Валентина Ивашева. Жеймс Жойс

XX аср бошларида ғарб модерн адабиётига тааллуқли умумий анъаналар ирланд адиби Жеймс Жойс ижодида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Декадент адабиётига хос ижтимоий пессимизм ғоялари худди шу ёзувчи асарларида ўз чўққисига кўтарилди. Ялпи инкор этиш руҳида ривожланган Жойс ва бошқа қатор адабий оқим вакиллари ижоди ўртасидаги ғоявий ҳамда формал ўхшашлик мавжудлигининг сабаби ўз-ўзидан равшан. ХХ аср адабиёти тарихида, хусусан, 20-йилларда Европа декадентларини илҳомлантирган ва уларга мураббийлик қилган зиддиятли қарашларга бунчалик мойил шахсни топиш қийин. Улкан ва шу билан бирга ниҳоятда ўзига хос истеъдод соҳиби бўлган Жойс бутун умрини санъатга фидокорона хизмат қилишга бағишлади, бироқ холисанлилло айтадиган бўлсак, у ҳар қандай санъатни инкор этувчи асарлар яратди.
Жойс ижодий методи ўтган асрнинг 20-йилларида Ғарбий Европа ва АҚШнинг йирик ёзувчилари ижодига қай даражада катта таъсир ўтказган бўлса, унинг аломатлари, қўрқмай айтиш мумкин, ҳозирга қадар сезилиб туради. Санъатнинг бирон тури йўқки, тўғридан-тўғри Жойс асарлари, унинг бадиий тафаккури, нуқтаи назари, новаторлигидан таъсирланмаган бўлсин; унинг ижоди санъат оламининг сарчашмасига, маҳорат мактабига, таъбир жоиз бўлса, адабий сарҳадларга жон бахш этувчи қуёшга айланди. Унинг ижодий методи ва у кашф этган адабий усуллар жаҳон адабиётининг энг илғор намояндалари учун бадииятнинг мажбурий қонунлари системасига айлана борди. Зигмунд Фрейд таълимотини шак-шубҳасиз ҳақиқат, деб билган ёзувчи борки, адабиётда Жеймс Жойс инкишоф этган йўлда ижод қила бошлади, бунақалар эса Европада оз эмасди. Шу билан бирга, Ғарбдаги танқидий реализм методининг баъзи йирик намояндалари бу ирланд ёзувчисининг айрим кашфиётларини ўрганиб, ўз асарларида улардан муваффақиятли фойдаландилар. Хуллас, Хемингуэй билан Стейнбек асарларига Жойс ижоди самарали таъсир этди, бу ҳол Фолкнер ижодида ҳам яққол кўзга ташланди, ушбу таъсир кўлами ва қувватини ижодининг бошланғич даврида жуда теран ҳис қилган Дос Пассос ундан илҳомланди ва унга эргашди. ХХ асрнинг 60–70-йилларида бу таъсирни Апдайк асарларида кузатамиз. Англияда Жойснинг бадиий инкишофлари, тўғрироғи, “жойсизм” Виржиния Вулфдан тортиб “психологик мактаб” оқимининг барча вакиллари, маълум даражада, Элиот шеърияти ҳамда унинг издошлари-ю тақлидчилари асарларига ўз муҳрини босди. Ҳаттоки мутлақо бошқа йўналишда қалам тебратган, ҳамкасбларини Жойс ижодига танқидий кўз билан қарашга даъват қилган Грэм Грин ҳам ирланд адибининг бадиий қарашлари таъсирига тушиб қолди.
Жойсга унинг энг йирик ва салмоқли асари – “Улисс” катта шуҳрат келтирди. Умуман, “Улисс” башариятнинг бадиий тафаккурини янги, юксак ва беқиёс босқичга кўтарди.
Жойс ХХ аср декадент адабиётининг энг йирик намояндаларидан бири, номи чиққан адиб эканлиги учунгина эмас, балки ҳозирги замон модернизм адабиёти ҳамда унинг замонавий вакиллари тажрибаларини яхшироқ ва атрофлича тушунишга хизмат қилгани учун ҳам ўрганилади.

Жеймс Жойс (James Augustine Aloysius Joyce, 1882–1941), ирландиялик. Дублин шаҳрининг теграсида, ўртаҳол оилада туғилган. Дастлаб диний мартабага эришиш учун иезуит коллежида ўқиди, бироқ “худо йўлида юрганлар”дан ҳафсаласи пир бўлиб, устозлари билан алоқани буткул узди ва Дублин дорилфунунининг филология факультетига ўқишга кирди. Ҳали ёшлигиданоқ Жеймс жудаям одамови, хаёлпараст эди, ҳеч кимга қўшилмас, китобдан бошқа ҳеч нарса унга руҳий озуқ, қувонч бағишлай олмасди. Талабалик йиллари тилшунослик, антик адабиёт ва тарих илмига берилди. Ёзувчининг олган билимлари истиқболда унинг бутун ижодига ўз таъсирини кўрсатди.
ХХ аср бошларида яшаган аксарият ирланд зиёлилари Жойс каби мамлакатда ҳукм сурган сиёсий, ижтимоий вазиятдан беҳад норози бўлишгани билан унинг бирон-бир ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишмаган эди. Ўша кезлар Ирландияда инқилобий фаолиятсизлик ва ижтимоий ҳаётда оғир инқироз ҳукм сурарди. 1902 йил у ўқишини давом эттиргани Парижга йўл олди, сўнг қисқа муддатга Дублинга қайтиб келди, алҳол, 1904 йили ватани Ирландияни бутунлай тарк этиб кетди. Жойс Ирландиянинг буржуазия синфи мамлакатни таназзул ботқоғидан олиб чиқиб кета олишига ишонмасди, шу туфайли у ерда мавжуд бўлган тараққийпарвар кучларнинг фаолиятини қўллаб-қувватламасди. Шунинг натижасида охир-оқибат ўз ватанини ташлаб кетишга қарор қилди.
Жойс даставвал Триестга боради, сўнг Цюрихда яшайди (айтганча, шу ерда у Фрейд ижоди билан яқиндан танишади ва унинг чинакам ҳаммаслагига айланади), 1920 йили яна Парижга келади. Адиб муттасил муҳтожликда, тинимсиз дард билан олишиб (кўзлари секин-аста хиралашиб, умрининг охирларида бутунлай кўрмай қолади) яшайди.
1907 йили Жойснинг биринчи китоби нашр этилади. Бу 90-йилларда расм бўлган лирик романслар руҳидаги шеърлар тўплами бўлиб, у ўша давр шеъриятини ўз манзумаларида жуда усталик билан пародия қилади. Тўплам номи “Chamber Musik”. Бизда “Якка созанда учун ёзилган мусиқа” деб нотўғри таржима қилинган. Аслида, шу китоб сарлавҳасининг ўзи пародия-шеърлар мазмунига ишора вазифасини ўтарди. Жойс замондошлари яратаётган лирик шеърият моҳиятини ерга уриб, уларни масхара қилади.
1914 йили унинг новеллалардан иборат “Дублинликлар” номли мўъжаз тўплами босилади. Ундан ёзувчининг анча йиллар аввал ёзилган ҳикоялари ўрин олганди. 1916 йили “Навқирон санъаткорнинг сийрати” номли илк романи дунё юзини кўрди. “Дублинликлар” нашр этилаётган йили, бараварига “Литтл ривью” журнали “Улисс” романининг дастлабки эпизодларини эълон қила бошлайди. Мана шу эпизодларнинг ўзиёқ (роман бобларга ажратилмаган) шармандали шов-шувга сабаб бўлади. Китоб ғайриахлоқий асар, деб топилади ва Англияда ҳам, АҚШда ҳам ҳали тўла ҳолида эълон қилинмай туриб тақиқлаб қўйилади.
Ўтган асрнинг бошларида ёзилган ва кейинчалик “Дублинликлар” номи билан чоп этилган ҳикоялар ёш муаллиф иқтидорининг юксаклигидан далолат берарди. Бу ҳикояларида у ўзи яшаётган мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини кенг кўламда акс эттиришни кўзламаган, балки майда ирланд савдогарлари ва зиёлилари образини, уларнинг қон-қонига сингиб кетган тор, биқиқ, ўз манфаати йўлида ҳар қандай тубанликдан тоймайдиган табиатини рўйирост тасвирлайди. Ва халқнинг мана шу қатлами мамлакат тақдирини ҳал қилишда катта кучга эга эканидан надоматлар чекади.
Жойс ҳикоялари бағоят ҳаққоний; образларни ўзига хос типлар сифатида ярата олиш маҳорати ниҳоятда нозик ва баркамол. У аросатда қолган, пуч хаёлларга асир, юксак орзулар ва олий мақсадлардан маҳрум кишиларнинг ночор қисматини акс эттиради. Аммо ирландларнинг инглизча тартиб-идора усулларига мослашиб олгани, иккиюзламачилиги, пасткаш кимсаларнинг ички оламини фош этгани билан Жойс мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини кўрсатишга заррача ҳаракат қилмайди. У Ирландияда ҳеч қачон чўғини кул босмаган миллий озодлик ҳаракатидан гўёки бехабардек ўша “даврлар”ни заррача эсламайди ва эслатиб ҳам ўтмайди. “Дублинликлар” яратилаётган даврда Жойс юрагида оғир асоратлар қолдирган ички низо-ю ихтилофларнинг аламнок ва аччиқ сабоқлари тўпламга кирган барча ҳикояларда ўз аксини топади. Улар ўртаниб, аламдан ёниб, лекин аламангиз ҳазил билан ёзилгандек таассурот қолдиради, мана шу лавҳаларда келгусида яратилажак катта-катта асарларнинг руҳи, ҳар қандай таълимот ва истиқболга олиб чиқувчи йўлларга шубҳа, ишончсизлик билан қараш оҳанглари, керак бўлса, уни рад этиш ғоялари бўй беради. Тирикчиликдан бошқасини билмайдиган, калтабин, тор фикрли ирландларнинг фисқ-фужурга ўчлиги, пасткашлиги ҳамда ақли ноқислигидан ҳазар қилиш Жойснинг ўзи тасвирлаётган одамларга муносабатининг бир учқуни, холос.
Унинг довруғини дунёга таратган, унга бемисл шуҳрат келтирган “Улисс” романида истеъдодининг табиатига хос мана шундай хусусиятлар яққол кўзга ташланади. Айнан мана шу роман адабиёт оламида кутилмаган воқеа бўлди, беҳисоб тақлидчиларни дунёга келтирди ва “Жеймс Жойс мактаби”ни яратди. Жойс ижодий усули (“жойсизм”) узил-кесил ана шу “Улисс” романида қарор топди. Асар ёзиб тугалланмасданоқ “Литтл ривью” журналида алоҳида парчалар босилди ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айтиб ўтганимиздек, Жойс “Улисс”ни қисқартирмай, тўлалигича инглиз тилида, фақатгина Буюк Британиядан ташқарида, нашр этишга эришди, холос: китоб бадиий адабиётда очиқ-ойдин кўрсатиш мумкин бўлмаган нарсаларни ошкора, алоҳида урғу бериб, шу билан бирга, атай ҳирс ва эҳтирос-ла тасвирлангани сабабли одамни хавотирга соларди. Бироқ буржуа ахлоқи ва одобининг назокатпараст хонимлари “романда қадриятимиз қўпол равишда оёқости қилинган”, деб жар солишларига қарамай, ҳали бутунлай чиқиб улгурмасданоқ адабиёт оламида Жойсга тақлид қилувчилар пайдо бўла бошлади. “Улисс” Англияда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам замонавий санъатнинг, яъни модернизмнинг яловбардори, деган эътирофга сазовор бўлди. Уни ХХ аср насри тараққиётидаги буюк кашфиёт, деб баҳолашди.
Жойснинг мўлжали бўйича унинг бу китоби бугунги турмуш ва маданий оламнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи қомусга айланиши лозим эди. Инглиз тилида яратилган бадиий адабиёт намуналарининг биронтасида ҳали-ҳануз буржуа маданияти “Улисс”дагичалик таҳқиромуз, очиқ-ойдин, истеҳзо билан ҳамда заҳаролуд тилда баён қилинмаганди. “Улисс”, – деб ёзади инглиз жойсшуноси С.Голдберг, – ҳаётни абгор, аянчли, дея билувчи ва уни бошдан-оёқ инкор этувчи, бошбошдоқлик ва фаолиятсизликка тўла дунё устидан гоҳ ижирғаниб, гоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулувчи бетимсол намунадир”.
Романнинг айрим эпизодларида католик руҳонийлари ҳамда христиан динининг асос-асослари аямай мазах қилинади. Олтинчи эпизодда бу, айниқса, равшан кўзга ташланади. Унда дублинлик манфаатпараст Дигнамнинг дафн маросимини тасвирлаш орқали католик черкови ақидалари шафқатсиз равишда ҳажв остига олинган. Ҳар қанча мантиққа зид бўлмасин, динга шак келтирган Жойс умрининг охирига қадар католиклигича қолди. Бошқа эпизодларда Британия империяси вакиллари ва уларга итоат этувчи Ирландиянинг қулфаҳм майда мулкдорлари ҳажвга олинади. Бу Стивеннинг мактаб директор Дизи билан бўлган суҳбати (2-эпизод), “Фримен” газетаси таҳририяти (7-эпизод) ва Ирландия вицеқиролининг кортежи тасвирларида (10-эпизод), шунингдек, яна кўпгина саҳналарда кўзга яққол ташланади. Жойс ирланд буржуа зиёлиларининг зўрма-зўраки бесамар инқилобий ҳаракатлари устидан кулади (романнинг кўпгина эпизодларига сочилиб кетган дублинлик манфаатпарастларнинг кўпдан-кўп сиёсий мулоҳазаларини кўринг). Ўзига бино қўйган, ақли калта ирланд мешчанлари асарда шунчалик алам ва жирканиш ҳисси билан тасвирланганки, беихтиёр бундай оғир ҳолат фақатгина ирландларга хос хусусият эмаслиги ҳақида ўйлай бошлайсиз. Зеро, “Улисс” муаллифи буржуа жамиятини аёвсиз танқид қилар экан, бунинг учун шунчалик ранг-баранг, таъсирчан бадиий воситалар ихтиро қиладики, қойил қолмай иложингиз йўқ. Лекин у ўзи тасвирлаётган шу иллатлар тарихий шарт-шароитлар туфайли юзага келганини инобатга олмайди.
