уларнинг ортидан роса ғийбатини қилиб ўтиришар эди. Синфдошларининг гапларини эшитиб ўтирган паришонхотир Илона кейинчалик бизни тўйларингизга таклиф қиласизми ишқилиб, дея сўраганда, айтамиз, афсуски, биз ҳали-бери турмуш қурмаймиз – аввал ўқиш, кейин оила қуриш дея тирсиллатиб жавоб берганди.
Йиғилишдан кейин ҳаммалари биргалашиб вокзалга йўл олишар, у ерга боргач дам олгани ўриндиққа ўтиришар, Александр эса Мирьямни кузатиб қўйгани кетар, лекин қайтиб келмасди.
Бир йилдан сўнг яна учрашишарди.
– Сассь, педкенгаш шаъни учун ачитилган олма шарбатидан қитдай-қитдай олсак, директор эътироз билдирмас, нима дединг, – ҳазил аралаш таклиф қилди Георг, Вольдемар маъқуллаган бўлиб тирсаги билан уни туртиб қўйди. Йиғилиш чўзиладиганга ўхшарди, Густавни эслаб анча ўтиришди, Риҳарднинг ҳалиям дараги йўқ эди.
– Эртага алгебрадан ёзма иш, тайёрланиб келинглар! Бировдан кўчираман, деб хомтама бўлманг! – деди Александр, унинг лаблари олча еган одамникига ўхшаб қизил, соқоли қоп-қора, кети тоғорадай эди. – Хўп, мен кимни навбатчи қилиб тайинлаган эдим?! – деди чўзиб, йиғилганларга кўз югуртирар экан, – Мирр! – Унинг нигоҳи Мирьямда тўхтади. – Қани юр-чи, нима қилиш лозимлигини тушунтираман!
Шундай деган Александр Мирьямни эргаштириб чиқиб кетди, уларнинг нияти нима эканини ҳамма биларди.
Улар бир талай мусаллас кўтариб қайтиб келишганда боғ эшиги ғирчиллаб очилди-да, қум тўшалган йўлкада Риҳарднинг қораси кўринди.
Александр билан Мирьям қуюқ ўсган чирмовуқгул ёнида тўхташди ва хушламайгина унга қараб қолишди. Бошқалар ҳам энсаси қотгандек, Риҳардни кузатиб туришди. Ёлғиз умум кайфиятини пайқамаган Вера қувониб кетди.
– Болалар, Рикс! – деди у.
Риҳард енгилгина сакраб пешайвонга чиқиб олди-да, хуррам бир кайфиятда лаби-лабига тегмай гапира кетди.
– Минбаъд узр, иккинчи дарсга ҳам кеч қолганим учун, лекин минг афсус, эртароқ келишнинг сира иложи бўлмади – ойим ювилган кирларни сиқиб бериб кет, дегандилар, эҳтиётсизлик қилиб дадамнинг курткаларини йиртиб юборибман, шуни ямаб берай деб қолиб кетдим.
– Вох-ха-ха-ха! – кулиб юборди Вера оёқлари билан полни дупирлатиб.
Даниэль юзини буриб олди – Веранинг йўғон сони билан бир чети кўриниб қолган иштонини кўриб ижирғаниб кетди.
Ниҳоят, Вера кулишдан тўхтади ва бошини эгганча қулоқ солди – бошқа ҳеч ким кулмаётганига ажабланиб қўйди.
– Р-Ри-Риҳард, бу қ-қанақаси б-бўлди? – деди кучаниб Александр. Жаҳли чиққанда гапиришга қийналар – дудуқлана бошларди. Анчадан бери бу аҳволга тушмаётганди.
Иш жиддий эди: Риҳард оддийгина енгил костюм кийган, оч кулранг пиджагининг тугмалари солинмаган, бўйнида нари-бери боғланган галс­туги осилиб турарди. Калта иштон ўрнига одатдагидек шим кийган эди.
