Иброҳим Ғафуров. Қуръон таржималари: тажрибалар (2009)

Ё Яҳйо, хузил китоба биқувватин…
(Ё Яхйо, китобни маҳкам тут…)
“Марям”, 12-оят

Худо ҳар бир инсонга унинг бўйин томиридан ҳам яқин дейилган. Худди шунингдек, Аллоҳнинг каломи ҳам ҳар бир инсонга шундай яқин. Худонинг ўзи меҳр билан яратган ва тарбиялаган Инсонга етказган Сўзлари — панду насиҳатлари, яшамоқ йўл-йўриқлари, тартиб-интизомлари, ман этганлари ҳамда буюрганлари, ирода этмиш барча ҳукмларини инсон қанчалар теран тушуниб, англаб етса, улар ҳақида бутун ақлининг кучини ишлатиб ўйласа, фикр юритса, ўз ҳаётини ҳидоят асосига қурса, Аллоҳ билан Инсон ўртасида яқинлик ҳамда Калом билан Инсон ўртасида яқинлик шунчалар ортиб боради. Аллоҳ ўзи айтмоқчи, фақат Яхшиликка буюради, ёмонлик ва турли разолатлар, қонхўрлик ва турлича нафс туғёнларидан, уларнинг фожиали оқибатларидан қайтаради.
Қанчадан-қанча одамзод қавмлари қабоҳат чоҳига ботиб кетди. Ер юзи сайёра миқёсида не-не тўфонлар, зилзилалар, мангу совуқ, мангу иссиқлар гирдобида қайта-қайта бино бўлди. Кейинги замонлардаги Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши қирғинлари, тирик жонзотлар узра ядро қуролларининг портлатилиши, уларнинг ерни маҳв этиш мақсадида тинимсиз синаб кўрилиши, дин ниқоби остида ёвуз тажовузларнинг авж олиши — булар бари Охирзамон нишоналаридир. Ер куррасини Шимолий ва Жанубий Қутбларнинг таранг музликлари мустаҳкам тутиб туради. Эндиликда айрим буюк давлатлар шу икки Қутб тагидаги бойликларнинг заҳираларини талаш ва бирдан-бир маконимиз бўлмиш сайёрамизни тухум пўчоғидек қилиб қўйиш режаларини тузиб, бир-бирлари билан кон, жой талашмоқда. Сайёрамизни бундай талон-тарож қилишга уринишлар — оғир замонларнинг нишоналаридир. Ўз-ўзидан Қиёмат ҳеч қачон бўлмагай. У фақат разолат сўнг нуқтага кўтарилгандагина ва Инсон шу гўзал сайёрада умргузарлик қилишга нолойиқ, нобоп бўлиб қолган охирги палладагина рўй беради. Қуръоннинг ҳар бир ояти шундан дарак беради ва огоҳлантиради. Умид шундаки, бундай разолатлардан сақланиш ва ўзни тийиш одамлар ва уларнинг ҳозирги замон жамиятларининг ўз қўлида, иродасида. Аллоҳ бунинг ибратлари ва сабоқларини Меҳрибонлик китоби бўлмиш Қуръонда таъсирли қиссалар, ибратли масалалар, Инсон ақлини қувватлантирувчи ҳикматлар ва мавъизаларда Раҳм қудрати билан айтиб ўтади.
Истиқлол туфайли Ўзбекистонда Қуръон ва муқаддас ҳадисларни нашр этиш, тушунишнинг янги замони бошланди. Қуръонни билиш ва юракларга жо этишнинг янги даври келди.
Қуръонга риоя этиш, унинг ҳидоятига эргашиш, тўла баҳраманд бўлиш вақти етди.
Қуръонга риоя этмоқликнинг эшиклари очилди. Чунки энди уни ҳар ким билмоғи мумкин. Ўзбекистон хонадонларига Қуръоннинг ўзбек адабий тилига бир эмас, бир неча таржималари ишонч ва иймон билан кириб борди. Ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида биз, араб тилидан бехабар ёшлар Қуръоннинг рус тилига муҳтарам Саблуков ва Крачковский таржималарини кутубхоналардан базўр топиб ўқишга муяссар бўлганмиз. Ўшанда илк бор юрагимизга Қуръон муҳаббати тушган. Бу бутун дунёдаги инсонларга юборилган ҳидоят деб англаганмиз.