“Улисс” романини ёзишга киришган пайтда ёзувчининг дунёқараши узил-кесил шаклланиб бўлган эди. Ёшлигида кўзга ташланган зиддиятли фикрлар ҳам шу орада ўзидан огоҳ қилганди. Жойснинг бу зиддиятли ўйлари Ирландия ва Британия ҳукмронлигига тааллуқли эди; бу католик динининг таъсиридан умрбод қутулолмаган атеистнинг иккиланишлари (аросатда қолишлари)дан бошқа нарса эмасди, аслида; ниҳоят, бу – буржуа маданиятини ёмон кўрувчи, бироқ бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмаслигига ишончи комил инсоннинг башарият маданиятини рад қилишдан ўзга чораси қолмаганидан далолат берарди. Роман нафс ва ҳирс қабиҳлигини фош этувчи ва шу билан бирга одамзод ваҳший, ҳатто янаям тўғрироғи, жирканч ҳамда разил жонзотдир, дея таъкидлагувчи асардир. Жойс фалсафасининг бирламчи тамойили – моддий олам билан инсон онгу шуурига тааллуқли қонуниятларни инкор этиш, ҳаётни, борлиқни хаос, деб қабул қилишдан иборат. Қисқаси, Жойс назарида замон ва макон – субъектнинг тасаввуридаги нисбий категориядир. “Улисс” романида замон ва макон тўхтовсиз равишда дам тораяди, дам кенгаяди ва уларнинг ўзгарувчанлиги китобнинг деярли барча эпизодларида акс этади. Ҳозирги замон бағрида ўтмиш жонланади, унинг ўрнини эгаллаш учун келажак бостириб киради. Вақт бирлиги чек-чегарасиз кўламда кенгайиши ва торайиши мумкин. Шунингдек, персонажлар – шундай инъикос этилади ҳам – бир пайтнинг ўзида, бараварига ҳозир ва келажакда ҳаракат қиладилар.
ХХ аср ибтидосида физика оламида Вақт тушунчасига оид янгича қарашлар пайдо бўлиши билан адабиётда ҳам бу масалага қизиқиш кучайди. Ушбу муаммо Пруст, Уэллс ҳамда Пристли сингари Европа романчилигининг буюк намояндалари ижодида ўзига хос тарзда акс этди, аммо бу аввало Жойснинг “Улисс” романида равшан кўзга ташланди. Маълумки, “Улисс” 1914 йилда эълон қилина бошлаганди, буни унутмаслик керак, Эйнштейн эса нисбийлик назарияси бўйича дастлабки тадқиқотларини 1905 йилда нашр эттирган эди. Қолаверса, нисбийлик назарияси, таъбир жоиз бўлса, Лоренц ислоҳотларини жиддий қайта кўриб чиқиш натижасида пайдо бўлганди. Икки аср оралиғидаги нидерланд физиги Г.А.Лоренц тадқиқотлари худди Эйнштейннинг илк асарлари каби Жойсга маълум бўлганлиги эҳтимолдан йироқ эмас.
“Улисс” бошидан охиригача замон ва маконнинг бир қатламдан бошқасига ўтишига қурилган бўлиб, бу ўтишлар эркин, ҳеч бир лузумсиздек туюлади. Учта одам – Леопольд Блум, унинг рафиқаси Мэрион (Молли) ҳамда ёш ижодкор Стивен Дедалус ҳаётининг бир куни (1904 йил 16 июнь) ҳақидаги ҳикоя (агар шундай дейиш мумкин бўлса), яна Блум билан Мэрионнинг онг оқими (китобнинг сўнгги эпизодида) инъикос топган. “Онг оқими” (Stream of conscience) истилоҳига келсак, уни ХIХ асрда машҳур руҳшунос Уильям Жеймс “Руҳият тамойиллари” асарида қўллаган бўлиб, у замон ва маконнинг бир қатламидан бошқасига узлуксиз ўтиб, кўчиб юришини шундай аташни тавсия этган.
Замондан замонга бундай ўтиб, сирғалиб кўчиб юришларга асардан истаганча мисоллар келтириш мумкин, чунки “Улисс”нинг ўзи роман қаҳрамонларининг онг оқимидаги бир-бирини эслатувчи, бир-бирига ўхшаш, ўзаро боғланган (уйқаш) нохолис хаёлларни тасвирлаб беришга қурилган. Алоқ-чалоқ тушлар кўраётган Мэрионнинг ўтмиш ва ҳозирдаги шаҳвоний тажрибаларини ёдга олиш монологи айни шундай. Лекин Мэрионнинг мунаққидлар такрор ва такрор мисол тариқасида келтирадиган, гўё бир замон қатламидан бошқасига бемалол ўтиб кетишлар, бор-йўғи персонажнинг фикру хаёлларига алоқадор, шу маънода гап бунда қаҳрамонлар хаёлларининг кўчиши ҳақидагина эмас, балки романдаги замон ва макон ўртасидаги чегараларнинг омонатлиги хусусида борадики, булар бир нарса эмас (яъни бир-биридан фарқ қилади). Бошқа бир қатор вазиятларда конкрет образлар кенгайиб ва чигаллашиб, фақатгина бир-бирини эмас, балки воқеа юз бераётган замон доирасини ҳам ўзгартириб юборади. Мисол учун, “Улисс”нинг 3-эпизодида Стивен Дедалус Сандимаунтстрэнд бўйлаб денгиз ёқасидан кетиб бораяпти. У бу ерга эрталаб “жамики буюмларнинг белгилари билан танишгани…” келган. “Кўтарилиб бораётган сув, бу абжағи чиққан этик… У кўзларини юмди ва этиклари чиғаноқлар билан денгиз чиқариб ташлаган чиқиндиларни босиб бораётганини ҳис қилди. Ҳаракат қилиш вақти яқинлашяпти. Стивен энди зулмат ичра кетяпти. У қоронғида енгилгина қадам ташлайди. У соҳил ёқалаб кетяпти-ю, хотираси ўтмишга ўтиб боради. Ўтмиш, ўз навбатида, сездирмасдан келажакдан кўринади”. 10-эпизодда замон билан макон ҳеч нарсага бўйсунмай ўз-ўзидан аралаш-қуралаш бўлиб бораверади, бунда асосий иштирокчи бўлиб шинфейнерҳаракат қилади. “Цирцея” эпизодида (Блум исловотхоналар маҳалласига борганда) китобхон бир замон қатламидан бошқасига ўтишларни кузатаверишга қийналиб кетади. Блум эса дам у, дам бошқа замон ва макондан чиқиб келаётгандек бўлаверади. Блум билан Стивен, улар орқали Дублин ва дублинликлар ҳақида ҳикоя қилатуриб, мана шу эпизодларнинг сўзлашув ва кечинмаларида вақт ўтиши тартибига мутлақо изоҳ бермайди, эътиборга молик жиҳати шуки, ижодкорнинг масъулиятсизлиги ёки чалкашиб кетишидек туюладиган тасвирлар, аслида, муаллифнинг олдиндан ўйлаб қўйган фалсафий ифодасининг кўриниши бўлади.
Нисбийлик ва чек-чегарасиз умидсизлик Жойс ўзини ўраб олган дунёни қандай қабул қилаётганини кўрсатса, шу билан бирга оламни худди шу тахлит бадиий талқин қилишидан далолат беради. Жойс ифодалаётган ҳақиқий воқеалар, табиийки, борлиқни қандай қабул қилаётган бўлса, шунга йўғрилган бўлади ва шу тариқа муттасил у ёки бу персонажнинг мулоҳазалари орқали тўғридан-тўғри “Улисс” матнига бостириб кириб келаверади, зеро, бу аслида муаллифнинг ўй-хаёлларидан бошқа нарса эмас. “Мен ўшанда жуда бахтиёр эдим, – дея фикр юритади Блум. – Ўша мен эдимми, ўзи? Ҳозир-чи, бу мен ўзимманми?” (Романнинг 1935–1936 йилларда “Интернационал адабиёт”да эълон қилинган нашридан). “Бугун кечқурун Иуда йўлга тушса, бу йўл уни Иуданинг ёнига элтади (9-эпизод – В.И.) – Ҳар биримизнинг ҳаётимиз кўпдан-кўп кунлардан иборат кун-бакун… Биз турли хил одамларни кўрамиз, аммо доим ўзимизни учратамиз, холос”. Инсоннинг ҳақиқий мавжудлиги, Жойснинг фаразича, маъносиз равишда унинг ўз аслига қайтишидан иборатдир. Аксар жойсшуносларнинг таъкидлашларича, мана шу туфайли у Вико назариясига катта қизиқиш билан қарайди.
