Ҳикоя жанрида фаол ижод қилаётган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ушбу жанрда шу пайтгача яратган қарийб барча асарлари “Шарқ” нашриётида “Беозор қушнинг қарғиши” номи билан китоб ҳолида чоп этилди. Тўпламдаги ҳикоялар мавзусига қараб саккизта бўлимга бўлинган.
Мутолаа жараёнида дарҳол кўзга ташланадиган жиҳат шуки, ҳикояларда қизиқарли воқеалар тасвирига асосланган, бўртиб турган сюжет йўқ ҳисоби. Бу ҳол Х.Дўстмуҳаммад ижодий услубининг ўзига хослиги билан боғлиқ. Ҳикоя ёзиш жараёнида муаллифни воқеагўйлик эмас, балки бадиий санъаткорлик қизиқтиради. Сюжет чизиғи қаҳрамонлар руҳияти орқали ўтади. Бинобарин, тўпламдаги асарларни инсон руҳияти таҳлили ҳақидаги ҳикоялар, деб аташ мумкин.
Китобда “Бедор мозий” номи билан алоҳида бўлимга ажратилган ҳикояларга ёзган кириш сўзида муаллиф шундай дейди: “Кишилар хотирасидан ўчмаган тарихий воқеаларгина тирик ҳисобланади… Уларнинг аҳамияти, қиммати кейинги авлодларга бедорлик бахш этишидадир”.
Ҳикоялар қаҳрамонлари Миркомилбой ва Тўхтабой сармоя тўплаш, бойлик орттириш баробарида миллат тараққиёти, миллий ҳамжиҳатлик ҳақида қайғуриб, мустамлака даврида эзгу амаллар учун имкон қидиришади. Табиийки, ўша замон шароитида бундай одамларга осон бўлмаган ва уларнинг ҳаёти кўпинча фожиали кечган. Уларнинг бир қисми Ватанни тарк этиб, ўзга юртларга бош олиб кетишган. “Қазо бўлган намоз” ҳикоясида Истанбулга кўчиб келишни таклиф қилган Анвар пошога жавобан Миркомилбой шундай дейди: “Лекин ватанни қандай опкеламиз? Ватанни кўчириб бўлмайди-ку!” Шу тариқа Ватан фожиаси — уни севган шахслар фожиаси эканлиги тарихий мавзудаги ҳикояларда маҳорат билан кўрсатилган.
Х.Дўстмуҳаммаднинг замонавий мавзудаги ҳикоялари шакл ва мазмуни муаллифнинг услуб устида жиддий изланаётганини кўрсатади. “Отамнинг ошнаси” ҳикоясида чўлда ишлайдиган каттакон одам меҳмон бўлиб келган хонадонда футболдан гап қўзғалади. Уй соҳиби ўғлига меҳмонни: “Амакинг ашаддий ишқибозлардан”, дея таърифлайди. Меҳмоннинг истаги билан футболга чипта олишади. Ўйин бошидаги суҳбатдан меҳмоннинг футболга йигирма йилдан кейин иккинчи бор кираётгани маълум бўлади. “Ашаддий ишқибоз шуми?” деган кинояли ўй ўтади хаёлимиздан. Бироқ ҳикояда баъзи ҳис-туйғу, майл-истак ва ишқибозлик одамда шароит тақозо этгунча яширин ҳолда бўлиб, вақт-соати етганида жунбишга кириб, ўзини намоён этиши санъаткорона кўрсатилган. Халқ тилида буни одамнинг “очилган пайти” дейилади: “Меҳмон ўрнидан туриб олган, қулоқни қоматга келтираётган қийқириқларга қўшилиб, дам ундай-дам бундай овоз чиқарар, унинг олқиши, наъраси бошқа мухлисларникидан яққол фарқланиб қулоққа ботар, ҳар сафар овоз чиқарганида беихтиёр: “Бирон кор-ҳол бўлдими?” деган хавотирда у кишининг афтига қарайвердим”.
Собиқ тоталитар тузумнинг шахсга нисбатан зўравонлиги мавзуида адабиётда кўплаб асарлар яратилган. “Жим ўтирган одам” ҳикояси ҳам шу мавзуга бағишланган бўлса-да, асар енгил ҳажв билан йўғрилган, яъни унда фожиавийлик юмор воситасида кўрсатилган. Бу жиҳатдан “Жим ўтирган одам”ни Чеховнинг “Унтер Пришибеев”, “Семиз ва ориқ” каби ҳикояларига ўхшатиш мумкин. Ҳикоя қаҳрамони Қурбонали бир пайтлар “ботиргапчи” бўлиб, айримлар унинг бу хислатига ҳавас ҳам қилишган. Аммо уч оғиз жумла “шарофатига” ўн йилдан ошиқ ўтириб келган падари бузруквори бир ҳикматни фарзандининг қулоғига қуйган: “Худо душманни ҳар банданинг оғзига жойлаб қўйибди. У душманнинг оти — тил, забон! Ёруғ дунёда эсон-омон яшаб, ўз ажалинг билан ўлмоқчимисан — тилингга тугун солиб юр”. Отасининг ўлимидан сўнг Қурбонали унинг бу ҳикматига васият каби амал қилади. Бироқ тузумнинг қабоҳати шу даражадаки, ҳатто “жим ўтирган одам” ҳам ўзини “гуноҳ”дан соқит ҳис қилолмайди: “Унинг шуурию вужудини қўрқув забт этган, қон томирларида қон эмас, қўрқув зир югура бошлаган эди!” Ҳикояда эпизодик тарзда кўринса-да, эсда қоладиган образлардан бири ниҳоятда қитмир, ўзига гард юқтирмаслик учун “нохуш” гап қўзиган даврадан дарҳол жуфтакни ростлайдиган Тўлаш тараша. У Қурбоналидан ҳам эҳтиёткор ва тилига пишиқ одам. Бироқ тузум разолатига ҳад йўқлиги шундан аён бўладики, унда Тўлаш тараша каби одам ҳам шубҳаю таъқибдан эмин яшаши даргумон.
Х.Дўстмуҳаммаднинг бозор мавзусига бағишланган илк асарларидан бири “Жажман” ҳикояси миллий ҳикоянавислик ютуғи сифатида эътироф этилган. Жажман ҳикояда юҳо нафс тимсолидир. Олдин уни беозор махлуқ кўриб, эрк берган одамлар сўнгра даҳшатга тушади: “Шуни ўлдириб, тинч яшайлик!” Бироқ Жажманни, яъни ҳакалак отиб кетган балои нафсни ўлдириш осонми?! Илк бор 1989 йилда эълон қилинган ҳикояда бозорчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида “ўлди”, деб ҳисобланган Жажманнинг икки баробар катталикда тирилиб келиши гўё адабий башоратдек бўлди.
Тўпламдаги айрим ҳикояларнинг жозиба кучи шунчаликки, уларни охиригача ўқиб улгурмаёқ, китобхонда олдинги саҳифаларга такрор кўз югуртириш, асарнинг мазмун-моҳиятини илғаш, таг қатламларига чуқурроқ етиш иштиёқи пайдо бўлади. “Ўн биринчи эшик” шундай ҳикоялардан бири. Сўлим истироҳат боғида Расул ўз севгилиси Башорат билан кезмоқда. Сайру саёҳат учун барча нарса муҳайё: дарахтзор, кўл соҳили, сайҳонлик. Бироқ Расул тинимсиз боғнинг деворлари, эшик-дарвозаларини излайди. Расул билан “дунёнинг энг олис бурчакларигача кетиб қолишга тайёр” Башорат унга ҳамдардлик билан дейди: “— Қизиқсиз-а, Расул ака… “Девор, дарвоза” деяпсиз-у… мана шу одамлар-да, девор! Дарвозаю эшиклар — одамларнинг юраги, қалби, мана шу юрак ва қалблар тушунсагина дарвоза тавақалари очилган ҳисобланади биз учун!”
Бу сатрлардан сўнг китобхонга ҳикоя рамзлар асосига қурилгани, асар қаҳрамонлари номлари ҳам рамзийлиги аён бўлади. Диққат таранглашиб, Расул девор-дарвозаларни қидириш ва очишга зўр бергани сайин, ўқувчи ақл ва тасаввурларини ишга солиб, рамзлар қатига яширинган мазмун-моҳиятни излайди. Эшиклар кўп-у очиладиганини топиш анча мушкул кечади. Боғнинг овлоқ бурчагида ғиштли девор орасидаги тахтани кўрганида Расул мақсадга яқин етганини ҳис қилиб, дарҳол уни кўчиришга киришади. Темир михларни асбоб-ускунасиз кўчириб ола бошлайди ва Башоратга дейди: “Бу михлар эшикка ёки тахтага эмас, юракка қоқилган. Сен билан биргалашиб, ана шу юракдаги михларни битта-битталаб суғуриб ташлаймиз. Майли, қўлимиз қонасин, майли кўкариб-шилинсин, лекин юрак михлардан тозаланса, томирлардаги қон гупириб оқади, қара, занглаган-қорайган, эгри-бугри, катта-кичик михлар”.
Бу ҳикоя мумтоз шоирлар ғазаллари сингари турфа талқинларга имкон беради десак, муболаға бўлмаса керак. Ҳаёт, инсон ва жамият ҳақидаги бир қолипга солинган биқиқ ўй-фикр, собиқ мустабид тузум вужудимизга сингдирган мутеълик биз тарк этишни истамаган “сўлим истироҳат боғи” эмасми? Боғдан ташқаридаги ҳар бир нарса бизга ноаён, ёт ва кераксиз, ҳатто зарарли туюлади. Кимки тор қобиқни ёриб чиқмоқчи бўлса, тушунмаслик деган метин деворга дуч келади. Бу ҳали ҳолва. Мустақил фикрлаш, илғор жаҳон ҳамжамияти даражасидаги тафаккурга эришиш йўлини очиш учун юрагимиз, қалбимиз, онгимизга қадалган занглаган михларни битталаб суғуриб ташлашимиз керак. Ҳар биримиз ўзимиз учун Расул, миллатдошлар учун эса Башорат янглиғ садоқатли мададкор бўлмоғимиз лозим.
Х.Дўстмуҳаммад машҳур италян ёзувчиси Дино Буцаттининг “Етти қават” ҳикоясига назира ёзган. “Жимжитхонага йўл” номли бу назира илк бор матбуотда эълон қилингач, адабий жамоатчиликда қизиқиш уйғотди. Асарда Мағриб ва Машриққа мансуб икки одамнинг ўлим олдидан ўзини тутиши муқояси қилингани таъкидланиб, қайсидир маънода Х.Дўстмуҳаммад назираси Д.Буцатти ҳикоясидан устун, деган мазмундаги сўзлар ҳам айтилди. Профессор Қозоқбой Йўлдошев бошқачароқ муносабат билдирди: “Буцаттининг ҳикоясидан келиб чиқадиган бадиий маъно назирадагидан кучлироқ. Негаки, италиялик адибнинг асарида мантиқий изчиллик кучли”. Муҳтарам профессор ҳақ, деб ўйлаймиз. Чунки илгари сурилган ғояларнинг аҳамияти инкор этилмаган ҳолда, адабий асарни баҳолашнинг асосий мезони, барибир унинг бадиийлиги ва китобхонга таъсир кучи бўлиб қолаверади. “Етти қават” ҳикоясида Дино Кортенинг қаватдан қаватга кўчиш ҳолати ғоят таъсирчан тасвирланган бўлиб, китобхон унинг изтиробларига шерик бўлади, беихтиёр қаҳрамон билан ортга — юқори қаватларга талпинади. Хуллас, қаватлар сонига кўра ўқувчи етти марта юрагини ҳовучлайди. Зоҳид Яқиннинг қаватдан қаватга кўчиши тасвирида эса драматизм ва таъсир кучи сустроқ. Шунга қарамай, жаҳон адабиёти улуғларининг панжасига панжа урганда мағлубиятдан чўчимаслик керак. Зеро, бундай мағлубиятлар заминида бўлажак ғалабалар уруғи униб чиқса ажабмас.
“Беозор қушнинг қарғиши” китоби, шубҳасиз, чуқур илмий тадқиқотлар, қизғин адабий муҳокамаларга арзирли тўплам. Зеро, ундан жой олган асарлар адабиётимиздаги янгиланаётган бадиий тафаккур, ўзбек ҳикоянавислигининг бугунги даражаси ҳамда замонавий жаҳон ҳикоянавислигида тутган ўрни ҳақида жиддий фикр-мулоҳазалар айтишга имкон беради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 9-сонидан олинди.