Аҳмад Дониш (1827-1897)

Аҳмад Дониш ёки Аҳмад Калла деб ном қозонган Аҳмад ибн Мир Носир ибн Юсуф ал-Ханафи ас-Сиддиқий ал-Бухорий Бухоро амирлигида XIX асрнинг ўрталарида яшаб ижод этган, илғор фикрлари билан ном қозонган шоир, мутафаккир, маърифатпарвардир. У 1827 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Шу ердаги мактаб ва мадрасаларда билим олиб, ўз даврининг илғор олими ва мутафаккири даражасига кўтарилди.

Аҳмад Дониш мадрасада олган билимлар билан кифояланмай, риёзиёт, фалакиёт, адабиёт, мусиқа, меъморчилик, тарих ва фалсафа билан шуғулланди, айниқса, шарқ шоирлари ва мутафаккирларининг асарларини кўп ўқиди ва ўрганди. Ибн Сино, Умар Ҳайём, Навоий, Фузулий, Бедил асарлари билан яқиндан танишиб, уларнинг фикрларидан ўз рисолаларида кенг фойдаланишга интилди. Фалсафий, ижтимоий-сиёсий, бадиий масалалар билан бирга табиий фанларни, айниқса, астрономия илмини ўрганишга катта эътибор берди. Ўзининг таъкидлашича, астрономия илмини Мирзо Абдулфаттоҳхон мунажжимдан ўрганади. Дониш юқори малакали хаттот, меъмор ҳам эди. Шунинг учун XIX асрнинг 50-йилларида Бухоро амири Амир Насруллоҳ (1827—1860) саройида хизмат қилди. 1870 йили сарой хизматидан кетди.

Аҳмад Дониш 1857, 1869 ва 1874 йилларда уч марта Бухоро элчилари таркибида Петербургда бўлиб, Оврўпо маданияти, илм-фан соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиши, мутафаккир дунёқарашида катта бурилиш ясади ва ўз таассуротлари таъсирида Бухорода мавжуд тартибларни ислоҳ қилиш лойиҳасини олға сурди. Бу эса Амир Музаффариддин (1860—1885) норозилигига сабабчи бўлади ва амир Аҳмад Донишни Ҳузарга қози этиб жўнатади. Дониш амир ўлимидан сўнг Бухорога қайтади ва 1897 йили вафот этади.

Аҳмад Дониш фалсафа, тарих, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, хаттотлик масалаларига бағишланган асарлар ёзган. Ўзбекистон Ресиубликаси ФА Беруний номли Шарқшунослик институтининг қўлёзма фондида Аҳмад Донишнинг 16 та рисоласи ва яна бир қанча шеърлари киритилган тазкиралар, Ғаззолий, Жомий асарларидан кўчирган қўлёзма нусхалари сақланади, уларнинг кўпчилиги асл нусха бўлиб, муаллифнинг ўзи томонидан битилгандир. Масалан: 1877 йилда ёзилган «Мажмуаи ҳикояти Аҳмади Калла» деб номланувчи қўлёзмада муаллиф турли тарихий, адабий, фалсафий масалалар ҳақида фикр юритади. У Улуғбек даври, Абдураҳмон Жомий таълимоти, шиалар ва сунналарни муросага келиштириш масалаларига бағишланган рисола ҳам ёзган. Рисолада ислом тарихи, ундаги турли йўналишларнинг келиб чиқиш сабаблари, Румий, Ғаззолий, Жомий, Бедил каби донишмандларнинг бу масалаларга муносабатлари хусусида баҳс юритилган. Аҳмад Дониш ижтимоий илмлар соҳасида Марказий Осиёнинг ўтмиш тарихи, фани, адабиёти, давлатчилиги, дини каби масалаларига оид ҳамда ўзига хос мазмунга эга бўлган шеърий асарлар яратиш билан бирга табиий илмлар, хусусан астрономия, космология муаммолари устида ҳам муттасил тадқиқотлар олиб борган ва бу соҳада қатор асарлар ёзиб қолдирган. Аҳмад Дониш ўзининг «Мунозир ал-Кавокиб» («Юлдузларни кузатиш») деган асарида фалакиёт илмига оид муҳим масалани ҳал қилган.

Дониш «Рисолат дар илми курра» («Глобус ҳақида рисола») ҳам ёзган бўлиб, унда глобуснинг вазифаси ва унинг илм учун аҳамияти, ундан амалий фойдаланиш ҳақида гап боради. 12 бобдан иборат бўлган «Изтиғрожи бул ва арзи балат» («Жойларнинг узунлиги ва энини ўлчаш») асарида Аҳмад Дониш жойларнинг ўрнини ўлчаб чиқариш осмон меридианини соатларда белгилаш масалалари ҳақида мулоҳаза юритади.