Агарда романдаги воқеалар занжири ва унинг умумий мазмунигагина эътибор қаратадиган бўлсак, у ҳолда “Улисс” – уч нафар дублинлик – эълонлар тарқатиб юрувчи Лепольд Блум, унинг хотини Мэрион Твиди ҳамда ёш адабиётшунос Стивен Дедалус ҳақидаги неча юзлаб саҳифаларга чўзилган ҳикоядек тасаввур қолдиради. Бу уч нафар персонаж гўёки умуминсоний аҳамиятга эга ва шунинг учун ҳам Жойс нияти бўйича, одамзод кечирадиган турлича ҳаёт тарзини тўла ифодалай оладиган тимсоллардир. Леопольд Блум, аллақандай манфаатпараст, майда мулкдорларнинг типик вакили, у – everyman, яъни “ҳаммага ўхшамаган ва бошқалардан фарқ қилмайдиган” нусха. У бузуқ, чаламулла, гарчи баъзи ҳаётий масалаларда фаросатли бўлса ҳам, хурофотларга ишонувчи, қўрқоқ ва майдакаш, лекин шунинг баробарида бағритош эмас, аксинча, меҳрли, ҳатто кўнгилчан. Блум оддийгина одамларга хос яхшилик қилишдан қочмаса ҳам, атрофдагиларнинг назаридаги феълидан юқори кўтарилолмайди, ҳеч қачон кўтарилмаса ҳам керак. Унинг мақсади ва қизиқиш доираси ниҳоятда чекланган, асосан хом сут эмган бандага хос сезгилар билан яшайди, бирон нимани кўрса ёки бирон нима юз берса, унинг сабаблари ва оқибати ҳақида мулоҳаза қилиш тугул ўйлаб ўтирмайди. Кўп жиҳатлари билан Блум – типик одам – ўз даврининг маҳсули. Блум образини яратишда Флобернинг кучли таъсири сезилиб туради. Бунинг устига унда муайян давр ирланд мешчанларининг характерига хос хусусиятлар мужассам. Бу хусусиятлар Блумнинг маданиятсизлиги, табиатида ватанпарварлик туйғуларининг йўқлиги, маҳдудлигида акс этади.
Унчалик ҳам мураккаб бўлмаган эълонлар йиғувчилик вазифасини адо этаётганида Блум муттасил ўзини қийнаётган ва таъқиб этаётган хаёллардан қутулолмайди, таъбир жоиз бўлса, шунга мубтало: ўз жонига қасд қилган отасини хотирлайди, хотинининг нопок эканига ишонганидан таҳқирланиб, эзилади ва ниҳоят гўдаклигидаёқ нобуд бўлган фарзандини куйиниб эслайди. Айниқса, охиргиси, Жойс нияти бўйича, роман композициясида етакчи роль ўйнаши ва кўп нарсаларни ойдинлаштириши лозим.
Блумнинг хотини Мэрион ҳақида китобда кўп гапирилади-ю, лекин ўзи тўғридан-тўғри фақатгина романнинг ибтидоси ва охирида кўринади. Мэрион Твиди образи орқали инсонга, хусусан, аёлларга хос тубанлик ва молпарастлик иллатлари янаям равшанроқ акс эттирилган. Касби қўшиқчи бўлгани билан Мэрион бўптики, ўзининг севги бобидаги саргузаштлари, жазманлари билан учрашиб юришлари ҳақида хаёл қилишдан ортмайди, у тамомила шаҳвоний ҳислар ва бузуқ ниятлар асираси. Жойс фикрига кўра, у бола туғишдан чарчамайдиган серпушт аёл тимсоли, “мангу назокат соҳибаси”. Аммо “мангу назокат соҳибаси” асарда кутганингиздек шоирона қиёфа, аёлларга хос гўзал ва нафис фазилатлар билан китобхонни маҳлиё этмайди, балки баданпараст, иффатини йўқотган, шарму ҳаёсиз аёл сифатида кўз олдингизда гавдаланади.
Китобхонларига Жойснинг илк асарлариданоқ таниш бўлиб қолган Стивен образи ўзгача йўсинда тасвирланади. Башарти Блум билан Мэрион – ҳайвоний одатларнинг тажассуми бўлса, “Улисс”даги Стивен Дедалус – ақл-идрок тимсолидир. Католик руҳонийларининг тарбиясини олган, лекин худосиз бўлиб етишган мактаб муаллими, шоир ва файласуф Стивен Дедалус ўтмишдаги озод Ирландияга хиёнат қилган ҳозирги Ирландиядан нафратланади. Дарвоқе, Стивен ўзининг бу нафратидан узоқ кетолмайди ва ўша ўзининг инкор этиши (тушкунлиги), бадхоҳлиги ҳамда ҳеч нарсага ишонмаслигининг қурбонига айланади. У шахсий ҳамда объектив сабабларга кўра, ўзи ҳаёт кечиришга маҳкум жамиятнинг аҳволини кўриб қийналади. Блумнинг ўзини қуршаган ижтимоий ҳаётга бўлган муносабатини тасвирлар экан, Жойс унинг руҳий оламини қанчалик фош этса, шуури-замирида кечаётган – англанмаган кечмишларини шунчалик акс эттиради. Стивен Блумнинг ғайришуурий дунёсида муттасил юзага қалқиб чиқиб, ўзидан огоҳ этувчи ножўя майл-ҳаваслардан холи бўлса-да, беҳаловат яшайди, у ўлим тўшагида ётган тақводор онасининг васияти – тиз чўкиб, Худодан унинг билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашдан бош тортганлиги учун муттасил пушаймон ейди, бунинг учун ўзини кечиролмайди.
Блум ва Стивен, ўрта яшар манфаатпараст киши билан ёш шоир – дублин аҳлининг бутунлай бошқа-бошқа қатламларига хос. Аммо асарни ўқиш жараёнида маълум бўладики, Блум билан Стивен – аслида битта шахснинг икки қиёфаси, таъбир жоиз бўлса, бир олманинг икки палласи. Уларнинг йўли роман мобайнида бир неча марта кесишади, лекин деярли охирги дақиқаларда – масалан, исловотхонадаги воқеада – бирикиб, қўшилиб кетади. Блум билан Дедалуснинг бундай номаъқул айш-ишрат ботқоғига ботган лаҳзаларини намойиш этиш орқали Жойс “юксак маънавият ва тубанлик” ўртасида тафовут йўқлиги ёхуд бўлса ҳам жуда омонат эканини бўрттириб ёки таъкидлаб кўрсатмоқчи ҳамда ўткинчи, оний инстинктнинг ақл-идрок устидан устун келишини намойиш этмоқчи бўлади. Романдаги учала асосий персонаж – улар орасида иккитаси тор, манфаатпараст кишилар – ҳаёти ва ҳис-туйғулари оддий инсонларнинг типик намунаси сифатида ифода этилади.
