“Ғамдан ўзга ҳақлик йўқ, дарддан ўзга ҳақиқат…”
1920 йилда китоб дўконларида пайдо бўлган “Ҳаяжон” шеърлар тўпламининг дастлабки саҳифаларида кўринган бу сатрларни ёш шоир Иво Андрич ҳибсда ётиб битганини, кейинчалик бу йигит ёзувчи сифатида дунёга танилишини, ҳатто унинг номи билан аталувчи шаҳар бунёд этилишини ўша пайтда ким ҳам билибди?
Иво Андрич ўзининг дастлабки асарларида ҳаёт, борлиқ, инсон умрининг моҳияти ҳақида туғилган саволларга жавоб излаган бўлса, кейинчалик бу саволлар борасидаги мулоҳазалари кенгайиб, тарихий эврилишлар ва инсон тақдири ўртасидаги боғлиқлик, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар мавзуларигача ўсиб борди. Швеция Қироллик академияси ёзувчини Нобель мукофотига муносиб кўрар экан, ўз қарорини “инсон тақдири ва Ватани тарихи билан боғлиқ муаммоларни бор бўйича очишга имкон берган эпик истеъдоди учун” дея изоҳлагани ҳам бежиз эмас эди.
Иво Андрич 1892 йили 9 октябрда ҳозирги Босния ва Герцеговина ҳудудида, камтаргина мактаб хизматчиси Антун Андрич ва Катарина Андричлар оиласида туғилган. Отаси вафот этганида бўлғуси ёзувчи уч ёшга ҳам тўлмаган эди. Оила боқувчисини йўқотиб, қийналиб қолган бева аёл Вишеградга, эрининг қариндошлари ёнига кўчиб ўтишга мажбур бўлади.
Андричнинг болалиги Вишеградда, рим-католик черкови одатларига қатъий риоя қиладиган тақводор қариндошлари ичида кечади. У шу ерда мактабни тугатади, дилида билим ва маърифатга майл ҳамда рағбат уйғонади. Ёзувчи яшаган ҳудудда турли халқлар – турк, серб, хорват, словен халқларининг урф-одатлари ва маданияти, ислом дини, христианлик динининг католик ва православ мазҳабларига оид, урф-одатлари ёнма-ён яшарди. Чунки Босния узоқ йиллар давомида Усмонли Турклар империяси ҳукмронлигида яшаган. XIX асрга келиб Австро-Венгриянинг, сўнг Россиянинг истило даъволарига нишон бўлган эди. 1908 йилда эса бу ҳудуд Австро-Венгрия империяси томонидан расман забт этилади. Андрич бу вақтда Сараево шаҳридаги гимназияда таълим оларди.
Ватани бошига тушган бу кўргилик йигитчанинг юрагида қандай туғёнлар уйғотганини билиш қийин эмас, боиси у гимназия ўқувчиси бўла туриб, “Млада Босна” номли инқилобий гуруҳга аъзо бўлиб кирган эди. Мазкур гуруҳ Босниянинг озодлиги, жанубий славянларнинг мустақил давлат бўлиб бирлашишлари йўлида кураш олиб борарди. Гуруҳ аъзоларидан бири Гаврило Принсипнинг 1914 йилда эрц-герцог Франц-Фердинандни ўлдириши Биринчи жаҳон урушининг бошланиб кетишига сабаб бўлганини ҳам қайд этиб ўтиш керак.
Шу воқеадан кейин гуруҳнинг кўплаб аъзолари ҳибсга олинди. Улар орасида Загреб шаҳридаги Қироллик университетининг фалсафа факультети талабаси, 22 ёшли Иво Андрич ҳам бор эди. Уни “югослав миллатчиси” деган айблов билан уч йилга озодликдан маҳрум қилишади. Ҳибсда кечган йилларида у Ф.Достоевский романлари, даниялик файласуф Кьеркегор асарлари билан қизиқиб қолади, ўзининг дастлабки иккита китоби – “Денгиз қаъридан” ва “Ҳаяжон” шеърий тўпламларини яратади. Жумладан, “Зулмат” номли шеърида шундай сатрларни битди:
…Ким айтаркин менга шу туни,
Ўтган ишлар, зотлар хотири,
Ўтган кунлар ёди нимадир?