Қандай саодатли зиёманд замонлар етишиб келдики, араб тили, ислом илми, маданияти, тарихи, диний ва дунёвий аҳкомлари, уларнинг замона кишилари ҳаёт тарзидаги ўрнини яхши билган араб тили билимдонлари — алломалар томонидан Қуръоннинг шарҳлар билан таъминланган “маънолар таржималари” амалга оширилди. Ўзбекистонда яшовчи кишилар илк бора Қуръон маънолари, илоҳий оҳанглари, тимсоллари, мўъжиза ўгитлари океанига ўз она тили қудрати, поэтик салоҳияти тўлқинида етишиб бордилар. Тубсиз маъноларни илгари фақат ғаввос мутасаввифлар, қилни қирқ ёрган уламолар, дарвешлар, фақиҳлар, қорию қурроларгина англаб билган бўлсалар, энди Аллоҳнинг сара кишиларгагина эмас, жамики ўзи яратган, тарбиялаган инсонларга қарата айтган хос сўзларини халқнинг кенг вакиллари, қатламлари билиш, тушунишларига азим, эркин йўллар очилди. Исломнинг нималигини муллаларнинг оғзаки баёнлари, шарҳлари, тушунтиришлари ва ўзига яраша тушунчалари орқали эшитган, билган кишилар энди ўзлари, ўз саводлари даражасида, иштиёқлари қадр қилганча Қуръон ва Ҳадис ичига кириб боряптилар.
Албатта, таржима ҳар қанча мукаммал бўлмасин, ҳеч қачон у аслиятнинг ўрнини босолмайди. Таржима аслиятга тенглашолмайди. Ибодатда эса аслият ўрнига ўтмайди. Асл оҳанг, асл сўз ва асл сир-синоат доим аслиятнинг ўзида. Исломда ибодатларни аслият бирла адо этиш бу мислсиз неъмат!
Шулар билан бирга Қуръон ёлғиз араб тилли халқларнинг эмас, Ер юзидаги барча художўй, покдил, яхшилик туйғуси билан яшайдиганлар ва умрларни шулар билан ўлчайдиганларнинг мулки, маънавий-руҳий халоскор сўзи, умр довонларида энг мустаҳкам таянчи.
Шунинг учун Қуръоннинг дунёдаги барча тилларга таржима қилиниши буюк маданий-маърифий ҳодисадир. Таржима эса маърифат қўнғироғи.
Кейинги ўн йиллар ичида Қуръоннинг Шайх Аловуддин Мансур (1992), Шайх Абдулазиз Мансуров (2001), Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1991), Шайх Шамсиддин Бобохонов (1991), Саййид Маҳмуд Тарозий (1994) изоҳли, шарҳли, тафсирли таржималари ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Бу таржималарнинг умумий хусусияти содда, тушунарли замонавий ўзбек адабий тилида янграганлигидир.
Тошкент Давлат Шарқшунослик институти 2000 йилда XII — XIII асрларнинг ёдгорлиги деб ҳисоблаб келинаётган “Туркий тафсир”нинг факсимил нашрини амалга оширди. Тилимизнинг ўша замонлардаги ифода қудратини Қуръондай ўлмас обида таржимаси воситасида намоён қилган ушбу бебаҳо асарнинг муаллифи исми ҳали-ҳамон илм дунёсига қоронғулигича қолмоқда. Аммо унинг тили, текширувчилар бир оғиздан таъкидлашгандай, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Хожиб ва айниқса, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий, Ҳайдар Хоразмий ва Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг улуғ асарлари тилига ғоятда яқин, яна ҳам тўғрироғи, шу кўҳна ўзбек адибларининг асарларида мужассамлашган умумий ўзбек адабий тилида яратилгандир. Айниқса, у “Қисас” ҳамда “Хисрав ва Ширин” тилига, услубига шу қадар ҳамоҳангки, уни Қутб ёки Рабғузий ёзмаганмикин, деган хаёлга ҳам борасиз. Лекин аниқ далил бўлмагач, буни қатъи айтолмайсиз. Турди “тўқсон ики бори ўзбек элидур…”, деган жумлани ёзиб қолдирган. Ўзи тўқсон иккита бўлса ҳам, лекин ягона умумий ўзбек тили — (лаҳжаларидан қатъи назар) уларнинг барчаларига тушунарли ўзбек тили эди. Қуръоннинг илк таржимаси мана шу ягона умумий ўзбек тилида яратилган. У улкан маданий обида. Тафсир муаллифи Қуръон оятлари остига жуда содда ва ўта тушунарли ўзбекча таржимасини беради. Ўқиган киши оятларнинг асли ҳамда ўзбек тилига таржимасида уларнинг тўғри маъноларини ўзлаштириб боради. Ўзбек тилимизга кўп хизматлар қилган улкан олим А.К.Боровков “Тафсир”нинг ифодавийлиги, тил хусусиятларининг қимматига лол қолиб, дарҳол “Лексика Среднеазиатского тефсира XII — XIIIвв.” деган жуда қимматли лексик китобини (1963) яратган эди.
