ёхуд Фёдор Достоевский ҳаётидан айрим лавҳалар
Табиийки, Лев Толстойнинг қуйидаги нордон гапларини ўқиб, буюк ёзувчига нисбатан шубҳангиз ортмаса ҳам, ҳарқалай, ҳеч бўлмаганда ажабланиб қўясиз:
“У жуда расво ёзади, атайлаб хунук ёзади, ҳа, ишончим комилки, атайлаб, эркалик қилиб шундай ёзади. У тилни зўрлайди; “Телба”да у: “Танишувни сурбетларча тиқиштириш ва афишалаштириш”, деб ёзади. Чамамда, у “афишалаштириш” сўзини бегона, ғарбча сўз бўлгани учун атай бузиб ишлатган. Аммо унинг тилида кечириб бўлмас хатоларни топиш мумкин. Телба: “Эшак — яхши ва фойдали одам”, дейди-ю, бунга ҳеч ким кулмайди. Ҳолбуки, бу сўзлар кулги қўзғайди ёки қандайдир эътироз уйғотади. Бу сўзларни уч опа-сингил олдида айтади. Улар эса телбани калака қилишни яхши кўришади. Айниқса, Аглая шундай. Бу китобни ёмон дейишади, аммо энг ёмони шуки, ундаги Мишкин эпилептик. Агар соғлом одам бўлганида, унинг соддадиллиги, беғуборлиги бизни мафтун қиларди. Аммо уни соғлом қилиб кўрсатиш учун Достоевскийда жасорат етишмаган. У соғлом одамларни ёқтирмасди. У ўзи бемор бўлгани учун дунёни бемор деб биларди…”.
* * *
Жаҳон адабиётининг шоҳ асарлари, дея тан олинган “Хўрланган ва ҳақоратланганлар”, “Қиморбоз”, “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Ўлик уйдан мактублар”, “Ака-ука Карамазовлар” сингари нодир адабий обидаларнинг муаллифи сифатида шуҳрат қозонган улуғ адиб хусусида шундай кескин танқидий гапларни айтиш жоизмиди? Лев Толстой шунга ўхшаш шафқатсиз танқидий мулоҳазаларни дунё адабиётининг устунлари саналган В.Шекспир ижоди ва ҳаёти ҳақида ҳам ҳеч иккиланмасдан айтганлигига нима дейсиз? Демак, илгари буюклар бир-бирини аяшмаган, юзинг-кўзинг демасдан ҳақиқатни очиқ-ойдин айтаверишган. Энди Белинскийнинг сўзларига эътибор беринг: “Лермонтов кўп жиҳатдан Пушкиндан миннатдор бўлгани сингари, гарчи жаноб Достоевский ҳам кўп жиҳатдан Гоголдан миннатдор бўлса-да, лекин Достоевский аслини олганда асло Гоголнинг тақлидчиси эмас, балки ўзига мустақил талант¬дир ва ғоят зўр талантлардандир”.
Добролюбов Достоевскийнинг “Бечора кишилар” қиссаси хусусида фикр юритар экан, ёзувчи яратган образларнинг аксарияти реалистик образлар бўлмай, балки “Ҳафсала билан тасвирланган ярамасликлар, ёвуз ва ҳаёсиз хусусиятларнинг йиғиндиси”дан иборатлигини қайд этиб ўтди. Добролюбов “Эзилган кишилар” мақоласида “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романининг авра-астарини ағдариб ташлади.
Тўғри, Достоевский “Бечора киши¬лар”¬ни йигирма беш ёшда, “Оқ тунлар” қиссасини йигирма етти ёшда ёзган. “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романини эса қирқ ёшида яратганди. Демак, у шу ёшида ҳам улуғ танқидчининг қамчисига бардош берган.
Гапнинг очиғи, Достоевский калтакни еб, жим кетаверадиганлардан эмасди. У 1861 йилдаёқ мақола ёзиб, унда бадиийлик тўғрисидаги масала устида мунозара бошлаб, Добролюбовни бадиийликни камситишда, санъатга манфаатпарастлик билан муносабатда бўлишда айблади.
* * *
Улуғ ёзувчи Достоевскийнинг ҳаёти ниҳоятда қизиқарли, зиддиятли, айтиш мумкинки, ҳатто фожиали бўлган. Унинг тузукроқ ёстиқдошга ёлчимаганини тад-қиқотчилар афсус билан ёзади.
