Роль актёрга эмас, актёр ролга таъсир қила билиши керак. Актёр берилган ролга ўзининг муносабати, ички бир ҳис-туйғуси билан ёндошиб талқин қила олсагина, ўша роль таъсирчан, ишонарли ва жонли чиқиши аниқ.
Ушбу сўзларни Ўзбекистон халқ артисти, моҳир режиссёр, зукко педагог Қудрат Хўжаев ижодига нисбат бериб қўллаш мумкин. Қудрат Хўжаев ҳар қандай ролга ўз таъсирини ўтказа биладиган истеъдодли санъаткорлардан эди.
Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасида туғилган Қудрат Хўжаев ўз ижодий фаолиятини 1929 йилда Самарқанд ишчи ёшлар театрида актёрликдан бошлаган. 1936 йилда Ўзбек миллий академик драма театрида (аввалги Ҳамза номидаги театр), 1942 – 52 йиллар оралиғида Самарқанд ва Наманган вилоят театрларида актёр, бадиий раҳбар, 1952 йилдан эса Ўзбек миллий академик драма театрида актёр, шу билан бирга 1961 – 1981 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги санъат ва маданият)да педагог сифатида иш олиб борган.
Кўплаб санъат усталари каби Қудрат Хўжаевнинг ҳам ҳаёти, айниқса, болалиги у қадар осон кечмади. Болалигида онасидан етим қолиб, ўгай она қўлида қолгани, уйдан чиқиб кетгани, Боку шаҳрига бориб қолиб, у ерда дўстлар орттиргани ва театр санъатига меҳр қўйгани каби ҳодисалар сўзларимиз далили. Буларнинг бари санъаткор ҳаётида бир умрга муҳрланиб қолган. Айнан ўша кезлари Бокуда танишган дўстлари бғилан театр томошасига бориб, Ҳусайн Жовиднинг “Шайх Санъон” драмасидан қаттиқ таъсирланиб, спектакль сўнгида ҳўнг-ҳўнг йиғлаб кўзлари шишиб кетгани ва ўша кундан бошлаб актёр бўлиш орзуси билан яшай бошлагани унинг ёдидан сира ўчмади.
Қудрат Хўжаевнинг саҳнада ижро этган илк роли Фитратнинг “Арслон” асаридаги Имом роли бўлиб, у бу ролни билим юртида ўқиб юрган пайтида, яъни драма тўгарагига қатнашиб юрган чоғида ўйнаган. Ўшанда драма тўгарагига атоқли санъаткор Лутфулла Назруллаев мутасаддилик қиларди. Раззоқ Ҳамроев бой ролини, Болта Маҳмудов Арслон ролини, Қудрат Хўжаев Имом ролини ўйнаган эдилар.
1929 йилнинг сентябри. Самарқандда ишчи театри ўз ишини бошлайди. Труппада Амин Турдиев, Карим Зокиров, Марям Ёқубова, Мавлуда Аъзамова, Назира Аҳмедова, Соат Толипов, Гулчеҳра Раҳимова сингари истеъдодли ёшлар бор эди. 1930 йилдан бу труппага Зайнаб Садриева, Тамат Зиёхонова, Ҳакима Хўжаева, Қудрат Хўжаевлар ҳам келиб қўшилишди. Қудрат Хўжаевнинг санъат оламига кириб келиши шу тариқа кечди. Бу йўлда унга саҳна усталари Маннон Уйғур, Фатҳулла Умаров, Сайфи Олимов, Аброр Ҳидоятов, Лутфулла Назруллаевлар маънавий устоз бўлдилар.
1932 йил Қудрат Хўжаев Москвада ўқиш тараддудига тушиб қолади. Москва театр санъати Институтга етиб борганда имтиҳонлар тугаб бўлган, шу сабабли имтиҳон топширишнинг иложи йўқ эди. Аммо у тақдирга тан бермай, тўғри институт ректори ҳузурига кириб боради ва ўпкаси тўлиб турган эканми, бирдан йиғлаб юборади. Ҳужжатларни кўздан кечирган институт раҳбари уни ўқишда олиб қолади. У ерда у Б.М.Сушкеевич, Станицин, Орлов сингари актёрлар қўлида таҳсил олади. 1936 йилда у Ўзбек миллий академик драма театри бағрига келади. Шу йилнинг охирида Е.Бобожонов билан Исҳоқ Илолов Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” трагедиясини саҳналаштирадилар. Бу асардаги салбий қаҳрамон Вурм образи Қудрат Хўжаевга топширилади. Бу ҳақда актёрнинг ўзи шундай хотирлайди: “Мен уста санъаткор Саъдихон Табибуллаевга дублёр бўлиб, Луиза билан Фердинанднинг соф муҳаббатини топташда замон зўравонларига пичоқ қайраб берувчи Вурм образини яратдим. Уни исмидан келиб чиқиб (немисча “вурм”- чувалчанг деган маънони билдиради), сал букрироқ, сочи қизғишроқ, гапиришидан мулойим, ўзини хунук, суллоҳ қилиб гавдалантирдим. Саҳнага “гажак” бўлиб буралиб чиқардим. Залдан “Ҳа сувилон!”, “Суллоҳ!” деган хитоблар эшитилиб қоларди.”