Тарихан қисқа давр ичида Қуръоннинг мана шундай ранг-баранг таржималарининг замон ўқувчисига тақдим этилишини жуда катта тарихий маданий ҳодиса деб аташ мумкин. Бу, биринчидан, Қуръонга ҳақиқий қизиқишнинг ортгани, иккинчи ёқдан, аслиятга иложи борича яқинлашиб боришга интилишлар кучайганини кўрсатади. Учинчидан, талқин ва шарҳларда диний-мистик қобиқлардан аста-секин чиқиб, кенг дунёқараш билан илмий шарҳлашга ўтиш ҳар қалай сезилмоқда. Шу билан бирга, бу таржималарнинг ҳар бири ўзига яраша қимматга эга. Яна бир қимматли жиҳати шундаки, улар илмий асоси мустаҳкам, ҳар томонлама дунё тажрибалари асосида текширилган академик нашрга йўл очади. Бу таржималарсиз академик нашрни тасаввур қилиб бўлмайди. Европа, Америка, айрим Шарқ мамлакатларида Қуръоннинг илмий академик таржималари амалга оширилган. Германияда қилинган таржималари ичида шарқшунос Р.Паретнинг 1963 — 1966 йилларда чиқарган немис тилига таржимаси энг аниқ илмий таржималардан саналади. Инглизча академик нашри 1969 йилда Англияда “Қуръон интерпретациялари” (талқинлари) деб номланиб нашр этилган. Қуръоннинг бошқа тилларга қилинган энг янги таржимаси муаллифларидан ажойиб таржимон Валерия Порохова Дамашқ — Москвада 1995 йилда нашр этилган нодир таржимасида ушбу инглиз тилидаги таржимага иқтибосан ўз таржимасини “Коран. Перевод смыслов” деб номлаганлигини ёзади (Коран. Перевод смыслов. Дамаск — Москва, 1995 г.). Валерия Порохова араб тилини жуда чуқур билади. У кўп вақтлар араб уламолари доиралари ичида яшаган ва Қуръонни ўрганишга жуда кўп йилларни сарфлаган. У китобга ёзган сўзбошида “маънони имкони борича аниқ ифодалаш” — таржимоннинг асосий мақсади эканлигини айтади. У Қуръонни илмий талқин қилишнинг аҳамияти ҳақида бир қатор мулоҳазаларини ўртага қўяди. Валерия Порохова Қуръонни шеърий таржима этишга жазм этади. Эмоционал кўтаринкиликни беришда катта натижаларга эришади. Шу билан бирга, таржиманинг адекватлиги устида жиддий қайғуради. Қуръонни сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди, деган фикр жуда қадимлардан бери мавжуд. Шунинг учун таржимада кўпроқ тафсир, яъни баён ва шарҳ йўлидан бориш, яъни тафсир қилиш одат тусига кириб, анъанага айланган. Сўзма-сўз таржималар Қуръон оятлари остида, яъни аслият билан бирга бериб бориладиган таржималардагина қўл келиши ва Қуръонни ўрганишда самарали амалий фойда келтириши мумкин. Лекин аслиятдан холи тарзда сўзма-сўз таржимани чиқариб бўлмайди.
