Россиялик адиблар орасида тўртинчи бўлиб халқаро Нобел мукофотини олиш насиб этган ёзувчи Александр Исаевич Солженицин эди. Эллик икки ёшли адибга 1970 йили бу нуфузли мукофотни беришганида унинг исм-шарифи тўғрисида “Россия-Америка фуқароси”, деб ёзилганди. Нобел маърузасида ёзувчи шундай сўзларни айтишдан ҳайиқмади:
“Бу минбарга, ҳамма ёзувчилар чиқиши насиб қилавермайдиган, насиб қилганда ҳам фақат бир марта имкон бериладиган минбарга мен уч-тўртта тиркаб қўйилган зинапоядан чиқиб келганим йўқ. Юзлаб, балки минглаб, чала-ярим, ўткир қиррали, муз босган зинапояларни босиб, зулмат қаъридан ўлмай чиқиб келдим. Бошқалар — эҳтимол, мендан ортиқ иқтидорли ва кучлироқ бўлганлар ҳалок бўлишди. Улардан айримларинигина минглаб оролларга сочилиб кетган ГУЛАГ архипелагида учратдим. Таъқибларнинг тегирмон тошлари ва ишончсизлик оқибатида ҳамма билан ҳам очилиб гаплашолмадим, айримлар ҳақида фақат эшитганман, бошқа бирларини тасаввур қилганман, холос. Адабий ном қозониб, ўша жарликларга қулаганларнинг ҳеч бўлмаса номи қолади, аммо танилмаган, номи очиқ-ошкора айтилмаганлар қанча?! Улардан деярли ҳеч ким тирик қайтмади. Бутун бошли миллий адабиёт у ёқларга нафақат тобутсиз, ҳатто ички кийимсиз, яп-яланғоч ҳолда, оёқ бармоғига боғланган ёрлиқ билан кўмиб ташланди. Бироқ рус адабиёти бир сония ҳам тўхтаб қолмади, четдан қараганда эса у ўлик туюларди. Ўрмон гуркираб ўсиши мумкин бўлган жойда ҳамма дарахтлар қирқилди-ю, бир-иккитаси тасодифан четда қолиб кетди”.
Ўша қалтис паллада — шўролар тузуми афсонавий юҳодек ўкириб турган бир пайтда унга тош отиш осон эмасди. Солженицин эса бутун оламни ямламай ютаман, деб турган шу тузум оловини ўчириш учун ўз сўзини айтди. Унинг беқиёс жасорати ҳам шунда!
Александр Солженицин 1918 йил 11 декабрда сўлим Кисловодск шаҳрида дунёга келди. Отаси вафот этганда Александр ҳали туғилмаганди. Оила бошлиғидан жудо бўлгач, Солженициннинг онаси рўзғор тебратиш учун машинисткалик қилди. Улар Шимолий Кавказдан кўчиб кетишганда Александр олти ёшга тўлганди. Етимликнинг оғир кунлари унинг ҳаётига бўрондек ёпирилиб келди. Ростов-Донга кўчишгач, адабиётни жон-дилидан севган Александр Ростов университетига физика-математика йўналиши бўйича ўқишга кириб, онасига ёрдам бериш учун мактабда математикадан дарс бера бошлади. Бироқ иккинчи жаҳон уруши тугай деб қолганда Солженицинни ҳибсга олишди ва узоқ вақт қамоқда сақлаб, кейин Сибирга сургун қилишди. Ҳибсхонадан ҳибсхонага кўчавериб тинка-мадори қуриган ёзувчи Сталин ўлгачгина озодликка чиқди. Сургунда унга Қозоғистон паноҳ бўлган бўлса, қамоқдан чиққач Ўзбекистон жонига оро кирди. Тошкентдаги шифохонада қамоқнинг зил-замбил юки эзғилаган адибни соғайтириб юборишди.
Солженицин шўролар давлатини тарк этгунча Ўзбекистонга уч марта келган. Ҳар гал ўзбекларнинг иссиқ нонию, ширин сўзидан ортга кўнгли тоғдек кўтарилиб қайтган.