Шундан сўнг Қудрат Хўжаевга бирин-кетин роллар топширила бошланди. Жумладан, Соли Исмоилзоданинг “Темур” драмасида Анварпошшо, Т.Хўжаев режиссёрлигида саҳнага қўйилган “Навоий” асарида Мажидиддин, “Холисхон” асарида Норбойвачча сингари салбий қаҳрамонларнинг образларини саҳнага олиб чиқади. Гарчи ушбу асарлардаги унга теккан ролларнинг бари салбий қаҳрамонлар бўлса-да, аммо ҳар бирининг ташқи ва ички олами, феъл-атвори турлича эди. Қудрат Хўжаев буларнинг ҳар бири устида тинимсиз ишлади, образ моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилди.
Кейинчалик Шиллернинг “Қароқчилар” асарида Франц, Шекспирнинг “Отелло” трагедиясида Кассио, А.Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” асарида Қори, Р.Тагорнинг “Ганг дарёсининг қизи” асарида Жоген, М.Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” асарида Саккокий, Б.Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” асарида Илҳом ва бошқа кўплаб ранг-баранг ролларни бирин-кетин маромига етказиб ижро этди.
Қудрат Хўжаев ҳаётда жуда маданиятли, интеллектуал салоҳиятга эга теран таффаккур соҳиби, тартиб ва интизомни хуш кўрадиган, ўта талабчан санъаткор эди.
Унинг “Гўзаллик шайдосиман” деб номланган китобида Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” асари билан боғлиқ шундай хотиралар бор: “Менга Қори роли топширилар экан, ҳам қувондим, ҳам бироз ташвишландим. Қувончим шундан иборат эдики, севимли драматург Абдулла Қаҳҳор асарида биринчи ўйнашим эди. “Тобутдан товуш” спектаклидан олдин қўйилган “Шоҳи сўзана” билан “Оғриқ тишлар”да менга роль тегмади. Мазкур комедиялардаги бой ҳаётий кузатувлар ва фактлар, заргарона ишланган, жонли ва образли тил, бир-биридан ўткир, пишиқ характерларга маҳлиё бўлиб, ижрочиларга ҳавас ва рашк билан боққан эдим. Шундай бўлгач, Қори роли теккач, қувонаман-да! Ташвишга боис эса шу эдики, бу роль Наби Раҳимовга ҳам берилган бўлиб, истар-истамай у билан ижодий мусобақа қилишим, тортишиб кўришим зарур эди. Актёрлар орасида менга қўшилиб ташвишланаётганлар ҳам, қани нима каромат кўрсатаркин, дейдиган ҳангоматалаблар ҳам йўқ эмас эди. Хуллас, мен ўзимни имтиҳонга тайёрланаётган талабадай ҳис қилардим… Премьерадан бағоят хурсанд бўлган Абдулла Қаҳҳор ўз чорбоғида зиёфат қилиб берди. Ўшанда драматург театр санъатига, актёрлар санъатига жуда кўп илиқ сўзлар айтганди. Гап орасида менинг елкамга қоқиб шундай деган эди: “Қори образини бунчалик маҳорат билан ижро этасиз, деб сира хаёлимга келтирмаган эдим. Саломат бўлинг, Қудратжон, бопладингиз”.
Атоқли адиб Иззат Султоннинг “Имон” асаридаги Санжаров роли ҳам салбий қаҳрамонлардан бири бўлиб, актёр унинг маънавий қиёфасини, руҳий оламини ёрқин бўёқларда очиб беришга муваффақ бўлади. Унинг актёрлик бобидаги маҳорати билан бирга режиссёрлик бобида қилган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Жумладан, Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида Хуршиднинг “Фарҳод ва Ширин”, А.Островскийнинг “Момақалдироқ”, Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима” сингари асарларини саҳнага қўйди. Бундан ташқари ўзбек кино санъати ривожига ҳам ўз улушини қўшган бўлиб, “Ҳамза”да Назирий, “Икки дил достони”да Нақшобий, “Бой ила хизматчи”да Ҳаким сингари ролларини келтириш мумкин.
Шу ўринда “Ёр-ёр”, “Абу Али ибн Сино” бадиий фильмларини ҳам эслаш жоиз. Драматург Баҳром Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” асаридаги Илҳом роли эса санъаткорнинг илк ижобий қаҳрамони бўлган экан. Бу ҳақда актёр шундай хотирлайди:
“… Илҳом ижодимдаги биринчи ижобий қаҳрамон эди. Шу сабабдан ҳам бу роль устида ишлашим оғир кечди, керакли хатти-ҳаракат, қиёфа, оҳанг ҳадеганда топилавермади, кўп ўйлаш, изланишга тўғри келди…” Ушбу сўзларни ўқиб, Устоз санъаткорларнинг роль устида чинакамига тер тўкиб ишлашлари, саҳнани муқаддас санаганликлари, қолаверса, ўз касбига садоқат билан ёндошиб, саҳнага ва мухлисларга ҳеч қачон хиёнат қилмаганликлари фидойилик намуналари эди дейиш мумкин.
Матлуба Маҳкамова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон