Ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқадиган вақт аллақачон келган. Бу борада ҳар ким ҳар хил фикрда бўлиши мумкин, албатта. Лекин ҳам мумтоз, ҳам замонавий ўзбек адабиётида жаҳонга тақдим этишга арзигулик асарлар борлиги ҳақиқат. Бу борадаги дастлабки иш ана шу сара асарларнинг пишиқ-пухта таржималарини амалга оширишдир. Кузатишлар шуни кўрсатадики, дунёда ҳар бир катта ижодкорнинг ўз таржимон(лар)и бўлади. Ана шу таржимон(лар) пайдо бўлмагунча ижодкор ўзга халқлар учун номаълумлигича қолаверади. Ҳатто унинг юзлаб таржимони бўлиб, ҳар йили битта китоби ўнлаб тилларга таржима қилинса ҳам, фойдаси бўлмайди.
Қайтанга номарғуб таржима ижодкор ҳақидаги тасаввурни бузиб, уни ўқувчининг назаридан қолдиради. Муносиб таржимон(лар) пайдо бўлмагунча у — “ҳеч ким!”. Шу маънода, рассом ёки бастакорга ҳавас қилиш мумкин. Чунки уларнинг бири ранг, бошқаси эса оҳанг тилида “cўйлайди!”. Ранг ва оҳанг тили эса универсал, ҳамма даврлар ва элларга бирдек тушунарлидир. Сўз санъати эса бу борада беллаша олмайди. У таржима бўлгандан сўнггина чет мамлакатларда тарқалиши мумкин.
Ўз ишининг устаси бўлган мутаржим аслиятга муқобил таржима устида ўйлайди, изланади. Асар руҳига кириб, асар мағзини “ўзиники”га айлантира олсагина унинг таржималари муваффақиятли чиқади. Шундай таржималардан бири ўзбек шоири Усмон Носирга тегишли. У рус шоири Михаил Лермонтовнинг “Демон” достонини юксак санъаткорлик билан ўзбекчага ўгирган. Асар худди ўзбекчада битилгандай равон, ҳароратли ўқилади. Айни чоғда, таржимада “Фармонингга йиғлаб чўкай тиз” деган “ортиқча” мисра ҳам пайдо бўлиб қолган. Бу мисра Усмон Носирда бор-у, Лермонтовда йўқ. Хўш, нега? Таржимоннинг бунга нечоғли ҳаққи бор? Назарияга қарасангиз, ҳаққи йўқдек. Аслият ва таржимани қиёслашдан эса англашиладики, таржимон достон руҳига шу қадар чуқур кирганки, гўё ўзи ҳам унинг ижодкорига айланган. Худди Лермонтов каби. Ва ижодкор руҳ кайфиятини қоғозга тўккан:
Денгизларнинг тубларин қучай,
Булутлардан баландга учай.
Ер неъматин сенга тутай қиз,
Фармонингга йиғлаб чўкай тиз,
Севгин мени!..
“Фармонингга йиғлаб чўкайтиз” мисраси – ошиқнинг севгилисига бўлган чексиз ишқидан бир нишон. Айнан шу мисрада унинг маъшуқаси учун ҳар нарсага тайёр экани аёнлашади. Бу мисралар аслиятда қуйидагича:
Я опущусь на дно морское,
Я полечу за облако.
Я дам тебе все, все земное –
Люби меня!..
Таржимадаги ижодкорликни (“Фармонингга йиғлаб чўкайтиз”) қофия (“қиз – тиз”) тақозоси деб ҳам талқин қилиш мумкиндир, эҳтимол. Лекин гап фақат бунда эмас. Аслият қофиясига эътибор берилса, у — йўқ (“морское – земное” қофия эмас). Бу борада (яъни қофия масаласида) таржима варианти устун эканини эътироф этмоқ керак. Лекин аслият — ўзича гўзал. У шу қадар гўзалки, ҳатто қофияга муҳтож эмас. “Я опущусь на дно морское, Я полечу за облако” мисраларининг маъно, яъни тўғридан-тўғри таржимаси “Денгизларнинг тубига тушаман(тушай), Булутларнинг ортига учаман(учай)” бўлар эди. Усмон Носир аслиятдаги манзарани Лермонтов таклиф қилган бадиий жумла конструкциясига кўра эмас, балки ўз сўзлари билан қайта ёзадики, натижада “Денгизларнинг тубларин қучай, Булутлардан баландга учай” каби чинакам ижод, аслиятга тенг яратиқ дунёга келади. Чунки денгизнинг тубига тушиш билан уни қучиш, булутларнинг ортига чиқиш билан улардан баландга учиш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Худди оддий гап билан шеърий мисра орасидаги тафовут каби.