“Бечора кишилар” қиссаси билан баҳор осмонида чақнаган чақмоқдек кўринган, ҳарбий кийимда камтаргина бўлиб юрадиган Достоевский Семипалатинскда юраги бир ҳапқириб кетади. Унинг нозик ҳиссиётларга тўла қалбини забт этган аёл шаҳар амалдорларидан бири Исаевнинг хотини Мария Дмитриевна эди. У билан учрашув шунчалик ҳаяжонли кечадики, ҳаттоки улар бир-бирларига ошиқу беқарор бўлиб қолишади. Кейин билса, Мария кўзни ўйнатар даражада гўзал бўлгани билан кўнгилни айнитар даражадаги хунук жиҳатлари ҳам бор экан! Тажанглиги, сиркаси сув кўтармайдиган феъл-атвори, қилиқлари одамнинг жонига тегиб кетарди. Шундай аёлни нега севиб қолди экан? Бунинг устига, ҳали эридан ажрашмаган бўлса… Унинг муҳаббатига ҳатто Мариянинг қайсар, характери оғир ўғли ҳам ғов бўлолмади. 1821 йили туғилган, сўққабош бўлиб юрган Фёдор Михайловичнинг бирданига оилали, болали аёлни севиб қолгани кўпларни ҳайратлантирди.
Эри Исаевни жуда олис жойга хизматга юборишгани учун Мария ҳам у билан бирга кетиб қолади. Беадад айрилиқ онлари бошланади. Соғинч ҳисси Достоевскийнинг юрагини ўртайди. Ниҳоят, эри ичкилик балосидан қазо қилади. 1855 йил август ойида Мария қарз олиб, уни дафн этади.
Камбағаллик Мариянинг жонига тегади, кечалари ухлай олмайди, қарзлари кўпайгандан-кўпаяверади.
Достоевскийнинг сабр-бардошини қарангки, ҳатто Мариянинг эри ўлганидан сўнг ҳам бир ярим йил кутди. Сўнгра 1857 йил 6 феврал куни уларнинг тўйи бўлиб ўтди.
Лекин ҳурилиқо Мария феъл-атворидаги салбий жиҳатлар — урушқоқлиги, жанжалкашлиги Достоевскийни безор қилиб юборади. Мария Дмитриевнанинг бу хархашалари, айниқса, ўпка сили дардига гирифтор бўлганидан кейин авжига минади. Турган гапки, бундай инжиқликлар адибнинг севги оловида ёнган юрагини муз каби яхлатиб юборади. Эндигина қад ростлаган оила қўрғонининг тиниқ кўзгусига дарз кетади.
Уч йилдан сўнг улар бошқа-бошқа шаҳарда — Мария Москвада, Достоевский эса Петербургда истиқомат қила бошлайди.
1864 йили фожиалар бошланди. Апрел ойида аёли Мария, 25 сентябрда дўсти ва сафдоши, шоир ва таржимон Аполлон Григорьев қазо қилди. Ёзда тўсатдан акаси Михаил Михайлович оламдан ўтди.
* * *
Мария улуғ ёзувчининг ҳаётида шундай ўчмас из қолдирдики, адиб уни ҳатто асарига прототип қилиб ҳам олди. Негаки, ўзи яхши билган, англаган инсон характерини романда акс эттириш ўнғайлигини у яхши билар эди. Талантли адиб учун ўзи ҳис этган, кўриб-билиб юрган, бевосита иштирокчиси бўлган воқеа-ҳодисаларни тасвирлашдан ҳам қулайи борми? Унинг баъзи романларидаги образларни эсласак, уларда айни Мария характери акс этганига ишончингиз комил бўлади. Мисол учун, “Ака-ука Карамазовлар” романидаги Грушенка, “Телба” асаридаги Настасья Филипповна образларини бир эсланг. Ёки “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романидаги Наташа, “Жиноят ва жазо”даги Катерина Ивановна образлари Достоевскийнинг илк аёли Мария Дмитриевна характерига ўхшаб кетади. Табиийки, ёзувчи юқоридаги аёл қаҳрамонларга Мария характеридаги ижобий томонларни, шунингдек, ундаги жиззакилик ва тажангликни сингдириб юбора олган. Натижада биз тилга олган романлардаги кучли характерларнинг табиийлиги, ҳаётийлиги таъминланган.