Юрак нохуш урмоқда нечун?
Қайга бошлар у? Нима учун?[1]
Ёш ижодкор эндигина бошланаётган ҳаёт йўли зулмат қаърида ўтиб бораётганидан чеккан изтиробларини шу тарзда ифода қилган эди.
Албатта, унинг бу китоблари уруш тугагандан кейингина нашр этилди. Бу вақтда ёш шоирнинг озодликка чиққанига энди бир йил тўлган эди.
Урушдан кейин у Вена, Краков, Граца университетларида ўқийди. 1924 йилда фалсафа бўйича докторлик диссертациясини ёқлайди.
Унинг асосий меҳнат фаолияти дипломатик соҳаларда кечди. 1920 йилда Ватикандаги элчихонада, кейин Бухарест, Триест ва Граца, Париж, Марсель, Мадрид консулликларида хизмат қилди, Миллатлар Лигасида Югославия қироллиги мунтазам делегациясининг котиби, Иккинчи жаҳон уруши арафасида эса Югославия ҳукуматининг Берлиндаги элчиси сифатида хизмат қилди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Иво Андрич Югославия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан бўлган зиддиятлар боис истеъфога чиқади-да, ватанига қайтади. Лекин бу пайтда уруш садолари Белградга ҳам етиб келган эди. Ёзувчининг виждонли инсон сифатида урушга муносабат билдирганлари ҳам изсиз кетмади: Фашистлар Германиясининг собиқ Югославияга босқини бошланган дастлабки кунлардан (1941 йилнинг апрели) то Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йилида (1945) ватани озод бўлгунга қадар Белградда уй қамоғида сақланади.
Ёзувчининг назарида офат келтирувчи урушлар – ёвузлик мевасидир. “1920 йил санаси қўйилган мактуб” асарида у ватани бошидан кечирган оғир кунларнинг сабаби ҳақида фикр юритади. “Бугун бу кўргилик фақатгина Босниянинггина бошида эмас, мен бу ёвузлик ҳодисасини ҳозир қадрдон Босниямда кўряпман, – деб ёзади у қаҳрамони доктор Макс Левенфельднинг қисмати ҳақида ҳикоя қиларкан. – Макс Босниядаги ёвузликлардан қочиб, Триестга кетган, у ердан эса Испанияга жўнаб, республика армиясига қўшилган эди. Куппа-кундуз куни у ётган ҳарбий шифохона ҳаво ҳужумига учради, у ярадорлар билан биргаликда ҳалок бўлди. Ёвузликдан қочган одам ўз умрини мана шундай якунлади”.
Адибнинг қарашлари ҳибсда ётган йиллари яратилган “Дринадаги кўприк”, “Травния солномаси”, “Ойимқиз” романларидан иборат трилогияда акс этган.
“Дринадаги кўприк” ижтимоий-тарихий роман бўлиб, унда беш аср мобайнида Босния халқи бошидан кечган воқеалар қаламга олинади. Бу роман трилогиянинг қолган қисмларига қараганда кўпроқ тилларга таржима қилинган.
Асарга берилган ном рамзий маънога эга. Катта тарихий даврни қамраган романнинг воқеалари тарқоқдек, қаҳрамонлари, персонажлари кўп бўлганидан, уларнинг тақдири ҳам чигалдек, сўнгги нуқтага етиб келмагандек туюлади. Лекин воқеаларни ва инсонлар тақдирини Дрина дарёсига қурилган кўприк бирлаштириб туради. Иншоотни XVI асрда турклар бунёд этишган. У кўп воқеаларга, севишганларнинг висолига, гуноҳкорларнинг қатл қилинишига, яҳудийлар, мусулмонлар ва насронийлар ўртасида кечган урушларга, мусулмонларнинг ҳам, насронийларнинг ҳам байрам, тўй ҳамда азаларига гувоҳ бўлганлар. Йиллар, даврлар ўтяпти, авлодлар келиб-кетяпти, лекин Дрина дарёси ҳамон оқяпти, кўприк эса ҳанузгача иккала соҳилни бир-бирига яқинлаштириб, қудратли рамз, инсон бунёдкорлигига айтилган қасида янглиғ яшаб келяпти. Йиллар худди дарёнинг суви билан оққандек ўтиб кетаётганига аҳоли кўп ҳам қайғурмай қўйган. Чунки ҳаётнинг ўзи мўъжиза, у тугаётгандек туюлади-ю, лекин Дринадаги кўприк сингари авлодлар билан қолаверади.
Тўғри, ибтидонинг интиҳоси бор, кўприк ҳам йиллар ўтиб кексаяди, лекин инсон умрига андоза қилиб олинган вақт билан солиштирганда бу иншоотнинг қариганини чамалаб бўлмайди, одамлар назарида кўприкнинг интиҳоси кўринмайди. Лекин ХХ асрга келиб, ёвузлик одамларнинг интиҳо ҳақидаги қарашларини ағдар-тўнтар қилиб юборади: Австрия аскарлари мина қўйиб кўприкни портлатиб юборишади.
Лекин ёзувчининг назарида ёвузликнинг устун келиши – муваққат ҳодисаси, шу боис роман сўнггида Али ҳожи тилидан: “Бу ердаги кўприк вайрон қилинган бўлса, балки бошқа бир ерда кўприк қуришаётгандир? Менимча, қаерлардадир, дунёнинг чеккасида Худони эслайдиган одамлар ҳам бор бўлса керак. Агар яратган эгам толеи паст Дринадан юз ўгирган бўлса, эҳтимол, осмон тагида ястаниб ётган бу ғамхона заминдан юз ўгирмагандир?” – дея ёзади.
40-йилларнинг иккинчи ярмидаги ҳикоя ва қиссаларида (масалан, 1948 йилда босилган “Янги тарихлар” туркуми) Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги оғир даврлар, Болқон мамлакатлари тарихидаги Усмонли турклар қўли остида кечган воқеалар (1954 йилда эълон қилинган “Лаънатланган ҳовли” қиссаси) мавзуси етакчилик қилади.
Иво Андричнинг қаҳрамонлари ҳар қандай шароитда ҳам одам инсонийлик қиёфасини сақлаб қолиши шарт, очлик, қашшоқлик ва муҳтожлик одамийликдан ғолиб келиши мумкин эмас, деган ақида билан яшайди.
Масалан, унинг “Гилам” ҳикоясида Ката исмли кампир 1941 йилнинг ёзида, уйини бузиб ташламоқчи бўлган қишлоқ жамоаси оқсоқолидан шафқат сўраб келиб, унинг қабулхонаси полига ташлаб қўйилган форс гиламини кўриб қолади. Бу гилам унга болалигида, Сараевога Австрия-Венгрия қўшинлари бостириб кирган пайтдаги кечган бир воқеани эслатади. Баъзилар босқиндан фойдаланиб, қочиб кетганларнинг буюмларини ташиб оладилар, баъзилар эса аскарларни авраб, талаб олинган бегона буюмларни ароққа алмаштирмоқчи бўладилар. Катанинг онаси қишлоқдошлари бўлган бир турк оиласидан тортиб олинган гиламни кўтариб келган австриялик аскарга бир шиша қўлбола ароқ бериб, гиламни олиб қолади. Бечора она, бу гиламни болалари совуқ кунда қуп-қуруқ ерда ўтирмасин учун полга тўшаб қўймоқчи бўлган экан. Шунда Катанинг бувиси Анджа бу иши учун келинини койиб, гиламни кулбадан чиқариб ташлашни буюради…
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Иво Андричнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки жуда фаоллашади, 1946 йилда у Сербия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланади, Сербия Ёзувчилар уюшмасининг Низомини тайёрлаш ишларида қатнашади, шу йил охирида бўлиб ўтган Сербия Ёзувчилар уюшмасининг таъсис съездида уюшма раислигига ўтади.