Романда учта қаҳрамон – Блум, Мэрион ва Стивен Дедалус ҳамда улар яшаётган Дублин шаҳрининг бир кунлик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ҳеч бир жиҳати билан алоҳида эътиборга молик бўлмаган оддий кун – 1904 йилнинг 16 июни. Жойс шу уч нафар дублинликларнинг эрталаб соат саккиздан эртаси учларгача нималар қилишгани, нималарни ўйлашгани, нималар ҳақида гаплашганлари, нималарни ҳис қилишганини тасвирлайди. У атайин ўзининг қарашларига мувофиқ инсоннинг ҳаёти нималардан ташкил топишига урғу бериш, уни тўла-тўкис инъикос эттириш учун – дафн маросими, бола туғилиши, висол, қисқаси, кундалик турмушда албатта рўй берадиган, шунингдек, аҳамият бермаса ҳам бўладиган “ҳаёт ташвишлари ва қувончлари”ни батафсил – икир-чикирларига қадар тасвирлайди. Роман қаҳрамонларининг фаолияти, орзу-умидлари, кўнгли ва интилишлари шунчаки, қандайдир бир баҳонада эслатиб ўтилади, холос – бу табиийдир, чунки бу, унинг фикрича, инсон ҳаётининг муҳим, қолаверса, асосий жиҳати эмас, ахир, ҳамма ва ҳар бир шахс шу тахлит яшашга маҳкум.
Тараққийпарвар инглиз мунаққидлари (Уэст, Кеттл ва бошқалар) романда “инсон мавжудлиги” фақатгина физиологик жиҳатдан талқин этилганига эътибор қаратишади. Агарда дублиндаги таҳририятлардан бири тасвирланган эпизодни олиб ташласа, романда ҳеч ким ҳеч қандай иш қилмаётгани маълум бўлади-қолади. Фақатгина минг хил одамлар кино тасмасидек лип-лип ўтади, улар учрашадилар ва хайрлашиб кетадилар, катта шаҳар кўчаларида ўтиб-кетиб юрган беҳисоб йўловчилар сингари кўп. Уларнинг аксарига ўринли ва аниқ характеристика берилади, бироқ ҳеч бири эсда қоларли фаолият юритаётган бир жараёнда кўрсатилмайди. Бу тахлит кузатув ниҳоят даражада адолатлидир. Асарни ўқиб чиққан зийрак китобхон шундай хулосага ҳам келади.
Қаранг, юқорида айтиб ўтганимиздек, 16 июнь тонгининг манзараси: Стивен Дедалуснинг ошна-оғайнилари билан ўзи яшайдиган Дублин кўрфази соҳилидаги минорада нонушта қилаётгани тасвиридан бошланади, кейин унинг денгизда чўмилиши, сўнг бу ёш йигитчанинг мактабда ўтаётган тарих дарси, унинг шу мактаб директори – хотирасини йўқотаёзган мутаассиб Дизи билан суҳбати. Алоҳа, бир пайтнинг ўзида Блум билан Мэрионнинг уйқудан уйғониши кўрсатилади. Блумнинг эралабки ювиниш-кийиниши майда икир-чикирига довур акс эттирилади, кейин унинг шаҳарга жўнаши, қайтиб келиши, эрталабки нонуштаси, ҳожатхонага кириши, ҳаммомдаги ҳолати ва почтага бориши тасвирланади. Ҳамма нарса муаллиф томонидан батафсил, бир хилда синчиклаб ва қандоқ бўлса, шундай ҳолда бўямай-бежамай баён қилинади. Жойс ғоятда синчковлик билан эрталаб саккизда, ўнда, тушдан кейин учда, саккизда, дея вақтни аниқ белгилаб туради. Шу вақт ичида турли воқеалар содир бўлади ва муаллиф бу лавҳаларни гоҳ кенг кўламда, гоҳ бепарво, арзимас нарсадек чизиб кетаверади. Ўз ташвишлари-ю хаёллари билан йўлга чиққан Блум ва Стивен бир неча марта учрашиб қоладилар, хайрлашиб кетадилар.
Блум барга киради. Блум Дигнам деган ошнасининг дафн маросимига боради, уни ерга қўйишда қатнашади. Жанозадан кейин у “Фримен” газетаси таҳририятига боради, соат бирда ресторанда тушлик қилади. Кейин миллий кутубхонага бориб, соат иккида ўша ерда Стивенни учратади. Кутубхонага Блум маълумотнома сўраб борган бўлса, Стивен Дедалус у ерда фалсафа ҳамда адабиёт бўйича суҳбат қуради. Вақт ўтаверади. Соат учда Блум Дублин кўчаларида санғиб юрган бўлади. Кўча ҳаракати суръати берилади, одамларнинг қиёфалари бирма-бир кўз олдингиздан ўтади, йўловчиларнинг аниқ портретлари чизилади. Блум барга киради, мусиқа тинглайди, куй унинг шуурида хотиралар уйғотади. У Марта исмли бир пайтлар донлашиб юрган бемаза қизга мактуб ёзади. Соат бешда бир танишини излаб яна ресторанга киради, у ерда шинфейнер билан сиёсат ҳақида баҳсга киришади; бу мунозара жанжалга айланиб кетишига сал қолади… Кечки соат саккизда Блум қумлоқ соҳилда пайдо бўлади, бу ерда ёшгина қизни кўриб, ярамас, шаҳвоний хаёлларга берилади. Кейин Блум танишларидан бирининг хотинини кўргани туғруқхонага йўл олади. Туғруқхона ёнида Блум яна Стивенни учратади, ҳар хил одамларнинг ҳар хил гап-сўзлари, шундан сўнг Блум билан Стивен Дедалус исловотхоналар жойлашган мавзега йўл олишади. Разолат ботқоғига ботган одамларнинг хатти-ҳаракатлари тасвирланади. Танқидчилар ҳақли равишда жойсона “Вальпургия тунлари” деб атаган бу эпизод романда муҳим аҳамият касб этади. У ердан чиқаётганда Блум маст-аласт матрос уриб дабдала қилган Стивенни қутқариб қолади. Ярим кечада қаҳрамонлар Дублин кўчаларида тентираб юришади, кейин извош ҳайдовчиларнинг чайласига яшириниб олишади, у ерда ҳам яна ҳар хил одамлар билан, хусусан, кекса денгизчи билан узоқ суҳбатлашадилар. Блум Стивенни ўз уйига эргаштириб боради. Тонгга яқин Стивен Блумнинг уйидан чиқиб кетади. Блум эса ухлаётган бевафо хотинининг ёнига ётади. Романнинг сўнги эпизодида Мэрионнинг ярим-ёрти англашилган шаҳвоний хотира-хаёллари оқими берилади. Асарнинг ташқи зоҳирий қатламида юз берган ҳодисалар ана шулардан иборат.
Бироқ “Улисс”нинг мазмуни ташқи омиллар билан белгиланмайди. Жойс ўзи яратган персонажлар ҳаётини шунчаки қайд қилиб қўйиш билан чегараланиб қолмайди. Уларнинг бошидан ўтган воқеалар асарнинг ҳақиқий мазмун-эътиборини аниқлаб берадиган ғоя-фикрнинг туб негизини ташкил этади. Романда акс этган воқеа-ҳодисалар мундарижаси – чувалашиб кетган мажозларнинг ўргимчак тўрига ўхшаб тўқиладиган замини, холос. Мана шу мажозийлик роман моҳиятини очиб беради ҳамда узлуксиз равишда талқин қилишни тақозо этади. “Улисс” бошдан-оёқ изчил ва астойдил маъносини тушунишни талаб қиладиган тимсолларга бой, бунинг устига ҳар битта образ, таъбир жоиз бўлса, фрейдона тагмаънога эга.
Жойс издошлари ва асарлари тадқиқотчилари романни бани башар тарихига аллегория сифатида ёзилган, дея изоҳ берадилар. Жойснинг нияти бўйича эса зулмат қоплаган тартибсиз дунёда инсоннинг сарсон-саргардон кезишини рамзий маънода ифодаловчи роман бўлиши керак эди.