Турли хил фожиаларга тўла характерлар яратган Достоевскийнинг ўз ҳаёти ҳам фожиаларга лиммо-лим эди. У 27 ёшдаёқ Петрошевскийнинг сиёсий тўгарагида қатнашганлиги учун чор ҳукумати томонидан осиб ўлдиришга ҳукм қилинган. Ҳукм, ижро этилиш арафасидагина, сургун жазоси билан алмаштирилади. Тўрт йиллик каторга, олти йиллик Сибир сургуни жабри… Адиб 1859 йилда сургундан озод бўлиб, Петербургга қайтиб келади.
У сургундаги йилларида “Наҳотки энди қўлимга қалам ушламасам, агар ёзмасам ўлиб қоламан-ку. Ўн беш йилга қамалсам ҳам қўлимда қалам бўлгани яхши эди”, деб зорланади.
Сургундан қайтганида Достоевский 37 ёшда эди. Бу ёшда, масалан, Пушкин ўзига ҳайкал қўйиб улгурганди.
1856 йил 1 октябрда унга — Семипалатинскдаги 7-батальон ҳарбий хизматчисига — прапоршик унвони берилган. 1859 йили эса, Омск қалъасининг собиқ сиёсий маҳбуси Тверь шаҳрига жўнатилган, ҳарбий хизматдан озод этилган. Мана, энди у эркин қуш…
Эҳтимол, Сибир сургунида жабру жафолардан елкаси яғир бўлмаганида “Ўлик уйдан мактублар”дек ҳаётий, бадиий жиҳатдан хийла пишиқ асар дунёга келмасмиди? Сибир, қамоқхонадаги чиркин ҳаёт тасвири бунчалик табиий чиқмаган бўларди, балки…
Ниҳоят, Достоевскийнинг ҳаёт осмонида бахт юлдузи чарақлай бошлагандек бўлади. Негаки, адиб эндигина йигирма икки ёшга қадам қўйган Аполинария Сусловадан эҳтиросларга тўла ишқий мактуб олган эди. Хотинининг инжиқликларига дош беролмаган ёзувчи учун бу айни муддао бўлади. Бироқ унинг севинчи сароб бўлиб чиқди. Аполинарияни қаттиқ севиб қолган бўлса-да, бу аёл ҳам адибнинг зимистон бўла бошлаган кўнглини ёрита олмади.
Достоевский адабиёт фондидан 1500 рубллик заём олганди. Бу маблағ ҳисобига улар Францияга боришмоқчи эди. Нима бўлди-ю, Аполинария Парижга Дос-тоевскийдан олдин жўнаб кетади. Бу ҳам камлик қилгандай, испаниялик бир эркак билан танишиб ҳам олади. Аввалги, Петербургдаги ишқий кайфиятдан асар ҳам қолмайди. Улар ўртасида жарлик пайдо бўлади. Энг яхшиси, ажралиб кетиш… Чунки Аполинария испаниялик йўловчига турмушга чиқмоқчи эканлигини очиқдан-очиқ айтишдан ҳам уялмайди.
Орадан кўп ўтмай улар биргаликдаги ҳаётига нуқта қўйишди: кечагина бир-бирларини жонларидан ортиқ кўрган эр-хотин ажралишди-қўйишди. Уларнинг севгиси тез сўнишида, аксарият тадқиқотчиларнинг фикрича, Фёдор Михайловичнинг айби камроқ. Негаки, Аполинария севгиси омонат эканлигини кейинги йилларда янада яққолроқ намоён этди. Биринчидан, умр йўлдошга ёлчимади. Иккинчидан, ким билан оила ипини боғламасин, сал ўтмай чирт этиб узиб кетаверди. Мисол учун, қирқ ёшни қоралаганида эндигина ўн саккиз баҳорни қаршилаган файласуф В.Розановни ёқтириб қолди. У Розановга ҳам вафо қилмади: қўл силтаб кетди-қолди.
Табиийки, адиб ҳаётининг маълум бир қисмида ўчмас из қолдирган Аполинария Суслова Достоевскийнинг юрагида қайсидир жиҳатлари билан муҳрланиб қолганди. Шу боисдан бўлса керакки, бу ўзига хос ҳурилиқо ва фикр-ўйлари тез ўзгариб турадиган аёл қиёфасини асарларида гавдалантиришга ҳам имкон топа олди.
