Улуғ истеъдодларнинг бари ўта ақлли, лекин ўта содда бўлади, деганди ижодкорлардан бири кулиб. Бу сўзлар ёлғон эмаслигига ишонгинг келади. Буюк адиблардан саналган Василил Шукшиннинг қизи Мариянинг отаси ҳақидаги хотираларини ўқиб кўринг: “Дадам мен билан Ольгадан жонини ҳам аямасди. Мен касалмандроқ эдим. Улар кароватимда соатлаб ўтирарди. Дадам уйда бўлганларида ойимдан болаларни ўзлари ухлатгани ётқизишни сўрардилар. Фақат дадамгина бизга кечалари эртак айтар, воқеаларни йўл-йўлакай ўзлари тўқиб кетаверардилар. У киши энг яхши “энага” эдилар. Отам хонасида чека бошласа, мен сигаретасини олиб, яшириб қўярдим. Менга унинг “Машенька, сигарета бер”, деб орқамдан юриб ялиниши ёқарди. У бутун эътиборни қаратиб, тобе бўлганлигидан лаззатланардим. Мен у кишини соғинардим, ёнимда бўлишларини истардим, чунки дадам кўп вақт сафарда бўларди”.
Ўзи бор-йўғи қирқ беш йил умр кўриб, унинг асосий қисмини оддий одамлар орасида ўтказган (Сростки қишлоғида 1929 йилда туғилган) одам қанчалик содда, оддий бўлганлигига бундан ортиқ далилнинг ҳожати бўлмаса керак.
Таниқли ёзувчилар – Ўткир Ҳошимов ва Хайриддин Султонов таржимасида нашр қилинган ҳикоялар тўпламини бир ўқиб кўринг. “Қишлоқилар” ҳикояси билан бошланадиган бу мажмуа “Чол, қиз ва офтоб” дея номланади. Асарни ўқий бошлашингиз биланоқ одам ҳам шунчалик содда бўладими, деб ҳайратланасиз, Маланья бувининг ишонувчанлиги, Москвага келишни таклиф қилган ўғлининг хатини ўқиб, қанчалик саросимага тушиб қолганлиги кулгингизни қистайди, бувига на ачинишни, на унинг устидан кулишни билолмай ҳайрон бўласиз. Маланья бувининг невараси Шуркага маслаҳат солиши, Москвага – ўғлимникига борсамми-бормасамми, дея иккиланишлари ғирт қишлоқ аёли характери эмасми?
Россиялик олимларнинг фикри қуйидагича: Юрий Казаков Бунинга, Валентин Распутин Достоевскийга жуда-жуда ўхшайди. Василий Шукшинни эса “замонавий Горький” дея таърифлашади.
Бу менгзашлар ниманинг ҳисобига? Воқеаларни тасвир этиш услубига ёки асарлари бадиийлиги даражасига қарабми? Менимча, биринчи фикр ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди.
Мана, улуғ адиб ўз ижоди ҳақида нималар деган: “Ҳикояда ҳамма нарса тушунарли, ҳатто ундан ҳам зиёд бўлишини истайман”.
“Адабиётда ҳамма вақт қандайдир спорт мусобақасига ўхшаган ҳолат бор. Қани ким ихчамроқ ёзади? Ким мураккаброқ! Ким журъатлироқ! Ҳолбуки, адабиёт – ҳақиқатдир. Кашфиётдир. Унда ким дадил-у, ким мураккабу, ким эпикроқ – бунинг ҳеч аҳамияти йўқ. Ҳақиқат борки, адабиёт бор”.
Ёзувчи яратган асарларида, бешта бадиий филмида бунга оғишмай амал қилди, ростгўйликни, ҳақиқатни шиор қилиб олди.
Василий Шукшинда Оллоҳ томонидан берилган буюк истеъдоддан ташқари ҳаётий тажриба ҳам керагидан ортиқ бўлган. Мураккаб, бунинг устига оғирдан-оғир ҳаёт йўлини қадамма-қадам босиб ўтишга тўғри келганлигини эшитганмисиз?
Адибнинг шахсий ҳаётидан айримлар бехабар бўлганлигидан асарлари бунчалар бадиийлиги, қаҳрамонлари ўта оддийлиги сабабларини кўп ҳолларда англаб етмайдилар.
Аввало, Шукшиннинг онаси Мария Сергеевна ҳақида. Онаси хусусида ўзининг сўзларига бир қулоқ солинг: “Менинг онам… икки карра турмуш қурди… Икки карра ҳам бевалигича қолди. Биринчи марта йигирма икки ёшида, иккинчи марта ўттиз бир ёшида тул хотинга айланди. Фарзандлари камоли учун жуда кўп куч-ғайрат, нафсиламбрини айтганда бутун ҳаётини бағишлади. Энди у ўғлим одам сонига кириб қолди, шаҳарда каттакон амалдорга айланган, деб ўйлайди. Майли, ўйласа, ўйлай қолсин. Ҳикоя ёзишни мен онамдан ўрганганман”.
