Кетма-кетликда ҳисобласак, у Қуёшдан олти сайёра нарида “сузиб юради”. Катталиги бўйича Юпитердан кейинги ўринда туради. У ерда яшашнинг, биологик тирикликнинг мутлақо имкони йўқ: у қатори Юпитер, Уран ва Нептун газли гигантлар саналади. Сатурн қадимги Рим худоси шарафига номланган, рамзи эса ўроқ – меҳнат асбоби.
Манбаларда келтирилишича, Сатурн атмосферасининг асосий тузилиши водород (96 фоиз), гелий (3 фоиз), метан (0,4 фоиз), дейтерид водород ҳамда аммиак (0,01 фоиздан), этан(0,0007 фоиз)дан иборат. Ички қисмида тоғ жинслари ҳамда музликдан тузилган унчалик катта бўлмаган ядроси, юпқа металл қавати билан ўралган водород ва газсимон моддалар мавжуд экан. Сайёрада шамол шунақанги қаттиқ эсарканки, ақл бовар қилмайди: соатига 1800 километр! Бундай тезликдаги шамол максимал даражада одамни ҳам исталган жойига итқитиб юбориши турган гап.
Астрономик асбоблар билан кузатганда, Сатурн ҳалқали тизимга эга экани, яъни “белида белбоғи бор”лиги шундоққина кўриниб, сезилиб туради, ҳалқалар асосан муз парчалари, қисман тоғ жинслари ва оловли жисмлардан ташкил топганки, гўё улар ўз бағрида жуда катта бойликни сақлаётган ҳудудни қўриқлаётган соқчиларни ёдга солади.
Сайёра атрофида бизга маълум бўлган 61та йўлдош айланиб юради. Титан – улар ичида энг йиригидир, у Қуёш системасидаги иккинчи рақамли йўлдошдир. Бу борада биринчи ўринни Юпитернинг “қариндоши” – Ганимедга беришган.
Биз сайр этаётган сайёра Қуёшдан оз эмас, кўп эмас, 1 433 531000 километр олисдадир. У Қуёш атрофини ўн минг етти юз эллик тўққиз кунда бир маротаба айланиб чиқади. Шуни уч юзу олтмиш тўртга бўлсак, бизнинг вақт ҳисобида салкам ўттиз йил айланиши маълум бўлади. Демак, олтмиш ёшга тўлган ерлик одам Сатурнда эндигина икки ёшга тўлган гўдак ҳисобланар экан.
Сатурннинг экваториал радиуси тахминан 60 300 километрга тенг, қутбидан қутбигача бўлган радиус эса 54 000 километр масофани ортда қолдиради. Унинг вазни ҳам ўз жуссасига яраша, соддароқ қилиб тушунтирганда, бизнинг Ердан тўқсон беш маротаба оғирроқ, лекин у ўз ўқи атрофида 10 соату 34 дақиқа ва 13 сонияда айланиб улгуради. Шу ўринда, унинг бизнинг “энгилгина” Ердан икки маротаба тезроқ ҳаракатланаётганига қойил қолмай илож йўқ.
Инсон ақлу закосини қаранг, ҳали у томонларга қадамимиз етмасидан (эҳтимол, келажакда бунинг имкони топилар) сайёраларнинг бор-будини ўрганишга, тадқиқ этишга бўлган иштиёқ, қизиқиш таҳсинга лойиқ. Қандай қилиб 1609-1610 йилларда машҳур олим Галилео Галилей Сатурнни телескоп орқали кўриб ўрганганини, ҳолатини чизганини тушуниш мушкул. Бугунги замонавий ускуналар ёрдамида ҳисобланган Сатурнга хос белгилар ҳам Галилейни деярли инкор этмаслиги жуда ҳайратланарлидир. Қандай қилиб бундай оламшумул янгиликни амалга ошириш мумкин?! Бунга биргина интуитсиянинг ўзи камлик қилади, ахир. Биз нималарнинг эвазига бутун Ер шари бир чеккада қолиб, коинотни, галлактикани идрок этиш даражасига кўтариляпмиз?
Ана шу саволларга жавоб излаб, саёҳатимизни давом эттирамиз. (Жавобни эса биргина уриниш, жўнгина “сайр” орқали топиш муболағадан бошқа нарса эмас).
Тўғри, Галилей Сатурннинг ҳалқаларини хира кўргани учун ҳам бошида “сайёра шерик”лари тарзида ифодалаган.
Орадан анча йил ўтиб, 1659 йили Гюйгенс нисбатан аниқроқ ва кучлироқ телескопидан фойдаланиб, Сатурнни тўлароқ, аниқроқ кашф этди. У Галилейнинг жузъий камчиликларини ҳам тўғрилаб қўйди. Сатурннинг ҳалқалар билан ўралганини ва унинг энг катта йўлдоши Титанни фанга маълум қилди. Ундан кейин бу мавзуга 1675 йилдан бошлаб Кассини қизиқа бошлади ва Сатурнни иккита, бир-биридан ажралиб турувчи ҳалқалар ўраб туришини аниқлади. Гюйгенс очолмаган сайёра йўлдошларини топиб ўрганди.
Айтиш мумкинки, ХХ асрга қадар Сатурн турли астрономлар, олимлар нигоҳида қайта-қайта ўрганилиб, янги-янги билимлар билан бойиб келди. Борлиқни тобора аниқроқ, яқинроқ англашга уринаётган илм аҳли имкониятлари йилдан-йилга такомиллашиб, кенгайиб борди. 1979 йили инсоният тарихида биринчи марта “Пионер-11” фазовий аппарати сайёрага яқин бориб, Ерга ахборот узатишга киришди. Кейинчалик эса “Вояжер-1” (1980 йил) ҳамда “Вояжер-2″(1981 йил) космик аппаратлари тадқиқот воситасига айлантирилди. Бу мосламаларнинг энг катта хизмати шунда бўлдики, улар Сатурннинг магнит майдони ва унга тегишли маълумотларни, атмосфераси тавсифини билишда, ҳалқаларини яқинроқ тадқиқ этишда, уларнинг таркибини, тузилишини ўрганишда асқотди.