Мана, масалан, “Қиморбоз” романидаги Полина образи кўп жиҳатлари билан ёдингизда муҳрланиб қолади. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳаётдаги Аполинария Суслова билан романдаги Полина бир-бирларига жуда-жуда ўхшаш. Англайсизки, адиб Сусловани Полина образига бекорга прототип қилиб олмаган экан!
Фёдор Михайловичнинг “Қиморбоз” романи ёзилиши тарихини эслаганда киши кулишни ҳам, ачинишни ҳам билмай қолади. Яшай деса, чўнтагида пули йўқ. Нима қилсин? Адиб икки ўт орасида. Буёғи ношир Стелловский билан шартнома қўйган. Вақт эса зувиллаб ўтиб кетаётир. Шартнома муддати тугашига бир ойдан ортиқроқ фурсат қолган. Пул излаб қаёққа бошини урсин?
Аслида, ёзувчи романини “Қиморбоз” деб эмас, “Релетенбург”, дея номлаган эди. Тўғри, тафсилотлар, ҳатто қаҳрамонлар характери, хатти-ҳаракатларигача мия¬да пишитилган. Уни янада тезроқ ёзишнинг эса имкони йўқ. Икки оёғи бир этикка тиқилган кунларнинг бирида таниш-билишлардан бири жонига оро киради. У роман матнини тезда кўчириб берадиган стенографистка қиз топиб беришини ваъда қилади.
Табиийки, адиб суюниб кетади. Анна Григорьевна Сниткина деган қизни унга тавсия этишади. Эндигина йигирма ёшни қоралаган қиз ёзувчига дастлаб ёқмайди. Адиб қирқ ёшдан аллақачон ўтиб кетган, икки марта уйланган, бунинг устига камбағал, касалманд. Қизга эътибор ҳам бериб ўтирмайди. Кечқурун келинг, балки ишлаб кетармиз, дейди совуққина қилиб.
Гимназияни тугаллаганига кўп бўлмаган қиз дастлабки кунлари ишлари унчалик ўнгидан келмаганлигидан хижолат бўлади. Ахир, у рўпарасида турган машҳур бу адибни кўришни, у билан гурунглашишни ҳавас, ҳатто орзу қилганди. Ажойиб асарларини ўқиб ҳузурланганди, романлари, қиссалари қаҳрамонлари ҳаёти қизни ларзага солганди. Энди бўлса… Ўша таниқли адиб ишга таклиф қилиб ўтирибди. Бундан ортиқ бахт борми?! Табиийки, қиз дастлаб суюниб кетганди. Ишлаш кечқурун — соат саккизга қолдирилгач эса, негадир кўнгли бироз ғаш бўлади.
Нима бўлса бўлар, деб кеч тушиши билан у яна келади. Лекин, омадни қарангки, ёшлари ўртасида катта фарқ бўлса-да, улар тезда тил топишади.
Анна Григорьевна бой-бадавлат бўлмаса-да хийлагина жаҳлдор бу адибга кўникиб ҳам қолади. Ёзувчининг инжиқликлари, касалмандлиги уларнинг иноқлашувига халал бермайди.
Улар бир-бирлари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетадилар. Ҳатто бири иккинчисини сал вақт кўрмаса туролмайдиган даражада соғинишарди.
Турган гапки, стенографисткага айтиб ёздирилган асар ношир Стелловский белгилаган муддатдан олдин — 1866 йил 29 октябрда тугалланди. Бунда ёқимтой қиз Анна Григорьевнанинг улкан ҳиссаси борлигидан кўз юмиб бўлмас эди.
Илк муваффақиятдан руҳланган адиб енг шимариб ишлай бошлайди: “Жиноят ва жазо” романининг давомини ёзишга киришади.
Гапнинг очиғи, дастлаб Анна ёзувчининг ўзи ўйлагандек эмаслигини билгач ваҳимага тушиб қолади. Достоевский олдига қўйилган таомни ёғоч қошиқда тановул қилар, бунинг устига қўлига пул тушса орқа-олдига қарамасдан харж қилиб юбораверарди. Гўё маданиятдан узоқ одамдай тузукроқ кийинишни ҳам билмаслиги қизни ҳайратга солади. Энди бўлса мана шундай одамни бир кўришдаёқ ёқтириб-севиб қолганига нима дейсиз?
