“СУДХЎРНИНГ ЎЛИМИ” ВА “ГОБСЕК” ҚИССАЛАРИДА ТИПОЛОГИК МУШТАРАКЛИКЛАР
Марҳабо Қўчқорова,
филология фанлари номзоди
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти катта илмий ходими
Садриддин Айний ХХ аср ўзбек ва тожик адабиёти тараққиётида сезиларли из қолдирган катта сўз санъаткорларидан бири ҳисобланади. Айний, адабиёт оламига дастлаб, инқилобий руҳдаги шеърлари билан шоир сифатида кириб келди, сўнгра носир, олим, публицист сифатида фаол қалам тебратиб, ўзбек, тожик, рус олимларининг назарига тушди. У баъзи асарларини ўзбек тилида, баъзи асарларини эса тожик тилида яратди. Шунинг учун ҳам Садриддин Айний “зуллисонайн” ижодкор номини олди. Муаллифнинг тожик тилида яратилган асарлари ҳам ўзбек тилига зудлик билан таржима этилиб, ўз вақтида ўзбек китобхонлари аудиториясига ҳам тақдим этиб борилди. Айнийнинг йирик ҳамда ўрта ҳажмли роман ва қиссаларида Ўрта Осиё халқларининг барча миллат вакиллари ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз ва тожик учрайди. Шу боис, ҳақли равишда Садриддин Айнийни “Ўрта Осиё халқларининг Бальзаги” деб таърифлаш ўринли. Оноре де Бальзак бутун бошли француз жамиятининг турфа ижтимой-тарихий, ҳаётий-маиший, маънавий-ахлоқий муаммоларини 100 асардан иборат “Кишилик комедияси”да акс эттирмоқни ният этади. Садриддин Айний ижодида бундай катта даъво бўлмаса-да, адиб Ўрта Осиё халқларининг тарихий-сиёсий, ижтимоий-маиший, маънавий-ахлоқий каби кўпдан кўп мавзулари ва муаммоларини қамраб олган ажойиб бадиий полотнолар яратди.
Айнийнинг йирик полотнодаги романлари “Қуллар”, “Дохунда”, ўрта ҳажмдаги “Бухоро жаллодлари”, “Одина”, “Эски мактаб”, “Етим”, “Судхўрнинг ўлими” қиссалари, “Эсдаликлар” мемуар асари ва илмий тадқиқотлари олимлар томонидан кўп бора таҳлилга тортилган. Хусусан, айнийшунос олимлар сирасида ўзбек олимларидан Н.Маллаев, Н.Раҳимов, Ғ.Собиров, М.Ҳасанов, М.Қўшжонов, Н.Каримовларнинг мақола, монография ва тадқиқотларини санаш мумкин. Шунингдек, Садриддин Айний асарларини тўплаб, нашр этиш ишларида адибнинг фарзандлари Камол Айний ва Холида Айний катта жонбозлик кўрсатди. Бундан ташқари, рус ва тожик айнийшуносларидан И.Брагинский, З.Осмонова, Сойфер ва бошқалар айнийшунослик соҳасида монография, рисола ва мақолалар эълон этишди.
Айнийнинг ҳар бир романи, қиссаси ва мемуар битиклари ҳақида шу бугун ҳам бемалол жиддий тадқиқотлар яратиш мумкин. Чунки, Айний бадиияти пишиқ-пухта, шу бугун адибнинг бадиий тажрибалари, бадиият сирларини янада теранроқ ва батафсилроқ ўрганиш, тадқиқ этиш зарур, назаримизда. Адиб қиссалари орасида “Судхўрнинг ўлими” асари алоҳида ажралиб туради. Сабаби, Айний “Судхўрнинг ўлими” қиссасида бетакрор адабий тип – Қори Ишкамба образини маҳорат билан яратди. Қори Ишкамба типидаги мукаммал образ Айнийнинг бошқа бирорта асарида учрамайди. Дунё адабиётида “Судхўр”, “Очкўз”, “Хасис, зиқна”, “Мумсик”, “Молпараст, пулпараст”, “Очофат” одамлар образи талайгина. Жумладан, Оноре де Бальзакнинг “Гобсек” қиссаси қаҳрамони судхўр Гобсек ота, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи қаҳрамони Солиҳ Махдум адабий типлари билан Айнийнинг судхўр “Қори Ишкамба”си қай бир нуқталарда кесишади. Чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрсак, Гобсек ота, Солиҳ Махдум, Қори Ишкамба образлари ўртасида нозик бадиий муштаракликлар кузатилади.
Адибнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссаси билан буюк француз ёзувчиси Оноре де Бальзакнинг “Гобсек” қиссаларини қиёсий-типологик талқин ва тадқиқ этиш қизиқарли кузатиш ва илмий хулосаларга асос беради. Мазкур икки қисса ҳақида адабиётшунос М.Қўшжонов “Айний бадииятининг эволюцияси” монографиясида махсус фасл ажратган. Бу фасл “Ҳажвий тафаккур маҳсули” деб номланади[1]. Хусусан, М.Қўшжонов бетакрор адабий тип Қори Ишкамба образи ҳақида шундай ёзади: “Қисса марказида ХIХ асрнинг охирлари ва ХХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт вужудга келтирган, бутун борлиқ хусусиятлари билан масхараомузликнинг намунаси бўла оладиган образ туради. Бу Қори Ишкамба образидир. Қори Ишкамба халқ орасида пул, мол-дунё деса ўзини томдан ташлашга ҳам тайёр турадиган, емасдан, ичмасдан, киймасдан, фақат пул бандасига айланган, бутун ҳаётининг маъносини чақама-чақа йиғиладиган пулга олиб бориб боғлайдиган, фақат ўнгида эмас, балки тушида ҳам пул кўрадиган, яқин-йироқ қариндош-уруғлари билан муомалада ҳам хаёли чақа ва танга билан банд бўладиган йирик социал типдир. Устига устак, Қори Ишкамба типи фақат ўзбек, тожик ҳаёти муҳитига мос ва ўша социал шароит яратган типдир. Бутун моҳияти билан тип сифатида бу образни, ҳеч шубҳасиз, Н.Гоголь, О.Бальзак яратган адабий типлар қаторига қўйиш мумкин”[2]. Беихтиёр, Матёқуб Қўшжонов, Наим Каримов каби улкан олимлар томонидан ўрганилган бу икки қисса ҳақида яна нима дейиш, яна қандай янги гап айтиш мумкин, деган ўринли иштибоҳлар пайдо бўлади. Катта адабиётшуносларимиз яратган тадқиқотлар ва икки қисса мутоаласидан сўнг, “Садриддин Айний ва Оноре де Бальзак”, “Судхўрнинг ўлими” ва “Гобсек” қиссалари ўртасидаги нозик типологик ўхшашликлар ва фарқлар яна ўрганилиш мумкин, деган хулосага келдик. Чунки, ҳар бир тадқиқотчи ўз замонаси кайфияти, талаблари, мафкураси, шахсий бадиий диди билан асарга янгича нигоҳ билан кўз ташлар экан, яна янги фикрлар, мушоҳадалар, илмий хулосалар пайдо бўлаверади. Шу маънода, икки қисса ўртасидаги қиёсий-типологик таҳлилларимиз М.Қўшжонов, Н.Каримов ишларига кичик улуш бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.
М.Қўшжонов домла ўрганганидек, аввало ҳар икки қисса ўртасидаги муштарак типологик ўхшашлик қаҳрамонларнинг лақаблари билан боғлиқ. “Гобсек” – французча “Очофат” маъносини беради. Таҳлил учун “Гобсек” қиссасининг 1981 йилда “Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат” нашриётида чоп этилган таржима вариантини асос қилиб олдик[3]. Мазкур қиссани Мирзиёд Мирзоидов ҳамда Маҳкам Маҳмуд ўзбекчалаштирган. Матн остида таржимонларнинг изоҳ беришича, “Гобсек” сўзи юқорида айтганимиздек, “Очофат” маъносини беради[4]. Гобсек ҳам, Қори Ишкамба ҳам кўринган нимаики бор, ямламай ютиб юбора оладиган даҳшатли нафс рамзидир. Зеро, М.Қўшжонов ҳар икки образ характеридаги “очкўзлик, тўймаслик” каби салбий муштарак бадиий чизгиларини шундай изоҳлайди: “Ишкамба” сўзи, Садриддин Айнийнинг ўз изоҳига қараганда, “ҳайвонларнинг қорни” маъносини билдиради. Бошқача айтганда, бу сўз “ютиш, ейиш, ичиш, ҳазм қилиш” маъноларини англатади. “Гобсек” сўзи эса Бальзак изоҳига кўра, “живоглот” яъни “тириклай ютадиган” деган маънони билдиради. Халқ жонли тилида ютишни “ютанғи”, “ютоққан” деб ҳам ишлатишади”[5]. Демак, кузатиб турганимиздек, икки Судхўр Қори Ишкамба ва Гобсек образларига хос бўлган ўхшаш хусусият “ютоққан очкўз, тўймас” одамлар тимсоли эканида кўринади. Зеро, моҳир санъат устаси Бальзак Гобсекнинг хатти-ҳаракатини қиссанинг бир ўрнида шундай тасвирлайди: “Гобсек чурқ этмай лупани олди ва қути ичидаги буюмни кўздан кечира бошлади. Дунёда яна юз йил яшасам ҳам, бу манзарани зинҳор-базинҳор унутмайман. Чолнинг рангпар юзига қизиллик югурди. Кўзи ғайритабиий чақнади, уларда, гўё бриллиантларнинг жилоси акс этгандек бўлди. У ўрнидан туриб дераза олдига борди ва асил тошларга харислик билан тикилар экан, уларни тишсиз оғзига, шундай яқин олиб келардики, гўё уларни ютиб юбормоқчидек туюларди. У нимадир деб ғўлдирар, қутичадан гоҳ билакузуклар, гоҳ шокилали зираклар, гоҳ тиллақошларни олар, уларнинг суви нечоғлик тозалигини ва олмосларнинг рангини аниқлаш учун айлантириб кўрар, бирор қусури йўқмикан, деб текширар эди. У бу зеби-зийнатларни қутичадан олар, қайта уларни жойлар, яна олар, чўғдек ёнсин деб яна айлантирар эди. Шу аснода у чолга қараганда кўпроқ ёш болага ўхшар, тўғрироғи, ҳам бола, ҳам чол эди”[6].
Гобсек совуққон ва айёрона нигоҳ билан ундан қарз сўраб келганларнинг қўлида нимаики бўлса, олиб йиғаверади. Хуллас, мол-дунё тўплаш ҳар икки қаҳрамон Гобсекка ҳам, Қори Ишкамбага ҳам хос хусусият. Ҳар иккаласи ўзи ҳам емайди, бировга ҳам едирмайди. башараси совуқ ҳайкалга ўхшайдиган судхўр Гобсек образини қиссада жуда маҳорат билан жонли чизади. Ҳар икки қиссада бир томондан Гобсек, Қори Ишкамба образлари Бальзак ва Айнийнинг ўткир сатирик қалами билан қаттиқ танқид остига олинса, иккинчи томондан француз киборлар жамияти ҳамда Ўрта Осиё халқларининг чириган феодал жамиятга хос қаллобликлар фош қилинади. Француз жамиятининг сохта киборлари: хонимчалар, қиморбозлар, жаноблар “Гобсек” қиссасида шу қадар батафсил, аниқ ва жонли чизиладики, бундан ҳайратланмай иложингиз йўқ. Гобсекнинг ўлимидан сўнг, хоналарни бирма-бир очиб кўрган ҳикоячи қаҳрамон айниб кетган қиймалар, пўпанак босиб кетган балиқлар уюми, хуллас, қимматбаҳо буюмлар билан тўлиб-тошган бетартиб, турли ҳидлардан сасиб кетган хонани кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди. Олтин жиннисига айланиб қолган “молпараст, очкўз, судхўр” Гобсек умрининг сўнгги нафасида галлюцинацияга учраб, “Назаримда бутун хонада олтин думалаб юргандек бўлди, мен уларни тутиб олиш учун ўрнимдан турдим”- дейди.
Агар ҳажм жиҳатидан икки қиссани солиштирадиган бўлсак, Бальзакнинг “Гобсег”и бор-йўғи 58 саҳифани ташкил этади. Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссаси эса “Гобсек”ка икки баравар келади, яъни 123 саҳифадан иборат. Қиссада “Ишкамба” сўзи шундай изоҳланади:
“Қори Ишкамба?!
Ҳақиқатан, қизиқ бир ном, ҳайвонларнинг ошқозонини “ишкамба” дейдилар. Қандай муносабат билан одамга “Ишкамба” номи берганлар?
Бу таажжубимни у дўстимга айтиб, ундан изоҳ сўрадим. Дўстим тушунтириб берди:
У одамнинг номи Қора Исмат. Аммо баъзилар “Қори Исмати Ишкам”, баъзилар “Қори Исмати Ишкамба” ва баъзилар қисқартириб “Қори Ишкамба” дейдилар. Бунинг сабабини билмайман. Лекин ажаб эмаски, у одамнинг қорни жуда катта бўлганлигидан шу лақабни унинг номига қўшган бўлсалару бора-бора, лақаб ном ўрнига ўтиб қолган бўлса”[7]. Оноре де Бальзак ҳам, Садриддин Айний ҳам қиссада судхўрларнинг, яъни Гобсек ва Қори Ишкамбанинг болалик йилларини қисса матнига қисқа иллюстрация қилади. Бальзакда бу ниҳоятда ихчам берилган. Қиссада ҳикоячи-қаҳрамон тилидан Гобсекнинг ўтмиши, келиб чиқиш шажараси шундай изоҳланади: “У 1740 йилда Антервенпенда туғилган экан: онаси – яҳудий, отаси – голланд, тўла исму шарифи Жан Эстер-Гобсек экан. Албатта, сиз бутун Парижда дув-дув гап бўлган “Гўзал Голландка” деб аталган аёлнинг ҳалокати тўғрисида эшитгансиз. Кунлардан бир куни собиқ қўшним билан суҳбатлашиб ўтирганимизда ногоҳан бу ҳодисани эсга олдим. Шунда у пинагини бузмай:
Ҳа, у набира жияним, – деди.
Ягона меросхўри, синглисининг набираси ўлими уни оғиз очишга мажбур қилди. Судда иш кўрилаётганда мен Гўзал Голландкани Сарра де Гобсек деб аташганини билдим. Гобсекдан бу ғалати воқеани, яъни синглисининг набираси унинг фамилиясида юргани сабабини тушунтириб беришини сўраганимда у илжайиб:
Бизнинг авлодда ҳеч бир аёл эрга тегмайди, – деб жавоб берган эди. Бу ғаройиб одам бутун уруғ-аймоғини ташкил этувчи тўрт авлод хотин-қизларидан биронтасини ҳам кўришни истамади. Меросхўрларни кўришга кўзи йўқ эди унинг, мол-дунёсига улар ҳатто ўлганидан кейин ҳам эга чиқишини хаёлига келтирмасди”[8]. Ҳикоячи қаҳрамон томонидан Гобсекнинг онаси уни болалигиданоқ пул топиш учун мажбурлагани, муҳтожлик, очлик, саргардонлик йилларининг қаҳрамон ҳаёти ва руҳиятида қолдирган чуқур излари қисқа баён этилади. Эътибор берсак, Гобсекнинг миллати француз эмас, у икки миллат, яҳудий ва голланддан туғилган фарзанд. Айний қалами остидан чиққан судхўр Қори Ишкамбанинг ҳам болалиги Гобсекники сингари осон кечмаган. У ҳам етимлик, сарсон-саргардонлик, кўчабезори болалар ичида улғаяди. Болалигидан бошлаб, дўстларининг ҳаққига хиёнат қилади. Умуман олганда, Айнийда Бальзак қисқа тасвирларда берган баъзи ҳаётий, маиший лавҳалар “Судхўрниниг ўлими”да кенгроқ планда тасвирланган, адиб воқеалар ва вазиятлар, қаҳрамон характерига янада кучли трагик пафос юклайди. Натижада, Бальзакнинг Гобсегидан ҳам кўра ҳажвийроқ, трагикроқ, кулгироқ Қори Ишкамба адабий типи яратилади. Кузатишимизча, судхўр Гобсек характерида совуққонлик, айёрлик, назокат бўртиб кўринади, унинг табиатида француз буржуа жамиятига хос қувлик, найрангбозлик бор. Айнийнинг судхўр Қори Ишкамбасида эса айёрлик, очкўзлик сифатлари ёнида “мумсиклик ва исқиртлик” ниҳоятда бўртиб кўринади. Европа судхўри билан Ўрта Осиё судхўри характери, уларнинг ўзларини тутишларида талай фарқ ва ўхшашликлар кузатилади. Гобсек доимо эски, униққан шляпасини кийиб юради. Унинг ҳаёти қатъий режим асосида кечади. Қори Ишкамба яғири чиқиб кетган катта салласи билан Гобсекдан ҳам кўра характерли тип даражасига чиқади. Чунки, Қори Ишкамба салласини марҳумларнинг йиртишларидан юлиб олиб, салласини катталаштиради. Бу салла шу қадар каттаки, устига-устак кир-чир. Умуман олганда, Қори Ишкамба портретида Айнийнинг ҳажвий-сатирик характер яратиш тажрибаси бўй кўрсатган. М.Қўшжонов таъкидлаб кўрсатганидек, Айний ҳажвий-сатирик образ ва сатирик асар яратиш тажрибаларини Абдулла Қодирий, Ҳамза, Абдулла Қаҳҳорлардан ўрганиб, “Судхўрнинг ўлими”да оригиналликка эришади.
Гобсек билан Қори Ишкамбанинг кундалик овқатланишида ҳам ўхшашликлар ва фарқлар кузатилади. Жумладан, Гобсекнинг хизматкори бор. Унинг ҳаёти интизомли кечади. Гобсекнинг кундалик ҳаётида Қори Ишкамба каби қарздорлари ва ўзи каби франциянинг энг катта судхўрлари билан учрашиб бир дастурхонда ўтиришида ҳам қатор ўхшашликлар кузатилади. Қори Ишкамба Гобсекдан фарқли равишда ҳолуканинг итидек куни бўйи кўчаларда тентирайди. Қори Ишкамба характерида ҳаддан зиёд мумсиклик, исқиртлик, пасткашлик муболағадор, сатирик тасвир бўртиб кўринади. Жумладан, ўзининг мабалағини қўйган банкка бориб, қандни тўлатиб, чой ичади, ҳужрада яшовчи талабаларнинг ошига шерик бўлади, товоқдоши ошдан бир чуқум олса, у паншахадек қўли билан тўрт марта ошам олади, камбағал қандфурушнинг қандини сурбетларча ейди, сартарошнинг олдига кириб, бошимнинг ўртасида сочим йўқ, калман, деб, кам ҳақ беради, хотинларининг (унинг икки хотини ҳам қарз ҳисобига ундирилган бойларнинг қизи, иккаласи ҳам текинга келган) чироғидан оловни туташтириб олади. Қори Ишкамбанинг икки хотини оталари руҳини шод этиб, Қуръон ўқитмоқчи бўлса, уларнинг бу маросимидан ҳам фойда олишга уринади, фойдани олади ҳам. Бундай ҳаётий лавҳалар китобхонни кулдиради. Қори Ишкамбага нисбатан истеҳзо, киноявий танқидий муносабат кучаяди. Китобхон унинг хурмача қилиқларидан жирканади ва қаттиқ нафратланади.
Ҳар икки қиссанинг бадиий композициясида қатор муштаракликлар кўзга ташланади. Ҳар икки асарда воқеалар ҳикоячи-қаҳрамон тилидан баён этилади; Гобсек ва Қори Ишкамбанинг касби бир – судхўрлигида муштаракликлар кузатилади. Ҳар иккиси очкўз, ҳар иккиси бахтсиз ва муҳтожларни аждарҳо каби ютиб юборишга тайёр. Гобсек ҳам, Қори Ишкамба ҳам тўплаган мол-дунёсини ҳеч кимга ишонмайди. Ҳар иккови тинмай векселлар сотиб олади. Қиссаларда судхўр билан муҳтожлар, фоизга қарз олувчилар ўртасида турфа интригали воқеалар кескин драматизм билан ҳикоя этилади. Ҳар икки қиссада Судхўр ва қарздор муносабатида мавжуд тарихий-ижтимоий давр ва миллий колорит ёрқин ифодаланганини сезиш мумкин. Жумладан, Бальзакни ўқиганингизда француз жамияти, Айнийни ўқиганингизда Ўрта Осиё муҳити, унинг миллий аураси ва колорити (французча, Ўрта Осиёча) чуқур ҳис этилади. Бу икки қисса ўртасидаги қатор ўхшашликлар кишини ҳайратлантиради. Демак, таҳлилларимиз буюк, истеъдодли ижодкорларнинг дунёни ва воқеликни бадиий тафтиш этишдаги муштарак дидлари, ижодий фантазияси, бадиий тафаккур даражаси бир хилда ҳаракатга келган деган хулосага олиб келади.
Шу билан бирга, қисса қаҳрамонларининг фожеавий ўлими ҳам ўхшаш, ҳам фарқлидир. Гобсек совуқ каминга тикилганича вафот этади: “У тўшагида сал қўзғолди: унинг юзи оқ ёстиқда бронза рангида кўзга ташланади. У чиллакдек қўлларини чўзиб, қоқсуяк бармоқлари билан адялни чангаллади. Ўзича уни ушлаб жон сақлаб қолмоқчи бўлди. Кейин ҳиссиз нигоҳи сингари совуқ каминга қаради-ю, эс-ҳушидан айрилмай жон берди”[9]. Совуқ камин ва совуқ нигоҳ, совуққон характер, назаримизда, бадиий мантиқий изчилликда давом этиб, ассоциатив образлиликни ҳосил қилади. Инсон руҳиятидаги совуқ нигоҳ ва совуққонлик совуқ каминга мослаб рамзийлаштирилади.
Назаримизда, Қори Ишкамбанинг ўлими Гобсек ўлимидан ҳам фожевийроқдек кўринади. Жумладан, “- Оҳ!.. Большевик!.. – деб бир ёни билан ўша гапирувчига қулоқ солиб турган вазиятда ерга йиқилди.
Бу хабарни Қори-Ишкамбага етказган киши бир қадам орқага босиб, намоз ўқишга киришди, бошқа одамлар бу ҳодисага эътибор бермадилар ва намозларини бузмадилар.
Аммо намоз ўқилиб бўлгандан кейин, Қори-Ишкамба теварагида тўпланган одамлар кўрдиларки, саҳнга унинг оғзидан қон ва йиринг оқиб, юзи ва чаккасининг тошга урилган жойи бир оз кўкарган, бош бармоғининг учи қулоғининг юмшоқ ерига ёпишганча қўли қотиб қолган.
У ўлган эди!”[10].
Намоз вақтида ибодат қилувчи мўминнинг фикри-ёди фақат Оллоҳ ёди билан бўлиши керак. Қори-Ишкамба намоз вақтида ҳам ўзининг бевафо бойликларини, тўплаган мол-дунёсининг келажагидан қайғуриб, юраги ёрилиб ўлади. Зеро, ҳар икки қаҳрамон Гобсек ҳам, Қори Ишкамба ҳам бойлигини ҳеч кимга ишонмайди. Қори Ишкамба жуда хунук ўлим топади. Оғзидан қон ва йиринг оқиб, тошга ёнбоши билан йиқилиб, ўлим топади. Бу беихтиёр қарғиш теккан мол-дунёнинг аламли қасоси рамзига айланади. Умуман олганда, ҳар икки муаллиф Оноре де Бальзак ва Садриддин Айний судхўрликнинг барча диний китобларда айтилганидек, энг катта гуноҳ иш эканлигини таъкидлаб, ўз замондошларига, қолаверса, келгуси авлодга ҳам ибрат бўлувчи сатирик бетакрор адабий типларни (Гобсек ва Қори-Ишкамба) яратди.
Садриддин Айнийнинг исломий эътиқоди умрининг охиригача ниҳоятда кучли ва ўзгармас бўлиб қолди. Эҳтимолки, исломий эътиқоди бутун бўлган Айнийдек адабий шахсият дин аҳкомларини, судхўрликнинг жуда катта гуноҳ ва иллат эканини чуқур англагани учун ҳам “Судхўрнинг ўлими”дек мумтоз қисса ярата олди. Шунинг учун ҳам буюк француз адабиётининг йирик вакили Оноре де Бальзак билан тенглаша олди. Садриддин Айний асарларини кузатадиган бўлсак, адиб асарларида муҳтожлик, қашшоқлик важидан қул, етим, саргардон, беватан ўлим топган образлар ва воқеалар тадрижи ҳар икки “Қуллар”, “Дохунда” романлари, “Етим”, “Одина”, “Судхўрнинг ўлими” каби қиссаларида бадиий тадриж этганини англаймиз. Демак, Айний “судхўрлар” мавзусини ўзгадан қарз олмаган. Айнийнинг шахсан ўзи яшаб, кўриб, босиб ўтган ҳаёт йўли мана шундай муаммоли ва мавзули асарлар яратилишига тагзамин бўлди.
Бинобарин, Айнийнинг мемуар асари “Эсдаликлар”да (биринчи ва иккинчи бўлимида) “Судхўрнинг ўлими” қиссасига асос бўлган воқеаларнинг Бухоро мадрасалари ва унинг нимқоронғи, совуқ, зах ҳужралари ва талабалари ҳаётидан олиб ёзилганига изоҳ берилган. Масалан, Айний китобнинг “Бухоро шаҳри ва мадраса ҳақида биринчи эсдаликларим” фаслида шундай ёзади: “Ҳужра эгаси ҳам қишнинг энг шиддатли совуқ кунларида изғирин шамоллар эсиб, устма-уст қор ёғаётган чоқларда ҳужрани бўшатиб беришни талаб қилди. (Бухоро мадрасалари ҳужраларини эгаллаб олганларнинг туриш жойсиз қашшоқ талабаларига қандай муомала қилганларини мен қисман “Судхўрнинг ўлими” номли асаримда тасвирлаганман)”[11]. Ёки “Бухоро мадрасаларида талабаларнинг жойланиши ва мударрислар билан муносабатлари” фаслида эса “Судхўрнинг ўлими” қиссасининг реал замини ҳақида муаллиф изоҳи бор: “Ҳужра сотиб олишга ёки “истиқомат гаров” қилиб олишга кучи етмаган талаба, ҳужра эгасини муайян вақтларда зиёфат қилиш шарти билан, бирор ҳужрага жойлашарди (ёзувчининг “Судхўрнинг ўлими” номли асарига мурожаат қилинсин)”[12].
Кузатиб турганимиздек, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссаси аввало, Ўрта Осиё халқларининг жонли ҳаётидан, Бухоро тарихидан (XIX аср охири ва ХХ аср бошлари) олинган. Унда тасвирланган воқеалар ва образларнинг аниқ ҳаётий асослари бор.
“Эсдаликлар” тилга олинган икки кишининг фожиавий қисмати ва характеридаги зиқналик, мол-дунёга ўчлик “Қора Ишкамба” образи учун ҳаётий асос бўлади. Жумладан, Айний “Эсдаликлар”да шундай бир ҳаётий фактни келтиради: “Мадрасада турадиган катта ёшдагилар оиласиз бўлиб, улар ўз ҳужраларида турардилар, уларнинг маишатлари ҳужра вақти билан, агар мансабдор бўлсалар мансабларининг даромади билан таъминланарди. Аммо уларнинг баъзилари ўз даромадларини бутун харажат қилмасдан ва зиқналик билан тириклик қилиб, пул тўплардилар. Мен биринчи йил ўша мадрасада турганимда муллалардан бири ўлди. Унинг ҳужрасидан ўнминг танга (1500 сўм) нақд пул кўпгина қимматбаҳо буюмлар чиқди. Ҳолбуки уни тирикчиликда қорни тўйиб овқат емаган деярдилар”[13].
Айний Бухорода акаси яшаган пайтларида зиқна, сўққабош, ахлоқсиз муллаларини кўради. Юқорида ана шундай муллардан бирининг фожиавий қисмати ҳақида ёзади. Назаримизда, бу кўрилган-кузатилган характерлар, ҳаётий воқеалар Айнийнинг “Қори Ишкамба”дек типик образ яратиш учун ҳаётий замин, прототип бўлди. “Эсдаликлар”нинг “Мулла Бозор ва Мулла Туробнинг ўлдирилиш сабаблари” фаслида зикр этилган Қори Зоҳид ҳам Қори Ишкамба образи учун ҳаётий прототип бўлган деган хулосага келдик. Зеро, ушбу фаслда Қори Зоҳиднинг фожиавий қисмати ва ахлоқсиз қилиқлари ва ҳужражаллоблиги, зиқналиги ҳақида “Эсдаликлар”да шундай ёзилган: “1891 йилнинг бошларида Кўкалтош мадрасасида қори Зоҳид деган киши номаълум кишилар томонидан ўлдирилган эди.
Одамларнинг айтишига кўра қори Зоҳид Кўкалтош мадрасасида кўп ҳужранинг эгаси бўлиб, унинг устига судхўрлик қилар экан. У Бухоро шаҳрида уйлик-жойлик бўлса ҳам, уйланмаган ва мадрасада бўйдоқ умр ўтказишни беҳроқ билар экан.
Шунингдек, одамлар уни судхўрликда ва ҳужражаллобликда жуда раҳмсиз деб билардилар. Айтишларига кўра у кўпгина ўзига тинч ҳужралик талабаларни фриб, найранг билан қарздор қилиб, охирда ҳужларини қўлларидан олиб, ўзларини дарбадар қилиб қўйган экан.
Одамлар қори Зоҳиднинг шахсий турмуши ва хулқ-атвори тўғрисида ҳам жирканч воқиалар нақл қилардилар ва “унинг ҳужрасида ахлоқсизлик ҳодисалари юз бермайдиган бирон кеча йўқ” дер эдилар.
…Қори Зоҳид ўлдирилгандан кейин, вориси бўлмаганидан, узоқроқ қариндошлари бўлса ҳам ворислигини қозикалон олдида “исбот қила олмаганидан” унинг молу мулки подшолик бўлиб, қозикалон томонидан забт қилиниб олинди.
Унинг ўлигини кўмиш учун қозикалон фақат 20 танга (уч сўм) берди ва қолган харажатини мадраса аҳолиси ўзаро пул тўплаб кўмди”[14].
Демак, “Эсдаликлар”дан олинган икки парчадан маълум бўлмоқдаки, Айний Қори Ишкамбадек оригинал образни яратишда Бухорода кўрган муллалар, судхўрлар, ҳужражаллобларнинг фожиавий қисмати ва характерига асосланади. Демак, Қори Ишкамба образи учун қори Зоҳид, сўққабош бир мулла, шунингдек, зиқна тоғаси Қурбонниёзнинг ҳам характеридаги баъзи чизиқлар ёки фожиавий қисматлари ҳаётий ундирги бўлди. Абдулла Қаҳҳор “Синчалак” қиссаси қаҳрамони раис Қаландаров образини яратиш учун уч колхоз раисини ҳаётий прототип сифатида ўрганиб, бир адабий типга жамлайди. Худди шунингдек, Садриддин Айний ҳам Қори Ишкамба образи учун бир нечта муллалар, судхўрлар, ҳужражаллобларни ўрганиб, уларнинг характерли хусусиятларини жамлаб, бир адабий тип яратади.
“Судхўрнинг ўлими” қиссасидаги жуда кўп саҳналарда камбағалларнинг бойлар, судхўрлар, ноиблар томонидан алданиши, калаванинг учи кўринмайдиган боши берк кўчаларга кириб қолгани жуда маҳорат билан ёритилади. М.Қўшжонов домланинг назаридан четда қолган бир ажойиб саҳна бор. Бу Қори-Ишкамбанинг Ноибнинг уйига келиши, икки пакана, қорни катта, ебтўймасларнинг қарздор камбағалларни чув туширишида кўринади.
Ҳар икки қиссада қарздорлар Гобсек ва Қори Ишкамбани энг сўнгги нажот йўли деб билишади. Аслида эса янада чуқурроқ, янада даҳшатлироқ, янада оғирроқ вазиятга тушиб қолишаётганини сезишмайди. Гобсек одамлар томонидан “жуҳуд, қароқчи, сўдхўр, ваҳший” деб лаънатланади. Худди шунингдек, “Қора Ишкамба ҳам” худди шундай лаънатларга учрайди. Бальзакнинг ҳикоячи қаҳрамони ҳам Гобсекдан қарз кўтариб, ишхонасини сақлаб қолади. Севгилиси Фанни билан бахтли ҳаёт кечиради. Бахтли тасодиф ва ҳалол меҳнат уларни Гобсекдек аждарҳо оғзидан тириклайин ёруғ ҳаётга олиб чиқади. Назаримизда, қиссалар ечимидаги некбин кайфият ҳам ўқувчига кўтаринки руҳ бағишлайди. Жумладан, Бальзакда ҳикоячи қаҳрамон билан Фаннининг бахтли ҳаёт кечириши ва жуда катта бойлик эгасига айланган Гобсекнинг жияни ҳақидаги бадиий ечим китобхонга қандайдир некбинлик улашади. Айнийда эса бевафо бойлик важидан юраги ёрилиб ўлган қаҳрамоннинг фожиавий ўлими янги давр, янги тузум эпкини келаётганидан нишона бериш билан, эскилик чириб, янгилик кириб келаётганига бадиий рамзий ишора беради. Албатта, Большевизм мафкураси Ўрта Осиё халқлари ҳаёти ва қисматига янгилик, ислоҳ олиб келиши каби ечим бугунги китобхон онгида зиддият пайдо қилиши мумкин. Лекин, у қандай мафкура бўлишидан қатъий назар халқ ҳаётига янгилик, ўзгариш олиб келиши каби кўтаринки кайфият билан қиссанинг якунланишида чуқур маъно кўрамиз.
Садриддин Айнийнинг бу қадар бетакрор адабий тип Қори Ишкамба образини яратишдаги яна бир катта омил, унинг болалигидаги биринчи устози Тўтапошшанинг таъсиридир. Ёзувчи “Эсдаликлар”да ёзишича, Тўтапошша Соктаре қишлоғида қаровсиз қолган, саксон яшар, букри, аммо сўзга, эртак-маталга чечан кампир бўлган. Бу кампир ҳақида “Эсдаликлар”нинг “Соктаре қишлоғидаги ҳовлимиз” фаслида батафсил маълумотлар учрайди. Унда эртакчи, мақол-маталчи Тўтапошша кампир шундай тасвирланади: “Бу кампирнинг ёши саксондан ошган бўлиб, уни бутун қишлоқ халқи “Тўтапошша” деб атарди. Уни кўрмаган одам тақилган бу унвонни эшитганда “устма-уст шойи, атлас кўйлаклар кийиб, бирнеча қават юмшоқ кўрпачалар устида чордана қуриб ўтириб, бирнеча оқсоч (хизматчи хотин)га иш буюрадиган бўлса керак” деб тасаввур қилиш мумкин эди.
Лекин ҳақиқатда у кампирнинг эгнида мингбир ямоқ бир кўйлак, лозими бўлиб, рўзғор буюми бир жуни тўкилган эски пўстакча, бир куя еб тешилиб титилаёзган кийгиз, бир йиртилган кўрпа, кўрпача ва бир неча пахтаси чиқиб осилиб турган ёстиқлардан иборат эди.
Бу ўртабўйли кампир шу даража букилган эдики агар ўтирмоқчи бўлса, кўкраги бориб тиззасига ёпишаёзарди. Шунинг учун у кўп вақтда юзини осмонга қаратиб ётарди ва ётган вақтида боши остига бирнеча қават-ёстиқ қўйгани каби сонлари остига ҳам ўша баландликка мос ёстиқ қўярди ва шундай қилиб у букилган бўйининг мувозанатини сақлаб, бели зўриқмайдиган тарзда ётарди”[15].
Шу камбағал, кўримсиз, саводсиз, букри кампир Соктаре қишлоғидаги болаларга кўпдан-кўп эртаклар, афсоналар, мақол-маталлар айтиб берарди. Шу қишлоқ болалари ичида Айний ҳам бор эди. Айний ўша жулдур кийимли Тўтапошшани “Менинг биринчи устозим” деб атаган. Масалан, адиб “Эсдаликлар”да “Доно малай ва фирибгар бой” эртагини ҳикоя қилиб, тугатиб шундай ёзади: “Тўтапошша бу ҳикояни ғоят равшан образлар билан содда халқ тилида моҳирона тасвирлаган эди. Мен ва бошқа эшитувчилар кичик ёшда бўлсак ҳам, буни эшитиб ҳаяжонлаган эдик. Эссизки, мен у кампирнинг таъбир ва тавсифларини эсимдан чиқарганман. Бу ҳикояни эшитганимдан олтмиш йилдан ортиқ вақт ўтганда уни ўз тилим билан ёзишга мажбур бўлдим, лекин имкон борича содда ёзишга ҳаракат қилдим. Мен ҳикоячиликда ўша саводсиз 80 яшар кампирни ўзимнинг биринчи устозим деб биламан ва уни ҳар вақт ҳурмат билан эслайман.
Тўтапошша эртак ва афсоналарни нақл қилишда жуда ҳунарманд эди ва бирор муносабат билан эртак, афсона, ё халқ мақолини айтиб берар эди”[16].
Демак, болалигида Тўтапошша айтиб берган афсона ва эртаклар ёзувчининг хотирасида бадиий-мифик архитип сифатида йиллар давомида яшади. Кун келиб, Айний ёзувчи бўлиб шаклланганида, унинг хотирасига чуқур ўрнашиб қолган бадиий-мифик архитиплар ишга тушди. Бадиий ижод жараёнида ёзувчи хотирасига ўйма нақш каби ўйилиб чизилган мифик архитиплар амалий фаолиятга киришди. Шунинг натижаси сифатида, адибнинг икки роман, бешга яқин қиссалари дунёга келди.
Янада масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, “Эсдаликлар”га киритилган муаллифнинг Тўтапошша оғзидан эшитган “Доно малай ва фирибгар бой” эртаги сюжети Айний прозасининг реал замини бўлганини сезиш мумкин. Шу эртак архитектураси, Садриддин Айнийнинг деярли барча асарларига синч бўлган, устун бўлган.
“Доно малай ва фирибгар бой” эртагиниинг сюжетига ниҳоятда қисқа экскурс сифатида назар ташлаймиз. Фирибгар бой қишлоқдаги жуда кўп камбағал бечораларни текинга ишлатиб, меҳнат ҳақини бермайди. Хизматкор бойдан ҳаққини талаб қилса, турли хил фириблар билан хизматкорнинг ўзини “қарздор”га чиқаради. Натижада, ҳеч ким унга хизматкорликка ёлланмайди. Охири чорасиз қолган бой етим бир болани топиб, унга ҳам Имом олдида қизимни сенга бераман, агар ваъдамнинг устидан чиқмасам “хотинталоқ” бўлай деб онт ичади. Малай йигит фирибгар бойнинг бутун умр хизматини қилади. Йиллар ўтиб, Бойнинг фирибини англаб етган малай уни ҳам чув тушириб, хизмат ҳаққига қўшиб, (ярим қоп буғдой) қизини ўғирлаб кетади. Биз мақолада “Доно малай ва фирибгар бой” эртагининг қисқа сюжетини баён этдик. Зеро, бизга шуниси етарли. Мазкур эртакнинг асосий мағзи Айний асарларига том маънода кўчди. Демак, кузатиб турганимиздек, Айний асарларида асосий сюжет сифатида шаклланган “Бой ва Етим бола” мотиви (“Қуллар”, “Дохунда”, “Одина”, “Етим” асарларида) бежизга адиб асарларининг асосий, марказий лейтмотивига айланмаган. Ваҳоланки, Айнийнинг ўзи ҳам етимликда катта бўлган. “Эсдаликлар”да ёзилишича, Айний ўн икки яшарлигида ҳам отасидан, ҳам онасидан етим қолади. Бутун оиланинг ташвиши, тирикчилик, рўзғор ишлари, укаларига оталик ва оналик қилиш масъулияти Айнийнинг елкасига тушади. Унинг ота-онаси вабо касалидан вафот этади. Айний насрида етакчи мотивга айланган мавзуларни қуйидагича таснифлаб кўрсатиш мумкин.
- Бой ва Етим бола (“Қуллар”, “Дохунда”, “Одина”, “Етим” асарларида);
- Хўжайин ва хизматкор ( “хизматкор” – “қул”, “қарол”, “малай” деб ҳам аталиши мумкин) (“Қуллар”, “Дохунда”, “Одина”, “Етим”, “Судхўрнинг ўлими”;
- Судхўр ва камбағал (“Қуллар”, “Дохунда”, “Судхўрнинг ўлими”).
Кузатиб турганимиздек, Садриддин Айний асарларида эзувчи ва эзилувчи синф вакиллари образи бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Фикри ожизимизча, Айний бадиий тафаккурида қоим мотив сифатида шаклланган бу сюжет халқ ижодидан (Тўтапошша эртаклари ва афсоналари), ёзувчининг шахсий таржимаи ҳолидан, ҳам тарихий-ижтимоий давр ва муҳитдан (Бухоро тарихи ва бухороликлар ҳаётидан) олиб ёзилади. Муаллиф ўзи билибми ёки билмайми, шу бир сюжет атрофида қайта-қайта айланади. Айний ижодида “Бой ва Етим бола”, “Хўжайин ва хизматкор”, “Судхўр ва камбағал” мавзулари ёзувчининг бадиий онгида қотиб қолган мифик архитип билан туташади. Демак, Айнийнинг мазкур мавзуга қайта-қайта мурожаат этишининг асосий омиллари сифатидаги факторлар сифатида халқ ижоди, шахсий ҳаёт, Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий тарихий ҳаёти, замонавий адабий тажрибалар (ўзбек, шарқ адабиёти ва рус адабиётининг таъсири назарда тутилмоқда – Изоҳ бизники. – М.Қ.)*, муаллифнинг индивидуал ижодий тафаккурини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Хулоса шуки, Садриддин Айний ва Оноре де Бальзакнинг бетакрор истеъдоди билан яратилган “Судхўрнинг ўлими” ва “Гобсек” қиссалари мудом инсониятни судхўрлик балосидан қочишга, ҳалол ҳаёт кечиришга ундаб туради. Яхшилаб ўйлаб қарасак, шу кеча-кундузда ҳам жамиятимизда, дунёда ҳамон Қори Ишкамбалар, Гобсеклар яшаб юришибди. Улардан аждарҳодан қўрққандек қўрқиш керак. Яхшиси, одамзод кўрпасига қараб оёқ узатиб яшаса, шуниси тинчроқ, хотиржамроқ. Қори Ишкамбалар ва Гобсеклар ҳар қанча мол-дунё тўпламасин, уларнинг ҳаёти ёруғликда кечмайди. Бундай судхўрларнинг у дунёси ҳам, бу дунёси ҳам куйиб бўлган манфур кимсалардир. Ҳар икки қиссанинг замон билан ҳамнафаслиги ҳам айнан шунда кўринса керак.
___________________
[1] Қўшжонов М. Айний бадииятининг эволюцияси. – Тошкент: Фан, 1988. – Б. 77-95.
[2] Қўшжонов М. Айний бадииятининг эволюцияси. – Тошкент: Фан, 1988. – Б.78-79.
[3] Изоҳ: М.Қўшжонов домла “Гобсек” асарининг русча вариантини асос қилиб олган. (Изоҳ бизники. – М.Қ.)
[4] Оноре де Бальзак. Гобсек. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1981. – Б. 10.
[5] Қўшжонов М. Айний бадииятининг эволюцияси. – Тошкент: Фан, 1988. – Б. 83.
[6] Оноре де Бальзак. Гобсек. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1981. – Б. 34.
[7] Садриддин Айний. Судхўрнинг ўлими. Асарлар. Саккиз томлик. Тўртинчи том. Қиссалар. – Тошкент: “Тошкент” бадиий адабиёт, 1965. – Б. 177.
[8] Оноре де Бальзак. Гобсек. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1981. – Б. 10-11.
[9] Оноре де Бальзак. Гобсек. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1981. – Б. 56.
[10] Садриддин Айний. Судхўрнинг ўлими. Асарлар. Саккиз томлик. Тўртинчи том. Қиссалар. – Тошкент: “Тошкент” бадиий адабиёт, 1965. – Б.300.
[11] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 119.
[12] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 162.
[13] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 183.
[14] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 262-263.
[15] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 31-32.
[16] Айний С. Эсдаликлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат нашриёти, 1953. – Б. 41.
* Изоҳ бизники – М.Қ: Айний рус тилини билмаган. Шунга қарамасдан, адабиётшунослар шўро даврида Садриддин Айнийни Максим Горькийнинг шогирди сифатида баҳолашган. Айний ижодида Горькийга бағишланган мақола бор. Айний Максим Горькийни “устозим” деб атаган бўлсада, адиб бу муаллиф асарларини рус тилида ўқиб ўрганмаган. Горький асарлари билан таржималар орқали масалан, тожикча, ўзбекча таржималар орқали танишган.