Романни “Улисс” деб аташ орқали Жойс дублинлик манфаатпараст Блум билан Гомер қаҳрамонининг саргардон юришларини қиёсламоқчи бўлган кўринади. “Улисс”нинг “Одиссея”га монандлигига ишоралар романда истаганча топилади, гарчи бу ўхшашлик номигагина кўринса-да, иккала асар – Гомернинг ҳаётчан ва некбин ғоялар билан суғорилган эпоси ва Жойснинг “зулмат қоплаган” “эпопея”си бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Блум образи, ёзувчининг мақсадига кўра, ўз прототипига пародиядир: Блум Одиссей сингари донишманд ва айёр; у ўз юртига, хотини Мэрион (эпосда Пенелопа) ёнига қайтиш йўлларини излаётганга ўхшайди. Стивен Дедалусни яратишда “Одиссея”даги Телемахдан андоза олинган. Асар “Одиссея” композициясига қурилган, унинг эпизодлари классик эпос эпизодларини, персонажлари эса – ўша юнон эпосининг асосий қаҳрамонларини пародия қилиб такрорлайди. Бунинг устига Жойс яратган Улисс “Одиссея” қаҳрамони 20 йил ҳаёти бадалида босиб ўтган йўлни бир кунда босиб ўтади. Романнинг ҳар бир эпизоди “Одиссея”даги эпизодларга ҳамоҳанг бўлиши керак. Қаранг, Блум уйидаги тонг – “Одиссея”даги Калипсо ғорига тўғри келади, Дигнамнинг дафн маросими – Улисснинг ер ости салтанатида бўлганини эслатади. “Фримен” таҳририятидаги эпизод “Одиссея” қаҳрамонининг шамоллар маъбуди Эол оролига келиши тасвирига ўхшаш бўлиши керак эди, бар эпизоди – унинг одамхўрлар қабиласи – лестриганлар орасига тушиб қолишига монанд. 10-эпизоддаги Дублиннинг бетартиб шовқин-сурони, одамларнинг бесаранжом югуришлари қай бир жиҳатлари билан Одиссейнинг “Саёқ қоялар” орасида сузиб юришини ёдга солади, Блум билан Стивеннинг исловотхонада учрашиб қолиши – Улисс ва Телемахнинг Цирцес саройидаги учрашувига уйғун. Ниҳоят, Блумнинг ярим кечаси уйига қайтиб бориши – Одиссейнинг ватанига, Пенелопа ёнига келишига монанд.
Гарчи роман маълум даражада Гомер достони структурасини такрорласа-да, аслида китобхон кўз ўнгида мураккаб киномонтаж гавдалангандек бўлади. Асардаги мантиқий мулоҳазалар, назарий қарашларда Жойснинг илк устозлари – ақидапарастлар таълимотининг таъсири сезилади. Ҳаётни натуралистик, ҳаддан ташқари ҳужжатларга таяниб ифода этиш дам-бадам персонажларнинг монологларига кўчиб ўтади, кейин бирдан узилиб қолади-ю, уларнинг фикр-мулоҳазалари орқали шарҳланади. Шунингдек, Жойсга тегишли асар матнига ўзига хос киноя-кесатиқлар қўшилади. “Улисс”, ҳеч бир мулоҳазасиз айтиш мумкинки, бошдан-оёқ услуб ва сўзларнинг кескин ўзгаришини талаб этувчи турли-туман пародияларга тўла. Жойс Библия матнлари билан черков китоблари услубини, рицарларнинг олийжаноб ҳаёти ва саргузаштлари тасвирланган асарларни, кейинги Уйғониш даври адабиёти ва қадим ирландларнинг сагаларини ҳажв остига олади. У ҳикоя қилиб бераётган воқеалар матнига дам ўша даврдаги бозори чаққон, бемаза романлар (Блумнинг жазманига нодир китоблар дўконидан китоб танлаши), дам илмий тадқиқот, дам расмий хат-хабарлар услуби бостириб киради. У ёки бу адабий оқимлар, ҳатто жанрларни пародия қилиш билан чегараланиб қолмасдан, ижодкор алоҳида ёзувчиларни: Мэлорини, Беньянни, Шекспир, Гётеларни пародияга олади. Исловотхонадаги эпизод бошдан-оёқ “Фауст”нинг “Вальпургия тунлари”ни ҳажв қилишга қурилган.
Блум Мартага китоб олиш учун дўконга кирганида, қизнинг дидига мос китоб излайтуриб, бир асар нусхасига дуч келади ва ўша заҳоти, ўша китобнинг ифода усули ўткир пародияга дучор бўлади: “Эри бошидан сочган тиллаларнинг барини у дўконларда шоҳона либослар, қимматбаҳо тақинчоқлару безаклар сотиб олишга сарфларди. Ҳаммаси унинг учун! Раул учун!” 9-эпизодда черков уламолари ва машҳур илоҳиётчиларнинг ёзганлари масхара қилинади: “Барча бидъатхўрларнинг энг муғомбири африқолик Савелий яратган эгамнинг қавли бўйича унинг ўзининг зурриётидир… Рэтлендбэконсуотгемптоншекспир ёки хатолардан иборат комедиядаги шу номли бошқа бир шоир Гамлетни яратди, у ўз фарзандининг отасигина эмас, шу билан бирга, ўғил бўлишдан бош тортиб, ўзини жамики авлодларининг отаси деб ҳис қиларди”. Лекин Жойснинг мукаммал пародияси ўрта аср достонлари, ўша даврда яратилган романлар ва йилномаларни масхара қилганида намоён бўлади (масалан, романдаги туғруқхона ва кўзи ёриётган жувон – Блум кўргани борган миссис Пьюрфойнинг аҳволи ҳақида гап кетган эпизодлар). “Улисс” романидаги пародиялар худди ғаройиб чекинишлардек туюлади, бироқ аслида бунақа эмас. Ҳар бир шундай “чекиниш”, тасвирланаётган ўша персонаж бирор тимсол ёки бир қанча тимсолларга чамбарчас боғлиқ. Бир-бирига ўрин бўшатаётган, алмашаётган усулларда ҳам шу мантиқ кўзга ташланади. Ҳар бир эпизод ўз усулига эга. Баъзи эпизодларда эса бир қанча услублар ўрин алмашиниб келади.
“Улисс” муаллифи одамларнинг меҳнат фаолияти, ижтимоий муносабатлар, Дублинда юз бераётган, қолаверса, Дублин атрофида, ҳаттоки Ирландия ҳаётида ҳали-ҳамон сўнмаётган сиёсий курашларни тасвирлашдан сақланади. Тўғри, шу нарсалардан айримлари ҳажман жуда катта бўлгани сабаблими, романда баъзида кўриниб қолади, лекин асар марказида даврнинг ижтимоий ва сиёсий муаммолари эмас, муаллиф тушунчасидаги инсон – муайян вазиятдаги Блум билан Стивен қиёфаси туради. Қай маънодадир инсон ҳаётини фақат жисмонан тадқиқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Жойс натурализми, аслида, манфур капиталистик тузумнинг асл башарасини фош қилиш иштиёқидан туғилган; шунга қарамай инсонни ниҳоятда пасткаш, палид, жирканч қиёфада акс эттиришга биргина тузумдан нафратланишнинг ўзи камлик қилади. Маҳорат билан акс эттирилган романнинг барча ўринларида ҳаётни ёқимсиз, шафқатсиз, инсонни эса абгор, ҳайвоний нафс, тубан интилишларнинг қули сифатида тасвирлашга ёзувчининг ўзида майл-рағбат кучли эканлиги сезилиб туради. Ёзувчининг қаҳрамонларни кузатувчи нигоҳи унинг умуман инсон табиатини қандай тушунишидан пайдо бўлади. Шу маънода бу нарса “Улисс” романининг муаллифига ҳам тегишлидир. Романдаги Дублин ресторанларидан бирининг тасвирида бу яққол сезилади. Овқатланиб ўтирган одамларнинг қиёфаси ёзувчи томонидан шундай акс эттириладики, беихтиёр китобхонда жирканиш ҳиссини уйғотади: “Унинг (Блумнинг) оғзидаги томоғига тиқилиб, ҳиқичоқ тутди, бемаза гўштнинг қўланса ҳиди димоғини ачиштирди. Охур олдида турган мол”.