Унинг ижтимоий-сиёсий қарашлари «Наводир ул-вақое», «Рисолаи мухтасаре аз тарихи салтанати хонадони манғития» каби асарларида ўз аксини топгандир. Сўнгги асар қисқача «Рисола» номи билан ҳам юритилиб, Бухоро хонлигидаги Манғит сулолаларининг ҳокимияти тарихига бағишланган ва Амир Дониёл (1758—1785) ҳокимлигидан Амир Абдуллоҳ (1885—1910) ҳокимлиги давригача бўлган тарихни ўз ичига олади. («История мангитской династии» И. А. Нажифованинг кириш сўзи, изоҳи ва таржимаси. Душанбе, 1967 йил). Аҳмад Донишнинг энг муҳим асари «Наводир ул-вақое»дир. Бу асар жуда кўп ижтимоий-ахлоқий масалалар хусусида фикр юритилган.

«Наводир ул-вақое» китоби Аҳмад Донишнинг асосий асари ҳисобланиб, унда олим ўзининг турли масалаларга муносабатини ифодалагандир. Юқорида кўрсатилган ҳар икки асарда Аҳмад Дониш ижтимоий тараққиётга ғов бўлиб қолган феодал ижтимоий-сиёсий тузум, тартиб ва муносабатларни танқид остига олади. Ўрта аср фалсафасида кенг тарқалган таваккул назариясини танқид этиб бундай деб ёзади: «Агар киши таваккулга ишониб ҳаракат қилмаса, меҳнат қилмаса ва қийинчилиқда, камбағаллик билан ҳаёт кечириш ёки мўл-кўлликда яшаш қисматда бор экан, деб айтса, ундай киши хато қилади. Демак, у ақлли эмас»[1]. Бухоро хонлигини Оврўпо мамлакатлари, хусусан Русия билан такқослаб, Дониш ўз ватанини иқтисодий ва маданий жиҳатдан орқада қолганлигини кўрсатиб беради ва бу қолоқликдан чиқиш учун ижтимоий-сиёсий тузумда ислоҳотлар қилиш зарурлигини уқтиради.

Донишнинг фикрига кўра «давлат бир гуруҳ кишилар эҳтиёжларини қондириш учун эмас, халқ манфаатлари учун, мамлакатни обод қилиш учун хизмат қилмоғи зарур. Биз дунёни гуллаб-яшнатиш учун, денгизлар кезиб ўрганиш учун, ер ости бойликларини топиш учун, унинг ҳамма қитъалари ва аҳолисини билиш учун туғилганмиз» — деб ёзган эди Дониш. Бунинг учун ҳукмдор билимдон, маърифатли, одил ва ўз фуқаролари манфаатлари учун хизмат қилмоғи шарт. У қандай масалани ҳал қилмасин, энг аввал ўзини фуқаро ўрнида, уларни эса ўз ўрнида тасаввур қилмоғи лозим. Бу адолатни таъминлашга имкон яратади. «Мамлакатни идора қилишда, — дейди Дониш, — ҳукмдор муҳим давлат муаммоларини ўз атрофидаги маслаҳатчилар билан биргалиқца ҳал қилиши керак. Маслаҳатчилар ҳам донишманд ва адолатли кишилар бўлиши керак ва уларнинг фикри билан ҳисоблашиши шарт, чунки кўпчиликнинг ақли, бир кишининг ақлидан ортиқроқдир».

Аҳмад Дониш ўз ватанини қолоқлиқдан чиқариш йўлларини тинмай излади. «Киши ўз ватанини ҳимоя қилсагина, ўз халқи билан бирга бўлсагина, — дейди Дониш, — у ҳар доим барҳаётдир». У Шарқ мутафаккирлари таълимотини ўрганиш билан бир қаторда Ғарбда тарқалган ижтимоий-сиёсий таълимотлар билан ҳам қизиқади. Гарчи бу таълимотларни Дониш қабул қилмаган бўлса-да, унинг буларга нисбатан бўлган муносабати мутафаккирни кенг кўламдаги тадқиқотчи ва ижтимоий-сиёсий орзулари кенгроқ эканлигини кўриш имконини беради.

Аҳмад Донишнинг ижтимоий ғоялари ўз даври учун муҳим аҳамиятга эга эди. Дониш мавжуд иқтисодий-сиёсий тузумнинг тараққиётига ғов бўлиб қолганлигини кўрсатади ва бу ғояни олиб ташлаш йўлларини қидиради.

Аҳмад Дониш меросининг бир қисмигина ўрганилган бўлиб, бу соҳада рус олимлари ва Ўзбекистон, Тожикистонда олиб борилган тадқиқотларни қайд этиб ўтиш лозим. Дониш асарларининг асл нусхаси — тожик тилида, рус ва ўзбек тилларида нашр этилган. Бу қомусий билим эгасининг бой ижодий меросини, табиий-илмий қарашларини ҳар томонлама ўрганиш ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

фалс. ф.д. X. Воҳидов, М. Хайруллаев

_________________

[1] Аҳмад Дониш асаридан келтирилган барча парчалар И. М. Мўминовнинг «Ўзбекистонда ХIХ аср охирида XX аср бошларида ижтимоий-фалсафий тафаккурнинг ривожланиш тарихидан» китобидан олинди. И. М. Мўминов. Танланган асарлар. биринчи том. Тошкент, 1969.