Даниэль юраги сиқилиб Риҳардга қаради, сўнг Мирьям билан Александрга назар солди. Александр билан Мирьямнинг тиззалари дир-дир учаётганини кўриб ажабланди. Суяклари ўйнаб кетибдими, – дея хаёлидан ўтқазди. Очиғи, Даниэль Риҳарддан хафа бўлди. Болалигидан қийшиқ оёқ бўла туриб, калта иштонда келса-ю, Риҳард олифта…
– Менга қара, кийимларинг… ўзингдами… бирга ола келганмисан? –­ норози оҳангда сўради Даниэль. Сўнг кўнглига оғир ботиб кетмасин учун муроса йўлига ўтди. – Кийинишга улгурмагандирсан-а, балки? Қани бўлақол тезрок, келишдикми? Кейин келган жойидан давом эттирамиз, нима дединг, Сассь? А, Рикс?
Бироқ Риҳарднинг қўлида ҳеч вақо йўқ – демак, шундайлигича келган. Александр билан Мирьям энди эсларига тушиб қолгандек мусалласларни дўқиллатиб столга қатор териб қўйишди. Георг биттасини олиб ёпиштирилган ёрлиқни кўздан кечирди. Вольдемар чека бошлаган папиросини Себастьянга узатди. Себастьян йўталди, лекин бу сафар ҳеч ким аҳамият бермади.
Риҳард ўтирди. Стакандаги чойни олиб бир-икки ҳўплади-да:
– Бунақа ҳавода квас ичган маъқул, тўғрими, – деди.
– Риҳард, шу ҳам гапми? Биз анъанага мувофиқ чой ичиб ўтирган бўлсак, – эътироз билдирди Илона зорланиб. Унинг кўзи Александрга тушди-ю, юрагида оғриқ турди.
– Ҳа-я, – деди киноя билан Риҳард.
Шундан кейин пешайвонга ноқулай жимлик чўкди. Қаердандир ўрмон ортидан момақалдироқнинг гумбирлагани эшитилди.
“Роса пайтида бошлади-ю… – деб кўнглидан ўтди Даниэлнинг. – Бугун бўрон бўлади. Рикс бекор қилди. Агар оёқларим бунақа беўхшов бўлмаганда ўртага тушиб аралашардим”.
“Ҳаёт зулмдан иборат”, – дея хаёл қилди Себастьян.
“Тезроқ ича қолсак эди”, – деб ўйларди Вольдемар.
“Эй худойим-ей, яхши бўлмади, болалар уришиб кетишмасайди”, – деб ўйларди Илона.
“Бир гап бўлганга ўхшайди, – деб ўйлади Вера ва кўйлагини тиззасига қараб тортиб қўйди. – Яхшиям кўзим яхши кўрмайди”.
– Ри-Риҳ-Риҳард, муқаддас қасамёдлар қайда қолди, – деди Александр ғижингудек бўлиб.
– Шуни айт, – деди истеҳзо билан Мирьям.
Риҳард жиддийлашди, бошини қуйи солиб полга тикилиб қолди, сўнг қовоғини уйиб гап бошлади:
– Менга қаранглар, биласизми… – у тўхтаб сигарет тутатди ва ҳеч ким кутмаган нутқини бошлади: – Хўп, бўлмаса эшитинг. Ҳурматли синфдошларим! Тўғрисини айтсам, мен атай шундай қилдим. Тушундингизми? Ҳаммангиз яхши биласиз, ўн саккиз йил бадалида ўша сиз муқаддас деб жар солаётган анъанангизни бирор марта бўлсин бузмадим, унга хилоф иш қилмадим. Мен ҳар йили, анъанага биноан кечикиб қолардим ва ўзимни оқлаш учун мактабдагидек куракда турмайдиган, бўлар-бўлмас баҳоналар топардим. Бугун ўзимни оқлаш учун шунинг ўзи кифоя қилмасмиди?! Мен ҳалиям шунақа тентакман. Фақат мана шу калта иштонлар ва шунга ўхшаган бизларни одамгарчиликдан чиқариб юборадиган баъзи қилиқлар, одатлар жонимга тегди, мени кечиринглару, лекин тоқатим тугади. Менга нима бўлганини билгингиз келаяпти, марҳамат билиб қўйинг. Лекин назаримда, билишни мутлақо истамайсиз. Бироқ мен барибир айтаман, ҳа, мен бахтли одамман. Бир неча йил бўлди бунга. Негалигини айтайми? Масалан, ўз ишимни яхши кўраман…
– Бас қил! – чидаб туролмай қичқирди Мирьям. – Жим бўл, жим бўл, жим бўл! Диёнатсиз! Сен эътиқодимизни оёқости қиляпсан, туйғуларимизни топтаяпсан, тупуряпсан бетимизга! Болалар! – Мирьям бошқаларга юзланди. – Муқаддас эманзорда бир-биримизни зерикарли, сариқ чақага қиммат, майда ташвишлар ботқоғига ботирмаймиз, бир йилда атиги бир марта йиғилиб, бир кунгина беғубор болаликка қайтиб яшаймиз, деб қасам ичмаганмидик!