Отаси-чи? Отаси Макар Леонтьевич халқ душмани дея қораланиб, қатл этилган…
Василий Шукшин Сталин вафотидан бир йил кейин, 1954 йили Сросткини – Олтой ўлкасидаги қишлоғини тарк этди. Москвада ўқиди. Ўшанда ҳам оғайниларини, биринчи навбатда жондан азиз онасини йўқлаб турди, унга кетма-кет хатлар ёзди.
Буюк адиб беҳудага “Қишлоқилар”, “Она қалби” ҳикояларини яратмаган, уларга бош қаҳрамон қилиб онани танламаган кўринади. Бунинг асосий сабабларидан бири мунисгина, меҳрибонгина онасига нисбатан меҳри эди.
* * *
Шукшиннинг қизлари ҳам онаси каби меҳрибон эдилар. Унинг учта қизи бор эди.
Отасининг орзулари бир дунё бўлганлигини қизи Мария ҳам эътироф этади: “Онамнинг айтишларича, дадам серфарзанд бўлишни, ўғил кўришни орзу қилган экан. Ўғил кўрса исмини Макар ёки Степан Разиннинг шарафига Степан деб атамоқчи экан. Агар дадам эрта ўлмаганида эди, ойим билан уч қизга қараб ўтирмасдан яна фарзанд кўришарди деб ўйлайман. Ўз вақтида дадам мен билан синглимга “Агар ўғил кўрсаларинг исмини Макар қўйинглар” деб тайинлаган эди. Синглим ўғлининг исмини отамнинг шарофатларига Василий деб қўйди. Менинг эса Макар деган ўғлим бор. Бундай исм учун дадамдан жуда миннатдорман. Бу ҳақиқий эркакча исм”.
Илгари Василий Шукшин кўп ичадиган одам бўлган. Чекишни ҳам бошқалардан кўра хуш кўрган. Аммо қизларидан бири, тўғрироғи, Мария сабаб ичишни ташлаб юборганлигига нима дейсиз?
Мария Шукшина “Аргументы и факты” газетасига берган интерьвюсида бу воқеага ойдинлик киритади: “Истеъдодли шахсларнинг ютуқ ва камчилиги кўп бўлиши табиий. Тўғри, отам ичкиликка ўч бўлган. Аммо фарзандларнинг туғилиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Онамнинг айтишларича, бир неча ойлигимда отам мен билан сайр қилгани чиқади. Мен ётган аравачани кўчада қолдириб, қандайдир “дўстлари” билан пивохонага киради. Уйга ёлғиз қайтади. Онам эшикни очиши билан “Маша қани?” деб сўрайди. Дадам пешонасига уриб буриладию, шамолдек учади. Онам ўзини йўқотиб қўйгани учун чополмасдан зинапояда эмаклаб қолади. Чунки биз сайрга чиққанимиздан буён анча вақт ўтган экан-да. Худога шукурки, улар мени қўйиб кетилган жойдан топишади».
Бу фикрлар шундан далолат берадики, Василий Шукшинда камдан-кам кишиларда бўладиган иродалилик, фарзандга меҳри кучли бўлган! Ўта оғир азоб-уқубатларни, қийинчиликларни бошидан кечирган, меҳнатда тобланган адиб сабот-матонатли киши эди! Икки ўқув юртини ташлаб кетиб, ўн саккиз йил чилангарлик қилишнинг ўзи бўлар эканми?
Ўн саккиз йил оддий ишчилик.
Бунинг устига квартираси бўлмаганлиги сабабли, яъни кўпинча ҳар жойда сафардалиги туфайли аксар ҳолларда ётоқхоналарда, меҳмонхоналарда, шифохоналарда ижод қилишга мажбур бўлган…
Боя таъкидлаганимиздек, унинг уч нафар қизи бор эди. Биринчи турмуш ўртоғи Виктория Сафроновна унга қиз туғиб берди. Аммо нима учундир буни иккинчи оиласидан сир тутишга ҳам уриниб кўрди. Ҳатто қизи Катя биринчи синфга борганидан сўнггина уни ўзининг фамилиясига ўтказиб олди. (Адибнинг ўзи ана шу қизи мастлик туфайли туғилганлигини, унинг хотини Виктория Сафроновна эса Василий Шукшин кўп ичиши туфайли ундан воз кечганлигини айтган).
Адиб 34 ёшида Виктория Сафроновнага уйланганди. Кейинчалик Лидия Николаеевна билан турмуш қурди. Ундан икки қиз кўрди. Уларнинг исми Мария ва Ольга эди. Улар кинорежиссёр ва телевидение ходими сифатида танилдилар.