Тавба, меҳр-муҳаббат қўйиш учун бош¬қа тузукроқ — чиройлироқ, ёшроқ эркак қуриб кетганмиди, дейсиз беихтиёр. Фёдор Михайловичнинг фақат машҳур ёзувчилигини айтмаса… Жаҳли ҳамиша бурнининг учида турадиган, ёши қирқдан ошиб кетган одамни севиш…
Достоевскийга ҳам осон тутиб бўлмасди. Аёли Аполинария бош¬қага турмушга чиқиб кетиб қолган, ўгай ўғлини боқишга мажбур. Шу боисдан, бир оқсоч аёлни хизматкорликка ёллаган эди. Бунинг устига қашшоқлик балоси эзади, қарзлари анчагина. Ҳор¬ғин, ҳаёт азоб-уқубатлари эзиб қўйган, норози қиёфадаги бу одам Анна Григорьевнадек ёшгина соҳибжамол қизга ёқиб қолди.
Аннага дастлаб эллик сўм пул бериб, ўша адибга бироз ишлагин, дея тайинлашганди. Аммо қиз адибга бутунлай боғланиб, уни кўрмаса туролмайдиган даражага етади.
1867 йилнинг 15 февралида уларнинг тўйлари бўлиб ўтади ва адиб вафот этгунга қадар — 1881 йилгача бирга яшашди.
Фёдор Михайлович қазо қилганида Анна эндигина ўттиз бешга қадам қўйганди. Аммо адибдан бир неча фарзандлар, ўнлаб шоҳ асарлар қолди.
Анна Григорьевна ёзувчининг оғир ва уқубатли ҳаётига шерик бўлди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, аввало, муҳтожлик Дос¬тоевскийнинг елкасидан зил-замбил юк бўлиб босиб турарди. Иккинчидан, ундаги тутқаноқ дарди анча йиллардан бери азоб берарди. Бунинг устига, Сибирда сургунлик йилларидаги азоб-уқубатлар асорати безовта қиларди. Булар ҳам камлик қилгандай, ёстиқдошга ёлчимаслик, ҳадеб умр йўлдошни янгилайвериш…
Аслини олганда, Достоевскийнинг мучали чаён бўлиб (24 октябр¬дан 22 ноябргача туғилганлар шу мучалга тегишли), бу даврда дунёга келганларга қуйидагича таъриф берилган: «Мучал соҳиби жуда ҳиссиётга бой, ташқи кўринишидан босиқ бўлса-да, жаҳли тез. Агар уни севиб қолсангиз кўп қи¬йинчиликларга бардош беришингизга тўғри келади. У ҳеч қачон туйғуларини очиқ намоён қилмайди. Сизни кўпчилик олдида изза қилиши мумкин. Шунга босиқлик билан чидасангиз бахтга эришасиз. Бу мучал соҳибини бир кўрган одам ҳеч қачон унутмайди. “Чаён” кишиларнинг хотирасида қувноқ ва дилкаш, ёки жаҳлдор, камгап одам қиёфасида сақланиб қолади. Уни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. “Чаён” гўзаллик ва бойлик шайдоси. У ҳамиша севиб яшайди…»
Достоевский характерида, мучалида таърифланганидек, фазилат ва қусурлар йўқ эмасди. Лекин Анна Григорьевнага уйланганидан кейин сержаҳллиги бироз йўқолгандек, ҳаётидан мамнунлик ҳисси зимистон кўнглини чароғон этгандек бўлди.
Аммо… Барибир, нима бўлганида ҳам ўлим жазосига маҳкум этилгани унинг руҳиятига қаттиқ таъсир этганди. Акс ҳолда, ижодининг асосий қисмини ўлим мавзуи эгалламаган бўларди. “Масъума” ҳикоясидаги тафсилотларни, “Жиноят ва жазо” романидаги Расколников образини бир эсланг. Улардаги ўлим даҳшати сизни ҳам ваҳимага солади. Адиб ўлим жараёнини, ҳолатини асарларида эринмасдан, ҳафсала билан тасвирлайдики, демак, ёзувчининг ўзи бир вақтлар ўлим жазоси ижросини ҳаяжон билан кутганида кўнглидан ўтган адоқсиз, қайғули ҳис-туйғулар романлари, қиссалари, ҳикоялари тасвирида қўл келган. Мисол учун, “Кулгили одамнинг туши” ҳикоясини ўқисангиз ўлим ҳақидаги тасаввурларингиз янада кенгайганини ҳис этасиз. Бир қарашда Достоевский эзмалик қилаётгандек туюлади. Диққат билан мутолаа қилган киши бу сўзамоллик эмас, балки тафсилотлар, воқеалар, образлар тадқиқи, ўзига хос батафсил тасвир услуби, мавзуни ичдан ёритиш, унинг туб-тубидаги номаълум мўъжизалар билан китобхонни ошно қилиш усули эканлигига ишончи ортади.