Инсонни ҳамда унинг ички дунёсини жисман қандай бўлса, шундайлигича қабул қиларкан, Жойс характерлар яратишга, ким бўлишидан қатъий назар, у ёки бу одамнинг руҳиятини таҳлил қилишга интилмайди. Уни, энг аввало, инсон психикасининг “пинҳоний фаолияти”, ўша, гўёки онг остида рўй бераётган сабаблар, майл-ҳавасларнинг кўлами, пировардида ҳар бир шахснинг ҳаракати, қилмишлари – унинг сезгилари, ҳали шаклланмаган, лекин ёвузлик, бадбинлик яшириниб ётган шуурини инъикос эттириш қизиқтиради. Башарти бу улкан роман саҳифаларида ҳаққоний ва ҳаётий лавҳалар, баъзан кескин ҳажв пайдо бўлиб қолса, воқелик манзарасига бутунлай путур етади, воқелик арзимаган ва мутлақо чакана, аҳамиятсиз шахсларнинг психикасини тадқиқ этиш чоғида майда икир-чикирлар орасида кўринмай кетади. Айтилмаган ва умумлашмаган, тимсолларга айланмай қолган рағбат ва истак-хоҳишларни акс эттиришга эътибор, инчунин, Жойс ижодий услубида онг оқими ҳодисасининг етакчи ўринга чиқиш сабаблари шуларга боғлиқ. Жойс инсон томонидан чала ва мутлақо англашилмаган руҳий таъсирланишни акс эттиришни ўзининг муҳим ва ягона вазифаси, деб ҳисоблаган. Шунга кўра, у ўта мураккаб фикрлаш жараёнини ифодалашнинг турли шаклларини излашда инсон онгида пайдо бўладиган бетартиб оқимлар ва бошқаларникига ўхшамаган онгнинг турли даражадаги теран қатламларида жойлашган алоҳида ҳиссиётларнинг ғайриихтиёрий равишда бир-бирига тўғри келишини тасвирламоқчи бўлади. Жойс методининг сири ҳам мана шунда кўринади. Онг оқимининг ифода шакллари романда ниҳоятда ранг-баранг кўринишда учрайди.
Табиийки, Жойс турли одамларнинг “онг оқими”ни тасвирлашда имкон қадар инвидуалликка интилади; персонажлар монологларининг хусусиятлари (айтайлик, Блум билан Стивен монологлари) бир-биридан тамомила фарқ қилади. У ўша персонажнинг савияси ва маданияти даражасига кўра сўзлайди, индивиднинг ўзига хос жиҳатларига монанд ёритиб беради.
Жойс онгнинг “юза” қатламларида рўй бераётган ўзгаришларни бемисл маҳорат билан тасвирлар экан, улар бундан огоҳ қилаётган объектив воқелик орқали эмас, балки ҳали англамаган онг остки қатламларида содир бўлаётган ўзгаришлар орқали англашилади.
Жойс ҳикоянинг узвий қисмларини бир-бирига боғлайдиган натуралистик тасвирдан бошқа персонажнинг ички монологини ифодалашга ўтаётганда тафаккурни назорат қилувчи субъектив ҳиссиётлар оқимини акс эттиришга интилади. Шу важдан, табиийки, романнинг тили мавҳум, тушуниш қийин кўйга тушади, онгга қалқиб чиққан увин-тўда фикрларни инъикос эттира бошлайди, шаклни тушуниб, ажратиш қийинлашади, жумлалар равонлигига путур етади, узуқ-юлуқ ҳолга келади. Шундоқ ҳам мураккаб ёки яримта-юрумта жумлалар ва иборалар тартибсиз равишда асарга кириб кела бошлайди, нохолис ҳис-туйғулар ҳамда фикрларга асосланган ички монолог мантиқсиз, бир-бирига боғланмайдиган кечинмаларга айланадики, уларни тушуниб олиш қийинлашади ёки “мутлақо тушунишнинг иложи бўлмай қолади”.
“Онг оқими” усулига роман хотимасидаги бош ҳарфларсиз ва тиниш белгиларисиз чўзилгандан-чўзилган Мэрионнинг ички монологи яққол мисол бўла олади. Модомики, Мэрион бутунлай туғма ҳис-туйғулар ихтиёридан чиқолмас экан, унинг онг оқимида ғайришуурий ҳодисаларнинг шуур устидан устунлигини намойиш этиш анча қулайлик туғдиради. Бу ифода, деярли, қаҳрамонларнинг ички монологларидан иборат роман мазмунини акс эттиришда Жойс қандай ранг-баранг тўқималар ўйлаб топганини кузатишга имкон беради.
Католик руҳонийсининг инглиз тилидаги маърузасини тинглаётган Блумнинг онгида турли фикрлар, бир-бирига ўхшамаган ҳис-туйғулар туғён уради. Бунда инглизлар ҳукмронлигидан норозилик ҳам, аёлларнинг тавба-тазарруси ҳақида ҳаёсиз хаёллар ҳам, католиклар маросимида ўқиладиган тавба дуоларига нисбатан ишончсизлик ҳам сезилиб туради. “Жаноб Блум инглизча сўзларни илғаб олиш учун бўйнини чўзди. Уларга сўнгак берсинми. Ғира-шира эслайман, черковга охирги марта қачон келгандим? Gloria билан маъсума қиз. Иосиф унинг завжи. Пётр билан Павел. Агар нима гаплигини билсанг жуда қизиқарли бўлса керак, шубҳасиз. Ҳайратомуз ташкилот, соат механизмидек янглишмайди. Тавба қилишни ҳамма яхши кўради. Унда мен ўзим сизга ҳаммасини айтиб бераман. Тазарру. Мени жазоланг, илтимос. Қудратли қурол бор қўлимда. Врач ёки адвокатдан каттароқ, аёллар жудаям талпинади. Мен эса тш-ш-ш. Сиз эса ча-ча-ча-чами? Нега сиз? Ўзини оқлаш учун узугини кўздан кечиради. Йўлак деворларининг ҳам қулоғи бор, энг охирида эрига маълум бўлади. Худонинг ургани шу”.
Блумнинг мулоҳазаларида кескин ҳажв оҳанги сезилади, бироқ ўша заҳоти бу оҳанг хира тортиб, дублинлик бир мутаассиб одамнинг алмойи-алжойи онг оқимига айланади. У черковни тарк этади, Дублин кўчаларидан кетиб боради, бир замонлар донлашиб юрган Мартадан келган мактубни такроран ўқийди, пойинтар-сойинтар, чала-ярим фикрлар қалқиб чиқади – Блумнинг ички монологида мантиқ бузилади. У чўнтагига солиб қўйган хатни пайпаслайтуриб тўғнағич олади. “Оддийгина тўғнағич-а? Уни кўприкка етганда улоқтириб юборди. Кўйлак-пўйлагидан тушиб қолган бўлса керак, чаккимас. Қизиқ, уларда нечта тўғнағич бўларкан. Тикансиз гул бўлмас”.