Агар тарихга назар ташласак, асосан, икки хил таржима кўзга ташланади. Бири — тагламали (подстрочный) таржима, иккинчиси — мазмун таржимаси. Аслида, бадиий таржиманинг неча хили бўлишига қарамай, энг муҳими — асар руҳи тўғри таржима этилмоғи шарт. Шу руҳ берилдими, қолгани катта-кичик таҳрирлар билан тузатилиши мумкин. Руҳ берилмаса-чи, барчаси бекор: силлиқ гап қурилишлари, ҳикматли сўзларнинг ўринли муқобиллари, қўйингки, бутун “тоат-ибодат” сувга оқади-кетади.
Таржима — муҳим, шу даражада муҳимки, у асар тақдирини ё бор қилади, ё йўқ. Ҳозирги замонга келиб эса жаҳон адабиёти ва таржима қаршисида талай муаммолар пайдо бўлаётир. Хусусан, Москвада ўтказилган давра суҳбатида таржимон ва журналист Ирина Кузнецова бундай деди: “Таҳририятга французча шеърлар бетиним оқиб келади. Улар, асосан, Рембо, Верлен, Малларме шеърларидир. ХХ асрнинг иккинчи ярмига мансуб шеърларни жуда кам юборишади. Юборишса ҳам турган-битгани даҳмаза! Уларнинг таржимасини ҳеч ким уддалай олмайди-да!.. Гап шундаки, 50- ва 60-йилларда француз адабиётида навбатдаги инқилоб содир бўлди. Назаримда, худди шу вақтдан Францияда замонавий шеърият бошланди. Янги авлод “реалликни бошдан-оёқ рамзлаштирган” сюрреализм меросига қарши бош кўтарган эди. Хуллас, лирика маъносини оҳанжамадан холи қиламан, дея новаторлар ошириб юборишди: улар нафақат қофия ва поэтик кўчимларни ахлат уюмига элтиб ташлашди, балки шеъриятнинг барча воситаларини гумдон қилишларига сал қолди. Уларнинг услубларида, шеърга жой қолмади. Бир француз танқидчиси бу даврни “муз даври” деб номлаганди, адашмасам. Ниҳоят, мана яқиндагини “эриш” бошланди. “Муз даври” шеърлари бир-бири билан ҳатто грамматик боғланмаган икки-учта сўзлардан иборат эди. 70-йиллар охирида француз шоирлари Россияга келганида, улардан бундай деб сўраган эдик: “Ҳар бир сўзингиз ортида нима турибди ўзи? Улар ортидаги бўшлиқни нима биландир тўлдирмоқ керак-ку!..” Чунки, масалан, хитой ва япон шеърларининг ортида анъана, ўқиши билан маърифатли инсон қалбида уйғонажак кўплаб ассоциациялар туради. Анови шеърларни ўқиганда эса урушдан кейинги харобалар ёдингизга тушади”.
Бу фикрга жавобан форумнинг яна бир иштирокчиси Евгений Бунимович қуйидагича фикр билдирди: “Ҳозирги француз шеъриятини замонавий мутаржимлар таржима қилиши керак. Мен бой маданий контекст фақат японларда бор, деган фикрга қўшилмайман. Маърифатли француз учун ҳам ўз контексти ортида кўпгина маънолар турган бўлиши, бироқ оддий сўзлар билан русчага таржима қилганимизда у йўқолиши мумкин. Чунки русчада ўша контекст йўқ…”.
Давра суҳбатининг яна бир иштирокчиси Марк Фрейдкин айтди: “Дейлик, менинг қизиқишим — XIX аср ва ХХ асрнинг биринчи ярми. 30 ёшлиларни 30 ёшлилар ва ҳатто ундан ҳам ёшроқлар таржима қилгани маъқул. Айниқса, бугун шеърият шаклан бутунлай бошқа, янги қиёфага кириб бораётганда. Мен баъзан инглиз тилида қандай ёзишаётганига қизиқиб интернетга кираман. Айтиш керакки, каминанинг анъанавий қарашлари билан ҳамоҳанглиги йўқ интернетдаги шеърларнинг. Шунинг учун менга мўмай қалам ҳақи таклиф қилишса ҳам уларни таржима қилмайман. Бунга сабаб уларнинг расволиги ёки ёзишни эплай олмагани эмас. Йўқ, улар бор-йўғи бошқа тилда ёзишяпти ва қўллаётган бадиий усуллари ҳам менга нотаниш. Бошқа аудиторияга мўлжалланган шеърият бу”.