– Мен турмушимдан шикоят қилганим йўғу, қаердан олдинг бу гап­ларни? Фақат калта иштон ва ҳоказоларга келсак, бунинг учун кечирим сўрайман, лекин жонимга тегди, нега бирдан бунақа деётганимни била­сизми? Биламан, эшитишни хоҳламайсиз. Лекин шундай булса ҳам айтаман, барибир – мен бахтли инсонман. Анча йиллардан бери ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман. Нега? Шуни мисол келтирадиган бўлсам, биринчидан, ишим қизиқарли ва мен уни жон-дилимдан яхши кўраман.
– Бас қил, – шартта унинг гапини бўлди Мирьям. – Овозингни ўчир, ўчир! Уятсиз! Сен муқаддас одатларимизни оёқости қиляпсан, бизнинг эътиқодимизни масхара қиляпсан, юзингда кўзинг борми демай тупур­япсан юзимизга! Болалар! – дея у бошқаларга юзланди. – Бир пайтда муқаддас эманзорда ҳеч бир-биримизга турмуш икир-чикирлари, зерикарли рўзғор ишлари ҳамда кундалик ташвишларимиз ҳақида гапирмаймиз деб онт ичмаганмидик! Ҳар йили бир марта йиғилиб, болалик пайтимиздаги каби бир кун, атиги бир кун беғам, эмин-эркин яшаймиз, деб қасамёд килмаганмидик…
– Гапларингга қараганда ҳаётидан шикоят қиляпти, деб ўйлаш мумкин-а! – деди истеҳзо билан Риҳард.
– Ўчир о-о-овозингни ! – дея қичқирди Александр. У қип-қизариб кетган, ҳатто ўша олчадек қирмизи лаби афт-башарасининг ранги олдида оқариброқ қолгандек кўринарди, – Яхшиси бу ердан туёғингни шиқиллат, ҳозироқ!
Риҳарднинг қошлари чимирилди.
– Бунақаси кетмайди, азизлар.
– Ҳушингга келса шу! – тўнғиллади Александр.
– Унақа бўлса гап бундай. Мендан хафа бўлмайсиз, – деди ўзини босишга уринибди Риҳард. Ҳамма яхши кўрадиган ҳазилкаш йигитнинг ҳам ҳазилакам жаҳли чиқмаганди. – Наҳотки шу калта ва тор иштонда юришдан ҳузур қилсангиз, дўстларим, чок-чокидан сўкилай деб турибди-ю, қаранг…
– Рикс, тушунишни истамаяпсанми? – деди Даниэль ҳамон муроса қилаётгандек оҳангда. – Оддийгина эрмак холос. – Нима бўпти. Шунга шунча ғавғо кўтариш шартми?
– Эрмак эмас, бизнинг эътиқодимиз бу, – деди ғазаб билан Георг.
Риҳард бошини кўтариб осмонга қаради ва ўзига-ўзи гапиргандек: “Қора булут тарқаб кетмокда”, – деди. Сўнг яна болалар томон юзланди:
– Дарвоқе, эътиқод йўқ. Йўқ. Бемаънилик бу! Менга кўзингизни лўқ қилиб қарашнинг ҳожати йўқ. Ҳали шундай гапларим борки… Масалан, айтинг-чи, бир-бирингиз ҳақингизда нималар биласиз?
Ранглари оқариб кетган синфдошлар меровсираганча кўз уриштириб олишди. Низом бўйича улар бир-бирларининг турмуши ҳақида хеч нарса билмасликлари шарт эди. Бир йилда бир марта ўзларини эмин-эркин, беташвиш ҳис қилишлари даркор, бошқа пайтда ўзаро муомала қилиш у ёқда турсин, салом-алик қилишга ҳам рухсат берилмасди, акс ҳолда, бу уларнинг эътиқодича йиғилишларининг самимийлиги ва табиийлигига путур етказармиш.