Василий Шукшин ижодини кинодан айри ҳолда ўрганиш ҳам, тадқиқ этиш ҳам мушкул. Чунки у бутун ҳаёти давомида турли фильмларга режиссёрлик қилди. Ҳайрон қоласан киши. Бунга қандай қилиб улгурди экан? Ўнтага яқин сценарий ёзишнинг, салкам ўттизга яқин рол ижро этишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун қанчалик кўп вақт, машаққатли меҳнат зарур эмасми? Бешта фильм-ни ўзи яратишга, романлар, қиссалар, юзлаб ҳикоялар ёзишга қандай муваффақ бўлди экан? “Қизил бодрезак” фильми шов-шув бўлганлигидан хабарингиз бор. (Уни айримлар “Алвон бодрезак”) ҳам дейишади.
Бадиий фильмдаги Игор образи шунчалик мукаммал эдики… Шукшиннинг ўзи ҳатто: “Игорга ачинаман. Бу тақдир юрагимни ниҳоятда ачиштиради. Шароит бошқача бўлганида у тамоман ажойиб инсон бўларди”, дейди ўкинч билан.
“Қизил бодрезак” фильми кутилмаганда юзага келди. Адиб бир куни вояга етмаганлар қамоқхонасига бориб учрашув ўтказади. Бу воқеадан, учрашувдаги фикрлардан ниҳоят даражада таъсирланади. Ҳатто уч кун ўзига келолмай юради. Ва ниҳоят шу ҳодиса сабаб фильм яратиш ғояси туғилади.
Василий Шукшин зўр маҳорат, катта ҳаяжон ва меҳнат туфайли фильм сценарийсини ёзиб тугаллайди. Аммо… Унга қаршиликлар кўп бўлди. Ҳатто суратга олиш жараёнида ҳам ночор аҳволга тушиб қолди. Горький номидаги киностудия ва тегишли идоралар ҳаттоки уни плёнкадан қисиб қўйди. Бир бало қилиб шалағи чиқиб қолган асбоб-ускуналар билан кинони ниҳоясига етказади. Лекин, Шукшиннинг бахтига бир нечта фильмларга қўшиб “Қизил бодрезак”ни ҳам КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари Леонид Ильич Брежневга кўрсатиш учун олиб кетадилар.
Тавба, кино соҳасидаги мансабдорларга ёқмаган бадиий фильм бирданига Брежневни қизиқтириб қўяди!
Давлат кино қўмитасидаги амалдорлар кўкларга кўтариб мақтаган фильмлар бир ёқда қолиб, Леонид Ильич айнан “Қизил бодрезак”ни яхши кўриб қолганлигини айтмайсизми? Ҳаттоки уни томоша қилиб ўтириб кўзларидан шашқатор ёш чиқиб кетганлигини ўзиям сезмай қолади. Табиийки, давлат раҳбарига жуда маъқул келган бадиий фильм бошқаларни ҳам бефарқ қолдирмайди.
“Кўл бўйида”, “Халоскорлик”, “Мишка, Серёжа ва мен”, “Журналист” сингари фильмлар яратилишида унинг хизмати беқиёс бўлганлигини ҳали-ҳануз эҳтиром билан эслайдилар. Бутуниттифоқ давлат кинематография институтининг режиссёрлик факультетини битирган Василий Шукшин рус кино солномасига улкан улуш қўшганлардан бири сифатида тилга олинади. Шу боисдан унга Ленин мукофоти, РСФСРда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари берилган бўлса ажабмас.
Василий Шукшиннинг ўлими ҳақида сўз кетганда қайғудан юрак ларзага келади, беихтиёр кўзларингизда ёш томчилари пайдо бўлганини сезмай қоласиз. Бу ачинишми ё улкан адибга нисбатан меҳрми, буни дарров англаб етолмайсиз.
Балки, ёзувчи ўз ўлимини олдиндан сезгандир, деган гумон-тахминлар ҳам йўқ эмас. Мана, қизи Мариянинг сўзлари: “Отамиз вафот этганда мен саккиз ёшда эдим. Энг чуқур ва энг қайғули хотира унинг “Улар ватан учун жанг қилдилар” фильмига суратга тушиш учун жўнаб кетаётгандаги ҳолати бўлса керак, деб ўйлайман. Мен уни машинагача кузатиб бордим. Ярим йўлда тўхтаб, у мени ўпиб қўйди. Машинага ўтиргач, менга қайрилиб қаради. Унинг кўзлари ёшли эди. Бу видолашув нигоҳи эди. Бу нигоҳни бир умр эслаб қолдим. Отам фильм суратга олинаётганда вафот этган”.
Ниҳоятда қисқа умри давомида жаҳон киноси ва адабиётига улкан бадиий асарлар билан улуш қўшган буюк ёзувчи ва кино намоёндаси ана шундай мураккаб, машаққатли ва шонли йўлни босиб ўтган эди.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 5 (234)-сон.