Маънолар таржимаси деган тушунчани ҳам турлича англаш ва тушуниш эҳтимолдан узоқ эмас. Маънолар таржимаси дейилганда, талқинлар — интерпретацияларга — уларнинг нозикликларига йўл очилади. Сўзма-сўз таржимада сўзлар ва жумлаларнинг аниқ таржималари ифодаланади. Лекин бунда бадиийлик ва услуб юзага чиқмайди. “Тафсир”нинг таржимаси шундай сўзма-сўз таржиманинг яққол намунаси. Ҳазрат Саййид Маҳмуд Тарозий таржимаси ҳам шундай сўзма-сўз таржимага яқин. Уни ҳам фақат аслият билан бирга ўқиган маъқул. У Қуръон оятларига сўзма-сўз, жумла-бажумла эргашиб, уларга ҳамроҳлик қилиб боради. (Ҳазрат Саййид Тарозий (Олтинхон Тўра 1991 йилда 98 ёшда вафот этган)нинг шарҳли таржимаси 1990 йилда Истанбулда аслият билан бирга нашр қилинган. У “Туркистоний тилига таржима” дейилган ва хорижий мамлакатларда яшовчи туркистонликлар ҳамда уларнинг тил хусусиятлари, тушунчаларига мос ҳолда чиқарилган. Саййид Тарозий таржима ва шарҳни 1956 йилда тамомлаган. 1975 йилда Покистонда босмадан чиқарган. Таниқли арабшунос Исматулла Абдуллаев 1994 йилда ана шу нашрдан ўзбек кириллицасига табдил этиб, ўз ҳисобидан 100 нусха нашр этди. У ўз сўзбошисида Қуръоннинг ўзбек тилига таржималари тарихи, Олтинхон Тўра таржимаси, ҳаёти, ижоди ҳақида қимматли маълумотлар келтирган. Исматулла Абдуллаевнинг нашрида (1994 й.) фақат Олтинхон Тўра таржимасининг ўзи (аслиятсиз) келтирилган. “Тафсири Ҳилол” таржимаси ҳам оятлар билан эш келиб, уларни сўзма-сўз изоҳлаб боради. Алоуддин Мансур таржимасида эса шарҳларга кенг ўрин ажратилади. Шарҳлар ҳам алоҳида, ҳам яна оятлар таржималари ичида, ҳам қавс ичида кенг қўлланилади. Муаллиф Қуръон маънолари илк ўқиётган ўқувчига тушунарсиз бўлиб қолишидан қаттиқ ҳадиксирайди ва кетма-кет изоҳлар билан оятлар ичини тўлдириб ташлайди. Бу шарҳли таржима учун унчалар ғайритабиий эмас. Лекин жуда кўп ўринларда калом шарҳлар ва изоҳлар ичида кўринмай кетади. Бу асл маънони қабул қилишни жуда қийинлаштиради. Бу томондан Абдулазиз Мансур таржимаси анча олдинга силжиган. Оятлар оралаб изоҳлар анча меъёрида қўлланган. Лекин бу ерда ҳам оятлар аро изоҳлар каломни ҳар томондан бўлиб, ажратиб туради. Калом яхлит эмас. Қабули ҳам яхлит эмас. Каломга қарай десангиз, изоҳ қолиб кетади, изоҳларга эътибор қилай дейилса, калом узуқ-юлуқ қолиб кетади. Бунинг ҳам бирдан бир сабаби каломнинг нотўғри ўқилишидан ҳадиксираш. Ҳолбуки, аниқ, адекват таржима қилинса, нотўғри ўқиш, тушунишга ўрин қолмайди. Бу икки эътиборли таржима юзасидан чиқариш мумкин бўлган дастлабки хулосалар қуйидагича:
1. Оятларни аниқ таржима қилиш ва уларда фақат Худонинг ўзи туширган каломнигина акс эттириш. Орага ҳеч қандай изоҳ, шарҳ, баён қўшмаслик.
2. Албатта, шарҳ, баён, изоҳлар жуда зарур. Улар ҳар қанча бўлганда ҳам ортиқчалик қилмайди. Лекин уларни ўз ўрнида алоҳида қилиб берган маъқул. 2001 йилги нашрда шундай алоҳида саҳифа тагида келтирилган қисқа шарҳлар бор. Лекин улар етарли эмас. Жуда кўп истилоҳлар, реалийлар шарҳсиз, тушунтиришсиз қолиб кетган. Бунда Германия, Англия, Франция, Америка, Миср илмий академик нашрларидан улги олиш фойдали бўларди. И.Ю.Крачковский ҳамда Валерия Порохова оятлар каломини соф ҳолда таржима қилиб, барча изоҳларни алоҳида ўринга қўядилар. Назаримизда бу, айниқса, илоҳий матнлар таржимасида ғоятда зарур илмий усулдир.
Иккинчи хулоса:
Қуръон истилоҳлари, терминлари имкони борича чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ қилиниши ва ушбу текширишлар илмий таржималарга сингдирилиши зарур.