– Шунча пайтдан бери дўст бўлиб келаётган синфдошларингизнинг қувонч ва ташвишлари ҳақида нимани биласиз? Мен биламан. Кўп нарса эмасу, лекин ҳар қалай…
– У қаердан билади! – чийиллаган овозда сўради Вера.
– Мана аҳвол, тирикчилик, тушунарли, – Мирьям лабини тишлади.
Александр индамади. Унинг тиззалари тинмай қалтирарди.
– Қани, ким билади, Илонанинг нечта боласи бор? Тасаввур қилолмайсиз ҳатто, албатта!
– Ў-ў, – инграб юборди синфдошлари.
– Веранинг ҳали-ҳануз ёлғиз яшаётганидан хабарингиз борми? Ўзи биласизми ёлғиз яшаш нималигини? Садқаи… Э-э… Ўзингга бир қарагин Вера, хафа бўлмагину, лекин кимга ўхшаб қолдинг бу кўйлакда…– дея хитоб қилди Риҳард.
– Менинг кўзларим яхши кўрмайди, – деди йиғламоқдан бери бўлиб Вера.
– Чунки ўша эътиқод, ўша анъаналар ман қилади сенга кўзойнак тақишни, – деди Риҳард. – Александрнинг мактабда соқоли йўқ эди, ҳозир эса бор, у кишим бемалол ўстириб юрибдилар, сенга эса кўзойнак тақиш мумкин эмас, чунки сен мактабда тақмас эдинг-да!..
– М-менинг соқолимга тил теккизма!
Риҳард Александрнинг гапига аҳамият ҳам қилмади.
– Себастьян олим эканини биласизми? Даниэлнинг мактабда ишлашини-чи?! Вольдемар ҳалигача бўйдоқ, доришунослигини ким билади?
– Ўзимам шунақа деб ўйловдим, – деди Георг орқа-олдини ўйламай.
– Георг! – дея уни силтаб ташлади Александр.
– Давом этамиз, бир замонлар синфимизнинг фахри бўлган, пешқадам спортчимизнинг ҳаёти издан чиқиб кетган, буниям билмайсиз.
– Билувдим шунақа дейишини, – Георг тишларини ғижирлатди. У ғазабдан кўкариб кетганди.
Мирьям шишани очди-да, шоша-пиша Георгга мусаллас қуйиб узатди.
– Ўзингни бос, сиқилма бечора дўстим, – деди у.
– Мана шу пешайвонли уйда ким яшашини биласизми? Ҳа, ҳа, айланиб келиб яна ўшаларга тақалади, – бу ерда гўё ёши ўтган, кўнгли бўш эру-хотин яшар эмиш. Улар ёшларнинг ҳар йили йиғилишига ҳавас қилишармиш гўё ва уларга шароит яратиб беришни ўзларининг бурчи деб билишармиш. Бўлмаган гап! Бу ерда Александр билан Мирьям туришади, узоқ йиллардан бери эру хотиндек яшашади. Яна нима дей? Улар бефарзанд. Саккиз йил муқаддам ажрашмоқчи бўлиб, ярашиб кетишганди… Кечаси вокзалга чиқиб кузатиб қўйиш учун бирга кетиб, шу кетганча бир йилдан кейин кўришадилар, биладиларки, ҳеч ким бир йил олдин кузатиб келаман деб кетувдинг, қаёқда қолиб кетдинг, деб Александр­дан сўрамайди. Биз эса товуқмия қуёнчалар эрталабки поездни кутиб тонггача ўтирамиз вокзалда, бу майнавозчиликнинг нима кераги бор!
Буни эшитган Мирьям ғиқ этолмай нафаси ичига тушиб кетди.
Александрнинг соқоли машъум кўланкадек бутун башарасини тўсиб олганга ўхшарди.
– Мен, мана шу ишларни айтиб бермоқчи эдим сизларга, эҳтимол, гапирмасдим, лекин алам қилди менга, бировнинг нинадек айбини туя­дек қилиб кўрсатганларинг етмагандек, мени бир муртадга чиқариб қўймаганингизда… Тўғри, бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Жаҳл келганда ақл кетар, деб бежиз айтишмаган. Узр…
– Энди афсус чекишдан фойда йўқ. Қилгуликни қилиб бўлдинг энди, – деди Александр. У бирдан дудуқланмай қўйди.