“Гулаг архипелаги” асари Францияда босилиб чиққач, шўролар Солженицинни Германияга ҳайдаб юборишди. Лекин адиб хорижга қувилгандан кейин ҳам сиёсий тузум ҳимоячилари уни тинч қўймади. И.Соловьевнинг “Правда” газетасининг 1974 йил 14 январ сонида босилган “Cотқинлик йўли” мақоласида шундай сатрлар бор: “Кейинги кунларда буржуа матбуоти А.Солженициннинг “Гулаг ороллари” деб аталмиш навбатдаги туҳмат асари ғарбда эълон қилиниши муносабати билан советларга қарши шовқин-суронни авж олдириб юборди. Кўп йиллардан бери совет халқига душман бўлган хориж нашриётлари ва барча матбуот органлари, шу жумладан, оқ муҳожирларнинг матбуот органлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган муртаднинг номи яна разил антикоммунистик пропаганда оқими юзида қалқиб кўриниб қолди”. Юқоридаги мақола муаллифи асар номини нотўғри ёзгани етмагандек дунё тан олган, Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчини “муртад” деб атаган. И.Соловьев худди ашаддий жиноятчини қўлга туширган қозидек адибни бўҳтон ва ҳақоратга кўмиб ташлаган.
Солженициннинг бунчалик камситилишига сабаб унинг асарларида замон иллатлари ҳеч иккиланмай нишонга олинганди. Солженициннинг устунлиги ҳам унинг маҳоратида эмас, дадиллигида, ўзи яшаб турган жамият иллатларини вақтида кўрсата олганлигида дейиш мумкин.
Адибнинг 1960 йили ёзилган “Ўнг панжа” ҳикоясида (таниқли олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров ўзбекчага ўгирган) Тошкент ҳам тилга олинган. Асарда шундай сатрлар бор: “Бу қиш Тошкентга ўлар ҳолатда етдим. Несини яширай, бу ерга ўлгани келдим. Мени эса яшагали қайтардилар. Бу бир ой, яна бир ой, ундан кейин яна бир ой. Деразадан нарида Тошкентнинг шаддод баҳори ўтди, ёзга қадам қўйди, мен оёқларим қалтираб ташқарига айлангани чиқа бошлаганимда ҳаммаёқни кўк аланга қоплаган, кунлар исиб қолганди. Ўзимга-ўзим тузаляпман деб айтишга ҳам қўрқиб, энг сарбаланд орзуларимда, ҳатто менга қўшиб берилган ҳаёт муҳлатларини йиллар билан эмас, ойлар билан ўлчаб, медицина институти бинолари оралаб ўсган боғлар ўртасидан ўтган асфальт ва тош йўлаклардан асталаб қадам ташлардим. Мен тез-тез ўтирмасам бўлмасди, баъзан рентгендан кўнглим айниб, бошимни қуйи эгиб чўзилиб ётавердим”.
Ўзбеклар диёри ҳамиша ҳурфикрли кишиларга мададкор бўлган, не-не улуғларни бало-қазолардан омон сақлаб қолган. Уруш йиллари юзлаб маданият арбоблари, ижодкорлар Тошкентда паноҳ топган.
“Ўнг панжа” ҳикоясида воқеалар бош қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинади. Асарни бу тарзда ёзишнинг “хавфли” томонлари ҳам бор. Адиб тафсилотларни ёзар экан, баёнчилик томон тойиб кетиши ҳеч гап эмас. Бир қарашда Солженицин ҳикоясида ҳам воқеалар тасвиридан кўра баёнчилик устундек. Аммо воқеалар таъсирчан талқин қилингани, асар сўнгигача конфликтда таранглик сақлаб қолингани, энг муҳими, китобхон диққати бир меъёрда тутиб турилгани ҳикоя бадиийлигини таъмин этган. Шифохонада даволанаётган бемор портрети шунчалик таъсирлики, у билан гаплашаётгандек бўласиз: “Мен ўлгудай афтодаҳол эдим. Этим бориб устихонимга ёпишган, юзимда барча кўргуликларим акс этарди: лагернинг бефайз муҳити чеҳрамга чуқур ажинлар солган, бетимнинг териси мумдай қотиб, мисли хоки туробга айланган, бунинг устига касаллик маразлари ва дори-дармон оғуларидан заҳарланавериб икки юзим кўкимтир тусга кирган эди. Доим бўйсунишга ва бошни ичкарига тортиб юришга одатланилганидан елкам букилган эди. Масхарабозларникига ўхшаш йўл-йўл курткам қорнимни базўр ёпиб турар, худди шундай йўл-йўл шим эса ҳатто тўпиғимга етмасди, лагернинг тўмтоқ кирза ботинкасидан эскириб, қорайиб кетган пайтаванинг учлари чиқиб ётарди”.