Унинг обрўси мамлакатда жуда ошиб кетади. Бунга ёзувчининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги сабаб эди, албатта. Чунки адабий фаолият қоғоз қоралашдангина иборат эмас, унинг назарида ёзувчилик – ижтимоий ҳаёт билан ҳамқадамликда кечадиган мураккаб жараёндир. Бу борада Босниянинг Югославия Федерацияси таркибидаги олтита тенг ҳуқуқли республикадан бири сифатида тан олиниши муносабати билан қилган сиёсий-публицистик чиқишлари, Халқ йиғини иттифоқи сафидаги ижтимоий фаолиятини, славян адабиёти ва маданиятининг яқинлашуви йўлидаги саъй-ҳаракатларини кўрсатиш мумкин. Жумладан, Иво Андрич 1954 йилда серб-хорват адабий тилининг бирдамлиги тўғрисидаги Новисад шартномасини биринчи бўлиб имзолайди. Унинг наздида, бири-бирига яқин, турмуши ва маданияти ҳамнафас бўлган бу икки халқнинг адабий тили ҳам бир бўлиши керак эди.
Иво Андричнинг 50-йилларнинг иккинчи ярми – 60-йиллардаги ижодида, айниқса, унинг ҳикояларида янгича шакллар, йўналишлар, мавзулар пайдо бўла бошлайди. “Ўйин”, “Елена – мавжуд бўлмаган аёл” ҳикоялари шулар жумласидандир. Айниқса унинг “Елена – мавжуд бўлмаган аёл” ҳикоясини ёзувчининг хаёлоти, кечинмалари тасвири, рамзлардан иборат бир асар деб қабул қилиш мумкин.
Ҳикоя қаҳрамонининг юрагида яшаётган ҳислари, унинг орзулари аёл қиёфасида намоён бўла бошлайди. Елена аҳён-аҳёнда, қаҳрамон ёлғизликдан, уйқусизликдан, баъзан эса ижодий тушкунликдан чиқа олмай қийналган чоғларида, бефарқлик касалига чалина бошлаган кезларида, кўпинча офтоб булутлар ортида қоладиган қиш ва қировли кунларда кўринади. У ҳикоя қаҳрамони билан мулоқотга киришмайди, лекин аёл ҳар гал келиб-кетганидан кейин ёзувчининг кўнглида кутилмаган истаклар, тахминлар туғила бошлайди. Елена – гўё яшашга чорлов, инсон, кўнгил ва табиатнинг уйғунлашуви рамзи, шу боис қаҳрамоннинг аёлни кутишлари умрдаги ёрқин лаҳзаларни севишига айланиб кетади. Фақат инсон кутишдан чарчамаса бўлгани, Елена – ёрқин лаҳза, у албатта келади.
Шу даврда яратган асарларидаги ёруғ лаҳзалар, тинч ва умидларга тўла умр ҳақидаги орзулари ушалиб, 1959 йилда унинг ҳаёти ниҳоят, турли тўфон ва тўлқинлардан кейин сокин кўрфазга етиб келади. У Белград миллий театрида безакчи бўлиб ишлайдиган рассом аёл Милица Бабич билан турмуш қуради, романтик кайфият уйғотувчи ҳикоялар ёзади.
1961 йилда ёзувчи Нобель мукофотига сазовор бўлади. Швеция Қироллик академияси вакили ўз нутқида: “Иво Андрич ижодда Босния халқ афсона ва ривоятларидан кенг фойдаланади, халқ оғзаки ижоди ёрдамида фалсафий ҳақиқатлар моҳиятини англаб етади”, дея қайд қилади. Ёзувчи эса бунга жавобан сўзга чиқаркан: “энг ибтидоий даврдан бошлаб барча тарихлар – бу, моҳиятан, инсон ҳаётининг мазмуни ҳақидаги бир бутун тарихдир”, дейди.