Айни мунозарадан ҳам кўриниб турибдики, таржимада, таржимонда гап кўп. Таржимон ҳаммани ҳам таржима қила олмайди. У ўз руҳи, дунёқараши, диди ва йўналишига мувофиқ асарнигина қойиллатиб таржима қилиши мумкин. Қолаверса, бир хил сўзлар зимнида икки миллат ижодкори ҳам, ўқувчиси ҳам бошқа-бошқа маъноларни англаши мумкин. Улар бир-бирига мувофиқ тушиши учун икки миллатнинг яшаш шароитлари, бошидан кечирганлари ўртасида талай муштарак жиҳатлар бўлмоғи лозим.
Иккинчи муаммо таржима қилинган асарни жаҳонга тақдим эта олиш масаласидир. Бунинг турли йўллари бор: конференциялар уюштириш, шахсий алоқалар ўрнатиш, интернетдан фойдаланиш… Ҳатто бадиий асарни бошқа санъат воситалари, масалан, кино орқали ҳам дунёга олиб чиқиш мумкин. Чунончи, ўзим француз драматурги Жан Доминик Боббининг “Скафандр ва капалак” деган асарининг дастлаб кино вариантини кўриб, ғоят таъсирландим. Сўнгра дарҳол интернетдан русча таржимасини топиб ўқидим. Бу ҳақда “Адабиёт — олдинда ёнган чироқ” деган мақоламда икки оғиз илиқ сўз ҳам ёздим. Яна шуки, қачондир вақтим бўлса, асарни таржима қилишни кўнгилга ҳам тугдим. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети очилиб, бу даргоҳда жаҳон адабиётидан дарс бера бошлаганимда эса у ҳақда талабаларга бот-бот гапириб бердим. Бори — шу. Бир кун асарни “Ўзбек-инглиз таржимачилиги” факультети талабаси Нилуфар Усмонова тилимизга ўгираётганини эшитиб, юки елкасидан олинган инсондек хурсанд бўлдим. Яқинда асар каминанинг сўзбошиси билан ўзбек китобхонлари қўлига етиб борди.
Худди шундай, камина ҳам бир неча асаримни рус ва инглиз тилларига таржима қилдирдим ҳамда интернетда сайт очиб, таржималаримни юкладим. Натижада бир москвалик дўстимиз “Кўзини очиб юмган одам” номли ҳикоям асосида кино олишга рухсат сўради. Татаристонлик адиб ва таржимон эса тўрт ҳикоям ва “Ёлғизлик” қиссамни ўз тилига ўгириб, китоб тарзида чоп этиш ниятини билдириб хат ёзди… Демоқчиманки, ёзувчиларимиз бугунги куннинг имконларидан фойдаланмоғи лозим. Йўқса, жуда яхши асар ҳам йиллаб, ўн йиллаб, ҳатто асрлаб ўз таржимонини кутиб яшаши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўзбек тили ва адабиёти университети, бошқа шу каби турдош муассасалар билан ҳамкорликда сара асарлар рўйхатини тузиб, бу асарлар таржимасини йўлга қўйиши мумкин. Билишимча, бундай ишлар бошланди ҳам. Чунки ўзим университет номидан қатнашиб, рўйхатга доир мулоҳазаларимни ёзиб бердим.
Назаримда, тандем таржималарни кўпайтириш керак. Ўзимиздан ва хориждан биттадан таржимон иштирок этиб, улар ҳамкорликда ишлаши жуда-жуда муҳим. Таржимонлар иши муносиб тарзда моддий-маънавий рағбатлантирилса, бу ҳам иш ярим йўлда тўхтаб қолмаслигини кафолатлайди.
Ўзбек адабиёти – бой адабиёт. Уни ҳеч истиҳола қилмай жаҳонга тарғиб этсак арзийди. Бизни, ўзбекистонликларни адабиётимиз орқали таниган хорижликлар эса ҳеч қачон ёддан чиқармайди. Чунки улар сўзда акс этган кўнглимиз, ботинимизни таниган, билган бўлади. Бундай таниб-билиш эса умрларга татийди.
Улуғбек Ҳамдам
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 44-сон