– Мен афсус қилаётганим йўқ. Фақат Сизга ачиняпман. Аллақандай арзимаган калта иштон деб… шунча гап-сўз… Мен чегарадан чиққан бўлсам, кечиринглар… Гапирмасам бўларкан… Агар истасангиз мен кетаман бутунлай…
– Йўқ, нега энди… – деди Даниэль ночор овозда. – Кетма. Бирон йўлини топармиз.
– У ҳеч қаерга кетмайди, – деди ички бир алам билан Мирьям. – Сассь!
– Лаббай, азизам… – Александр дик этиб ўрнидан турди-да, муштларини тугиб столга тираб болаларга кўз югуртирди – ана энди у чинакам мажлис раисига ўхшарди. – Қадрли дўстлар, ичимизда бир киши биз муқаддас деб билган анъаналаримизни оёқости қилиб, барчамизнинг туйғуларимизни таҳқирлаб, эътиқодимизни менсимай тупроққа қориштириб ташлади.
Қора булутлар қишлоқни айланиб ўта бошлади, айвонга салқин ва намхуш шамол ёпирилди. Веранинг елкалари титрар, сира ўзини қўлга ололмасди.
– Шўрликкина, – деди Мирьям ва мусалласдан қуйиб унга узатди. Вера кўнгилчан ва таъсирчан қиз эди, салга кўнгли бузиларди. Унинг йиғлаб туриб кулиб юбориши ёки кулаётиб йиғлай бошлаши тийнатининг шу жиҳатини яққол намойиш этарди. Ҳозир ҳам кўз ўнгида юз бераётган воқеаларга дош беролмаётгани шундоқ сезиларди.
– Шу ишимиз учун қамалиб қолмасак бўлгани, – деди Александр иршайиб.
– Нимасини айтасан, номард, – Георгнинг кўзлари мушукникидек ёнарди.
– Энг ёмони у эътиқодимизни оёқости қилди. Яна билиб туриб, – деди Александр. – Ҳа, йўл бўлсин, Вольдемар?
– Бориб, бир айланиб келай.
– Йўқ, биродар, ҳеч қаёққа бормайсан. Ҳамма иштирок этиши шарт, бу анжуманда, – деди кўзини лўқ қилиб Александр.
– Унақа бўлса… ҳм-м?
Мирьям сабри чидамай боши билан ишора қилди.
– Ҳа, бўлақол тезроқ. Георгга ҳам бер.
Вольдемар чўнтагидан япалоқ идишни олди. Буни кўриб Илонанинг капалаги учди. Вольдемар билан Георг четроққа ўтиб навбат билан бояги идишдан лўқиллатиб ича бошлашди.
Бекат узра чақмоқ липиллаб учди. Риҳард индамай сигарет чекиб ўтирарди.
– Менга қаранглар, йигитлар, шу ишга нуқта қўяйлик, майлими, – дея минғиллади Даниэль. – Бекорга ҳаммаси…
Сукунат чўкди.
Шу орада Мирьям уйга кириб бир нима олиб чиқди-да, Александрга берди.
– Битта чектир, оғайни, негадир юрагим сиқиляпти, – деб илтимос қилди чекмайдиган Себастьян. – Умуман шу ишингиз менга ёқмаяпти, бўлар иш бўлди, анъана энди тикланмайди, барибир.
– Тўғри, тикланмайди, ана шунинг учун жавоб бериши керак кимдир, – деди Мирьям. – Густавнинг толеи бор экан, бундай ишларни кўрмадиям, кўрмайдиям.
– Густав нима қилиб ўлганини биласизми? – паст овозда сўради Риҳард. – Мен дафн маросимида қатнашувдим. У шифокор эди…
Александр унинг гапини шартта бўлди:
– Сафсатангни йиғиштир. Густав ҳеч қачон шифокор бўлишга интилмаганди. У учувчи бўламан, деб ният қиларди. Қабрда тинч ётсин дўстимиз…
– Шўрлик Илона, – деди Мирьям, – бир оз ётиб дам олсин, бунақа гапларни кўтара олмас эди.
Вера жазава ичида уввос солиб йиғлар ва ора-чора кулар эди.
– Мана шуларнинг барига сен сабабчисан, кўриб қўй қилмишингнинг оқибатини, – деди Мирьям Риҳардга. – Эсингда бўлсин.
Еру кўкни ларзага солиб момақалдироқ гумбурлади, арилар печакгуллар ичига кириб кетишди.