* * *
Достоевскийни қийнаган, унга ҳамиша руҳий азоб берадиган нарса олдинги аёлларидан келадиган хатлар эди. Буни сўнгги умр йўлдоши Анна Григорьевнанинг кундалигидаги қуйидаги ёзувлардан ҳам илғаб олиш қийин эмас. “Кўп ўтмай хаёлимда уйга қайтиш ва Федянинг ёзув столидан топилган хатни ўқиш фикри чақмоқдай “ялт” этди. (Албатта, эркак кишига ёзилган мактубни яширинча ўқиш яхшимас. Аммо, бундан ўзимни сақлашга қурбим етмади. Хат С.дан (адибнинг иккинчи аёли Аполинария Сусловадан — Ж.Х.) эди. Уни ўқиганим сари шунақа ҳаяжонланиб кетдимки, очиғи нима қилишни билмай қолдим. Бир пайтлар боғланган кўнгиллар шафағи боз ёришаётгандай, унинг менга нисбатан ишқ юлдузи сўнаётгандай туюлди. Бундан даҳшатга тушмай бўладими? Эй худо, менга бундай бахтиқароликни раво кўрма! Мен буткул ғамга ботдим”.
Бошқа бир куни эса Анна Григорьевна қуйидагича зорланади: “Аҳволимиз оғир ва таянч нуқтани тополмасдан азоб ва ташвишда юрамиз. Бу ночор аҳволдан чиқишимизга ўзинг кўмак бер, худойим. Агар тирикчилигимиз кўнгилдагидек, пулимиз етарли бўлганида эди, ўртамиздаги муҳаббат ҳаққи, дунёда биздан бахт¬лироқ кишилар бўлмасди. Уйга қайтганимга ярим соатлар бўлганди, қовоғидан қор ёғиб Федя кириб келди. Чойга ўтирганимизда менга атайин столни суриб қўяяпсан, дея гина қилди”.
Достоевскийнинг аёли ўз кундаликларида адибнинг инжиқликлари, қўрс ва тажанг бўлиб юрган кунлари ҳақида ҳам батафсил ёзишни унутмаган: “… уйқум қочиб, ўзимни қўлга ололмай турганимда хириллашидан бирдан Федяни тутқаноқ тутаётганини сезиб қолдим. Очиғи, худо оҳимни эшитган кўринади. Сонечка ё Миша (туғилиши кутилаётган фарзандларимизни у шундай атамоқчи) ҳозирча тутқаноқдан бирор-бир зарар кўрганича йўқ. Кўп синадим. Тутқаноқ олдидан уйқум қочган ё ухлолмаётган бўламан, бунақада қўрқиш, довдираш ярамайди. Ишқилиб, боламизнинг тўрт мучаси тугал бўлсин-да.
Шу лаҳзадаёқ тўшагимдан учиб туриб, шамни ёқдим ва унинг олдига бордим. Менимча, бу сафарги тутқаноғи кучли бўлган, у ҳолсиз, ҳатто кучсизгина иҳраб қўярди. Ё раббим, унинг шу лаҳзадаги қиёфасига боқсангиз эди. Азобдан буришган юзини кўриб капалагим учиб кетди. У гўё тўнгиб қолгандай, айниқса, бурни кўкариб ётарди. Ўлиб қолди-ёв, деб ўйладим. Бундан мени даҳшат босди”.