Асарда шахсга сиғиниш йилларида қирғинбаротларда иштирок этган қотиллардан бири Бобров образи ҳам ниҳоятда таъсирли чиққан. Тақдирни қарангки, қатағон жабрини тортган бемор олис жанубда — Тошкентдаги шифохонада ўзидан-да абгор собиқ жаллодга мадад бўлади.
Фикримизча, “Ўнг панжа” ҳикояси бадиийлиги жиҳатидан “Гулаг архипелаги” асаридан устун: сизни воқеалар эмас, қаҳрамонлар характеридаги товланишлар ром этади, турфа образлар ҳолати тасвиридан ҳайратга тушасиз.
* * *
Солженицин шахсий ҳаётда ҳам зиддиятлардан қочиб қутула олмади. Ростов университетининг физика-математика факултети талабаси Александр Исаевич Наталья деган қизга ошиқу беқарор бўлиб қолганди. Эндигина ўн саккиз ёшга кирган йигитчанинг ишқий саргузаштлари бошланиб кетди. Талаба Александр билан талаба Натальянинг ўтли муҳаббати охир-оқибат уларнинг бир ёстиққа бош қўйишига олиб келди. Бироқ…
Александрнинг ҳаёт йўлларида нималардир унга халал берарди. Ҳаётнинг устма-уст келиб тушган аччиқ зарбалари унинг юрагини қон қилиб юборди. Аввалига жонини суғургудек оғрита бошлаган оғир дард юзини заъфарон қилди. Сўнгра эса… Бирданига, қўққисдан бошланиб қолган уруш оловлари уни ўз домига тортди. Шу тариқа севишганларнинг муҳаббат қасри дарз кета бошлади. Эҳтимол, у уруш тугамасиданоқ қамоққа олинмаганида, балки ҳаёти унчалик остин-устун бўлиб кетмаган бўлармиди?
Солженицин ҳаёти давомида иккита қизни севиб қолган: қизиғи шундаки, икковининг ҳам исми Наталья. Яна шуниси ҳайратга соладики, кейинчалик Александр ҳам, Наталья ҳам бошқа-бошқа кишиларнинг севгилиси бўлишган!
Эҳтимол, Солженицин бир ошнасига Сталин ёқмаслиги ҳақида мактуб ёзмаганида, умри умуман қамоқ нималигини билмай ўтиб кетар эди, сим ортидаги даҳшатли ҳаётни бошидан кечирмасди, бу ҳақда “Гулаг архипелаги”ни ёзмасди ҳам, социализм айни авж паллага кирганида жасорат кўрсатиб, унга очиқдан-очиқ нафрат билан суғорилган асарини ёзмаган бўларди, демак, Нобел мукофотини ҳам олмаган бўларди…
Солженицин 1994 йили ватанига қайтгач, унинг шуҳрати қайта тикланди, лекин мўйсафид адибни обрў-эътибор, молу давлат қизиқтирмасди. Александр Исаевич умри охирлаб қолганда ҳам қаламини қўлдан қўймади. “Аргументы и факты” газетасида бутун саҳифани эгаллаган мақолалари эълон қилинди. Уларда муаллиф келажакда Россия қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр юритди. 2007 йили Германиянинг “Шпигель” журналига берган интервюсида ҳам ватани ҳақида тўлиб-тўлиб, ўксиб-ўксиб сўзлайди.
Баъзан юксак маҳоратли адиблардан кўра жасорати дунёни ларзага солган ёзувчиларнинг шуҳрати баланд бўлар экан. Ахир, халқнинг юрагини забт этиш ҳам мислсиз маҳорат эмасми? Россия Солженицин сингари “ўжар” ижодкорларни кўп кўрди. Иван Бунин, Борис Пастернак, Михаил Шолохов, Иосиф Бродский озодлик тараннум этилган бетакрор асарлари билан халқ қалбини забт эта олдилар. Александр Исаевич эса ўзи бевосита гувоҳ бўлган қабиҳликларни жасорат билан ёритгани учун жаҳон адабиётининг энг обрўли мукофотига сазовор бўлди. “Улуғ рус адабиёти анъаналаридан озиқланган маънавий кучи учун” Нобел мукофотини олган адиб тошкентлик шифокорлар ёрдами билан саратон дардидан фориғ бўлганди. Аммо 2008 йилнинг ёзида юрак хуружи унинг изтироб ва ташвишга тўла ҳаётига нуқта қўйди.
Эрк ва адолат учун курашган улуғ адибнинг мардонавор ҳаёти, бетакрор ижодидан ибрат олса арзийди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 17-сонидан олинди.