Бизнинг сўзлашув ва ёзув тажрибаларимизда сўзнинг орттирма даражаларини қўллашга майллар анча кучли кўзга ташланади. Чунончи Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратлари “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим” каломини қуйидагича ифода қиладилар: “Ибтидо қилинур беҳад меҳрибон ва ниҳоятда раҳмдил Аллоҳ номи ила”. Бунда “ибтидо қилинур”, “беҳад” ва “ниҳоятда” деган сўзлар муболаға. Аслиятга нисбатан улар ортиқча. Аслият каломи ёмби, нодир, қисқа ва тез эсда қолади. Инсоф билан айтганда, уч аслий сўз орасига ортиқча сўз нари турсин ҳатто ҳаво заррасини ҳам киритиб бўлмайди. Кўпсўзлилик доимо таржимани сусайтиради, лўндаликка ва таъсирчанликка путур етади. Муҳтарама Валерия Порохова “Раҳмон”ни “Всемилостивый” деган сўз билан ўгиради. “Все” деган орттирма даража бу ерда ўринсиз. Матнда “кулли раҳмон” дейилаётгани йўқ. Шунинг учун Крачковский “милостивый” деб беради ва тўғри қилади. Бу каломни муҳтарама мутаржим доктор Сумайя Афифий ҳамда доктор Абдел Салом ал-Мансий Қуръоннинг рус тилига қилинган энг янги таржима нашрида ҳам “Во имя Аллаха милостивого, милосердного!”, деб талқин этадилар. Шамсиддин Бобохонов, Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)“, деб ўгирадилар. Бу айни адекват таржима. Ўзбек ўқувчисига яхши тушунарли. Бисмиллоҳ, ло илоҳа илаллоҳ сингари ўта хос иборалар ҳамда Аллоҳнинг гўзал исмларини аслиятда қандай бўлса, таржималарда ҳам шундай ўзгартирмай сақлаш ўринли бўлар эди. Буларни ҳар қандай таржима матнида арабчаси қандай бўлса, шундайича ифодалаш ва алоҳида изоҳда улар таржимасини кўрсатиб ўтиш матн колоритини, унинг оҳангдорлигини кучайтиради. Аллоҳ ислом динига, унинг аҳкомларига эътиқод қилган миллионлаб кишилар қалбига худди шу асл сифатлар, номлар билан кириб борган ва шундай қабул этилган. Атрибутларни ўзгартириш ўзини оқламайди. Таржима қонуниятларига кўра ҳам реалийларни асл ҳолича бериш ўзини оқлайди. Яна бир муҳим жиҳати асл реалийлар, истилоҳ-терминлар билан бирга ислом ғоясининг ўзига хосликлари бошқа тил муҳитларига ҳам ўтиб боради. Улар исломнинг ўзига хос дин эканлигига урғу беради. Реалийларни ўз асл ҳолича бериш илоҳий матннинг юксак колоритини сақлашга хизмат қилади. Мўмин, ислом, мусулмон, иймон, Аллоҳ, расул, ханиф, карим, раҳим, раҳмон, қаҳҳор, жаббор, фиқҳ, ҳадис, шариат сингари юзлаб тушунчалар ва терминлар минг йилдан ортиқ даврдан буён тилимизга қандай сингиб, ўзлашиб кетган бўлса, Аллоҳнинг гўзал исмлари — сифатлари ҳам шундай сингиб, ўзлашиб бораверади. Бунда ўзлашиш сари солинган катта йўл шлагбаумсиз келажак уфқлари сари олиб боради. Аллоҳ исмлари билан бирга илоҳий сураларнинг асл номлари ҳам тилмизга киради ва бора-бора таржимасиз ҳам тушунарли бўлиб қолади. Шунинг учун айрим таржима версияларида сураларнинг номлари асл ҳолича келтирилаётгани, саҳифа остидаги изоҳларда уларнинг маъноси ва айрим ҳолларда уларнинг тарихий маъноси келтирилаётгани ўқувчи учун катта давлатдир. Сураларнинг асл номларини билиш билан тушунчаларимиз бойийди, Қуръоннинг илоҳий юксак муҳитида нафас олишга етаклайди. Бу каби кенг ва чуқур зарурий ишларни, текстологик ишланмаларни, албатта, илмий академик нашрда амалга ошириш ўз-ўзидан заруратга айланади. Академик нашр қизиқувчилар ва ўрганувчиларнинг ҳар қандай саволларига лаббай деб жавоб бероладиган нашр бўлади. Унинг яратилишида ҳозиргача бўлган барча таржима версиялари улкан асос, моя вазифасини ўтайди. Ўз-ўзидан равшанки, ҳозирги бир қанча таржима версиялари бўлмаганда, эътиборли илмий академик нашр ҳақида сўз юритиш ҳам қийин бўларди.
Ҳозир қўлимизда мавжуд ва катта миннатдорлик билан фойдаланилаётган нашрларнинг ҳар бирининг ўз фойдали, ютуқ томонлари, жозибаси бор. Улар жуда катта машаққатли меҳнат ва изланишлар натижасида юзага чиққан.