Иво Андрич бу билан, тарихий мавзу шунчаки ўтмиш ҳақидаги ҳикоягина эмас, ўтмишдаги муаммолар ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлиб қолаётганини, чунки инсоният олдида ҳануз ўша-ўша вазифалар турганлигини таъкидлайди.
Ёзувчи қолган умрини Белградда, ҳурмат ва эҳтиромлар оғушида ўтказди, олим ва сиёсатчиларга бериладиган “Бир умрлик меҳнати учун” номли мукофотга сазовор бўлди.
У 1975 йилда Белградда инсультдан вафот этди.
Иво Андричнинг қайси миллатга мансублиги, ёзувчи сифатида унинг ижоди қайси халққа серб ёки хорват адабий анъаналарига тегишли эканлиги масаласи адабий жамоатчилик ўртасида ҳамон кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Серблар уни серб ёзувчиси деб ҳисоблашса, хорватлар уни хорват адиби, хорват миллий адабиёти намояндаси деб эъзозлайдилар.
Андрич Загреб университетига ўқишга кираётганда (талабалик йилларидаги ҳужжатларда) она тили сифатида хорват тилини кўрсатган экан. Краков университетига ўқишга қабул қилинаётганда анкетанинг ҳам “миллати” деган устунига “католик динига эътиқод қилувчи босниялик хорват” деб ёзган. Лекин жанубий славян халқларининг бирдамлиги тарафдори бўлиб майдонга чиқаркан, Иво Андрич ўзини серб миллатига мансуб деб атайди. У умрининг охиригача ўз ҳаётини Сербия ва Белград билан боғлаган. Қолаверса, мутахассислар ёзувчи яратган кўп асарларни (ижодининг дастлабки давридаги ҳикоялари бундан мустасно) ҳозирги серб адабий тилига хос бўлган кирилл экавицасида ёзилган, бу эса ҳозирги хорват адабий тили меъёрларига мос келмайди, дейишади.
Мутахассисларнинг айтган фикрлари қанчалик тўғри ёки ҳақиқатга яқинроқдек туюлмасин, Иво Андрич ижоди Ғарбда маърифатли, интеллектуал ўқувчига мўлжалланган адабиёт сифатида қадрланади. Собиқ шўролар даврида эса унинг “Травния солномаси” романи фақатгина ёзувчи Нобель мукофоти олгандан кейингина рус тилига таржима қилиниб, “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” сериясида босилган. Мазкур нашр интеллектуал китобхонларга мўлжалланган бўлиб, унинг тираж миқдори адади ўша даврдаги мамлакат миқёсида у қадар катта бўлмаган.
Иво Андричнинг асарлари кейинроқ, 70-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб рус тилига кенг таржима қилина бошланди. 80-йилларга келиб, унинг ҳикоялари, эссе, қиссалари алоҳида тўплам сифатида кўп марталаб босилди, 3 жилдлик асарлари чоп этилди.
Ўтган 2012 йилда Сербия ҳукумати ҳамда Вишеград шаҳар маъмурияти Иво Андрич номидаги адабий мукофотни таъсис қилди. Бу мукофот миқдори юз минг еврога тенг бўлиб, славян тилларида ижод қиладиган ёзувчиларга берилади. Сербия ҳукумати мукофотни Андрич Нобель мукофоти олган кунда топширишни маъқул кўрди. Ҳозирча бу мукофот лауреатининг номи маълум қилингани йўқ. Мукофотни мамлакат Президентининг ўзи топширади.
Дарвоқе, серблар ўз адибларининг хотирасини адабийлаштириш борасида яна бир хайрли ишга қўл уришди. Ўтган йили Сербияда Андричград номли шаҳарга пойдевор қўйилди.
Рисолат Ҳайдарова
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон
[1] Шеърни Рисолат Ҳайдарова таржима қилган.