– Георг! – чақирди Мирьям.
– Нега энди мен? – Георг истар-истамас айвон ёнига келди.
– Низомда шундай ёзилган, – деди елкасини қисиб Александр, – ўттиз еттинчи модда, иккинчи банд. Эсингдан чиқдими?
– Эсимда, жин урсин.
– Ол.
Георг пичоқни олиб, унга тикилиб қолди. Бу икки томони ўткир чархланган – дудама бўлиб, айвондаги хира ёруғда қандайдир ним яшил тусда товланиб кетди.
– Волли, яна озгина қуй, жиндай етмаяпти, бу аҳволда ҳеч нарса қилолмайман, – деди Георг.
Гандираклаб Вольдемар унинг ёнига келди. У ғирт маст эди. У ўзича аллақандай қўшиқни хиргойи қилган бўлди-да, Мирьямга қараб кутди, лекин Мирьям одатдагидек гапни чўзмасдан қисқагина қилиб:
– Нега қараяпсан, қуй Георгга! – деди.
Георг спирт қалқиб кетгунича япалоқ идишни кўтариб ичди.
– Ана бўлди энди, жойига тушди, – деди куфлаб бўлгач, у оғзига ҳеч нарса олмади.
Риҳард синфдошларига бирма-бир кўз югуртирди. У нима қиларини билмасди. Шошилмай оёғини чалиштириб олди-да, ўзи томонга келаётган Георгга қаради.
– Шу билан бирон нима ўзгариб қолармиди? – деди ўзича тушунтирмоқчи бўлиб Себастьян. – Анъана бир марта бузилдими – бўлди, унинг анъаналиги қолмайди… Янгисини қаердан оласан?
– Анъананинг янги-пангиси бўлмайди, оғайни, – дея эътироз билдирди Александр. – Бизнинг анъаналаримиз синовлардан ўтган, табаррук ва қадимий – қанақа гўзал эди, тўғрими? Нима дейсан, Георг?
– Георг! – Мирьямнинг овози кескин янгради.
Георг Риҳардга яқин келди. Риҳарднинг ранги оқариб кетди-ю, шундай бўлса ҳам кулимсиради.
– Вой тентаклар-ей! Наҳотки…
– Тур ўрнингдан, – деди хириллаб Георг.
Риҳард атрофга аланглади – Вера жазава ичида йиғлар, Себастьян норози бўлиб бошини сарак-сарак қилиб турар, Даниэль кўзларини олиб қочар, кайфи баланд Вольдемар, Александр билан Мирьям ҳайкалдек қотиб туришар, Георг қўлида пичоқ… – унинг нафаси ичига тушиб кетди, елкасини қисганча секин ўрнидан турди.
– Қизиқ бўлди-ю бу ёғи, – деди у. – Бу майнавозчиликни бас қилсак бўларди тезроқ. Сизга шу иш зарурми, зарурми, ўлган киши бўлиб ярим соат хазонлар устида ётаман, мана. Фақат битта шарт билан, кейин менга жавоб – кетаман. Бу даргоҳга бошқа келмайман, асосан Александрни деб. Қутуриб кетганга ўхшайди, қаранг…
– Георг!
Георг бир зарб билан пичоқни Риҳарднинг чап кўксига санчди. Риҳард ҳайратланган каби кўзларини катта-катта очиб Георгга қаради.
– Ў-ҳў, шунақа… – унинг гапи бўғзида қолди; оғзидан қоп-қора қон отилиб чиқди-ю, гурсиллаб полга йиқилди.
Ҳамма бир чеккага ўтди. Риҳарднинг кўзлари қуюқ ўсган печакгуллар ва арилар ғужғон ўйнаётган томонга қараб бақрайганча қотиб қолди.
– Алвидо, Риҳард, – деди ўкиниб Даниэль.
Тахта зинага бир неча ёмғир томчиси урилди.
– Начора, анъанани бузиш оқибати ёмон бўлади шунақа, – деди Александр.
– Нима бўлганини ким тушунтириб беришга қодир? – деди қайси бирлари йиғламсираб.
Улар ҳалиям ўзига келмаган Илонани қўлтиғидан олиб уйга кириб кетишди.
Ёмғир шаррос қуя бошлади. Айвонда ёлғиз Риҳарднинг жасади қолди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси