Абдумажид Мадраимов. Алишер Навоий ва китобат аҳли

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бой меросида тасвирий санъат, хусусан китобатга оид фикр-мулоҳазалар мавжуд бўлиб, уларни махсус ўрганиш шоирнинг ўз даври тасвирий санъати, китобат фани тараққиётида тутган ўрнини аниқлашга ёрдам беради.

Алишер Навоий тасвирий санъат, китобатга оид махсус рисола яратмаган бўлса-да, унинг шеърий девонлари – “Бадойиъ  ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя”, “Хазойин ул-маоний” мажмуаси, олти достони – “Хамса” ва “Лисон ут-тайр”, махсус тазкираси “Мажолис ун-нафоис”, алоҳида рисоласи “Маҳбуб ул-қулуб”, биографик асари “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Муншаот” ва бошқа асарларида бу соҳага оид қимматли маълумотларни учратишимиз мумкин.

Шоир ўзи тузган “Бадойиъ ул-бидоя” девони дебочасида муаллифнинг ижодий таомили баён этилган бўлиб, у ўз девонини олий меъморий бинога қиёс этади: “Ва мақсад ул дебочадинким, бу раъно рухсориға битилди, ул эрдиким, чун салотин қай бириким биное қўйубдурурлар маъниъ ва айвоне чекибтурурлар рафиъ, ул бино равоқида ва ул айвон тоқида ўз исмларини таҳрир ва ўз алқобларин танқир қилибдурурларким, то ул айвон тоқи бўлғай, ул исм анда боқий бўлғай:

Ким қилса иморатеки, мақдур ўлғай,
Чун исми китобасида мастур ўлғай.
Не чоққача ул бино маъмур ўлғай,
Ул исм улус тилиға мазкур ўлғай.

Чун бу қуббайи сипеҳртимсол қасредурур муалло, ул ҳазратнинг (Султон Ҳусайн Мирзо – Абд.М.) табъи латифининг меъмори бино қилғон ва бу равзайи фирдавс мисол боғедурур жаҳоноро, ул жанобнинг хаёли шарифининг боғбони тарҳ солғон ва бу қаср (девон – Абд.М.) асосининг тоқида ул рўзафзун жаноб ёзилса, не ғариб ва бу боғ кирёсининг равоқида ул ҳумоюн алқоб битилса, не ажиб:

Ғараз ул эрдиким, бу қасри олий,
Ки ҳаргиз бўлмағай, ё раб, заволи.
Биноедурки, шаҳ бунёд қилмиш,
Замона қасридек обод қилмиш.
Ани шаҳ иҳтимоми қилди маъмур,
Мени меъмор фараз эт, балки муздур.
Агар муздур, агар меъмори моҳир,
Ишича минг чу музди бўлди зоҳир.
Тугангач шоҳ қасри зарнигори,
Аларға қаср аро не дахл бори?
Халил ар Каъбани обод қилди,
Яқин бормики, не устод қилди?!
Ҳамул садким, Скандар қилди маъмур,
Ким айтурким, анга ким эрди муздур?
Иморат саъйида ким бўлса зарпош,
Бино онинг оти бирла бўлур фош.
Биноға гарчи ҳар ким бўлса боний,
Атарлар боний исми бирла они.
Ва лекин халқ аро бу бўлди дастур,
Ки бўлғай онда боний исми мастур.
Шаҳ отин, чунки бу маънини билдим,
Бу қаср айвони узра сабт қилдим.
Ки то бўлғай бу қасри чархкирдор,
Бу исм айвонида бўлғай намудор”[1].

Бу жойда шоир ўз девонини олий қасрга қиёслаб, уни яратилишидаги Темурий, Хуросон давлати подшоҳи Султон Ҳусайн Мирзонинг (ҳукмронлиги 1469–1506 йй.) хизматини алоҳида кўрсатиб ўтмоқда. Чунки, шоирнинг ёшлик ва ўрта ёшлигида турли характердаги, яъни “баъзи фикрий, баъзи бадиҳа ва баъзи соғ эрканда бўлса, баъзи усрукликда, ва баъзи ҳушмандликда бўлса, баъзи девоналиқда воқиъ бўлуб эрди; ораларида, шоядки, фоҳиш тафовут бўлғай деб жам қилмоғида далерлик қилинмас эрди, аммо халойиқ аросида минг-икки минг байт ортуқроқ-ўксукракким ўзлари жам қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлуб эрди. Буларнинг тартибиға ҳукм бўлғондин сўнгра, …” шоир шу пайтгача яратилган шеърларини тартибга келтирганини эслатади[2].

Ушбу девон ва унинг ноёб қўлёзмасини тавсифга олган йирик инглиз манбашуноси Чарьлз Риё, дебочадаги шаҳзода Султон Муҳаммадга оид ижобий фикрларга асосланиб, китоб унга бағишланган бўлса керак деган тахминни олға сурган эди. Лекин дебочада девон тартиби ташаббускори Султон Ҳусайн Мирзо экани аниқ кўрсатилмоқда.

Алишер Навоий, девон тузувчиси, муаллифи ўзини қуйидагича атайди: “Бу паришон ажзонинг варақнигори ва бу ошуфта авроқнинг қиссагузори, меҳнат паймонасининг журъакаши ва маломат хумхонасининг сабукаши, шайдолиқ маҳалласининг расвоси ва расволиқ кўчасининг шайдоси, вафо бўстонининг достонсаройи, маломат булбули”[3]. Яъни бир маънони билдириш учун шоир саккизта синоним сўз ва сўз бирикмаси ишлатади. Булар баъзиси бир-бирига қарама-қарши маънода, лекин ҳаммаси йиғилиб, муаллифнинг ўзи тўғрисидаги тасаввурини, ўша замон анъанасига биноан, ўта камтарлик билан ифодалайди.

Худди шунингдек, дебочада оддий китобат атама ва тушунчаларини ҳам фасоҳатли сўзлар ёрдамида ифодаланганини кўрамиз.

Дебочада бадиий ижод намуналаридан: фасоҳат девони (раъно рухсори), ғазалсаройлар, табъ махзани, сониъ (жавоҳири), дебоча, ҳамд (ул сониъ жавоҳири), наът (туҳфаси), дуруд (ҳадияси), қисса, қиссагузор, маншур, ғазал (ғазалиёт), мусҳаф, нома, афсона, ҳадис, маснавий, қасида (қасоид), мухаммас, мусаддас, рубоиёт, шуур сурати, суруд, муқаттаот, мустазод, фард, муфрад, номий муаммо, луғз, таржиъ, туюқлар эслатилади. Булар шунчаки эслатилмасдан, ҳар бирига муносиб сифатлар ҳам қўшилгани диққатни ўзига тортади. Масалан: Фасоҳат девони – чиройли сўз услубига эга шеърий тўплам, шеър радифларга кўра алифбо тартибидаги тўплам; руҳафзо мухаммас – жонлантирувчи мухаммас, афсонапардоз – афсонани безовчи, назм ҳарири – шеър нозиклиги, равоносо мусаддас – жон каби мусаддас, дилпазир мустазод – кўнгилга ёқимли мустазод ва шу каби бошқа сўз, ибора, ўхшатиш, таърифлардан фойдаланган.

Ушбу дебочада китобатга оид тил, лисон (олмоси), баён (гавҳари), мақол (дурри), хаёл (гулшани), вазн, маншур, ажзо (паришон), варақнигор, авроқ (ошуфта), қиссагузор, журъачаш (меҳнат паймонаси), сабукаш (маломат хумхонаси), расво (шайдолиқ маҳалласи), шайдо (расволиқ кўчаси), арз қилмоқ, лавҳ, алиф (кўкрагимда кесган янги алифлар), (кўнглагим) хат-хат (қон), қалам, мураккаб – сиёҳ, хома, нўг, сафҳа, шуур сурати, хат, мистар, роқим, сўз (бир оташин лаъл, бир оташин гул, дебочаси), вазн (гулдастаси), калом (фиҳристи), лафз, алфоз, назм (либоси, силки), қойил (қойиле), иборат, байт (абёт), алқоб, исм, нукта, китобат, ҳарф (ҳуруф), мужаллад, ҳар навъ шеър, китоба, сабт қилмоқ, сўз риштаси ва бошқа атамалар ҳам ўрин олган.

Қуйида дебочада ишлатилган бир қатор сўз ва ибораларни намуна сифатида келтирамиз: 1. Фасоҳат – сўзнинг очиқ, равшан, равон, ёқимли, қоидага мувофиқ, чиройли услубда бўлиши. 2. Девон – маълум тартибда жойлаштирилган орузий шеърлар тўплами. 3. Девон ясамоқ – девон тузмоқ. 4. Ғазалсаройлар – ғазал айтувчи, сўзловчи. 5. Табъ махзани – табъ хазинаси, кўнгил. 6. Оташин лаъл – кўчма маънода кучли шеърий сўз. 7. Назм – тузум, тартиб; териш, тизиш; Вазн ва қофияга солинган сўз, тизма шеър. 8. Назм силки – шеърий тизим, қатор. 9. Сўз дебочаси – сўзбоши. Умуман, ушбу дебочада Алишер Навоий уч юздан ортиқ китобатга оид сўз, атама, ибора ва ўхшатишлардан фойдаланган. Бу эса бир томондан шоирнинг сўз бойлиги беҳад эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан унинг юксак бадиий маҳорат эгаси эканлигига далил бўла олади. Биргина ушбу дебоча эмас, “Хамса” достонлари, “Хазойин ул-маоний”даги ҳар бир алифбо ҳарфига чиройли ном қўйилишини ҳам эслатиш мумкин.

Хулоса шуки, Алишер Навоий китобат аҳли билан жуда яқин муносабатда бўлган, кейинча шахсий кутубхонасида замонанинг энг машҳур наққош-рассоми устод Камолиддин Беҳзод ва шогирдлари, Қиблат ул-куттоб Султон Али Машҳадий ва унинг издошлари ижод қилган бўлиб, буюк шоирдан бизга битта “занжирбанд шер” расми етиб келган. Афсуски, унинг кўплаб дастхатлари топилмаган ёки ҳали аниқланмаган. У ўз даври китобат аҳлининг ҳомийси бўлишдан ташқари бу соҳа билимдони ҳам эди. Алишер Навоийнинг асарларидаги китобат ва санъатга оид маълумотларни жиддий тадқиқ қилиш олимларимиз олдидаги муҳим вазифалардан бири деб ўйлайман.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон

__________________

[1] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Биринчи том. Бадойиъ ул-бидоя. Тошкент: “Фан”, 1987, 23–24-бетлар.
[2] Ўша асар, 24-бет.
[3] Ўша асар, 12-бет.

Абдумажид Мадраимов – тарих фанлари доктори, профессор. 1946 йилда туғилган. “Шарқ миниатюра мактаблари”, “Камолиддин Беҳзод” рисоласи, “Шарқ миниатюралари”, “Темурий ва Бобурийлар даври маданияти, китобат ва рангтасвир санъати тарихига чизгилар” китоблари, “Манбашунослик” дарслиги муаллифи. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний”, Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарларини таржима қилган.