Лекин ҳали бизда Қуръоннинг асл ҳиссий-руҳий бадиий қудрати ва шиддати, поэтик оҳангдорлигининг товланишлари ва мўъжизалари адекват сақланган ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилган эмас. Айниқса, ўттизинчи пора сураларининг шаҳду шиддати ва самовий ҳаяжонлари таржимада муқобил ифодаланган ўринлар камдан-кам учрайди. Энг олий ҳаяжонли ўринларда ҳам оятлар иложи борича соддалаштириб, иложи борича тушунарли қилиб беришга ҳаракат қилинган. Бу ҳозирги барча таржима версияларнинг умумий хусусияти. Кўпинча бу юксак илоҳий ҳаяжонларни таржима сўзида ифода қилиб бўлмайди, деган фикр юради. Ва кўп пайт ижодкор қўлларини боғлайди. Лекин домла Саблуков, домла Крачковский, Валерия Порохова хоним ҳатто шеърий йўл билан буни ўз тилларида ҳар қалай ифодалаш усулини топишга уриндилар-ку! Ўзбек тилида ҳам вақти-соати билан энг адекват таржима, энг ҳаяжонли (Қуръон даражасидаги ҳаяжонли) таржима бўлишини орзу қиламиз.
ХХ аср жаҳоннинг улкан аллома адибларидан бири Умберто Эко таржима нима, деган саволга жавоб бераркан, у “айнан айтиш”, дейди. Яъни оригинал тилидаги матнни ҳар қандай бошқа тилда айнан айтиш, тўғрироғи, айнан ифодалаш. Таржиманинг энг оддий, энг тўғри таърифи шу. Уни таржиманинг универсал таърифи деб айтиш ҳам мумкин. Шунга кўра оятларнинг айрим таржималарига назар ташлайлик. “Маориж” сурасида қиёмат манзаралари бағоят ўткир ва таъсирли, қўрқинч ибораларда таърифланади. Ундан бир оят: Явма такун с-самоу кал-мухли (70, 8).

“У кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур”.
Абдулазиз Мансур таржимаси (588-б.).
“В тот день, когда небо будет как медь расплавленная”.
Л.Крачковский таржимаси, (471-с.).
“У кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур”.
Алоуддин Мансур таржимаси, (458-б.).
“Тот День,
Когда расплавленною медью станет небо”.
Валерия Порохова таржимаси, (613-б.).
“Ул кун осмон бўлур эритилган мис каби”.
Саййид Тарозий таржимаси
“В тот день небо будет подобно расплавленному серебру”.
Сумайя Афифий ва Ал-Мансий таржимаси, (1168-б.).
“Ул кун кўк бўлур эриган олтун кумуш каби”.
ХII аср эски ўзбек тилидаги таржима.

Қуръоннинг 2008 йилда Москвада Элмар Кулиев таржимаси ва изоҳлари билан чиққан нашрида бу мухтасар оят “В тот день когда небо станет подобно расплавленному металлу (или усадку масла, или кровавому гною)” (с.574), деб ғоятда умумлаштириб, чалғитиб талқин этилади.
Қуръон аслиятидаги “кал-мухли” бирикмасининг қайси бир таржимаси тўғри? Тўрт таржимон уни “эритилган мис каби” деб талқин этади. Нисбатан янги ва тўла жиддий Қоҳира нашрида “эритилган кумуш каби”, деб ўгирилади.
Эритилган мис билан эритилган кумушнинг фарқи борми? ХII асрдаги номаълум муаллифимиз эса бу ҳолни “эриган олтун кумуш каби”, деб тасаввур қилмоқда. Энг янги таржимонимиз эса бутунлай ўзгача тасаввурда: “осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур”, деган талқинни таклиф этмоқда.
Хўш, бу талқинларнинг қай бири тўғри? Қай бири оригиналга яқин? “Кал-мухли” таржимасининг асл эквиваленти қандай ифодаланади? Замон ўқувчиларига шу каби кўпдан кўп ўринларни аниқлаб бериш учун илмий академик нашр зарур эмасми?