Эру хотин ўртасидаги бундай даҳшатли ҳолатлар уларнинг ҳаётини “безаган”, кўнгил уйларини обод қилган, деб ўйлайсизми? Бу воқеалар ортида қанчалик руҳий эзилишлар, дилхираликлар… Аммо буларнинг бирортаси Анна Григорьевна билан Фёдор Достоевский ўртасидаги буюк муҳаббатга раҳна сололмади. Улар умр бўйи бир-бирларига садоқатли, меҳр-оқибатли бўлишди, биргаликда кечиришган ўн тўрт-ўн беш йиллик ҳаёт севгининг қудратини намоён этди. Ўлимидан тўрт йил аввал Петербург Фанлар академиясининг мухбир аъзолигига сайланган Фёдор Михайлович рус адабиётида Лев Толстой билан деярли тенг тилга олинади.
Дарвоқе, бу икки улуғ адиб ҳаётларида қандай тафовутлар бўлгани ҳақида эшитганмисиз?
Лев Николаевич бойликдан, мол-дунёдан қисилмаганини яхши биласиз. Ҳатто қашшоқларга мулкларини тарқатиб берганидан хабарингиз бор. Фёдор Михайлович эса, бутун умр камбағаллик азобини тортган. Доим одамлардан қарз олиб, улардан қутулиш пайида бўлган. Лев Николаевич эса, Софья Андреевнанинг ёзишича, оиласи учун айтарли ташвиш чекмаган, куч сарф¬лаб бир нарса қилмаган.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Достоевский умр йўлдоши Анна Григорьевнадан миннатдор бўлиб сўзлайди. Лев Николаевич эса аёли Софья Андреевнадан зорланиб гапиради. Булар оилавий ҳаётда икки буюк ёзувчи икки олам бўлганлигини кўрсатади. Иван Волигиннинг “Достоевскийнинг сўнгги йиллари” китобида бу ҳақида батафсил фикр юритилган. Ҳатто шундай хулосага келиш мумкинки, Лев Толстой оилани биринчи ўринга қўймаган, вақтини ва куч-қувватини ижодга бағишлаган. Достоевский ҳам бутун умрини ижодга сарф этгани ҳолда, асарларидан кун кечириш учун ҳам фойдаланишга мажбур бўлган, ижод қилиб пул топишга интилган.
Шахсий кутубхонамда бундан қирқ бир йил олдин нашр қилинган “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романи (Ҳабиба Зиёхонова таржимаси) сақланади. “Телба” ва “Жиноят ва жазо” китоблари ҳам турли йилларда босилиб чиқди. Негадир Олим Отахонов улуғ ёзувчининг “Ўлик уйдан мактублар” романини тўлиқ таржима қилмади. Тоҳир Малик, Нурбек каби таржимонлар ҳам бу борада анча иш қилишди. Иброҳим Ғафуровнинг машаққатли меҳнати туфайли буюк ёзувчининг бир неча асари ўзбек тилида босилиб чиқди. Аммо Достоевскийдек буюк адиб адабий меросининг, эҳтимол, ўндан бир қисмигина таржима қилиниб ўзбек ўқувчиларига тақдим этилгани унчалик мақтанадиган ҳол эмасдир. “Иблислар”, “Хилватдан мактублар”, “Неточка Незванова”, “Амакининг туши”, “Бечора кишилар”, “Степанчикова қишлоғи ва унинг фуқаролари” сингари ўнлаб асарлари, “Кундалиги”, “Хатлар”и, “Ҳикоялар” китоби ўзбек тилида чиқса, деб орзу қиламиз.
Шу ўринда дунёнинг гениал адибларидан атиги иккитасининг сўзларига эътибор қаратсак. Мана, Г.Маркеснинг фикри: “Ўз олдингга юксак намуналарга тенглашиш вазифасини қўйиб ёзишинг лозим. Мен учун ана шундай намуналар Софокл, Достоевский”. Ч.Айтматов фикри: “Толстой ва Достоевский ҳақиқий классиклардир”.
Ҳеч шубҳасиз, Шекспир, Толстой сингари Достоевский ҳам жаҳон адабиётининг чўққиларидан бири саналади. Унинг сермашаққат ҳаёти биз учун қанчалик қизиқарли бўлса, сермаҳсул ижоди ундан ҳам аҳамиятли ва қадрлидир.
Достоевский асарлари инсонни яшашга ўргатади, хатолардан сабоқ чиқаришга ундайди. Инсон қудрати ва фожиаси ҳақидаги ғамгин қўшиқ каби янграйдиган бу бебаҳо дурдоналар ҳали асрлар оша одамларга наф келтиришига ишонгинг келади.
Жовли Хушбоқ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 42-сонидан олинди.