Шаҳарларда, туман марказларида “Гўзаллик салони” деб номланган маиший хизмат хоналари кўпайгандан кўпаяяпти. Сабаби – талабгор кўп. Келин бўладиган қизларнинг бари бу безакхона мижози. Тўй олдидан бўяниш, безакланиш қизларнинг, айниқса келин бўлғуси қизларнинг урфига айланди. Ҳатто қишлоқларда ҳам шунақа пардозхоналар пайдо бўлмоқда. Пардоз-андоз учун узоқ йўл босиб шаҳарга келишга на ҳожат. Ахир, қишлоғингда ана шундай маскан бўлса, бўлди-да. Булар – масаланинг моҳиятига унчалик дахли бўлмаган гаплар.
Биласизми, “Гўзаллик салони” – нима дегани? Бу ном қандай пайдо бўлган?
Гўзаллик салони бирикмаси русча “салон красоты” бирикмасининг айнан, сўзма-сўз таржимаси. Шўролар ҳукмронлиги даврида жуда кўп русча бирикмалар мантиққа эмас, шаклга асосланиб тилимизга ўгирилган.
Аслида гўзаллик салони бирикмасининг моҳияти шу хизмат нуқтасида бажарилаётган ишларнинг мазмунига мосми? Яхшилаб ўйлаб кўрилса, тескари мантиқ мавжудлиги аён бўлади. Бу бирикмадан “гўзаллик мавжуд хона” деган мазмун англашилаяпти-ку. Бу хонада эса гўзаллик намунаси саналадиган нарсалар йўқ. Гўзаллик деб аталган тушунча ҳам бу хонанинг ўзига хос эмас. Бор-йўғи, бу хонада — салонда пардоз-андоз қилинади.
Хуллас, гўзаллик салони деб аталмиш маконда одамларнинг ташқи қиёфасига шакл берилади, қисқа муддатга мўлжаллаб, вақтинчалик сулувлик ато этилади. Бирор тўй, маърака, маросим ўтгунча турадиган пардоз берилади. Атиги безакланади. Бу ишларни тўла маънодаги гўзаллик деб атаб бўлмайди. Гўзаллик — доимий ва табиий нарсаларга нисбатан қўлланадиган сўз. Пардоз эса доимий нарсаларга вақтинчалик бериладиган безаклар ифодаси. Гўзаллик салони бирикмасидан эса салоннинг ичида нимаики бўлса, кўриладиган нималардир қўйилган бўлса, уларнинг барчасида гўзаллик мавжуд бўлиши лозим деган маъно англашилади. Кишилар худди музейдаги ёки сиркдаги нарсаларни кўргани, томоша қилгани сингари салонга ҳам гўзаллик намуналарини кўргани, томоша қилгани кириши лозим.
Маълум бўладики, рус тилидаги “салон красоты” бирикмасидаги “красота” сўзининг маъноси айнан “гўзаллик” сўзи маъносига тўғри келмайди. Гўзаллик сўзида умумийлик тушунчаси бўлса, пардоз сўзида хусусийлик тушунчаси мавжуд. “Красота” сўзи пардоз сўзи билан таржима қилингани маъқул. Ана шундай таржима қилинса, пардоз берадиган хоналар пештоқига ёзиладиган пешлавҳа учун ҳам қулай бўлади.
Ўзбек тилида чойхона, ошхона, ишхона, дарсхона, қироатхона, суратхона, ўйинхона, шифохона, зарбхона, тўйхона каби сўзларимиз бор. Бу сўзларнинг ясалиши тилдаги анъанавий сўз ясалиш қоидаси асосида амалга ошган. Пардозхона сўзи ҳам худди шу каби ясама сўзлар қаторига қўшилган янги сўз бўлади. Бу ясалишда ҳеч бир сунъийлик йўқ, у нотабиийликдан холи. Аксинча бу табиий ясалишдан ҳосил бўлган янги сўз ёзма нутқда ҳам, оғзаки нутқда ҳам қўллашга қулай.
Гўзаллик салони мақомидаги пардозхоналар эшиги ёнидаги рекламаларни кўриб, ажабланмасдан иложимиз қолмайди. “Химия”, “Стрижка”, “Укладка”, “Причёска”, “Маникюр”, “Педикюр, “Макияж” каби ғалати рекламалар қаршисида, албатта, ҳайратланасиз. Бу сўзларнинг мағзи ҳаммага ҳам таниш эмас. Мутахассислар бу сўзларни тушуниши мумкин. Аммо улар халқ нутқига хос эмас. Ўзга тилдаги ифодаларнинг ўзбекча муқобили йўқми? Нотабиийроқ бўлса ҳам, уларни қуйидаги тартибда ўзбекчага ўгириб ёзса ҳам бўлади. “Химия” ўрнида “Бўяш”, “Стрижка” ўрнида “Соч кесиш” (соч қирқиш эмас), “Причёска” ўрнида “Турмаклаш”, “Маникюр” ўрнида “Қўл пардози”, “Педикюр” ўрнида “Оёқ пардози” ёки “Оёқ тирноқлари пардози”, “Макияж” ўрнида “Юз пардози”.
Муддаомиз шуки, ижтимоий ҳаётимиздаги, турмушимиздаги, теварак-атрофимиздаги воқеликнинг лисоний ифодаси ҳаммага тушунарли бўлсин. Халқимизнинг тилида, нутқида воқеликдан ташқаридаги сўзлар бўлмасин деймиз.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).