Барча муфассирлар Қуръонни ўқиш ва уқиш Яратганга яқинлашиш йўли, зулматдан ёруғликка чиқиш ва етишиш йўли, деб тўғри тушунтирадилар. Қуръоннинг ўз шаҳодатига суяниб, уни турли ўзгариш ва ўзгартиришлардан Аллоҳнинг ўзи асрайди, деб уқтирадилар. 2000 йил русчага қилинган таржиманинг Қоҳира нашрида доктор Муҳаммад Тантовий сўзбошида шундай ҳаққоний фикларни айтади: “Одамлар ва халқлар Қуръонни ва унинг йўл-йўриқлари, аҳкомларини ўзларига раҳбар қилиб олсаларгина бахт-саодатга эришадилар. Ушбу ҳидоятга Қуръоннинг, унинг каломларининг маънолари, ифодаларини талқин қилмасдан, тушунтирмасдан, тадқиқ этмасдан етиб бўлмайди, мана шу илм-таълимотни тафсир деб аташади (талқин дейишади)” (Ўзбекчага таржима). (Қоҳира нашри, 2000 йил, 12-13-б.). Шундай тафсирларсиз бу китобни англаш мушкул, деб ёзади у яна. Ислом уламолари ҳазрат Тантовий ва ҳазрат Зарковий Қуръонни тафсир қилганда иложи борича содда қилиб ва шу билан бирга иложи борича аниқ қилиб тушунтиришга даъват этадилар. Суютий, Ибн Баттол каби улуғ алломалар илоҳий китобни бошқа тилларга таржима қилиш мумкин, аммо бунда бир муҳим шартга риоя қилиш даркор. Биринчидан, асл матнни аниқ ва сўзма-сўз бериб, унинг остида бошқа тилга ўгирилган маъноларини акс эттириш лозим, мана шу энг тўғри йўл, деб айтганлар.
Ҳар ҳолда илоҳий матнларнинг ўзбек тилига таржимаси принциплари: қоидалари, йўл-йўриқлари муайян тарзда аниқ ишлаб чиқилишига зарурат туғилаётгани сезилмоқда. Буларга грамматик принциплар, бадиий принциплар, шарҳлаш, изоҳлаш принциплари ва уларнинг энг мукаммал шакллари киради. Европа олимлари синчковлик билан Қуръон атамалари, терминлари, реалийлари устида қунт билан текширишлар олиб борганлар. Ҳатто академик Н.Я.Марр “Арабча “ҳаниф” термини ва унинг палеоантологик ёритилиши”, деган рисола ҳам ёзган (1928).
Терминларга боқайлик: “У осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра муставий бўлган зотдир” (Ал-ҳадид, 4).
“Яратди кўкларни тақи ерларни олти кун ичинда ондин сўнг ариғлик бўлди арш уза”(“Тафсир”). “Ариғлик” бу ерда сокинлик, тинчлик маъносида.
“Тафсир” сўзма-сўз таржимани оятлар остида бериб бораётган бўлса ҳам, “ҳуаллазий”ни тушириб қолдиради. Ундан кейинги сўзларни жуда содда ва аниқ ўгиради. Фақат оҳангдорликни сақлаш учун “арз” сўзини “ерларни” деб ағдаради. “Кўкларни ва ерларни” — жуда оҳангдор. Замонавий таржимон бу ерда “осмонлар ва ерни”, дейди. ”Арз”ни ерлар деб олиш тўғри бўладими? ”Арз” матнда ер сайёраси маъносида келяпти. Уни ”ерлар” деб олиш унчалик тўғри эмас. Бойхўжанинг ерлари дейиш мумкин. Ер куррасининг қитъалари дейиш мумкин. Лекин ”Арш”ни ”ерлар” дейиш тўғри бўлмайди. ”Арз”ни “ерлар”деб берган ҳолда ”Тафсир” ”Арш”ни ўз ҳолича акс эттиради. Энг янги таржималарда ҳам бу тушунча ўз ҳолича ”Арш” деб олинган. Энди жуда қисқа оятни кўрайлик. ”Ҳуа л-азиз ул-ҳаким”(”Ал-ҳадид”).
”У қудрат ва ҳикмат соҳибидир” (1-оят).