Тартибсиз ва мантиққа хилоф онг оқимини ифодалаш учун Жойс ҳар турли усуллар қўллашга ҳаракат қилади. Баъзи ўринларда, айниқса, муаллиф қадимий усулларни пародия қилишга киришганда роман тили истеъмолдан чиққан эски сўзлардан ташкил топади. Истеъдодининг йўналишидан келиб чиққан ҳолда ҳамиша пародия қилинаётган асар услубини сақлаб, улардан келтираётган иқтибосни, дейлик, диний ибораларни қайта ишлаб, бошқа ифода шаклига кўчиради ва асарга киритади. Баъзан романда кутилмаган, янги сўз ёки бирикмалар учрайди, “Улисс” матнида атайин маҳаллий шевалардан олинган, хорижий тиллардан ясалган иборалар, хусусан, ҳам замонавий, ҳам қадимий идиш, юнон ва айниқса, лотин тилига алоқадор ифодалар, сифатлашлар истаганча топилади.
“Улисс”да Жойс сўзларни, исмларни эркин, кўнгли тусаганча бир-бирига улаб, янги сўзлар ясайди. Масалан, бир ерда Жойс “Дэви Бирн эснайтурибкулимсирадибоширғади”, бошқа ерда “Рэтлендбэконсуотгемптоншекспир”, дея сўз ясайди, гоҳида инглизча, баъзан эса бошқа хорижий тиллардан фойдаланиб шунақа жумлалар тузади. Сўзларнинг қўшилиши кўпинча ҳарфларни қўшиб ёзишга ўтиб кетади. Бундай ҳолатларда улар имо-ишора, у ёки бу персонажнинг ҳолати ёки кайфиятини англатишга хизмат қилади. Ички монологларнинг жумлалари майда бўлакчаларга ажралиб кетади. Мантиқсиз фикрини аниқ етказиб бериш учун зўр бераётган муаллиф тасодифий, бир-бирига боғланмаган фикрларни қистириб ўтади ёки жумлани охиригача ёзмай чала қолдиради ва бу билан нотугаллик, нотекисликни кўрсатиб беради. Рафиқасининг кўйлаги ҳақида Блум шундай хаёл суради: “Гўё (мен пайларимни чўзиб юбордим), шу сабабдан (у шу кўйлакда бўлгани учун)”. Ёинки: “Айтишича ҳазил (қилиш) ни яхши кўр (мас) эмиш”.
Бу мисолларни шунчаки келтираётганимиз йўқ, зеро, бу парчаларни ўқиган ношуд “билимдон” дарҳол рўйирост кўзга ташланаётган мантиқсизликдан кўз юмолмай, худди бир нимани кашф қилгандек ёки ҳеч ким кўрмаган хато-камчиликни топгандек ич-ичида севиниб кетиши ҳам мумкин. Ҳолбуки, Жойснинг ўзига хос тили ва сўз ясашдаги шижоати деймизми, тил соҳасидаги закоси деймизми, айниқса, мана шундай онг оқимини акс эттириш чоғида – матнда деярли англаб бўлмайдиган бир-бирига боғлиқ бўлмаган, лекин уюшиб келаётган фикр, сезгилар ҳамда онг остидан қалқиб чиқаётган ғайриихтиёрий таъсирларни инъикос эттиришга уринишларида яққолроқ намоён бўлади.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, “Улисс” романидаги жуда кўп ўринлар жиддий адабиётга муносиб эмас: унда оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар ғиж-ғиж, баъзи ерлари учига чиққан ҳаёсиз фильмларни эслатади. Шулардан бехабар “оддий” китобхон романдан (дилпазир машғулот) мароқли воқеалар излайди, бироқ бунинг ўрнига бу адоқсиз (чек-чегараси йўқ) сўз ботқоғининг дилгирлигини кўриб ҳафсаласи пир бўлади. Очиғини айтганда, “Улисс”ни биринчи марта ўқиб чиқиш оғир иш. Осон эмас. “Ишдан чарчаган пайтларда” кўз югуртириб чиқишдан фойда йўқ. Уни диққатни сусайтирмасдан, биронта эпизод, ҳатто жумлани ташлаб кетмасдан ўқиш керак, чунки ҳаддан зиёд арзимагандек туюлган деталлар яхлит бир бутунликнинг ташкил этилишида асосий восита бўлиши ёки муҳим вазифани бажариши мумкин. Жойс китобхонга ёрдам бермайди, гап нимада эканини тушуниб олгунингча кўп нарсалар англанмай ўтиб кетади, кўпдан-кўп воқеалар орасидаги боғланиш одамни адаштиради, гапда сўз ёки гап бўлаги тушиб қолади, ўрни тўлдирилмайди, жонлантириш, ташбеҳ, мажозлар англашилмайди. Бунинг устига соф тилшуносликка оид қийинчиликлар вужудга келади. Бир томондан ирланд тилида учрайдиган жонли ибораларнинг сероблиги, иккинчи томондан мунтазам равишда сўз ва иборалар ясаш, турли мақсадларда сўзларнинг шаклини бузиш. Бунинг устига ортиқча, шарт эмасдек туюлувчи ҳолатларга, масалан, алоҳида-алоҳида ёзиладиган бир сўзни иккинчи сўзга қўшиб ёзиш, баъзан ўз имло луғати бўйича сўзлар тузишга берилади. Романнинг фақат Ирландияда машҳур, бошқа ерларда, ҳаттоки, Англия ўқувчилари орасида номаълум бўлган (айнан ўша ерда унинг асари жудаям кам ўқилади) буюмлар, нарсалар, жойлар номлари билан тўлиб-тошганлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ва ниҳоят, асосийси, “Улисс” мураккаб асар экани, унинг майда тошчалардан қурилиб барпо этилган маҳобатли иншоотга ўхшашлигидир. Бу тошчалар янаям майда, чигал, бир томондан бириктирадиган, иккинчи томондан чалғитадиган нақшлардан иборат бўлиб, асарнинг катта қисмини ўқиб бўлгачгина, уни яхлит роман ҳолида ҳис қила бошлайсиз ва бу майда, митти бўлакчалар бирлашиб, кўз олдингизда “Улисс” романининг асосий бадиий мазмунини ташкил этувчи йирик инсон образлари, энг аввало, романнинг бош қаҳрамонлари – хусусан, Лепольд Блум тимсолини гавдалантиради.
Қисқаси, Ирландияни тарк этгач, ҳаётдан безган Жойс санъат ошиёнида яшамоқни ихтиёр этди, унинг назарида, фақат шундай қилгандагина у озодлик нашидасидан баҳрадор ва унинг малол келарлик таъсиридан халос бўларди. Эришган юксак муваффақиятлари сўқмоғида адашган ёзувчи ижодкор сифатидаги бор имкониятларини ўша оламшумул асарини яратиш жараёнида сарф этди. Одатда, “Улисс” романини модерн адабиётининг энг мумтоз намунаси сифатида баҳолашади. Тўғрироғи, Жойснинг сўнгги иккита романида образлар тизими қандай инқирозга юз тутган бўлса, бу асарда шакл шундай таназзулга учрайди ва барбод бўлади. Жойснинг ҳаёти давомида эгаллаган билимлар хазинаси, тасвирлашдаги бемисл маҳорати ҳамда тил бобидаги бебаҳо бойлиги барпо этиш, яратишга эмас, балки яксон этишга хизмат қилди. Жойс “Улисс”ни яратиш билан икки ўт орасида қолган, зиддиятларнинг машъум ва ҳалокатли ўпқонларида ғарқ бўлаётган башарият фожиасини акс эттирмоқчи эди. Шпенглер ва бошқа буржуа файласуфларидан кейин у тарихий тараққиётнинг истиқболи йўқлиги ҳақидаги тушкун таълимотнинг яловбардорига айланди, афсуски, ўзи мана шу бадбин ва адолатсиз ҳаётда яшаб, ижод қилишга мажбур бўлди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 5-сон