1990 йилга келиб эса дунёни қалқитган, лол қолдирган ўша машҳур телескоп – “Хаббл” тадқиқот марказига тортилди. У ундан олдинги аппаратлар аниқлай олмаган янгиликлар билан танишишда катта аҳамиятга эга бўлди. 1997 йили Сатурнга учирилиши керак бўлган Кассини-Гюйгенс фазовий аппарати яратилди, бироқ у маълум сабабларга кўра, 2004 йили 1 июлда кўкка парвоз қилди. Бу ҳаракатдан кўзланган мақсад: ҳалқалар ҳамда йўлдошлар структураси, динамикасини теранроқ англаш, атмосфераси ва магнитосфераси ҳақидаги умумий билимларни бойитишдир. Хабарингиз бўлса керак, «Гюйгенс» зонди (Қурилма-соябон)ни мутахассислар Титанга парашют ёрдамида туширишга муваффақ бўлгани оммавий ахборот воситаларида маълум қилинганди.
Ҳозиргача аниқланган йўлдошларнинг каттагина қисми, 21таси 2004-2006 йиллар ичида Гавай университети олими Девид Жуитта бошчилигидаги гуруҳ томонидан топилди.
Ҳозирги билимларга таянсак, Сатурннинг иккита эмас, нақ тўртта (асосий уч ҳалқа ва тўртинчиси бироз юпқароқ) газсимон гигант ҳалқаси бор. Яна уларнинг атрофида параллел равишда миллиардлаб майда ҳалқачалар айланади. Ҳалқалар сайёранинг ўз ўқига кўра ростлаган “тана”сига нисбатан 28 градус бурчак остида оққан кўйи ҳаракатланиб туради. Улар турли рангларда, турлича қиёфадаки, Котиби қудратнинг бемисл яратувчанлик қобилиятига яна бир карра лол қоламиз. Бу ранглар сайёрага ҳам сочилиб кетганидан, аллақандай рангли сайёра томоша қилаётгандек сезасиз ўзингизни. Ҳалқаларнинг умумий диаметри тахминан 250 000 километр, бироқ улар жуда юпқа, битта қаторга тизсак, ҳар бирининг радиуси 50 километрдан ортмайди. Сатурн атрофида гирдикапалак бўлаётган ҳалқаларни бадиий тасвирласак, уларни коинот куйи ва тароватини таратаётган грампластинкага ўхшатиш мумкин.
Ўтган йили октябр ойида “Кассини” фазовий аппарати Ерга сайёранинг шимолий яримшари туширилган суратни ҳавола қилди. Аллақандай рангли тасвирлар, камалак рангида товланувчи кўринишни олимлар ҳалигача тушунмайроқ туришибди. Сатурн булутлари олтибурчакли – антиқа, эртаклар оламини ёдга туширади. Бундайин ҳолатни, нужум илми мутахассисларининг таъкидлашича, Қуёш системасидаги бошқа бирорта сайёрада кузатиб бўлмас экан. Ахир биз кўрган, осмонимиз узра сузиб юргич оддий булутларда ҳам бурчак йўқ-да.
Британия астрономлари Сатурн яримшари атмосферасида ғайритабиий шуъла таралишини аниқлаганки, бу ҳақдаги маълумотлар билан ҳттп://www. атласаэроспаcе.нет манбаси ёрдамида яқинроқ танишишингиз мумкин бўлади.
2008 йили 12 ноябр куни Кассини номидаги фазовий кема Сатурннинг шимолий қутбига хос бўлган инфрақизил диапазоннинг тасвирини туширишга муваффақ бўлди. Бу тасвирлар ҳам бошқа сайёраларда учрамайдиган нурлар, ёғдулар тўғрисидаги маълумотлар билан ақлни шошириб қўяди. Суратларнинг жуда катта қисми кўк рангда, юқори қисми қизил рангда кўзга ташланади. Яримшар ёғдуси бутун қутбни қамраб олган. Сайёранинг ўз ҳусни ҳалқаларидаги ранг-баранглик билан уйғунлашиб, гўзал самовий ҳодисани вужудга келтиргани ажабланарлидир.
Ҳадсиз коинот бўйлаб сочилиб ётган миллиардлаб юлдузлар орасида яққол ажралиб турувчи Сатурн машҳурлиги жиҳатдан бугунги кунда Марсдан кейинги ўринда туради. Уни ўрганишга, тадқиқ этишга бўлган кучли рағбат ҳали- ҳамон сўнмаган. Унинг сирли ҳалқаси ва шу “белбоғ” ортига яширинган каттагина илм сандиғини очишга уринаётган инсоният заковати, тафаккури тобора манзил сари яқинлашаётган карвонни эслатса-да, воқеалар ривожини ҳамма қатори диққат билан кузатишдан бўлак чорамиз йўқ.
Сизлар билан вақти-соати келиб, балки Сатурннинг яна бошқа жиҳатлари, айрича қирралари ҳақида гаплашармиз. Ахир, биз сайр қилишимиз, ўрганишимиз талаб этилган ўзига хос Сатурн фалсафасига етиб бориш нақадар фараҳбахш.
Зоҳиджон Холов,
«Маърифат» газетасидан олинди.