Таржимон ”азиз” ва”ҳаким”ни ”қудрат ва ҳикмат соҳиби”деб ўгиради. Шу суранинг учинчи ояти: ”У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир”, деб ағдарилади. Яъни асл матндаги Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин тушунчалари ўз ҳолича келтирилади. Нега олдинги оятдаги “Азиз” ва “Ҳаким” тушунчалари таржимада берилди-ю, кейинги оятда ўша қатордаги Аллоҳнинг тўрт гўзал сифати асл ҳолича олинди? Биз бу гапни принципларнинг шаклланмаганлигига мисол учун олмоқдамиз. Нотўғри таржима демоқчи эмасмиз. Ёндошувлар турлича. Шунинг учун таржимада аслиятда йўқ “зотдир”, “соҳибидир” деган ортиқча сўзлар кўп ишлатилади. Ҳолбуки, бунга ҳожат йўқ. “Охир” ва “Зоҳир” асл ҳолича олинганда, “Алим” — “билувчи” деб ағдарилади. “Барча нарсаларни билувчи Алимдир” — деб реалийни сақлаган ҳолда колоритини келтириб ўгириш ҳам мумкин. Бунинг учун эса таржима принциплари мукаммал ишланган бўлиши зарур. Саййид Тарозий талқинида эса, айтайлик, “Аввал” ва “Охир” ўзича олинган ҳолда “Зоҳир” ва “Ботин” — “Ошкора” ва “Махфий” деб қайд этилади. Бу ҳам изчил бир принципга амал қилмасликдан. Ёки бир таржимон “Азиз”ни “Ғолиб” деб ўгиради, бошқа таржимон уни “Қудрат соҳиби” деб олади. Хос отларни хилма-хил талқин этиш жойиз эмас. Булар таржима матнларини ҳаддан ташқари соддалаштиришга олиб боради. “Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўшалар билан атангизлар” (“Аъроф”). Чиройли исмларга чиройли риоя жойиз. “Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жойиздир). Зеро, Унинг гўзал Исмлари бордир” (“Ал-Исро”). Бу ерда “зеро”, “жоиз” ортиқча юк. Гапнинг грамматик тўғри қурилиши топилмаган. Аммо таржимон “Аллоҳ”, “Раҳмон” сўзларини таржима қилмасдан бериш зарурлигини бунда яхши ҳис қилган. Нега “Қуръон”, “Лавҳ ул-маҳфуз” сўзларини таржима қилишни асло хаёлимизга келтирмаймиз? Таржима қилса бўлади-ку! Лекин бунга зарурат йўқ. Ҳозирги Қуръон таржималарида, не ажабки, услуб йўқ. У шаклланиб етмаган. Эмоционаллик йўқ. У шаклланиб етмаган. Шунинг учун Аллоҳнинг жаноб Муҳаммадга мурожаатлари “СИЗ” деб олинса, бошқа элчиларга “Сен” деб айтилади. Пайғамбарлар эса Аллоҳга “Сен” деб нидо қиладилар. Қандай бўлиши керак? Қай бир йўл тўғри? Андеша йўли тўғрими? Ҳақиқат йўлими? Илмни изчилликсиз тассаввур қилиш мумкинми?
Ниҳоят, яна бир мулоҳаза: истиқлол йиллари ислом маданияти, маърифати учун кенг тараққиёт йўллари очилди. Дин тарихи, таълимоти ақидалари, унинг ер юзида яшовчи халқлар орасида кенг ёйилиши, бунинг асосий сабаблари, қонуниятлари, ХХI аср — илм-техника юксак ривожланган даврда ахлоқий-маънавий, руҳоний қарашларнинг турли-туман қавмлар, аҳоли қатламларига, бинобарин, курраи арздаги умумий маънавий-эътиқодий иқлимга кўрсатаётган кучли таъсир йўналишлари ҳақида замонавий илмий тадқиқотлар олиб боришга майллар уйғонмоқда. Ислом университети 10 йилдан буён Тошкентда фаолият кўрсатаётгани бу уйғонишлар чинакам илмий рағбатга айланишига умид туғдиради. Қуръон ва ҳадисларнинг таржималари билан бирга исломий йўналишдаги адабиётларнинг салмоғи ҳам хийла ортиб бормоқда. Исломий диний адабиётларда тарихийлик, маърифийлик, илмийлик тамойиллари етакчи бўладиган жараёнлар етиб келган. Бугун расталарни тўлдириб турган аксар юпқа-қалин китобларнинг мавзулари, ёзилиш услублари икки томчи сувдек бир-бирига ўхшайди. Улар тинимсиз бир-бирини такрорлайди. Кўп ҳолларда бу рисолалар мусанниф ва муаллифларнинг фақат исми билангина фарқланади. Муаллифларда масалага оригинал фикрий муносабатларнинг йўқлиги, баён, талқинларнинг ўта сийқа, чўпчакнамолиги китобларнинг қадр-қимматини туширади. Буларнинг ўрнига буюк ислом олимлари, Табарий, Замахшарийларнинг асарларини таржима ва шарҳлар билан чиқариш, улуғ тафсирларини тузиш афзал эмасми?
Исломнинг бутун жозибаси — Қуръон. Унинг таржималари қанчалар мукаммал, фасиҳ ва бадиий эҳтиросли бўлса, илоҳий мўъжизалар қалблар ва онгларда шунчалар ўчмас акс садо топади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 16-сонидан олинди.